Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи вассаллам) ва астрофизика

Рукн: Муҳаммад (с.а.в.) сийратлари Чоп этилган: 23.12.2016

“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” номли сийрат танловига

Харитага қараб, Араб саҳросининг еттинчи асрдаги тарихий-жўғрофий қиёфасини тасаввур қилишга ҳаракат қиляпман. У майдони 3,25 млн. км. кв.ни ташкил этувчи Ер юзидаги энг йирик яриморолдир. Ушбу яриморол илк ўрта асрларда ҳам деярли бутунлай қумликлар билан қоплангани аниқдир. Саҳро барибир саҳро, еттинчи аср барибир еттинчи аср-да! У пайти Араб жазирасида на Оксфорд, на Калифорния университетларидек олийгоҳлар бўлмаган. На бир олий мактаб, на-да илмий-текшириш институтлари, лабароториялар, расадхоналар бўлмаган. Саҳро барибир саҳро, еттинчи аср барибир еттинчи аср-да! Шундаймасми?!

Мана шу ерда Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи вассаллам) дунёга келди, ҳаёт кечирди. Саҳро бағрида катта бўлган Расулуллоҳнинг (саллоллоҳу алайҳи вассаллам) биронта мактабда таълим олгани ҳақида ҳеч қаерда қайд этилмаган. Бизнинг тасаввуримиздаги ўрта ва олий таълим Расулуллоҳда (саллоллоҳу алайҳи вассаллам) бўлмаган. Аксинча, ул зот ўқиш ва ёзишни билмаганлар. Бу ҳақда бизга бирламчи манба Қуръон хабар беради:

“Ундан олдин ҳеч бир китобни тиловат қилмас эдинг ва қўлинг билан хат ёзмас эдинг. Агар шундай бўлганида, ботил аҳллари шубҳага тушган бўлур эдилар.” (Қуръон, Анкабут: 48)

Аҳмад Дийдот ўзининг “Библия Муҳаммад ҳақида нима дейди” китобида Эски Аҳддан қуйидаги иқтибосни келтиради: “Ва Китобни ўқишни билмайдиган одамга беришади. Ва айтадилар: “Ўқи!” Ва у жавоб қилади: “Мен ўқишни билмайман”. (Исайя китоби: 29 бўлим, 12 оят)

Модомики, ул зот ўқиш-ёзишни билмас эканлар, нега унда Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи вассаллам) астрофизик бўлганми деган савол муҳокамага ташланяпти. Келинг, замонлар оша, 7-асрдан 20-асрга қараб саёҳат қиламиз...

ХХ аср - техника асри

1925 йилда Калифорниядаги Маунт-Вилсон расадхонасида, кейинчалик астрономия ва физика илмларида кескин инқилоб ясаган ва ушбу фанлар қиёфасини ўзгартириб юборган, оламшумул ҳодиса юз беради. Америкалик бўлғуси машҳур астрофизик Эдвин Хаббл замонасининг энг йирик астрономик жиҳози – 2,5 метрлик Хукер номли телескоп орқали бир қанча спиралсимон туманликларни кузатиб, шундай тўхтамга келади: шу пайтгача олимлар ўйлаб келганидек, Коинот ёлғиз бизнинг Галактикамиздан иборат эмас, балки Сомон Йўли галактикасидан ҳам нарида экстрагалактик (галактикамиздан ташқари) объектлар мавжуддир. Унинг аниқлашича, ўша туманликлар биздан шу қадар йироқликда жойлашганки, уларни Сомон Йўли галактикасининг бир бўлаги деб ҳисоблаб бўлмасди. Бу Хабблнинг 1-кашфиёти бўлди. Бу кашфиёт Коинотга илмий қарашни жиддий ўзгартириб юборади.

Коинот кенгайиб боради

Хаббл ўзининг 2-кашфиётини 1929 йилда амалга оширади. Ундан олдин ёруғлик частотаси ҳақида қисқача: агар қандайдир юлдуз биз томон келаётган бўлса, юлдузнинг ёруғлик частотаси юқори бўлади, агарда юлдуз биздан узоқлашиб бораётган бўлса, шунга мувофиқ, юлдуз ёруғлиги частотаси ҳам паст бўлади. Ёруғлик частотаси – бу ёруғликнинг ранги. Агар частота ўзгарса, ёруғлик ранги бошқача тусга киради. Агар қайсидир астрономик объект кузатувчидан узоқлашиб борса, унинг спектрида кимёвий элементлар чизиғи узунтўлқинли қизил йўналишга ўзгаради.

