Абу Жандал ибн Суҳайл

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 29.08.2016

Бу саҳобий Исломнинг аввалги давридаёқ Маккада мусулмон бўлган эдилар. Оталари ўғлим ҳижратга кетиб қолмасин, деб занжирбанд қилиб қўйгани учун ҳижрат қила олмай Маккада қолиб кетган эдилар. Ҳудайбийя сулҳига имзо чекилганидан кейин Абу Жандал мусулмонлар томонига ўтиб кетдилар.

Бу зотнинг мусулмонлар томонига ўтишлари катта ғавғога айланиб кетди. Чунки бу мусулмонлар ва мушриклар ўртасида тузилган сулҳ шартномасига зид бўлиб, Ҳудайбия сулҳида мусулмонлардан ким мушриклар томонига ўтса қайтарилмаслиги, лекин мушриклар томонидан бирор киши ўтса, қайтариб берилиши кўзда тутилган эди.

Абу Жандал минг машаққат билан тутқунликдан қутулиб, занжирларини судраганича мусулмонлардан паноҳ сўраб келганларида ота ўғлининг қайтарилишини Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васалламдан  қаттиқ талаб қилиб туриб олди: «Сулҳ шартларига мувофиқ сиздан биринчи бўлиб сўрайдиганим шудир, агар берилмаса, сулҳ бузилади». Расули акрам сулҳ ҳукмидан Абу Жандалнинг истисно қилинишини хоҳлаган эдилар. Бироқ отаси Суҳайлнинг қайсарлигини кўриб сулҳни қутқариб қолишни ўйладилар ва валийсининг истагига кўра Абу Жандални топширишга рози бўлдилар. Бечора Абу Жандал бу ҳолдан қаттиқ қайғуриб, хафа бўлиб қолдилар:

– Мен мусулмон бўлганим учун шундай зулмларга, азобларга учраган эдим. Яна мени қайтадан зулм ичига отмоқчимисизлар? Яна мушриклар қўлига топширмоқчимисизлар? – У титраб-қақшаб ҳаммага жавдираб қарар, баданидаги яраларни кўрсатиб, изтиробли аҳволини тушунтирмоқчи бўлар, мусулмонларнинг марҳаматидан умидвор эди.  Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга тасалли беришга уриниб кўрдилар. «Биз шу нарсага битим тузганмиз. Бу битимни бажаришга мажбурмиз. Сен сабр қилгин, Аллоҳдан умидингни узма, Аллоҳ Ўзи яқинда сени ва сен кабиларни рўшноликка чиқаради», дедилар. Абу Жандал Яна ўша кишанлар ичида Маккага қайтишга мажбур бўлдилар.

Ўша пайтда вазият ўта нозик, асаблар таранглашган эди. Абу Жандалга татбиқ қилинган муомала мусулмонларни ғалаёнга келтирди. Абу Жандалнинг такроран золимлар қўлига топширилиши чидаб бўлмас бир манзара эди. Ҳатто Ҳазрати Умар ҳам бу ҳолга чидай олмадилар. Расули акрамнинг ҳузурларига бориб:

– Сиз Аллоҳнинг Пайғамбари эмасмисиз, даъвойингиз ҳақ даъво эмасмиди, бу залолатни нега қабул қиляпсиз, – дея таъна қилишгача бордилар.  Шунда Пайғамбар алайҳиссалом унга:

– Муҳаққақ, мен Аллоҳнинг Пайғамбариман. Аллоҳга исён қилганим ҳам йўқ. Биздан уларга кетганларни (яъни Исломдан чиққанларни) Аллоҳ биздан узоқ қилсин. Улардан бизга келганлар учун эса Аллоҳ, албатта, бирор чора яратади, – дедилар.

Абу Жандал кўп ўтмай маккалик мушриклар исканжасидан қутулдилар. Мадинага борсам, яна мушриклар жанжал кўтаради, деган фикрда ўзига ўхшаб мушриклар тазйиқидан қочиб юрган Абу Басир  изидан Макка ва Шом йўли оралиғидаги Ис деган жойда ўрнашиб қолдилар. Бу ер бетараф ва хавфсиз бир чегара бўлиб, қурайшийларнинг Шом тижорат карвони шу ердан ўтар эди.

Лекин Абу Жандалга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тириклик пайтларида ғазотга чиқиш насиб қилмади. Кейинчалик у киши Шом шаҳрига мужоҳид бўлиб чиқиб кетдилар. Ва Авомис вабоси сабабли ҳижратнинг 18-йили ўша ерда вафот этдилар.

