Пайғамбар алайҳиссаломнинг Қуръонни ўргатишга эътиборлари

Рукн: Муҳаммад (с.а.в.) сийратлари Чоп этилган: 03.01.2017

“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” номли сийрат танловига

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ўргатишга катта аҳамият қаратар эдилар. Хусусан, ёш болаларга ўргатишга қаттиқ эътибор берганлар. Шубҳасиз, бу эътиборнинг натижаси катта самара берган. Чунки ёш бола Аллоҳ таоло унинг Роббиси – тарбия қилувчиси экани, бу Аллоҳнинг Сўзлари экани ҳақида фикр ва эътиқодда улғаяди. Қуръоннинг руҳи қалбига кириб боради. Қуръоннинг нури фикри, идроки ва ҳиссиётларига аралашади. Ёшлигидан бошлаб Қуръон баён этилган эътиқодни эшитиб боради. Қуръонга муҳаббат қўяди, Қуръонга боғланади, Қуръондаги буйруқ ва қайтариқларга эътибор қаратишни ўрганади. Қуръоннинг ахлоқи билан ахлоқланади ва Қуръоннинг йўлида юради.

Шу сабабдан бу умматнинг мураббийлари ёш болаларга Қуръон ўргатишга эътибор қаратганлар. Бу услуб ислом динининг асосларидан бўлиб ёш бола соф табиатда улғаяди. Қалбига ҳавои нафс ўрнашиб гуноҳ ва залолат билан ифлос бўлишидан олдин қалбини ҳикмат нурлари эгаллайди.

Шоир айтган эди: (шеър)

“Нафс ҳавони танишимдан олдин унинг шаҳвати менга келди.

Барча нарсадан холи қалбга юлиқиб ўрнашиб олди”.

Мусулмончиликни қабул қилиб қишлоқлардан келган элчиларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барчалари Қуръон ўқиши, дин ишларини ўргатиш ва азон айтувчилар таъйин қилишни шарт қилар эдилар.

Саҳоба розияллоҳу анҳумлар ва улардан кейинги ўтган солиҳ салафлар ҳам ёш болаларга Қуръон ўқитишга эътибор қаратишар эди. Уларнинг бу эътиборлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон ўқитишга бўлган буйруқларига тўлақонли жавоб тариқасида бўлар эди. Ҳамда ёш болаларига Қуръон ўқитгувчига бериладиган яхшилик ва баракаларга эришишни ҳам мақсад қилган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўғлига Қуръонга қараб ўқишни ўргатса гуноҳлари кечирилади. Ким ёддан ўқишни таълим берса, Қиёмат куни Аллоҳ таоло уни кечадаги тўлин ой каби (нурли қилиб) қайта тирилтиради. Ўғлига: “Ўқи!”, дейилади. Ҳар оятни ўқиганида Аллоҳ таоло отасининг даражасини кўтаради. Қуръондан билганича ўқийди”, дедилар. Имом Табароний Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Ҳайсамий бу ҳадиснинг ровийлари ҳақида: “Унда мен танимайдиган киши бор”, деб қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: “Кимики дунёда фарзандига Қуръон ўргатса, қиёмат куни жаннатда у одамга тож кийдирилади. Жаннатдагилар бу (тож) билан фарзандига дунёда Қуръон ўргатганини билишади”. Имом Табароний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Имом Аҳмад ривоятида: “Ота-онасига дунёда бебаҳо бўлган икки кийим берилади. Улар: “Нима сабабдан бу кийимни кийдик”, дейишади. Уларга: “Фарзандларинг Қуръон ёдлагани учун”, дейилади. Имом Табароний ривоятида: “Фарзандларингга Қуръонни ўргатганларинг учун”, дейилган.

Ибн Халдун фарзандларга таълим бериш фазилати ҳақида қуйидагича айтади: “Фарзандларга Қуръонни таълим бериш диннинг шиорларидан бўлиб динни ўйлаган киши унга эътибор қаратган. Қуръон ўргатишни босқичма-босқич амалга ошириб келишган. Чунки, Қуръон оятлари орқали уларннг қалбларига имон ўрнашган ва эътиқодлари мустаҳкам бўлган. Қуръон кейинчалик ҳосил бўладиган малака (иқтидор)нинг асоси ҳисобланади”. Олим сўзида давом этиб: “Ислом одатларида Қуръонни баракасига етиш учун биринчи навбатда Қуръонни ўргатиш турган. Шунингдек, ёшликдаги ўйинқароқлик ва бошқа сабаблар билан Қуръон ёдлашни ўтказиб юборишидан қўрқишган”.

