Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳарбий маҳоратлари

Рукн: Муҳаммад (с.а.в.) сийратлари Чоп этилган: 03.01.2017

“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” номли сийрат танловига

Пайғамбар алайҳиссаломнинг душманларига тўқнаш келишдан аввал уларнинг ҳолатлари, сонлари қай даражада тайёрганлик кўрганларига аҳамият беришлари

Бадр ғазоти бўлишидан бироз олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али, Зубайр, Саъд ибн Ваққос розияллоҳу анҳумларни бир қанча саҳобалар билан бирга Бадрдаги сув бор жойга душман ҳақида бирор хабар олиб келишлари учун юборадилар. Улар қудуқ яқинига келишса, Қурайш лашкарларидан сув топиш билан вазифаланган бир неча киши қудуқ излаб юрган эканлар. Саҳобалар улардан иккитасини ушлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб келишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари у иккишини сўроқ қиладилар:

— Менга Қурайш ҳақида хабар беринглар.

— Улар, Аллоҳга қасамки, анави кўриниб турган тепаликнинг орқасидалар.

— Қўшинда қанча киши бор?

— Кўп.

— Саноғи борми?

— Аниқ айта олмаймиз.

— Кунда нечта туя сўяптилар?

— Бир куни тўққизта, бошқа куни ўнта.

Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларга қараб:

— Уларнинг сони тўққиз юз билан минг орасида, - дедилар. Кейин яна у иккисига қараб:

— Улар орасида Қурайш раҳбарларидан кимлар бор?

— Утба ибн Робиъа, Шайба ибн Робиъа, Абу Бахтарий ибн Ҳишом, Ҳаким ибн Ҳизом, Навфал ибн Хувайлид, Абу Жаҳл, Умайя ибн Холаф, Назр ибн Ҳорис, - дея бир қанча Қурайшнинг каттаконларини санаб берди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга қараб:

— Бу Макка сизларга жигаргўшаларини юборипти, - дедилар.

Ҳунайн ғазоти ҳали уруш бошланишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Абу Ҳадрад Асламийни душман томон жўнатаётиб унга душман орасига кириб то улар ҳақидаги хабарни билиб келмагунича чиқиб қайтмаслигига буйруқ бердилар. Абдуллоҳ ибн Ҳадрад йўлга отланди. Душманнинг жойлашган жойига кириб олди. Улар орасида айланиб чиқиб бор хабарларни билиб олди ва Моликнинг шерикларига қараб: “Бу Муҳаммад деганлари шу сафарги биз билан қилмоқчи бўлган жангидан олдин ҳеч ҳам бирор қавм билан курашган эмас. Балки, уруш қилиниши ҳақида хабари бўлмаган тинч аҳолига босиб кириб хонавайрон қилади, шунинг оқибатида уларнинг устидан ғолиб келади. Тонг саҳар бўлса, уловларингизни ҳозирланглар. Аёллар ва фарзандларингизни ортларингизга қилиб сафланиб туринглар. Бу сафар ҳамла қилиш сизлар томондан бўлсин. Қиличларингизнинг қинларини синдириб ташланглар, Муҳаммадга қинлари синган йигирма минг қилич билан, барчаларинг бир бўлиб ҳужум қилинглар. Шуни ёдда тутингларким, ғалаба биринчи бўлиб ҳужум қилганларнинг қўлидадир, деган гапларини ҳам эшитди. Сўнг дарҳол орқага қайтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб кўрган ва эшитганларини айтиб берди.  

Аҳзоб куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳузайфани душманларнинг хабарини билиб келиш учун юбордилар. Зиммасига бундай маъсулиятли, аниқроғи хатарли бўлган муҳим вазифа юклатилган Ҳузайфа бу ҳақда ўзи шундай сўзлаб беради: “Биз Хандақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Шуна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳозир ким туриб, бизлар учун душман томонга бориб, улар нима қилаётганини ўрганиб кейин яна ортга қайтиб келади?”, дедилар. Расулуллоҳ қайтишликни шарт қилаётган эдилар. Кейин яна: “Ким шу ишни қилиб келса Аллоҳ таоло ўша кишини Жаннатда мен билан яқин қилишини сўрайман”, дедилар. Қўрқув, очлик ва совуқнинг шиддатидан бирор кишининг туришга ҳадди сиғмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор киши турмаганини кўриб мени олдиларига чақирдилар. Чақирганларида ўрнимдан туриб боришдан бошқа чора йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

— Эй, Ҳузайфа йўлга отланасан. Қавм ичига кириб улар нима қилаётганларини кўрасан, кейин бирор иш қилиб қўймасдан қайтиб келасан, - дедилар.

