Зайд ибн Арқам

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 13.01.2015

Тўлиқ исми Зайд ибн Арқам ибн Зайд ибн Қайс ибн Нўъмондир. Куняси Абу Амр. Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг қарамоғида тарбия топган.

Зайд ибн Арқам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бир замонда яшади, ғазотларда қатнашди. Бани Мусталиқ сафари вақтида Зайд ёш бола эди. Жангдан сўнг, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва саҳобалари Мурийсида сув ичиш, туя ва отларни суғориш учун қудуқ олдида тўхтадилар.

Муҳожирлардан Жаҳжаҳ ибн Масъуд Ғифорий ва ансорлардан Синон ибн Вабр Жуҳаний бир вақтда қудуққа келишди. Биринчи бўлиб сув олишни талашиб қолишди.

Мунозара кучайгач, Жуҳаний: “Эй ансорлар жамоаси!” деб қичқирди. Шундан сўнг Жаҳжаҳ ҳам: “Эй муҳожирлар жамоаси!” деб қабиладошларини чақирди. Саҳобалар аралашгачгина муросага келишди. Бундай ножўя ишлар мусулмонларга ярашмаслигини ҳамма биларди. Лекин у ерда Убай ибн Салул исмли бир мунофиқ бор эди. Одамлар кўзига ўзини мусулмон кўрсатиб, намоз ўқир, сафарларга чиқар, аслида Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирмаган эди. Агар мусулмонлар ғолиб бўлса, уларнинг яхшилигига эга чиқишни истарди у.

Убай ибн Салул: “Жаҳжаҳнинг гапини эшитдингларми? У қандай қилиб “Эй муҳожирлар жамоаси!” деб нидо қилишга ботина олди?! Бу билан у нимани назарда тутди? Нима, улар ўша ансорийни ўлдиришмоқчими? Мадинага суқилишиб, тиқилишиб келганларида биз уларга бошпана берганимиз эсларидан чиқибди, шекилли?! Шунга айтадилар-да: “Ит боқсанг, ўзингни қопар”, деб Аллоҳга қасам, Мадинага қайтгач, кучлилар кучсизларни албатта, қувиб чиқаради”, деди.

Ушбу қасами билан у Мадинага қайтганида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва саҳобаларни чиқариб юборишни қасд қилди. Яна у қавмига: “Агар қўлларингиздаги нарсадан, молларингиздан муҳожирларга бермасангиз, бирга ўтирмасангиз, тез орада улар бошқа шаҳарга жўнаб кетишади. Улар бошқа шаҳарга кўчиб кетмагунича, Муҳаммаднинг ҳузуридаги кишиларга эҳсон қилманглар”, дейди.

Бу гапларнинг барини Зайд ибн Арқам эшитиб турган эди. У Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнларига бориб, бу хабарни етказди. Набий (алайҳиссалом) билан Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) бирга эдилар. Зайднинг сўзларини эшитгач, Умар (розияллоҳу анҳу) ғазабга минди ва: “Ё Расулуллоҳ! Уббод ибн Бишрга буюринг, ўша мунофиқни ўлдирсин!” деди.

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қаттиқ яхши кўрар, бирор киши ҳатто сўз билан бўлса-да, уларга озор беришига тоқат қилолмасди. Лекин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мунофиқни ўлдирмадилар. У зот (алайҳиссалом) бу хабарнинг ҳақиқати яширилиб, тафсилоти ўзгартирилиб, мишмишга айланиб, тарқаб кетишини ўйладилар. Чунки одамларнинг “Муҳаммад мунофиқ кишини ўлдирди”, дейишларидан кўра, “Муҳаммад ўзининг одамларини ўлдиряпти”, дейиши осонроқ эди.

Сўнгра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Умарга (розияллоҳу анҳу) Мадинага қайтиш ҳақида жар солишни буюрдилар. Убай ибн Салул эса иғволаридан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хабар топганини билгач, у кишининг ҳузурларига бориб: “Аллоҳга қасам, ё Расулуллоҳ, мен бундай деган эмасман. Бунақа гапни тилимга олганим йўқ”, деди. Жазодан қутулиб қолиш учун тинмай қасам ичди.

Шунда бир ансорий: “Шояд ҳалиги бола сўзини гумон билан гапирган бўлса”, деди. Яъни, яхши эшитолмагандир, ким айтганини ажратолмагандир, эшитганини ёдида яхши сақлаб қололмагандир, бу киши ундай гапни айтмагандир, деган маънода фикр билдирди.

