Имом ал-Бухорий: устозлари ва шогирдлари

Рукн: Муҳаддислар Чоп этилган: 11.12.2014

Устозлари

Имом ал-Бухорий ўз ватанида ва хорижий юртларда мингдан ортиқ устоз (шайх, машойиҳ)лардан ҳадис ривоят қилгани ҳақида манбаларда аниқ кўрсатилган.

Ал-Бухорийга таълим берган дастлабки устозлари ҳақида аниқ гапирадиган бўлсак, биринчи навбатда ўша даврда Бухорода кўзга кўринган муҳаддислардан Муҳаммад ибн Салом ал-Пойкандий, Муҳаммад ибн Юсуф ал-Пойкандий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Маснадий, Иброҳим ибн ал-Ашъас ва бошқаларни кўрсатиш лозим. Ҳадислар бўйича дастлабки сабоқни ал-Бухорий мана шу устозлардан олиб, ўн олти ёшга етмасдан бурун кўпдан-кўп ҳадисларни ўзлаштириб, Абдуллоҳ ибн ал-Муборакнинг китобларини ёд олди. Тез фурсатда ал-Бухорийнинг ноёб қобилияти ва зукколиги кўпчилик уламолар томонидан, шунингдек, ал-Бухорийга устозлик қилган етук муҳаддислар томонидан ҳам юксак баҳолана бошланди. Бу ҳол шу даражага етдики, ҳатто таниқли олимлар ҳам ал-Бухорийнинг ўз дарсларига ҳозир бўлишидан ташвишланиб, унинг ҳузурида бирор хато ёки камчиликка йўл қўйишларидан хавотирланадиган бўлиб қолдилар. Улар ҳатто ўз китобларидаги хатоларни тузатиш учун ал-Бухорийга мурожаат қилардилар. Манбаларда келтирилишича, ҳадислар талабида ал-Бухорий хорижий юртларга сафарга чиқишдан олдин бир воқеа содир бўлган экан. Шу ҳақда бухоролик олим Салим ибн Мужоҳид шундай ҳикоя қилади: "Бир кун дўстим Муҳаммад ибн Салом ал-Пойкандийнинг уйига борган эдим, у менга: "бироз олдинроқ келганингда етмиш минг ҳадисни ёд олган бир ёш болани кўрар эдинг-да,-деди. Мен шу заҳоти орқамга қайтиб кўчага чиқдим ва ўша болани учратиб: "Етмиш минг ҳадисни ёд биламан, дейдиган бола сенмисан,-деб сўрасам, у ҳа, ундан ҳам ортиқроғини биламан",-деди.

У яна: "Мен саҳобалар ва тобеъийнлардан токи уларнинг кўпларини таваллуд ва вафотлари, уларнинг масканларини аниқ билмаганимча бирорта ҳам ҳадис ривоят қилмайман. Шунингдек, саҳобалар ва тобеъийнларнинг ҳар бир ҳадисини Қуръони карим ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларига таянган ҳолда ривоят қиламан",-деди. Муҳаммад ибн Салом ал-Пойкандийнинг ушбу сўзлари ҳам ал-Бухорий ёшлигидан бошлаб катта обрў-еътиборга эга бўлганлигига далилдир. Унинг "Муҳаммад ибн Исмоил қачон менинг ҳузуримга кирса, ҳар доим мен ўзимни йўқотиб қўйиб, доим ундан хавотирда тураман"-деган эътирофига, ал-Ҳофиз ибн Ҳажар "унинг (ал-Бухорийнинг) ҳузурида хато қилиб қўйишдан у қўрқар эди",-деб бу фикрни бир қадар ойдинлаштиради. Муҳаммад ибн Салом ал-Пойкандийга доир бу фикр-мулоҳазалар айтилган пайтда ал-Бухорийнинг илми Бухородаги ўз устозлари илмидан ҳали ортиқ бўлмаган пайтда содир бўлган, чунончи Бухородан жўнаб кетгандан кейин имом ал-Бухорий ал-Пойкандий билан сира учрашган эмас.

Азалдан муҳаддислар орасида арабча "риҳлат" истилоҳи бирор ҳадисни билиш ёки иснодни олий даражасига етказиш мақсадида йўлга чиққан инсоннинг сафарига айтилар экан. Расулуллоҳнинг саҳобалари ва тобеъийнлар учун бу тарздаги риҳлатлар ҳар қандай васфу-мадҳиядан ҳам ортиқ даражадаги энг севимли ва завқ-шавқ берадиган машғулот бўлганлиги манбаларда зикр қилинади. Улардан баъзилари атиги битта ҳадис эшитиш ёки уни исботига комил ишонч ҳосил қилиш мақсадида ойлаб сафар машаққатларини чекиб, чўлу биёбонларни босиб, шаҳарма-шаҳар кезиб юрганлар.

Ҳатто у ҳадисни охиригача аниқлаб, дилига мустаҳкам комил ишонч ҳосил қилмагунларича у зоти шарифлар тиниб-тинчимаганлар. Ҳадис илми тарихига оид китобларда бу хилдаги мисолларни кўплаб учратиб, бу олийжаноб машғулот, ҳадисларни билиш иштиёқи уларда қанчалик зўр бўлганлигини тасаввур этамиз.

Риҳлатга ният қилган ҳадис ашоблари учун бир қатъий шарт бу бўлганки, у сафарга чиқишдан олдин ўз юрттидаги ровийлардан бирортасини ҳам қолдирмасдан ҳадислар ёзиб олган бўлиши ва шундан кейингина бошқа мамлакатларга сафарга отланиши мумкин эди.

Имом ал-Бухорий ҳадис талабида риҳлатга ният қилган даврга назар солсак, бу пайтда ислом олами узоқ-узоқларга қанотини ёйиб, ислом дини байроғи остига ўтгган элу юртларнинг кўлами жуда кенгайган эди.

Расулуллоҳнинг саҳобалари, саҳобаларнинг издошлари бўлган тобеъийнлар ва уларнинг издошлари узоқ-узоқларга чўзилган турли-туман мамлакатларга ёйилиб, тарқаб кетгандилар. Мана шундай тарихий шароитда Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларини тўплашдек хайрли ҳаракатнинг файзу барокоти турли-туман, бир-биридан фарқ қиладиган мамлакат ва шаҳарларда ёзила бошлади. Шубҳасиз, ҳадис илмида икки Ҳарам (Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара) жойлашган мамлакатни алоҳида таъкидлаш жоиздир. Чунончи Ислом динининг муқаддас китоби Қуръони каримнинг мана шу табаррук заминда нозил бўлиши, икки олам сарвари Муҳаммад Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳам мана шу муқаддас юртда яшаб, фаолият кўрсатиши албатта, ислом таълимотларининг бешиги, унинг асил маркази сифатида салмоқли ўринга моликдир. Шу билан бир қаторда жуда кўпдан-кўп саҳобалар ва тобеъийнлар бошқа мамлакатларни ватан тутиб, бу диёрларда яшаганлар. Исломий илмларни ўрганиш муҳаббати қалбида уфуриб унинг ҳаётбахш йўл-йўриқлари маърифатининг шайдоси бўлган ҳар бир инсон беҳад кўп даражадаги сафару-саёҳатларга тайёр бўлиши лозим бўлган. Бундай олийжаноб ишга бел боғлаган ҳар бир толиби илмда қатъий азму қарор, кучли ирода, олийҳимматлилик, ақл-заковати комил, бағри кенглик ва сабр-тоқатлилик каби фазилатлар мукаммал бўлмоғи зарур бўлган. Аллоҳ-таоло имом ал-Бухорийга мана шу тавсифлару фазилатларни ғоятда баркамол равишда ато қилган эди. Мана шу фазилатлар ато этилиб муяссар кўрилган ҳар қандай инсон ҳам, бу борада у қанчалик комил бўлмасин агар у шахс сафар машаққатларини бошидан кечириб, очлигу ташналикларга дучор бўлса, от-уловидан ажраб чўлу биёбону саҳроларда пиёда юраверишдан оёқларию-товонлари ёрилиб, хилма-хил азобу уқубатларни бошидан кечирса, мусофир юртларда кўрган турли-туман қийинчилик ва машаққатлардан ночор аҳволга келиб қолганда ҳам илм-маърифатга нисбатан унинг қалбида бўлган интилишу завқу-шавқ бир лаҳза ҳам сўнмаса, егулигу ичкилигида фақат сабзавот ва мевалар ҳамда дарахт барглари билан қаноат қилса, бошидан юзлаб-минглаб ҳар хил қийинчилигу бедорликларни кечирганда ҳам бундай инсонларда илм-маърифатга бўлган интилиш ҳеч қанақа сўнмайди. Аксинча бундай олийжаноб зотлар илм-маърифат олиш йўлидаги ҳар қандай машаққату қийинчиликлардан роҳатланиб завқланади, ҳар қанча мол-дунёси бўлса ҳам бу олийжаноб мақсаду матлабга сарфлаб илму зиё олиш борасида хатто жонини ҳам фидо қилади. Мана шу санаб ўтган фазилатларнинг барчаси имом ал-Бухорийда тўла-тўкис мужассам бўлганлиги у зоти шарифни ўзидан олдин ва кейин ўтган даврларда ҳам жаҳоннинг энг буюк алломалари қаторидан ўрин олишига замин тайёрлади. Аллома Қутайба ибн Саъийд ас-Сақафий: "Имом ал-Бухорий агар саҳобалардан бўлганда, бир мужиза (оят) бўлар эди-да",- дейишда ҳам чуқур маъно бор. Лекин гарчанд имом ал-Бухорий тобеъийнлардан бўлса ҳам Оллоҳ-таолонинг бир мўъжизаси сифатида маълумдир. Илм-фан йўлида ўта фидоийлик, бутун вужудию-ақл заковатини бахшида этиб, бор имконию-ҳимматини аямаслигу, ақл бовар қилмайдиган даражадаги қувваи ҳофизаси ва яна бир-қанча фавқалодат фазилатлари имом ал-Бухорийга мисли кўрилмаган шону-шараф келтириб, уни ислом дунёсининг энг буюк алломаларидан бири сифатида танитди. Имом ал-Бухорий ривоят қилган ҳадисларнинг ровийлари кўп ҳолларда ҳатто имом Молик ва имом Абу Ҳанифанинг устозлари (шуюх) тоифасига киради. Бу фикрни кўплаб муҳаддислар бир овоздан якдиллик билан қўллаб-қувватлаганлар.