Ҳузайфа гапларини давом эттиради: “Шундай қилиб бордим, қавм орасига билинтирмай кириб олдим. Шамол ва Аллоҳ таолонинг фаришта лашкарлари уларнинг қозонлари, оловлари, қурган биноларининг барчасини вайрон қилиб ташлаган экан. Шу ҳолатда Абу Суфён туриб ўз қавмига шундай деди: “Эй, Қурайш аҳли, Аллоҳга қасамки, сизлар яхши жойга жойлашишимиз қийин бўляпти, қанча-қанча от-у туяларимиз ҳалок бўлди. Бани Қурайза (яҳудийлари) ваъдаларига хилоф қилдилар. Улар томонидан биз маъқул кўрмаган ишлар қилинди. Қолаверса, кўриб турганларингиздек шамолнинг қаттиқлигидан қозонларимиз жойида тура олмаяти, ёқаётган оловларимиз ёнмаяпти, қурган чодирларимиз ҳам ўз ўрнида маҳкам тура олмаяпти. Ортга қайтинглар, мен қайтдим”, деди. Кейин арқони боғлиқ туясининг олдига келиб, устига миниб олди. Туясини уч бора урганидан кейингина жойидан қўзғата олди. Шунда ҳам арқони то ўзи туясидан тушиб ечмагунича ечилмади. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтиб келгунимгача бирор иш чиқариб қўймаслигим ҳақидаги буйруқлари бўлмаганида эди, Абу Суфённи камондан ўқ узиб қатл этган бўлардим. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига қайтиб келдим. Ул зот намоз ўқиётган эканлар. Кейин кўрган, эшитганларимни айтиб бердим. Ғатафонликлар Қурайш қилган ишларини эшитишиб, ўз юртларига қайтиб кетдилар.

Ушбу Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу билан бўлиб ўтган мазкур қисса билан Зубайр розияллоҳу анҳунинг қиссалари бошқа-бошқа. Чунки Зубайр Аҳзоб куни Бани Қурайза яҳудийларининг хабарини билиб келишга юборилган эди. Яъни улар ўзлари билан мусулмонлар ўртасидаги келишилган аҳдни бузиб, мусулмонларга қарши курашишда Қурайш қабиласига ёрдам берармикинлар? Зубайр шуни билиб келиш учун борган эдилар. Имом Бухорий ва бошқалар Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Пайғамбар алайҳиссалом Аҳзоб куни: “Ким менга қавмнинг хабарини билиб келади?”, дедилар. (Воқидий: “Қавмдан Бани Қурайза яҳудийлари назарда тутилган”, дейди). Шунда Зубайр:

— Мен, ё Расулуллоҳ, - деди. Ул зот қайта:

— Ким менга қавмнинг хабарини билиб келади? - дедилар. Зубайр яна:

— Мен, ё Расулуллоҳ, - деди. Ул зот учинчи бора:

— Ким менга қавмнинг хабарини билиб келади? – деганларида ҳам Зубайр:

— Мен, ё Расулуллоҳ, - деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Ҳар бир пайғамбарнинг ҳаворийси (ёрдамчиси) бўлган. Менинг ҳаворийим Зубайрдир, - деб айтганлар.

 

Пайғамбар алайҳиссаломнинг бўлажак ишларини душманларга чигаллаштириш мақсадида ноаниқ қилиб кўрсатишлари

Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазот қилмоқчи бўлсалар уруш режаларини душманларга ноаниқ қилиб кўрсатардилар, улар пайқаб қолиб, ҳимояга тайёргарлик кўрмасликлари учун ёки аскарлар ададини кўпайтирмасликлари учун туманли қилиб кўрсатишга ҳаракат қилардилар. Албатта бундай йўл тутишларида қон тўкилишининг олди олинарди.

Каъб ибн Молик айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазот қилмоқчи бўлсалар, уни ҳаммага очиқчасига айтмасдилар. Балки, то ўша ғазот қилииши керак бўлган кун келгунича пинҳона тутиб фақат киноявий гаплар билан билдириб қўярдилар. Фақат Табук ғазоти бундан мутаснодир”.

