Зайнаб бинти Муҳаммад с.а.в.

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 13.12.2014

Отасининг зийнати

Бўлажак пайғамбар ўттиз ёшга тўлганларида ҳазрат Хадича онамиз Зайнабга юкли эди. Чақалоқлигида вафот этган Қосимдан кейинги бу фарзанд дунёга келишида Салмо исмли аёл доялик қилди. Атрофдагилар туғилажак чақалоқнинг қиз-ўғиллигини қизиқиш билан кутишарди. Тарихдан маълум, жоҳилия даврида қиз туғилиши оила учун иснод саналган, қизларни тириклайин кўмиш қавм орасида кўп тарқалган ҳодиса эди. Аммо вақти-соати етиб Зайнаб дунёга келганида атрофдагилар уятдан боши эгик ота қиёфасини эмас, нуроний юзда раҳмат қуёши порлаганини кўришди: “Муборак...”.

Хабар келтирган киши илтифотли раҳмат сўзларини эшитди, камига яна суюнчи олди! Оламлар сарвари дарҳол уйларига йўл олдилар. Ичкарига кирганларида чеҳралари севинчдан порларди. Табассум-ла аёлларини табрик­лар эканлар, чақалоқни меҳр ва шафқат билан қўлларига олдилар. Яратганга ҳамду санолар айтиб, бу маъсум чақалоққа “Зайнаб” деб исм қўйдилар.

Фазилатли аёл

Ҳазрат Зайнаб балоғатга етган сари Макканинг ўспиринлари назарига туша бошлади. Ҳам фазилатли, ҳам шарафли оилага мансуб қизга уйланиш ва насаби улуғларга куёв бўлиш Макка қабилалари орасида муҳим  эди. Хола бинти Ҳувайлиднинг ўғли Абул Ос ҳаммадан олдин совчи қўйди. У тижорат билан шуғулланар ва тўғри инсонлиги билан танилган йигит эди. Меҳрибон ота қадрли қизи учун Абул Осни муносиб кўриб, розилик билдирдилар.

Аллоҳ расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарликни инсонларга ошкор этиб Исломга чақира бошлаган кезлари Абул Ос сафарда эди. Маккага қайтгач, бу хабар унинг ҳам қулоғига етди. Тўғри уйига борди. Зайнабдан (розийаллоҳу анҳо) Ислом дини ва қавмидан Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввомларнинг (розийаллоҳу анҳум) мусулмон бўлгани ҳақида эшитди. Шунча фазилат эгаси бўлишига қарамай, Абул Ос ўзи ҳақида “хотини ва қайнотасини мамнун қилиш учун мусулмон бўлди”, дейишларидан андиша қилди.

Зайнаб (розийаллоҳу анҳо) бундан хафа, изтиробда эди. Шунга қарамай, уйидан кетмади, ҳидоятини Аллоҳ таолодан сўраб, эрининг хизматини қилаверди.

Абул Оснинг вафоси

Макка мушриклари коинот фахри Пайғам­баримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­ қўлларидан келган барча ёмонликни қилишдан тойишмасди. Кунларнинг бирида қурайшликлар яна бир мақсад учун тўпланишди. Мажлисда сўз олганлардан бири: “Сизлар Муҳаммаднинг қизларига талабгор бўлиб, дардини ариттиларинг. У эса ўзи ғавғосиз қолиб, бизни ғавғога солди – қаршимизга пайғамбарлик иддаоси билан чиқди. Қизларининг жавобини беринглар, қизларининг дарди билан машғул бўлсин”, деди. Бу вақтда Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизлари Руқия билан Умму Гулсум Абу Лаҳабнинг Утба ва Утайба исмли ўғилларига унашилган эди. Абу Лаҳаб Расулуллоҳнинг (соллалоллоҳу алайҳи ва саллам) амакилари бўлса-да, ашаддий душман эди. У таклифни қабул қилиб, унаштирувни бузди. Навбат Абул Осга келган эди. Абул Ос Исломни қабул этмаган бўлса ҳам мусулмонларга қарши душманлик ҳатти-ҳаракатидан йироқ эди. Макка мушриклари Утба билан Утайбага қилган таклифларини унга ҳам айтишди.

