Али ибн Абу Толиб

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 09.03.2015

Али ибн Абу Толиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб хонадонида таваллуд топди. Бу пайтда Расулуллоҳнинг ёшлари ўттиз иккида эди.
Ҳазрати Алининг отаси Абу Толиб Қурайшнинг улуғ ва атоқли шахсларидан бўлиб, Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга Қурайш мушриклари азият етказганда ҳимоя қилган, Исломни қабул қилмаган бўлсада динга жуда катта фойдаси теккан фозил киши эди.
Абу Толиб жияни Набий алайҳиссаломни энг қийин ва оғир вақтларда. аҳволлари танг бўлиб қолганда ҳимоя қиларди. Абу Толиб серфарзанд киши эди. Расули Акрам пайғамбарлик юборилмасдан илгари амакиси Ҳамза ибн Абдулмуттолиб билан келишган ҳолда унинг исми фарзандини ўз қарамоғига олишган эди. Аббос Ҳамзанинг Али эса Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраларида улғая бошлади.
Ҳазрати Алининг ранглари буғдой ранг, тепакал ва фақат бошининг орқа қисмидагина сочлари бўлган. Соч ва соқоллари оқ тус бўлган. Кўзлари қоп-қора, елкалари кенг, кафтлари дағал, қориндор, тўлаликка яқин, ўрта бўйли, тишлари кўриниб турадиган ва чиройли юзли, агар юрса, гавдаларини кўтариб юрадиган киши бўлган. Ота-онасининг ҳамма ишларида ёрдам берарди.
Болалардан биринчи бўлиб Пайғамбаримиз (с.а.в.) келтирган динни қабул қилади.
Али ёшлигидан жоҳилиятнинг ҳар хил нопок одамларидан йироқ бўлиб вояга етди. У исломни қабул қилганида ўн ёшда эди. Бир куни отаси Абу Толиб Алини Макка дараларидан бирида Муҳаммад (с.а.в.) билан бирга намоз ўқиётганини кўрди ва ўғлидан сўради:
- Эй ўғилчам, сен ҳам амакинг келтирган динга иймон келтирдингми?
Али айтди:
- Эй ота, мен амаким Муҳаммад (с.а.в.) Аллоҳнинг пайғамбари эканига иймон келтирдим ва тасдиқладим. Ҳозир кўрганингиздек Аллоҳ учун намоз ўқиб, у кишига эргашдим.
Абу Толиб деди:
- У сени яхшиликка бошлаган бўлса. уни лозим тут. Али амакиси Муҳаммадни яхши кўрар, ҳурмат қилар ва баъзи ишларида ёрдам берарди. Абул Қосим саллал-лоҳу алайҳи васаллам Маккадан чиқиб кетадиган ҳижрат кечасида ўз жойларига Алини ётқизиб кетган эдилар.

* * *
Ҳазрати Али Пайғамбаримиз (с.а.в.) Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага қилган ҳижратларини қўйидагича эслайди:
- Расулуллоҳ Мадинага ҳижрат қилгач, менга Маккада қолишни таййинладилар. Чунки мен Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қурайшликларга бериши керак бўлган омонатларини етказишим зарур эди. Қурайш қабиласи Набий алайҳиссаломни "Амин" куняси билан сифатларди. Мен Қубайс тоғига чиқиб уч марта: "Кимнинг Муҳаммадга омонати бўлса, келиб олиб кетсин, деб эълон қилдим. Омонатларни адо этиб бўлганимдан сўнг Расулуллоҳ алайҳиссалом орқаларидан йўлга чиқдим. У зот қўним топган Амр ибн Авф уйига етиб келиб, Гулсум ибн Хидомнинг ховлисига жойлашдим.
Расулуллоҳ алайҳиссалом Мадинага келганларидан сўнг масжид қурилиши бошланиб кетди. Биринчи бўлиб Набий алайҳиссалом, кейин Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳулар навбат билан ғишт қўйишди. Мусулмонларнинг куч қудрати ва аҳиллиги билан масжид қисқа муддатларда қуриб битказилди. Шундан сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в.) муҳожирлар ва ансорларни бир-бирлари билан биродар бўлишга чақирдилар. Набий алайҳиссаломнинг ўзлари Али ибн Абу Толиб билан биродарлик риштасини боғладилар.