Изоҳ: Табук ғазотида пинҳон тутмай, балки ғазот қилишларини ошкора айтишларига сабаб, ўша пайтларда ҳаво ҳарорати жуда иссиқ, қурғоқчилик ҳукм сурар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўл масофаси узоқлиги, сафарнинг машаққатлилиги ва душман адади кўплигини эътиборга олиб ҳамма бел боғлаши учун ошкора айтганлар.

Бадр ғазотидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Қурайш ҳақидаги хабарларни ўрганишга киришадилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан уловга ўтириб йўлга отланадилар. Йўлда араб бўлган бир қарияни учратадилар. Ундан Қурайш ҳақида, Муҳаммад ва унинг саҳобалари ҳақида нималарни билишини сўрашади. Ҳалиги қария: “Токи сизлар ким томонида эканликларингизни айтмагунларингизча, хабар бермайман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сиз хабар берсангиз, биз ҳам ким томонида эканимизни айтамиз” , дедилар. Қария: “Хабар алмашинамиз экан-да”, деди. Расулуллоҳ: “Ҳа”, дея жавоб бердилар. Шунда қария: “Мен эшитишимча, Муҳаммад ва унинг саҳобалари фалон-фалон куни йўлга чиққан. Агар менга бу хабарни берган киши алдамаган бўлса, улар ҳозир Муҳаммад йўлга отланган жойидан фало-фалон жойга етиб келганлар. Қурайш эса фалон-фалон куни йўлга чиққан. Агар менга хабар берган киши рост айтган бўлса, улар ҳозир ўзларининг силжиган жойларидан фалон-фалон жойга етиб келганлар”, деди. Шу гапларини айтиб бўлганидан кейин: “Сизлар ким томонидан?”, деб сўраб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биз сувданмиз”, дея жавоб бердилар-да, Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан орқага қараб кетдилар. Ҳалиги қария: “Сувданмиз деганинг нимаси? Ироқданмисизлар?”, деганича қолиб кетди.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доно сиёсатларидан бир ўрин – Қурайш Ҳудайбийя сулҳини бузган вақтларида аҳдарини янгидан тузишни ва келишилган муддатни узайтиришни Пайғамбар алайҳиссаломдан сўраш мақсадида Абу Суфённи Мадинага жўнатишди. Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб:

— Эй, Муҳаммад мен Ҳудайбийя сулҳида қатнашмаган эдим. Аҳдни янгилаш мақсадида олдингга келдим, - деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Шунинг учун келдингми?, - дедилар. Абу Суфён:

— Ҳа, - деб жавоб қайтарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Ўзи бирор нарса содир бўлдими? - дедилар.

— Йўқ, Худо асрасин, биз ўша-ўша келишган аҳдимиз ва тузган сулҳимизга амал қилмоқдамиз, уни ўзгартирмаганмиз ҳам алмаштирмаганмиз ҳам, - деди Абу Суфён. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Биз ҳам худди шундай, дея жавоб бердилар.

Пайғамбарнинг доно сиёсатини кўринг! Уни аҳдни бузганларига койиб ҳам қўймадилар, Муҳаммад уруш қилмоқчи экан деб тайёргарликларини кўрмасликлари учун уруш ҳақида бир оғиз сўз ҳам очмадилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан фатҳ қилиш учун Маккага яқин келиб қолганларида ҳам Қурайш аҳли бундан бехабар эдилар.

 

Пайғамбар алайҳиссаломнинг душманлар рўбарў келишларидан олдин уларга таҳдид солишлари ва қўрқитишлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги сиёсатларидан бир мисол – Ул зот саҳобалар билан “Фотима” номли бир водийга етиб келадилар. Шу жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мусулмон олов ёқишига буюрадилар. Токи Қурайш қавми бу оловларга кўриб кўплигидан чўчисинлар. Шундай қилиб ўн мингта олов ёқадилар. Ҳатто Қурашнинг зодагони Абу Суфённинг кўзи бу оловларнинг кўплигига тушганда қалбига қорқув кириб боради ва: “Бу қандай оловлар бўлди, худди Арафада ёқиладиган оловлардек-ку”, дейди. Ўша кезларда Арафа куни кўп оловлар ёқиш арабларнинг одатлари эди. Ўша кеча Абу Суфённинг ўзи ва Бадил ибн Варқо бир бўлиб, жосуслик қилгани чиққан эдилар. Юқоридаги манзара у иккаласига ҳам таъсир қилади. Кейин у иккаласи қайтишиб ҳаммага бу ҳақда қўрқув ва хавотир билан гапириб юришади. Ҳатто бу ҳолат бора-бора илдиз отиб кейинчалик Абу Суфённинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Макка аҳли учун омонлик сўрашига сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазотлардаги яна бир доно сиёсатларига мисол – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Абу Суфённинг ҳовлисига кирса у омондадир”, деб эълон қилиб қўядилар. Албутта бундай дейишларида ниҳоятда гўзал ҳикмат ишлатганлар.