Ўн олти ёшга етгунча имом ал-Бухорий ўз юртидаги машойихлардан ҳадис эшитиб, улардан сабоқ олади. Мана шундан кейин исломий илмларнинг маркази, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ватани, Қуръони карим нозил бўлган муқаддас диёр. Расулуллоҳ саҳобаларининг маскани, ислом динининг маркази Ҳижозу шарифга томон равона бўлди. Бу хусусда имом ал-Бухорийнинг котиби Ибн Абу Ҳотам ал-Варроқ зикр қилишича, у (ал-Бухорий) доимо шундай деяр экан: "Қачонки ўн олти ёшни урганимда (сўзма-сўз таъинту) Ибн ал-Муборак ва Вакийънинг китобларини ёд этиб, сўнгра "ана-уларни" яъни ашоб ур-рай каломларини билиб олган эдим. Сўнгра онам ва акам билан ҳаж ибодатини адо этиш учун сафарга жўнадим". Ал-Варроқнинг бу ривоятидан маълум бўлаётирки, имом ал-Бухорий биринчи марта сафарга 825 йилда чиққан, ҳадис бўйича сабоқларини эса бундан беш-олти йил муқаддам ола бошлаганлиги, ўша пайтдан бошлаб билимга чанқоқлиги, ноёб қобилияти ва иқтидорли, қувваи-ҳофизасининг кучлилиги билан ўз юртидаги илм аҳлларини лол қолдириб, ҳар қандай кишини ҳам ҳайратга солгани ҳақида олдинроқ зикр қилган эдик. Ҳатто ҳарқандай илм толиби умри давомида етишаолмайдиган билимга у қисқа мудатда эришгани, оғиздан-оғизга ўтиб афсонавий ҳикоятларга ҳам сабаб бўлганди.

Мана шу 825 йили Имом ал-Бухорий онаси ва акаси Аҳмад билан Маккаи Мукаррамага етиб келиб, ҳаж ибодатини адо этгандан кейин онаси ва акасини Бухорога қайтариб юбориб, ўзи Маккада қолди ва бу муқаддас шаҳар машойихларининг илмий йиғинларига қатнаша бошлади. Ўша пайтда Маккада истиқомат қилаётган бир қанча кўзга кўринган уламолар бўлиб, ҳадис илми соҳасида катта обрў-еътиборга эгалардан имом Абул-Валийд ибн ал-Арзақий, Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр ва аллома ал-Ҳамидийларни кўрсатиш мумкин. Улардан бошқа ҳам бир қанча олимлар бор эдики, имом ал-Бухорий улардан ҳадис илми бўйича сабоқ олган эди. Маккаю Мукаррамада бир қанча муддат яшагандан кейин имом ал-Бухорий Мадинаю-мунавварага томон йўл олади. Жумлаи жаҳондан илм толиблари (Пайғамбаримиз ҳақидаги) набавий илмларни ўрганиш учун бу мўътабар шаҳарга оқиб келардилар. Имом ал-Бухорий 827 йилда, ўнсаккиз ёшида Пайғамбар алайҳиссаломнинг равзаи мубораклари қўйилган муқаддас шаҳар Мадинаи мунавварага етиб келди. Шу пайтда Мадинаи Мунавварада кўзга кўринган машҳур уламолардан Иброҳим ибн ал-Мунзир, Мутриф ибн Абдуллоҳ, Иброҳим ибн Ҳамза, Абу Собит Муҳаммад ибн Убайдуллоҳ, Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ал-Увайсий ва шуларга ўхшаш бир қанча етук олимлар фаолият кўрсатардилар. Имом ал-Бухорий ушбу уламолар билан мулоқотда бўлиб, улардан ҳадислар бўйича кўпдан-кўп сабоқ олди. Ҳижози шарифга қилган бу риҳлати асносида ойнинг ёруғ кечаларида ўзининг дастлабки асари "ат-Тарих ал-Кабир" ("Катта тарих")нинг қораламасини тугатди. Қатор тарихчиларнинг таъъкидлашича, имом ал-Бухорийнинг Ҳижозга Макка, Мадина, Тоиф, Жиддага қилган бу риҳлати олти йил давом этган. Шу билан бирга бу муддат узлуксиз давом этмай, имом ал-Бухорий шу аснода бошқа мамлакатларга ҳам сафар қилганлиги қайд қилинади.

