Пайғамбар алайҳиссалом — кечиримли зот

Рукн: Муҳаммад (с.а.в.) сийратлари Чоп этилган: 07.12.2016

“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” номли сийрат танловига

Ўч олишга қодир бўла туриб кечириб юбориш фазилати худди бир кўзгу бўлиб, у ўзида нафснинг энг гўзал кўринишлари ва энг олий мақсадларини акс эттириб тургандек. Дарҳақиқат, Қуръони карим Пайғамбар алайҳиссаломга бундай олийжаноб хулқ ила одоб берган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!”.  (Аъроф: 199).

Ҳақиқатдан ҳам Пайғамбар алайҳиссалом сўзлари ва феълларида ҳам бундай хулқ ила сифатланган эдилар, ўзлари ҳам кечиримли бўлишга даъват этардилар ва ундардилар.

Барчамиз сийрат китобларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи мукаррамага фатҳ қилган, зафар қучган ҳолларида кириб келганларида Макка аҳли, Тоиф аҳли ва у зотга нисбатан фитна қилган зодагонлар, ёмонлик қилган бошлиқларга қандай муомалада бўлганларини ўқиганмиз. Ўшанда У зотнинг афвлари, кечиримлик сифатлари бутун ўлкаларни, ер юзида бузғунчилик қилган, Пайғамбар алайҳиссаломга ҳаддан зиёд азият берган, зулм қилган Макка зодагонларию бошлиқларини қамраб олган эди.    

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага кирганларида Икрима ибн Абу Жаҳл, Сафвон ибн Умайя, Суҳайл ибн Амр ва бир қанча кишилар ул зотга бўйсунишдан бош тортиб, уруш қилишди. Мағлуб бўлишиб, қочиб кетишди. Сўнг У зотдан омонлик беришларини сўраб элчи юборишди, омонлик бердилар, уларнинг қилган ишлари кечирилиб юборилди, ҳатто қалбларини улфат қилиш мақсадида, Ҳавозин ғазотидан тушган ўлжалардан уларга ҳам тақсимлаб бердилар.

Отаси ҳам ўзи ҳам душман бўлган Сафвон ибн Умайяни мисол тариқасида эслаб ўтайлик. У Яманга денгиз орқали ўтиш учун Жидда томон қочиб кетади. Шунда Умайр ибн Ваҳб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

— Ё, Набийюллоҳ, ўз қавмининг саййиди бўлмиш Сафвон ибн Умайя ўзини денгизга ташлаш мақсадида сиздан қочиб кетди. Унга омонлик беринг, ё Расулуллоҳ, - деди.

— Майли, у омон-да, - дедилар.

— Ё Расулуллоҳ, Сафвон унга омонлик берганингизни билиб олиши учун бирор белги беринг, деди.

Расулуллоҳ Маккага кириб келганларида кийган саллаларини бердилар. Умайр уни олиб, йўлга отланди, Сафвон энди денгизни сузиб ўтмоқчи бўлганида, Умайр етиб келиб:

— Эй, Сафвон ота-онам сенга фидо бўлсин! Ўзингни ҳалок қилишдан Аллоҳдан қўрқ. Мана Расулуллоҳ томоидан берилган омонлик белгиси, уни сенга олиб келдим, - деди.

— Ўз жонимга бирор нарса бўлишидан қўрқаман, - деди.

— У зот сен ўйлаганингдан кўра ҳалимроқ ва меҳрибонроқ, - деб Сафвонни орқага қайтарди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишганларида, Сафвон:

— Мана бу (ишора Умайр ибн Ваҳбга) айтишича сиз менга омонлик берган экансиз,  - деди. У зот алайҳиссалом:

— Тўғри, - дедилар. Шунда у:

— Ундай  бўлса, бу борада (исломни қабул қилиш қилмасликда) ихтиёр этишимга икки ой муҳлат беринг, - деди.  Шунда У зот:

— Ихтиёр этишингга тўрт ой рухсат, - дедилар.

Яна бошқа бир кишининг мисоли: У фатҳдан бироз олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келди. У илгари Пайғамбар алайҳиссаломнинг устиларидан кулиб ҳажв қилишда, У зотга азият беришда жуда пешқадам эди. У Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб эди. У Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига киришга изн сўраганида, У зот: “Менинг унга ҳожатим йўқ, менинг у билан ишим йўқ, ҳолбуки у мени обрўсизлантирган эди”, дедилар. Ўшанда Абу Суфён билан олдида ўғли бор эди. Бу гапларни эшитган Абу Суфён: “Аллоҳга қасамки, ё менга киришимга изн берадилар ё мана бу ўғлимнинг қўлидан ушлаб то чанқоқлик ва очликдан ўлгунимизча юрамиз”, деб қасам ичди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу гаплар етиб келганида, унга нисбатан қалблари юмшаб киришига изн бердилар. Ҳузурларига кирганида уни кечирдилар. Шунда Абу Суфён қуйидаги шеърни айтди:

Умрингизга қасамки, Лотнинг оти Муҳаммаднинг отидан ғолиб келиши учун байроқ кўтарган куним,

Зулматли кечада ҳайрон бўлиб, йўлга чиққан кишидек эдим.

