Ҳузайфа ибн Ямон

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 12.12.2014
Ҳузайфа айтган ҳадисни тасдиқланг. 
Қуръонни Абдуллоҳ иби Масъуд ўқигандек ўқинг.
Ҳадиси шариф
 
- "Хоҳласанг муҳожирлардан, хоҳласанг ансорлардан бўл. Ўзингга ёққанини танлаб ол".
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳузайфа ибн Ямонга Маккадаги биринчи учрашувларида мана шундай деб хитоб қилгандилар. Ҳузайфага икки энг мукаррам фирқадан бирини танлаш ихтиёри бекорга берилмаган, бунинг ўзига хос сабаби бор эди.
Ҳузайфанинг отаси Ямон асли маккалик, бану Абс қавмидан эди, лекин қабиладошларидан бирини ўлдириб қўйиб, ватанини ташлаб, Ясрибга кўчиб кетишга мажбур бўлганди. У ерда бану Аудулашҳал уруғи билан иттифоқ тузди. Бора-бора алоқалар мустаҳкамланиб, уларга куёв бўлди ва ниҳоят, ўғли Ҳузайфа туғилди. Кейинчалик Ямон ва маккаликлар ўртасидаги адоват барҳам топиб, у ўз ватанига тез-тез қатнай бошлади, бироқ асосий уй-жойи Мадинада эди.
Араб жазирасида ислом ҳилоли энди балқиган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, исломни эълон қилган бану абслик ўн кишининг бири Ҳузайфанинг отаси Ямон эди. Бу воқеа ҳижратдан анча олдин рўй берганди. Шу эътибордан Ҳузайфанинг ота юрти — Макка, она диёри Мадина эди.
Ҳузайфа мусулмон хонадонида улғайиб, исломга биринчилар қатори кирган ота-онанинг қўлида тарбия топди. Ўзи ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриш бахтига муяссар бўлмай туриб, у зотга иймон келтирди.
 
Ҳузайфа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришга ниҳоятда муштоқ эди. Пайғамбар алайҳиссаломни таниган-билганлардан у кишининг туриш-турмушлари, хулқ-атворлари ва сифатлари ҳақида сўраб-суриштирар, маълумоти ортган сайин муҳаббати ҳам зиёда бўлиб борарди.
Маккага сафар қилиб, "Сарвари оламни учратиши билан "Мен муҳожирманми ёки ансорийми, ё Расулуллоҳ?" деб сўради. Пайғамбар жаноблари:
Истасанг муҳожир, истасанг ансорлардан бўл. Ёқтирганингни танлаб ол,—дедилар.
Унда мен ансорий бўламан,— деди Ҳузайфа.
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг Ҳузайфа у кишининг энг содиқ мулозимларидан бирига айланди. Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга барча жиҳодларда иштирок этди. Фақат Бадрда қатнаша олмади. Бунинг сабабини Ҳузайфанинг ўзи қуйидагича гапириб берган эди:
- Бадр уруши рўй беришидан бир неча кун олдин отам иккимиз Мадинанинг ташқарисида эдик. Иттифоқо Қурайш кофирларининг қўлига тушиб қолдик. Улар қаерга кетаётганимизни сўрашди. Биз "Мадинага", дедик. Кофирлар сўзимизга ишонишмади. "Ҳойнаҳой, Муҳаммаднинг олдига кетаётгандирсиз?" дейишди. "Борадиган маизилимиз Мадина", деб туриб олдик биз. Қурайшликлар бизни бўлажак жангда Муҳаммадга ёрдам бсрмаслик ва уларга қарши урушмаслик шарти билан қўйиб юборишди. Мадинага келиб, бўлиб ўтган воқеалар қатори Қурайшга берган аҳдимизни айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан "Нима қилишимиз керак?" деб маслаҳат сўрадик. Ул зоти бобаракот:
- Аҳдимизга вафо қиламиз. Ёрдамни Аллоҳнинг ўзидан сўраймиз, - дедилар.
 
