Абдуллоҳ ибн Жаҳш

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 22.05.2017

Абдуллоҳ ибн Жаҳш (aраб: عبد الله بن جحش) (милодий: 586-625) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жиянлари ва саҳобаларидан

Отаси: Макка шаҳрига кўчиб келган ва Асад қабиласидан бўлган Жаҳш ибн Риёб.

Онаси: Қурайшнинг Ҳошим уруғидан бўлган Умома бинти Абдулмутталибдир.

Сингилларидан бири: Зайнаб бинти Жаҳш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан биридир. Абдуллоҳнинг ташқи кўриниши: баланд ҳам эмас, паст ҳам эмас ва жуда кўп сочли инсон эди.

У Фотима бинт Аби Ҳубайшга уйланади ва Муҳаммад исмли ўғил фарзанд кўради.

Исломга Абу Бакр розияллоҳу анҳудан таъсирланиб киради. 615 йилда Ҳабашистонга қилинган биринчи ҳижратда қатнашган. 619-20 йилларда Маккага қайтади  ва биринчилардан бўлиб Мадина шаҳрига ҳижрат қилади.

Абдуллоҳ ибн Жахш Ухуд жангида Аҳнас ибн Шариқ томонидан ўлдирилади. Рақиблари унинг жасадини хорлаш мақсадида қулоқлари ва бурнини кесиб ташлашган.

* * *

Абдуллоҳ ибн Жаҳш биринчи амалга оширилган хижратга бошлиқ бўлганидан уни “биринчи амирал муминин” (мусулмонлар амири) дея аталган.

Исломни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Арқаманинг уйига киришлари ва бу уйнинг илк мусулмонл учун учрашув жойи, мактаб ва паноҳгоҳ бўлишидан аввал қабул қилган.

Қурайш томонидан бўлиши мумкин бўлган кейинги зулмларолдини олиш мақсадида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина шаҳрига ҳижрат қилишга буюрганларида Абдуллоҳ фақатгина Абу Саламадан ортда қолган ҳолда иккинчи бўлиб кўчиб кетади. Ўзи ва айрим оила аъзоларининг аввал ҳам Ҳабашистонга кўчганликларидан бу ҳижрат уларга янги нарса бўлиб кўринмади. Ўзи, оиласи ва бутун бошли қавми Исломни қабул қилишганидан аввалги ҳижратдан фарқли равишда бу сафарги кўчишнинг кўлами жуда кенг эди – эркаклар, аёллар ва болалар унга ҳамроҳлик қилишар эди.

Маккани тарк қилишар экан, ортларида бўм-бўш, ҳувиллаган ва ҳудди у ерда ҳеч ким яшамагандек бўлиб қолган ҳовли жойлари қолди.

Ҳали узоқ масофага кетишга улгуришмасдан Қурайш етакчилари шаҳарни кимлар тарк этганини ва кимлар қолганини билиш мақсадида Макка турар жойларини ўраб ола бошлашди. Улар орасида – Абу Жаҳл ва Утба ибн Робиалар бор эди. Утба чанг-тўзонда қолган Бану Жаҳш уйларига қаради. Уйлар олдига келиб эшикларни тақиллатди ва: “Бану Жаҳш уйлари бўшаб қолибди ва ўз эгаларига аза тутябди” деди.

Абу Жаҳл тиржайиб “У одамлар ўзи ким эди” дея сўради. Сўнгра уйни ўз мулкига айлантириб олди. Бу уй Макканинг энг гўзал ва қимматбаҳо уйларидан эди. Сўнгра худди шоҳлар одамларга инъом берганидек уй ичидаги нарсаларни атрофдагиларга тарқатиб юборди.

Кейинчалик бу ҳабар Абдуллоҳ ибн Жаҳшга етиб келади ва у буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам га етказади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

– Эй Абдуллоҳ, бу уйлар эвазига Аллоҳ сенга ўз Жаннатидан берган уйига рози эмасмисан? - дедилар.

– Розиман, Эй Аллоҳнинг расули, — деди ва кўнгли тўлиқ таскин топди.