Мана энди тўғри йўлга йўлланиб ҳидоятни топган вақтларим келди.

Маккада... Расулуллоҳ байтуллоҳни тавоф қилиб турганларида Фазола ибн Умайр У зотни қатл қилишни истаб ортиларига яқинлашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Фазола сенмисан? – дедилар. У:

— Ҳа, Фазоламан, ё Расулуллоҳ, - деди.

— Ичингда нималарни тугиб қўйган эдинг? – дедилар.

— Ҳеч нимани, ўзим Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилаётган эдим, - деди. Расулуллоҳ кулдилар ва: 

— Аллоҳ таолога истиғфор айт! – деб, қўлларини унинг кўкракга қўйдилар. Шу заҳоти унинг қалби тинчланди.

  Ўшанда Фазола шундай деб айтган эди: “Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини кўкракмдан олишлари билан мен учун дунёда Аллоҳнинг махлуқотлари ичида У зотдан кўра маҳбублироқ киши йўқ эди. У зот мен учун дунёдаги энг маҳбубли кишига айландилар”.

Фатҳдан кейин ҳамма инсонлар ўзларига келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба эшиги олдига туриб: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу, содақо ваъдаҳ, насоро ъабдаҳ, ва ҳазамал-аҳзааба ваҳдаҳ (маъноси: Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқ, У Зот ваъдасини бажарди, бандасига ёрдам берди, душманларнинг устидан Ўзи ғолиб келди). Огоҳ бўлинглар! Жоҳилият аҳлининг барча одатларию даъво қилинадиган қону моллари мана бу икки қадамим остида қолди (яъни, бекор қилинди). Фақат байтуллоҳнинг хизмат ишлари ва ҳожиларни суғориш ишлари бундан мустасно. Эй, Қурайш жамоаси, дарҳақиқат Аллоҳ таоло сизлардан жоҳилият димоғдорлигини, ота-боболари билан фахрланиш одатини кетказди. Барча инсонлар Одам алайҳиссаломдан. Одам эса тупроқдан”, деб қуйидаги оятни ўқидилар:

“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир. (Ҳужурот: 13).

Сўнг яна:

— Эй, Қурайш жамоаси, сизлар ҳақингизда қандай ҳукм чиқараман, деб ўйлайсизлар, - дедилар. Қурайш қавми:

— Яхшилик қиласан, сен олийжаноб кишининг ўғли бўлган олийжаноб кишисан, - дейишди. У зот:

— Кетаверинглар, сизлар озодсизлар, - дедилар.

Мана Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тош отиб ҳайдаб юборишган Тоифдаги  Сақиф қабиласининг барчаси У зотнинг ҳузурида турибди. Сақифнинг бир гуруҳи Мадинада бўлганларида араблар уларни талаб ташаган, инсонлар қўлида хорланган эдилар. Фатҳ куни Расулуллоҳ уларга нисбатан нима қилдилар, деб ўйлайсиз? Ҳолбуки, улар орасида Пайғамбар алайҳиссаломни Тоифдан хайдаб чиқарган Абдуёлайл ибн Амр ибн Умайр каби кишилар ҳам бор эди.

Аммо Молик ибн Авфга келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бироз олдин кечириб юборган эдилар. Унга бола-чақаларини қайтариб берган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сақифнинг асирга тушганларини қайтариб бердилар.

 Пайғамбар алайҳиссалом ҳалим бўлганларининг бир мисоли, бир куни Яҳудийларнинг бир олими бўлган Зайд ибн Саъана Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдаги пайғамбарлик сифатларини, аломатларини ўрганиб чиққан эди. Фақат икки аломат қолган эди. Яҳудий мана шу икки аломатни синаб кўрмоқчи эди. Улардан бири У зотнинг ҳалимлик сифатлари ғазабларидан устун эканлиги, иккинчиси эса У зотга қаттиқ нодонлик, ахлоқсизлик қилинганда ҳалимлик, юмшоқлик сифатлари янада зиёда бўлиши эди.