Шундан кейин ал-Бухорий Басра (Ироқ) шаҳрига қараб йўл олади. Шу пайтда Басра ҳам Шарқнинг эътиборли илмий марказларидан бири бўлиб, илм-маърифат тараққий этиб, хусусан ҳадисларни ўрганиш кенг қулоч ёйган шаҳарлардан бири ҳисобланарди. Басрада у имом Абу Осим ан-Набийл, Сафвон ибн Исо, Бадал ибн Аръара, Сулаймон ибн Ҳарб, Абул Валийд ат-Таёлисий, Аърим ва Муҳаммад ибн Синон каби уламолардан сабоқ олиб, ўз билимини оширди. Шу аснода ҳаммаси бўлиб имом ал-Бухорий Басрага тўрт марта бориб келди. Унинг ўзи доимо "Басрага тўрт марта риҳлат қилганман",-деб таъкидларди. Шундан сўнгра у Куфага сафар қилди ва бу шаҳарда ҳам бир неча бор бўлди. Шунингдек риҳлати давомида Бағдодни ҳам бир неча марта зиёрат қилади. Имом ал-Бухорийнинг Куфа ва Бағдодга қилган сафарлари хусусида котиби ал-Варроқ унинг қуйидаги сўзларини келтиради. "Куфа ва Бағдодга муҳаддислар билан учрашишга неча марта борганимнинг ҳисобини ҳам билмайман". Тарихчи олим ан-Нававий ўзининг "Таҳзийб ул-асмои вал-луғати" номли китобида имом ал-Бухорийнинг Куфадаги устоз (шуюх)ларидан қуйидагиларни зикр қилган: "Абдуллоҳ ибн Мусо, Абу Наъийм Аҳмад ибн Яқуб Исмоил ибн Абон, ал-Ҳасан ибн Рабийъ, Холид ибн Мухаллад, Саъийд ибн Хафас, Талақ ибн Ғунам, Умар ибн Хафас Урва ва Қабийса ибн Аъқба, Абу Ғассон каби Куфанинг таниқли олимлари-устозларининг ривоятлари ишончли ва исботли эканлигига ишонч ҳосил қилгач, имом ал-Бухорий улардан ҳадислар ёзиб олган ва уларга таяниб ривоят қилган" Аббосийлар халифатининг пойтахтти бўлган Бағдодда ўша пайтда илм-фан анча тараққий қилган бўлиб, дунёнинг турли томонларидан келган кўплаб фозилу олимлар шаҳарда тўпланган эдилар. Шу боисдан бўлса керак имом ал-Бухорий ҳам юқорида айтиб ўтганимиздек Бағдодда бир неча марта бўлган ва у ерда катта ҳурмат билан кутиб олинган. Бу шаҳардаги устозлари имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Муҳаммад ибн Исо ас-Саббо, Муҳаммад ибн Соиқ, Шурайҳ ибн ан-Нуъмон ва бошқалардан сабоқ олган. Имом Абу Али ал-Ғассоний "Тақййид ал-муҳмал" номли асарида "Имом ал-Бухорий охирги марта (ҳаммаси бўлиб у Бағдодда саккиз марта бўлганди) Бағдодни тарк этиб қайтаётганда имом Аҳмад ибн Ҳанбал у билан хайрлашар экан ғоят ҳасрату алам билан "Илм ва мухлисларни (ан-нос) ташлаб Хуросонга кетасанми?"-деб зорланган эди. Қачонки Бухоро ҳокими Абу Тоҳир аз-Зуҳлий имом ал-Бухорийга қарши фитна уюштириб, уни она юрти Бухородан бадарға қилишга қарор қилиб, унга нисбатан турли-туман бўҳтону туҳматлар тўқиганида имом ал-Бухорий Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўша сўзларини эслаб, кўп афсусу надоматлар чекди ва: "Аҳмад ибн Ҳанбалнинг сўзларини маъносига энди тушундим",-деб афсусланганди. Имом ал-Бухорий Шомда ҳам бўлиб унда Юсуф ал-Фарёбий, Абу Наср Ишоқ ибн Иброҳим ва Одам ибн Абу Ийбос Абул Яман ал-Ҳакам ибн Нофиъ ва Ҳайват ибн Шурийҳ каби бир қанча ўша даврнинг машҳур олимларидан сабоқ олди. Шундан сўнг у Мисрга ўтиб Усмон ибн ас-Соғ Саъийд ибн Абу Марям, Абдуллоҳ ибн Солиҳ, Аҳмад ибн Солиҳ, Аҳмад ибн Шубайб, Асбағ ибн ал-Фараж, Саъийд ибн Абу Исо, Саъийд ибн Касир ибн Афийр, Яҳъя ибн Абдуллоҳ ибн Бакир ва шуларга ўхшаш олимлардан дарс олди. Баъзи манбаларда кўрсатилишича, имом ал-Бухорий Месопатамияда (Жазийра) ҳам бўлиб, Аҳмад ибн Абул Малик ал-Ҳарроний, Аҳмад ибн Язид ал-Ҳарроний, Амру ибн ал-Халаф ва Исмоил ибн Абдуллоҳ ар-Раққий каби олимлар билан ҳам мулоқотда бўлиб, улардан истифода этган. Машҳур олим Тожуддин ас-Субкий ўзининг "ат-Табақот аш-Шофъийя ал-кубро" номли асарида "Имом ал-Бухорий ал-Жазийрага бормаган ва ал-Жазийра машойихларидан қилган ривоятлари бошқаларга таянилиб (билвосита) нақл қилинади,-деб ёзган. Бундан ташқари аллома Хуросан ва унинг Марв, Балх, Ҳирот, Нишопур, Рай, Жибол каби шаҳарларида ҳам неча марталаб бўлиб, бу шаҳарлардаги олимлардан сабоқлар олди. Жумладан Марвда Али ибн Ҳасан ибн Шақийқ, Абдон, Муҳаммад ибн Муқодил ва бошқалардан, Балхда эса Маккий ибн Иброҳим, Яҳъя ибн Бишар, Муҳаммад ибн Абон, Ҳасан ибн Шужаъ, Яҳъя ибн Мусо, Қутайба каби муҳаддислардан ривоят қилади. Ҳиротда Аҳмад ибн Абул Валийд ал-Ҳанафий, Нишопурда Яҳъя ибн Яҳъя, Башар ибн ал-Ҳакам, Ишоқ ибн Роҳвайҳ, Муҳаммад ибн Рофиъ, Райда эса Иброҳим ибн Мусо, Воситда Ҳисон ибн Ҳисон ибн Абдуллоҳ, Саъийд ибн Абдуллоҳ ва шунга ўхшаш олимлардан ҳадислар ўрганиб, улардан ривоят қилди. Шунингдек ХВ асрда яшаган йирик тарихчи Шарафуддин Али Яздий ўзининг "Зафарнома" номли машҳур асарида Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий Кешда ҳам анча муддат яшаганлиги ҳақида ёзади. Юқорида зикр қилган шаҳарлар ва мамлакатларга имом ал-Бухорий яккаю-ягона мақсад-ҳадис илми бўйича сабоқ олиш ниятида бориб, улардаги таниқли олимлар билан мулоқотда бўлиб, муттасил равишда ўз илмини бойитишга интилди. "Бағдод тарихи" номли йирик асарнинг муаллифи ал-Хатиб ал-Бағдодий ўз китобида Жаъфар ибн Муҳаммад ал-Қаттон деган олимнинг имом ал-Бухорийнинг ўзи "Мен ҳадисларни минг, эҳтимол ундан ҳам ортиқ шайху уламоларга таяниб ёздим, менинг китобимда исноди кўрсатилмаган бирорта ҳам ҳадис йўқ, деб айтганини эшитганман, деган сўзларини келтиради.

Тарихчилар имом ал-Бухорийнинг устозларининг сони ҳақида ҳам маълумотлар келтирганлар. Жумладан, олим Муҳаммад ибн Абу Ҳотамнинг ёзишича, имом ал-Бухорийнинг ўзи суҳбатларининг бирида унга "бир минг саксонта шайх (устоз)дан ёзганман", деб айтган гапини келтирган. Х асрда яшаган исфаҳонлик олим Муҳаммад ибн Ишоқ ибн Манда ал-Исфаҳоний (922-1005) имом ал-Бухорийнинг устозлари ҳақида махсус асар яратиб, алифбо тартибида уларни номма-ном келтиради.

Ҳозирги вақтда Саудия Арабистонида истиқомат қилувчи ватандошимиз, иқтидорли олим Назар Муҳаммад ал-Фарёбий таҳқийқ қилиб, кенг кўламда илмий муомалага киритган ушбу мўъжазгина рисола 1991 йили Саудия Арабистонидаги "Мактабат ал-Кавсар" матбаасида чоп этилган. Имом ал-Бухорийнинг устозлари ҳақида муфассалроқ маълумот берадиган ушбу манба хусусида бир қадар кенгроқ тўхталиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Eнг аввало "Имом ал-Бухорий устозларининг исмлари" асарининг муаллифи ҳақида қисқача маълумот келтириш мақсадга мувофиқдир. Унинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Ишоқ ибн Манда ал-Исфаҳоний бўлиб, у ҳижрий 310 (баъзи манбаларда келтиришича 309) йилда Исфаҳонда таваллуд топган. У йигирма ёшларидан бошлаб Нишопур, ал-Искандария (Александрия) орқали Басра, Ҳирот, Сижистон, Озарбайжонга ҳам кирмай тўғридан-тўғри Шош (ҳозирги Тошкент)га риҳлат қилган. Ушбу сафарлардан қайтганда, манбаларда кўрсатилишича, ўзи билан қирқ ҳамл (яъни қирқ туяга юк бўладиган) хилма-хил китоблар келтирган. Яна таъкидланишича, Қуръони карим ҳофизларидан биронтасига ҳам ал-Исфаҳоний эшитган маълумотларни (ёки хабарларни) эшитиш, на у жам қилган маънавий бойликларни жамлаш насиб этмаган экан. Ал-Исфаҳонийнинг ўзи доимо: "Мен Шарқни ҳам, Ғарбни ҳам икки марта тавоф қилиб, айланиб чиққанман. Кимки ўз ақидавий фикрида қатъий турмай беқарорлик кўрсатиб, ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа оғадиганлардан бўлиб, ҳақиқий дин аҳкомларига хилоф иш тутиб, бидъат ва хурофотга амал қиладиганлардан биронта ҳам ҳадис эшитмаганман"-деб таъкидларди.