Қурайшнинг берган зулмларидан Мадинага жойлашиб, ансорлар хомийлигида тинчроқ ҳаёт кечиришни эндигина ҳам бошлаган эдики унинг бошига аввалгиларидан ҳам оғирроқ синовлар кела бошлади. Мусулмон бўлганидан бери энг қийин вазифа унга юклатилиши ва у буни ниҳоясига етказиши керак эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Жаҳш ва Саъд ибн Абу Ваққослардан иборат саккиз кишига ҳарбий топшириқ берадилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Ичингизда очликка ва чанқоққа энг чидамлигизни бошлиқ этиб тайинлайман” дедилар ва Абдуллоҳ ибн Жахшни гуруҳга етакчи этиб сайладилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга хат берар эканлар, йўл чизмаси ҳақида аниқ кўрсатма бердилар ва берган хатларини фақатгина сафарнинг 2-кунидан сўнг очиш кераклигини уқдирдилар.

Сафарнинг 2-куни якунига етганидан сўнг Абдуллоҳ хатни очди. Унда: “Ушбу хатни очганиндан сўнг сафарни Тоиф ва Макка орасидаги Наҳла деган жойгача давом эт. Ушбу ердан Қурайш аҳлини кузат ва имкон қадар маълумот тўплаб кел” дейилган эди. “Хўп бўлади, эй, Аллоҳнинг пайғамбари” деди Абдуллоҳ ва ҳамроҳларига қараб мурожаат қилди:

– Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Наҳлагача боришни ва у ердан Қурайшни кузатиб маълумот тўплаб келишни буюрдилар. Хатда яна айтилишича ушбу сафар мақсадига қарши бўлганлар билан сафарни давом эттирмаслик кераклиги айтилган эди. Шунинг учун кимда ким тамоман мақсадимизга қўшилса ва шаҳидлик мақомига етишиш ниятида бўлса менга ҳамроҳлик қилсин. Ким қўшилмаса, ортга қайтиб кетиши мумкин.”

Барчалари “Буйруғингиз бош устига, эй, Аллоҳнинг пайғамбари. Абдуллоҳ, Биз сен билан Аллоҳнинг пайғамбари буюрган ерга борамиз” дея жавоб қайтардилар.

Гуруҳ Наҳлага етиб келди ва тоғликлар оралаб юриб Қурайш ҳақида маълумотлар тўплашга ҳаракат қила бошлашди. Шу орада улар узоқдан келаётган Қурайш карвонига кўзлари тушиб қолди. Карвонда 4 киши бор эди - Амр ибн ал-Ҳадрамий, Ҳукм ибн Кайсан, Усмон ибн Абдуллоҳ ва унинг укаси Муғира. Улар Қурайшга одатий савдо моллари олиб кетаётган эдилар. 

Саҳобалар ўзаро маслаҳатлашишар экан – ушбу куннинг уруш ҳаром қилинган ойнинг охирги куни эканлигидан “агар ҳозир уларга ҳамла қилиб, ўлдирсак бу ушбу ойнинг ҳурматини оёқости қилган ва бутун араблар ғазабига дучор бўламиз. Агар ушбу куннинг якунланишини кутсак, улар Макка ҳудудига етиб олишади ва биз уларга хавф сола олмаймиз” деган мулоҳаза қила бошлашди. Алалоқибат улар карвонга ҳужум қилиб ундаги молларни ўлжа қилиб олишга қарор қилишди. Натижада карвондаги 4 кишидан иккитаси асир олиниб биттаси ўлдирилди ва тўртинчиси қочиб кетишга муваффақ бўлди.

Абдуллоҳ ибн Жаҳш ва унинг ҳамроҳлари карвондаги бор мол-мулкни ва қўлга олинган 2 асир билан Мадинага қайтиб келиб, бўлган воқеани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга сўзлаб беришди. У киши ўз навбатида улар қилган ишдан жуда хафа бўлдилар ва уни қаттиқ қораладилар.

– Аллоҳга қасамки, мен сизларга урушишга буйруқ бермаган эдим. Мен фақатгина маълумот тўплаш ва Қурайшнинг ҳаракатларини кузатиб келиш учун сизларни жўнатган эдим, — дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам асир олинган 2 кишини озод қилиб юборишни буюрдилар. Ўзлари эса карвондаги ўлжалардан бирон нарсасига тегмадилар.

Абдуллоҳ ибн Жаҳш ва унинг сафардаги ҳамроҳлари жуда ноқулай аҳволда қолишган эди ва албатта бунга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг буйруқларига қулоқсизлик қилишганидан деб билишар эди. Устига устак, Мадинадаги ўз мусулмон биродарлари билан тўқнаш келишганда уларнинг ўзларини олиб қочишлари ёки ибн Жаҳш ва унинг ҳамроҳларини кўрсатиб: “Булар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буйруқларига қарши борганлардир” дея гапиришлари уларни жуда ноқулай ва ёмон аҳволда қолдирар эди.