Уҳуд ғазотида ота ҳам, фарзанд ҳам иштирок этишди. Ҳузайфа минг бир чиғириқ ва балолар ичидан соғ-омон чиқди, аммо отаси ҳалок бўлди. Қизиғи шундаки; унинг шаҳодатига кофирлар эмас, балки мусулмонларнинг ўзлари сабаб бўлдилар. Воқеа бундоқ бўлганди:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ямон ва Собит ибн Вақшни ёши бир жойга бориб қолганлиги боис аёллар ва болалар билан шаҳарда қолдирдилар. Маърака авжига чиққанида, Ямон шеригига деди:
— Менга қара, нимани кутяпмиз ўзи? Иккаламизни ҳам бир оёғимиз тўрда бўлса, бир оёғимиз гўрда. Бугун бормиз, эртага худо билади. Кел, қиличимизни олайлик-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига борайлик. Шояд, Аллоҳ бизга шаҳидликни насиб этса.
Улар қуролланиб, жанг майдонига жўнадилар. Етиб келгач, қўрқув нималигини билмай, ўзларини талотўпга урдилар. Собит ибн Вақш тез орада мушриклар қўлидан шаҳодат топди, аммо Ямон қандайдир англашилмовчилик туфайли мусулмонларнинг тиғига дучор бўлди. Ногаҳон бу аянчли манзарага кўзи тушиб қолган Ҳузайфа жигар-бағри ўртаниб, "Отажон, отажон", деб қичқирди, бироқ қурол-аслаҳалар шовқини остида унинг овозини ҳеч ким эшитмади. Кекса мужоҳид диндошларининг қиличлари зарбидан қулади. Ҳузайфа отасининг ўлимига сабабчи бўлганларга қарата "Аллоҳ сизларни кечирсин, зеро У раҳмлиларнинг раҳмлисидир", деб қўйди.
Жангдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ямоннинг хунини тўламоқчи бўлдилар, бироқ Ҳузайфа рад этиб:
— Отам шаҳидлик талабида чиққан эди. У орзусига эришди. Мен Аллоҳнинг гувоҳлигида отамнинг хунидан мусулмонлар фойдасига воз кечаман, - деди ва шу билан Пайғамбар алайҳиссаломнинг эътиборларини қозонди.
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳузайфа ибн Ямоннинг сийратига назар солиб, ундаги учта фазилатни қайд этдилар: анчайин мушкул муаммоларни ҳал қилишга қодир нодир заковат, зарур бўлган пайтда фидойилик кўрсата билиш ва сирни пухта сақлай олиш. Пайғамбар алайҳиссаломнинг сиёсатлари ҳар бир кишига хислат ва тоқатига мос вазифани юклашларида ҳам акс этарди. У киши ҳеч кимни номуносиб ўринга қўймасдилар,
У пайтда Мадинадаги мусулмонлар олдида турган энг катта муаммо яҳудийлар ва уларнинг ҳамтовоқлари бўлмиш мунофиқларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда асҳоби киромларга нисбатан муттасил уюштирадиган фитна-найрангларидан қутилиш эди. Пайғамбар алайҳиссалом Ҳузайфага саҳобаларнинг биронтасига ҳам билдирмаган сирни ошкор этдилар — мунофиқларни номма-ном санаб, улардан кўз-қулоқ бўлиб туришни, хатти-ҳаракатларини диққат билан кузатишни, агар ислом ва мусулмонлар учун хавф-хатар туғилса, дарҳол олдини олишни буюрдилар. Уша кундан бошлаб Ҳузайфа ибн Ямон "Пайғамбар сирининг соҳиби", деб атала бошлади.
 
Сарвари олам Ҳузайфанинг ноёб хислатларидан энг хатарли мавқафлардан бирида ҳам унумли фойдаланган эдилар. Хандақ ғазотининг ҳал қилувчи дақиқаларида нодир заковат ва хақиқий фидойиликка жуда катта эҳтиёж туғилганди. Тепадан ҳам, пастдан ҳам қуршаб олинган мусулмонлар узоқ вақт қамалда қолиб кетдилар. Синов ниҳоятда қаттиқ бўлди. Танглик ва машаққат соат сайин кучаярди. Қуръони Карим таъбири билан айтганда, кўзлар тиниб, юраклар бўғизларга тиқилиб қолган ва айрим кимсалар Аллоҳ ҳақида турли гумонлар қила бошлаган эдилар.
Айни дамда Қурайш қабиласи ва унинг мушрик иттифоқдошларининг ҳолати ҳам мусулмонларникидан яхши эмас эди. Улар Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлган, бутунлай ҳолдан тойиб, тинка-мадорлари қуриганди. Қутурган бўрон мушрик аскарлар қароргоҳини тўс-тўполонини чиқарган, чодирларни юлқиб-йиртиб, қозон-ўчоқларни ағдар-тўнтар қилиб юборганди. Оловлар ўчиб қолган, юзга тинмай майда тош ва қум урилар, мутлақо кўз очишнинг имконияти йўқ эди.
 