Ал-Исфаҳоний ҳақида ёзган ўрта аср тарихчиларининг кўпчиллиги унинг "кўп таснифларнинг муаллифи" ("соҳиб ат-тасонийф") деб қайд қилганлар. Тадқиқотчи Назар Муҳаммад ал-Фарёбий эса унинг қаламига мансуб йигирмага яқин асарлар борлигини таъкидлаб, уларни номма-ном келтиради. Ушбу асарлардан ўндан ошиғи ҳадис ва унинг турли илмларига бағишланади. Улардан "Ҳадис", "Ал-Амолий", "ал-Фавоид", "Марифат ас-саҳоба", "Фатҳ ал-боб фи куна вал-алқаб", "Шурут ал-аимма", "Китоб ат-таърих", "Китоб асмои ас-саҳоба" кабиларни кўрсатиш мумкин.

Муаллифнинг ал-Ақидага оид таълифлари ҳам талай асарларини ташкил қилади. Улардан "Китоб ур-радд аълол-жаҳмиййин", "Китоб ас-сифот", "Китоб ан-нафс вар-руҳ", "Ан-Носих вал-мансух" ва бошқаларни келтириш кифоядир. Ишоқ ибн Манда ал-Исфаҳоний 395 ҳижрий (1005 мелодий) йилнинг зул-қаъда ойида вафот этиб, ал-Исфаҳондаги Дуккабоз қабристонига дафн қилинган.

Муаллифнинг "Имом ал-Бухорий устозларининг исмлари" асари ҳажм жиҳатидан унча катта бўлмаса-да, у атиги 16 варақдан иборат қўлёзма чиройлик насх хатида ёзилган, ҳар бир саҳифада 17 сатр бўлиб, бағдодлик хаттот Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ибн Муҳаммад Али ибн ал-Иброҳим томонидан олти юз ўттиз иккинчи ҳижрий йилнинг ўн тўққизинчи шавволи, жумъа кунида Дамашқ Жомиъ масжидида кўчирилган-илмий жиҳатдан ғоятда қимматлидир. Ушбу китобда Имом ал-Бухорий ўзининг шоҳ асари "Саҳиҳ ал-Бухорий"да келтирган уч юз олти ҳадис ровийларининг исми шарифлари алфавит тартибда тўлиқ ҳолда зикр қилинади. Шунингдек уларнинг кўпчиллиги ҳақида асли қайси шаҳардан келиб чиққанлиги, уларнинг лақаби ёки куняси, аксариятининг эса қайси шаҳарда қачон вафот этганлиги ҳақида аниқ малумотлар келтирилади. Фикримизнинг исботи сифатида асардан бир неча мисоллар келтирамиз:

"Аюб ибн Сулаймон ибн Билол Мавли Абдуллоҳ ибн Аби Атийқ, асли Мадина шаҳридан, 224 ҳижрий йилда вафот этган; Иброҳим ибн Ҳамза ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ аз-Зубайр ибн ал-Авон аз-Зубайрий-у 230 ҳижрий санада Мадинада вафот этган бўлиб, кўпинча Абу Ишоқ куняси билан аталарди; Аҳмад ибн Ишоқ ибн ал-Ҳусайн, Абу Ишоқ ас-Сулламий, у ас-Сурморий номи билан танилган бўлиб, Бухоро қишлоғидан эди; Аҳмад ибн Абу Ража-унинг асл исми Абдуллоҳ ибн Аюб ал-Ҳаравий Абу ал-Валийд. Имом ал-Бухорий ҳадисларни ундан Бухорода пайтида ёзиб олган; Аҳмад ибн Манийъ ибн Абдурраҳмон, Абу Жаъфар ал-Бағавий-у Бағдоддда яшаган. У Ҳусайндан ривоят қилади. Уни ал-Қаббоний деб ҳам атардилар. Имом ал-Бухорий ундан атиги битта ҳадис ривоят қилган; Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр ибн Исо ал-Ҳумайдий-у Абу Бакр куняси билан танилган бўлиб, Макка аҳлидан. Вафоти икки юз ўн тўққизинчи ҳижрий йил; Муҳаммад ибн Юсуф Абу Аҳмад ал-Бухорий-у Пойканд аҳлидан".

Мана шу тариқа ушбу китобда имом ал-Бухорий ҳадис эшитган 306 ровий ҳақида маълумотлар келтирилади. Бу адад, албатта, буюк аллома ҳадис эшитган ровийларнинг бир қисмидир. Аслида у юқорида айтилганидек жуда кўп ровийлардан ҳадис эшитиб ёзиб олган.

Шогирдлари

Имом ал-Бухорий шогирдлари ҳақида гапирадиган бўлсак, улар беҳад кўп бўлган. Бу хусусда олим ал-Фаробрий: «Бевосита Имом ал- Бухорийнинг ўзидан тўқсон минг одам ҳадис эшитган», — деб ёзади. Имом ал-Бухорий устозларининг кўпчилиги унинг сабоқларига қатнашардилар, ўзларига фойдали билиб, билимларини зиёда қиладиган маълумотларни ундан ёзиб олардилар. Муаррихлару муҳаддисларнинг ёзишларича, ҳатто ал-Бухорийдан сабоқ олиб, ундан истифода қилганлар орасида унинг машҳур устозлари ҳам бўлган. Улар доимо Имом ал-Бухорийнинг илмий мажлисларида ҳозир бўлардилар. Улардан Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Муснадий, Абдуллоҳ ибн Мунир, Аҳмад ибн Ишоқ ас-Сирморий, Муҳаммад ибн Халаф, Ибн Қутайба ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Уларнинг ҳаммалари ўз даврининг фазилатли, илми комил олимлари ҳисобланарди. Шундай улуғ мартабага эга бўлишларига қарамасдан улар Имом ал-Бухорийдан сабоқ олганлар.

Имом ал-Бухорийга тенгқур бўлиб, унга таянган ва унинг фазлу камолининг юксаклигини тан олиб, илмий мажлисларига қатнашган буюк олимлардан Имом Абу Зуръа ар-Розий, Абу Хотам ар-Розий, Иброҳим ал-ғарбий, Абдуллоҳ ибн Мутийн, Ишок ибн Аҳмад ибн Зийрак ал-Форсий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Ишоқ ибн Хазийма, ал- Қосим ибн Закариё, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Хадрамий, Муҳаммад ибн Қутайба, Абу Бакр ал-Аъийн ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Мазкур олимлар рижол (ровийлар), тарих, ҳадис, жарх (иллатли ҳадислар), таъдийл илмлари бўйича ўз даврининг буюк алломалари ҳисобланарди.Имом ал-Бухорийнинг шогирдлари орасида шон-шуҳратда юксакликка этишиб, буюк шарафга муяссар бўлган, ҳадис ва фиқҳ илмларининг асосий жиҳатларини мукаммал билганлардан «ас-Саҳиҳ» китобининг муаллифи Имом Муслим ибн ал-Хажжож, «Сунан» китобининг соҳиби Имом Абдурраҳмон ан-Насоий, «ал-Жомиъ» асарининг соҳиби Имом Абу Исо ат-Термизий, мусулмон илмлари буйича қатор таснифотларнинг муаллифи Имом Муҳаммад ибн Наср ал-Марвазий, Имом ад-Дорамий, машҳур фақиҳ, «ас-Саҳиҳ»лардан бирининг соҳиби Имом Ибн Хазийма ва бошқалар ҳам бор эди. Имом ал-Бухорийнинг шогирдлари бўлган ушбу алломалар ўз даврининг йирик муҳаддислари ва фиқҳ олимлари ҳисобланарди.

* * *

Ustozlari

Imom al-Buxoriy o‘z vatanida va xorijiy yurtlarda mingdan ortiq ustoz (shayx, mashoyih)lardan hadis rivoyat qilgani haqida manbalarda aniq ko‘rsatilgan.