Абул Ос: “Йўқ! Аёлимдан воз кечмайман”, дея кескин жавоб қилди.

Пайғамбаримиз (соллоллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага кетганларида Зайнаб (розийал­лоҳу анҳо) Маккада қолди. Қайғулари ошиб кетса, фарзандлари Умома билан Алини бағрига босар, чиройли сабр қилишга уринар эди.

Қутқариш фидяси

Ҳижратнинг иккинчи йили. Абул Ос ҳам Макка томонида туриб Бадр сари юришга мажбур бўлди.

Бадрда мусулмонлар мушриклардан уч баробар кам бўлишларига қарамай, зафар қучишди. Ҳазрат Зайнаб мусулмонлар зафаридан қанчалар қувонди. Эри Абул Оснинг тирик қолганидан ҳам севинчда эди. Уни қутқариш учун фидя ҳозирлаб, қайинбўйини Амрдан Мадинага бериб юборди. Бу моллар орасида онаси ҳазрат Хадича (розийаллоҳу анҳо) тўйида совға қилган бир зебигардон ҳам бор эди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу тақинчоқни танидилар ва кўнгиллари бўшаб кетди. Саҳобаларга: “Рози бўлсангиз, Зай­набнинг асирини озод этиб, гардонини ўзига қайтаринг”, дедилар. Аллоҳ расулининг илтимосини улуғ саҳобалар қайтаришармиди! Абул Ос озод бўлди. Тақинчоқ эгасига қай­тарилди.

Зайнабнинг (розийаллоҳу анҳо) ҳимояси

Манбаларда ҳижрий олтинчи йилга қадар ҳазрати Зайнабнинг Мадинадаги ҳаёти ҳақи­да бирор маълумот йўқ. Абул Ос тижорат карвонига бош бўлиб, Маккадан Сурияга­ сафар қилди. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) карвон йўлини тўсишни, ҳеч кимнинг жонига зарар етказмасликни буюрдилар.

Абул Ос Зайнабдан (розийаллоҳу анҳо) омонлик сўрашга муваффақ бўлди. Тонг отди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бомдодни ўқиб, салом бергач, аёллар томондан бир овозни эшитдилар: “Эй одамлар, мен Абул Ос ибн Робиъани ҳимоямга олдим!” Бу овоз Зайнаб бинти Расулуллоҳнинг овози эди. Аллоҳ расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобларига қараб: “Бу овозни сиз ҳам эшитдингизми?” дедилар. Улар ҳам эшитишгани тасдиқлангач: “Муҳаммаднинг жони измида бўлган Аллоҳ таолога қасам, сиз эшитганингизни мен ҳам эшитгунимга қадар  бундан хабарим йўқ эди. Мусулмонларнинг заифи ҳимоясида тутгани ҳам мўътабардир”, дедилар.