Шундай қилиб Зайд ишга киришди, синаб кўрайчи, деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аралашиб юрди. Кунларнинг бирида бир аъробий келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қишлоқларининг бири қийин аҳволга тушганидан шикоят қилди. Зайд бу гапларни эшитаётган эди. Орадан кўп вақт ўтмай, Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Мен сиздан фалон-фалон нарсани палон пулга сотиб оламан”, деб, пулни чиқариб, 80 динор берди. Расулуллоҳ уни ҳалиги кишига бердилар. Кейин Расулуллоҳ маълум бир куни унга қарзларини беришларига келишишди. Лекин ваъда қилинган кундан бир-икки кун олдин Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келди. Зайднинг ўзи айтади: “Мен Пайғамбар алайҳиссаломга яқинлашиб келдим-да, устки кийимларидан қаттиқ тортдим, ҳатто кийимлари елкаларидан тушиб кетди. Сўнг жаҳлли юз билан қараб, эй, Муҳаммад қарзингни бермайсанми, Аллоҳга қасамки, сизлар эй Абдулмутталиб уруғи қарзни бермай чўзиб юрувчисизлар, мен сизларнинг орангизда аралашиб юрганим учун ҳам бундан хабардорман”, дедим. Умар розияллоҳу анҳу қаттиқ ғазабланиб: “Эй, Аллоҳнинг душмани, ҳали бу гапларингни Расулуллоҳга айтасанми, У зотни ҳақ ила юборган Аллоҳга қасамки, ҳақни тўланмай қолиб кетишидан қўрқмаганимда эди, каллангни чопиб ташлаган бўлардим”, дедилар. Шу ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳуга қараб, табассум қилиб турардилар. Сўнг Расулуллоҳ Умар розияллоҳу анҳуга: “Мен ва у бундан бошқа нарсага муҳтожроқмиз, у ҳам бўлса, сен мен қарзни чиройли адо этишимга, уни эса қарзни гўзал ҳолда талаб этишига буюришингдир. Эй, Умар у билан боргин-да, ҳаққини тўлаб бер ва қўрқитганинг бадалига йигирма соъ хурмо унга қўшиб бер”, дедилар.

   Шу пайт Зайднинг қалби сокин бўлди, хотиржам бўлди, чунки у излаган аломатларни топган эди. Умар розияллоҳу анҳу уни олиб бориб қарзини адо қилди, Расулуллоҳ айтганларидек, йигирма соъ қўшиб бердилар. Шунда Зайд:

— Мени танийсанми ўзи эй, Умар? - деди.

— Йўқ, кимсан? – дедилар.

— Мен Зайд ибн Саъанаман, - деди.

— Яҳудийларнинг олимими? – дедилар.

— Ҳа, - деб жавоб берди.

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай қилиқлар қилишингга ва бундай гапларни айтишингнинг боиси нима? – деб сўрадилар.

— Мен У зотнинг кечиримлик сифатларини синаб кўрмоқчи эдим, - деб жавоб берди.

Кечиримликларининг яна бир мисоли, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим. У зотнинг устиларида дағалроқ кийимлари бор эди. Бир аъробий киши келиб, Пайғамбар алайҳи саломнинг ридоларидан жуда қаттиқ тортди, ҳатто кийимларининг чети муборак бўйинларини қириб юборди. Кейин аъробий: “Эй, Муҳаммад, мана бу икки туямга Аллоҳ таоло сенга берган мол-дунёларни юклаб бергин. Чунки, сен ўзингнинг молингдан ҳам, отангнинг молидан ҳам менга бирор нарса бермагансан”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жим турардилар, сўнг: “Молу-давлатга келсак, бу Аллоҳ таолоникидир. Мен У Зотнинг бандасиман”. Кейин гапларини давом эттириб:

— Сендан эй, аъробий менга нима қилган бўлсанг ўша нарса қасос олинади, - дедилар.

— Йўқ, - деди.

— Нима учун, дедилар.

— Чунки сен ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармайсан, - деди.

Унинг бу гапларидан Расулуллоҳ кулдилар, кейин саҳобларга аъробийнинг бир туясига арпа, бошқа бир туясига эса хурмо ортиб беришларини буюрдилар”.

 Бадр ғазотида Сафвон ибн Умайя отаси ва акасини йўқотди, Умайр ибн Ваҳбнинг ўғли Ваҳб асирга тушган эди. Сафвон амакисининг ўғли Умайр ибн Ваҳб билан Байтуллоҳдаги Ҳижр олдида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хоинона ўлдиришга келишишди. Фақат Сафвон Умайрнинг қарзларини тўлаб бериши ва фарзандларини ўз қарамоғига олиши шарт қилинган эди. Кейин Умайр хабар фош бўлиб, Мадинага етиб бормаслиги учун Сафвондан  иккалалари ўрталарида бўлиб ўтган нарсаларни ўз ичида сақлашини таъкидлади. Сафвон бир қилични ҳозирлаб, уни ўткирлаш ва унга кучли заҳар суртишни буюрди. Кейин уни Умайрга топширди. Умайр қилични яшириб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қасд қилиб йўлга чиқди. Мадинага етиб келиб, масжидга кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб:

— Эй, Умайр сени бу ерларга келишингга нима етаклади, - дедилар. У:

— Сизларга асир тушган ўғлим Ваҳбнинг олдига келдим, - деди.

— Ҳақиқатдан ҳам сени шу ерга етаклаб келган сабаб шуми? - дедилар.