Жангу жадаллар тарихи шуни кўрсатадики, энг муҳим ва мушкул лаҳзаларда биринчи бўлиб инграб юборган тараф оқибатда, албатта, мағлуб бўлади. Рақибидан сониянинг аллақандай юздан бир қисмичалик сабр-бардошлироқ бўлган тараф ҳамиша ғолиб келади. Уруш тақдири белгиланадиган мана шундай долзарб дамларда жосус ва хабарчиларнинг ҳаракати бениҳоя улкан аҳамият касб этади. Улар етказган ҳар бир хабар тилло даражасида баҳоланади. Шу боисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳузайфа ибн Ямоннинг қобилиятига эҳтиёж сездилар. Уни бирон-бир қарор қабул қилишдан олдин қоп-қоронғу зулмат кечада душманлар ҳақида маълумот келтириш учун рақиб ўрдусига жўнатишни ирода этдилар. Ажал билан ҳамроҳликда қилинган сафар тафсилотларини сўзлаб бериши учун гапни Ҳузайфага берамиз.
Ҳузайфа ҳикояси:
— Биз ўша кеча сафга тизилганча ўтирардик, Абу Суфён бошчилигидаги Макка мушриклари тепамизда, бану Қурайза яҳудлари пастимизда, аҳли-аёл, бола-чақаларимизга хавф солиб туришарди. Мен ўша кечадагидай қуюқ зулматли ва кучли бўронли тунни эслай олмайман. Шамол худди бўридай увиллайди. Азбаройи қоронғулик қалинлигидан киши ўзининг бармоғини кўрмайди...
Мунофиқлар "Уйимизнинг душманга беткай тарафи очиқ", деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кетишга изн сўрашарди. Аслида бу шунчаки баҳона эди. Пайғамбар алайҳиссалом кетишни истаганларнинг ҳаммасига рухсат бердилар. Улар шу заҳотиёқ ғойиб бўлишди. Охири, уч юз чоқли одам қолдик.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, ҳамманинг ёнидан бирма-бир ўта бошладилар. Мен совуқдан қалтираганча чўккалаб ўтирардим. Устимда хотинимнинг тиззамга ҳам тушмайдиган ёпинчиғидан бўлак ҳеч вақо йўқ. Жанобимиз менинг олдимга яқинлашиб, "Бу ким?" деб сўрадилар. Мен "Ҳузайфа", дедим. "Ҳузайфамисан?" такрор сўрадилар у киши. Мен совуқ ва очликнинг зўридан ғужанак бўлиб олгандим. Зўрға "Ҳа, ё Расулуллоҳ", дея олдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Сен рақиблар қароргоҳига бориб, нима гап, нима сўзлигини билиб кел...
Мен базўр ўрнимдан турдим. Совуқдан тишим тақиллар, қалбим қўрқувга тўла эди. Пайғамбар алайҳиссалом "Парвардигоро, уни ўнг ва сўлдан, олд ва кетдан, ост ва устдан келадиган балолардан ўзинг асра", деб дуо қилдилар. Худо ҳаққи, у кишининг дуолари охирига етар-етмас Аллоҳ қалбимдаги қўрқувни даф қилди, вужудимдаги титроқ тақа-тақ тўхтади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:.
- Эй Ҳузайфа, фақат хабарни билиб кел, бошқа ҳеч нарса қила кўрма, - деб қаттиқ тайинладилар.
Мен "хўп" деганча душман томон йўналдим. Қуюқ зулмат ичра ҳеч кимга сездирмасдан бирпасда мушриклар орасига кириб олдим. Кўп ўтмай Абу Суфённинг қичқириғи эшитилди:
- Эй Қурайш жамоаси, мен сизларга бир гап айтмоқчнман, лекин орангизда Муҳаммаднинг айғоқчилари борми деб чўчияпман. Шунинг учун ҳар бирингиз ёнингиздаги шеригингиз кимлигига қараб қўйинг.
Мен дарров ёнимдага одамнинг қўлидан ушлаб, "Сен кимсан?" деб сўрадим. У "Фалончиман”, деди. Абу Суфён гапида давом этди:
- Эй Қурайш жамоаси, тўғрисини айтганда, биз ноқулай пайтда, ноқулай маконга келиб қолдик. От-уловларимиз қирилиб кетди, иттифоқчиларимиз — бану Қурайза қабиласи аҳдини бузди, шамол кўз очиргани қўймаяпти. Менимча, ҳозир урушнинг мавриди эмас, балки орқага қайтганимиз маъқулроқ.
У шундай деб туясининг қозиғини суғурди. Сакраб устига минди-да, бир-икки қамчи уриб, жуфтакни ростлади. Худо ҳаққи, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳеч нарса қилмасликни буюрмаганларида ўша ерда, албатта, Абу Суфённи битта ўқ билан қатл қилган бўлардим.
Мен қайтиб келганимда, пайғамбаримиз аёлларининг ёпинчиғига ўраниб, намоз ўқиётган эканлар. Мени кўриб, ёнларига чақирдилар. Ёпинчиқнинг бир четини тиззамга ташлаб, аҳволни суриштирдилар. Мен барча гап-сўзларни оқизмай-томизмай етказдим. У киши хурсанд бўлиб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар.
 