Зайд йиғлаганича уйига кетди. Устига-устак амакиси ҳам тинмай: “Нима учун бундай дединг? Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ғазаблантирдинг ва анавилар ҳам сени тасдиқламадилар”, дерди. Зайд эса йиғлар, тўғрисўзлигини исботлашга ёрдам беришини сўраб, Аллоҳга дуо қиларди. Шундан сўнг, “Мунофиқун” сураси нозил бўлди. Унда Ибн Салул нималар дегани зикр қилинди. Абу Бакр билан Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳумо) Зайдга бу хушхабарни етказиш учун шошилдилар. Набий (алайҳиссалом) Зайдни қулоғидан ушлаб: “Эй болакай, қулоқларинг сени алдамабди”, деб қўйдилар. Шу тарзда Аллоҳ Зайдни тасдиқлади ва у Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундан-да кўпроқ меҳр қўйди.

* * *

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зайднинг бетобланиб, кўзларида оғриқ пайдо бўлганидан хабар топдилар. Уни кўргани бордилар ва: “Агар кўзларингга бир гап бўлса, нима қиласан?” деб сўрадилар. Зайд: “Сабр-тоқат қиламан”, деб жавоб қилди. Шунда Набий (алайҳиссалом): “Агар шундай қилсанг, жаннатга кирасан”, дедилар ва шифо сўраб ҳаққига дуо қилдилар.

Абу Яълонинг “Муснад”ида келишича: Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан сўнг Зайд ибн Арқамнинг кўзлари ожиз бўлиб қолди, сўнг Аллоҳ таоло яна унга кўз нурини қайтарди.

* * *

Зайд ибн Арқам Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) етмишта ҳадис ривоят қилган. Бухорий ва Муслим улардан қирқтасига иттифоқ қилишган. Шунингдек, ундан Анас ибн Молик, Ибн Аббос ва кўплаб тобеинлар ҳадис ривоят қилишган. Тобеинлар Зайдни Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўргани, у зотнинг ҳадисларини эшитгани ва у кишига эргашиб намоз ўқигани сабабидан кўп яхшиликка эришган деб билардилар.

Воқидий ва Иброҳим ибн Мунзир Хазамий берган маълумотга кўра, Зайд ибн Арқам ҳижратнинг олтмиш саккизинчи йили Куфада вафот этган.

Бушро тайёрлади.

Ҳидоят журналининг 2012 йил, 9-сонидан олинди.

* * *

To‘liq ismi Zayd ibn Arqam ibn Zayd ibn Qays ibn No‘‘mondir. Kunyasi Abu Amr. Abdulloh ibn Ravohaning qaramog‘ida tarbiya topgan.

Zayd ibn Arqam Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) bilan bir zamonda yashadi, g‘azotlarda qatnashdi. Bani Mustaliq safari vaqtida Zayd yosh bola edi. Jangdan so‘ng, Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) va sahobalari Muriysida suv ichish, tuya va otlarni sug‘orish uchun quduq oldida to‘xtadilar.

Muhojirlardan Jahjah ibn Mas’ud G‘iforiy va ansorlardan Sinon ibn Vabr Juhaniy bir vaqtda quduqqa kelishdi. Birinchi bo‘lib suv olishni talashib qolishdi.

Munozara kuchaygach, Juhaniy: “Ey ansorlar jamoasi!” deb qichqirdi. Shundan so‘ng Jahjah ham: “Ey muhojirlar jamoasi!” deb qabiladoshlarini chaqirdi. Sahobalar aralashgachgina murosaga kelishdi. Bunday nojo‘ya ishlar musulmonlarga yarashmasligini hamma bilardi. Lekin u yerda Ubay ibn Salul ismli bir munofiq bor edi. Odamlar ko‘ziga o‘zini musulmon ko‘rsatib, namoz o‘qir, safarlarga chiqar, aslida Allohga va Uning Rasuliga imon keltirmagan edi. Agar musulmonlar g‘olib bo‘lsa, ularning yaxshiligiga ega chiqishni istardi u.

Ubay ibn Salul: “Jahjahning gapini eshitdinglarmi? U qanday qilib “Ey muhojirlar jamoasi!” deb nido qilishga botina oldi?! Bu bilan u nimani nazarda tutdi? Nima, ular o‘sha ansoriyni o‘ldirishmoqchimi? Madinaga suqilishib, tiqilishib kelganlarida biz ularga boshpana berganimiz eslaridan chiqibdi, shekilli?! Shunga aytadilar-da: “It boqsang, o‘zingni qopar”, deb Allohga qasam, Madinaga qaytgach, kuchlilar kuchsizlarni albatta, quvib chiqaradi”, dedi.

Ushbu qasami bilan u Madinaga qaytganida Muhammad (sollallohu alayhi va sallam) va sahobalarni chiqarib yuborishni qasd qildi. Yana u qavmiga: “Agar qo‘llaringizdagi narsadan, mollaringizdan muhojirlarga bermasangiz, birga o‘tirmasangiz, tez orada ular boshqa shaharga jo‘nab ketishadi. Ular boshqa shaharga ko‘chib ketmagunicha, Muhammadning huzuridagi kishilarga ehson qilmanglar”, deydi.

