Абу Исо ат-Термизий

Рукн: Муҳаддислар Чоп этилган: 11.12.2014

Унинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳоқ Абу Исо ас-Сулламий аз-Зарийр ал-Буғий ат-Термизий бўлиб, ҳижрий 209 (мелодий 824) йили Термиз яқинидаги Буғ (ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудида жойлашган) қишлоғида ўрта ҳол бир оилада таваллуд топган[1]. Марказий Осиёлик машҳур тарихчи Абу Саад Абдулкарим ас-Самъоний (1113—1167) ат-Термизий Буғ қишлоғида вафот этганлиги учун ал-Буғий тахаллуси билан ҳам аталганини, олимнинг кўп йиғлаганидан умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолганлигидан аз-Зарийр (кўзи ожиз) тахаллусини олганлигини ҳам қайд қилади[2]. Лекин эл орасида ат-Термизий номи билан машҳур бўлишига сабаб унинг бутун ҳаёти ва фаолияти (ёшлигидан бошлаб) Термиз шаҳри билан чамбарчас боғлиқ бўлганлигидан, шунингдек, олим туғилган Буғ қишлоғи Термиз шаҳрига яқин бўлиб, маъмурий-идоравий жиҳатдан унга мансуб қишлоқлардан эканлигидан деб изоҳлаш мумкин.

Ат-Термизийнинг оиласи ва ота-онаси ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилмаган. Тарихчилар унинг «Бобом асли марвлик эди, у киши Лайс ибн Сайёр замонида яшаган, сўнг у ердан Термизга кўчиб келган»[3], — деган фикрини келтириш билан чегараланадилар. Шунингдек, ат-Термизийнинг кўзи ожизлиги хусусида ҳам ёзма манбаларда турли-туман маълумотлар келтирилган. Баъзи муаллифлар уни туғма кўзи ожиз бўлган деса, кўпчилик муаллифлар олимнинг кейинчалик, умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолганлигини ёзадилар.

Ат-Термизий ёшлигидан ўта тиришқоқ, идрокли ва заковатли бўлганлиги боис ўз тенгдошлари ичида ажралиб турган. Илмга ўта қизиқиши туфайли ўша даврнинг кўпгина илмларини, айниқса, ҳадис илмини чуқур эгаллаган. Термиз, Самарқанд, Марв ва Марказий Осиёнинг бошқа йирик шаҳарларида истиқомат қилган машҳур уламо ва муҳаддислар асарларини қунт билан ўрганган, қўшни Балх ва Ҳайратон шаҳарларидаги илм аҳллари билан илмий алоқалар ўрнатилишига муносиб ҳисса қўшган олимлардан биридир. Ёшлигидан илм-фанга ташна ат-Термизий 850 йилдан, яъни йигирма олти ёшидан бошлаб узоқ юртларга, қатор хорижий мамлакатлар ва шаҳарларга сафар қилади. Жумладан, у Ҳижозда — Макка ва Мадина, Ироқ, Хуросоннинг қатор шаҳарларида кўплаб муҳаддис, уламолар билан мулоқотда бўлиб, улардан таълим олади, қизғин илмий мунозара ва баҳсларда иштирок этади. Тарихчи Шамсуддин аз-Заҳабийнинг таъкидлашича[4], ат-Термизий Миср ва Шомни шахсан зиёрат қилмаган, шу боисдан ҳам бу мамлакатлар уламоларидан билвосита ҳадислар ривоят қилган. Узоқ йиллар давом этган сафарлари чоғида ат-Термизий нафақат ҳадис илмидан, балки илм ал-қироат, ал-баён, фиқҳ, тарих каби фаннинг бошқа соҳалари ҳамда кўплаб устозлардан сабоқ олади.