Ҳузайфа ибн Ямон то умрининг охиригача мунофиқлар хабаридан огоҳ бўлиб турди. Унга халифалар ҳам гоҳ-гоҳ мурожаат қилишарди. Ҳатто Умар ибн Хаттоб мусулмонлардан бири вафот этса, тўпланганлардан Ҳузайфа келган-келмаганини сўрар, келган бўлса, жанозани ўқир, йўқса, бошқа бировга буюрар, ўзи эса марҳумнинг иймонидан шубҳаланарди.
Бир сафар халифа Умар:
- Менинг вилоятлардаги омилларим орасида мунофиқлар борми? - деб сўради.
- Битта мунофиқ бор, - жавоб берди Ҳузайфа.
- Ким экан у? - сўради ҳазрати Умар.
Ҳузайфа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билдирган сирни ошкор қилмади, аммо халифа ўзининг ўткир фаросати билан унинг кимлигини сезиб, тез кунда мунофиқ волийни ишдан бўшатди.
Наҳованд, Дайнавар, Ҳамадон ва Рай каби форс шаҳарларини фатҳ этишда Ҳузайфа ибн Ямон ниҳоятда улкан ҳисса қўшганини, ҳойнаҳой, кўпчилик билмаса керак. Яна у мусулмонларни ягона Мусҳафи Шарифга иттифоқ қилишларига ҳам сабаб бўлган.
Шунчалик фазилат ва маноқиблар эгаси бўлиши билан бирга Ҳузайфа Аллоҳ таолонинг азобидан қаттиқ қўрқар, қиёмат жазосига рўбарў келишдан бағоят хавфсирарди. У оғир хасталикка дучор бўлиб, ҳаётининг сўнгги лаҳзаларини кечираётган тунларнинг бирида зиёратга келган саҳобалардан вақтни сўрайди. Ашоблар "Биз тонгга яқинмиз", деб жавоб берадилар. Ҳузайфа дейди:
- Мени дўзах азобига гирифтор этадиган тонгдан Аллоҳдан паноҳ тилайман... Мени дўзах азобига гирифтор этадиган тонгдан Аллоҳдан паноҳ тилайман...
Сўнг улардан "Кафан келтирдингизми?" деб сўрайди. Тасдиқ жавобини эшитгач:
- Қимматбаҳо ва нафис матоларни сарфламанг. Агар Аллоҳнинг ҳузурида мен учун яхшилик бўлса, нафисликлар ўша ерда берилур. Агар ёмонлик бўлса, оддий кафандан ҳам маҳрум бўлурман, - дейди ва бироз тин олиб, роббисига юзланади:
- Аллоҳим, ўзингга маълум, мен фақирликни бойликдан, камтарликни иззатдан, ўлимни ҳаётдан афзал кўрганман.
Унинг охирги сўзлари шундай бўлади:
- Орзиқиб кутилган ҳабиб келди. Надомат чеккан нажот топмас...
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ҳузайфа ибн Ямонни раҳматига олсин. Батаҳқиқ, у инсонлар учун ўрнакка арзигудек зот эди.
 