Пайғамбар алайҳиссалом сиёсатларининг яна бир намунаси яққол билинган бир ҳолат – Ул зот амакилари Аббосга Абу Суфённи бир тоғ оралиғига беркитишини буюрдилар. Токи Абу Суфён панада туриб унинг олдидан ўтиб кетадиган Аллоҳ таолонинг лашкарларини кўрсин. Аббос шундай қилди. Ҳар бир қабилалар ўз байроқлари билан ўтиб кетишарди. Ҳар бир қабила ўтса, Абу Суфён:

— Эй, Аббос бу қабила ким бўлди? – дер эди. Аббос:

— Сулайм қабиласи.

— Бу қабила билан ишим йўқ.

Орада яна бир қабила ўтиб қолди. Абу Суфён:

— Эй, Аббос булар кимлар?

— Булар Музайяна қабиласидир.

— Мени булар билан ишим йўқ.

Шундай қилиб уларнинг олдидан қандай қабила ўтса ўша-ўша савол-жавоб бўлар эди. Қабилалар тугагач, Расулуллоҳ муҳожир ва ансорлардан иборат кўринишидан яшил лашкарлар гуруҳи билан ўтиб қолдилар. Уларнинг фақат темирлари кўринар эди. Яшил дейилишига сабаб уларда ўткир тиғли темирлари кўп эди. Яшил ранг ўша қурол-яроғларнинг ранги эди. Шунда Абу Суфён:

— Субҳаналлоҳ, эй, Аббос булар кимлар? – деди.

— Булар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожир ва ансорлар билан кетаятилар, - деди Аббос. Абу Суфён:

— Бирор киши буларга қарши кела олмайди, тоқати ҳам етмайди, деди.  

Яна бир мисол – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Бани Назир яҳудийларига нисбатан қилган ишлари. Яҳудийлар ўз қўрғонларига яшиниб қўрғонланиб оладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан уларни қамал қилиб турадилар. Кейин Ул зот яҳудийларни қўрқитиш мақсадида хурмо дарахтларини кесиб ташлаб, ёндириб юборишга буюрадилар. Ўшанда жуда оз дарахтларга талофат етказилган холос, қолганларини ўз ҳолича қолдирилган. Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай доно сиёсатларини Қуръони карим узил-кесил маъқуллади:

“Сизнинг хурмони кесишингиз ёки аслида тик қолдирганингиз фақат, Аллоҳнинг изни билан ва бузғунчиларни хорлаши учун бўлди”. (Ҳашр: 5).

(Изоҳ: Хурмо дарахтининг энг яхши нави «лийнатин» деб аталади. Оят тафсиридла таъкидланганидек, баъзи хурмо дарахтларини кесиб, баъзиларининг қолдирилиши бузғунчилик учун эмас, балки Аллоҳнинг изни билан бўлди).

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Баратов Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ ўғли таржимаси.

Payg‘ambar alayhissalomning dushmanlariga to‘qnash kelishdan avval ularning holatlari, sonlari qay darajada tayyorganlik ko‘rganlariga ahamiyat berishlari

Badr g‘azoti bo‘lishidan biroz oldin Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Ali, Zubayr, Sa’d ibn Vaqqos roziyallohu anhumlarni bir qancha sahobalar bilan birga Badrdagi suv bor joyga dushman haqida biror xabar olib kelishlari uchun yuboradilar. Ular quduq yaqiniga kelishsa, Quraysh lashkarlaridan suv topish bilan vazifalangan bir necha kishi quduq izlab yurgan ekanlar. Sahobalar ulardan ikkitasini ushlab Rasululloh sollallohu alayhi vasallam huzurlariga olib kelishadi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning o‘zlari u ikkishini so‘roq qiladilar:

— Menga Quraysh haqida xabar beringlar.