“Дард устига чипқон” деганларидек, Қурайш содир бўлган воқеадан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни Араб қабилалари ўртасида обрўсизлантириш учун “Муҳаммад ҳаром ойни оёқ ости қилди. У унда қон тўкди, карвонга ҳамла қилиб, бойлик орттириб олди ва инсонларни асир олди” дея гап тарқатишлари ибн Жаҳшга бўлган босимни янада орттирди.

Саккиз кишилик гуруҳнинг аҳволи оғир эди – улар бўлган воқеадан қалбан қийналар ва руҳан тушкин аҳволда қолган эдилар.

Сўнгра Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, У томонидан хушхабар келди – бўлган воқеа ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлди. Уларнинг шодликлари тасаввур қилиш қийин эди. Саҳобалар уларнинг олдиларига келишар, яхши ҳабарлар билан табришлашар ва нозил болган Қуръон оятларини ўқиб беришар эди:

– “Сендан ҳаром ойда уруш қилиш ҳақида сўрайдилар. Сен:«Унда уруш қилиш катта гуноҳ. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, унга куфр келтириш, Масжидул Ҳаромдан тўсиш, унинг аҳлини ундан чиқариш Аллоҳнинг ҳузурида энг катта гуноҳдир. Фитна ўлдиришдан каттароқдир», деб айт. Улар агар қодир бўлсалар, сизларни динингиздан қайтаргунларича сизга қарши уруш қилаверадилар. Сиздан кимки диндан қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетса, ана ўшалар бу дунёю охиратда амали ҳабата бўлганлардир. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолгувчилардир.” (Бақара, 217).

Ушбу мукаррам оятлар нозил бўлганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгиллари таскин топди. У зот карвондаги буюмларни мусулмонларга қолдириб асирларни тўлов эвазига озод қилиб юбордилар ва ибн Жаҳш гуруҳидан рози бўлдилар. Албатта бу ушбу қилинган сафар Мусулмонлар жамоасининг илк йилларида бўлган жуда муҳим воқеа эди.

Абдуллоҳ ибн Жаҳш ҳаётидаги кейинги синов бўлган Бадр жанги ҳам тез орада бўлиб ўтди. Аммо бу синовда ҳам унинг эътиқодини мустаҳкамлиги намоён бўлди.

Сўнгра Уҳуд жанги ҳам бўлиб ўтди. Ушбу жангда Абдуллоҳ ва унинг дўсти Саъд ибн Абу Ваққос билан боғлиқ бир воқеа бўлдики, буни таъкидлаб ўтмасдан иложимиз юқ. Келинг ушбу воқеани Саъднинг ўзидан эшитайлик:

Жанг чоғида Абдуллоҳ менинг олдимга келди ва “Аллоҳга дуо қилмаймизми?” деб сўради.

“Ҳа” дедим мен ва биз жанг майдонидан чеккароққа чиқдик ва мен ушбу дуони қилдим: “Роббим, жангда менга жасади улкан ва жуда кучли рақибни рўбарў қилгинки, мен уни маҳв этай”. Менинг ушбу дуоимга у “Омийн” деди ва ўзи ҳам дуо қила бошлади:

“Роббим, жангда менга жасади улкан ва жуда кучли рақибни рўбарў қилгин. Мен у билан сенинг розилигинг учун жанг қилай ва у ҳам мен билан жанг қилсин. У мени маҳв этиб қулоқларим ва бурнимни кесиб олсин ва қиёмат кунида сенга дуч келганимда сенинг “Нима учун сенинг бурнинг ва қулоқларинг кесиб олинган эди?” деб сўраганингда “Сенинг ва Пайғамбарингни розилиги учун” дея жавоб берай ва сен “Сен ҳақиқатни гапирдинг” дегин”. Саъд ўз ҳикоясини давом эттиради: “Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг дуоси меникидан яхшироқ ва устунроқ эди. Куннинг охирида мен унинг жасади таҳқирланган – қулоқлари кесиб олинган ва яқинроқдаги дарахтга илиб қўйилганини кўрдим.

Аллоҳ Абдуллоҳнинг дуосини қабул қилди ва уни худди амакиси Ҳамза ибн Абдуллмутталибдек шаҳид бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни бир қабрга дафн қилдилар.