Доктор Абдураҳмон Раъфат ал-Бошонинг «Содиқ саҳобалар қиссаси» китобидан Дониёр Анорбоeв таржимаси
 
* * *
 
Huzayfa aytgan hadisni tasdiqlang. 
Qur’onni Abdulloh ibi Mas’ud o‘qigandek o‘qing.
Hadisi sharif
 
- "Xohlasang muhojirlardan, xohlasang ansorlardan bo‘l. O‘zingga yoqqanini tanlab ol".
Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Huzayfa ibn Yamonga Makkadagi birinchi uchrashuvlarida mana shunday deb xitob qilgandilar. Huzayfaga ikki eng mukarram firqadan birini tanlash ixtiyori bekorga berilmagan, buning o‘ziga xos sababi bor edi.
Huzayfaning otasi Yamon asli makkalik, banu Abs qavmidan edi, lekin qabiladoshlaridan birini o‘ldirib qo‘yib, vatanini tashlab, Yasribga ko‘chib ketishga majbur bo‘lgandi. U yerda banu Audulashhal urug‘i bilan ittifoq tuzdi. Bora-bora aloqalar mustahkamlanib, ularga kuyov bo‘ldi va nihoyat, o‘g‘li Huzayfa tug‘ildi. Keyinchalik Yamon va makkaliklar o‘rtasidagi adovat barham topib, u o‘z vataniga tez-tez qatnay boshladi, biroq asosiy uy-joyi Madinada edi.
Arab jazirasida islom hiloli endi balqigan paytda Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning huzurlariga kelib, islomni e’lon qilgan banu abslik o‘n kishining biri Huzayfaning otasi Yamon edi. Bu voqea hijratdan ancha oldin ro‘y bergandi. Shu e’tibordan Huzayfaning ota yurti — Makka, ona diyori Madina edi.
Huzayfa musulmon xonadonida ulg‘ayib, islomga birinchilar qatori kirgan ota-onaning qo‘lida tarbiya topdi. O‘zi ham Rasululloh sollallohu alayhi vasallamni ko‘rish baxtiga muyassar bo‘lmay turib, u zotga iymon keltirdi.
 
Huzayfa Rasululloh sollallohu alayhi vasallamni ko‘rishga nihoyatda mushtoq edi. Payg‘ambar alayhissalomni tanigan-bilganlardan u kishining turish-turmushlari, xulq-atvorlari va sifatlari haqida so‘rab-surishtirar, ma’lumoti ortgan sayin muhabbati ham ziyoda bo‘lib borardi.
Makkaga safar qilib, "Sarvari olamni uchratishi bilan "Men muhojirmanmi yoki ansoriymi, yo Rasululloh?" deb so‘radi. Payg‘ambar janoblari:
Istasang muhojir, istasang ansorlardan bo‘l. Yoqtirganingni tanlab ol,—dedilar.
Unda men ansoriy bo‘laman,— dedi Huzayfa.
 
Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Madinaga hijrat qilganlaridan so‘ng Huzayfa u kishining eng sodiq mulozimlaridan biriga aylandi. Payg‘ambar alayhissalom bilan birga barcha jihodlarda ishtirok etdi. Faqat Badrda qatnasha olmadi. Buning sababini Huzayfaning o‘zi quyidagicha gapirib bergan edi:
- Badr urushi ro‘y berishidan bir necha kun oldin otam ikkimiz Madinaning tashqarisida edik. Ittifoqo Quraysh kofirlarining qo‘liga tushib qoldik. Ular qayerga ketayotganimizni so‘rashdi. Biz "Madinaga", dedik. Kofirlar so‘zimizga ishonishmadi. "Hoynahoy, Muhammadning oldiga ketayotgandirsiz?" deyishdi. "Boradigan maizilimiz Madina", deb turib oldik biz. Qurayshliklar bizni bo‘lajak jangda Muhammadga yordam bsrmaslik va ularga qarshi urushmaslik sharti bilan qo‘yib yuborishdi. Madinaga kelib, bo‘lib o‘tgan voqealar qatori Qurayshga bergan ahdimizni aytib, Rasululloh sollallohu alayhi vasallamdan "Nima qilishimiz kerak?" deb maslahat so‘radik. Ul zoti bobarakot:
- Ahdimizga vafo qilamiz. Yordamni Allohning o‘zidan so‘raymiz, - dedilar.
 