— Ҳа, мен фақат ўғлим учун келдим, - деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:

— Ҳижрда Сафвонга нималарни шарт қилган эдинг, - дедилар.

Шунда Умайр даҳшатли ҳолатга тушиб қолди ва:

— Нимани шарт қилибман унга, - деди.

— Мени қатл этишинг эвазига оилангни боқишини зиммасига юклатдинг-ку, албатта Аллоҳ мени сендан тўсувчидир, - дедилар. Бу гапларни эшитган Умайр:

— Мен гувоҳлик бераманки, албатта сиз Аллоҳ таолонинг расулисиз, сиз айтган бу гаплар Сафвон билан меннинг ўртамизда Ҳижрда бўлиб ўтган эди, уни иккаламиздан бошқа ҳеч ким билмас эди. Дарҳақиқат, буни Аллоҳ таоло сизга билдирган, мен Аллоҳ ва расулига иймон келтирдим, - деди.

Мана мазкур воқеадан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини қатл этмоқчи бўлганларни ҳам кечириб юборганларини ўқидик.

Пайғамбар алайҳиссалом Ҳунайн томон йўлга чиққанларида, инсонлар орасида Шайба ибн Усмон ибн Толҳа ҳам бор эди. Уҳуд жангида унинг отаси ва амакиси қатл этилган эди. Шайба: “Ўшанда ўзига-ўзи ҳозир Қурайш қавми билан Ҳунайндаги Ҳавозинга бораманда, шояд инсонлар бир-бирлари билан аралашиб юрганларида Муҳаммаднинг ўзи билан ўзи юрганини кўрсам-у, Қурайшнинг барча ўчларини олган мен бўлсам”, деб У зотни қатл этишни мақсад қилди.

Шайба илгари: “Агар араб ва ажамлардан бирорталари ҳам қолмай барчалари Муҳаммадга эргашса ҳам мен ҳеч қачон унга эргашмайман”, дер эди. Шайбанинг ўзи айтади: “Мен ўлдиришни мақсад қилиб чиққанимда, уни узоқдан кузатар эдим. Уни ўлдиришга бўлган рағбатим кучайиб борар эди. Мусулмонлар Расулуллоҳнинг олдидан тарқалиб кетганида, шу ҳолатни фурсат билиб, қиличимни чиқардим-да, ўлдирмоқчи бўлиб унга яқинлашдим. Қиличимни кўтариб ҳатто энди ташланай деганимни биламанки, шу заҳоти худди яшин каби бўлган олов парчаси кўтарилиб, менга ҳужум қилгандай бўлди, нима қиларимни билмай, қўрқанимдан икки қўлим билан кўзимни юмиб олдим”, деди.

Ибн Исҳоқ роҳматуллоҳи алайҳиинг ривоятида келтирилишича, Шайба шундай дейди: “Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни энди қатл қилай деганимда, бирдан бир нарса келиб менинг юрагимни қамраб олди, бирор нарса қила олмадим”, деган экан.

 Шайба айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, Шайба, олдимга кел”, дедилар. Мен У зотга яқинлашдим. У зот кўкракмни силаб қўйдилар ва: “Эй, Аллоҳ уни шайтондан сақлагин”, дедилар. Шайба гапини давом эттиради: “Аллоҳга қасамки, ана шу ҳолатда Муҳаммад менга қулоғим, кўзим ва ўзимдан ҳам севиклироқ бўлиб қолди. Аллоҳ таоло мендаги адоватни кетказди”. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шайбага: “Яқинлашгин ва (душманларга қарши) курашгин”, дедилар. У киши айтади: “Мен қиличимни кўтариб, У зотнинг олд томонларига ўтиб олдим. Аллоҳ таоло биладики, ўшанда мен ўз жоним билан У зотни барча нарсадан ҳимоя қилишни қаттиқ хоҳладим. Агар ўша вақтда отамга тирик бўлганларида тўғри келиб қолганимда ҳам қиличим билан солган бўлардим”, деди”.

Муҳаммад ибн Алавийнинг «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам — комил инсон» китобидан Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ ўғли таржимаси.


O‘ch olishga qodir bo‘la turib kechirib yuborish fazilati xuddi bir ko‘zgu bo‘lib, u o‘zida nafsning eng go‘zal ko‘rinishlari va eng oliy maqsadlarini aks ettirib turgandek. Darhaqiqat, Qur’oni karim Payg‘ambar alayhissalomga bunday oliyjanob xulq ila odob bergan. Alloh taolo shunday marhamat qiladi:

Afvni (qabul qilib) oling, yaxshilikka buyuring, johillardan esa yuz o‘giring!”.  (A’rof: 199).

Haqiqatdan ham Payg‘ambar alayhissalom so‘zlari va fe’llarida ham bunday xulq ila sifatlangan edilar, o‘zlari ham kechirimli bo‘lishga da’vat etardilar va undardilar.