Шу билан бир қаторда ат-Термизий пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларини тўплашга алоҳида эътибор билан қарайди. Бу борада у ҳар қандай қийинчиликларга бардош беради. У ўзи ўқиган ёки бирор ровийдан эшитган ҳадисини алоҳида қоғозларга қайд этиб борар, уларнинг асли ва иснодини изчиллик билан аниқлаб тўғрилигига тўлиқ ишонч ҳосил қилсагина махсус қоғозларга қайд этарди. Ҳадисларнинг тўғрилигига шубҳа бўлганда уларни алоҳида ажратиб ёзарди. Шу тариқа ҳадислар саҳийҳ (тўғри, ишончли), ҳасан (яхши, маъқул), заийф (бўш, ишончсиз), ғарийб (ғалати) каби хилларга ажратилган.

Ҳадис илмини эгаллашда ва такомиллаштиришда имом ат-Термизий ўз даврининг машҳур муҳаддисларидан таҳсил олди. Унинг устозларидан Имом ал-Бухорий, Имом Муслим ибн ал-Ҳажжож, Абу Довуд, Қутайба ибн Саъид,  Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғийлон, Саид ибн Абдурраҳмон, Муҳаммад ибн Башшор, Али ибн Ҳажар ал-Марвазий, Аҳмад ибн Мунийъ, Муҳаммад ибн ал-Мусанно, Суфён ибн Вақийъ ва қатор таниқли муҳаддисларни кўрсатиш мумкин[5].

Имом ат-Термизий ўз даврининг етук муҳаддиси сифатида кўпгина шогирдларга устозлик ҳам қилган. Унинг шогирдларидан Мақҳул ибн ал-Фазл, Муҳаммад ибн Маҳмуд Анбар, Абу ибн Муҳаммад ан-Насафюн, Ҳаммод ибн Шокир, Хайсам ибн Кулайб аш-Шоший, Аҳмад ибн Юсуф ан-Насафий, Абул-Аббос Муҳаммад ибн Маҳбуб ал-Маҳбубий каби етук олимларни кўрсатиш мумкин[6]. Юқорида кўриб ўтганимиздек, ат-Термизийнинг устоз ва шогирдлари орасида турли мамлакат ва элат вакиллари борлиги сезилиб турибди. Шу нуқтаи-назардан қаралганда, узоқ ўтмишда ҳам илм-фаннинг тараққиёти ва маърифат уруғларини тарқатиш борасида турли ўлкаларнинг вакиллари якдил бўлиб фаолият кўрсатиб самарали ҳамкорлик қилганликлари, умумбашарий қадриятлар равнақи йўлида ҳақиқий байналмилаллик руҳи мавжуд бўлганлиги ҳозирги давримиз учун ҳам ибратли бир ҳолдир.

Ат-Термизий зеҳнининг ўткирлиги ҳамда қувваи-ҳофизаси кучлилиги хусусида тарихий манбаларда кўплаб мисоллар, ривоятлар келтирилади. Жумладан, араб тарихчиси Шамсуддин аз-Заҳабийнинг (1274—1347) «Тазкират ул-ҳуффоз» («Ҳофизлар ҳақида тазкира») номли асарида қуйидаги ҳикоя келтирилади: Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий Маккага ҳажга бораётганида йўлда машҳур муҳаддислар билан мулоқотда бўлади ва уларнинг биридан ҳадислардан сабоқ беришини илтимос қилади. У олим: «Бўлмаса қоғоз-қалам ол», деган. Аксига олиб шу пайт ат-Термизий қалам топа олмаган ва олим рўпарасида ўтириб эшитган ҳадисларини ёзиб олаётгандек қоғоз устида қўлини ҳаракат қилдираверган. Олим эса турли-туман ҳадислардан етмишга яқинини ҳикоя қилган. Шу орада олим қоғозга қараб унда ҳеч қандай ёзув йўқлигини кўрган ва ат-Термизийнинг бу ишидан жаҳли чиққан. Ат-Термизий шунда бамайлихотир «Сиз айтган ҳадисларингизни ёддан айтиб берайми?», — дегану ҳозиргина олимдан эшитган ҳадисларнинг ҳаммасини бирин-кетин такрор айтиб берган. Ат-Термизийнинг хотираси кучлилигидан ўша олим ҳайратга тушиб қойил қолганлигини билдирган.

