Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 09.02.2015

Ҳазрат Умар Қурайш қабиласининг Бану Адий уруғидан. Жоҳилият даврида қабиланинг элчиликка масъул кишиси бўлган.

Фил йилидан ўн уч йил ўтиб туғилган. Набийга нубувват келганида йигирма етти ёшда бўлган ва нубувватнинг олтинчи йили Исломни қабул қилган. Мўминлар амири бўлганида эллик икки ёшда эди. Унинг амирлик даври ўн йилу олти ою тўрт кун давом этган. Олтмиш икки ёшида вафот этган. Отаси Хаттоб Қурайш бошлиқларидан, онаси Ҳамна бинти Ҳошим эди. Аммасининг ўғли Валид ибн Муғира Холид ибн Валиднинг отаси бўлган.

Болалари: ўғли Абдуллоҳ ибн Умар Набийнинг феълларига энг кўп эргашган саҳобалардан. Қизи Ҳафса Набийнинг завжасидир. Умарнинг Фотима ва Осим исмли фарзандлари ҳам бўлган. Қолган уч фарзандини Набийнинг : «Аллоҳга исмларнинг энг ёқимлиси “Абдуллоҳ” ва “Абдураҳмон”дир», деган ҳадисларини эшитгач, битта ном билан атаган: “Катта Абдураҳмон”, “Ўртанча Абдураҳмон” ҳамда “Кичик Абдураҳмон”.

Лақаблари: учта лақаби бўлиб, иккитасини Набий қўйганлар. Биринчиси: “Абу Ҳафс”, шернинг боласи деган маънони англатади.

“Абу Ҳафс” деб қизи Ҳафсага нисбатан айтилган деган фикр ҳам бор. Иккинчи лақаби “Форуқ”. Набий : “Сен Форуқсан, яъни: Аллоҳ сен орқали ҳақ билан ботилнинг орасини ажратади”, дея марҳамат қилганлар. Учинчи лақаби эса “мўминлар амири” деб ном олишидир.

Умар ибн Хаттобнинг бўйи узун бўлганидан келаётганини кўрган одам уни от миниб олган деб ўйларди. Мушаклари бақувват, мўйлови энли, ўзи оқ-сариқдан келган, чиройли юзли киши бўлган. Юрганида тез, шахдам-шахдам қадам ташларди. Ўктам овозда гапирар, хаёл билан турган одам товушидан қўрқиб кетиши мумкин эди. Бу унинг одамлар орасидаги ҳайбатидан дарак беради.

Исломни қабул қилишидан илгари Расулуллоҳ : “Аллоҳ, Исломни Умар ибн Хаттоб ёки Амр ибн Ҳишом билан кучли этгин”, деб дуо қилганлар.

* * *

Мусулмонлар сафи кенгайиб бораётганини кузатиб турган Умар (Исломни қабул қилмасидан илгари) Набийни ўлдиришга қарор қилади. Макка кўчаларидан қиличини яланғочлаганича Расулуллоҳнинг уйлари томон юра бошлайди. Уни саҳобалардан бири кўриб қолиб: “Йўл бўлсин, эй Умар”, деб сўрайди. Умар: “Муҳаммаднинг олдига, уни ўлдираман ва Қурайшни ундан қутқараман”, дейди. Саҳоба Набийга зарар етиб қолишидан чўчиб: “Бани Абдулмуталлиб бунга йўл қўяди деб ўйлайсанми?” дейди. Бу гапни эшитган Умар: “Қарасам, сен ҳам Муҳаммадга эргашганга ўхшайсан, диндан чиқибсан”, деб таҳдид қилади. Саҳоба: “Йўғ-е, бундай эмас. Лекин, эй Умар, олдин ўзингнинг этагингни йиғиштир, Муҳаммаднинг ҳузурига боришдан олдин синглинг ва куёвингни тарбиялаб ол. Улар Муҳаммадга эргашиб кетишган”, дейди. Бу гапдан Умарнинг тепа сочи тикка бўлади ва синглисининг уйига йўл олади. Саҳоба эса тезда Набийнинг ҳузурларига бориб, у кишини вазиятдан огоҳлантиради.