Абдулвоҳид Ҳамиднинг “Пайғамбар саҳобалари” асаридан

Abdulloh ibn Jahsh (arab: عبد الله بن جحش) (milodiy: 586-625) Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallamning jiyanlari va sahobalaridan

Otasi: Makka shahriga ko‘chib kelgan va Asad qabilasidan bo‘lgan Jahsh ibn Riyob.

Onasi: Qurayshning Hoshim urug‘idan bo‘lgan Umoma binti Abdulmuttalibdir.

Singillaridan biri: Zaynab binti Jahsh Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallamning ayollaridan biridir. Abdullohning tashqi ko‘rinishi: baland ham emas, past ham emas va juda ko‘p sochli inson edi.

U Fotima bint Abi Hubayshga uylanadi va Muhammad ismli o‘g‘il farzand ko‘radi.

Islomga Abu Bakr roziyallohu anhudan ta’sirlanib kiradi. 615 yilda Habashistonga qilingan birinchi hijratda qatnashgan. 619-20 yillarda Makkaga qaytadi  va birinchilardan bo‘lib Madina shahriga hijrat qiladi.

Abdulloh ibn Jaxsh Uxud jangida Ahnas ibn Shariq tomonidan o‘ldiriladi. Raqiblari uning jasadini xorlash maqsadida quloqlari va burnini kesib tashlashgan.

* * *

Abdulloh ibn Jahsh birinchi amalga oshirilgan xijratga boshliq bo‘lganidan uni “birinchi amiral muminin” (musulmonlar amiri) deya atalgan.

Islomni Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam Arqamaning uyiga kirishlari va bu uyning ilk musulmonl uchun uchrashuv joyi, maktab va panohgoh bo‘lishidan avval qabul qilgan.

Quraysh tomonidan bo‘lishi mumkin bo‘lgan keyingi zulmlaroldini olish maqsadida Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam Madina shahriga hijrat qilishga buyurganlarida Abdulloh faqatgina Abu Salamadan ortda qolgan holda ikkinchi bo‘lib ko‘chib ketadi. O‘zi va ayrim oila a’zolarining avval ham Habashistonga ko‘chganliklaridan bu hijrat ularga yangi narsa bo‘lib ko‘rinmadi. O‘zi, oilasi va butun boshli qavmi Islomni qabul qilishganidan avvalgi hijratdan farqli ravishda bu safargi ko‘chishning ko‘lami juda keng edi – erkaklar, ayollar va bolalar unga hamrohlik qilishar edi.

Makkani tark qilishar ekan, ortlarida bo‘m-bo‘sh, huvillagan va huddi u yerda hech kim yashamagandek bo‘lib qolgan hovli joylari qoldi.

Hali uzoq masofaga ketishga ulgurishmasdan Quraysh yetakchilari shaharni kimlar tark etganini va kimlar qolganini bilish maqsadida Makka turar joylarini o‘rab ola boshlashdi. Ular orasida – Abu Jahl va Utba ibn Robialar bor edi. Utba chang-to‘zonda qolgan Banu Jahsh uylariga qaradi. Uylar oldiga kelib eshiklarni taqillatdi va: “Banu Jahsh uylari bo‘shab qolibdi va o‘z egalariga aza tutyabdi” dedi.

Abu Jahl tirjayib “U odamlar o‘zi kim edi” deya so‘radi. So‘ngra uyni o‘z mulkiga aylantirib oldi. Bu uy Makkaning eng go‘zal va qimmatbaho uylaridan edi. So‘ngra xuddi shohlar odamlarga in’om berganidek uy ichidagi narsalarni atrofdagilarga tarqatib yubordi.

Keyinchalik bu habar Abdulloh ibn Jahshga yetib keladi va u buni Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam ga yetkazadi. Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam unga:

– Ey Abdulloh, bu uylar evaziga Alloh senga o‘z Jannatidan bergan uyiga rozi emasmisan? - dedilar.

– Roziman, Ey Allohning rasuli, — dedi va ko‘ngli to‘liq taskin topdi.

Qurayshning bergan zulmlaridan Madinaga joylashib, ansorlar xomiyligida tinchroq hayot kechirishni endigina ham boshlagan ediki uning boshiga avvalgilaridan ham og‘irroq sinovlar kela boshladi. Musulmon bo‘lganidan beri eng qiyin vazifa unga yuklatilishi va u buni nihoyasiga yetkazishi kerak edi.

Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam Abdulloh ibn Jahsh va Sa’d ibn Abu Vaqqoslardan iborat sakkiz kishiga harbiy topshiriq beradilar.

Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam:  “Ichingizda ochlikka va chanqoqqa eng chidamligizni boshliq etib tayinlayman” dedilar va Abdulloh ibn Jaxshni guruhga yetakchi etib sayladilar.

Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam unga xat berar ekanlar, yo‘l chizmasi haqida aniq ko‘rsatma berdilar va bergan xatlarini faqatgina safarning 2-kunidan so‘ng ochish kerakligini uqdirdilar.

Safarning 2-kuni yakuniga yetganidan so‘ng Abdulloh xatni ochdi. Unda: “Ushbu xatni ochganindan so‘ng safarni Toif va Makka orasidagi Nahla degan joygacha davom et. Ushbu yerdan Quraysh ahlini kuzat va imkon qadar ma’lumot to‘plab kel” deyilgan edi. “Xo‘p bo‘ladi, ey, Allohning payg‘ambari” dedi Abdulloh va hamrohlariga qarab murojaat qildi:

– Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam menga Nahlagacha borishni va u yerdan Qurayshni kuzatib ma’lumot to‘plab kelishni buyurdilar. Xatda yana aytilishicha ushbu safar maqsadiga qarshi bo‘lganlar bilan safarni davom ettirmaslik kerakligi aytilgan edi. Shuning uchun kimda kim tamoman maqsadimizga qo‘shilsa va shahidlik maqomiga yetishish niyatida bo‘lsa menga hamrohlik qilsin. Kim qo‘shilmasa, ortga qaytib ketishi mumkin.”

Barchalari “Buyrug‘ingiz bosh ustiga, ey, Allohning payg‘ambari. Abdulloh, Biz sen bilan Allohning payg‘ambari buyurgan yerga boramiz” deya javob qaytardilar.

Guruh Nahlaga yetib keldi va tog‘liklar oralab yurib Quraysh haqida ma’lumotlar to‘plashga harakat qila boshlashdi. Shu orada ular uzoqdan kelayotgan Quraysh karvoniga ko‘zlari tushib qoldi. Karvonda 4 kishi bor edi - Amr ibn al-Hadramiy, Hukm ibn Kaysan, Usmon ibn Abdulloh va uning ukasi Mug‘ira. Ular Qurayshga odatiy savdo mollari olib ketayotgan edilar. 

Sahobalar o‘zaro maslahatlashishar ekan – ushbu kunning urush harom qilingan oyning oxirgi kuni ekanligidan “agar hozir ularga hamla qilib, o‘ldirsak bu ushbu oyning hurmatini oyoqosti qilgan va butun arablar g‘azabiga duchor bo‘lamiz. Agar ushbu kunning yakunlanishini kutsak, ular Makka hududiga yetib olishadi va biz ularga xavf sola olmaymiz” degan mulohaza qila boshlashdi. Alaloqibat ular karvonga hujum qilib undagi mollarni o‘lja qilib olishga qaror qilishdi. Natijada karvondagi 4 kishidan ikkitasi asir olinib bittasi o‘ldirildi va to‘rtinchisi qochib ketishga muvaffaq bo‘ldi.

Abdulloh ibn Jahsh va uning hamrohlari karvondagi bor mol-mulkni va qo‘lga olingan 2 asir bilan Madinaga qaytib kelib, bo‘lgan voqeani Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallamga so‘zlab berishdi. U kishi o‘z navbatida ular qilgan ishdan juda xafa bo‘ldilar va uni qattiq qoraladilar.

– Allohga qasamki, men sizlarga urushishga buyruq bermagan edim. Men faqatgina ma’lumot to‘plash va Qurayshning harakatlarini kuzatib kelish uchun sizlarni jo‘natgan edim, — dedilar Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam.

U zot sollallohu alayhi vasallam asir olingan 2 kishini ozod qilib yuborishni buyurdilar. O‘zlari esa karvondagi o‘ljalardan biron narsasiga tegmadilar.

Abdulloh ibn Jahsh va uning safardagi hamrohlari juda noqulay ahvolda qolishgan edi va albatta bunga Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam ning buyruqlariga quloqsizlik qilishganidan deb bilishar edi. Ustiga ustak, Madinadagi o‘z musulmon birodarlari bilan to‘qnash kelishganda ularning o‘zlarini olib qochishlari yoki ibn Jahsh va uning hamrohlarini ko‘rsatib: “Bular Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam buyruqlariga qarshi borganlardir” deya gapirishlari ularni juda noqulay va yomon ahvolda qoldirar edi.