Uhud g‘azotida ota ham, farzand ham ishtirok etishdi. Huzayfa ming bir chig‘iriq va balolar ichidan sog‘-omon chiqdi, ammo otasi halok bo‘ldi. Qizig‘i shundaki; uning shahodatiga kofirlar emas, balki musulmonlarning o‘zlari sabab bo‘ldilar. Voqea bundoq bo‘lgandi:
Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Yamon va Sobit ibn Vaqshni yoshi bir joyga borib qolganligi bois ayollar va bolalar bilan shaharda qoldirdilar. Ma’raka avjiga chiqqanida, Yamon sherigiga dedi:
— Menga qara, nimani kutyapmiz o‘zi? Ikkalamizni ham bir oyog‘imiz to‘rda bo‘lsa, bir oyog‘imiz go‘rda. Bugun bormiz, ertaga xudo biladi. Kel, qilichimizni olaylik-da, Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning yonlariga boraylik. Shoyad, Alloh bizga shahidlikni nasib etsa.
Ular qurollanib, jang maydoniga jo‘nadilar. Yetib kelgach, qo‘rquv nimaligini bilmay, o‘zlarini taloto‘pga urdilar. Sobit ibn Vaqsh tez orada mushriklar qo‘lidan shahodat topdi, ammo Yamon qandaydir anglashilmovchilik tufayli musulmonlarning tig‘iga duchor bo‘ldi. Nogahon bu ayanchli manzaraga ko‘zi tushib qolgan Huzayfa jigar-bag‘ri o‘rtanib, "Otajon, otajon", deb qichqirdi, biroq qurol-aslahalar shovqini ostida uning ovozini hech kim eshitmadi. Keksa mujohid dindoshlarining qilichlari zarbidan quladi. Huzayfa otasining o‘limiga sababchi bo‘lganlarga qarata "Alloh sizlarni kechirsin, zero U rahmlilarning rahmlisidir", deb qo‘ydi.
Jangdan keyin Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Yamonning xunini to‘lamoqchi bo‘ldilar, biroq Huzayfa rad etib:
— Otam shahidlik talabida chiqqan edi. U orzusiga erishdi. Men Allohning guvohligida otamning xunidan musulmonlar foydasiga voz kechaman, - dedi va shu bilan Payg‘ambar alayhissalomning e’tiborlarini qozondi.
 
Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Huzayfa ibn Yamonning siyratiga nazar solib, undagi uchta fazilatni qayd etdilar: anchayin mushkul muammolarni hal qilishga qodir nodir zakovat, zarur bo‘lgan paytda fidoyilik ko‘rsata bilish va sirni puxta saqlay olish. Payg‘ambar alayhissalomning siyosatlari har bir kishiga xislat va toqatiga mos vazifani yuklashlarida ham aks etardi. U kishi hech kimni nomunosib o‘ringa qo‘ymasdilar,
U paytda Madinadagi musulmonlar oldida turgan eng katta muammo yahudiylar va ularning hamtovoqlari bo‘lmish munofiqlarning Rasululloh sollallohu alayhi vasallam hamda ashobi kiromlarga nisbatan muttasil uyushtiradigan fitna-nayranglaridan qutilish edi. Payg‘ambar alayhissalom Huzayfaga sahobalarning birontasiga ham bildirmagan sirni oshkor etdilar — munofiqlarni nomma-nom sanab, ulardan ko‘z-quloq bo‘lib turishni, xatti-harakatlarini diqqat bilan kuzatishni, agar islom va musulmonlar uchun xavf-xatar tug‘ilsa, darhol oldini olishni buyurdilar. Usha kundan boshlab Huzayfa ibn Yamon "Payg‘ambar sirining sohibi", deb atala boshladi.
 
Sarvari olam Huzayfaning noyob xislatlaridan eng xatarli mavqaflardan birida ham unumli foydalangan edilar. Xandaq g‘azotining hal qiluvchi daqiqalarida nodir zakovat va xaqiqiy fidoyilikka juda katta ehtiyoj tug‘ilgandi. Tepadan ham, pastdan ham qurshab olingan musulmonlar uzoq vaqt qamalda qolib ketdilar. Sinov nihoyatda qattiq bo‘ldi. Tanglik va mashaqqat soat sayin kuchayardi. Qur’oni Karim ta’biri bilan aytganda, ko‘zlar tinib, yuraklar bo‘g‘izlarga tiqilib qolgan va ayrim kimsalar Alloh haqida turli gumonlar qila boshlagan edilar.
Ayni damda Quraysh qabilasi va uning mushrik ittifoqdoshlarining holati ham musulmonlarnikidan yaxshi emas edi. Ular Alloh taoloning g‘azabiga duchor bo‘lgan, butunlay holdan toyib, tinka-madorlari qurigandi. Quturgan bo‘ron mushrik askarlar qarorgohini to‘s-to‘polonini chiqargan, chodirlarni yulqib-yirtib, qozon-o‘choqlarni ag‘dar-to‘ntar qilib yuborgandi. Olovlar o‘chib qolgan, yuzga tinmay mayda tosh va qum urilar, mutlaqo ko‘z ochishning imkoniyati yo‘q edi.
 