Умар синглисининг уйида куёви Саидни ушлаб олиб: “Динингдан қайтиб, Муҳаммадга эргашибсан, шундайми?” деб дўқ уради. Саид: “Тўғри йўл сенинг динингдан бошқа динда бўлса-чи?” деб эътироз билдиргани заҳоти кучли зарба ейди. Умар Саиднинг устига ўзини отиб, аёвсиз ура бошлайди. Юзига ураётган вақтида Фотима бинти Хаттоб келиб қолади ва Умарни эридан нари қилишга уринади. Фотима акасига: “Акажон, тўғри йўл сенинг динингдан бошқа динда бўлса, нима дейсан?!” дейди дадиллик билан. Натижада бир тарсаки ейди. Шу пайтда бехосдан қўлидаги варақ тушиб кетади. Буни кўрган Умар: “Уни менга узат-чи!” дейди буйруқ оҳангида. Синглиси: “Сен нопоксан, бунда эса Аллоҳнинг каломи бор, уни фақат пок кишиларгина ушлайди, бориб ювиниб кел”, дейди. Умар ювиниб келгач, қоғозни ўқий бошлайди. Бу Тоҳо сураси эди: «То, ҳо. (Эй Муҳаммад!) Биз Сизга бу Қуръонни (дин ишида) машаққат чекишингиз учун эмас, балки (Аллоҳдан) қўрқадиган кишилар учун эслатма сифатида нозил қилдик. (У) Ерни ва юксак осмонларни яратган зот (Аллоҳ томони)дан нозил қилингандир. (У) Арш узра “муставий” бўлмиш Раҳмондир. Осмонлардаги, Ердаги ва уларнинг орасидаги ҳамда замин остидаги бор нарса Уникидир. Агар (Сиз) ошкора гапирсангиз ҳам (ёки хуфиёна гапирсангиз ҳам), албатта, У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билур. Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Унинг “Асмои Ҳусно”си (гўзал исмлари) бордир» (Тоҳо, 1–8). Шундан сўнг Умар:“Бу сўзни фақат оламларнинг Раббиси айта олади. Лаа илаҳа иллАллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ. Мени Муҳаммаднинг ҳузурига олиб боринглар”, дейди. Хабоб ибн Арот унинг олдига чиқиб: “У зот Арқам ибн Абу Арқамнинг хонадонидадир. Мен сенда Расулуллоҳнинг : “Аллоҳим, Исломни Умар ибн Хаттоб ёки Амр ибн Ҳишом билан кучли этгин”, дея қилган дуоларининг ижобатини кўряпман”, дейди. Умар ибн Хаттоб бу гапдан хурсанд бўлиб кетди ва Арқамнинг уйига бориб эшик қоқди. Умар ичкарига киргач, Пайғамбаримизнинг тиззаларига ўзини ташлайди. Шунда Расулуллоҳ : “Энди имон келтирасанми, эй Умар”, дейдилар. Умар ибн Хаттоб: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман”, дея шаҳодат калимасини айтади.

* * *

Набий унга жаннат башоратини берганлар. Абу Мусо Ашъарий айтади: «Мен Набийни масжиддан изладим. Тополмагач, у зотнинг қаердаликларини сўрадим. Менга ҳозиргина чиқиб кетганларини айтишди. Арис қудуғига етганимда, у зот оёқларини қудуққа солиб ўтирган эканлар. Эшикбон бўлиб туришни мақсад қилдим. Шу пайт Абу Бакр келди. Унга: “Бугун мен эшикбонман. Расулуллоҳ рухсат бермагунларича ичкарига кирмайсан”, деб айтдим. Абу Бакр ҳайрон бўлди ва рухсатни кутиб турди.

Сўнг Расулуллоҳнинг ёнига бориб: “Эй Аллоҳнинг расули, Абу Бакр сиздан киришга изн сўраяпти”, деб айтдим. Расулуллоҳ унинг келганидан хурсанд бўлиб, табассум қилдилар ва: “Киришига рухсат бер ва унга жаннат башоратини ҳам бер”, дея марҳамат қилдилар. Айтганларидай қилдим. Абу Бакр ичкарига кириб, Пайғамбаримизнинг ёнларига ўтирди ва у ҳам оёқларини қудуққа солиб олди. Шу вақт ҳазрат Умар келиб қолди. Энди ичкарига кирмоқчи бўлганида “Бугун мен эшикбонман, Расулуллоҳ рухсат бермагунларича ичкарига кириш йўқ”, деб айтдим. Набий унга ҳам ижозат бериб, жаннат хабарини айтдилар».