* * *
Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қизлари Фотима 18 ёшга тўлганидан сўнг совчилар кети узилмай қолди.
Абу Бакр ва Умар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ҳурмати баланд кишилар бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломга насаб жиҳатидан яқин бўлишни хоҳларди. Бу борада Усмон ибн Аффон ҳар икковидан ўтиб кетди. Ҳазрати Усмон Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Руқияга уйланиш бахтига мушарраф бўлди. Бадр жангидан кейин Руқия вафот этгандан сўнг Набий алайҳиссалом Усмонга иккинчи қизлари Умму Гулсумни никоҳлаб бердилар.
Бир куни Абу Бакр Набий алайҳиссаломнинг олдиларига келиб:
- Эй Расулуллоҳ, менинг исломда самимиятим ва ибратимни яхши биласиз, мен... мен... - деди ва тили бошқа сўзга айланмай қолди.
Набий алайҳиссалом нима демоқчи эканини тушунмасдан айтдиларки:
- Нима бўлди? Сиддиқ айтди:
- Фотимага уйлансам дегандим.
Абу Бакрнинг таклифидан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларида норозилик аломатлари кўриниб турарди. Ҳаттоки юзларини буриб олдилар. Шундан сўнг Абу Бакр Умарнинг олдига бориб бўлган воқеани айтиб берди:
- Эй Умар, тамом бўлдим. Умар сўради:
- Нима бўлди?
- Мен Расулуллоҳдан қизлари Фотимани ўзимга сўрадим. У киши мендан юз ўгирди.
Умар ибн Хаттоб айтди:
- Сиз қилган ишни мен охирига етказаман. Сиз сўраган нарсани мен ҳам сўрайман.
Шундан сўнг Умар масжидга қараб жўнади. Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб: "Эй Расулуллоҳ, менинг исломда самимиятим ва ибратимни яхши биласиз, мен... мен...", деди-ю унинг ҳам тили бошқа сўзга айланмай қолди.
Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар:
- Нима бўлди? Умар айтди:
- Фотимага уйлансам дегандим
Хотамул анбиё саллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ҳам юзини бурдилар.
Умар Абу Бакрнинг олдига келиб бўлган воқеани айтиб берди.
- Албатта, у зот Аллоҳнинг бу хусусдаги ҳукмини кутяпти. Алининг олдига борайлик, биз Расулуллоҳдан сўраган нарсани у ҳам сўраб кўрсин.
Иккалалари Алининг олдига боришди. У хурмо шохларини бутаётган эди. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ: "Амакинг қизига уйлансанг, яхши бўларди", деб таклифини билдирди.
Сиддиқ билан Форуқ уни уйланишга даъват қилди. У ҳам Абу Бакр ва Умар билан бўлган воқеани эслаб бироз иккиланди. Сўнгра таваккал қилиб йўлга чиқди. Набий саллаллоҳу алайҳи васалламничг қузурларига бориб ўтирди ва:
- Эй Расулуллоҳ, исломдаги ибратимни яхши биласиз, мен... мен...- деди-ю, унинг ҳам тили бошқа сўзга айланмади.
Набий алайҳиссалом ундан сўрадилар:
- Нега келдинг, эй Али?
Али: "Фотимани менга беринг", деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом Алидан сўрадилар:
- Сенда бирор нарса борми? Али ибн Абу Толиб айтди:
- Йўқ.
Хотамул анбиё (с.а.в.) айтдилар:
- Зирҳли қалқонинг қаерда? Али ибн Абу Толиб айтди:
- Ўзимда.
Набий алайҳиссалом:
- Уни сотгин, - дедилар.
Али ибн Абу Толиб қалқонини 480 дирҳамга сотиб, пулини Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига келтириб қўйди. У киши пулдан бир қисм олиб, Ҳазрати Билолга бердилар:
- Эй Билол, бу пулга яхши нарсалардан келтир. Расулуллоҳ (с.а.в.) Фотимани тўйга ясантиришни буюрдилар. Бўлғуси келин учун битта тўшак, хурмо пўстлоғи солиниб, тери билан қопланган ёстиқ, тагига қум тўшалган уйни бердилар. Сўнг Алига айтдиларки:
- Сен уни никоҳлаб олгунча унга ҳеч нарсани айтмагин. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қизлари Фотима Умму Айман билан бирга келганидан сўнг ҳазрати Алига никоҳланди.
Аллоҳ таоло Алига Расулуллоҳнинг неваралари Ҳасанни ато этди. Шундан сўнг Ҳазрати Алини Абул Ҳасан деб чақирадиган бўлишди. Ундан кейин Аллоҳ Ҳусайнни ҳам ҳадя қилди.
Ҳазрати Али пайғамбаримиз билан жуда кўп сафарларда бирга бўлган. Уҳуд ғазотида ва Хандақ кунида иштирок этган. Араб суворийси Амр ибн Абду Вудни ўлдирган. Абул Ҳасан (р.а.) Ҳудайбия сулҳи имзоланган куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Суҳайл ибн Амр ўртасидаги бўлиб ўтган келишув шартларини ёзиб турган.
Абул Ҳасан метин иродали, гавдаси бақувват, шижоатли ва нафси устидан ғолиб бўлган киши эди. Ҳазрати Али Бадр куни, Уҳуд ва Хандақ жангларида жанг қилган. Агар жангга кирса илдам қадам ташлаб кирар, душманлардан қўрқмас ва довюраклигига ҳамма қойил қоларди.
Хайбар кунида Содиқул масдуқ айтдилар:
- Эртага эрталаб бу байроқни бир кишига бераман. У Аллоҳ йўлида фатҳ қилади. У Аллоҳ ва Унинг расулини яхши кўради. Аллоҳ ва Унинг расули ҳам уни яхши кўради.
Мусулмонлар уйқуга ётишларидан аввал Расулуллоҳ эртага байроқни кимга берар эканлар, деб уйқулари келмай ётдилар. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ оладими? Ёки Умар ибн Хаттоб оладими? Баҳс - мунозара байроқ берилгунча давом этди.
Одамлар байроқ кимга насиб этар экан деб Расулуллоҳнинг олдиларига келишди. Шу ерга ҳозир бўлган ҳар бир саҳобий байроқни олишга умид қилар эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) башорат қилган бахтли кимса ким экан? Байроқни олган киши Аллоҳ ва Унинг расулини яхши кўради. Аллоҳ ва Унинг расули ҳам уни яхши кўради.
Ҳақ сўзни айтувчи саллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар:
- Али ибн Абу Толиб қаерда?
Саҳобалар унинг кўзи оғриб ётганини айтишди. Раҳмат набийи алайҳиссалом айтдилар:
- Унга одам юборинглар, келсин.
Абул Ҳасан у кишининг олдига келганида шифо топиши учун дуо қилдилар. Аллоҳнинг изни ва Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг баракотлари билан Алининг кўзлари тузалди.
Хотамул анбиё саллаллоҳу алайҳи васаллам байроқни Алига бердилар. Абул Ҳасан айтдики:
- Мен улар билан ҳақ йўлга юрмагунларича уришаман. Имомул хайр бўлган зот айтдилар:
- Уларнинг олдига элчиларни юбор, Исломга даъват қил. Сўнг уларга вожиб бўлган Аллоҳнинг ҳақларини танит. Аллоҳга қасамки, улардан бирини сен туфайли Аллоҳ ҳидоятга бошласа, сен учун дунё ва барча нарсалардан яхшироқдир.
Хотамул анбиё саллаллоҳу алайҳи васаллам чиққан ғазотларда Ҳазрати Али ҳар доим бирга бўлган. Фақат Табук ғазотида Пайғамбаримиз Алини аҳлига ва мусулмонларга волий этиб кетганлар. Али розийаллоҳу анҳуда Аллоҳ йўлида жанг қилишга рағбат кучли эканини кўргач, Набий алайҳиссалом Алига таскин-тасалли бериб, шундай деган эдилар:
- Сен мен учун Мусога Ҳорун қандай бўлса шундайсан.
Фақатгина мендан кейин пайғамбар келмайди.