Абул Оснинг ҳидояти

Саҳобалар Абул Осга молларни қайтаришди ва унга рухсат беришди. Карвон Маккага қараб йўл олар экан, Абул Осда ўзгариш бошланди. Бу кунга қадар мусулмонлардан кўрганларини бир-бир хаёлидан ўтказаркан, борган сари Исломнинг ҳақ дин эканига бутун вужуди билан таслим бўлаётган эди. Маккага етганида омонат молларни эга-эгаларига топширди ва карвон бошида тўпланган оломонга қарата: “Эй Қурайш халқи, бирортанинг менда заррача ҳақи қолдими?” деди. Қурайшликлар: “Йўқ, Аллоҳ сенга яхшиликлар қилсин, сенда ҳақимиз қолмади, Сен ҳақиқатдан ҳам тўғри ва ҳурматли одамларимиздансан”, дейишди. Шундан сўнг Абул Ос баланд овозда: “Гувоҳлик бераман, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва расулидир! Бу тасдиғим иқрорини у зотнинг ёнида қилмай, бу ерга келгунча кутишимнинг ягона сабаби, молларинг менга омонат эди ва мен ҳақимда сизларда хато фикр ўйғонишини истамадим. Аллоҳ таоло молларингни қайтариб берди ва мен ҳам омонатдан соқит бўлдим!” дея шу ердан тўғри Мадинага йўл олди. Қалби эса Ислом нури билан тўлиб борар, мусулмонлар диёри сари қаттиқ талпинар эди…

Муборак бирлашув

Абул Оснинг мусулмон бўлгани хабари Мадина кўчалари бўйлаб тарқалди. Аллоҳ расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) куёвларининг Ислом билан шарафланганидан жуда хурсанд бўлдилар. Ҳазрат Зайнабнинг (розийаллоҳу анҳо) эса севинчи ичига сиғмасди. Унинг неча йиллардан бери кечалари ухламай қилган дуою илтижолари, ниҳоят, Ҳақ даргоҳида қабул бўлган эди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг никоҳини янгилашни лозим кўрмадилар.

Ҳижрий саккизинчи йили Зайнаб (розийал­лоҳу анҳо) касалликка чалиниб, бир муддатдан кейин жон таслим этди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўп азоб тортган ва сабр тимсоли бўлган қизларини ўзлари қабрга қўйдилар.

Зебунисо ҲУСАЙНтайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2011 йил, 7-сонидан олинди.

Otasining ziynati

Bo‘lajak payg‘ambar o‘ttiz yoshga to‘lganlarida hazrat Xadicha onamiz Zaynabga yukli edi. Chaqaloqligida vafot etgan Qosimdan keyingi bu farzand dunyoga kelishida Salmo ismli ayol doyalik qildi. Atrofdagilar tug‘ilajak chaqaloqning qiz-o‘g‘illigini qiziqish bilan kutishardi. Tarixdan ma’lum, johiliya davrida qiz tug‘ilishi oila uchun isnod sanalgan, qizlarni tiriklayin ko‘mish qavm orasida ko‘p tarqalgan hodisa edi. Ammo vaqti-soati yetib Zaynab dunyoga kelganida atrofdagilar uyatdan boshi egik ota qiyofasini emas, nuroniy yuzda rahmat quyoshi porlaganini ko‘rishdi: “Muborak...”.

Xabar keltirgan kishi iltifotli rahmat so‘zlarini eshitdi, kamiga yana suyunchi oldi! Olamlar sarvari darhol uylariga yo‘l oldilar. Ichkariga kirganlarida chehralari sevinchdan porlardi. Tabassum-la ayollarini tabrik­lar ekanlar, chaqaloqni mehr va shafqat bilan qo‘llariga oldilar. Yaratganga hamdu sanolar aytib, bu ma’sum chaqaloqqa “Zaynab” deb ism qo‘ydilar.

Fazilatli ayol

Hazrat Zaynab balog‘atga yetgan sari Makkaning o‘spirinlari nazariga tusha boshladi. Ham fazilatli, ham sharafli oilaga mansub qizga uylanish va nasabi ulug‘larga kuyov bo‘lish Makka qabilalari orasida muhim  edi. Xola binti Huvaylidning o‘g‘li Abul Os hammadan oldin sovchi qo‘ydi. U tijorat bilan shug‘ullanar va to‘g‘ri insonligi bilan tanilgan yigit edi. Mehribon ota qadrli qizi uchun Abul Osni munosib ko‘rib, rozilik bildirdilar.

