Сабр суви билан ўчган оловлар (иккинчи мактуб)

Рукн: Муҳаммад (с.а.в.) сийратлари Чоп этилган: 30.12.2016

“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” номли сийрат танловига

Ассалому алайкум саодат асрининг буюк асосчиси, илоҳий ёғдуси билан қалбларни мунаввар айлаган Расуллуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам!

 Қишнинг совуқ кунларида дераза ойнасидан дилгир табиат манзараларини кузатиб сизга мактуб йўлламоқдаманки, Оллоҳ бу ишимни хайрли қилсин. Кун совуқ, аммо муборак номингизни тилга олишим билан кўнглимга баҳор мўралайди, ширин бир ифорни сезаман, бу сизнинг Сабр гулингиз. Бу гулнинг япроқлари ҳаё ва малоҳатдан товланиб туради. Бандлари кучли ирода, ўктам феълдан қад ростлаган. Япроқлари ҳамд ва тасбеҳ туфайли яшнайди. Гарчи бу хаёлий тасаввур бўлсада ҳеч иккиланмайман. Зеро, сизнинг севгингиз ёди билан яшаётган хаёл алдамайди.

... Эй Расулим, нетайин, бу дунёдан сабрининг суви билан дўзах оловини ўчирган момоларим ўтдилар.  Турмуш пўртаналари, аччиқ-чучук сўзлар, таъна-ю дашномлар уларнинг иймонига гард юқтира олмади. Уч боласини ерга қўйгач, уч ўгай боланинг бошини силаб, ўзи рўшнолик кўрмаган эналарим айтсин сабр сўзини Сизга. Зулм заҳматидан жисми пажмурда бўлган энажонларим иймон гавҳарларини сабр суви билан ювиб, тозалаб турдилар.

Сабр суви нима, ўзи, деб сўраганим эсимда онаизоримдан. Онам  эса ичингга ютган кўз ёшинг болам, дегандилар.

Кўз ёшни ичга ютиб бўладими, ахир сиз кўз ёш қирқ йиллик йўлдан келади дейсиз-ку?!

 Оллоҳ учун йиғлаган кўзларнинг ажри бор, эй нуридийдам. Бир банданинг таҳқирлари, камситишлари сени йиғлатмасин. Одамларнинг озорига чиройли сабр қилган чин мўминдир .

Гоҳида ўйлаб қоламан, Сизнинг эй Жанобим, мушрикларнинг азиятларидан ковушларингиз қонга тўлиб кетгани ёки муборак елкаларингизга туянинг ичак-чавоғини ташлаб юборишгани, яҳудийларнинг озорлари, Маккадаги мушрикларнинг саҳобаларга қилган ёмонликлари... эҳ-ҳе уларнинг олдида бизни нодон кимсалардан тортаётган азиятларимиз нима бўлибди?

Ғамангез кеч куз кунларининг бирида азонга яқин болам, деган фарёдни эшитдим. Аёл кишининг ўткир йиғиси бағримни ўртади. Маҳалламиздаги аёл оғир беморликдан сўнг қазо қилибди. Тонг саҳарда онаси “йиғи чиқараётган” эмиш. Таъзияга кирдим. Ёшлари олтмишлардан ошган онахонни ҳеч ким тўхтата олмасди.  Ўзини йўқотар даражада додлар, бировнинг насиҳатини, хатто Қуръон тиловат қилаётган отинойини ҳам эшитгиси келмасди. Насиҳатлар бекор бўлди. У оҳу афғонини тўхтатмади. Кечга яқин уни “Тез ёрдам” машинаси олиб кетди. Сийраккина аёллар орасида кексагина аёл гап бошлади:

Пайғамбаримиз (с.а.в) даврларида бир аёлнинг эри вафот этибди. Эри учун кўп қайғурибди. Саҳобалардан бири унга йиғини ўрнига “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун” деб минг марта айт, дебдилар.. У йиғи аралаш шу дуони минггичи марта айтаётганда “Эримдан яхшиси бормиди” деб хитоб қилиб юборибди. Шунда эшик тақиллаб қолибди. Эшикни очсалар Расулуллоҳдан шу аёлга совчи келган экан. Ҳа, сабри учун у аёлга Оллоҳ мукофот берди. Жоним қизим, мен ҳам эрим, икки қиз, битта неварамдан айрилганман. Худойим мени шукр дейдиган қилиб қўйди.

