Пайғамбар алайҳиссаломнинг шижоатлари

Рукн: Муҳаммад (с.а.в.) сийратлари Чоп этилган: 07.12.2016

“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” номли сийрат танловига

Шижоат – энг юксак фазилатлардан биридир. Агар шижоатни бошқа фазилатларнинг қўриқчиси, уларга путур етказадиган барча нарсалардан савлочиси десак, муболаға қилмаган бўламиз. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳамма пайғамбарларга барча фазилатли ахлоқлардан энг катта насиба ато этгани сингари шижоат фазилатидан ҳам мукаммал насиба тортиқ қилган. 

 Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикмати ила бошқалардан кўра пайғамбарларга шижоат фазилатини юксак даражада ато этишининг ўзига хос сабаби бордир. У ҳам бўлса, Аллоҳ таоло бирор бандасига қандайдир бир вазифани бермоқчи бўлса, ўша вазифа учун уни олдиндан тайёрлаб боради. Вазифани бажара олиши учун унга қувват ато этади. Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг зиммаларига юклаган вазифа халқни ҳақ йўлга даъват этиш эди. Албатта бу даъват ўзидан ўзи бўлиб қолмас эди. Пайғамбарлар бу вазифани адо қилиш учун ўз умматлари билан юзма-юз учрашардилар. Ўзлари олиб келган динга бўйсунишлари ҳамда ундан бошқа ёмон одатларини бутунлай тарк қилишларини талаб қилишар эди.

Ким пайғамбарларнинг шижоатлари қай миқдорда бўлганини билишни истаса, Қуръони каримда шу борада келган ояти карималарни ўқисин. Мана Ҳуд алайҳиссаломнинг тилидан Аллоҳ таоло шундай ҳикоя қилади:

 “Биз фақат, сени баъзи худоларимиз ёмонлик ила урибди, деймиз, холос», дедилар. У: «Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ қиламан ва сиз ҳам гувоҳ бўлингки, мен шерик келтираётганингиздан покман. Ундан ўзгани. Бас, ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилаверинглар, менга муҳлат берманглар”. (Ҳуд: 54-55)

Мусо алайҳиссалом билан Фиръавн ўрталаридаги воқеани эслайлик. Мусо алайҳиссалом олти юз минг кишилик қавмлари билан шаҳардан қочиб чиқишади. Бу ҳақда хабар топган Фиръавн ўз аскарлари билан уларни таъқиб қилиб келиб денгиз соҳилига етай дедилар. Тасаввур қилинг! Даҳшатли ҳолат, Мусо алайҳиссалом олдиларида катта денгиз, ортиларида душман таъқиб қилиб келмоқда. Уларни юз фоизлик ўлим кутмоқда. Шунда Мусо алайҳи саломнинг қавмлари:

“Икки жамоат бир-бирларини кўрган чоғида, Мусонинг одамлари: «Энди қўлга тушдик», дедилар. (Шуаро: 61).

Ҳамма даҳшатли ҳолатдан юрагини ховучлаб турган бир пайтда Мусо алайҳиссалом хотиржам эдилар. Ул зотнинг шижоатларига қаранг. Қавмлари шундай деб турганларида, Ул зот хотиржамлик ила:

“У (Мусо): “Йўқ! Албатта, Роббим мен билан, У менга тўғри йўлни кўрсатур«, деди. (Шуаро: 62).

Пайғамбарлар инсонларнинг энг шижоатлиларидир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам пайғамбарлардан бўлганлар. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам инсонларнинг энг шижоатлиси ҳисобланади. Аниқроғи барча пайғамбарлардан ҳам шижоатлироқ эдилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсониятга пайғамбар бўлиб юборилган бўлсалар, аввалги пайғамбарлар эса фақат ўз қавмларига юборилар эди. Шунинг учун ҳам илоҳий ҳикмат айрим инсонларни даъват этадиган зот билан бутун инсониятни даъват этадиган зот ўратсидаги шижоатнинг баробар бўлмаслигини тақозо этади.