Barchamiz siyrat kitoblaridan Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Makkai mukarramaga fath qilgan, zafar quchgan hollarida kirib kelganlarida Makka ahli, Toif ahli va u zotga nisbatan fitna qilgan zodagonlar, yomonlik qilgan boshliqlarga qanday muomalada bo‘lganlarini o‘qiganmiz. O‘shanda U zotning afvlari, kechirimlik sifatlari butun o‘lkalarni, yer yuzida buzg‘unchilik qilgan, Payg‘ambar alayhissalomga haddan ziyod aziyat bergan, zulm qilgan Makka zodagonlariyu boshliqlarini qamrab olgan edi.    

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Makkaga kirganlarida Ikrima ibn Abu Jahl, Safvon ibn Umayya, Suhayl ibn Amr va bir qancha kishilar ul zotga bo‘ysunishdan bosh tortib, urush qilishdi. Mag‘lub bo‘lishib, qochib ketishdi. So‘ng U zotdan omonlik berishlarini so‘rab elchi yuborishdi, omonlik berdilar, ularning qilgan ishlari kechirilib yuborildi, hatto qalblarini ulfat qilish maqsadida, Havozin g‘azotidan tushgan o‘ljalardan ularga ham taqsimlab berdilar.

Otasi ham o‘zi ham dushman bo‘lgan Safvon ibn Umayyani misol tariqasida eslab o‘taylik. U Yamanga dengiz orqali o‘tish uchun Jidda tomon qochib ketadi. Shunda Umayr ibn Vahb Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning huzurlariga kelib:

— Yo, Nabiyyulloh, o‘z qavmining sayyidi bo‘lmish Safvon ibn Umayya o‘zini dengizga tashlash maqsadida sizdan qochib ketdi. Unga omonlik bering, yo Rasululloh, - dedi.

— Mayli, u omon-da, - dedilar.

— Yo Rasululloh, Safvon unga omonlik berganingizni bilib olishi uchun biror belgi bering, dedi.

Rasululloh Makkaga kirib kelganlarida kiygan sallalarini berdilar. Umayr uni olib, yo‘lga otlandi, Safvon endi dengizni suzib o‘tmoqchi bo‘lganida, Umayr yetib kelib:

— Ey, Safvon ota-onam senga fido bo‘lsin! O‘zingni halok qilishdan Allohdan qo‘rq. Mana Rasululloh tomoidan berilgan omonlik belgisi, uni senga olib keldim, - dedi.

— O‘z jonimga biror narsa bo‘lishidan qo‘rqaman, - dedi.

— U zot sen o‘ylaganingdan ko‘ra halimroq va mehribonroq, - deb Safvonni orqaga qaytardi. Ular Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning huzurlariga kelishganlarida, Safvon:

— Mana bu (ishora Umayr ibn Vahbga) aytishicha siz menga omonlik bergan ekansiz,  - dedi. U zot alayhissalom:

— To‘g‘ri, - dedilar. Shunda u:

— Unday  bo‘lsa, bu borada (islomni qabul qilish qilmaslikda) ixtiyor etishimga ikki oy muhlat bering, - dedi.  Shunda U zot:

— Ixtiyor etishingga to‘rt oy ruxsat, - dedilar.

Yana boshqa bir kishining misoli: U fathdan biroz oldin Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning oldilariga keldi. U ilgari Payg‘ambar alayhissalomning ustilaridan kulib hajv qilishda, U zotga aziyat berishda juda peshqadam edi. U Abu Sufyon ibn Horis ibn Abdulmuttalib edi. U Payg‘ambar alayhissalom huzurlariga kirishga izn so‘raganida, U zot: “Mening unga hojatim yo‘q, mening u bilan ishim yo‘q, holbuki u meni obro‘sizlantirgan edi”, dedilar. O‘shanda Abu Sufyon bilan oldida o‘g‘li bor edi. Bu gaplarni eshitgan Abu Sufyon: “Allohga qasamki, yo menga kirishimga izn beradilar yo mana bu o‘g‘limning qo‘lidan ushlab to chanqoqlik va ochlikdan o‘lgunimizcha yuramiz”, deb qasam ichdi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga bu gaplar yetib kelganida, unga nisbatan qalblari yumshab kirishiga izn berdilar. Huzurlariga kirganida uni kechirdilar. Shunda Abu Sufyon quyidagi she’rni aytdi:

Umringizga qasamki, Lotning oti Muhammadning otidan g‘olib kelishi uchun bayroq ko‘targan kunim,

Zulmatli kechada hayron bo‘lib, yo‘lga chiqqan kishidek edim.

Mana endi to‘g‘ri yo‘lga yo‘llanib hidoyatni topgan vaqtlarim keldi.

Makkada... Rasululloh baytullohni tavof qilib turganlarida Fazola ibn Umayr U zotni qatl qilishni istab ortilariga yaqinlashdi. Shunda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam:

— Fazola senmisan? – dedilar. U:

— Ha, Fazolaman, yo Rasululloh, - dedi.