Оҳ, Расуллолоҳ, сиз ҳақингиздаги битта воқеа ҳам ўлимлар қаршисида, буюк жудоликлар олдида умид чироғи бўлиб ёниб туради-я.

Бир куни қабр ёнидан йиғлаётган аёл ёнидан ўтиб кетаётгандингиз. Унга “Аллоҳнинг азобидан қўрқ ва сабрли бўл” дедингиз. Аёл сизни танимасдан “Нари кет. Менга етган мусибат сенга етмаган”, деди. Ҳолбуки сиз ўшанда қизларингиз Зайнаб ва Руқия (.р.а) ни қабрга қўйган эдингиз.

Кейин аёл сизни танимай шу гапни айтганини билдирди ва узр сўради.

Сиз эса “Ҳақиқий сабр мусибат етган дастлабки ҳолдаги сабрдир” дедингиз.

Аниқки сиз у аёлнинг гапидан аччиқланмадингиз. Чунки сиз фақат Оллоҳ учун ғазабланасиз холос. Сиз аёлни бу насиҳатингиз билан савобга эргаштирдингиз.

Иттифоқо аёллар мажлисларида суҳбатдошларимда сабрсизлик аломатини сезсам сиз билан кечган шу воқеани айтиб бераман.

Сабр... Инсонни жамики қусурлардан халос этувчи куч. Сабрли инсонларни одатда оғир, вазмин дейдилар. Сабрлилар жимгина йиғлаётган дарахтларга ўхшайдилар. Бироқ дарахтларнинг ҳам барглари тўкилади, шохлари яланг бўлиб қолади. Уларни тоғларга қиёслашади. Йўқ, тоғларнинг ҳам тошлари қулайди, қорлари эрийди, чечаклари сўлади. Сабрлиларнинг икки дунё саодатидан умидворлик ҳислари мангу сўлмайдиган ғунчаларга ўхшайди. Зотан, бу ғунчаларни сизнинг ҳадисларингиз оби-раҳмат суви янглиғ суғоради. Сабр...У то қиёматга қадар кўзи беркилмайдиган булоқдир.  Бу булоқни сизга Оллоҳнинг ўзи ато этган эй Расулим!!!

Кейинги пайтларда кўп беморликларни бошимдан кечирмоқдаман. Турмуш ўртоғим, ўзингни қўлга ол, оғришга ҳаққинг йўқ, дея танбеҳ беради ва мени эртага қўлтиқтаёққа кириб қолишимдан қўрқади. Шундай пайтларда оҳ-воҳ қилаётганимдан уялиб кетаман ва истиғфор айтаман. Қаердадир ўқигандим. Фаришталар ҳар бир сўзни ёзиб боришади, хатто беморлик туфайли ингроғингни ҳам. Шундан қўрқиб ингроқни ҳам бас қилдим. 

 Эй Оллоҳнинг Ҳабиби! Сабр сизнинг фазилатларингиз ичида бамисоли тизилган маржоннинг бир марвариди холос. Зероки, “Сиз буюк ҳулқ узрадирсиз”. Олий табиатингиздаги сифатларни баён этмоққа қаламим ожизлик қилади. Лекин барибир шафоатингиздан умидворман... Сизнинг ҳамд туғингиз соясида туришдан умидворман...

Икки Олам Қуёши, Икки олам Сарвари, башариятнинг Афзали Фахрул Мурсалин!!! Кеча менинг жигаргўшам унинг ҳаққига дуо қилишимни  сўраб ҳадя берди. Иккимиз ҳам дуога қўл очдик. Сизнинг сабоғингиздан бир томчи олганимизга шукр...