Jangu jadallar tarixi shuni ko‘rsatadiki, eng muhim va mushkul lahzalarda birinchi bo‘lib ingrab yuborgan taraf oqibatda, albatta, mag‘lub bo‘ladi. Raqibidan soniyaning allaqanday yuzdan bir qismichalik sabr-bardoshliroq bo‘lgan taraf hamisha g‘olib keladi. Urush taqdiri belgilanadigan mana shunday dolzarb damlarda josus va xabarchilarning harakati benihoya ulkan ahamiyat kasb etadi. Ular yetkazgan har bir xabar tillo darajasida baholanadi. Shu boisdan Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Huzayfa ibn Yamonning qobiliyatiga ehtiyoj sezdilar. Uni biron-bir qaror qabul qilishdan oldin qop-qorong‘u zulmat kechada dushmanlar haqida ma’lumot keltirish uchun raqib o‘rdusiga jo‘natishni iroda etdilar. Ajal bilan hamrohlikda qilingan safar tafsilotlarini so‘zlab berishi uchun gapni Huzayfaga beramiz.
Huzayfa hikoyasi:
— Biz o‘sha kecha safga tizilgancha o‘tirardik, Abu Sufyon boshchiligidagi Makka mushriklari tepamizda, banu Qurayza yahudlari pastimizda, ahli-ayol, bola-chaqalarimizga xavf solib turishardi. Men o‘sha kechadagiday quyuq zulmatli va kuchli bo‘ronli tunni eslay olmayman. Shamol xuddi bo‘riday uvillaydi. Azbaroyi qorong‘ulik qalinligidan kishi o‘zining barmog‘ini ko‘rmaydi...
Munofiqlar "Uyimizning dushmanga betkay tarafi ochiq", deb Rasululloh sollallohu alayhi vasallamdan ketishga izn so‘rashardi. Aslida bu shunchaki bahona edi. Payg‘ambar alayhissalom ketishni istaganlarning hammasiga ruxsat berdilar. Ular shu zahotiyoq g‘oyib bo‘lishdi. Oxiri, uch yuz choqli odam qoldik.
Shunda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam o‘rinlaridan turib, hammaning yonidan birma-bir o‘ta boshladilar. Men sovuqdan qaltiragancha cho‘kkalab o‘tirardim. Ustimda xotinimning tizzamga ham tushmaydigan yopinchig‘idan bo‘lak hech vaqo yo‘q. Janobimiz mening oldimga yaqinlashib, "Bu kim?" deb so‘radilar. Men "Huzayfa", dedim. "Huzayfamisan?" takror so‘radilar u kishi. Men sovuq va ochlikning zo‘ridan g‘ujanak bo‘lib olgandim. Zo‘rg‘a "Ha, yo Rasululloh", deya oldim. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam dedilar:
- Sen raqiblar qarorgohiga borib, nima gap, nima so‘zligini bilib kel...
Men bazo‘r o‘rnimdan turdim. Sovuqdan tishim taqillar, qalbim qo‘rquvga to‘la edi. Payg‘ambar alayhissalom "Parvardigoro, uni o‘ng va so‘ldan, old va ketdan, ost va ustdan keladigan balolardan o‘zing asra", deb duo qildilar. Xudo haqqi, u kishining duolari oxiriga yetar-yetmas Alloh qalbimdagi qo‘rquvni daf qildi, vujudimdagi titroq taqa-taq to‘xtadi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam:.
- Ey Huzayfa, faqat xabarni bilib kel, boshqa hech narsa qila ko‘rma, - deb qattiq tayinladilar.
Men "xo‘p" degancha dushman tomon yo‘naldim. Quyuq zulmat ichra hech kimga sezdirmasdan birpasda mushriklar orasiga kirib oldim. Ko‘p o‘tmay Abu Sufyonning qichqirig‘i eshitildi:
- Ey Quraysh jamoasi, men sizlarga bir gap aytmoqchnman, lekin orangizda Muhammadning ayg‘oqchilari bormi deb cho‘chiyapman. Shuning uchun har biringiz yoningizdagi sherigingiz kimligiga qarab qo‘ying.
Men darrov yonimdaga odamning qo‘lidan ushlab, "Sen kimsan?" deb so‘radim. U "Falonchiman”, dedi. Abu Sufyon gapida davom etdi:
- Ey Quraysh jamoasi, to‘g‘risini aytganda, biz noqulay paytda, noqulay makonga kelib qoldik. Ot-ulovlarimiz qirilib ketdi, ittifoqchilarimiz — banu Qurayza qabilasi ahdini buzdi, shamol ko‘z ochirgani qo‘ymayapti. Menimcha, hozir urushning mavridi emas, balki orqaga qaytganimiz ma’qulroq.
U shunday deb tuyasining qozig‘ini sug‘urdi. Sakrab ustiga mindi-da, bir-ikki qamchi urib, juftakni rostladi. Xudo haqqi, agar Rasululloh sollallohu alayhi vasallam menga hech narsa qilmaslikni buyurmaganlarida o‘sha yerda, albatta, Abu Sufyonni bitta o‘q bilan qatl qilgan bo‘lardim.
Men qaytib kelganimda, payg‘ambarimiz ayollarining yopinchig‘iga o‘ranib, namoz o‘qiyotgan ekanlar. Meni ko‘rib, yonlariga chaqirdilar. Yopinchiqning bir chetini tizzamga tashlab, ahvolni surishtirdilar. Men barcha gap-so‘zlarni oqizmay-tomizmay yetkazdim. U kishi xursand bo‘lib, Allohga hamdu sano aytdilar.
 