* * *
Саҳобалар ва тобеъинлар Абул Ҳасанни фиқҳ, фатво ва ҳукм масаласида етакчи бўлганига ижмоъ қилишган.
Аввалги халифа Абу Бакр, амирул мўминин Умар ва учинчи халифа Усмон қийин ва мушкул масалаларни ҳал қилишда Алига мурожат қилишган. Форуқ Али хусусида шундай дер эди:
- Али бизнинг қозимиз.
Абул Ҳасансиз бирон масалани ҳал қилишда Аллоҳдан паноҳ тиларди. Буни Умарнинг қўйидаги сўзлари ҳам исботлайди:
- Агар Али бўлмаса, Умар ҳалок бўларди.
Қуръон таржимони деган шарафга эришган Абдуллоҳ ибн Аббос айтади:
- Илмнинг ўндан тўққиз қисми Али ибн Абу Толибга берилган, қолган бир қисмини у бошқалар билан бўлишиб олган.
Бир киши Абу Ҳафсанинг олдига келиб сўради:
- Эй мўминлар амири, умра қаердан бошланади?
- Алидан сўра.
Мўминлар онаси Оиша онамиз сўради:
- Ким сизларга Ашуро куни рўза тутиш ҳақида фатво берди?
- Али ибн Абу Толиб, - дейишди. Авлодлар муаллимаси Оиша (р.а.) айтдилар:
- У суннатни бошқалардан кўра яхши билади. Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд айтади:
- Мадинада фароизни(мерос тақсимлаш илмини) билгувчироғи Али ибн Абу Толибдир.
Абул Ҳасан (р.а.) айтардики:
- Мендан сўрайверинглар, .Аллоҳга қасамки, мендан бир нарсани сўрасанглар, унинг хабарини бераман. Мендан Аллоҳнинг китоби ҳақида сўранглар. Мен ҳар бир оятни қай вақт - кечаси нозил бўлганми ёки кундуз, водий ёки тоғда нозил бўлганми, ҳаммасини биламан.

* * *
Амирул мўминин Усмон ибн Аффон қатл этилгандан сўнг кўпгина катта саҳобийлар Али ибн Абу Толибга байъат бера бошладилар. Бу воқеа ҳижратнинг 35-йили зулҳижжа ойида содир бўлди. Катта саҳобийлардан Зубайр ибн Аввом ва Талҳа ибн Убайдуллоҳлар биринчи бўлиб байъат беришган. Кейин айнан шу икки саҳоба берган байъатидан воз кечиб, мўминлар онаси Оиша онамиз билан Басрага йўл олди. Бу кишилар Ҳазрати Алини Зуннурайннинг қотилларини жазолашни кечиктираётганидан, хун талаб қилмаётганидан норозилигини билдиришди. Шу тариқа иккови атрофида катта жамоа тўпланди. Амирул мўминин Али ибн Абу Толиб бу иккови билан учрашишга мажбур бўлди. Қанча уринишларга қарамасдан мусулмонларнинг икки жамоаси орасида ихтилоф чиқди. Бу тарихга Жамал воқеасини олиб кирди.
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг тарбиясини олган Али ғалаба қозонди. Бу жангда уммул мўминин Оиша онамиз асир олинди. Лекин Абул Ҳасан уммул мўминин ҳурматини жойига қўйиб, иззат-эҳтиром билан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаҳрига кузатиб қўйди. Баъзи улуғ саҳобий аёлларни эркак кийимида Оиша (р.а.) билан қўшиб юборади.