Ўғлим меҳнат қилиб ҳалол ризқ топиб егуликлар олиб келди. Чиройли ризқ берганига шукр! Бу сўзим ҳам сизнинг берган таълимингиз самараси.

Дугонам бир куни мени ранжитиб қўйган эди. Кеча узр сўраб, сизнинг муборак ҳадисингизни айтиб йиғлаб юборди. Ғуборлар ариди. Дугонамнинг Сизга бир қадам яқинлашганидан шукрдаман.

Топармон-тутармон қариндошим бир куни дастурхон устида дуога қўл очаркан: “Мени ҳам эҳсон қилувчи бойлардан қилгин” дея кўзларида ёш айланди. Бу эзгу ниятни ҳам у Сиздан ўрганди аслида...

Қалблар ҳамиша Сиз томон талпинади. Бинобарин, Сиз Оллоҳимнинг суюкли Ҳабибисиз!

Мен Абу Бакр Сиддиқни, Умари Одилни, Усмони Зуннурайнни, Ҳазрати Алини, Хадичаи Кубро, Ойишаи Сиддиқа, Фотимаи Захро, Муоз Ибн Жабал, Анас Ибн Молик, Абу Хурайра, Абдуллоҳ Ибн Маъсуд, Холид Ибн Валид ва яна Абдуллоҳ Ибн Умарни...ҳам жуда яхши кўраман. Ахир улар Сизга эргашган, Сизнинг бутун борлиғингиз, ҳаётингизни сабоқ деб билган инсонлар эди. Буюк Умарнинг Исломга кириши, Абдуллоҳ Ибн Масъуднинг сизнинг ҳассангизни ва кавушингизни ушлаб юргани, Абу Талҳанинг ҳадя қилинган боғи, Муозни туяда миндириб кетаётганингизда “Мен сени яхши кўраман, Эй Муоз, деганларингиз, “ Ёри ғор” воқеаси, Видолашув соатлари мени ҳамиша йиғлатади, кўп йиғлатади, Сизга бўлган севгимни алангалатади. Бу аланга то қиёматга қадар сўнмаслигини, барҳаёт сиймойингиз кўз ўнгимдан сира кетмаслигини жуда-жуда истайман.

Бир куни сиз саҳобаларингиз билан ўтирган эдингиз. Исломнинг энг аввалги элчиси Мусъаб ибн Умайр даврага келиб қўшилди. Баъзилар кўзларини юмди, баъзилар йиғлаб юборди. Чунки Мусъаб жуда эски ва ямоқ кийимларни кийиб олган эди Одамлар унинг Исломдан аввалги ҳолатини, яъни қимматбаҳо ва ялтироқ  кийимларда, атрофга хуш бўйлар таратиб юрганини кўришарди.

Аммо Сиз Эй Ҳабибуллоҳ, бу ҳолатни кўриб муборак лабингизда чиройли табассум пайдо бўлди. Ҳа, Мусъаб барчасини Оллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббати туфайли тарк этган эди!

Ота-онам Сизга фидо бўлсин эй Яхшилик Сарвари.  Вафо қилмайдиган мол-дунёларга муҳаббат қўйиб туриб яна Сизнинг ибратли ҳаётингиздан мисол келтириб насиҳат қилувчи кимсаларни кўрганимда Мусъаб ибн Умайр ёдимга тушади... Оллоҳ у зотдан рози бўлсин...

Қўлимдаги мактуб тугалланмади. Лекин бундан афсусда эмасман. Мен мисоли туманлари эндигина тарқаётган боғ ичида тургандайман. Ҳали бу туманлар бутунлай тарқаб кетади, гўзал боғлар аро кезиниб Сизга Номалар битажакман. Не бахт Эй Расулим, мен бу боғлар ичида Саодат асрининг нафасини сезмоқдаман...