Al-Buxoriyga ta‘lim bergan dastlabki ustozlari haqida aniq gapiradigan bo‘lsak, birinchi navbatda o‘sha davrda Buxoroda ko‘zga ko‘ringan muhaddislardan Muhammad ibn Salom al-Poykandiy, Muhammad ibn Yusuf al-Poykandiy, Abdulloh ibn Muhammad al-Masnadiy, Ibrohim ibn al-Ash‘as va boshqalarni ko‘rsatish lozim. Hadislar bo‘yicha dastlabki saboqni al-Buxoriy mana shu ustozlardan olib, o‘n olti yoshga yetmasdan burun ko‘pdan-ko‘p hadislarni o‘zlashtirib, Abdulloh ibn al-Muborakning kitoblarini yod oldi. Tez fursatda al-Buxoriyning noyob qobiliyati va zukkoligi ko‘pchilik ulamolar tomonidan, shuningdek, al-Buxoriyga ustozlik qilgan yetuk muhaddislar tomonidan ham yuksak baholana boshlandi. Bu hol shu darajaga yetdiki, hatto taniqli olimlar ham al-Buxoriyning o‘z darslariga hozir bo‘lishidan tashvishlanib, uning huzurida biror xato yoki kamchilikka yo‘l qo‘yishlaridan xavotirlanadigan bo‘lib qoldilar. Ular hatto o‘z kitoblaridagi xatolarni tuzatish uchun al-Buxoriyga murojaat qilardilar. Manbalarda keltirilishicha, hadislar talabida al-Buxoriy xorijiy yurtlarga safarga chiqishdan oldin bir voqea sodir bo‘lgan ekan. Shu haqda buxorolik olim Salim ibn Mujohid shunday hikoya qiladi: "Bir kun do‘stim Muhammad ibn Salom al-Poykandiyning uyiga borgan edim, u menga: "biroz oldinroq kelganingda yetmish ming hadisni yod olgan bir yosh bolani ko‘rar eding-da,-dedi. Men shu zahoti orqamga qaytib ko‘chaga chiqdim va o‘sha bolani uchratib: "Yetmish ming hadisni yod bilaman, deydigan bola senmisan,-deb so‘rasam, u ha, undan ham ortiqrog‘ini bilaman",-dedi.

U yana: "Men sahobalar va tobe‘iynlardan toki ularning ko‘plarini tavallud va vafotlari, ularning maskanlarini aniq bilmaganimcha birorta ham hadis rivoyat qilmayman. Shuningdek, sahobalar va tobe‘iynlarning har bir hadisini Qur‘oni karim va Payg‘ambar alayhissalomning hadislariga tayangan holda rivoyat qilaman",-dedi. Muhammad ibn Salom al-Poykandiyning ushbu so‘zlari ham al-Buxoriy yoshligidan boshlab katta obro‘-e‘tiborga ega bo‘lganligiga dalildir. Uning "Muhammad ibn Ismoil qachon mening huzurimga kirsa, har doim men o‘zimni yo‘qotib qo‘yib, doim undan xavotirda turaman"-degan e‘tirofiga, al-Hofiz ibn Hajar "uning (al-Buxoriyning) huzurida xato qilib qo‘yishdan u qo‘rqar edi",-deb bu fikrni bir qadar oydinlashtiradi. Muhammad ibn Salom al-Poykandiyga doir bu fikr-mulohazalar aytilgan paytda al-Buxoriyning ilmi Buxorodagi o‘z ustozlari ilmidan hali ortiq bo‘lmagan paytda sodir bo‘lgan, chunonchi Buxorodan jo‘nab ketgandan keyin imom al-Buxoriy al-Poykandiy bilan sira uchrashgan emas.

Azaldan muhaddislar orasida arabcha "rihlat" istilohi biror hadisni bilish yoki isnodni oliy darajasiga yetkazish maqsadida yo‘lga chiqqan insonning safariga aytilar ekan. Rasulullohning sahobalari va tobe‘iynlar uchun bu tarzdagi rihlatlar har qanday vasfu-madhiyadan ham ortiq darajadagi eng sevimli va zavq-shavq beradigan mashg‘ulot bo‘lganligi manbalarda zikr qilinadi. Ulardan ba‘zilari atigi bitta hadis eshitish yoki uni isbotiga komil ishonch hosil qilish maqsadida oylab safar mashaqqatlarini chekib, cho‘lu biyobonlarni bosib, shaharma-shahar kezib yurganlar.

Hatto u hadisni oxirigacha aniqlab, diliga mustahkam komil ishonch hosil qilmagunlaricha u zoti shariflar tinib-tinchimaganlar. Hadis ilmi tarixiga oid kitoblarda bu xildagi misollarni ko‘plab uchratib, bu oliyjanob mashg‘ulot, hadislarni bilish ishtiyoqi ularda qanchalik zo‘r bo‘lganligini tasavvur etamiz.

Rihlatga niyat qilgan hadis ashoblari uchun bir qat‘iy shart bu bo‘lganki, u safarga chiqishdan oldin o‘z yurttidagi roviylardan birortasini ham qoldirmasdan hadislar yozib olgan bo‘lishi va shundan keyingina boshqa mamlakatlarga safarga otlanishi mumkin edi.

Imom al-Buxoriy hadis talabida rihlatga niyat qilgan davrga nazar solsak, bu paytda islom olami uzoq-uzoqlarga qanotini yoyib, islom dini bayrog‘i ostiga o‘tggan elu yurtlarning ko‘lami juda kengaygan edi.

Rasulullohning sahobalari, sahobalarning izdoshlari bo‘lgan tobe‘iynlar va ularning izdoshlari uzoq-uzoqlarga cho‘zilgan turli-tuman mamlakatlarga yoyilib, tarqab ketgandilar. Mana shunday tarixiy sharoitda Payg‘ambar alayhissalomning muborak hadislarini to‘plashdek xayrli harakatning fayzu barokoti turli-tuman, bir-biridan farq qiladigan mamlakat va shaharlarda yozila boshladi. Shubhasiz, hadis ilmida ikki Haram (Makkai mukarrama va Madinai munavvara) joylashgan mamlakatni alohida ta‘kidlash joizdir. Chunonchi Islom dinining muqaddas kitobi Qur‘oni karimning mana shu tabarruk zaminda nozil bo‘lishi, ikki olam sarvari Muhammad Payg‘ambar alayhissalomning ham mana shu muqaddas yurtda yashab, faoliyat ko‘rsatishi albatta, islom ta‘limotlarining beshigi, uning asil markazi sifatida salmoqli o‘ringa molikdir. Shu bilan bir qatorda juda ko‘pdan-ko‘p sahobalar va tobe‘iynlar boshqa mamlakatlarni vatan tutib, bu diyorlarda yashaganlar. Islomiy ilmlarni o‘rganish muhabbati qalbida ufurib uning hayotbaxsh yo‘l-yo‘riqlari ma‘rifatining shaydosi bo‘lgan har bir inson behad ko‘p darajadagi safaru-sayohatlarga tayyor bo‘lishi lozim bo‘lgan. Bunday oliyjanob ishga bel bog‘lagan har bir tolibi ilmda qat‘iy azmu qaror, kuchli iroda, oliyhimmatlilik, aql-zakovati komil, bag‘ri kenglik va sabr-toqatlilik kabi fazilatlar mukammal bo‘lmog‘i zarur bo‘lgan. Alloh-taolo imom al-Buxoriyga mana shu tavsiflaru fazilatlarni g‘oyatda barkamol ravishda ato qilgan edi. Mana shu fazilatlar ato etilib muyassar ko‘rilgan har qanday inson ham, bu borada u qanchalik komil bo‘lmasin agar u shaxs safar mashaqqatlarini boshidan kechirib, ochligu tashnaliklarga duchor bo‘lsa, ot-ulovidan ajrab cho‘lu biyobonu sahrolarda piyoda yuraverishdan oyoqlariyu-tovonlari yorilib, xilma-xil azobu uqubatlarni boshidan kechirsa, musofir yurtlarda ko‘rgan turli-tuman qiyinchilik va mashaqqatlardan nochor ahvolga kelib qolganda ham ilm-ma‘rifatga nisbatan uning qalbida bo‘lgan intilishu zavqu-shavq bir lahza ham so‘nmasa, yeguligu ichkiligida faqat sabzavot va mevalar hamda daraxt barglari bilan qanoat qilsa, boshidan yuzlab-minglab har xil qiyinchiligu bedorliklarni kechirganda ham bunday insonlarda ilm-ma‘rifatga bo‘lgan intilish hech qanaqa so‘nmaydi. Aksincha bunday oliyjanob zotlar ilm-ma‘rifat olish yo‘lidagi har qanday mashaqqatu qiyinchiliklardan rohatlanib zavqlanadi, har qancha mol-dunyosi bo‘lsa ham bu oliyjanob maqsadu matlabga sarflab ilmu ziyo olish borasida xatto jonini ham fido qiladi. Mana shu sanab o‘tgan fazilatlarning barchasi imom al-Buxoriyda to‘la-to‘kis mujassam bo‘lganligi u zoti sharifni o‘zidan oldin va keyin o‘tgan davrlarda ham jahonning eng buyuk allomalari qatoridan o‘rin olishiga zamin tayyorladi. Alloma Qutayba ibn Sa‘iyd as-Saqafiy: "Imom al-Buxoriy agar sahobalardan bo‘lganda, bir mujiza (oyat) bo‘lar edi-da",- deyishda ham chuqur ma‘no bor. Lekin garchand imom al-Buxoriy tobe‘iynlardan bo‘lsa ham Olloh-taoloning bir mo‘‘jizasi sifatida ma‘lumdir. Ilm-fan yo‘lida o‘ta fidoiylik, butun vujudiyu-aql zakovatini baxshida etib, bor imkoniyu-himmatini ayamasligu, aql bovar qilmaydigan darajadagi quvvai hofizasi va yana bir-qancha favqalodat fazilatlari imom al-Buxoriyga misli ko‘rilmagan shonu-sharaf keltirib, uni islom dunyosining eng buyuk allomalaridan biri sifatida tanitdi. Imom al-Buxoriy rivoyat qilgan hadislarning roviylari ko‘p hollarda hatto imom Molik va imom Abu Hanifaning ustozlari (shuyux) toifasiga kiradi. Bu fikrni ko‘plab muhaddislar bir ovozdan yakdillik bilan qo‘llab-quvvatlaganlar.