* * *
Муовия ибн Абу Суфён қўшини заифлашиб бораётганини кўргач, ҳийла йўлига ўтди. У Сиффин жанги асносида аскарларига найза ва қиличлари учига Қуръонни кўтариб олишни буюрди. Бу фитна хусусида Аллоҳнинг китоби билан ҳукм чиқаришни таклиф қилди.
Фақиҳ Абул Ҳасан Амр ибн Ос ва Муовия ўйлаб чиқарган бу фитнани тушуниб етди ва ўз қўшинини бу фитнадан огоҳлантирди. Лекин вазият юмшаб ироқликлар унга қарши чиқди. Али ибн Абу Толиб бу ҳукм чиқаришда бир ҳийла-найранг қўлланганини сезиб қолди. Бу иш охир-оқибатда Али тарафидан Абу Мусо Ашъарий ва Муовия тарафидан эса Амр ибн Осни ҳакам бўлишига келишиб олиш билан якун топгандек бўлди.
Икки тарафнинг ҳаками учрашди. Бу икки ҳакам бир биридан фарқ қиларди. Чунки Абу Мусо Ашъарий ҳийла ва қувликни билмайдиган, сиёсатдан йироқ киши бўлган. У бу ерда макр-ҳийла ишлатилаётганини сезмади. Амр ибн Ос эса ҳийла ва найрангда устаси фаранг киши эди. Унинг соҳиби Муовия ибн Абу Суфён ҳам ундан асло қолишмасди.
Амр ибн Ос Абу Мусо Ашъарийга тузоқ ясаб, уни туширишга шошилмади. Амр ибн Ос Абу Мусо Ашъарий билан учрашганда ҳар иккаласи ўз соҳибини халифаликдан бўшатишни ва бу ишни мусулмонлар жамоасига қўйиб, кимни хоҳласалар, шуни халифа қилиб сайлашларига ихтиёр беришни таклиф қилди. Бу таклиф Абу Мусога маъқул тушиб жамоат олдига чиқди.
Абу Мусо Ашъарий алданди ва унинг таклифини бажарди. У араблар ҳийлагари Амр ибн Оснинг ичидаги нияти бошқа эканига заррача гумон қилмаганди.
Шунинг учун Абу Мусо бу таклифга рози бўлиб минбарга кўтарилди ва ўз соҳиби Али ибн Абу Толибни халифалиқдан бўшатганини эълон қилди. Бунга одамлар шоҳид бўлишди. Шундан сўнг Амр ибн Ос минбарга чиқди ва Абу Мусо билан келишиб Али ибн Абу Толибни халифаликдан бўшатганини қувватлаб, ўз соҳиби Муовия ибн Абу Суфённи эса халифаликда қолганини эълон қилди.
Ҳазрати Али сиёсий музокарада ютқазди. Абул Ҳасан шундан кейин ҳам ҳарбий қуватини тиклашга бир неча марта уриниб кўрди. Лекин бунинг уддасидан чиқолмади.
Алининг халифалик даври фитна ва доимий урушлар ичида кечди. Абу Бакр Сиддиқ ва Умарул Форуқ бошлаган футуҳотларнинг бир қисмини Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳу дастлабки йилларда давом зттирди. Фатҳ ишларини Али ибн Абу Толиб даврида давом эттириш имкони бўлмади. У ички низо ва ислоҳат ишларидан бўшамади.

* * *
Ҳазрати Али сиёсий музокарада Муовияга ютқизгандан кейин, қўшини ўртасида ихтилоф чиқди. Бир гуруҳ мусулмонлар қўшиндан ажралиб чиқиб ўзларини "Хаво-рижлар" деб эълон қилди. Улар Басра ва Кўфа аҳолисидан иборат бўлишган. Хаворижлар халифа Али ибн Абу Толибни қатл қилишдан бошқа чора тополмадилар ва бу ишга Абдураҳмон ибн Малжамни ёллашди. Абдураҳмон ибн Малжам хаворижлардан бўлган ўта мутаассиб киши эди. У масжидда Али розийаллоҳу анҳунинг келишини пойлаб беркиниб турди. Али розийаллоҳу анҳу бомдод намози учун масжидга чиққанида у зотга тўсатдан ташланиб, қўлидаги қиличи билан бошларига қаттиқ зарба бериб қочди. Ибн Малжамни тутиб боғлаб қўйдилар.
Ҳазрати Али кейин одамларга қараб: "Жонга-жон, қонга-қон, агар ўлиб кетсам, уни ҳам мени қандай ўлдирган бўлса шундай ўлдириб юборинглар. Агар тирик қол-сам, унда ўзим нима қилишни ўйлаб кўраман. Эй Бани Абду Муттолиб, амирал мўмининни ўлдирдилар, деган баҳона билан мусулмонларнинг қонини тўкманглар. Мени фақат бир қотил ўлдирди, холос. Эй Ҳасан, мана шу зарба туфайли ажал етса, уни ҳам худди шундай зарба билан қатл қилинглар. Зеро, мен Расул алайҳиссаломдан: "Қийнаб ўлдиришдан сақланинглар, қутирган ит бўлса ҳам", деганларини эшитганман", деди.
Амирул мўминин Али ибн Абу Толиб ҳижратнинг қирқинчи йили рамазон ойининг ўн тўққизинчи кечаларидан бирида вафот этди. Бу пайтда у киши олтмиш уч ёшда бўлган. У киши уч ярим ой кам беш йил халифаликни бошқарди.

Абдулазиз Шанавийнинг "Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг издошлари" китобидан олинди.