Пайғамбар алайҳиссалом шижоат, пешқадамлик ва даҳшатли, қўрқинчли паллаларда ҳам собит туриш борасида шу қадар юксак чўққида эдиларки, бу борада бирор киши ул зот билан тенглаша ололмас эди. Юксаклик даражасини фақат ўша фазилатларни тортиқ қилган зотгина билади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрлари давомида неча бор ғазотга қатнашган бўлсалар, бирор бир марта ўз ўрниларидан бир қадам ҳам ҳатто бир бармоқчалик миқдорда ортга чекинганлари кузатилмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча саҳобалари орасида қўмондон, биргина ишораларига саҳобаларнинг каттасию кичиги лаббай деб жавоб берадиган итоат этиладиган зот эдилар. Бунинг сабаби нафақат ул зотнинг Аллоҳнинг расули бўлганлари, балки саҳобалар ул зотда кузатган юксак даражадаги шижоатлари бўлгандир. Саҳобалар Расулуллоҳнинг шижоатларини кўрганларида ўзларининг шижоатларини кўра олмас эдилар. Ваҳоланки, улар орасида шижоатлари тўғрисида халқ орасида зарбул масал қилинадиган даражадаги қаҳрамонлари ҳам бор эди.

Қуйида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шижоатларидан намуналар айтиб ўтамиз:

  1. Али каррамаллоҳу важҳаҳу бу ҳақиқатни очиқ-ойдин эътироф қилиб шундай дейдилар: “Агар жангда уруш қизишиб кетса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига бориб олардик, ваҳоланки ул зот душманга энг яқинимиз бўлардилар”. (Имом Аҳмад, Табароний ва Насоий ривоятлари).

  2. Бу ҳақд Жобир розияллоҳу анҳу ҳам шундай дейдилар: “Биз Зотур риқоъ деган жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Бир соя солиб турган дарахт олдига бордик. Кейин унинг остида Расулуллоҳ дам олсинлар деб у жойдан кетдик. Шунда бир мушрик киши келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дарахтда осилиб турган қиличларини олиб ул зотга: “Мендан қўрқасанми?”, деди. Ул зот: “Йўқ”, дея жавоб бердилар. У: “Сени мендан ким ҳам ҳимоя қила оларди?”, деди. Ул зот шу заҳоти: “Аллоҳ”, деб жавоб бердилар”. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

  3. Уҳуд ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан мушрик Убай ибн Холаф ўрталаридаги бўлган ҳолат. Ўшанда бу лаънати мушрик отлиқ ҳолатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир неча бор ҳамла қилади. Шунда саҳобалар бир неча бор унинг йўлини тўсишга ҳаракат қилганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз ҳолига қўйинглар” деб айтдилар. Сўнг Ҳорис ибн Соммадан найзани олдилар. Найза билан шундай Убай ибн Холаф томон шу қадар жойларидан қўзғалдиларки, атрофларидаги саҳобалар худди туя силкинганида туклари ҳар томонга сочилганидек ёйилиб кетдилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Холафнинг бўйнига шундай зарба бердиларки, яраланган Убай отидан ўзини ушлай олмай бир неча бор ерга қулаб тушди. Кейин ўз қавмига қайтиб: “Муҳаммад мени қатл қилди”, деди. Қавми унга жавобан: “Сенга ҳеч нарса қилмайди”, дейишди. У: “Агар Муҳаммад менга урган зарбасини бошқа барча инсонларга қилганида уларни сўзсиз ўлдирган бўларди. Ахир у илгари менга қараб: “Сени ўлдираман”, деб айтмаганмиди? Аллоҳга қасамки, агар у менга тупурганида ҳам ўлдирган бўларди”, деди. (Абрураззоқ, Ибн Саъд ва Байҳақийлар ривояти).

