Пайғамбар алайҳиссалом — адолатли зот

Рукн: Муҳаммад (с.а.в.) сийратлари Чоп этилган: 07.12.2016

“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” номли сийрат танловига

Адолат деб ҳақдорларнинг бирини иккинчисидан ажратмасдан ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини беришга ёки гуноҳкорни гуноҳига яраша ёки камчиликка йўл қўйган кишини камчилигига  яраша зулм ёки тарафкашлик қилмасдан жазолаш тушунилади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам адолатни илоҳий тарбиядан ва Қуръоний ахлоқдан олганлар. У зотнинг муборак фитратлари ёшликларидан адолатли бўлишга тайёр эди. У зот Қурайш қатнашган “Ҳилфул фузул” номли зулмга қарши чиқиш ва мазлумларга инсоф қилиш келишувида қатнашганлар. Ўзлари бу ҳақида шундай деганлар: “Мен Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг ҳовлисида бир келишувга қатнашдим. Менга ўша келишувнинг ўрнига қизил туялар берилганида ҳам рози бўлмас эдим. Бордию, Исломда ҳам шундай келишувга чақирилсам, албатта, қатнашган бўлардим”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим адолатни маҳкам ушлардилар, мансабга ҳам, қариндошликка ҳам қараб ўтирмасдилар. Бадр жангидан сўнг, ансорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос розияллоҳу анҳунинг фидясини кечишни у зот алайҳиссаломдан сўрадилар. Шунда пайғамбаримиз: “Бир дирҳамни ҳам озайтирманглар”, деб жавоб бердилар. (Имом Бухорий ривояти).

Бироқ қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳонинг турмуш ўртоқларидан фидяни кечганларининг сабаби эса, у кишида фақирликни кўрдилар. Шунинг учун ҳам кечиб юбордилар. Ўртадаги фарқни яхшилаб мулоҳаза қилиб кўринг! У зот Аббос розияллоҳу анҳунинг бойликлари кўп эканини билардилар. Шунинг учун ҳам, у кишини ва бошқа қариндошларини ҳам то фидя олмагунларича озод қилмаганлар.

У зот алайҳиссаломнинг кечиримлик сифатларига келадиган бўлсак, у барчага тегишли, ҳар бир бандани қамраб оларди. Бу авфнинг ичига қизларининг турмуш ўртоғи ҳам кириши бу табиий ҳол эди, албатта.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг адолатлари комил эканига мисоллардан бири – у зот алайҳиссалом туяси бор ансорийга қараб: “Бу ҳайвон борасида Аллоҳдан қўрқ. Зеро, у менга сени уни оч қолдираётганинг ва кўп ишлатиб қийнаётганингни шикоят қиляпти”, дедилар. (Имом Абу Довуднинг китобларидан ҳам худди шундай ривоят келган).

Шунингдек, Расулуллоҳ олдиларига безовталаниб келган қушнинг икки полапонини жойига қайтаришга ҳам буюрганлар. Бундан кўриниб турибдики, Пайғамбар алайҳиссалом бир қушнинг ё ҳайвоннинг устидан зулм қилиниётган бўлса, шунга ҳам қарши курашганлар.

Адолатлари комил бўлганига яна бир воқеани мисол қилсак бўлади. Бир куни Бани Махзумдан бўлган Қурайшнинг таниқли кишиси ўғрилик қилиб қўйди. Қурайшликлар: “Расулуллоҳга ким тушунтираркин энди”, деб қолишди ва: “Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюклилари Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу журъат қила олади”, деган хулосага келишди. Усома розияллоҳу анҳу бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тушунтирдилар. Шунда у зот алайҳиссалом: “Нима сен Аллоҳ таолонинг ҳадди жорий этилиши керак бўлган ўринда уни ҳимоя қилиб чиқяпсанми?!” дедилар-да, ўринларидан туриб: “Билиб қўйинглар, сизлардан олдингиларни ҳалок қилган нарса шу эдики, уларнинг шарафли кишиси ўғрилик қилса, ўз ҳолига ташлаб қўйишарди. Заифи ўғрилик қилса эса, ҳукмни жорий қилишарди. Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилган бўлса, албатта, кесган бўлардим”, деб айтдилар. (Саҳиҳ тўпламлар соҳибларининг бештаси ривоят қилишган).

Адолатлари комил эканига яна бир мисол: кунларнинг бирида келтирилган ўлжаларни тақсимлаётган пайтлари бир киши келиб, ўша ўлжаларга ўзини ташлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларидаги навда билан урдилар ва унинг юзига жароҳат етказиб қўйдилар. Сўнг: “Кел, қасосингни ол”, дедилар. У киши эса: “Эй, Аллоҳнинг расули, сизни авф қилдим”, деди. (Абу Довуд ва Насоий ривоятлари).