Huzayfa ibn Yamon to umrining oxirigacha munofiqlar xabaridan ogoh bo‘lib turdi. Unga xalifalar ham goh-goh murojaat qilishardi. Hatto Umar ibn Xattob musulmonlardan biri vafot etsa, to‘planganlardan Huzayfa kelgan-kelmaganini so‘rar, kelgan bo‘lsa, janozani o‘qir, yo‘qsa, boshqa birovga buyurar, o‘zi esa marhumning iymonidan shubhalanardi.
Bir safar xalifa Umar:
- Mening viloyatlardagi omillarim orasida munofiqlar bormi? - deb so‘radi.
- Bitta munofiq bor, - javob berdi Huzayfa.
- Kim ekan u? - so‘radi hazrati Umar.
Huzayfa Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bildirgan sirni oshkor qilmadi, ammo xalifa o‘zining o‘tkir farosati bilan uning kimligini sezib, tez kunda munofiq voliyni ishdan bo‘shatdi.
Nahovand, Daynavar, Hamadon va Ray kabi fors shaharlarini fath etishda Huzayfa ibn Yamon nihoyatda ulkan hissa qo‘shganini, hoynahoy, ko‘pchilik bilmasa kerak. Yana u musulmonlarni yagona Mushafi Sharifga ittifoq qilishlariga ham sabab bo‘lgan.
Shunchalik fazilat va manoqiblar egasi bo‘lishi bilan birga Huzayfa Alloh taoloning azobidan qattiq qo‘rqar, qiyomat jazosiga ro‘baro‘ kelishdan bag‘oyat xavfsirardi. U og‘ir xastalikka duchor bo‘lib, hayotining so‘nggi lahzalarini kechirayotgan tunlarning birida ziyoratga kelgan sahobalardan vaqtni so‘raydi. Ashoblar "Biz tongga yaqinmiz", deb javob beradilar. Huzayfa deydi:
- Meni do‘zax azobiga giriftor etadigan tongdan Allohdan panoh tilayman... Meni do‘zax azobiga giriftor etadigan tongdan Allohdan panoh tilayman...
So‘ng ulardan "Kafan keltirdingizmi?" deb so‘raydi. Tasdiq javobini eshitgach:
- Qimmatbaho va nafis matolarni sarflamang. Agar Allohning huzurida men uchun yaxshilik bo‘lsa, nafisliklar o‘sha yerda berilur. Agar yomonlik bo‘lsa, oddiy kafandan ham mahrum bo‘lurman, - deydi va biroz tin olib, robbisiga yuzlanadi:
- Allohim, o‘zingga ma’lum, men faqirlikni boylikdan, kamtarlikni izzatdan, o‘limni hayotdan afzal ko‘rganman.
Uning oxirgi so‘zlari shunday bo‘ladi:
- Orziqib kutilgan habib keldi. Nadomat chekkan najot topmas...
Alloh subhonahu va taolo Huzayfa ibn Yamonni rahmatiga olsin. Batahqiq, u insonlar uchun o‘rnakka arzigudek zot edi.
 
Doktor Abdurahmon Ra’fat al-Boshoning «Sodiq sahobalar qissasi» kitobidan Doniyor Anorboyev tarjimasi