Қуръони карим инсоният кўрган таълимнинг энг кенг доирасидир. У китоб (Қуръон)нинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмайди. Ҳаким ва Ҳаким сифатли Зот тарафидан нозил қилинган. Қуръон мусулмонлар ундан барча илмларни чиқариб олган улкан девондир. Аллоҳ таоло айтади: “Китобда бирор нарсани (ёзмасдан) қолдирмаганмиз” (Анъом сураси 38-оят.); “Сизга ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун башорат бўлган Китоб (Қуръон)ни нозил қилдик” (Наҳл сураси 89-оят.).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тез орада фитна бўлади”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, ундан қандай чиқилади?”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг Китоби сизлардан олдингилар ҳақида сўзлайди. Сизлардан кейингилар ҳақида хабар беради. Сизларнинг ораларингизда ҳукм чиқаради”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Қуръон инсоният билган энг биринчи таълим манбаи ва асосидир. Ҳозирги кунда буни барча эътироф қилмоқда. Қуръон мадрасасида энг биринчи ўқиган, тарбия топган, унинг ҳидояти билан тарбияланган ва унинг тарбияси билан ҳидоятланган кишилар саҳобалар ҳисобланишади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларига амал қилиб Қуръонни ўрганишар ва ўргатишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни таълим олинглар. Уни қироат қилинглар. Албатта, Қуръон уни таълим олган, қироат қилган ва унга амал қилганлар учун мисли миск тўлдирилган қопга ўхшайди. Барча жойда ҳиди ан­қиб туради”. Яна бир ҳадисда: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни саҳобаларига ўргатганларида унга тегишли бўлган одобларни ҳам ўргатар эдилар.

Қуръон ёдлаган кишини улуғлаш ва эҳтиром қилиш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқиган кишининг даражаси пайғамбарликнинг ёнига бориб қолади. Лекин унга ваҳий қилинмайди, халос. Қуръон ёдлаган киши ғазабланган кишига ғазаб қилиш ва жоҳилллик (нодонлик) қилган кишига жоҳиллик қилмаслиги керак. Унинг ичида Аллоҳнинг Каломи бор”, деганлар. (Ҳоким ривояти. Исноди саҳиҳ).

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Ғиёсиддин Баратов тайёрлади.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Qur’onni o‘rgatishga katta ahamiyat qaratar edilar. Xususan, yosh bolalarga o‘rgatishga qattiq e’tibor berganlar. Shubhasiz, bu e’tiborning natijasi katta samara bergan. Chunki yosh bola Alloh taolo uning Robbisi – tarbiya qiluvchisi ekani, bu Allohning So‘zlari ekani haqida fikr va e’tiqodda ulg‘ayadi. Qur’onning ruhi qalbiga kirib boradi. Qur’onning nuri fikri, idroki va hissiyotlariga aralashadi. Yoshligidan boshlab Qur’on bayon etilgan e’tiqodni eshitib boradi. Qur’onga muhabbat qo‘yadi, Qur’onga bog‘lanadi, Qur’ondagi buyruq va qaytariqlarga e’tibor qaratishni o‘rganadi. Qur’onning axloqi bilan axloqlanadi va Qur’onning yo‘lida yuradi.

Shu sababdan bu ummatning murabbiylari yosh bolalarga Qur’on o‘rgatishga e’tibor qaratganlar. Bu uslub islom dinining asoslaridan bo‘lib yosh bola sof tabiatda ulg‘ayadi. Qalbiga havoi nafs o‘rnashib gunoh va zalolat bilan iflos bo‘lishidan oldin qalbini hikmat nurlari egallaydi.

Shoir aytgan edi: (she’r)

“Nafs havoni tanishimdan oldin uning shahvati menga keldi.

Barcha narsadan xoli qalbga yuliqib o‘rnashib oldi”.

Musulmonchilikni qabul qilib qishloqlardan kelgan elchilarga Rasululloh sollallohu alayhi vasallam barchalari Qur’on o‘qishi, din ishlarini o‘rgatish va azon aytuvchilar ta’yin qilishni shart qilar edilar.

Sahoba roziyallohu anhumlar va ulardan keyingi o‘tgan solih salaflar ham yosh bolalarga Qur’on o‘qitishga e’tibor qaratishar edi. Ularning bu e’tiborlari Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Qur’on o‘qitishga bo‘lgan buyruqlariga to‘laqonli javob tariqasida bo‘lar edi. Hamda yosh bolalariga Qur’on o‘qitguvchiga beriladigan yaxshilik va barakalarga erishishni ham maqsad qilgan edilar. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Kim o‘g‘liga Qur’onga qarab o‘qishni o‘rgatsa gunohlari kechiriladi. Kim yoddan o‘qishni ta’lim bersa, Qiyomat kuni Alloh taolo uni kechadagi to‘lin oy kabi (nurli qilib) qayta tiriltiradi. O‘g‘liga: “O‘qi!”, deyiladi. Har oyatni o‘qiganida Alloh taolo otasining darajasini ko‘taradi. Qur’ondan bilganicha o‘qiydi”, dedilar. Imom Tabaroniy Anas roziyallohu anhudan rivoyat qiladi. Haysamiy bu hadisning roviylari haqida: “Unda men tanimaydigan kishi bor”, deb quyidagi hadisni rivoyat qilgan: “Kimiki dunyoda farzandiga Qur’on o‘rgatsa, qiyomat kuni jannatda u odamga toj kiydiriladi. Jannatdagilar bu (toj) bilan farzandiga dunyoda Qur’on o‘rgatganini bilishadi”. Imom Tabaroniy Abu Hurayra roziyallohu anhudan rivoyat qilgan.