* * *

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ асҳоблари орасида ўтирганларида: “Абу Бакр қандай ҳам яхши инсон, Умар қандай ҳам яхши инсон”, дея марҳамат қилдилар. Бошқа бир куни Набий масжидга кирибоқ: “Абу Бакр қаерда? Олдимга келсин. Умар қаерда? Олдимга келсин”, деб айтдилар. Олдиларига келганларида эса, иккисининг ҳам қўлидан тутиб: “Қиёмат кунида худди шундай қайта тириламиз”, дедилар. Ҳасан Басрий бундай ҳикоя қилади: «Қиёмат куни Ислом одам суратида келади. Сўнг одамларга бирма-бир қараб: “Эй Раббим, мана бу менга ёрдам берди, мана бу мени хор қилди”, деб айтади. Сўнгра Умар ибн Хаттобга қараб унинг қўлидан тутади ва: “Эй Раббим, мана шу киши Исломни қабул қилгунига қадар мен ғариб эдим”, дейди». Набий айтадилар: «Тушимда жаннатда эканим кўрсатилди. У ерда катта қаср кўрдим. Шунда мен: “Бу қаср кимники?” деб сўрадим. Менга: “Бу қурайшлик кишининг қасри”, дейилди. “Меникими?” деб сўрадим. “Йўқ, бу Умар ибн Хаттобнинг қасридир”, дейишди».

Яна бир ҳадисда Набий айтадилар: «Тушимда жаннатда эканим кўрсатилди. У ерда улкан қасрни кўрдим. Қаср олдида бир аёл таҳорат олаётган эди. Ҳалиги аёлдан: “Бу қаср кимники?” деб сўрадим. У: “Умар ибн Хаттобники” деб жавоб берди. “Шунда Умарнинг рашкини эслаб, у ерга кирмай кетдим”, дедилар. Бу гапни эшитган ҳазрат Умар йиғлаганича: “Мен сиздан рашк қиламанми, эй Аллоҳнинг Расули?!” деди».

* * *

Қурайш аёллари Пайғамбаримиздан динни ўрганаётган эди. Гаплашаётган вақтларида товушларини Набийнинг овозларидан юқори кўтариб юборишди. Шу пайт ҳазрат Умар эшик тақиллатиб қолди. Унинг овозини эшитгач, аёлларнинг дами ичига тушиб, қўрқиб кетишди. Набий эса кулиб юбордилар. Ҳазрат Умар ичкарига кирганида унга: “Биласанми, Умар, анави аёллар менинг ҳузуримда гаплашиб ўтириб, овозларини меникидан баланд кўтараётган эдилар. Сен келишинг билан жим бўлиб қолдилар, нафаслари ичига тушиб кетди”, дедилар. Шунда Умар: “Эй Аллоҳнинг расули, сиздан қўрқишларига ҳақлироқсиз”, деди ва аёлларга қарата: “Эй ўз жонининг душманлари, мендан қўрқасизлар-у, Аллоҳнинг расулидан қўрқмайсизларми?!” деди. Аёллар унга жавобан: “Ахир сен қўполсан-да”, дедилар. Пайғамбар кулиб юбордилар ва: “Эй Умар, агар шайтон сенга йўлда дуч келиб қолса, ўзига бошқа йўл топиб кетади”, дедилар.

* * *

Бир ривоятга кўра, Расулуллоҳ : “Тушимда мен тарозининг бир палласига, умматим эса иккинчи палласига қўйилди. Мен оғир келдим. Сўнгра Абу Бакр бир паллага ва уммат бир паллага қўйилди. Абу Бакр оғир келди. Сўнг Умар бир паллага ва уммат иккинчи паллага қўйилганди, Умар оғир келди”, дея марҳамат қилганлар.

* * *

“Нима учун тиланчилик қиляпсан?” дея сўради йўлда гадойчилик қилиб ўтирган кишидан ҳазрат Умар кунларнинг бирида. Ҳалиги яҳудий: “Жизя тўлаш учун мол йиғяпман”, деб жавоб қилди. Ҳазрат Умар : “Биз сендан ёшлигингда жизя олиб, энди қариб-кексайиб қолганингда тиланчилик қилишга ташлаб қўйибмиз-ку! Йўқ, Аллоҳ ҳаққи, сенга албатта нафақа берамиз”, деди ва қарияга бундан олдин тиланчиликдан тушган нарсаларни эгаларига қайтаришини буюрди ва ўша ондан бошлаб барча Ислом ўлкаларига у ерда яшайдиган барча яҳудий ва насороларнинг қария ва ногиронлари, болалари ва аёлларига моддий ёрдам берилсин, деб амр қилди.

