Усома ибн Зайд

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 22.09.2016

«Усоманинг отаси Расулуллоҳга отангдан кўра севимлироқ эди. Ўзи эса у Зотга сендан кўра севимлироқдир». (Ҳазрати Умарнинг ўғлига айтганлари)

Ҳижратга қадар Маккада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар Қурайш мушрикларидан кўп озор-азиятлар чекишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қийинчиликларни мардона кўтарар, мусибатларга сабр қилар эдилар.

Бундай оғир бир пайтда ҳаётларида қувонч нурлари ҳам порлади. Бир куни у Зотга Умму Айманнинг ўғил фарзанд кўрганини айтишди. Суюнганларидан муборак юзлари ёришди, чеҳраларида шодлик барқ урди. Расулуллоҳга хурсандчилик олиб келган бахтли чақалоққа «Усома» деб исм беришди.

Боланинг онаси «Умму Айман» кунясини олган Барака ал-Ҳабаший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари Омина бинти Ваҳбнинг хизматчиси эди. Болалик йиллари Пайғамбаримизни тарбиялаган ва катта қилган, у Зотга дунёни танитган Умму Айман Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жуда яхши кўрарди ва тасдиқ этарди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом кўпинча: «У онамдан сўнг иккинчи онам ва аҳли байтимдан қолган ёдгорлигимдир», дер эдилар.

Усоманинг отаси эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатдан олдин яхши кўриб асраб олган ўғиллари, сирдошлари Зайд ибн Ҳорисадир.

Мусулмонлар бошқа чақалоқлар туғилганида бу каби қувонишмаган! Бу бахтли чақалоққа «Суюклининг суюкли ўғли» деб лақаб қўйишди. Бу асло муболаға эмас эди. Ҳақиқатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўп яхши кўрар эдилар. Усома Расулуллоҳнинг неваралари Ҳасан розияллоҳу анҳу билан жуда яқин эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу икковларини бирдек яхши кўрардилар, уларни бағирларига босиб: «Аллоҳим, мен буларни яхши кўраман, сен ҳам буларни яхши кўргин!» деб дуо қилардилар. Бир куни Усома остонада қоқилиб, пешонасини ёриб олади. Жароҳатидан қон оқа бошлаган кезда у Зотнинг ўзлари оқаётган қонни артадилар ва ширин сўзлар билан уни юпатадилар.

Қурайш ашрафларидан Ханиш ибн Хизом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Ямандан эллик минг олтин динорга сотиб олинган, ўша юрт подшоҳларидан бирига тегишли қимматбаҳо кийимни совға қилади. Бу кийимни жума куни бир марта киядилар-да, сўнг Усомага бериб юборадилар.

Усома гўзал ахлоқ ва яхши хислатлар эгаси бўлиб вояга етди. У заковатли, шижоатли, одамларга дўст ва Аллоҳни яхши кўрадиган, тақводор инсон эди.

Уҳуд кунида Усома бир неча саҳобанинг болалари билан урушга бормоқчи бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёши кичикларни қайтариб юбордилар. Улар ичида Усома ҳам бор эди. Бу имкониятдан маҳрум бўлгани учун унинг кўзлари ёшга тўлган эди.

Усома ҳали ўн саккизга кирмаган чоғида отасининг фожиали ўлимини кўрди. Бу фожиа унинг руҳиятини синдирмади. Балки у Жаъфар ибн Абу Толибга ёрдамга ошиқди. У ҳам фожиали ўлим топгач, Абдуллоҳ ибн Равоҳа ёнида бўлди. У ҳам вафот этгач, Холид ибн Валид румликлар чангалидан қўшинни қутқаришга эришгунича майдондан чиқиб кетмади.

Усома отасининг пок жасадини Шом чегараларида қолдириб, Мадинага қайтди. Ҳижратнинг ўнинчи йили яна қўшин тузилди. Унинг таркибида Абу Бакр, Умар, Саъд ибн Абу Ваққос, Абу Убайда ва бошқа ёши улуғ саҳобалар бор эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Усома ибн Зайдни қўмондон қилиб тайинладилар. У ҳали йигирма ёшда эди. Балқо ва Даровий қалъаси чегарасигача бошлаб боришни буюрдилар. Қўшин тайёр бўлиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб бўлиб қолдилар. Бетобликлари кучайгач, қўшин у Зотнинг аҳволлари яхшиланишини кутиб, юришдан тўхтаб қолди.