Адолатлари комил бўлаганига яна бир мисол: араб бўлган бир саҳобий айтиб беради: “Мен Ҳунайн куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидан борар эдим. Оёғимда қўпол оёқ кийим бор эди. Бир пайт у зот алайҳиссаломнинг муборак оёқларини босиб олдим. Қўларидаги ҳивчин билан уриб: “Аллоҳнинг номи ила айтаман, менга озор бердинг”, дедилар. Мен: “Расулуллоҳга озор бериб қўйдим-а?!”деб, ўзимни маломат қилган ҳолда тунни ўтказдим. Барчаси Аллоҳга аён. Тонг отгач, бир киши келиб: “Фалончи қани?” деб сўради. Мен: “Аллоҳга қасамки, кечаси билан ўзимга келмай турган эдим”, дедим ва у билан қўрққан ҳолда кетдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен кеча менинг оёғимни босиб олган эдинг. Мен эса, ҳивчин билан ургандим. Мана бу саксонта эчки сенга, ол”, дедилар. (Ибн Исҳоқ ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг адолатлари комил бўлганига мисол қилиб қўйидаги воқеани айтиш мумкин. У зот алайҳиссалом ўлим касалида минбарга чиқиб: “Эй, инсонлар, кимнинг елкасига қамчи урган бўлсам, мана елкам, қасос олинглар. Кимдан мол олган бўлсам, мана бор бойлигим, қасос олинглар. Кимнинг обрўсига тегиб, ҳақорат қилган бўлсам, мана обрўйим, қасос олинглар. Огоҳ бўлинглар, сизлардан ҳеч бирингиз: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазабларидан қўрқаман”, демасин. Зеро, ғазаб менинг табиатим эмас, одатим ҳам эмас. Огоҳ бўлинглар, сизлардан менга энг суюкли киши мендан ҳаққини олган ёки кечиб юборган кишидир. Мен шунда раббимга пок ҳолда йўлиқурман”, дедилар. Шунда бир киши туриб: “Эй, Аллоҳнинг расули, сизда менинг уч дирҳам пулим бор”, деди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Мен ҳеч кимни ёлғончига чиқармайман. Сўраётган нарсангда қасам ичтирмайман ҳам”, дедилар. Шунда саҳоба: “Эслайсизми, бир куни олдингиздан бир мискин ўтиб кетди. Шунда менга пул бериб юборишни буюрдингиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, Фазл (Яъни, Фазл ибн Аббос), бу кишига ўша пулни бериб қўй”, дедилар. (Абу Яъло ва Табароний ривоятлари).

Муҳаммад ибн Алавийнинг «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам — комил инсон» китобидан Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ ўғли таржимаси.

Adolat deb haqdorlarning birini ikkinchisidan ajratmasdan har bir haq egasiga haqqini berishga yoki gunohkorni gunohiga yarasha yoki kamchilikka yo‘l qo‘ygan kishini kamchiligiga  yarasha zulm yoki tarafkashlik qilmasdan jazolash tushuniladi.

Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam adolatni ilohiy tarbiyadan va Qur’oniy axloqdan olganlar. U zotning muborak fitratlari yoshliklaridan adolatli bo‘lishga tayyor edi. U zot Quraysh qatnashgan “Hilful fuzul” nomli zulmga qarshi chiqish va mazlumlarga insof qilish kelishuvida qatnashganlar. O‘zlari bu haqida shunday deganlar: “Men Abdulloh ibn Jud’onning hovlisida bir kelishuvga qatnashdim. Menga o‘sha kelishuvning o‘rniga qizil tuyalar berilganida ham rozi bo‘lmas edim. Bordiyu, Islomda ham shunday kelishuvga chaqirilsam, albatta, qatnashgan bo‘lardim”.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam har doim adolatni mahkam ushlardilar, mansabga ham, qarindoshlikka ham qarab o‘tirmasdilar. Badr jangidan so‘ng, ansorlar Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning amakilari Abbos roziyallohu anhuning fidyasini kechishni u zot alayhissalomdan so‘radilar. Shunda payg‘ambarimiz: “Bir dirhamni ham ozaytirmanglar”, deb javob berdilar. (Imom Buxoriy rivoyati).

Biroq qizlari Zaynab roziyallohu anhoning turmush o‘rtoqlaridan fidyani kechganlarining sababi esa, u kishida faqirlikni ko‘rdilar. Shuning uchun ham kechib yubordilar. O‘rtadagi farqni yaxshilab mulohaza qilib ko‘ring! U zot Abbos roziyallohu anhuning boyliklari ko‘p ekanini bilardilar. Shuning uchun ham, u kishini va boshqa qarindoshlarini ham to fidya olmagunlaricha ozod qilmaganlar.

U zot alayhissalomning kechirimlik sifatlariga keladigan bo‘lsak, u barchaga tegishli, har bir bandani qamrab olardi. Bu avfning ichiga qizlarining turmush o‘rtog‘i ham kirishi bu tabiiy hol edi, albatta.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning adolatlari komil ekaniga misollardan biri – u zot alayhissalom tuyasi bor ansoriyga qarab: “Bu hayvon borasida Allohdan qo‘rq. Zero, u menga seni uni och qoldirayotganing va ko‘p ishlatib qiynayotganingni shikoyat qilyapti”, dedilar. (Imom Abu Dovudning kitoblaridan ham xuddi shunday rivoyat kelgan).

