Ҳассон ибн Собит

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 27.03.2015

Ҳассон ибн Собит (р.а.) мусулмонларни руҳлантирган ва “Расулуллоҳнинг шоири” сифатида танилган саҳобадир. Унинг тўлиқ исми Ҳассон ибн Собит ибн Мунзир ибн Ҳарам бўлиб, Бани Нажжор қабиласидан. Отаси Собит, онаси Фуроя бинт Холид, куняси Абул Валид Абу Абдурраҳмон ва Абул Ҳасан. Расулуллоҳ (с.а.в)дан етти ёки саккиз ёш катта бўлган Ҳассон 120 ёшида Муовия даврида Мадинада вафот этган.

Ҳассон айни ақлан етилган даврида яҳудий олимлардан эшитган сўнгги пайғамбар чиқиши ҳақидаги хушхабарни кутиб яшади. Ҳазраж қабиласидагилардан бу ҳақдаги муждани эшитгач, жону дили билан исломни қабул қилди.

Мусулмон бўлмасидан аввал ҳам Ҳассон ибн Собит шеърлари билан танилган, севимли шоир бўлган. Бу ҳолат исломга кирганидан кейин ҳам давом этиб, энди у мусулмонларнинг суюкли шоирига айланди.

Ҳассон исломни қабул қилгач, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ёнларидан асло жилмади. Ибн Аббоснинг ривоятига кўра, кексалигига қарамай ғазотларда шахсан Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ёнларида туриб жанг қилди. Гарчи урушларда яккакурашларга кўп киришмаган бўлсада, мушрикларга қарши ёзган шеърлари билан рақиблар руҳини синдиришга катта ҳисса қўшарди. Бу борада Расулуллоҳ (с.а.в) шундай деганлар: “Ҳассоннинг байтлари душман учун ўқдан ҳам кучлироқдир!”

Ҳассон мушрик шоирларнинг ўзига хос кушандаси эди. Улардан бирортаси ислом ҳақида бўлмағур гапларни айта бошласа, Ҳассон дарҳол “ишга киришиб”, ўша баттолнинг таъзирини бериб қўярди. Хусусан, ҳижрий 9-йилда Бани Тамим қабиласи вакиллари асирларни олиб кетиш учун Мадинага келишганда Уторид номли машҳур мушрик шоир мусулмонларга қарши шеър айта бошлади. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в.) Ҳассонга: “Тур, унга қарши жавоб бер”, дедилар. Ҳассон уларга шундай чиройли жавоб берадики, мушриклар мажлисни тарк этишга мажбур бўлишади. Кейинчалик, бу ҳолатни Бани Тамимлик Ақро ибн Ҳобис: “Худо ҳаққи, бунга (Муҳаммадга) бизга кўринмайдиган ёрдам келяпти. У албатта муваффақият қозонади. Унинг нотиғи ва шоири бизнинг шоирдан устундир”, дея эътироф этади ва шаҳодат калимасини айтиб, мусулмон бўлади. Бани Тамим ҳам бу борада етакчилари изидан боришади.

Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг вафотларидан Ҳассон чуқур қайғуга ботади ва бу ҳасратга чидолмай кўзлари кўр бўлиб қолади. Шу ҳолида анча яшаган улуғ мусулмон шоири Расулуллоҳ (с.а.в.)га атаб кўплаб марсия, қасида ва манзумалар битади.

Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

Шоакмал Акбарзода

“Ирфон” тақвимининг 2009 йил, 4-сонидан олинди.

* * *

Hasson ibn Sobit (r.a.) musulmonlarni ruhlantirgan va “Rasulullohning shoiri” sifatida tanilgan sahobadir. Uning to‘liq ismi Hasson ibn Sobit ibn Munzir ibn Haram bo‘lib, Bani Najjor qabilasidan. Otasi Sobit, onasi Furoya bint Xolid, kunyasi Abul Valid Abu Abdurrahmon va Abul Hasan. Rasululloh (s.a.v)dan yetti yoki sakkiz yosh katta bo‘lgan Hasson 120 yoshida Muoviya davrida Madinada vafot etgan.

Hasson ayni aqlan yetilgan davrida yahudiy olimlardan eshitgan so‘nggi payg‘ambar chiqishi haqidagi xushxabarni kutib yashadi. Hazraj qabilasidagilardan bu haqdagi mujdani eshitgach, jonu dili bilan islomni qabul qildi.

Musulmon bo‘lmasidan avval ham Hasson ibn Sobit she’rlari bilan tanilgan, sevimli shoir bo‘lgan. Bu holat islomga kirganidan keyin ham davom etib, endi u musulmonlarning suyukli shoiriga aylandi.

Hasson islomni qabul qilgach, Payg‘ambarimiz (s.a.v.)ning yonlaridan aslo jilmadi. Ibn Abbosning rivoyatiga ko‘ra, keksaligiga qaramay g‘azotlarda shaxsan Rasululloh (s.a.v.)ning yonlarida turib jang qildi. Garchi urushlarda yakkakurashlarga ko‘p kirishmagan bo‘lsada, mushriklarga qarshi yozgan she’rlari bilan raqiblar ruhini sindirishga katta hissa qo‘shardi. Bu borada Rasululloh (s.a.v) shunday deganlar: “Hassonning baytlari dushman uchun o‘qdan ham kuchliroqdir!”

Hasson mushrik shoirlarning o‘ziga xos kushandasi edi. Ulardan birortasi islom haqida bo‘lmag‘ur gaplarni ayta boshlasa, Hasson darhol “ishga kirishib”, o‘sha battolning ta’zirini berib qo‘yardi. Xususan, hijriy 9-yilda Bani Tamim qabilasi vakillari asirlarni olib ketish uchun Madinaga kelishganda Utorid nomli mashhur mushrik shoir musulmonlarga qarshi she’r ayta boshladi. Shunda Payg‘ambarimiz (s.a.v.) Hassonga: “Tur, unga qarshi javob ber”, dedilar. Hasson ularga shunday chiroyli javob beradiki, mushriklar majlisni tark etishga majbur bo‘lishadi. Keyinchalik, bu holatni Bani Tamimlik Aqro ibn Hobis: “Xudo haqqi, bunga (Muhammadga) bizga ko‘rinmaydigan yordam kelyapti. U albatta muvaffaqiyat qozonadi. Uning notig‘i va shoiri bizning shoirdan ustundir”, deya e’tirof etadi va shahodat kalimasini aytib, musulmon bo‘ladi. Bani Tamim ham bu borada yetakchilari izidan borishadi.

Payg‘ambarimiz (s.a.v)ning vafotlaridan Hasson chuqur qayg‘uga botadi va bu hasratga chidolmay ko‘zlari ko‘r bo‘lib qoladi. Shu holida ancha yashagan ulug‘ musulmon shoiri Rasululloh (s.a.v.)ga atab ko‘plab marsiya, qasida va manzumalar bitadi.

Alloh u zotdan rozi bo‘lsin!

Shoakmal Akbarzoda

“Irfon” taqvimining 2009 yil, 4-sonidan olindi.