* * *

Ali ibn Abu Tolib Rasululloh sallallohu alayhi vasallamning amakilari Abu Tolib xonadonida tavallud topdi. Bu paytda Rasulullohning yoshlari o‘ttiz ikkida edi.
Hazrati Alining otasi Abu Tolib Qurayshning ulug‘ va atoqli shaxslaridan bo‘lib, Nabiy sallallohu alayhi vasallamga Quraysh mushriklari aziyat yetkazganda himoya qilgan, Islomni qabul qilmagan bo‘lsada dinga juda katta foydasi tekkan fozil kishi edi.
Abu Tolib jiyani Nabiy alayhissalomni eng qiyin va og‘ir vaqtlarda. ahvollari tang bo‘lib qolganda himoya qilardi. Abu Tolib serfarzand kishi edi. Rasuli Akram payg‘ambarlik yuborilmasdan ilgari amakisi Hamza ibn Abdulmuttolib bilan kelishgan holda uning ismi farzandini o‘z qaramog‘iga olishgan edi. Abbos Hamzaning Ali esa Muhammad sallallohu alayhi vasallamning hujralarida ulg‘aya boshladi.
Hazrati Alining ranglari bug‘doy rang, tepakal va faqat boshining orqa qismidagina sochlari bo‘lgan. Soch va soqollari oq tus bo‘lgan. Ko‘zlari qop-qora, yelkalari keng, kaftlari dag‘al, qorindor, to‘lalikka yaqin, o‘rta bo‘yli, tishlari ko‘rinib turadigan va chiroyli yuzli, agar yursa, gavdalarini ko‘tarib yuradigan kishi bo‘lgan. Ota-onasining hamma ishlarida yordam berardi.
Bolalardan birinchi bo‘lib Payg‘ambarimiz (s.a.v.) keltirgan dinni qabul qiladi.
Ali yoshligidan johiliyatning har xil nopok odamlaridan yiroq bo‘lib voyaga yetdi. U islomni qabul qilganida o‘n yoshda edi. Bir kuni otasi Abu Tolib Alini Makka daralaridan birida Muhammad (s.a.v.) bilan birga namoz o‘qiyotganini ko‘rdi va o‘g‘lidan so‘radi:
- Ey o‘g‘ilcham, sen ham amaking keltirgan dinga iymon keltirdingmi?
Ali aytdi:
- Ey ota, men amakim Muhammad (s.a.v.) Allohning payg‘ambari ekaniga iymon keltirdim va tasdiqladim. Hozir ko‘rganingizdek Alloh uchun namoz o‘qib, u kishiga ergashdim.
Abu Tolib dedi:
- U seni yaxshilikka boshlagan bo‘lsa. uni lozim tut. Ali amakisi Muhammadni yaxshi ko‘rar, hurmat qilar va ba’zi ishlarida yordam berardi. Abul Qosim sallal-lohu alayhi vasallam Makkadan chiqib ketadigan hijrat kechasida o‘z joylariga Alini yotqizib ketgan edilar.

* * *
Hazrati Ali Payg‘ambarimiz (s.a.v.) Makkai Mukarramadan Madinai Munavvaraga qilgan hijratlarini qo‘yidagicha eslaydi:
- Rasululloh Madinaga hijrat qilgach, menga Makkada qolishni tayyinladilar. Chunki men Rasululloh (s.a.v.)ning qurayshliklarga berishi kerak bo‘lgan omonatlarini yetkazishim zarur edi. Quraysh qabilasi Nabiy alayhissalomni "Amin" kunyasi bilan sifatlardi. Men Qubays tog‘iga chiqib uch marta: "Kimning Muhammadga omonati bo‘lsa, kelib olib ketsin, deb e’lon qildim. Omonatlarni ado etib bo‘lganimdan so‘ng Rasululloh alayhissalom orqalaridan yo‘lga chiqdim. U zot qo‘nim topgan Amr ibn Avf uyiga yetib kelib, Gulsum ibn Xidomning xovlisiga joylashdim.
Rasululloh alayhissalom Madinaga kelganlaridan so‘ng masjid qurilishi boshlanib ketdi. Birinchi bo‘lib Nabiy alayhissalom, keyin Abu Bakr, Umar, Usmon va Ali roziyallohu anhular navbat bilan g‘isht qo‘yishdi. Musulmonlarning kuch qudrati va ahilligi bilan masjid qisqa muddatlarda qurib bitkazildi. Shundan so‘ng Payg‘ambarimiz (s.a.v.) muhojirlar va ansorlarni bir-birlari bilan birodar bo‘lishga chaqirdilar. Nabiy alayhissalomning o‘zlari Ali ibn Abu Tolib bilan birodarlik rishtasini bog‘ladilar.