Alloh rasuli (sollallohu alayhi va sallam) payg‘ambarlikni insonlarga oshkor etib Islomga chaqira boshlagan kezlari Abul Os safarda edi. Makkaga qaytgach, bu xabar uning ham qulog‘iga yetdi. To‘g‘ri uyiga bordi. Zaynabdan (roziyallohu anho) Islom dini va qavmidan Usmon ibn Affon, Zubayr ibn Avvomlarning (roziyallohu anhum) musulmon bo‘lgani haqida eshitdi. Shuncha fazilat egasi bo‘lishiga qaramay, Abul Os o‘zi haqida “xotini va qaynotasini mamnun qilish uchun musulmon bo‘ldi”, deyishlaridan andisha qildi.

Zaynab (roziyallohu anho) bundan xafa, iztirobda edi. Shunga qaramay, uyidan ketmadi, hidoyatini Alloh taolodan so‘rab, erining xizmatini qilaverdi.

Abul Osning vafosi

Makka mushriklari koinot faxri Payg‘am­barimizga (sollallohu alayhi va sallam)­ qo‘llaridan kelgan barcha yomonlikni qilishdan toyishmasdi. Kunlarning birida qurayshliklar yana bir maqsad uchun to‘planishdi. Majlisda so‘z olganlardan biri: “Sizlar Muhammadning qizlariga talabgor bo‘lib, dardini arittilaring. U esa o‘zi g‘avg‘osiz qolib, bizni g‘avg‘oga soldi – qarshimizga payg‘ambarlik iddaosi bilan chiqdi. Qizlarining javobini beringlar, qizlarining dardi bilan mashg‘ul bo‘lsin”, dedi. Bu vaqtda Rasulullohning (sollallohu alayhi va sallam) qizlari Ruqiya bilan Ummu Gulsum Abu Lahabning Utba va Utayba ismli o‘g‘illariga unashilgan edi. Abu Lahab Rasulullohning (sollalollohu alayhi va sallam) amakilari bo‘lsa-da, ashaddiy dushman edi. U taklifni qabul qilib, unashtiruvni buzdi. Navbat Abul Osga kelgan edi. Abul Os Islomni qabul etmagan bo‘lsa ham musulmonlarga qarshi dushmanlik hatti-harakatidan yiroq edi. Makka mushriklari Utba bilan Utaybaga qilgan takliflarini unga ham aytishdi.

Abul Os: “Yo‘q! Ayolimdan voz kechmayman”, deya keskin javob qildi.

Payg‘ambarimiz (sollollohu alayhi va sallam) Madinaga ketganlarida Zaynab (roziyal­lohu anho) Makkada qoldi. Qayg‘ulari oshib ketsa, farzandlari Umoma bilan Alini bag‘riga bosar, chiroyli sabr qilishga urinar edi.

Qutqarish fidyasi

Hijratning ikkinchi yili. Abul Os ham Makka tomonida turib Badr sari yurishga majbur bo‘ldi.

Badrda musulmonlar mushriklardan uch barobar kam bo‘lishlariga qaramay, zafar quchishdi. Hazrat Zaynab musulmonlar zafaridan qanchalar quvondi. Eri Abul Osning tirik qolganidan ham sevinchda edi. Uni qutqarish uchun fidya hozirlab, qayinbo‘yini Amrdan Madinaga berib yubordi. Bu mollar orasida onasi hazrat Xadicha (roziyallohu anho) to‘yida sovg‘a qilgan bir zebigardon ham bor edi.

Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam) bu taqinchoqni tanidilar va ko‘ngillari bo‘shab ketdi. Sahobalarga: “Rozi bo‘lsangiz, Zay­nabning asirini ozod etib, gardonini o‘ziga qaytaring”, dedilar. Alloh rasulining iltimosini ulug‘ sahobalar qaytarisharmidi! Abul Os ozod bo‘ldi. Taqinchoq egasiga qay­tarildi.