  4. Имом Бухорий ва Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади, у киши айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг яхшиси, саховатлиси ва шижоатлиси эдилар. Бир куни кечаси Мадина аҳолиси қаттиқ бир товушдан чўчиб кетди. Кейин инсонлар товуш томон биргалашиб бораётсалар, ўша томондан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Толҳанинг эгарланмаган отига минган, бўйинларига қилич осиб олган ҳолларида келаётган эканлар. Кейин ул зот улар билан кўришиб: “Қўрқманглар, ҳаммаси яхши экан”, деб айтдилар”.

  5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шижоатларига боғлиқ бўлган яна бир машҳур воқеа бу Ҳунайн ғазотида бўлади. Қуръони каримда ва Имом Бухорий, Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Ҳунайн ғазотида саҳобалардан оз сони орқага чекинганлари ҳақида хабар келган. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса чекинмай, ўз ҳачирларига миниб олган эдилар. Имом Муслимнинг ўзлари Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидаги маълумотлар зикр қилингандир: “Мусулмонлар билан кофирлар жанг майдонида тўқнашганларида, мусулмонлар орқага чекиндилар, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса кофирлар томон ўз ҳачирларини чоптирдилар. Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Ўшанда мен Расулуллоҳ ҳачирлари тезлашиб кетмасин деб юганидан ушлаб олган эдим”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишларига кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кафт тупроқ олиб уларнинг юзлари сочиб юборганлар. Имом Муслим Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ кофирлар яқинига бориб ҳачирдан тушдилар. Ердан бир ҳовуч тупроқ олиб: “Юзлар қурисин”, дея кофирлар юзларига сочиб юбордилар. Ўшанда кофирлар сафидаги барча шахснинг икки кўзи Расулуллоҳ сочиб юборган тупроқ билан тўлди. Натижада кофирлар барчаси орқага тумтарақай бўлиб қочдилар. Аллоҳ таоло уларни мағлуб этди”. Имом Муслимнинг Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган яна бошқа бир ривоятда шундай дейилган: “Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кофирлар томон майда тошларни отишлари биланоқ уларнинг қувватлари заифлашганини ва ишлари орқага қараб кетганини кўрдим”. Яна бошқа ривоятда Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам майда тошларни отаётганларида: “Каъба Роббисига қасам, улар мағлуб бўлдилар, Каъба Роббисига қасам улар мағлуб бўлдилар”, дедилар”. Имом Бухорий ва Имом Муслим Ҳунайн ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар орқага чекиниб турган бир оғир вазиятда шундай деганларини ривоят қилишган:

Шак-шубҳасиз, мен Пайғамбарман,

Мен Абдулмутталибнинг ўғлиман.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятларининг давомида яна шундай дейилган: Ҳунайн ғазотида душманлар камонлар билан қуролланган эди. Қуръони каримда бу урушнинг натижаси мўминлар фойдасига бўлиши зикр қилинган эди. Албатта бу зафар мусулмонларнинг қайтиб келганларидан кейин бўлгандир. Аббос розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буйруқлари билан уларга қараб: “Ортга қайтинглар”, деб чақирганлари мусулмонларнинг қайтишларига сабаб бўлган эди.

Муҳаммад ибн Алавийнинг «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам — комил инсон» китобидан Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ ўғли таржимаси.

Shijoat – eng yuksak fazilatlardan biridir. Agar shijoatni boshqa fazilatlarning qo‘riqchisi, ularga putur yetkazadigan barcha narsalardan savlochisi desak, mubolag‘a qilmagan bo‘lamiz. Alloh subhanahu va taolo hamma payg‘ambarlarga barcha fazilatli axloqlardan eng katta nasiba ato etgani singari shijoat fazilatidan ham mukammal nasiba tortiq qilgan. 