* * *

Ҳазрат Умар тунлари Мадина кўчаларини айланиб юришга одатланган эди. Ана шундай сайрларнинг бирида гўдак йиғисини эшитиб қолиб, яқинлашди ва ичкаридан эркак кишининг: “Болага нима бўлди? Аллоҳ ҳаққи, уни эмизгин!” дегани ва аёл кишининг: “Бориб болага егулик олиб келинг”, деб жавоб қайтарганини эшитиб қолди. Умар яна бир кеча уларнинг эшиги олдидан ўтди. Ичкаридан яна эркак кишининг: “Аллоҳ ҳаққи, болани эмизсанг-чи”, деган танбеҳи эшитилди. Умар учинчи кеча ана шу уйнинг олдида тунаб қолди ва эрнинг ғазаб аралаш: “Сенга ўхшаган онани ҳеч ҳам кўрган эмасман, нима бўлди ўзи?” деб сўрагани, аёлнинг: “Мени тинч қўйинг, Умар ибн Хаттоб фақат кўкракдан ажраган болалар учун маош тўлайди, менинг болам эса эмади”, деганини эшитди. Бу гапдан сўнг ҳазрат Умар йиғлаб юборди. Кўп йиғлаганидан бомдодда имомликка ўтиб беролмади. Бу ҳолга тушунмай турган мусулмонлар намоздан сўнг шавкатли амирнинг: “Эй Умар, Қиёмат кунида шўринг қурийдиган бўлди. Қанчадан-қанча болаларнинг ҳақига зомин бўлдинг”, дея ўзини маломат қилганини эшитишди. Сўнгра Умар : “Эй одамлар, Аллоҳ ҳаққи, бугундан бошлаб, болаларингизни сутдан ажратманг. Қиёмат кунида улар туфайли сўроққа тутилмаслигим учун Исломда туғилган ҳар бир гўдакка маош тайин қиламан”, деди.

* * *

Бир куни ҳазрат Умар : “Эй одамлар, агар бошим билан дунёга шўнғиб кетсам нима қиласизлар?” деб сўради. Ҳеч ким бирор сўз айтмади. У бу саволини уч марта қайтарди. Шунда одамлар орасидан бир киши туриб: “Агар бошинг билан дунёга шўнғийдиган бўлсанг, сен билан қиличимиз орқали гаплашамиз!” деди. Шунда ҳазрат Умар : “Муҳаммад умматидан Умарни тўғрилаб қўядиган кишини пайдо қилган Зотга ҳамду сано бўлсин”, дея Аллоҳга ҳамд айтди.

* * *

Умар ибн Хаттобдан мағлубиятга учраган Ҳирақл мусулмонлар амири билан учрашиш учун элчи жўнатади. Элчи Мадина кўчаларидан юриб, мўминлар амирининг қасрини қидира бошлайди. Бир кишидан сўраганида: “Мана шу йўлдан борсанг, уни учратасан”, деган жавобни олади. Йўлда эканида унга бошқа бир киши: “Дарахт тагида ухлаб ётган кишини кўряпсанми, ана ўша мўминларнинг амиридир”, дейди. Шунда элчи бошининг тагига оёқ кийимини қўйиб, терга ботиб ухлаб ётган Умарни кўради ва: “Адолатли ҳукм суриб, хотиржам ухладинг. Биз эса подшоҳлик қуриб, зулм қилдик ва қўрқиб бедор бўлдик. Эй мусулмонлар, шу сабаб бизнинг устимиздан ғолиб бўлдинглар”, деди.

Юлдуз Комилова тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2012 йил, 12-сонидан олинди.

* * *

Hazrat Umar Quraysh qabilasining Banu Adiy urug‘idan. Johiliyat davrida qabilaning elchilikka mas’ul kishisi bo‘lgan.