Хаббл 1929 йилда, ёруғлик қизил тарафга силжиганини аниқлайди. Агар юлдузлар биздан узоқлашса, қизил силжиш пайдо бўлади, аксинча, юлдузлар бизга қараб яқинлашса, кўк силжиш пайдо бўлади. Э. Хаббл экстрагалактикалар биздан узоқлашиб бораётганини кашф қилди. Яъни, астрономик объект биздан қанча олисда бўлса, ўша объектда шунча қизил силжиш, яъни тезлик пайдо бўлади. Икки галактика орасидаги масофа қанча катта бўлса, уларнинг бир-биридан узоқлашиб кетиши шунча даражадаги тезликда бўлади – бу, Коинот кенгайиб боради, деганидир.

Бошқа галактикаларгача бўлган масофа уларнинг қизил силжиши билан ўлчанади. Хаббл қонунига мувофиқ, олисдаги галактикалар рангининг “қизил силжиш”и ўлчами – ушбу галактикаларнинг масофасига тўғри пропорционал (мутаносиб)дир.

Эдвин Хабблнинг илм-фандаги хизматлари эвазига, 1990 йилда орбитага чиқарилган инсоният тарихидаги энг зўр телескопга унинг номи берилади.

Эдвин Хаббл бутун умри давомида астрономияни физика илмининг ажралмас бир бўлаги қилиш учун курашиб келди. Бу Нобел мукофоти астрофизиклар учун ҳам берилишига ёрдам берган бўларди. Гарчи Хаббл ҳаётлиги даврида Нобел мукофоти билан тақдирланмаган бўлса-да, унинг вафотидан сўнг астрономларга ҳам физика йўналиши бўйича Нобел мукофоти тақдим этиладиган бўлди.

2011 йилда уч америкалик астроном - Сол Перлмуттер, Брайан Шмидт ва Адам Риссларга физика бўйича Нобел мукофоти берилди. Уларнинг кашфиёти шу эди: 1998 йилда улар, Хаббл қонуни бўйича аниқланган масофада жойлашган олисдаги галактикалардаги ёруғлик пасайиб борётганини аниқладилар. Бошқача айтганда, ушбу галактикаларгача бўлган масофа олдингига қараганда яна каттайиб боряпти. Астрономлар шундай хулосага келишдики, Коинот шунчаки кенгаймаяпти, балки у тезлик билан кенгайиб боряпти. Астрономларнинг бу кашфиёти Science журнали томонидан “йил шов-шуви” номини олди.

Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи вассаллам) ва астрофизика

Жаноб Дийдотда бир ажойиб услуб бор: бирор оятнинг моҳиятини тушунтиришдан олдин, ушбу оят хусусида замонавий илм-фаннинг бирон-бир вакили билан бўлиб ўтган суҳбатидан парча келтириб ўтади. “Қуръон мўъжизалар мўъжизаси” китобида ушбу мавзуга алоқадор суҳбат бор, жаноб Дийдот бошқа оятни тушунтирмоқчи бўлган, аммо қуйидаги суҳбат кўплаб оятларга мос тушаверади: “...Атеист-астроном давом этади: “Коинотимиз – “кенгайиб борувчи” моҳиятдир. Галактикалар биздан ўсиб борувчи тезлик билан узоқлашади ва бир куни улар ёруғлик тезлигига эришадилар, шунда биз уларни бошқа кўра олмаймиз. Уларни кўздан йўқотмаслик учун биз улкан телескопларни жадаллик билан яратишимиз лозим, йўқса биз автобусга кеч қолишимиз мумкин!”. “Бу фусункор эртакларни сен қачон кашф қилдинг?” – дея сўраймиз ундан. “Йўқ, бу эртак эмас, аксинча илмий далиллардир!” – деб ишонтирмоқчи бўлади дўстимиз. “Майли, шундай ҳам бўла қолсин, биз буни қабул қиламиз, айтганингдек сенинг далилларинг ўз ўрнига эга, лекин бу далиллар қачон сени ақлингга келди?” “Фақат кечагина! – жавоб беради у. – “Бундан 14 аср олдин, ўқиш-ёзишни билмаган саҳродаги одам, у қандай шароитда бўлмасин, на “катта портлаш”, на “кенгайиб борувчи Коинот” ҳақидаги сенинг билимларингни эгаллай олармиди?”. “Йўқ, асло!” – эътироз билдиради у манманлик билан. “Яхши, унда эшитиб кўр-чи, уммий Пайғамбар, саллаллоҳу алайҳи вассаллам, руҳланиб эълон қиляпти:

“Осмонни Ўз қудратимиз ила бино қилдик. Албатта, Биз кенг қилувчимиз.” (Қуръон, 51:47)

Қуръондаги “Биз кенг қилувчимиз” ибораси араб тилида қуйидагича талаффуз қилинаркан: “инна ла мусиъуна”. “мусиъуна” сўзи “кенгайтирмоқ” маъносини бериб, “эвсеа” феълидан келиб чиққан. “ла” предлоги ўзидан кейинги сўзга “жуда кўп ёки куч билан” маъносидаги маъновий урғу бериб келади. Шундай қилиб, оятнинг ифодаси ушбу маънони бериши мумкин: “Биз (куч-қудрат билан) кенг қилувчимиз”.

Албатта, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи вассаллам) астрофизик бўлмаганлар, ул зотнинг даврида ҳатто астрономия деган тушунчанинг ўзи ҳам бўлмаган-ку. Коинотни кенгайиб бориши ҳақидаги хабар ва унинг атрофидаги астрономия ва физикага оид барча далил-исботлар инсонни бир нуқтага олиб боради:

Қуръон – башарнинг сўзи эмас!

Мардон Ўғуз

Xaritaga qarab, Arab sahrosining yettinchi asrdagi tarixiy-jo‘g‘rofiy qiyofasini tasavvur qilishga harakat qilyapman. U maydoni 3,25 mln. km. kv.ni tashkil etuvchi Yer yuzidagi eng yirik yarimoroldir. Ushbu yarimorol ilk o‘rta asrlarda ham deyarli butunlay qumliklar bilan qoplangani aniqdir. Sahro baribir sahro, yettinchi asr baribir yettinchi asr-da! U payti Arab jazirasida na Oksford, na Kaliforniya universitetlaridek oliygohlar bo‘lmagan. Na bir oliy maktab, na-da ilmiy-tekshirish institutlari, labarotoriyalar, rasadxonalar bo‘lmagan. Sahro baribir sahro, yettinchi asr baribir yettinchi asr-da! Shundaymasmi?!

Mana shu yerda Rasululloh (sallollohu alayhi vassallam) dunyoga keldi, hayot kechirdi. Sahro bag‘rida katta bo‘lgan Rasulullohning (sallollohu alayhi vassallam) bironta maktabda ta’lim olgani haqida hech qaerda qayd etilmagan. Bizning tasavvurimizdagi o‘rta va oliy ta’lim Rasulullohda (sallollohu alayhi vassallam) bo‘lmagan. Aksincha, ul zot o‘qish va yozishni bilmaganlar. Bu haqda bizga birlamchi manba Qur’on xabar beradi:

“Undan oldin hech bir kitobni tilovat qilmas eding va qo‘ling bilan xat yozmas eding. Agar shunday bo‘lganida, botil ahllari shubhaga tushgan bo‘lur edilar.” (Qur’on, Ankabut: 48)

Ahmad Diydot o‘zining “Bibliya Muhammad haqida nima deydi” kitobida Eski Ahddan quyidagi iqtibosni keltiradi: “Va Kitobni o‘qishni bilmaydigan odamga berishadi. Va aytadilar: “O‘qi!” Va u javob qiladi: “Men o‘qishni bilmayman”. (Isayya kitobi: 29 bo‘lim, 12 oyat)

Modomiki, ul zot o‘qish-yozishni bilmas ekanlar, nega unda Rasululloh (sallollohu alayhi vassallam) astrofizik bo‘lganmi degan savol muhokamaga tashlanyapti. Keling, zamonlar osha, 7-asrdan 20-asrga qarab sayohat qilamiz...