O‘n olti yoshga yetguncha imom al-Buxoriy o‘z yurtidagi mashoyixlardan hadis eshitib, ulardan saboq oladi. Mana shundan keyin islomiy ilmlarning markazi, Payg‘ambar alayhissalomning vatani, Qur‘oni karim nozil bo‘lgan muqaddas diyor. Rasululloh sahobalarining maskani, islom dinining markazi Hijozu sharifga tomon ravona bo‘ldi. Bu xususda imom al-Buxoriyning kotibi Ibn Abu Hotam al-Varroq zikr qilishicha, u (al-Buxoriy) doimo shunday deyar ekan: "Qachonki o‘n olti yoshni urganimda (so‘zma-so‘z ta‘intu) Ibn al-Muborak va Vakiy‘ning kitoblarini yod etib, so‘ngra "ana-ularni" ya‘ni ashob ur-ray kalomlarini bilib olgan edim. So‘ngra onam va akam bilan haj ibodatini ado etish uchun safarga jo‘nadim". Al-Varroqning bu rivoyatidan ma‘lum bo‘layotirki, imom al-Buxoriy birinchi marta safarga 825 yilda chiqqan, hadis bo‘yicha saboqlarini esa bundan besh-olti yil muqaddam ola boshlaganligi, o‘sha paytdan boshlab bilimga chanqoqligi, noyob qobiliyati va iqtidorli, quvvai-hofizasining kuchliligi bilan o‘z yurtidagi ilm ahllarini lol qoldirib, har qanday kishini ham hayratga solgani haqida oldinroq zikr qilgan edik. Hatto harqanday ilm tolibi umri davomida yetishaolmaydigan bilimga u qisqa mudatda erishgani, og‘izdan-og‘izga o‘tib afsonaviy hikoyatlarga ham sabab bo‘lgandi.

Mana shu 825 yili Imom al-Buxoriy onasi va akasi Ahmad bilan Makkai Mukarramaga yetib kelib, haj ibodatini ado etgandan keyin onasi va akasini Buxoroga qaytarib yuborib, o‘zi Makkada qoldi va bu muqaddas shahar mashoyixlarining ilmiy yig‘inlariga qatnasha boshladi. O‘sha paytda Makkada istiqomat qilayotgan bir qancha ko‘zga ko‘ringan ulamolar bo‘lib, hadis ilmi sohasida katta obro‘-e‘tiborga egalardan imom Abul-Valiyd ibn al-Arzaqiy, Abdulloh ibn az-Zubayr va alloma al-Hamidiylarni ko‘rsatish mumkin. Ulardan boshqa ham bir qancha olimlar bor ediki, imom al-Buxoriy ulardan hadis ilmi bo‘yicha saboq olgan edi. Makkayu Mukarramada bir qancha muddat yashagandan keyin imom al-Buxoriy Madinayu-munavvaraga tomon yo‘l oladi. Jumlai jahondan ilm toliblari (Payg‘ambarimiz haqidagi) nabaviy ilmlarni o‘rganish uchun bu mo‘‘tabar shaharga oqib kelardilar. Imom al-Buxoriy 827 yilda, o‘nsakkiz yoshida Payg‘ambar alayhissalomning ravzai muboraklari qo‘yilgan muqaddas shahar Madinai munavvaraga yetib keldi. Shu paytda Madinai Munavvarada ko‘zga ko‘ringan mashhur ulamolardan Ibrohim ibn al-Munzir, Mutrif ibn Abdulloh, Ibrohim ibn Hamza, Abu Sobit Muhammad ibn Ubaydulloh, Abdulaziz ibn Abdulloh al-Uvaysiy va shularga o‘xshash bir qancha yetuk olimlar faoliyat ko‘rsatardilar. Imom al-Buxoriy ushbu ulamolar bilan muloqotda bo‘lib, ulardan hadislar bo‘yicha ko‘pdan-ko‘p saboq oldi. Hijozi sharifga qilgan bu rihlati asnosida oyning yorug‘ kechalarida o‘zining dastlabki asari "at-Tarix al-Kabir" ("Katta tarix")ning qoralamasini tugatdi. Qator tarixchilarning ta‘‘kidlashicha, imom al-Buxoriyning Hijozga Makka, Madina, Toif, Jiddaga qilgan bu rihlati olti yil davom etgan. Shu bilan birga bu muddat uzluksiz davom etmay, imom al-Buxoriy shu asnoda boshqa mamlakatlarga ham safar qilganligi qayd qilinadi.