Fil yilidan o‘n uch yil o‘tib tug‘ilgan. Nabiyga nubuvvat kelganida yigirma yetti yoshda bo‘lgan va nubuvvatning oltinchi yili Islomni qabul qilgan. Mo‘minlar amiri bo‘lganida ellik ikki yoshda edi. Uning amirlik davri o‘n yilu olti oyu to‘rt kun davom etgan. Oltmish ikki yoshida vafot etgan. Otasi Xattob Quraysh boshliqlaridan, onasi Hamna binti Hoshim edi. Ammasining o‘g‘li Valid ibn Mug‘ira Xolid ibn Validning otasi bo‘lgan.

Bolalari: o‘g‘li Abdulloh ibn Umar Nabiyning fe’llariga eng ko‘p ergashgan sahobalardan. Qizi Hafsa Nabiyning zavjasidir. Umarning Fotima va Osim ismli farzandlari ham bo‘lgan. Qolgan uch farzandini Nabiyning : «Allohga ismlarning eng yoqimlisi “Abdulloh” va “Abdurahmon”dir», degan hadislarini eshitgach, bitta nom bilan atagan: “Katta Abdurahmon”, “O‘rtancha Abdurahmon” hamda “Kichik Abdurahmon”.

Laqablari: uchta laqabi bo‘lib, ikkitasini Nabiy qo‘yganlar. Birinchisi: “Abu Hafs”, sherning bolasi degan ma’noni anglatadi.

“Abu Hafs” deb qizi Hafsaga nisbatan aytilgan degan fikr ham bor. Ikkinchi laqabi “Foruq”. Nabiy : “Sen Foruqsan, ya’ni: Alloh sen orqali haq bilan botilning orasini ajratadi”, deya marhamat qilganlar. Uchinchi laqabi esa “mo‘minlar amiri” deb nom olishidir.

Umar ibn Xattobning bo‘yi uzun bo‘lganidan kelayotganini ko‘rgan odam uni ot minib olgan deb o‘ylardi. Mushaklari baquvvat, mo‘ylovi enli, o‘zi oq-sariqdan kelgan, chiroyli yuzli kishi bo‘lgan. Yurganida tez, shaxdam-shaxdam qadam tashlardi. O‘ktam ovozda gapirar, xayol bilan turgan odam tovushidan qo‘rqib ketishi mumkin edi. Bu uning odamlar orasidagi haybatidan darak beradi.

Islomni qabul qilishidan ilgari Rasululloh : “Alloh, Islomni Umar ibn Xattob yoki Amr ibn Hishom bilan kuchli etgin”, deb duo qilganlar.

* * *

Musulmonlar safi kengayib borayotganini kuzatib turgan Umar (Islomni qabul qilmasidan ilgari) Nabiyni o‘ldirishga qaror qiladi. Makka ko‘chalaridan qilichini yalang‘ochlaganicha Rasulullohning uylari tomon yura boshlaydi. Uni sahobalardan biri ko‘rib qolib: “Yo‘l bo‘lsin, ey Umar”, deb so‘raydi. Umar: “Muhammadning oldiga, uni o‘ldiraman va Qurayshni undan qutqaraman”, deydi. Sahoba Nabiyga zarar yetib qolishidan cho‘chib: “Bani Abdulmutallib bunga yo‘l qo‘yadi deb o‘ylaysanmi?” deydi. Bu gapni eshitgan Umar: “Qarasam, sen ham Muhammadga ergashganga o‘xshaysan, dindan chiqibsan”, deb tahdid qiladi. Sahoba: “Yo‘g‘-e, bunday emas. Lekin, ey Umar, oldin o‘zingning etagingni yig‘ishtir, Muhammadning huzuriga borishdan oldin singling va kuyovingni tarbiyalab ol. Ular Muhammadga ergashib ketishgan”, deydi. Bu gapdan Umarning tepa sochi tikka bo‘ladi va singlisining uyiga yo‘l oladi. Sahoba esa tezda Nabiyning huzurlariga borib, u kishini vaziyatdan ogohlantiradi.