Аҳмад Муҳаммад тайёрлади | Сийрат.уз

* * *

Bu sahobiy Islomning avvalgi davridayoq Makkada musulmon bo‘lgan edilar. Otalari o‘g‘lim hijratga ketib qolmasin, deb zanjirband qilib qo‘ygani uchun hijrat qila olmay Makkada qolib ketgan edilar. Hudaybiyya sulhiga imzo chekilganidan keyin Abu Jandal musulmonlar tomoniga o‘tib ketdilar.

Bu zotning musulmonlar tomoniga o‘tishlari katta g‘avg‘oga aylanib ketdi. Chunki bu musulmonlar va mushriklar o‘rtasida tuzilgan sulh shartnomasiga zid bo‘lib, Hudaybiya sulhida musulmonlardan kim mushriklar tomoniga o‘tsa qaytarilmasligi, lekin mushriklar tomonidan biror kishi o‘tsa, qaytarib berilishi ko‘zda tutilgan edi.

Abu Jandal ming mashaqqat bilan tutqunlikdan qutulib, zanjirlarini sudraganicha musulmonlardan panoh so‘rab kelganlarida ota o‘g‘lining qaytarilishini Rasululloh sollalllohu alayhi vasallamdan  qattiq talab qilib turib oldi: «Sulh shartlariga muvofiq sizdan birinchi bo‘lib so‘raydiganim shudir, agar berilmasa, sulh buziladi». Rasuli akram sulh hukmidan Abu Jandalning istisno qilinishini xohlagan edilar. Biroq otasi Suhaylning qaysarligini ko‘rib sulhni qutqarib qolishni o‘yladilar va valiysining istagiga ko‘ra Abu Jandalni topshirishga rozi bo‘ldilar. Bechora Abu Jandal bu holdan qattiq qayg‘urib, xafa bo‘lib qoldilar:

– Men musulmon bo‘lganim uchun shunday zulmlarga, azoblarga uchragan edim. Yana meni qaytadan zulm ichiga otmoqchimisizlar? Yana mushriklar qo‘liga topshirmoqchimisizlar? – U titrab-qaqshab hammaga javdirab qarar, badanidagi yaralarni ko‘rsatib, iztirobli ahvolini tushuntirmoqchi bo‘lar, musulmonlarning marhamatidan umidvor edi.  Shunda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam unga tasalli berishga urinib ko‘rdilar. «Biz shu narsaga bitim tuzganmiz. Bu bitimni bajarishga majburmiz. Sen sabr qilgin, Allohdan umidingni uzma, Alloh O‘zi yaqinda seni va sen kabilarni ro‘shnolikka chiqaradi», dedilar. Abu Jandal Yana o‘sha kishanlar ichida Makkaga qaytishga majbur bo‘ldilar.

O‘sha paytda vaziyat o‘ta nozik, asablar taranglashgan edi. Abu Jandalga tatbiq qilingan muomala musulmonlarni g‘alayonga keltirdi. Abu Jandalning takroran zolimlar qo‘liga topshirilishi chidab bo‘lmas bir manzara edi. Hatto Hazrati Umar ham bu holga chiday olmadilar. Rasuli akramning huzurlariga borib:

– Siz Allohning Payg‘ambari emasmisiz, da’voyingiz haq da’vo emasmidi, bu zalolatni nega qabul qilyapsiz, – deya ta’na qilishgacha bordilar.  Shunda Payg‘ambar alayhissalom unga:

– Muhaqqaq, men Allohning Payg‘ambariman. Allohga isyon qilganim ham yo‘q. Bizdan ularga ketganlarni (ya’ni Islomdan chiqqanlarni) Alloh bizdan uzoq qilsin. Ulardan bizga kelganlar uchun esa Alloh, albatta, biror chora yaratadi, – dedilar.

Abu Jandal ko‘p o‘tmay makkalik mushriklar iskanjasidan qutuldilar. Madinaga borsam, yana mushriklar janjal ko‘taradi, degan fikrda o‘ziga o‘xshab mushriklar tazyiqidan qochib yurgan Abu Basir  izidan Makka va Shom yo‘li oralig‘idagi Is degan joyda o‘rnashib qoldilar. Bu yer betaraf va xavfsiz bir chegara bo‘lib, qurayshiylarning Shom tijorat karvoni shu yerdan o‘tar edi.

Lekin Abu Jandalga Rasululloh sollallohu alayhi vasallam tiriklik paytlarida g‘azotga chiqish nasib qilmadi. Keyinchalik u kishi Shom shahriga mujohid bo‘lib chiqib ketdilar. Va Avomis vabosi sababli hijratning 18-yili o‘sha yerda vafot etdilar.

Ahmad Muhammad tayyorladi | Siyrat.uz