XX asr - texnika asri

1925 yilda Kaliforniyadagi Maunt-Vilson rasadxonasida, keyinchalik astronomiya va fizika ilmlarida keskin inqilob yasagan va ushbu fanlar qiyofasini o‘zgartirib yuborgan, olamshumul hodisa yuz beradi. Amerikalik bo‘lg‘usi mashhur astrofizik Edvin Xabbl zamonasining eng yirik astronomik jihozi – 2,5 metrlik Xuker nomli teleskop orqali bir qancha spiralsimon tumanliklarni kuzatib, shunday to‘xtamga keladi: shu paytgacha olimlar o‘ylab kelganidek, Koinot yolg‘iz bizning Galaktikamizdan iborat emas, balki Somon Yo‘li galaktikasidan ham narida ekstragalaktik (galaktikamizdan tashqari) ob’ektlar mavjuddir. Uning aniqlashicha, o‘sha tumanliklar bizdan shu qadar yiroqlikda joylashganki, ularni Somon Yo‘li galaktikasining bir bo‘lagi deb hisoblab bo‘lmasdi. Bu Xabblning 1-kashfiyoti bo‘ldi. Bu kashfiyot Koinotga ilmiy qarashni jiddiy o‘zgartirib yuboradi.

Koinot kengayib boradi

Xabbl o‘zining 2-kashfiyotini 1929 yilda amalga oshiradi. Undan oldin yorug‘lik chastotasi haqida qisqacha: agar qandaydir yulduz biz tomon kelayotgan bo‘lsa, yulduzning yorug‘lik chastotasi yuqori bo‘ladi, agarda yulduz bizdan uzoqlashib borayotgan bo‘lsa, shunga muvofiq, yulduz yorug‘ligi chastotasi ham past bo‘ladi. Yorug‘lik chastotasi – bu yorug‘likning rangi. Agar chastota o‘zgarsa, yorug‘lik rangi boshqacha tusga kiradi. Agar qaysidir astronomik ob’ekt kuzatuvchidan uzoqlashib borsa, uning spektrida kimyoviy elementlar chizig‘i uzunto‘lqinli qizil yo‘nalishga o‘zgaradi.

Xabbl 1929 yilda, yorug‘lik qizil tarafga siljiganini aniqlaydi. Agar yulduzlar bizdan uzoqlashsa, qizil siljish paydo bo‘ladi, aksincha, yulduzlar bizga qarab yaqinlashsa, ko‘k siljish paydo bo‘ladi. E. Xabbl ekstragalaktikalar bizdan uzoqlashib borayotganini kashf qildi. Ya’ni, astronomik ob’ekt bizdan qancha olisda bo‘lsa, o‘sha ob’ektda shuncha qizil siljish, ya’ni tezlik paydo bo‘ladi. Ikki galaktika orasidagi masofa qancha katta bo‘lsa, ularning bir-biridan uzoqlashib ketishi shuncha darajadagi tezlikda bo‘ladi – bu, Koinot kengayib boradi, deganidir.

Boshqa galaktikalargacha bo‘lgan masofa ularning qizil siljishi bilan o‘lchanadi. Xabbl qonuniga muvofiq, olisdagi galaktikalar rangining “qizil siljish”i o‘lchami – ushbu galaktikalarning masofasiga to‘g‘ri proportsional (mutanosib)dir.

Edvin Xabblning ilm-fandagi xizmatlari evaziga, 1990 yilda orbitaga chiqarilgan insoniyat tarixidagi eng zo‘r teleskopga uning nomi beriladi.

Edvin Xabbl butun umri davomida astronomiyani fizika ilmining ajralmas bir bo‘lagi qilish uchun kurashib keldi. Bu Nobel mukofoti astrofiziklar uchun ham berilishiga yordam bergan bo‘lardi. Garchi Xabbl hayotligi davrida Nobel mukofoti bilan taqdirlanmagan bo‘lsa-da, uning vafotidan so‘ng astronomlarga ham fizika yo‘nalishi bo‘yicha Nobel mukofoti taqdim etiladigan bo‘ldi.