Umar singlisining uyida kuyovi Saidni ushlab olib: “Diningdan qaytib, Muhammadga ergashibsan, shundaymi?” deb do‘q uradi. Said: “To‘g‘ri yo‘l sening diningdan boshqa dinda bo‘lsa-chi?” deb e’tiroz bildirgani zahoti kuchli zarba yeydi. Umar Saidning ustiga o‘zini otib, ayovsiz ura boshlaydi. Yuziga urayotgan vaqtida Fotima binti Xattob kelib qoladi va Umarni eridan nari qilishga urinadi. Fotima akasiga: “Akajon, to‘g‘ri yo‘l sening diningdan boshqa dinda bo‘lsa, nima deysan?!” deydi dadillik bilan. Natijada bir tarsaki yeydi. Shu paytda bexosdan qo‘lidagi varaq tushib ketadi. Buni ko‘rgan Umar: “Uni menga uzat-chi!” deydi buyruq ohangida. Singlisi: “Sen nopoksan, bunda esa Allohning kalomi bor, uni faqat pok kishilargina ushlaydi, borib yuvinib kel”, deydi. Umar yuvinib kelgach, qog‘ozni o‘qiy boshlaydi. Bu Toho surasi edi: «To, ho. (Ey Muhammad!) Biz Sizga bu Qur’onni (din ishida) mashaqqat chekishingiz uchun emas, balki (Allohdan) qo‘rqadigan kishilar uchun eslatma sifatida nozil qildik. (U) Yerni va yuksak osmonlarni yaratgan zot (Alloh tomoni)dan nozil qilingandir. (U) Arsh uzra “mustaviy” bo‘lmish Rahmondir. Osmonlardagi, Yerdagi va ularning orasidagi hamda zamin ostidagi bor narsa Unikidir. Agar (Siz) oshkora gapirsangiz ham (yoki xufiyona gapirsangiz ham), albatta, U sirni ham, eng maxfiy narsalarni ham bilur. Alloh – Undan o‘zga iloh yo‘qdir. Uning “Asmoi Husno”si (go‘zal ismlari) bordir» (Toho, 1–8). Shundan so‘ng Umar:“Bu so‘zni faqat olamlarning Rabbisi ayta oladi. Laa ilaha illAlloh, Muhammadur Rasululloh. Meni Muhammadning huzuriga olib boringlar”, deydi. Xabob ibn Arot uning oldiga chiqib: “U zot Arqam ibn Abu Arqamning xonadonidadir. Men senda Rasulullohning : “Allohim, Islomni Umar ibn Xattob yoki Amr ibn Hishom bilan kuchli etgin”, deya qilgan duolarining ijobatini ko‘ryapman”, deydi. Umar ibn Xattob bu gapdan xursand bo‘lib ketdi va Arqamning uyiga borib eshik qoqdi. Umar ichkariga kirgach, Payg‘ambarimizning tizzalariga o‘zini tashlaydi. Shunda Rasululloh : “Endi imon keltirasanmi, ey Umar”, deydilar. Umar ibn Xattob: “Allohdan o‘zga iloh yo‘qligiga va Muhammad Uning bandasi va rasuli ekaniga guvohlik beraman”, deya shahodat kalimasini aytadi.

* * *

Nabiy unga jannat bashoratini berganlar. Abu Muso Ash’ariy aytadi: «Men Nabiyni masjiddan izladim. Topolmagach, u zotning qaerdaliklarini so‘radim. Menga hozirgina chiqib ketganlarini aytishdi. Aris qudug‘iga yetganimda, u zot oyoqlarini quduqqa solib o‘tirgan ekanlar. Eshikbon bo‘lib turishni maqsad qildim. Shu payt Abu Bakr keldi. Unga: “Bugun men eshikbonman. Rasululloh ruxsat bermagunlaricha ichkariga kirmaysan”, deb aytdim. Abu Bakr hayron bo‘ldi va ruxsatni kutib turdi.

So‘ng Rasulullohning yoniga borib: “Ey Allohning rasuli, Abu Bakr sizdan kirishga izn so‘rayapti”, deb aytdim. Rasululloh uning kelganidan xursand bo‘lib, tabassum qildilar va: “Kirishiga ruxsat ber va unga jannat bashoratini ham ber”, deya marhamat qildilar. Aytganlariday qildim. Abu Bakr ichkariga kirib, Payg‘ambarimizning yonlariga o‘tirdi va u ham oyoqlarini quduqqa solib oldi. Shu vaqt hazrat Umar kelib qoldi. Endi ichkariga kirmoqchi bo‘lganida “Bugun men eshikbonman, Rasululloh ruxsat bermagunlaricha ichkariga kirish yo‘q”, deb aytdim. Nabiy unga ham ijozat berib, jannat xabarini aytdilar».