* * *
Rasululloh (s.a.v.)ning qizlari Fotima 18 yoshga to‘lganidan so‘ng sovchilar keti uzilmay qoldi.
Abu Bakr va Umar Rasululloh sallallohu alayhi vasallamning huzurlarida hurmati baland kishilar bo‘lib, Payg‘ambar alayhissalomga nasab jihatidan yaqin bo‘lishni xohlardi. Bu borada Usmon ibn Affon har ikkovidan o‘tib ketdi. Hazrati Usmon Rasululloh sallallohu alayhi vasallamning qizlari Ruqiyaga uylanish baxtiga musharraf bo‘ldi. Badr jangidan keyin Ruqiya vafot etgandan so‘ng Nabiy alayhissalom Usmonga ikkinchi qizlari Ummu Gulsumni nikohlab berdilar.
Bir kuni Abu Bakr Nabiy alayhissalomning oldilariga kelib:
- Ey Rasululloh, mening islomda samimiyatim va ibratimni yaxshi bilasiz, men... men... - dedi va tili boshqa so‘zga aylanmay qoldi.
Nabiy alayhissalom nima demoqchi ekanini tushunmasdan aytdilarki:
- Nima bo‘ldi? Siddiq aytdi:
- Fotimaga uylansam degandim.
Abu Bakrning taklifidan Rasululloh sallallohu alayhi vasallamning yuzlarida norozilik alomatlari ko‘rinib turardi. Hattoki yuzlarini burib oldilar. Shundan so‘ng Abu Bakr Umarning oldiga borib bo‘lgan voqeani aytib berdi:
- Ey Umar, tamom bo‘ldim. Umar so‘radi:
- Nima bo‘ldi?
- Men Rasulullohdan qizlari Fotimani o‘zimga so‘radim. U kishi mendan yuz o‘girdi.
Umar ibn Xattob aytdi:
- Siz qilgan ishni men oxiriga yetkazaman. Siz so‘ragan narsani men ham so‘rayman.
Shundan so‘ng Umar masjidga qarab jo‘nadi. Nabiy sallallohu alayhi vasallamning huzurlariga borib: "Ey Rasululloh, mening islomda samimiyatim va ibratimni yaxshi bilasiz, men... men...", dedi-yu uning ham tili boshqa so‘zga aylanmay qoldi.
Muhammad sallallohu alayhi vasallam so‘radilar:
- Nima bo‘ldi? Umar aytdi:
- Fotimaga uylansam degandim
Xotamul anbiyo sallallohu alayhi vasallam undan ham yuzini burdilar.
Umar Abu Bakrning oldiga kelib bo‘lgan voqeani aytib berdi.
- Albatta, u zot Allohning bu xususdagi hukmini kutyapti. Alining oldiga boraylik, biz Rasulullohdan so‘ragan narsani u ham so‘rab ko‘rsin.
Ikkalalari Alining oldiga borishdi. U xurmo shoxlarini butayotgan edi. Hazrati Abu Bakr Siddiq: "Amaking qiziga uylansang, yaxshi bo‘lardi", deb taklifini bildirdi.
Siddiq bilan Foruq uni uylanishga da’vat qildi. U ham Abu Bakr va Umar bilan bo‘lgan voqeani eslab biroz ikkilandi. So‘ngra tavakkal qilib yo‘lga chiqdi. Nabiy sallallohu alayhi vasallamnichg quzurlariga borib o‘tirdi va:
- Ey Rasululloh, islomdagi ibratimni yaxshi bilasiz, men... men...- dedi-yu, uning ham tili boshqa so‘zga aylanmadi.
Nabiy alayhissalom undan so‘radilar:
- Nega kelding, ey Ali?
Ali: "Fotimani menga bering", dedi. Rasululloh alayhissalom Alidan so‘radilar:
- Senda biror narsa bormi? Ali ibn Abu Tolib aytdi:
- Yo‘q.
Xotamul anbiyo (s.a.v.) aytdilar:
- Zirhli qalqoning qaerda? Ali ibn Abu Tolib aytdi:
- O‘zimda.
Nabiy alayhissalom:
- Uni sotgin, - dedilar.
Ali ibn Abu Tolib qalqonini 480 dirhamga sotib, pulini Payg‘ambar alayhissalomning oldilariga keltirib qo‘ydi. U kishi puldan bir qism olib, Hazrati Bilolga berdilar:
- Ey Bilol, bu pulga yaxshi narsalardan keltir. Rasululloh (s.a.v.) Fotimani to‘yga yasantirishni buyurdilar. Bo‘lg‘usi kelin uchun bitta to‘shak, xurmo po‘stlog‘i solinib, teri bilan qoplangan yostiq, tagiga qum to‘shalgan uyni berdilar. So‘ng Aliga aytdilarki:
- Sen uni nikohlab olguncha unga hech narsani aytmagin. Rasululloh (s.a.v.)ning qizlari Fotima Ummu Ayman bilan birga kelganidan so‘ng hazrati Aliga nikohlandi.
Alloh taolo Aliga Rasulullohning nevaralari Hasanni ato etdi. Shundan so‘ng Hazrati Alini Abul Hasan deb chaqiradigan bo‘lishdi. Undan keyin Alloh Husaynni ham hadya qildi.
Hazrati Ali payg‘ambarimiz bilan juda ko‘p safarlarda birga bo‘lgan. Uhud g‘azotida va Xandaq kunida ishtirok etgan. Arab suvoriysi Amr ibn Abdu Vudni o‘ldirgan. Abul Hasan (r.a.) Hudaybiya sulhi imzolangan kuni Rasululloh sollallohu alayhi vasallam va Suhayl ibn Amr o‘rtasidagi bo‘lib o‘tgan kelishuv shartlarini yozib turgan.
Abul Hasan metin irodali, gavdasi baquvvat, shijoatli va nafsi ustidan g‘olib bo‘lgan kishi edi. Hazrati Ali Badr kuni, Uhud va Xandaq janglarida jang qilgan. Agar jangga kirsa ildam qadam tashlab kirar, dushmanlardan qo‘rqmas va dovyurakligiga hamma qoyil qolardi.
Xaybar kunida Sodiqul masduq aytdilar:
- Ertaga ertalab bu bayroqni bir kishiga beraman. U Alloh yo‘lida fath qiladi. U Alloh va Uning rasulini yaxshi ko‘radi. Alloh va Uning rasuli ham uni yaxshi ko‘radi.
Musulmonlar uyquga yotishlaridan avval Rasululloh ertaga bayroqni kimga berar ekanlar, deb uyqulari kelmay yotdilar. Hazrati Abu Bakr Siddiq oladimi? Yoki Umar ibn Xattob oladimi? Bahs - munozara bayroq berilguncha davom etdi.
Odamlar bayroq kimga nasib etar ekan deb Rasulullohning oldilariga kelishdi. Shu yerga hozir bo‘lgan har bir sahobiy bayroqni olishga umid qilar edi. Rasululloh (s.a.v.) bashorat qilgan baxtli kimsa kim ekan? Bayroqni olgan kishi Alloh va Uning rasulini yaxshi ko‘radi. Alloh va Uning rasuli ham uni yaxshi ko‘radi.
Haq so‘zni aytuvchi sallallohu alayhi vasallam so‘radilar:
- Ali ibn Abu Tolib qaerda?
Sahobalar uning ko‘zi og‘rib yotganini aytishdi. Rahmat nabiyi alayhissalom aytdilar:
- Unga odam yuboringlar, kelsin.
Abul Hasan u kishining oldiga kelganida shifo topishi uchun duo qildilar. Allohning izni va Rasululloh (s.a.v.)ning barakotlari bilan Alining ko‘zlari tuzaldi.
Xotamul anbiyo sallallohu alayhi vasallam bayroqni Aliga berdilar. Abul Hasan aytdiki:
- Men ular bilan haq yo‘lga yurmagunlaricha urishaman. Imomul xayr bo‘lgan zot aytdilar:
- Ularning oldiga elchilarni yubor, Islomga da’vat qil. So‘ng ularga vojib bo‘lgan Allohning haqlarini tanit. Allohga qasamki, ulardan birini sen tufayli Alloh hidoyatga boshlasa, sen uchun dunyo va barcha narsalardan yaxshiroqdir.
Xotamul anbiyo sallallohu alayhi vasallam chiqqan g‘azotlarda Hazrati Ali har doim birga bo‘lgan. Faqat Tabuk g‘azotida Payg‘ambarimiz Alini ahliga va musulmonlarga voliy etib ketganlar. Ali roziyallohu anhuda Alloh yo‘lida jang qilishga rag‘bat kuchli ekanini ko‘rgach, Nabiy alayhissalom Aliga taskin-tasalli berib, shunday degan edilar:
- Sen men uchun Musoga Horun qanday bo‘lsa shundaysan.
Faqatgina mendan keyin payg‘ambar kelmaydi.