— Ular, Allohga qasamki, anavi ko‘rinib turgan tepalikning orqasidalar.

— Qo‘shinda qancha kishi bor?

— Ko‘p.

— Sanog‘i bormi?

— Aniq ayta olmaymiz.

— Kunda nechta tuya so‘yaptilar?

— Bir kuni to‘qqizta, boshqa kuni o‘nta.

Payg‘ambar alayhissalom sahobalarga qarab:

— Ularning soni to‘qqiz yuz bilan ming orasida, - dedilar. Keyin yana u ikkisiga qarab:

— Ular orasida Quraysh rahbarlaridan kimlar bor?

— Utba ibn Robi’a, Shayba ibn Robi’a, Abu Baxtariy ibn Hishom, Hakim ibn Hizom, Navfal ibn Xuvaylid, Abu Jahl, Umayya ibn Xolaf, Nazr ibn Horis, - deya bir qancha Qurayshning kattakonlarini sanab berdi.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam sahobalarga qarab:

— Bu Makka sizlarga jigargo‘shalarini yuboripti, - dedilar.

Hunayn g‘azoti hali urush boshlanishidan oldin Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Abdulloh ibn Abu Hadrad Aslamiyni dushman tomon jo‘natayotib unga dushman orasiga kirib to ular haqidagi xabarni bilib kelmagunicha chiqib qaytmasligiga buyruq berdilar. Abdulloh ibn Hadrad yo‘lga otlandi. Dushmanning joylashgan joyiga kirib oldi. Ular orasida aylanib chiqib bor xabarlarni bilib oldi va Molikning sheriklariga qarab: “Bu Muhammad deganlari shu safargi biz bilan qilmoqchi bo‘lgan jangidan oldin hech ham biror qavm bilan kurashgan emas. Balki, urush qilinishi haqida xabari bo‘lmagan tinch aholiga bosib kirib xonavayron qiladi, shuning oqibatida ularning ustidan g‘olib keladi. Tong sahar bo‘lsa, ulovlaringizni hozirlanglar. Ayollar va farzandlaringizni ortlaringizga qilib saflanib turinglar. Bu safar hamla qilish sizlar tomondan bo‘lsin. Qilichlaringizning qinlarini sindirib tashlanglar, Muhammadga qinlari singan yigirma ming qilich bilan, barchalaring bir bo‘lib hujum qilinglar. Shuni yodda tutinglarkim, g‘alaba birinchi bo‘lib hujum qilganlarning qo‘lidadir, degan gaplarini ham eshitdi. So‘ng darhol orqaga qaytdi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam huzurlariga kelib ko‘rgan va eshitganlarini aytib berdi.  

Ahzob kuni Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Huzayfani dushmanlarning xabarini bilib kelish uchun yubordilar. Zimmasiga bunday ma’suliyatli, aniqrog‘i xatarli bo‘lgan muhim vazifa yuklatilgan Huzayfa bu haqda o‘zi shunday so‘zlab beradi: “Biz Xandaqda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bilan birga edik. Shuna Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Hozir kim turib, bizlar uchun dushman tomonga borib, ular nima qilayotganini o‘rganib keyin yana ortga qaytib keladi?”, dedilar. Rasululloh qaytishlikni shart qilayotgan edilar. Keyin yana: “Kim shu ishni qilib kelsa Alloh taolo o‘sha kishini Jannatda men bilan yaqin qilishini so‘rayman”, dedilar. Qo‘rquv, ochlik va sovuqning shiddatidan biror kishining turishga haddi sig‘madi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam biror kishi turmaganini ko‘rib meni oldilariga chaqirdilar. Chaqirganlarida o‘rnimdan turib borishdan boshqa chora yo‘q edi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam menga:

— Ey, Huzayfa yo‘lga otlanasan. Qavm ichiga kirib ular nima qilayotganlarini ko‘rasan, keyin biror ish qilib qo‘ymasdan qaytib kelasan, - dedilar.