Усома айтади: «Аллоҳ Расулининг касаллари оғирлашгач, бир неча одам билан ҳузурларига кирдик. Касалликларининг оғирлиги ва шиддатидан инграётганларини кўрдим. Аввалига қўлларини самога кўтардилар, сўнг мен томонга қарадилар. Шунда мени чақираётганларини англадим».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин кўп ўтмай ҳазрати Абу Бакрга байъат берилди. У киши Усомага йўлга чиқишини буюрдилар. Лекин ансорлардан бир неча йигит юришни кечиктиришни талаб қилди. Улар Умар ибн Хаттобга: «Агар талабимиздан бош тортадиган бўлса, Усома ўрнига ёши каттароқ бир кишини тайинлашини етказгин», дейишди.

Абу Бакр ҳазрати Умардан ансорларнинг бу гапини эшитишлари биланоқ ўринларидан турдилар, ғазабланиб: «Отанг сени йўқотгур, Умар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тайин қилган кишини ишдан олиб ташлашимни буюряпсанми? Аллоҳга қасамки, асло бундай бўлмайди», дедилар.

Ёш қўмондон қўшин билан йўлга чиққанида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифалари пиёда, Усома эса отда кетаётган эди. Хижолат бўлган Усома деди: «Сиз ё отга мининг, ё мен ҳам яёв бўлиб олай». Абу Бакр: «Сен яёв бўлмайсан, мен ҳам отга минмайман. Аллоҳ йўлида бир неча қадам пиёда юрсам, нима қилибди?»− деб жавоб бердилар. Йўлда кетаётганларида Абу Бакр Усомага: «Сенга Аллоҳнинг динини, омонатини ва ишингда юмшоқ, яхши муомалали бўлишни ишониб топширяпман ва Аллоҳнинг Расули сенга буюрган ишни бажаришингни васият қиламан», дедилар. Сўнг унга энгашиб: «Агар менга ёрдам беришни истасанг, Умарнинг мен билан қолишига изн бер», дедилар. Усома ҳазрати Умарнинг қолишларига изн берди.

Усома бутун ҳаётини мусулмонларнинг эҳтироми ва севгисига муносиб тарзда яшади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Усомага ўғли Абдуллоҳ ибн Умардан каттароқ маош тайинлаган эдилар. Шунда Абдуллоҳ отаси Ҳазрати Умарга: «Эй отажон, Усомага тўрт минг, менга эса уч минг тайинлабсиз. Унинг отаси сиздан кўра кўпроқ фазл эгаси эмас эди ва у ҳам мендан кўра кўпроқ фазл эгаси эмасдир», дейди. Ҳазрати Умар:«Кўп нарсани йўқотибсан. Унинг отаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сенинг отангдан кўра севимлироқ эди. Ўзи эса сендан кўра у Зотга севимлироқдир». Абдуллоҳ бундан сўнг ўзига берилган улушга рози бўлди. Ҳазрати Умар Усомани учратган пайтда: «Марҳабо, эй амирим!» деб, эҳтиром кўрсатарди. Бу гапни эшитганлар ажабланишса: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни менга амир қилиб тайинлаганлар», дер эдилар.

Ислом динимиз тарихи саҳобалардан кўра улуғроқ, комилроқ ва устунроқ инсонларни билмайди.

Юлдуз Комил таржимаси | Сийрат.уз

* * *

«Usomaning otasi Rasulullohga otangdan ko‘ra sevimliroq edi. O‘zi esa u Zotga sendan ko‘ra sevimliroqdir». (Hazrati Umarning o‘g‘liga aytganlari)

Hijratga qadar Makkada Rasululloh sollallohu alayhi vasallam va sahobalar Quraysh mushriklaridan ko‘p ozor-aziyatlar chekishar edi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam qiyinchiliklarni mardona ko‘tarar, musibatlarga sabr qilar edilar.