Zaynabning (roziyallohu anho) himoyasi

Manbalarda hijriy oltinchi yilga qadar hazrati Zaynabning Madinadagi hayoti haqi­da biror ma’lumot yo‘q. Abul Os tijorat karvoniga bosh bo‘lib, Makkadan Suriyaga­ safar qildi. Rasuli akram (sollallohu alayhi va sallam) karvon yo‘lini to‘sishni, hech kimning joniga zarar yetkazmaslikni buyurdilar.

Abul Os Zaynabdan (roziyallohu anho) omonlik so‘rashga muvaffaq bo‘ldi. Tong otdi. Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) bomdodni o‘qib, salom bergach, ayollar tomondan bir ovozni eshitdilar: “Ey odamlar, men Abul Os ibn Robi’ani himoyamga oldim!” Bu ovoz Zaynab binti Rasulullohning ovozi edi. Alloh rasuli (sollallohu alayhi va sallam) ashoblariga qarab: “Bu ovozni siz ham eshitdingizmi?” dedilar. Ular ham eshitishgani tasdiqlangach: “Muhammadning joni izmida bo‘lgan Alloh taologa qasam, siz eshitganingizni men ham eshitgunimga qadar  bundan xabarim yo‘q edi. Musulmonlarning zaifi himoyasida tutgani ham mo‘‘tabardir”, dedilar.

Abul Osning hidoyati

Sahobalar Abul Osga mollarni qaytarishdi va unga ruxsat berishdi. Karvon Makkaga qarab yo‘l olar ekan, Abul Osda o‘zgarish boshlandi. Bu kunga qadar musulmonlardan ko‘rganlarini bir-bir xayolidan o‘tkazarkan, borgan sari Islomning haq din ekaniga butun vujudi bilan taslim bo‘layotgan edi. Makkaga yetganida omonat mollarni ega-egalariga topshirdi va karvon boshida to‘plangan olomonga qarata: “Ey Quraysh xalqi, birortaning menda zarracha haqi qoldimi?” dedi. Qurayshliklar: “Yo‘q, Alloh senga yaxshiliklar qilsin, senda haqimiz qolmadi, Sen haqiqatdan ham to‘g‘ri va hurmatli odamlarimizdansan”, deyishdi. Shundan so‘ng Abul Os baland ovozda: “Guvohlik beraman, Allohdan boshqa iloh yo‘q va Muhammad uning bandasi va rasulidir! Bu tasdig‘im iqrorini u zotning yonida qilmay, bu yerga kelguncha kutishimning yagona sababi, mollaring menga omonat edi va men haqimda sizlarda xato fikr o‘yg‘onishini istamadim. Alloh taolo mollaringni qaytarib berdi va men ham omonatdan soqit bo‘ldim!” deya shu yerdan to‘g‘ri Madinaga yo‘l oldi. Qalbi esa Islom nuri bilan to‘lib borar, musulmonlar diyori sari qattiq talpinar edi…

Muborak birlashuv

Abul Osning musulmon bo‘lgani xabari Madina ko‘chalari bo‘ylab tarqaldi. Alloh rasuli (sollallohu alayhi va sallam) kuyovlarining Islom bilan sharaflanganidan juda xursand bo‘ldilar. Hazrat Zaynabning (roziyallohu anho) esa sevinchi ichiga sig‘masdi. Uning necha yillardan beri kechalari uxlamay qilgan duoyu iltijolari, nihoyat, Haq dargohida qabul bo‘lgan edi. Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam) ularning nikohini yangilashni lozim ko‘rmadilar.

Hijriy sakkizinchi yili Zaynab (roziyal­lohu anho) kasallikka chalinib, bir muddatdan keyin jon taslim etdi. Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) ko‘p azob tortgan va sabr timsoli bo‘lgan qizlarini o‘zlari qabrga qo‘ydilar.

Zebuniso HUSAYNtayyorladi.

“Hidoyat” jurnalining 2011 yil, 7-sonidan olindi.