* * *
Sahobalar va tobe’inlar Abul Hasanni fiqh, fatvo va hukm masalasida yetakchi bo‘lganiga ijmo’ qilishgan.
Avvalgi xalifa Abu Bakr, amirul mo‘minin Umar va uchinchi xalifa Usmon qiyin va mushkul masalalarni hal qilishda Aliga murojat qilishgan. Foruq Ali xususida shunday der edi:
- Ali bizning qozimiz.
Abul Hasansiz biron masalani hal qilishda Allohdan panoh tilardi. Buni Umarning qo‘yidagi so‘zlari ham isbotlaydi:
- Agar Ali bo‘lmasa, Umar halok bo‘lardi.
Qur’on tarjimoni degan sharafga erishgan Abdulloh ibn Abbos aytadi:
- Ilmning o‘ndan to‘qqiz qismi Ali ibn Abu Tolibga berilgan, qolgan bir qismini u boshqalar bilan bo‘lishib olgan.
Bir kishi Abu Hafsaning oldiga kelib so‘radi:
- Ey mo‘minlar amiri, umra qaerdan boshlanadi?
- Alidan so‘ra.
Mo‘minlar onasi Oisha onamiz so‘radi:
- Kim sizlarga Ashuro kuni ro‘za tutish haqida fatvo berdi?
- Ali ibn Abu Tolib, - deyishdi. Avlodlar muallimasi Oisha (r.a.) aytdilar:
- U sunnatni boshqalardan ko‘ra yaxshi biladi. Buyuk sahobiy Abdulloh ibn Mas’ud aytadi:
- Madinada faroizni(meros taqsimlash ilmini) bilguvchirog‘i Ali ibn Abu Tolibdir.
Abul Hasan (r.a.) aytardiki:
- Mendan so‘rayveringlar, .Allohga qasamki, mendan bir narsani so‘rasanglar, uning xabarini beraman. Mendan Allohning kitobi haqida so‘ranglar. Men har bir oyatni qay vaqt - kechasi nozil bo‘lganmi yoki kunduz, vodiy yoki tog‘da nozil bo‘lganmi, hammasini bilaman.

* * *
Amirul mo‘minin Usmon ibn Affon qatl etilgandan so‘ng ko‘pgina katta sahobiylar Ali ibn Abu Tolibga bay’at bera boshladilar. Bu voqea hijratning 35-yili zulhijja oyida sodir bo‘ldi. Katta sahobiylardan Zubayr ibn Avvom va Talha ibn Ubaydullohlar birinchi bo‘lib bay’at berishgan. Keyin aynan shu ikki sahoba bergan bay’atidan voz kechib, mo‘minlar onasi Oisha onamiz bilan Basraga yo‘l oldi. Bu kishilar Hazrati Alini Zunnuraynning qotillarini jazolashni kechiktirayotganidan, xun talab qilmayotganidan noroziligini bildirishdi. Shu tariqa ikkovi atrofida katta jamoa to‘plandi. Amirul mo‘minin Ali ibn Abu Tolib bu ikkovi bilan uchrashishga majbur bo‘ldi. Qancha urinishlarga qaramasdan musulmonlarning ikki jamoasi orasida ixtilof chiqdi. Bu tarixga Jamal voqeasini olib kirdi.
Rasululloh alayhissalomning tarbiyasini olgan Ali g‘alaba qozondi. Bu jangda ummul mo‘minin Oisha onamiz asir olindi. Lekin Abul Hasan ummul mo‘minin hurmatini joyiga qo‘yib, izzat-ehtirom bilan, Rasululloh sallallohu alayhi vasallamning shahriga kuzatib qo‘ydi. Ba’zi ulug‘ sahobiy ayollarni erkak kiyimida Oisha (r.a.) bilan qo‘shib yuboradi.