 Alloh taolo O‘zining hikmati ila boshqalardan ko‘ra payg‘ambarlarga shijoat fazilatini yuksak darajada ato etishining o‘ziga xos sababi bordir. U ham bo‘lsa, Alloh taolo biror bandasiga qandaydir bir vazifani bermoqchi bo‘lsa, o‘sha vazifa uchun uni oldindan tayyorlab boradi. Vazifani bajara olishi uchun unga quvvat ato etadi. Alloh taolo payg‘ambarlarning zimmalariga yuklagan vazifa xalqni haq yo‘lga da’vat etish edi. Albatta bu da’vat o‘zidan o‘zi bo‘lib qolmas edi. Payg‘ambarlar bu vazifani ado qilish uchun o‘z ummatlari bilan yuzma-yuz uchrashardilar. O‘zlari olib kelgan dinga bo‘ysunishlari hamda undan boshqa yomon odatlarini butunlay tark qilishlarini talab qilishar edi.

Kim payg‘ambarlarning shijoatlari qay miqdorda bo‘lganini bilishni istasa, Qur’oni karimda shu borada kelgan oyati karimalarni o‘qisin. Mana Hud alayhissalomning tilidan Alloh taolo shunday hikoya qiladi:

 “Biz faqat, seni ba’zi xudolarimiz yomonlik ila uribdi, deymiz, xolos», dedilar. U: «Albatta, men Allohni guvoh qilaman va siz ham guvoh bo‘lingki, men sherik keltirayotganingizdan pokman. Undan o‘zgani. Bas, hammangiz menga qarshi hiyla qilaveringlar, menga muhlat bermanglar”. (Hud: 54-55)

Muso alayhissalom bilan Fir’avn o‘rtalaridagi voqeani eslaylik. Muso alayhissalom olti yuz ming kishilik qavmlari bilan shahardan qochib chiqishadi. Bu haqda xabar topgan Fir’avn o‘z askarlari bilan ularni ta’qib qilib kelib dengiz sohiliga yetay dedilar. Tasavvur qiling! Dahshatli holat, Muso alayhissalom oldilarida katta dengiz, ortilarida dushman ta’qib qilib kelmoqda. Ularni yuz foizlik o‘lim kutmoqda. Shunda Muso alayhi salomning qavmlari:

“Ikki jamoat bir-birlarini ko‘rgan chog‘ida, Musoning odamlari: «Endi qo‘lga tushdik», dedilar. (Shuaro: 61).

Hamma dahshatli holatdan yuragini xovuchlab turgan bir paytda Muso alayhissalom xotirjam edilar. Ul zotning shijoatlariga qarang. Qavmlari shunday deb turganlarida, Ul zot xotirjamlik ila:

“U (Muso): “Yo‘q! Albatta, Robbim men bilan, U menga to‘g‘ri yo‘lni ko‘rsatur«, dedi. (Shuaro: 62).

Payg‘ambarlar insonlarning eng shijoatlilaridir. Muhammad sollallohu alayhi vasallam ham payg‘ambarlardan bo‘lganlar. Demak, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam ham insonlarning eng shijoatlisi hisoblanadi. Aniqrog‘i barcha payg‘ambarlardan ham shijoatliroq edilar. Chunki Rasululloh sollallohu alayhi vasallam butun insoniyatga payg‘ambar bo‘lib yuborilgan bo‘lsalar, avvalgi payg‘ambarlar esa faqat o‘z qavmlariga yuborilar edi. Shuning uchun ham ilohiy hikmat ayrim insonlarni da’vat etadigan zot bilan butun insoniyatni da’vat etadigan zot o‘ratsidagi shijoatning barobar bo‘lmasligini taqozo etadi.