“Dard ustiga chipqon” deganlaridek, Quraysh sodir bo‘lgan voqeadan Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallamni Arab qabilalari o‘rtasida obro‘sizlantirish uchun “Muhammad harom oyni oyoq osti qildi. U unda qon to‘kdi, karvonga hamla qilib, boylik orttirib oldi va insonlarni asir oldi” deya gap tarqatishlari ibn Jahshga bo‘lgan bosimni yanada orttirdi.

Sakkiz kishilik guruhning ahvoli og‘ir edi – ular bo‘lgan voqeadan qalban qiynalar va ruhan tushkin ahvolda qolgan edilar.

So‘ngra Allohga hamdlar bo‘lsinki, U tomonidan xushxabar keldi – bo‘lgan voqea haqida Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallamga vahiy nozil bo‘ldi. Ularning shodliklari tasavvur qilish qiyin edi. Sahobalar ularning oldilariga kelishar, yaxshi habarlar bilan tabrishlashar va nozil bolgan Qur’on oyatlarini o‘qib berishar edi:

– “Sendan harom oyda urush qilish haqida so‘raydilar. Sen:«Unda urush qilish katta gunoh. Allohning yo‘lidan to‘sish, unga kufr keltirish, Masjidul Haromdan to‘sish, uning ahlini undan chiqarish Allohning huzurida eng katta gunohdir. Fitna o‘ldirishdan kattaroqdir», deb ayt. Ular agar qodir bo‘lsalar, sizlarni diningizdan qaytargunlaricha sizga qarshi urush qilaveradilar. Sizdan kimki dindan qaytib, kofir holida o‘lib ketsa, ana o‘shalar bu dunyoyu oxiratda amali habata bo‘lganlardir. Ana o‘shalar do‘zax egalaridir. Ular unda abadiy qolguvchilardir.” (Baqara, 217).

Ushbu mukarram oyatlar nozil bo‘lganda Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallamning ko‘ngillari taskin topdi. U zot karvondagi buyumlarni musulmonlarga qoldirib asirlarni to‘lov evaziga ozod qilib yubordilar va ibn Jahsh guruhidan rozi bo‘ldilar. Albatta bu ushbu qilingan safar Musulmonlar jamoasining ilk yillarida bo‘lgan juda muhim voqea edi.

Abdulloh ibn Jahsh hayotidagi keyingi sinov bo‘lgan Badr jangi ham tez orada bo‘lib o‘tdi. Ammo bu sinovda ham uning e’tiqodini mustahkamligi namoyon bo‘ldi.

So‘ngra Uhud jangi ham bo‘lib o‘tdi. Ushbu jangda Abdulloh va uning do‘sti Sa’d ibn Abu Vaqqos bilan bog‘liq bir voqea bo‘ldiki, buni ta’kidlab o‘tmasdan ilojimiz yuq. Keling ushbu voqeani Sa’dning o‘zidan eshitaylik:

Jang chog‘ida Abdulloh mening oldimga keldi va “Allohga duo qilmaymizmi?” deb so‘radi.

“Ha” dedim men va biz jang maydonidan chekkaroqqa chiqdik va men ushbu duoni qildim: “Robbim, jangda menga jasadi ulkan va juda kuchli raqibni ro‘baro‘ qilginki, men uni mahv etay”. Mening ushbu duoimga u “Omiyn” dedi va o‘zi ham duo qila boshladi:

“Robbim, jangda menga jasadi ulkan va juda kuchli raqibni ro‘baro‘ qilgin. Men u bilan sening roziliging uchun jang qilay va u ham men bilan jang qilsin. U meni mahv etib quloqlarim va burnimni kesib olsin va qiyomat kunida senga duch kelganimda sening “Nima uchun sening burning va quloqlaring kesib olingan edi?” deb so‘raganingda “Sening va Payg‘ambaringni roziligi uchun” deya javob beray va sen “Sen haqiqatni gapirding” degin”. Sa’d o‘z hikoyasini davom ettiradi: “Abdulloh ibn Jahshning duosi menikidan yaxshiroq va ustunroq edi. Kunning oxirida men uning jasadi tahqirlangan – quloqlari kesib olingan va yaqinroqdagi daraxtga ilib qo‘yilganini ko‘rdim.

Alloh Abdullohning duosini qabul qildi va uni xuddi amakisi Hamza ibn Abdullmuttalibdek shahid bo‘ldi. Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam ularni bir qabrga dafn qildilar.

Abdulvohid Hamidning “Payg‘ambar sahobalari” asaridan