— Ichingda nimalarni tugib qo‘ygan eding? – dedilar.

— Hech nimani, o‘zim Alloh azza va jallani zikr qilayotgan edim, - dedi. Rasululloh kuldilar va: 

— Alloh taologa istig‘for ayt! – deb, qo‘llarini uning ko‘krakga qo‘ydilar. Shu zahoti uning qalbi tinchlandi.

  O‘shanda Fazola shunday deb aytgan edi: “Allohga qasamki, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam qo‘llarini ko‘krakmdan olishlari bilan men uchun dunyoda Allohning maxluqotlari ichida U zotdan ko‘ra mahbubliroq kishi yo‘q edi. U zot men uchun dunyodagi eng mahbubli kishiga aylandilar”.

Fathdan keyin hamma insonlar o‘zlariga kelgach, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Ka’ba eshigi oldiga turib: “La ilaha illallohu vahdahu la sharika lahu, sodaqo va’dah, nasoro ‘abdah, va hazamal-ahzaaba vahdah (ma’nosi: Alloh taolodan o‘zga iloh yo‘q, U Zot va’dasini bajardi, bandasiga yordam berdi, dushmanlarning ustidan O‘zi g‘olib keldi). Ogoh bo‘linglar! Johiliyat ahlining barcha odatlariyu da’vo qilinadigan qonu mollari mana bu ikki qadamim ostida qoldi (ya’ni, bekor qilindi). Faqat baytullohning xizmat ishlari va hojilarni sug‘orish ishlari bundan mustasno. Ey, Quraysh jamoasi, darhaqiqat Alloh taolo sizlardan johiliyat dimog‘dorligini, ota-bobolari bilan faxrlanish odatini ketkazdi. Barcha insonlar Odam alayhissalomdan. Odam esa tuproqdan”, deb quyidagi oyatni o‘qidilar:

“Ey, insonlar! Darhaqiqat, Biz sizlarni bir erkak (Odam) va bir ayol (Havvo)dan yaratdik hamda bir-birlaringiz bilan tanishishingiz uchun sizlarni (turli-tuman) xalqlar va qabila (elat)lar qilib qo‘ydik. Albatta, Alloh nazdida (eng azizu) mukarramrog‘ingiz taqvodorrog‘ingizdir. Albatta, Alloh biluvchi va xabardor zotdir. (Hujurot: 13).

So‘ng yana:

— Ey, Quraysh jamoasi, sizlar haqingizda qanday hukm chiqaraman, deb o‘ylaysizlar, - dedilar. Quraysh qavmi:

— Yaxshilik qilasan, sen oliyjanob kishining o‘g‘li bo‘lgan oliyjanob kishisan, - deyishdi. U zot:

— Ketaveringlar, sizlar ozodsizlar, - dedilar.

Mana Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga tosh otib haydab yuborishgan Toifdagi  Saqif qabilasining barchasi U zotning huzurida turibdi. Saqifning bir guruhi Madinada bo‘lganlarida arablar ularni talab tashagan, insonlar qo‘lida xorlangan edilar. Fath kuni Rasululloh ularga nisbatan nima qildilar, deb o‘ylaysiz? Holbuki, ular orasida Payg‘ambar alayhissalomni Toifdan xaydab chiqargan Abduyolayl ibn Amr ibn Umayr kabi kishilar ham bor edi.

Ammo Molik ibn Avfga kelsak, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam uni biroz oldin kechirib yuborgan edilar. Unga bola-chaqalarini qaytarib bergan edilar.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Saqifning asirga tushganlarini qaytarib berdilar.

 Payg‘ambar alayhissalom halim bo‘lganlarining bir misoli, bir kuni Yahudiylarning bir olimi bo‘lgan Zayd ibn Sa’ana Rasululloh sollallohu alayhi vasallamdagi payg‘ambarlik sifatlarini, alomatlarini o‘rganib chiqqan edi. Faqat ikki alomat qolgan edi. Yahudiy mana shu ikki alomatni sinab ko‘rmoqchi edi. Ulardan biri U zotning halimlik sifatlari g‘azablaridan ustun ekanligi, ikkinchisi esa U zotga qattiq nodonlik, axloqsizlik qilinganda halimlik, yumshoqlik sifatlari yanada ziyoda bo‘lishi edi.