* * *

Kunlarning birida Rasululloh ashoblari orasida o‘tirganlarida: “Abu Bakr qanday ham yaxshi inson, Umar qanday ham yaxshi inson”, deya marhamat qildilar. Boshqa bir kuni Nabiy masjidga kiriboq: “Abu Bakr qaerda? Oldimga kelsin. Umar qaerda? Oldimga kelsin”, deb aytdilar. Oldilariga kelganlarida esa, ikkisining ham qo‘lidan tutib: “Qiyomat kunida xuddi shunday qayta tirilamiz”, dedilar. Hasan Basriy bunday hikoya qiladi: «Qiyomat kuni Islom odam suratida keladi. So‘ng odamlarga birma-bir qarab: “Ey Rabbim, mana bu menga yordam berdi, mana bu meni xor qildi”, deb aytadi. So‘ngra Umar ibn Xattobga qarab uning qo‘lidan tutadi va: “Ey Rabbim, mana shu kishi Islomni qabul qilguniga qadar men g‘arib edim”, deydi». Nabiy aytadilar: «Tushimda jannatda ekanim ko‘rsatildi. U yerda katta qasr ko‘rdim. Shunda men: “Bu qasr kimniki?” deb so‘radim. Menga: “Bu qurayshlik kishining qasri”, deyildi. “Menikimi?” deb so‘radim. “Yo‘q, bu Umar ibn Xattobning qasridir”, deyishdi».

Yana bir hadisda Nabiy aytadilar: «Tushimda jannatda ekanim ko‘rsatildi. U yerda ulkan qasrni ko‘rdim. Qasr oldida bir ayol tahorat olayotgan edi. Haligi ayoldan: “Bu qasr kimniki?” deb so‘radim. U: “Umar ibn Xattobniki” deb javob berdi. “Shunda Umarning rashkini eslab, u yerga kirmay ketdim”, dedilar. Bu gapni eshitgan hazrat Umar yig‘laganicha: “Men sizdan rashk qilamanmi, ey Allohning Rasuli?!” dedi».

* * *

Quraysh ayollari Payg‘ambarimizdan dinni o‘rganayotgan edi. Gaplashayotgan vaqtlarida tovushlarini Nabiyning ovozlaridan yuqori ko‘tarib yuborishdi. Shu payt hazrat Umar eshik taqillatib qoldi. Uning ovozini eshitgach, ayollarning dami ichiga tushib, qo‘rqib ketishdi. Nabiy esa kulib yubordilar. Hazrat Umar ichkariga kirganida unga: “Bilasanmi, Umar, anavi ayollar mening huzurimda gaplashib o‘tirib, ovozlarini menikidan baland ko‘tarayotgan edilar. Sen kelishing bilan jim bo‘lib qoldilar, nafaslari ichiga tushib ketdi”, dedilar. Shunda Umar: “Ey Allohning rasuli, sizdan qo‘rqishlariga haqliroqsiz”, dedi va ayollarga qarata: “Ey o‘z jonining dushmanlari, mendan qo‘rqasizlar-u, Allohning rasulidan qo‘rqmaysizlarmi?!” dedi. Ayollar unga javoban: “Axir sen qo‘polsan-da”, dedilar. Payg‘ambar kulib yubordilar va: “Ey Umar, agar shayton senga yo‘lda duch kelib qolsa, o‘ziga boshqa yo‘l topib ketadi”, dedilar.

* * *

Bir rivoyatga ko‘ra, Rasululloh : “Tushimda men tarozining bir pallasiga, ummatim esa ikkinchi pallasiga qo‘yildi. Men og‘ir keldim. So‘ngra Abu Bakr bir pallaga va ummat bir pallaga qo‘yildi. Abu Bakr og‘ir keldi. So‘ng Umar bir pallaga va ummat ikkinchi pallaga qo‘yilgandi, Umar og‘ir keldi”, deya marhamat qilganlar.