Bunday og‘ir bir paytda hayotlarida quvonch nurlari ham porladi. Bir kuni u Zotga Ummu Aymanning o‘g‘il farzand ko‘rganini aytishdi. Suyunganlaridan muborak yuzlari yorishdi, chehralarida shodlik barq urdi. Rasulullohga xursandchilik olib kelgan baxtli chaqaloqqa «Usoma» deb ism berishdi.

Bolaning onasi «Ummu Ayman» kunyasini olgan Baraka al-Habashiy Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning onalari Omina binti Vahbning xizmatchisi edi. Bolalik yillari Payg‘ambarimizni tarbiyalagan va katta qilgan, u Zotga dunyoni tanitgan Ummu Ayman Rasululloh sollallohu alayhi vasallamni juda yaxshi ko‘rardi va tasdiq etardi. Payg‘ambarimiz alayhissalom ko‘pincha: «U onamdan so‘ng ikkinchi onam va ahli baytimdan qolgan yodgorligimdir», der edilar.

Usomaning otasi esa Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning risolatdan oldin yaxshi ko‘rib asrab olgan o‘g‘illari, sirdoshlari Zayd ibn Horisadir.

Musulmonlar boshqa chaqaloqlar tug‘ilganida bu kabi quvonishmagan! Bu baxtli chaqaloqqa «Suyuklining suyukli o‘g‘li» deb laqab qo‘yishdi. Bu aslo mubolag‘a emas edi. Haqiqatan Rasululloh sollallohu alayhi vasallam uni ko‘p yaxshi ko‘rar edilar. Usoma Rasulullohning nevaralari Hasan roziyallohu anhu bilan juda yaqin edi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bu ikkovlarini birdek yaxshi ko‘rardilar, ularni bag‘irlariga bosib: «Allohim, men bularni yaxshi ko‘raman, sen ham bularni yaxshi ko‘rgin!» deb duo qilardilar. Bir kuni Usoma ostonada qoqilib, peshonasini yorib oladi. Jarohatidan qon oqa boshlagan kezda u Zotning o‘zlari oqayotgan qonni artadilar va shirin so‘zlar bilan uni yupatadilar.

Quraysh ashraflaridan Xanish ibn Xizom Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga Yamandan ellik ming oltin dinorga sotib olingan, o‘sha yurt podshohlaridan biriga tegishli qimmatbaho kiyimni sovg‘a qiladi. Bu kiyimni juma kuni bir marta kiyadilar-da, so‘ng Usomaga berib yuboradilar.

Usoma go‘zal axloq va yaxshi xislatlar egasi bo‘lib voyaga yetdi. U zakovatli, shijoatli, odamlarga do‘st va Allohni yaxshi ko‘radigan, taqvodor inson edi.

Uhud kunida Usoma bir necha sahobaning bolalari bilan urushga bormoqchi bo‘ldi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam yoshi kichiklarni qaytarib yubordilar. Ular ichida Usoma ham bor edi. Bu imkoniyatdan mahrum bo‘lgani uchun uning ko‘zlari yoshga to‘lgan edi.

Usoma hali o‘n sakkizga kirmagan chog‘ida otasining fojiali o‘limini ko‘rdi. Bu fojia uning ruhiyatini sindirmadi. Balki u Ja’far ibn Abu Tolibga yordamga oshiqdi. U ham fojiali o‘lim topgach, Abdulloh ibn Ravoha yonida bo‘ldi. U ham vafot etgach, Xolid ibn Valid rumliklar changalidan qo‘shinni qutqarishga erishgunicha maydondan chiqib ketmadi.