* * *
Muoviya ibn Abu Sufyon qo‘shini zaiflashib borayotganini ko‘rgach, hiyla yo‘liga o‘tdi. U Siffin jangi asnosida askarlariga nayza va qilichlari uchiga Qur’onni ko‘tarib olishni buyurdi. Bu fitna xususida Allohning kitobi bilan hukm chiqarishni taklif qildi.
Faqih Abul Hasan Amr ibn Os va Muoviya o‘ylab chiqargan bu fitnani tushunib yetdi va o‘z qo‘shinini bu fitnadan ogohlantirdi. Lekin vaziyat yumshab iroqliklar unga qarshi chiqdi. Ali ibn Abu Tolib bu hukm chiqarishda bir hiyla-nayrang qo‘llanganini sezib qoldi. Bu ish oxir-oqibatda Ali tarafidan Abu Muso Ash’ariy va Muoviya tarafidan esa Amr ibn Osni hakam bo‘lishiga kelishib olish bilan yakun topgandek bo‘ldi.
Ikki tarafning hakami uchrashdi. Bu ikki hakam bir biridan farq qilardi. Chunki Abu Muso Ash’ariy hiyla va quvlikni bilmaydigan, siyosatdan yiroq kishi bo‘lgan. U bu yerda makr-hiyla ishlatilayotganini sezmadi. Amr ibn Os esa hiyla va nayrangda ustasi farang kishi edi. Uning sohibi Muoviya ibn Abu Sufyon ham undan aslo qolishmasdi.
Amr ibn Os Abu Muso Ash’ariyga tuzoq yasab, uni tushirishga shoshilmadi. Amr ibn Os Abu Muso Ash’ariy bilan uchrashganda har ikkalasi o‘z sohibini xalifalikdan bo‘shatishni va bu ishni musulmonlar jamoasiga qo‘yib, kimni xohlasalar, shuni xalifa qilib saylashlariga ixtiyor berishni taklif qildi. Bu taklif Abu Musoga ma’qul tushib jamoat oldiga chiqdi.
Abu Muso Ash’ariy aldandi va uning taklifini bajardi. U arablar hiylagari Amr ibn Osning ichidagi niyati boshqa ekaniga zarracha gumon qilmagandi.
Shuning uchun Abu Muso bu taklifga rozi bo‘lib minbarga ko‘tarildi va o‘z sohibi Ali ibn Abu Tolibni xalifaliqdan bo‘shatganini e’lon qildi. Bunga odamlar shohid bo‘lishdi. Shundan so‘ng Amr ibn Os minbarga chiqdi va Abu Muso bilan kelishib Ali ibn Abu Tolibni xalifalikdan bo‘shatganini quvvatlab, o‘z sohibi Muoviya ibn Abu Sufyonni esa xalifalikda qolganini e’lon qildi.
Hazrati Ali siyosiy muzokarada yutqazdi. Abul Hasan shundan keyin ham harbiy quvatini tiklashga bir necha marta urinib ko‘rdi. Lekin buning uddasidan chiqolmadi.
Alining xalifalik davri fitna va doimiy urushlar ichida kechdi. Abu Bakr Siddiq va Umarul Foruq boshlagan futuhotlarning bir qismini Usmon ibn Affon roziyallohu anhu dastlabki yillarda davom zttirdi. Fath ishlarini Ali ibn Abu Tolib davrida davom ettirish imkoni bo‘lmadi. U ichki nizo va islohat ishlaridan bo‘shamadi.

* * *
Hazrati Ali siyosiy muzokarada Muoviyaga yutqizgandan keyin, qo‘shini o‘rtasida ixtilof chiqdi. Bir guruh musulmonlar qo‘shindan ajralib chiqib o‘zlarini "Xavo-rijlar" deb e’lon qildi. Ular Basra va Ko‘fa aholisidan iborat bo‘lishgan. Xavorijlar xalifa Ali ibn Abu Tolibni qatl qilishdan boshqa chora topolmadilar va bu ishga Abdurahmon ibn Maljamni yollashdi. Abdurahmon ibn Maljam xavorijlardan bo‘lgan o‘ta mutaassib kishi edi. U masjidda Ali roziyallohu anhuning kelishini poylab berkinib turdi. Ali roziyallohu anhu bomdod namozi uchun masjidga chiqqanida u zotga to‘satdan tashlanib, qo‘lidagi qilichi bilan boshlariga qattiq zarba berib qochdi. Ibn Maljamni tutib bog‘lab qo‘ydilar.
Hazrati Ali keyin odamlarga qarab: "Jonga-jon, qonga-qon, agar o‘lib ketsam, uni ham meni qanday o‘ldirgan bo‘lsa shunday o‘ldirib yuboringlar. Agar tirik qol-sam, unda o‘zim nima qilishni o‘ylab ko‘raman. Ey Bani Abdu Muttolib, amiral mo‘mininni o‘ldirdilar, degan bahona bilan musulmonlarning qonini to‘kmanglar. Meni faqat bir qotil o‘ldirdi, xolos. Ey Hasan, mana shu zarba tufayli ajal yetsa, uni ham xuddi shunday zarba bilan qatl qilinglar. Zero, men Rasul alayhissalomdan: "Qiynab o‘ldirishdan saqlaninglar, qutirgan it bo‘lsa ham", deganlarini eshitganman", dedi.
Amirul mo‘minin Ali ibn Abu Tolib hijratning qirqinchi yili ramazon oyining o‘n to‘qqizinchi kechalaridan birida vafot etdi. Bu paytda u kishi oltmish uch yoshda bo‘lgan. U kishi uch yarim oy kam besh yil xalifalikni boshqardi.

Abdulaziz Shanaviyning "Rasululloh (s.a.v.)ning izdoshlari" kitobidan olindi.