* * *

“Nima uchun tilanchilik qilyapsan?” deya so‘radi yo‘lda gadoychilik qilib o‘tirgan kishidan hazrat Umar kunlarning birida. Haligi yahudiy: “Jizya to‘lash uchun mol yig‘yapman”, deb javob qildi. Hazrat Umar : “Biz sendan yoshligingda jizya olib, endi qarib-keksayib qolganingda tilanchilik qilishga tashlab qo‘yibmiz-ku! Yo‘q, Alloh haqqi, senga albatta nafaqa beramiz”, dedi va qariyaga bundan oldin tilanchilikdan tushgan narsalarni egalariga qaytarishini buyurdi va o‘sha ondan boshlab barcha Islom o‘lkalariga u yerda yashaydigan barcha yahudiy va nasorolarning qariya va nogironlari, bolalari va ayollariga moddiy yordam berilsin, deb amr qildi.

* * *

Hazrat Umar tunlari Madina ko‘chalarini aylanib yurishga odatlangan edi. Ana shunday sayrlarning birida go‘dak yig‘isini eshitib qolib, yaqinlashdi va ichkaridan erkak kishining: “Bolaga nima bo‘ldi? Alloh haqqi, uni emizgin!” degani va ayol kishining: “Borib bolaga yegulik olib keling”, deb javob qaytarganini eshitib qoldi. Umar yana bir kecha ularning eshigi oldidan o‘tdi. Ichkaridan yana erkak kishining: “Alloh haqqi, bolani emizsang-chi”, degan tanbehi eshitildi. Umar uchinchi kecha ana shu uyning oldida tunab qoldi va erning g‘azab aralash: “Senga o‘xshagan onani hech ham ko‘rgan emasman, nima bo‘ldi o‘zi?” deb so‘ragani, ayolning: “Meni tinch qo‘ying, Umar ibn Xattob faqat ko‘krakdan ajragan bolalar uchun maosh to‘laydi, mening bolam esa emadi”, deganini eshitdi. Bu gapdan so‘ng hazrat Umar yig‘lab yubordi. Ko‘p yig‘laganidan bomdodda imomlikka o‘tib berolmadi. Bu holga tushunmay turgan musulmonlar namozdan so‘ng shavkatli amirning: “Ey Umar, Qiyomat kunida sho‘ring quriydigan bo‘ldi. Qanchadan-qancha bolalarning haqiga zomin bo‘lding”, deya o‘zini malomat qilganini eshitishdi. So‘ngra Umar : “Ey odamlar, Alloh haqqi, bugundan boshlab, bolalaringizni sutdan ajratmang. Qiyomat kunida ular tufayli so‘roqqa tutilmasligim uchun Islomda tug‘ilgan har bir go‘dakka maosh tayin qilaman”, dedi.

* * *

Bir kuni hazrat Umar : “Ey odamlar, agar boshim bilan dunyoga sho‘ng‘ib ketsam nima qilasizlar?” deb so‘radi. Hech kim biror so‘z aytmadi. U bu savolini uch marta qaytardi. Shunda odamlar orasidan bir kishi turib: “Agar boshing bilan dunyoga sho‘ng‘iydigan bo‘lsang, sen bilan qilichimiz orqali gaplashamiz!” dedi. Shunda hazrat Umar : “Muhammad ummatidan Umarni to‘g‘rilab qo‘yadigan kishini paydo qilgan Zotga hamdu sano bo‘lsin”, deya Allohga hamd aytdi.

* * *

Umar ibn Xattobdan mag‘lubiyatga uchragan Hiraql musulmonlar amiri bilan uchrashish uchun elchi jo‘natadi. Elchi Madina ko‘chalaridan yurib, mo‘minlar amirining qasrini qidira boshlaydi. Bir kishidan so‘raganida: “Mana shu yo‘ldan borsang, uni uchratasan”, degan javobni oladi. Yo‘lda ekanida unga boshqa bir kishi: “Daraxt tagida uxlab yotgan kishini ko‘ryapsanmi, ana o‘sha mo‘minlarning amiridir”, deydi. Shunda elchi boshining tagiga oyoq kiyimini qo‘yib, terga botib uxlab yotgan Umarni ko‘radi va: “Adolatli hukm surib, xotirjam uxlading. Biz esa podshohlik qurib, zulm qildik va qo‘rqib bedor bo‘ldik. Ey musulmonlar, shu sabab bizning ustimizdan g‘olib bo‘ldinglar”, dedi.

Yulduz Komilova tayyorladi.

“Hidoyat” jurnalining 2012 yil, 12-sonidan olindi.