Payg‘ambar alayhissalom shijoat, peshqadamlik va dahshatli, qo‘rqinchli pallalarda ham sobit turish borasida shu qadar yuksak cho‘qqida edilarki, bu borada biror kishi ul zot bilan tenglasha ololmas edi. Yuksaklik darajasini faqat o‘sha fazilatlarni tortiq qilgan zotgina biladi. Shuning uchun ham Rasululloh sollallohu alayhi vasallam umrlari davomida necha bor g‘azotga qatnashgan bo‘lsalar, biror bir marta o‘z o‘rnilaridan bir qadam ham hatto bir barmoqchalik miqdorda ortga chekinganlari kuzatilmagan. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam barcha sahobalari orasida qo‘mondon, birgina ishoralariga sahobalarning kattasiyu kichigi labbay deb javob beradigan itoat etiladigan zot edilar. Buning sababi nafaqat ul zotning Allohning rasuli bo‘lganlari, balki sahobalar ul zotda kuzatgan yuksak darajadagi shijoatlari bo‘lgandir. Sahobalar Rasulullohning shijoatlarini ko‘rganlarida o‘zlarining shijoatlarini ko‘ra olmas edilar. Vaholanki, ular orasida shijoatlari to‘g‘risida xalq orasida zarbul masal qilinadigan darajadagi qahramonlari ham bor edi.

Quyida Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning shijoatlaridan namunalar aytib o‘tamiz:

  1. Ali karramallohu vajhahu bu haqiqatni ochiq-oydin e’tirof qilib shunday deydilar: “Agar jangda urush qizishib ketsa, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam oldilariga borib olardik, vaholanki ul zot dushmanga eng yaqinimiz bo‘lardilar”. (Imom Ahmad, Tabaroniy va Nasoiy rivoyatlari).

  2. Bu haqd Jobir roziyallohu anhu ham shunday deydilar: “Biz Zotur riqo’ degan joyda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bilan birga edik. Bir soya solib turgan daraxt oldiga bordik. Keyin uning ostida Rasululloh dam olsinlar deb u joydan ketdik. Shunda bir mushrik kishi kelib Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning daraxtda osilib turgan qilichlarini olib ul zotga: “Mendan qo‘rqasanmi?”, dedi. Ul zot: “Yo‘q”, deya javob berdilar. U: “Seni mendan kim ham himoya qila olardi?”, dedi. Ul zot shu zahoti: “Alloh”, deb javob berdilar”. (Imom Buxoriy va Muslim rivoyatlari).

  3. Uhud g‘azotida Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bilan mushrik Ubay ibn Xolaf o‘rtalaridagi bo‘lgan holat. O‘shanda bu la’nati mushrik otliq holatida Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga bir necha bor hamla qiladi. Shunda sahobalar bir necha bor uning yo‘lini to‘sishga harakat qilganlarida Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “O‘z holiga qo‘yinglar” deb aytdilar. So‘ng Horis ibn Sommadan nayzani oldilar. Nayza bilan shunday Ubay ibn Xolaf tomon shu qadar joylaridan qo‘zg‘aldilarki, atroflaridagi sahobalar xuddi tuya silkinganida tuklari har tomonga sochilganidek yoyilib ketdilar. Keyin Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Ubay ibn Xolafning bo‘yniga shunday zarba berdilarki, yaralangan Ubay otidan o‘zini ushlay olmay bir necha bor yerga qulab tushdi. Keyin o‘z qavmiga qaytib: “Muhammad meni qatl qildi”, dedi. Qavmi unga javoban: “Senga hech narsa qilmaydi”, deyishdi. U: “Agar Muhammad menga urgan zarbasini boshqa barcha insonlarga qilganida ularni so‘zsiz o‘ldirgan bo‘lardi. Axir u ilgari menga qarab: “Seni o‘ldiraman”, deb aytmaganmidi? Allohga qasamki, agar u menga tupurganida ham o‘ldirgan bo‘lardi”, dedi. (Abrurazzoq, Ibn Sa’d va Bayhaqiylar rivoyati).

  4. Imom Buxoriy va Imom Muslim Anas roziyallohu anhudan rivoyat qilishadi, u kishi aytadilar: “Rasululloh sollallohu alayhi vasallam insonlarning eng yaxshisi, saxovatlisi va shijoatlisi edilar. Bir kuni kechasi Madina aholisi qattiq bir tovushdan cho‘chib ketdi. Keyin insonlar tovush tomon birgalashib borayotsalar, o‘sha tomondan Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Abu Tolhaning egarlanmagan otiga mingan, bo‘yinlariga qilich osib olgan hollarida kelayotgan ekanlar. Keyin ul zot ular bilan ko‘rishib: “Qo‘rqmanglar, hammasi yaxshi ekan”, deb aytdilar”.