Маъмура Абдураҳимова

Assalomu alaykum saodat asrining buyuk asoschisi, ilohiy yog‘dusi bilan qalblarni munavvar aylagan Rasullulloh sallollohu alayhi vasallam!

 Qishning sovuq kunlarida deraza oynasidan dilgir tabiat manzaralarini kuzatib sizga maktub yo‘llamoqdamanki, Olloh bu ishimni xayrli qilsin. Kun sovuq, ammo muborak nomingizni tilga olishim bilan ko‘nglimga bahor mo‘ralaydi, shirin bir iforni sezaman, bu sizning Sabr gulingiz. Bu gulning yaproqlari hayo va malohatdan tovlanib turadi. Bandlari kuchli iroda, o‘ktam fe’ldan qad rostlagan. Yaproqlari hamd va tasbeh tufayli yashnaydi. Garchi bu xayoliy tasavvur bo‘lsada hech ikkilanmayman. Zero, sizning sevgingiz yodi bilan yashayotgan xayol aldamaydi.

... Ey Rasulim, netayin, bu dunyodan sabrining suvi bilan do‘zax olovini o‘chirgan momolarim o‘tdilar.  Turmush po‘rtanalari, achchiq-chuchuk so‘zlar, ta’na-yu dashnomlar ularning iymoniga gard yuqtira olmadi. Uch bolasini yerga qo‘ygach, uch o‘gay bolaning boshini silab, o‘zi ro‘shnolik ko‘rmagan enalarim aytsin sabr so‘zini Sizga. Zulm zahmatidan jismi pajmurda bo‘lgan enajonlarim iymon gavharlarini sabr suvi bilan yuvib, tozalab turdilar.

Sabr suvi nima, o‘zi, deb so‘raganim esimda onaizorimdan. Onam  esa ichingga yutgan ko‘z yoshing bolam, degandilar.

Ko‘z yoshni ichga yutib bo‘ladimi, axir siz ko‘z yosh qirq yillik yo‘ldan keladi deysiz-ku?!

 Olloh uchun yig‘lagan ko‘zlarning ajri bor, ey nuridiydam. Bir bandaning tahqirlari, kamsitishlari seni yig‘latmasin. Odamlarning ozoriga chiroyli sabr qilgan chin mo‘mindir .

Gohida o‘ylab qolaman, Sizning ey Janobim, mushriklarning aziyatlaridan kovushlaringiz qonga to‘lib ketgani yoki muborak yelkalaringizga tuyaning ichak-chavog‘ini tashlab yuborishgani, yahudiylarning ozorlari, Makkadagi mushriklarning sahobalarga qilgan yomonliklari... eh-he ularning oldida bizni nodon kimsalardan tortayotgan aziyatlarimiz nima bo‘libdi?

G‘amangez kech kuz kunlarining birida azonga yaqin bolam, degan faryodni eshitdim. Ayol kishining o‘tkir yig‘isi bag‘rimni o‘rtadi. Mahallamizdagi ayol og‘ir bemorlikdan so‘ng qazo qilibdi. Tong saharda onasi “yig‘i chiqarayotgan” emish. Ta’ziyaga kirdim. Yoshlari oltmishlardan oshgan onaxonni hech kim to‘xtata olmasdi.  O‘zini yo‘qotar darajada dodlar, birovning nasihatini, xatto Qur’on tilovat qilayotgan otinoyini ham eshitgisi kelmasdi. Nasihatlar bekor bo‘ldi. U ohu afg‘onini to‘xtatmadi. Kechga yaqin uni “Tez yordam” mashinasi olib ketdi. Siyrakkina ayollar orasida keksagina ayol gap boshladi:

Payg‘ambarimiz (s.a.v) davrlarida bir ayolning eri vafot etibdi. Eri uchun ko‘p qayg‘uribdi. Sahobalardan biri unga yig‘ini o‘rniga “Inna lillahi va inna ilayhi rojiun” deb ming marta ayt, debdilar.. U yig‘i aralash shu duoni minggichi marta aytayotganda “Erimdan yaxshisi bormidi” deb xitob qilib yuboribdi. Shunda eshik taqillab qolibdi. Eshikni ochsalar Rasulullohdan shu ayolga sovchi kelgan ekan. Ha, sabri uchun u ayolga Olloh mukofot berdi. Jonim qizim, men ham erim, ikki qiz, bitta nevaramdan ayrilganman. Xudoyim meni shukr deydigan qilib qo‘ydi.