Shundan keyin al-Buxoriy Basra (Iroq) shahriga qarab yo‘l oladi. Shu paytda Basra ham Sharqning e‘tiborli ilmiy markazlaridan biri bo‘lib, ilm-ma‘rifat taraqqiy etib, xususan hadislarni o‘rganish keng quloch yoygan shaharlardan biri hisoblanardi. Basrada u imom Abu Osim an-Nabiyl, Safvon ibn Iso, Badal ibn Ar‘ara, Sulaymon ibn Harb, Abul Valiyd at-Tayolisiy, A‘rim va Muhammad ibn Sinon kabi ulamolardan saboq olib, o‘z bilimini oshirdi. Shu asnoda hammasi bo‘lib imom al-Buxoriy Basraga to‘rt marta borib keldi. Uning o‘zi doimo "Basraga to‘rt marta rihlat qilganman",-deb ta‘kidlardi. Shundan so‘ngra u Kufaga safar qildi va bu shaharda ham bir necha bor bo‘ldi. Shuningdek rihlati davomida Bag‘dodni ham bir necha marta ziyorat qiladi. Imom al-Buxoriyning Kufa va Bag‘dodga qilgan safarlari xususida kotibi al-Varroq uning quyidagi so‘zlarini keltiradi. "Kufa va Bag‘dodga muhaddislar bilan uchrashishga necha marta borganimning hisobini ham bilmayman". Tarixchi olim an-Navaviy o‘zining "Tahziyb ul-asmoi val-lug‘ati" nomli kitobida imom al-Buxoriyning Kufadagi ustoz (shuyux)laridan quyidagilarni zikr qilgan: "Abdulloh ibn Muso, Abu Na‘iym Ahmad ibn Yaqub Ismoil ibn Abon, al-Hasan ibn Rabiy‘, Xolid ibn Muxallad, Sa‘iyd ibn Xafas, Talaq ibn G‘unam, Umar ibn Xafas Urva va Qabiysa ibn A‘qba, Abu G‘asson kabi Kufaning taniqli olimlari-ustozlarining rivoyatlari ishonchli va isbotli ekanligiga ishonch hosil qilgach, imom al-Buxoriy ulardan hadislar yozib olgan va ularga tayanib rivoyat qilgan" Abbosiylar xalifatining poytaxtti bo‘lgan Bag‘dodda o‘sha paytda ilm-fan ancha taraqqiy qilgan bo‘lib, dunyoning turli tomonlaridan kelgan ko‘plab fozilu olimlar shaharda to‘plangan edilar. Shu boisdan bo‘lsa kerak imom al-Buxoriy ham yuqorida aytib o‘tganimizdek Bag‘dodda bir necha marta bo‘lgan va u yerda katta hurmat bilan kutib olingan. Bu shahardagi ustozlari imom Ahmad ibn Hanbal, Muhammad ibn Iso as-Sabbo, Muhammad ibn Soiq, Shurayh ibn an-Nu‘mon va boshqalardan saboq olgan. Imom Abu Ali al-G‘assoniy "Taqyyid al-muhmal" nomli asarida "Imom al-Buxoriy oxirgi marta (hammasi bo‘lib u Bag‘dodda sakkiz marta bo‘lgandi) Bag‘dodni tark etib qaytayotganda imom Ahmad ibn Hanbal u bilan xayrlashar ekan g‘oyat hasratu alam bilan "Ilm va muxlislarni (an-nos) tashlab Xurosonga ketasanmi?"-deb zorlangan edi. Qachonki Buxoro hokimi Abu Tohir az-Zuhliy imom al-Buxoriyga qarshi fitna uyushtirib, uni ona yurti Buxorodan badarg‘a qilishga qaror qilib, unga nisbatan turli-tuman bo‘htonu tuhmatlar to‘qiganida imom al-Buxoriy Ahmad ibn Hanbalning o‘sha so‘zlarini eslab, ko‘p afsusu nadomatlar chekdi va: "Ahmad ibn Hanbalning so‘zlarini ma‘nosiga endi tushundim",-deb afsuslangandi. Imom al-Buxoriy Shomda ham bo‘lib unda Yusuf al-Faryobiy, Abu Nasr Ishoq ibn Ibrohim va Odam ibn Abu Iybos Abul Yaman al-Hakam ibn Nofi‘ va Hayvat ibn Shuriyh kabi bir qancha o‘sha davrning mashhur olimlaridan saboq oldi. Shundan so‘ng u Misrga o‘tib Usmon ibn as-Sog‘ Sa‘iyd ibn Abu Maryam, Abdulloh ibn Solih, Ahmad ibn Solih, Ahmad ibn Shubayb, Asbag‘ ibn al-Faraj, Sa‘iyd ibn Abu Iso, Sa‘iyd ibn Kasir ibn Afiyr, Yah‘ya ibn Abdulloh ibn Bakir va shularga o‘xshash olimlardan dars oldi. Ba‘zi manbalarda ko‘rsatilishicha, imom al-Buxoriy Mesopatamiyada (Jaziyra) ham bo‘lib, Ahmad ibn Abul Malik al-Harroniy, Ahmad ibn Yazid al-Harroniy, Amru ibn al-Xalaf va Ismoil ibn Abdulloh ar-Raqqiy kabi olimlar bilan ham muloqotda bo‘lib, ulardan istifoda etgan. Mashhur olim Tojuddin as-Subkiy o‘zining "at-Tabaqot ash-Shof‘iyya al-kubro" nomli asarida "Imom al-Buxoriy al-Jaziyraga bormagan va al-Jaziyra mashoyixlaridan qilgan rivoyatlari boshqalarga tayanilib (bilvosita) naql qilinadi,-deb yozgan. Bundan tashqari alloma Xurosan va uning Marv, Balx, Hirot, Nishopur, Ray, Jibol kabi shaharlarida ham necha martalab bo‘lib, bu shaharlardagi olimlardan saboqlar oldi. Jumladan Marvda Ali ibn Hasan ibn Shaqiyq, Abdon, Muhammad ibn Muqodil va boshqalardan, Balxda esa Makkiy ibn Ibrohim, Yah‘ya ibn Bishar, Muhammad ibn Abon, Hasan ibn Shuja‘, Yah‘ya ibn Muso, Qutayba kabi muhaddislardan rivoyat qiladi. Hirotda Ahmad ibn Abul Valiyd al-Hanafiy, Nishopurda Yah‘ya ibn Yah‘ya, Bashar ibn al-Hakam, Ishoq ibn Rohvayh, Muhammad ibn Rofi‘, Rayda esa Ibrohim ibn Muso, Vositda Hison ibn Hison ibn Abdulloh, Sa‘iyd ibn Abdulloh va shunga o‘xshash olimlardan hadislar o‘rganib, ulardan rivoyat qildi. Shuningdek XV asrda yashagan yirik tarixchi Sharafuddin Ali Yazdiy o‘zining "Zafarnoma" nomli mashhur asarida Muhammad ibn Ismoil al-Buxoriy Keshda ham ancha muddat yashaganligi haqida yozadi. Yuqorida zikr qilgan shaharlar va mamlakatlarga imom al-Buxoriy yakkayu-yagona maqsad-hadis ilmi bo‘yicha saboq olish niyatida borib, ulardagi taniqli olimlar bilan muloqotda bo‘lib, muttasil ravishda o‘z ilmini boyitishga intildi. "Bag‘dod tarixi" nomli yirik asarning muallifi al-Xatib al-Bag‘dodiy o‘z kitobida Ja‘far ibn Muhammad al-Qatton degan olimning imom al-Buxoriyning o‘zi "Men hadislarni ming, ehtimol undan ham ortiq shayxu ulamolarga tayanib yozdim, mening kitobimda isnodi ko‘rsatilmagan birorta ham hadis yo‘q, deb aytganini eshitganman, degan so‘zlarini keltiradi.

Tarixchilar imom al-Buxoriyning ustozlarining soni haqida ham ma‘lumotlar keltirganlar. Jumladan, olim Muhammad ibn Abu Hotamning yozishicha, imom al-Buxoriyning o‘zi suhbatlarining birida unga "bir ming saksonta shayx (ustoz)dan yozganman", deb aytgan gapini keltirgan. X asrda yashagan isfahonlik olim Muhammad ibn Ishoq ibn Manda al-Isfahoniy (922-1005) imom al-Buxoriyning ustozlari haqida maxsus asar yaratib, alifbo tartibida ularni nomma-nom keltiradi.

Hozirgi vaqtda Saudiya Arabistonida istiqomat qiluvchi vatandoshimiz, iqtidorli olim Nazar Muhammad al-Faryobiy tahqiyq qilib, keng ko‘lamda ilmiy muomalaga kiritgan ushbu mo‘‘jazgina risola 1991 yili Saudiya Arabistonidagi "Maktabat al-Kavsar" matbaasida chop etilgan. Imom al-Buxoriyning ustozlari haqida mufassalroq ma‘lumot beradigan ushbu manba xususida bir qadar kengroq to‘xtalish maqsadga muvofiq deb hisoblaymiz.

Eng avvalo "Imom al-Buxoriy ustozlarining ismlari" asarining muallifi haqida qisqacha ma‘lumot keltirish maqsadga muvofiqdir. Uning to‘liq ismi Muhammad ibn Ishoq ibn Manda al-Isfahoniy bo‘lib, u hijriy 310 (ba‘zi manbalarda keltirishicha 309) yilda Isfahonda tavallud topgan. U yigirma yoshlaridan boshlab Nishopur, al-Iskandariya (Aleksandriya) orqali Basra, Hirot, Sijiston, Ozarbayjonga ham kirmay to‘g‘ridan-to‘g‘ri Shosh (hozirgi Toshkent)ga rihlat qilgan. Ushbu safarlardan qaytganda, manbalarda ko‘rsatilishicha, o‘zi bilan qirq haml (ya‘ni qirq tuyaga yuk bo‘ladigan) xilma-xil kitoblar keltirgan. Yana ta‘kidlanishicha, Qur‘oni karim hofizlaridan birontasiga ham al-Isfahoniy eshitgan ma‘lumotlarni (yoki xabarlarni) eshitish, na u jam qilgan ma‘naviy boyliklarni jamlash nasib etmagan ekan. Al-Isfahoniyning o‘zi doimo: "Men Sharqni ham, G‘arbni ham ikki marta tavof qilib, aylanib chiqqanman. Kimki o‘z aqidaviy fikrida qat‘iy turmay beqarorlik ko‘rsatib, hali u yoqqa, hali bu yoqqa og‘adiganlardan bo‘lib, haqiqiy din ahkomlariga xilof ish tutib, bid‘at va xurofotga amal qiladiganlardan bironta ham hadis eshitmaganman"-deb ta‘kidlardi.