Imom Ahmad rivoyatida: “Ota-onasiga dunyoda bebaho bo‘lgan ikki kiyim beriladi. Ular: “Nima sababdan bu kiyimni kiydik”, deyishadi. Ularga: “Farzandlaring Qur’on yodlagani uchun”, deyiladi. Imom Tabaroniy rivoyatida: “Farzandlaringga Qur’onni o‘rgatganlaring uchun”, deyilgan.

Ibn Xaldun farzandlarga ta’lim berish fazilati haqida quyidagicha aytadi: “Farzandlarga Qur’onni ta’lim berish dinning shiorlaridan bo‘lib dinni o‘ylagan kishi unga e’tibor qaratgan. Qur’on o‘rgatishni bosqichma-bosqich amalga oshirib kelishgan. Chunki, Qur’on oyatlari orqali ularnng qalblariga imon o‘rnashgan va e’tiqodlari mustahkam bo‘lgan. Qur’on keyinchalik hosil bo‘ladigan malaka (iqtidor)ning asosi hisoblanadi”. Olim so‘zida davom etib: “Islom odatlarida Qur’onni barakasiga yetish uchun birinchi navbatda Qur’onni o‘rgatish turgan. Shuningdek, yoshlikdagi o‘yinqaroqlik va boshqa sabablar bilan Qur’on yodlashni o‘tkazib yuborishidan qo‘rqishgan”.

Qur’oni karim insoniyat ko‘rgan ta’limning eng keng doirasidir. U kitob (Qur’on)ning oldidan ham, ortidan ham botil kelmaydi. Hakim va Hakim sifatli Zot tarafidan nozil qilingan. Qur’on musulmonlar undan barcha ilmlarni chiqarib olgan ulkan devondir. Alloh taolo aytadi: “Kitobda biror narsani (yozmasdan) qoldirmaganmiz” (An’om surasi 38-oyat.); “Sizga hamma narsani bayon qilib beruvchi, hidoyat, rahmat va musulmonlar uchun bashorat bo‘lgan Kitob (Qur’on)ni nozil qildik” (Nahl surasi 89-oyat.).

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Tez orada fitna bo‘ladi”, dedilar. Shunda: “Yo Rasululloh, undan qanday chiqiladi?”, dedilar. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Allohning Kitobi sizlardan oldingilar haqida so‘zlaydi. Sizlardan keyingilar haqida xabar beradi. Sizlarning oralaringizda hukm chiqaradi”, dedilar (Imom Termiziy rivoyati).

Qur’on insoniyat bilgan eng birinchi ta’lim manbai va asosidir. Hozirgi kunda buni barcha e’tirof qilmoqda. Qur’on madrasasida eng birinchi o‘qigan, tarbiya topgan, uning hidoyati bilan tarbiyalangan va uning tarbiyasi bilan hidoyatlangan kishilar sahobalar hisoblanishadi. Ular Rasululloh sollallohu alayhi vasallam so‘zlariga amal qilib Qur’onni o‘rganishar va o‘rgatishar edi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Qur’onni ta’lim olinglar. Uni qiroat qilinglar. Albatta, Qur’on uni ta’lim olgan, qiroat qilgan va unga amal qilganlar uchun misli misk to‘ldirilgan qopga o‘xshaydi. Barcha joyda hidi an­qib turadi”. Yana bir hadisda: “Sizlarning yaxshilaringiz Qur’onni o‘rganganlaringiz va o‘rgatganlaringizdir, dedilar.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Qur’onni sahobalariga o‘rgatganlarida unga tegishli bo‘lgan odoblarni ham o‘rgatar edilar.

Qur’on yodlagan kishini ulug‘lash va ehtirom qilish kerak. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Qur’on o‘qigan kishining darajasi payg‘ambarlikning yoniga borib qoladi. Lekin unga vahiy qilinmaydi, xalos. Qur’on yodlagan kishi g‘azablangan kishiga g‘azab qilish va johilllik (nodonlik) qilgan kishiga johillik qilmasligi kerak. Uning ichida Allohning Kalomi bor”, deganlar. (Hokim rivoyati. Isnodi sahih).

Ko‘kaldosh o‘rta maxsus islom bilim yurti mudarrisi G‘iyosiddin Baratov tayyorladi.