Oh, Rasulloloh, siz haqingizdagi bitta voqea ham o‘limlar qarshisida, buyuk judoliklar oldida umid chirog‘i bo‘lib yonib turadi-ya.

Bir kuni qabr yonidan yig‘layotgan ayol yonidan o‘tib ketayotgandingiz. Unga “Allohning azobidan qo‘rq va sabrli bo‘l” dedingiz. Ayol sizni tanimasdan “Nari ket. Menga yetgan musibat senga yetmagan”, dedi. Holbuki siz o‘shanda qizlaringiz Zaynab va Ruqiya (.r.a) ni qabrga qo‘ygan edingiz.

Keyin ayol sizni tanimay shu gapni aytganini bildirdi va uzr so‘radi.

Siz esa “Haqiqiy sabr musibat yetgan dastlabki holdagi sabrdir” dedingiz.

Aniqki siz u ayolning gapidan achchiqlanmadingiz. Chunki siz faqat Olloh uchun g‘azablanasiz xolos. Siz ayolni bu nasihatingiz bilan savobga ergashtirdingiz.

Ittifoqo ayollar majlislarida suhbatdoshlarimda sabrsizlik alomatini sezsam siz bilan kechgan shu voqeani aytib beraman.

Sabr... Insonni jamiki qusurlardan xalos etuvchi kuch. Sabrli insonlarni odatda og‘ir, vazmin deydilar. Sabrlilar jimgina yig‘layotgan daraxtlarga o‘xshaydilar. Biroq daraxtlarning ham barglari to‘kiladi, shoxlari yalang bo‘lib qoladi. Ularni tog‘larga qiyoslashadi. Yo‘q, tog‘larning ham toshlari qulaydi, qorlari eriydi, chechaklari so‘ladi. Sabrlilarning ikki dunyo saodatidan umidvorlik hislari mangu so‘lmaydigan g‘unchalarga o‘xshaydi. Zotan, bu g‘unchalarni sizning hadislaringiz obi-rahmat suvi yanglig‘ sug‘oradi. Sabr...U to qiyomatga qadar ko‘zi berkilmaydigan buloqdir.  Bu buloqni sizga Ollohning o‘zi ato etgan ey Rasulim!!!

Keyingi paytlarda ko‘p bemorliklarni boshimdan kechirmoqdaman. Turmush o‘rtog‘im, o‘zingni qo‘lga ol, og‘rishga haqqing yo‘q, deya tanbeh beradi va meni ertaga qo‘ltiqtayoqqa kirib qolishimdan qo‘rqadi. Shunday paytlarda oh-voh qilayotganimdan uyalib ketaman va istig‘for aytaman. Qaerdadir o‘qigandim. Farishtalar har bir so‘zni yozib borishadi, xatto bemorlik tufayli ingrog‘ingni ham. Shundan qo‘rqib ingroqni ham bas qildim. 

 Ey Ollohning Habibi! Sabr sizning fazilatlaringiz ichida bamisoli tizilgan marjonning bir marvaridi xolos. Zeroki, “Siz buyuk hulq uzradirsiz”. Oliy tabiatingizdagi sifatlarni bayon etmoqqa qalamim ojizlik qiladi. Lekin baribir shafoatingizdan umidvorman... Sizning hamd tug‘ingiz soyasida turishdan umidvorman...

Ikki Olam Quyoshi, Ikki olam Sarvari, bashariyatning Afzali Faxrul Mursalin!!! Kecha mening jigargo‘sham uning haqqiga duo qilishimni  so‘rab hadya berdi. Ikkimiz ham duoga qo‘l ochdik. Sizning sabog‘ingizdan bir tomchi olganimizga shukr...