Bu gaplarning barini Zayd ibn Arqam eshitib turgan edi. U Rasulullohning (sollallohu alayhi va sallam) yonlariga borib, bu xabarni yetkazdi. Nabiy (alayhissalom) bilan Umar ibn Xattob (roziyallohu anhu) birga edilar. Zaydning so‘zlarini eshitgach, Umar (roziyallohu anhu) g‘azabga mindi va: “Yo Rasululloh! Ubbod ibn Bishrga buyuring, o‘sha munofiqni o‘ldirsin!” dedi.

Umar ibn Xattob (roziyallohu anhu) Rasulullohni (sollallohu alayhi va sallam) qattiq yaxshi ko‘rar, biror kishi hatto so‘z bilan bo‘lsa-da, ularga ozor berishiga toqat qilolmasdi. Lekin Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) munofiqni o‘ldirmadilar. U zot (alayhissalom) bu xabarning haqiqati yashirilib, tafsiloti o‘zgartirilib, mishmishga aylanib, tarqab ketishini o‘yladilar. Chunki odamlarning “Muhammad munofiq kishini o‘ldirdi”, deyishlaridan ko‘ra, “Muhammad o‘zining odamlarini o‘ldiryapti”, deyishi osonroq edi.

So‘ngra Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) Umarga (roziyallohu anhu) Madinaga qaytish haqida jar solishni buyurdilar. Ubay ibn Salul esa ig‘volaridan Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) xabar topganini bilgach, u kishining huzurlariga borib: “Allohga qasam, yo Rasululloh, men bunday degan emasman. Bunaqa gapni tilimga olganim yo‘q”, dedi. Jazodan qutulib qolish uchun tinmay qasam ichdi.

Shunda bir ansoriy: “Shoyad haligi bola so‘zini gumon bilan gapirgan bo‘lsa”, dedi. Ya’ni, yaxshi eshitolmagandir, kim aytganini ajratolmagandir, eshitganini yodida yaxshi saqlab qololmagandir, bu kishi unday gapni aytmagandir, degan ma’noda fikr bildirdi.

Zayd yig‘laganicha uyiga ketdi. Ustiga-ustak amakisi ham tinmay: “Nima uchun bunday deding? Rasulullohni (sollallohu alayhi va sallam) g‘azablantirding va anavilar ham seni tasdiqlamadilar”, derdi. Zayd esa yig‘lar, to‘g‘riso‘zligini isbotlashga yordam berishini so‘rab, Allohga duo qilardi. Shundan so‘ng, “Munofiqun” surasi nozil bo‘ldi. Unda Ibn Salul nimalar degani zikr qilindi. Abu Bakr bilan Umar ibn Xattob (roziyallohu anhumo) Zaydga bu xushxabarni yetkazish uchun shoshildilar. Nabiy (alayhissalom) Zaydni qulog‘idan ushlab: “Ey bolakay, quloqlaring seni aldamabdi”, deb qo‘ydilar. Shu tarzda Alloh Zaydni tasdiqladi va u Rasulullohga (sollallohu alayhi va sallam) bundan-da ko‘proq mehr qo‘ydi.

* * *

Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) Zaydning betoblanib, ko‘zlarida og‘riq paydo bo‘lganidan xabar topdilar. Uni ko‘rgani bordilar va: “Agar ko‘zlaringga bir gap bo‘lsa, nima qilasan?” deb so‘radilar. Zayd: “Sabr-toqat qilaman”, deb javob qildi. Shunda Nabiy (alayhissalom): “Agar shunday qilsang, jannatga kirasan”, dedilar va shifo so‘rab haqqiga duo qildilar.

Abu Ya’loning “Musnad”ida kelishicha: Rasulullohning (sollallohu alayhi va sallam) vafotlaridan so‘ng Zayd ibn Arqamning ko‘zlari ojiz bo‘lib qoldi, so‘ng Alloh taolo yana unga ko‘z nurini qaytardi.

* * *

Zayd ibn Arqam Rasulullohdan (sollallohu alayhi va sallam) yetmishta hadis rivoyat qilgan. Buxoriy va Muslim ulardan qirqtasiga ittifoq qilishgan. Shuningdek, undan Anas ibn Molik, Ibn Abbos va ko‘plab tobeinlar hadis rivoyat qilishgan. Tobeinlar Zaydni Rasulullohni (sollallohu alayhi va sallam) ko‘rgani, u zotning hadislarini eshitgani va u kishiga ergashib namoz o‘qigani sababidan ko‘p yaxshilikka erishgan deb bilardilar.

Voqidiy va Ibrohim ibn Munzir Xazamiy bergan ma’lumotga ko‘ra, Zayd ibn Arqam hijratning oltmish sakkizinchi yili Kufada vafot etgan.

Bushro tayyorladi.

Hidoyatjurnalining 2012 yil, 9-sonidan olindi.