2011 yilda uch amerikalik astronom - Sol Perlmutter, Brayan Shmidt va Adam Risslarga fizika bo‘yicha Nobel mukofoti berildi. Ularning kashfiyoti shu edi: 1998 yilda ular, Xabbl qonuni bo‘yicha aniqlangan masofada joylashgan olisdagi galaktikalardagi yorug‘lik pasayib boryotganini aniqladilar. Boshqacha aytganda, ushbu galaktikalargacha bo‘lgan masofa oldingiga qaraganda yana kattayib boryapti. Astronomlar shunday xulosaga kelishdiki, Koinot shunchaki kengaymayapti, balki u tezlik bilan kengayib boryapti. Astronomlarning bu kashfiyoti Science jurnali tomonidan “yil shov-shuvi” nomini oldi.

Rasululloh (sallollohu alayhi vassallam) va astrofizika

Janob Diydotda bir ajoyib uslub bor: biror oyatning mohiyatini tushuntirishdan oldin, ushbu oyat xususida zamonaviy ilm-fanning biron-bir vakili bilan bo‘lib o‘tgan suhbatidan parcha keltirib o‘tadi. “Qur’on mo‘‘jizalar mo‘‘jizasi” kitobida ushbu mavzuga aloqador suhbat bor, janob Diydot boshqa oyatni tushuntirmoqchi bo‘lgan, ammo quyidagi suhbat ko‘plab oyatlarga mos tushaveradi: “...Ateist-astronom davom etadi: “Koinotimiz – “kengayib boruvchi” mohiyatdir. Galaktikalar bizdan o‘sib boruvchi tezlik bilan uzoqlashadi va bir kuni ular yorug‘lik tezligiga erishadilar, shunda biz ularni boshqa ko‘ra olmaymiz. Ularni ko‘zdan yo‘qotmaslik uchun biz ulkan teleskoplarni jadallik bilan yaratishimiz lozim, yo‘qsa biz avtobusga kech qolishimiz mumkin!”. “Bu fusunkor ertaklarni sen qachon kashf qilding?” – deya so‘raymiz undan. “Yo‘q, bu ertak emas, aksincha ilmiy dalillardir!” – deb ishontirmoqchi bo‘ladi do‘stimiz. “Mayli, shunday ham bo‘la qolsin, biz buni qabul qilamiz, aytganingdek sening dalillaring o‘z o‘rniga ega, lekin bu dalillar qachon seni aqlingga keldi?” “Faqat kechagina! – javob beradi u. – “Bundan 14 asr oldin, o‘qish-yozishni bilmagan sahrodagi odam, u qanday sharoitda bo‘lmasin, na “katta portlash”, na “kengayib boruvchi Koinot” haqidagi sening bilimlaringni egallay olarmidi?”. “Yo‘q, aslo!” – e’tiroz bildiradi u manmanlik bilan. “Yaxshi, unda eshitib ko‘r-chi, ummiy Payg‘ambar, sallallohu alayhi vassallam, ruhlanib e’lon qilyapti:

“Osmonni O‘z qudratimiz ila bino qildik. Albatta, Biz keng qiluvchimiz.” (Qur’on, 51:47)

Qur’ondagi “Biz keng qiluvchimiz” iborasi arab tilida quyidagicha talaffuz qilinarkan: “inna la musi’una”. “musi’una” so‘zi “kengaytirmoq” ma’nosini berib, “evsea” fe’lidan kelib chiqqan. “la” predlogi o‘zidan keyingi so‘zga “juda ko‘p yoki kuch bilan” ma’nosidagi ma’noviy urg‘u berib keladi. Shunday qilib, oyatning ifodasi ushbu ma’noni berishi mumkin: “Biz (kuch-qudrat bilan) keng qiluvchimiz”.

Albatta, Rasululloh (sallallohu alayhi vassallam) astrofizik bo‘lmaganlar, ul zotning davrida hatto astronomiya degan tushunchaning o‘zi ham bo‘lmagan-ku. Koinotni kengayib borishi haqidagi xabar va uning atrofidagi astronomiya va fizikaga oid barcha dalil-isbotlar insonni bir nuqtaga olib boradi:

Qur’on – basharning so‘zi emas!

Mardon O‘g‘uz