Shunday qilib Zayd ishga kirishdi, sinab ko‘raychi, deb Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga aralashib yurdi. Kunlarning birida bir a’robiy kelib, Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga qishloqlarining biri qiyin ahvolga tushganidan shikoyat qildi. Zayd bu gaplarni eshitayotgan edi. Oradan ko‘p vaqt o‘tmay, Zayd Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga: “Men sizdan falon-falon narsani palon pulga sotib olaman”, deb, pulni chiqarib, 80 dinor berdi. Rasululloh uni haligi kishiga berdilar. Keyin Rasululloh ma’lum bir kuni unga qarzlarini berishlariga kelishishdi. Lekin va’da qilingan kundan bir-ikki kun oldin Zayd Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning oldilariga keldi. Zaydning o‘zi aytadi: “Men Payg‘ambar alayhissalomga yaqinlashib keldim-da, ustki kiyimlaridan qattiq tortdim, hatto kiyimlari yelkalaridan tushib ketdi. So‘ng jahlli yuz bilan qarab, ey, Muhammad qarzingni bermaysanmi, Allohga qasamki, sizlar ey Abdulmuttalib urug‘i qarzni bermay cho‘zib yuruvchisizlar, men sizlarning orangizda aralashib yurganim uchun ham bundan xabardorman”, dedim. Umar roziyallohu anhu qattiq g‘azablanib: “Ey, Allohning dushmani, hali bu gaplaringni Rasulullohga aytasanmi, U zotni haq ila yuborgan Allohga qasamki, haqni to‘lanmay qolib ketishidan qo‘rqmaganimda edi, kallangni chopib tashlagan bo‘lardim”, dedilar. Shu holatda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Umar roziyallohu anhuga qarab, tabassum qilib turardilar. So‘ng Rasululloh Umar roziyallohu anhuga: “Men va u bundan boshqa narsaga muhtojroqmiz, u ham bo‘lsa, sen men qarzni chiroyli ado etishimga, uni esa qarzni go‘zal holda talab etishiga buyurishingdir. Ey, Umar u bilan borgin-da, haqqini to‘lab ber va qo‘rqitganing badaliga yigirma so’ xurmo unga qo‘shib ber”, dedilar.

   Shu payt Zaydning qalbi sokin bo‘ldi, xotirjam bo‘ldi, chunki u izlagan alomatlarni topgan edi. Umar roziyallohu anhu uni olib borib qarzini ado qildi, Rasululloh aytganlaridek, yigirma so’ qo‘shib berdilar. Shunda Zayd:

— Meni taniysanmi o‘zi ey, Umar? - dedi.

— Yo‘q, kimsan? – dedilar.

— Men Zayd ibn Sa’anaman, - dedi.

— Yahudiylarning olimimi? – dedilar.

— Ha, - deb javob berdi.

— Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga bunday qiliqlar qilishingga va bunday gaplarni aytishingning boisi nima? – deb so‘radilar.

— Men U zotning kechirimlik sifatlarini sinab ko‘rmoqchi edim, - deb javob berdi.

Kechirimliklarining yana bir misoli, Anas roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi, u kishi aytadilar: “Men Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bilan birga edim. U zotning ustilarida dag‘alroq kiyimlari bor edi. Bir a’robiy kishi kelib, Payg‘ambar alayhi salomning ridolaridan juda qattiq tortdi, hatto kiyimlarining cheti muborak bo‘yinlarini qirib yubordi. Keyin a’robiy: “Ey, Muhammad, mana bu ikki tuyamga Alloh taolo senga bergan mol-dunyolarni yuklab bergin. Chunki, sen o‘zingning molingdan ham, otangning molidan ham menga biror narsa bermagansan”, dedi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam jim turardilar, so‘ng: “Molu-davlatga kelsak, bu Alloh taolonikidir. Men U Zotning bandasiman”. Keyin gaplarini davom ettirib:

— Sendan ey, a’robiy menga nima qilgan bo‘lsang o‘sha narsa qasos olinadi, - dedilar.

— Yo‘q, - dedi.

— Nima uchun, dedilar.

— Chunki sen yomonlikka yomonlik bilan javob qaytarmaysan, - dedi.

Uning bu gaplaridan Rasululloh kuldilar, keyin sahoblarga a’robiyning bir tuyasiga arpa, boshqa bir tuyasiga esa xurmo ortib berishlarini buyurdilar”.

 Badr g‘azotida Safvon ibn Umayya otasi va akasini yo‘qotdi, Umayr ibn Vahbning o‘g‘li Vahb asirga tushgan edi. Safvon amakisining o‘g‘li Umayr ibn Vahb bilan Baytullohdagi Hijr oldida Rasululloh sollallohu alayhi vasallamni xoinona o‘ldirishga kelishishdi. Faqat Safvon Umayrning qarzlarini to‘lab berishi va farzandlarini o‘z qaramog‘iga olishi shart qilingan edi. Keyin Umayr xabar fosh bo‘lib, Madinaga yetib bormasligi uchun Safvondan  ikkalalari o‘rtalarida bo‘lib o‘tgan narsalarni o‘z ichida saqlashini ta’kidladi. Safvon bir qilichni hozirlab, uni o‘tkirlash va unga kuchli zahar surtishni buyurdi. Keyin uni Umayrga topshirdi. Umayr qilichni yashirib Rasululloh sollallohu alayhi vasallamni qasd qilib yo‘lga chiqdi. Madinaga yetib kelib, masjidga kirdi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam uni ko‘rib:

— Ey, Umayr seni bu yerlarga kelishingga nima yetakladi, - dedilar. U:

— Sizlarga asir tushgan o‘g‘lim Vahbning oldiga keldim, - dedi.