Al-Isfahoniy haqida yozgan o‘rta asr tarixchilarining ko‘pchilligi uning "ko‘p tasniflarning muallifi" ("sohib at-tasoniyf") deb qayd qilganlar. Tadqiqotchi Nazar Muhammad al-Faryobiy esa uning qalamiga mansub yigirmaga yaqin asarlar borligini ta‘kidlab, ularni nomma-nom keltiradi. Ushbu asarlardan o‘ndan oshig‘i hadis va uning turli ilmlariga bag‘ishlanadi. Ulardan "Hadis", "Al-Amoliy", "al-Favoid", "Marifat as-sahoba", "Fath al-bob fi kuna val-alqab", "Shurut al-aimma", "Kitob at-ta’rix", "Kitob asmoi as-sahoba" kabilarni ko‘rsatish mumkin.

Muallifning al-Aqidaga oid ta‘liflari ham talay asarlarini tashkil qiladi. Ulardan "Kitob ur-radd a‘lol-jahmiyyin", "Kitob as-sifot", "Kitob an-nafs var-ruh", "An-Nosix val-mansux" va boshqalarni keltirish kifoyadir. Ishoq ibn Manda al-Isfahoniy 395 hijriy (1005 melodiy) yilning zul-qa‘da oyida vafot etib, al-Isfahondagi Dukkaboz qabristoniga dafn qilingan.

Muallifning "Imom al-Buxoriy ustozlarining ismlari" asari hajm jihatidan uncha katta bo‘lmasa-da, u atigi 16 varaqdan iborat qo‘lyozma chiroylik nasx xatida yozilgan, har bir sahifada 17 satr bo‘lib, bag‘dodlik xattot Muhammad ibn al-Hasan ibn Muhammad Ali ibn al-Ibrohim tomonidan olti yuz o‘ttiz ikkinchi hijriy yilning o‘n to‘qqizinchi shavvoli, jum‘a kunida Damashq Jomi‘ masjidida ko‘chirilgan-ilmiy jihatdan g‘oyatda qimmatlidir. Ushbu kitobda Imom al-Buxoriy o‘zining shoh asari "Sahih al-Buxoriy"da keltirgan uch yuz olti hadis roviylarining ismi shariflari alfavit tartibda to‘liq holda zikr qilinadi. Shuningdek ularning ko‘pchilligi haqida asli qaysi shahardan kelib chiqqanligi, ularning laqabi yoki kunyasi, aksariyatining esa qaysi shaharda qachon vafot etganligi haqida aniq malumotlar keltiriladi. Fikrimizning isboti sifatida asardan bir necha misollar keltiramiz:

"Ayub ibn Sulaymon ibn Bilol Mavli Abdulloh ibn Abi Atiyq, asli Madina shahridan, 224 hijriy yilda vafot etgan; Ibrohim ibn Hamza ibn Muhammad ibn Abdulloh az-Zubayr ibn al-Avon az-Zubayriy-u 230 hijriy sanada Madinada vafot etgan bo‘lib, ko‘pincha Abu Ishoq kunyasi bilan atalardi; Ahmad ibn Ishoq ibn al-Husayn, Abu Ishoq as-Sullamiy, u as-Surmoriy nomi bilan tanilgan bo‘lib, Buxoro qishlog‘idan edi; Ahmad ibn Abu Raja-uning asl ismi Abdulloh ibn Ayub al-Haraviy Abu al-Valiyd. Imom al-Buxoriy hadislarni undan Buxoroda paytida yozib olgan; Ahmad ibn Maniy‘ ibn Abdurrahmon, Abu Ja‘far al-Bag‘aviy-u Bag‘doddda yashagan. U Husayndan rivoyat qiladi. Uni al-Qabboniy deb ham atardilar. Imom al-Buxoriy undan atigi bitta hadis rivoyat qilgan; Abdulloh ibn az-Zubayr ibn Iso al-Humaydiy-u Abu Bakr kunyasi bilan tanilgan bo‘lib, Makka ahlidan. Vafoti ikki yuz o‘n to‘qqizinchi hijriy yil; Muhammad ibn Yusuf Abu Ahmad al-Buxoriy-u Poykand ahlidan".

Mana shu tariqa ushbu kitobda imom al-Buxoriy hadis eshitgan 306 roviy haqida ma‘lumotlar keltiriladi. Bu adad, albatta, buyuk alloma hadis eshitgan roviylarning bir qismidir. Aslida u yuqorida aytilganidek juda ko‘p roviylardan hadis eshitib yozib olgan.

Shogirdlari

Imom al-Buxoriy shogirdlari haqida gapiradigan bo’lsak, ular behad ko’p bo’lgan. Bu xususda olim al-Farobriy: «Bevosita Imom al- Buхoriyning o’zidan to’qson ming odam hadis eshitgan», — dеb yozadi. Imom al-Buxoriy ustozlarining ko’pchiligi uning saboqlariga qatnashardilar, o’zlariga foydali bilib, bilimlarini ziyoda qiladigan ma’lumotlarni undan yozib olardilar. Muarriхlaru muhaddislarning yozishlaricha, hatto al-Buхoriydan saboq olib, undan istifoda qilganlar orasida uning mashhur ustozlari ham bo’lgan. Ular doimo Imom al-Buхoriyning ilmiy majlislarida hozir bo’lardilar. Ulardan Abdulloh ibn Muhammad al-Musnadiy, Abdulloh ibn Munir, Ahmad ibn Ishoq as-Sirmoriy, Muhammad ibn Хalaf, Ibn Qutayba va boshqalarni ko’rsatish mumkin. Ularning hammalari o’z davrining fazilatli, ilmi komil olimlari hisoblanardi. Shunday ulug’ martabaga ega bo’lishlariga qaramasdan ular Imom al-Buхoriydan saboq olganlar.

Imom al-Buxoriyga tengqur bo’lib, unga tayangan va uning fazlu kamolining yuksakligini tan olib, ilmiy majlislariga qatnashgan buyuk olimlardan Imom Abu Zur’a ar-Roziy, Abu Xotam ar-Roziy, Ibrohim al-g’arbiy, Abdulloh ibn Mutiyn, Ishok ibn Ahmad ibn Ziyrak al-Forsiy, Abu Bakr Muhammad ibn Ishoq ibn Xaziyma, al- Qosim ibn Zakariyo, Muhammad ibn Abdulloh al-Xadramiy, Muhammad ibn Qutayba, Abu Bakr al-A’iyn va boshqalarni ko’rsatish mumkin. Mazkur olimlar rijol (roviylar), tarix, hadis, jarx (illatli hadislar), ta’diyl ilmlari bo’yicha o’z davrining buyuk allomalari hisoblanardi.Imom al-Buxoriyning shogirdlari orasida shon-shuhratda yuksaklikka etishib, buyuk sharafga muyassar bo’lgan, hadis va fiqh ilmlarining asosiy jihatlarini mukammal bilganlardan «as-Sahih» kitobining muallifi Imom Muslim ibn al-Xajjoj, «Sunan» kitobining sohibi Imom Abdurrahmon an-Nasoiy, «al-Jomi’» asarining sohibi Imom Abu Iso at-Termiziy, musulmon ilmlari buyicha qator tasnifotlarning muallifi Imom Muhammad ibn Nasr al-Marvaziy, Imom ad-Doramiy, mashhur faqih, «as-Sahih»lardan birining sohibi Imom Ibn Xaziyma va boshqalar ham bor edi. Imom al-Buxoriyning shogirdlari bo’lgan ushbu allomalar o’z davrining yirik muhaddislari va fiqh olimlari hisoblanardi.