Usoma otasining pok jasadini Shom chegaralarida qoldirib, Madinaga qaytdi. Hijratning o‘ninchi yili yana qo‘shin tuzildi. Uning tarkibida Abu Bakr, Umar, Sa’d ibn Abu Vaqqos, Abu Ubayda va boshqa yoshi ulug‘ sahobalar bor edi. Payg‘ambarimiz alayhissalom Usoma ibn Zaydni qo‘mondon qilib tayinladilar. U hali yigirma yoshda edi. Balqo va Daroviy qal’asi chegarasigacha boshlab borishni buyurdilar. Qo‘shin tayyor bo‘lishi bilan Rasululloh sollallohu alayhi vasallam betob bo‘lib qoldilar. Betobliklari kuchaygach, qo‘shin u Zotning ahvollari yaxshilanishini kutib, yurishdan to‘xtab qoldi.

Usoma aytadi: «Alloh Rasulining kasallari og‘irlashgach, bir necha odam bilan huzurlariga kirdik. Kasalliklarining og‘irligi va shiddatidan ingrayotganlarini ko‘rdim. Avvaliga qo‘llarini samoga ko‘tardilar, so‘ng men tomonga qaradilar. Shunda meni chaqirayotganlarini angladim».

Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning vafotlaridan keyin ko‘p o‘tmay hazrati Abu Bakrga bay’at berildi. U kishi Usomaga yo‘lga chiqishini buyurdilar. Lekin ansorlardan bir necha yigit yurishni kechiktirishni talab qildi. Ular Umar ibn Xattobga: «Agar talabimizdan bosh tortadigan bo‘lsa, Usoma o‘rniga yoshi kattaroq bir kishini tayinlashini yetkazgin», deyishdi.

Abu Bakr hazrati Umardan ansorlarning bu gapini eshitishlari bilanoq o‘rinlaridan turdilar, g‘azablanib: «Otang seni yo‘qotgur, Umar, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam tayin qilgan kishini ishdan olib tashlashimni buyuryapsanmi? Allohga qasamki, aslo bunday bo‘lmaydi», dedilar.

Yosh qo‘mondon qo‘shin bilan yo‘lga chiqqanida Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning xalifalari piyoda, Usoma esa otda ketayotgan edi. Xijolat bo‘lgan Usoma dedi: «Siz yo otga mining, yo men ham yayov bo‘lib olay». Abu Bakr: «Sen yayov bo‘lmaysan, men ham otga minmayman. Alloh yo‘lida bir necha qadam piyoda yursam, nima qilibdi?»− deb javob berdilar. Yo‘lda ketayotganlarida Abu Bakr Usomaga: «Senga Allohning dinini, omonatini va ishingda yumshoq, yaxshi muomalali bo‘lishni ishonib topshiryapman va Allohning Rasuli senga buyurgan ishni bajarishingni vasiyat qilaman», dedilar. So‘ng unga engashib: «Agar menga yordam berishni istasang, Umarning men bilan qolishiga izn ber», dedilar. Usoma hazrati Umarning qolishlariga izn berdi.

Usoma butun hayotini musulmonlarning ehtiromi va sevgisiga munosib tarzda yashadi. Hazrati Umar roziyallohu anhu Usomaga o‘g‘li Abdulloh ibn Umardan kattaroq maosh tayinlagan edilar. Shunda Abdulloh otasi Hazrati Umarga: «Ey otajon, Usomaga to‘rt ming, menga esa uch ming tayinlabsiz. Uning otasi sizdan ko‘ra ko‘proq fazl egasi emas edi va u ham mendan ko‘ra ko‘proq fazl egasi emasdir», deydi. Hazrati Umar:«Ko‘p narsani yo‘qotibsan. Uning otasi Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga sening otangdan ko‘ra sevimliroq edi. O‘zi esa sendan ko‘ra u Zotga sevimliroqdir». Abdulloh bundan so‘ng o‘ziga berilgan ulushga rozi bo‘ldi. Hazrati Umar Usomani uchratgan paytda: «Marhabo, ey amirim!» deb, ehtirom ko‘rsatardi. Bu gapni eshitganlar ajablanishsa: «Rasululloh sollallohu alayhi vasallam uni menga amir qilib tayinlaganlar», der edilar.

Islom dinimiz tarixi sahobalardan ko‘ra ulug‘roq, komilroq va ustunroq insonlarni bilmaydi.

Yulduz Komil tarjimasi | Siyrat.uz