Huzayfa gaplarini davom ettiradi: “Shunday qilib bordim, qavm orasiga bilintirmay kirib oldim. Shamol va Alloh taoloning farishta lashkarlari ularning qozonlari, olovlari, qurgan binolarining barchasini vayron qilib tashlagan ekan. Shu holatda Abu Sufyon turib o‘z qavmiga shunday dedi: “Ey, Quraysh ahli, Allohga qasamki, sizlar yaxshi joyga joylashishimiz qiyin bo‘lyapti, qancha-qancha ot-u tuyalarimiz halok bo‘ldi. Bani Qurayza (yahudiylari) va’dalariga xilof qildilar. Ular tomonidan biz ma’qul ko‘rmagan ishlar qilindi. Qolaversa, ko‘rib turganlaringizdek shamolning qattiqligidan qozonlarimiz joyida tura olmayati, yoqayotgan olovlarimiz yonmayapti, qurgan chodirlarimiz ham o‘z o‘rnida mahkam tura olmayapti. Ortga qaytinglar, men qaytdim”, dedi. Keyin arqoni bog‘liq tuyasining oldiga kelib, ustiga minib oldi. Tuyasini uch bora urganidan keyingina joyidan qo‘zg‘ata oldi. Shunda ham arqoni to o‘zi tuyasidan tushib yechmagunicha yechilmadi. Agar Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning qaytib kelgunimgacha biror ish chiqarib qo‘ymasligim haqidagi buyruqlari bo‘lmaganida edi, Abu Sufyonni kamondan o‘q uzib qatl etgan bo‘lardim. Shundan so‘ng Rasululloh sollallohu alayhi vasallam huzurlariga qaytib keldim. Ul zot namoz o‘qiyotgan ekanlar. Keyin ko‘rgan, eshitganlarimni aytib berdim. G‘atafonliklar Quraysh qilgan ishlarini eshitishib, o‘z yurtlariga qaytib ketdilar.

Ushbu Huzayfa ibn Yamon roziyallohu bilan bo‘lib o‘tgan mazkur qissa bilan Zubayr roziyallohu anhuning qissalari boshqa-boshqa. Chunki Zubayr Ahzob kuni Bani Qurayza yahudiylarining xabarini bilib kelishga yuborilgan edi. Ya’ni ular o‘zlari bilan musulmonlar o‘rtasidagi kelishilgan ahdni buzib, musulmonlarga qarshi kurashishda Quraysh qabilasiga yordam berarmikinlar? Zubayr shuni bilib kelish uchun borgan edilar. Imom Buxoriy va boshqalar Jobir roziyallohu anhudan rivoyat qiladilar: “Payg‘ambar alayhissalom Ahzob kuni: “Kim menga qavmning xabarini bilib keladi?”, dedilar. (Voqidiy: “Qavmdan Bani Qurayza yahudiylari nazarda tutilgan”, deydi). Shunda Zubayr:

— Men, yo Rasululloh, - dedi. Ul zot qayta:

— Kim menga qavmning xabarini bilib keladi? - dedilar. Zubayr yana:

— Men, yo Rasululloh, - dedi. Ul zot uchinchi bora:

— Kim menga qavmning xabarini bilib keladi? – deganlarida ham Zubayr:

— Men, yo Rasululloh, - dedi. Shunda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam:

— Har bir payg‘ambarning havoriysi (yordamchisi) bo‘lgan. Mening havoriyim Zubayrdir, - deb aytganlar.

 

Payg‘ambar alayhissalomning bo‘lajak ishlarini dushmanlarga chigallashtirish maqsadida noaniq qilib ko‘rsatishlari

Odatda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam g‘azot qilmoqchi bo‘lsalar urush rejalarini dushmanlarga noaniq qilib ko‘rsatardilar, ular payqab qolib, himoyaga tayyorgarlik ko‘rmasliklari uchun yoki askarlar adadini ko‘paytirmasliklari uchun tumanli qilib ko‘rsatishga harakat qilardilar. Albatta bunday yo‘l tutishlarida qon to‘kilishining oldi olinardi.

Ka’b ibn Molik aytadi: “Rasululloh sollallohu alayhi vasallam g‘azot qilmoqchi bo‘lsalar, uni hammaga ochiqchasiga aytmasdilar. Balki, to o‘sha g‘azot qiliishi kerak bo‘lgan kun kelgunicha pinhona tutib faqat kinoyaviy gaplar bilan bildirib qo‘yardilar. Faqat Tabuk g‘azoti bundan mutasnodir”.