O‘g‘lim mehnat qilib halol rizq topib yeguliklar olib keldi. Chiroyli rizq berganiga shukr! Bu so‘zim ham sizning bergan ta’limingiz samarasi.

Dugonam bir kuni meni ranjitib qo‘ygan edi. Kecha uzr so‘rab, sizning muborak hadisingizni aytib yig‘lab yubordi. G‘uborlar aridi. Dugonamning Sizga bir qadam yaqinlashganidan shukrdaman.

Toparmon-tutarmon qarindoshim bir kuni dasturxon ustida duoga qo‘l ocharkan: “Meni ham ehson qiluvchi boylardan qilgin” deya ko‘zlarida yosh aylandi. Bu ezgu niyatni ham u Sizdan o‘rgandi aslida...

Qalblar hamisha Siz tomon talpinadi. Binobarin, Siz Ollohimning suyukli Habibisiz!

Men Abu Bakr Siddiqni, Umari Odilni, Usmoni Zunnuraynni, Hazrati Alini, Xadichai Kubro, Oyishai Siddiqa, Fotimai Zaxro, Muoz Ibn Jabal, Anas Ibn Molik, Abu Xurayra, Abdulloh Ibn Ma’sud, Xolid Ibn Valid va yana Abdulloh Ibn Umarni...ham juda yaxshi ko‘raman. Axir ular Sizga ergashgan, Sizning butun borlig‘ingiz, hayotingizni saboq deb bilgan insonlar edi. Buyuk Umarning Islomga kirishi, Abdulloh Ibn Mas’udning sizning hassangizni va kavushingizni ushlab yurgani, Abu Talhaning hadya qilingan bog‘i, Muozni tuyada mindirib ketayotganingizda “Men seni yaxshi ko‘raman, Ey Muoz, deganlaringiz, “ Yori g‘or” voqeasi, Vidolashuv soatlari meni hamisha yig‘latadi, ko‘p yig‘latadi, Sizga bo‘lgan sevgimni alangalatadi. Bu alanga to qiyomatga qadar so‘nmasligini, barhayot siymoyingiz ko‘z o‘ngimdan sira ketmasligini juda-juda istayman.

Bir kuni siz sahobalaringiz bilan o‘tirgan edingiz. Islomning eng avvalgi elchisi Mus’ab ibn Umayr davraga kelib qo‘shildi. Ba’zilar ko‘zlarini yumdi, ba’zilar yig‘lab yubordi. Chunki Mus’ab juda eski va yamoq kiyimlarni kiyib olgan edi Odamlar uning Islomdan avvalgi holatini, ya’ni qimmatbaho va yaltiroq  kiyimlarda, atrofga xush bo‘ylar taratib yurganini ko‘rishardi.

Ammo Siz Ey Habibulloh, bu holatni ko‘rib muborak labingizda chiroyli tabassum paydo bo‘ldi. Ha, Mus’ab barchasini Olloh va Rasuliga bo‘lgan muhabbati tufayli tark etgan edi!

Ota-onam Sizga fido bo‘lsin ey Yaxshilik Sarvari.  Vafo qilmaydigan mol-dunyolarga muhabbat qo‘yib turib yana Sizning ibratli hayotingizdan misol keltirib nasihat qiluvchi kimsalarni ko‘rganimda Mus’ab ibn Umayr yodimga tushadi... Olloh u zotdan rozi bo‘lsin...

Qo‘limdagi maktub tugallanmadi. Lekin bundan afsusda emasman. Men misoli tumanlari endigina tarqayotgan bog‘ ichida turgandayman. Hali bu tumanlar butunlay tarqab ketadi, go‘zal bog‘lar aro kezinib Sizga Nomalar bitajakman. Ne baxt Ey Rasulim, men bu bog‘lar ichida Saodat asrining nafasini sezmoqdaman...

Ma’mura Abdurahimova