— Haqiqatdan ham seni shu yerga yetaklab kelgan sabab shumi? - dedilar.

— Ha, men faqat o‘g‘lim uchun keldim, - dedi. Shunda Payg‘ambar alayhissalom:

— Hijrda Safvonga nimalarni shart qilgan eding, - dedilar.

Shunda Umayr dahshatli holatga tushib qoldi va:

— Nimani shart qilibman unga, - dedi.

— Meni qatl etishing evaziga oilangni boqishini zimmasiga yuklatding-ku, albatta Alloh meni sendan to‘suvchidir, - dedilar. Bu gaplarni eshitgan Umayr:

— Men guvohlik beramanki, albatta siz Alloh taoloning rasulisiz, siz aytgan bu gaplar Safvon bilan menning o‘rtamizda Hijrda bo‘lib o‘tgan edi, uni ikkalamizdan boshqa hech kim bilmas edi. Darhaqiqat, buni Alloh taolo sizga bildirgan, men Alloh va rasuliga iymon keltirdim, - dedi.

Mana mazkur voqeadan ham Rasululloh sollallohu alayhi vasallam o‘zlarini qatl etmoqchi bo‘lganlarni ham kechirib yuborganlarini o‘qidik.

Payg‘ambar alayhissalom Hunayn tomon yo‘lga chiqqanlarida, insonlar orasida Shayba ibn Usmon ibn Tolha ham bor edi. Uhud jangida uning otasi va amakisi qatl etilgan edi. Shayba: “O‘shanda o‘ziga-o‘zi hozir Quraysh qavmi bilan Hunayndagi Havozinga boramanda, shoyad insonlar bir-birlari bilan aralashib yurganlarida Muhammadning o‘zi bilan o‘zi yurganini ko‘rsam-u, Qurayshning barcha o‘chlarini olgan men bo‘lsam”, deb U zotni qatl etishni maqsad qildi.

Shayba ilgari: “Agar arab va ajamlardan birortalari ham qolmay barchalari Muhammadga ergashsa ham men hech qachon unga ergashmayman”, der edi. Shaybaning o‘zi aytadi: “Men o‘ldirishni maqsad qilib chiqqanimda, uni uzoqdan kuzatar edim. Uni o‘ldirishga bo‘lgan rag‘batim kuchayib borar edi. Musulmonlar Rasulullohning oldidan tarqalib ketganida, shu holatni fursat bilib, qilichimni chiqardim-da, o‘ldirmoqchi bo‘lib unga yaqinlashdim. Qilichimni ko‘tarib hatto endi tashlanay deganimni bilamanki, shu zahoti xuddi yashin kabi bo‘lgan olov parchasi ko‘tarilib, menga hujum qilganday bo‘ldi, nima qilarimni bilmay, qo‘rqanimdan ikki qo‘lim bilan ko‘zimni yumib oldim”, dedi.

Ibn Ishoq rohmatullohi alayhiing rivoyatida keltirilishicha, Shayba shunday deydi: “O‘shanda Rasululloh sollallohu alayhi vasallamni endi qatl qilay deganimda, birdan bir narsa kelib mening yuragimni qamrab oldi, biror narsa qila olmadim”, degan ekan.

 Shayba aytadi: “Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Ey, Shayba, oldimga kel”, dedilar. Men U zotga yaqinlashdim. U zot ko‘krakmni silab qo‘ydilar va: “Ey, Alloh uni shaytondan saqlagin”, dedilar. Shayba gapini davom ettiradi: “Allohga qasamki, ana shu holatda Muhammad menga qulog‘im, ko‘zim va o‘zimdan ham sevikliroq bo‘lib qoldi. Alloh taolo mendagi adovatni ketkazdi”. So‘ng Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Shaybaga: “Yaqinlashgin va (dushmanlarga qarshi) kurashgin”, dedilar. U kishi aytadi: “Men qilichimni ko‘tarib, U zotning old tomonlariga o‘tib oldim. Alloh taolo biladiki, o‘shanda men o‘z jonim bilan U zotni barcha narsadan himoya qilishni qattiq xohladim. Agar o‘sha vaqtda otamga tirik bo‘lganlarida to‘g‘ri kelib qolganimda ham qilichim bilan solgan bo‘lardim”, dedi”.

Muhammad ibn Alaviyning «Muhammad sollallohu alayhi vasallam — komil inson» kitobidan Ko‘kaldosh o‘rta maxsus islom bilim yurti mudarrisi G‘iyosiddin Habibulloh o‘g‘li tarjimasi.