Izoh: Tabuk g‘azotida pinhon tutmay, balki g‘azot qilishlarini oshkora aytishlariga sabab, o‘sha paytlarda havo harorati juda issiq, qurg‘oqchilik hukm surar edi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam yo‘l masofasi uzoqligi, safarning mashaqqatliligi va dushman adadi ko‘pligini e’tiborga olib hamma bel bog‘lashi uchun oshkora aytganlar.

Badr g‘azotidan oldin Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning o‘zlari Quraysh haqidagi xabarlarni o‘rganishga kirishadilar. Abu Bakr Siddiq roziyallohu anhu bilan ulovga o‘tirib yo‘lga otlanadilar. Yo‘lda arab bo‘lgan bir qariyani uchratadilar. Undan Quraysh haqida, Muhammad va uning sahobalari haqida nimalarni bilishini so‘rashadi. Haligi qariya: “Toki sizlar kim tomonida ekanliklaringizni aytmagunlaringizcha, xabar bermayman”, dedi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Agar siz xabar bersangiz, biz ham kim tomonida ekanimizni aytamiz” , dedilar. Qariya: “Xabar almashinamiz ekan-da”, dedi. Rasululloh: “Ha”, deya javob berdilar. Shunda qariya: “Men eshitishimcha, Muhammad va uning sahobalari falon-falon kuni yo‘lga chiqqan. Agar menga bu xabarni bergan kishi aldamagan bo‘lsa, ular hozir Muhammad yo‘lga otlangan joyidan falo-falon joyga yetib kelganlar. Quraysh esa falon-falon kuni yo‘lga chiqqan. Agar menga xabar bergan kishi rost aytgan bo‘lsa, ular hozir o‘zlarining siljigan joylaridan falon-falon joyga yetib kelganlar”, dedi. Shu gaplarini aytib bo‘lganidan keyin: “Sizlar kim tomonidan?”, deb so‘rab qoldi. Shunda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Biz suvdanmiz”, deya javob berdilar-da, Abu Bakr roziyallohu anhu bilan orqaga qarab ketdilar. Haligi qariya: “Suvdanmiz deganing nimasi? Iroqdanmisizlar?”, deganicha qolib ketdi.

Yana Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning dono siyosatlaridan bir o‘rin – Quraysh Hudaybiyya sulhini buzgan vaqtlarida ahdarini yangidan tuzishni va kelishilgan muddatni uzaytirishni Payg‘ambar alayhissalomdan so‘rash maqsadida Abu Sufyonni Madinaga jo‘natishdi. Abu Sufyon Rasululloh sollallohu alayhi vasallam huzurlariga kelib:

— Ey, Muhammad men Hudaybiyya sulhida qatnashmagan edim. Ahdni yangilash maqsadida oldingga keldim, - dedi. Shunda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam:

— Shuning uchun keldingmi?, - dedilar. Abu Sufyon:

— Ha, - deb javob qaytardi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam:

— O‘zi biror narsa sodir bo‘ldimi? - dedilar.

— Yo‘q, Xudo asrasin, biz o‘sha-o‘sha kelishgan ahdimiz va tuzgan sulhimizga amal qilmoqdamiz, uni o‘zgartirmaganmiz ham almashtirmaganmiz ham, - dedi Abu Sufyon. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam:

— Biz ham xuddi shunday, deya javob berdilar.

Payg‘ambarning dono siyosatini ko‘ring! Uni ahdni buzganlariga koyib ham qo‘ymadilar, Muhammad urush qilmoqchi ekan deb tayyorgarliklarini ko‘rmasliklari uchun urush haqida bir og‘iz so‘z ham ochmadilar. Shuning uchun ham Rasululloh sollallohu alayhi vasallam sahobalar bilan fath qilish uchun Makkaga yaqin kelib qolganlarida ham Quraysh ahli bundan bexabar edilar.

 

Payg‘ambar alayhissalomning dushmanlar ro‘baro‘ kelishlaridan oldin ularga tahdid solishlari va qo‘rqitishlari

Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning bu boradagi siyosatlaridan bir misol – Ul zot sahobalar bilan “Fotima” nomli bir vodiyga yetib keladilar. Shu joyda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam har bir musulmon olov yoqishiga buyuradilar. Toki Quraysh qavmi bu olovlarga ko‘rib ko‘pligidan cho‘chisinlar. Shunday qilib o‘n mingta olov yoqadilar. Hatto Qurashning zodagoni Abu Sufyonning ko‘zi bu olovlarning ko‘pligiga tushganda qalbiga qorquv kirib boradi va: “Bu qanday olovlar bo‘ldi, xuddi Arafada yoqiladigan olovlardek-ku”, deydi. O‘sha kezlarda Arafa kuni ko‘p olovlar yoqish arablarning odatlari edi. O‘sha kecha Abu Sufyonning o‘zi va Badil ibn Varqo bir bo‘lib, josuslik qilgani chiqqan edilar. Yuqoridagi manzara u ikkalasiga ham ta’sir qiladi. Keyin u ikkalasi qaytishib hammaga bu haqda qo‘rquv va xavotir bilan gapirib yurishadi. Hatto bu holat bora-bora ildiz otib keyinchalik Abu Sufyonning Rasululloh sollallohu alayhi vasallamdan Makka ahli uchun omonlik so‘rashiga sabab bo‘ladi.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning g‘azotlardagi yana bir dono siyosatlariga misol – Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Kim Abu Sufyonning hovlisiga kirsa u omondadir”, deb e’lon qilib qo‘yadilar. Albutta bunday deyishlarida nihoyatda go‘zal hikmat ishlatganlar.

Payg‘ambar alayhissalom siyosatlarining yana bir namunasi yaqqol bilingan bir holat – Ul zot amakilari Abbosga Abu Sufyonni bir tog‘ oralig‘iga berkitishini buyurdilar. Toki Abu Sufyon panada turib uning oldidan o‘tib ketadigan Alloh taoloning lashkarlarini ko‘rsin. Abbos shunday qildi. Har bir qabilalar o‘z bayroqlari bilan o‘tib ketishardi. Har bir qabila o‘tsa, Abu Sufyon:

— Ey, Abbos bu qabila kim bo‘ldi? – der edi. Abbos:

— Sulaym qabilasi.

— Bu qabila bilan ishim yo‘q.

Orada yana bir qabila o‘tib qoldi. Abu Sufyon:

— Ey, Abbos bular kimlar?

— Bular Muzayyana qabilasidir.

— Meni bular bilan ishim yo‘q.

Shunday qilib ularning oldidan qanday qabila o‘tsa o‘sha-o‘sha savol-javob bo‘lar edi. Qabilalar tugagach, Rasululloh muhojir va ansorlardan iborat ko‘rinishidan yashil lashkarlar guruhi bilan o‘tib qoldilar. Ularning faqat temirlari ko‘rinar edi. Yashil deyilishiga sabab ularda o‘tkir tig‘li temirlari ko‘p edi. Yashil rang o‘sha qurol-yarog‘larning rangi edi. Shunda Abu Sufyon:

— Subhanalloh, ey, Abbos bular kimlar? – dedi.

— Bular Rasululloh sollallohu alayhi vasallam muhojir va ansorlar bilan ketayatilar, - dedi Abbos. Abu Sufyon:

— Biror kishi bularga qarshi kela olmaydi, toqati ham yetmaydi, dedi.  

Yana bir misol – Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bilan Bani Nazir yahudiylariga nisbatan qilgan ishlari. Yahudiylar o‘z qo‘rg‘onlariga yashinib qo‘rg‘onlanib oladilar. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam sahobalar bilan ularni qamal qilib turadilar. Keyin Ul zot yahudiylarni qo‘rqitish maqsadida xurmo daraxtlarini kesib tashlab, yondirib yuborishga buyuradilar. O‘shanda juda oz daraxtlarga talofat yetkazilgan xolos, qolganlarini o‘z holicha qoldirilgan. Albatta Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning bunday dono siyosatlarini Qur’oni karim uzil-kesil ma’qulladi:

“Sizning xurmoni kesishingiz yoki aslida tik qoldirganingiz faqat, Allohning izni bilan va buzg‘unchilarni xorlashi uchun bo‘ldi”. (Hashr: 5).

(Izoh: Xurmo daraxtining eng yaxshi navi «liynatin» deb ataladi. Oyat tafsiridla ta’kidlanganidek, ba’zi xurmo daraxtlarini kesib, ba’zilarining qoldirilishi buzg‘unchilik uchun emas, balki Allohning izni bilan bo‘ldi).

Ko‘kaldosh o‘rta maxsus islom bilim yurti mudarrisi Baratov G‘iyosiddin Habibulloh o‘g‘li tarjimasi.

Мулоҳаза қўшиш


Ҳимоя коди
Янгилаш