Shuningdek, Rasululloh oldilariga bezovtalanib kelgan qushning ikki polaponini joyiga qaytarishga ham buyurganlar. Bundan ko‘rinib turibdiki, Payg‘ambar alayhissalom bir qushning yo hayvonning ustidan zulm qiliniyotgan bo‘lsa, shunga ham qarshi kurashganlar.

Adolatlari komil bo‘lganiga yana bir voqeani misol qilsak bo‘ladi. Bir kuni Bani Maxzumdan bo‘lgan Qurayshning taniqli kishisi o‘g‘rilik qilib qo‘ydi. Qurayshliklar: “Rasulullohga kim tushuntirarkin endi”, deb qolishdi va: “Bunga Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning suyuklilari Usoma ibn Zayd roziyallohu anhu jur’at qila oladi”, degan xulosaga kelishdi. Usoma roziyallohu anhu bu haqida Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga tushuntirdilar. Shunda u zot alayhissalom: “Nima sen Alloh taoloning haddi joriy etilishi kerak bo‘lgan o‘rinda uni himoya qilib chiqyapsanmi?!” dedilar-da, o‘rinlaridan turib: “Bilib qo‘yinglar, sizlardan oldingilarni halok qilgan narsa shu ediki, ularning sharafli kishisi o‘g‘rilik qilsa, o‘z holiga tashlab qo‘yishardi. Zaifi o‘g‘rilik qilsa esa, hukmni joriy qilishardi. Allohga qasamki, agar Muhammadning qizi Fotima o‘g‘rilik qilgan bo‘lsa, albatta, kesgan bo‘lardim”, deb aytdilar. (Sahih to‘plamlar sohiblarining beshtasi rivoyat qilishgan).

Adolatlari komil ekaniga yana bir misol: kunlarning birida keltirilgan o‘ljalarni taqsimlayotgan paytlari bir kishi kelib, o‘sha o‘ljalarga o‘zini tashladi. Shunda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam qo‘llaridagi navda bilan urdilar va uning yuziga jarohat yetkazib qo‘ydilar. So‘ng: “Kel, qasosingni ol”, dedilar. U kishi esa: “Ey, Allohning rasuli, sizni avf qildim”, dedi. (Abu Dovud va Nasoiy rivoyatlari).

Adolatlari komil bo‘laganiga yana bir misol: arab bo‘lgan bir sahobiy aytib beradi: “Men Hunayn kuni Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning orqalaridan borar edim. Oyog‘imda qo‘pol oyoq kiyim bor edi. Bir payt u zot alayhissalomning muborak oyoqlarini bosib oldim. Qo‘laridagi hivchin bilan urib: “Allohning nomi ila aytaman, menga ozor berding”, dedilar. Men: “Rasulullohga ozor berib qo‘ydim-a?!”deb, o‘zimni malomat qilgan holda tunni o‘tkazdim. Barchasi Allohga ayon. Tong otgach, bir kishi kelib: “Falonchi qani?” deb so‘radi. Men: “Allohga qasamki, kechasi bilan o‘zimga kelmay turgan edim”, dedim va u bilan qo‘rqqan holda ketdim. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Sen kecha mening oyog‘imni bosib olgan eding. Men esa, hivchin bilan urgandim. Mana bu saksonta echki senga, ol”, dedilar. (Ibn Ishoq rivoyati).

Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning adolatlari komil bo‘lganiga misol qilib qo‘yidagi voqeani aytish mumkin. U zot alayhissalom o‘lim kasalida minbarga chiqib: “Ey, insonlar, kimning yelkasiga qamchi urgan bo‘lsam, mana yelkam, qasos olinglar. Kimdan mol olgan bo‘lsam, mana bor boyligim, qasos olinglar. Kimning obro‘siga tegib, haqorat qilgan bo‘lsam, mana obro‘yim, qasos olinglar. Ogoh bo‘linglar, sizlardan hech biringiz: “Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning g‘azablaridan qo‘rqaman”, demasin. Zero, g‘azab mening tabiatim emas, odatim ham emas. Ogoh bo‘linglar, sizlardan menga eng suyukli kishi mendan haqqini olgan yoki kechib yuborgan kishidir. Men shunda rabbimga pok holda yo‘liqurman”, dedilar. Shunda bir kishi turib: “Ey, Allohning rasuli, sizda mening uch dirham pulim bor”, dedi. Shunda u zot alayhissalom: “Men hech kimni yolg‘onchiga chiqarmayman. So‘rayotgan narsangda qasam ichtirmayman ham”, dedilar. Shunda sahoba: “Eslaysizmi, bir kuni oldingizdan bir miskin o‘tib ketdi. Shunda menga pul berib yuborishni buyurdingiz”, dedi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Ey, Fazl (Ya’ni, Fazl ibn Abbos), bu kishiga o‘sha pulni berib qo‘y”, dedilar. (Abu Ya’lo va Tabaroniy rivoyatlari).

Muhammad ibn Alaviyning «Muhammad sollallohu alayhi vasallam — komil inson» kitobidan Ko‘kaldosh o‘rta maxsus islom bilim yurti mudarrisi G‘iyosiddin Habibulloh o‘g‘li tarjimasi.