  5. Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning shijoatlariga bog‘liq bo‘lgan yana bir mashhur voqea bu Hunayn g‘azotida bo‘ladi. Qur’oni karimda va Imom Buxoriy, Imom Muslim rivoyat qilgan hadisda Hunayn g‘azotida sahobalardan oz soni orqaga chekinganlari haqida xabar kelgan. O‘shanda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam esa chekinmay, o‘z hachirlariga minib olgan edilar. Imom Muslimning o‘zlari Abbos roziyallohu anhudan rivoyat qilgan hadisda quyidagi ma’lumotlar zikr qilingandir: “Musulmonlar bilan kofirlar jang maydonida to‘qnashganlarida, musulmonlar orqaga chekindilar, lekin Rasululloh sollallohu alayhi vasallam esa kofirlar tomon o‘z hachirlarini choptirdilar. Abbos roziyallohu anhu aytadi: “O‘shanda men Rasululloh hachirlari tezlashib ketmasin deb yuganidan ushlab olgan edim”. Imom Buxoriy va Imom Muslim rivoyat qilishlariga ko‘ra Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bir kaft tuproq olib ularning yuzlari sochib yuborganlar. Imom Muslim Salama ibn Akva’ roziyallohu anhudan rivoyat qiladi: “Rasululloh kofirlar yaqiniga borib hachirdan tushdilar. Yerdan bir hovuch tuproq olib: “Yuzlar qurisin”, deya kofirlar yuzlariga sochib yubordilar. O‘shanda kofirlar safidagi barcha shaxsning ikki ko‘zi Rasululloh sochib yuborgan tuproq bilan to‘ldi. Natijada kofirlar barchasi orqaga tumtaraqay bo‘lib qochdilar. Alloh taolo ularni mag‘lub etdi”. Imom Muslimning Abbos roziyallohu anhudan rivoyat qilgan yana boshqa bir rivoyatda shunday deyilgan: “Allohga qasamki, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam kofirlar tomon mayda toshlarni otishlari bilanoq ularning quvvatlari zaiflashganini va ishlari orqaga qarab ketganini ko‘rdim”. Yana boshqa rivoyatda Abbos roziyallohu anhu shunday deganlar: “Rasululloh sollallohu alayhi vasallam mayda toshlarni otayotganlarida: “Ka’ba Robbisiga qasam, ular mag‘lub bo‘ldilar, Ka’ba Robbisiga qasam ular mag‘lub bo‘ldilar”, dedilar”. Imom Buxoriy va Imom Muslim Hunayn g‘azotida Rasululloh sollallohu alayhi vasallam musulmonlar orqaga chekinib turgan bir og‘ir vaziyatda shunday deganlarini rivoyat qilishgan:

Shak-shubhasiz, men Payg‘ambarman,

Men Abdulmuttalibning o‘g‘liman.

Imom Buxoriy va Imom Muslim rivoyatlarining davomida yana shunday deyilgan: Hunayn g‘azotida dushmanlar kamonlar bilan qurollangan edi. Qur’oni karimda bu urushning natijasi mo‘minlar foydasiga bo‘lishi zikr qilingan edi. Albatta bu zafar musulmonlarning qaytib kelganlaridan keyin bo‘lgandir. Abbos roziyallohu anhuning Rasululloh sollallohu alayhi vasallam buyruqlari bilan ularga qarab: “Ortga qaytinglar”, deb chaqirganlari musulmonlarning qaytishlariga sabab bo‘lgan edi.

Muhammad ibn Alaviyning «Muhammad sollallohu alayhi vasallam — komil inson» kitobidan Ko‘kaldosh o‘rta maxsus islom bilim yurti mudarrisi G‘iyosiddin Habibulloh o‘g‘li tarjimasi.