Бу хусусда яна бир ҳикоя ат-Термизийнинг сўзига асосланиб келтирилади: Маккага кетаётганимда бир шайх тўплаган ҳадислардан икки қисмини ёзиб олган эдим. Тасодифан ўша шайх билан учрашиб қолдим. Ёзиб олинган ҳадислар мазмунан уларга ўхшаш-у, бироқ бошқа ҳадислар экан. Салом-аликдан сўнг ҳадисларни айнан унинг ўз оғзидан эшитишни илтимос қилдим. У рози бўлиб, ҳадисларни ҳикоя қила бошлади. Кейин менга қараб қўлимдаги оқ қоғозни тоза, яъни ҳеч нарса ёзилмаган ҳолда кўргач: «Бу қилиғинг учун мендан уялмайсанми?», — деди. Мен маъзурона ҳолда бор ҳақиқатни айтиб: «Сиз ҳикоят қилган ҳадисларнинг ҳаммасини ёддан биламан», дедим ва уни бирин-кетин сўзма-сўз айтиб бердим. Шайх эса сўзларимга ишонқирамасдан «Нима, менинг ҳузуримга келишдан олдин уларни махсус ёдлаган эдингми?», — деди. «Йўқ», деб жавоб қилиб: «Агар сўзларимга ишонмасангиз, бошқа ҳадислардан айтинг», дедим. Шунда у ўзининг ғаройиб ҳадисларидан қирқтасини ҳикоя қилди. Мен унга уларни ҳам бошдан охир бирма-бир айтиб бердим. Шунда у: «Сенга ўхшаганини ҳеч қачон кўрмаган эдим»[7], — деди.

Ат-Термизий кўплаб хорижий мамлакатларга қилган сафар чоғида ҳадисларни тўплаб, китоблар таълиф қилишга ҳам киришган. Сафардан қайтгач, олиму фузалолар билан илмий мунозараларда қатнашади, кўплаб шогирдларга устозлик қилади. Айниқса, машҳур муҳаддис аллома ал-Бухорий билан кўплаб илмий баҳслар юритиб ундан истифода қиладики, бу ҳақда ат-Термизий ўзининг «Ал-Илал» китобида ҳам ёзади. Ат-Термизийнинг кўпчилик таснифлари, жумладан, унинг машҳур асари «Ал-Жомиъ» ҳам ўз ватанига қайтганидан кейин яратилган. Имом ат-Термизий 892 йилда Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида вафот этган ва шу жойда дафн қилинган. 

АТ-ТЕРМИЗИЙ АСАРЛАРИ

Ўз ижодий фаолияти даврида ат-Термизий ўндан ортиқ асарлар яратди. Унинг маданий меросида, шубҳасиз, «Ал-Жомиъ» асари катта аҳамиятга эгадир. Бу асар «Ал-Жомиъ ас-саҳийҳ» («Ишончли тўплам»), «Ал-Жомиъ ал-кабийр» («Катта тўплам»), «Саҳийҳ ат-Термизий», «Сунан ат-Термизий» («Термизий суннатлари») номлари билан ҳам юритилади[8].

Муаллифнинг йирик асарларидан яна бири «Аш-шамоил ан-набавиййа» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари»)дир. Бу асар «Аш-шамоил муҳаммадиййа», «Аш-шамоил фи шамоил ан-набий саллоллоҳу алайҳи вассаллам»[9] номлари билан ҳам аталади. Ушбу асар Саудия Арабистонида истиқомат қилган ватандошимиз Саид Маҳмуд Тарозий (у 1992 йили вафот этган) томонидан ўзбекчага ўгирилган (араб алифбосида ва кириллчада Тошкентда бир неча бор нашр қилинган)[10]. «Китоб ат-таърих», «Китоб ал-илал ас-сағийр ва ал-илал ал-кабийр», «Китоб уз-зуҳд» («Тақво ҳақида китоб»), «Китоб ал-асмо вал-куна» («Ровийларнинг исми ва лақаблари ҳақида китоб»), «Ал-илал фил-ҳадийс» («Ҳадислардаги иллатлар ёки оғишлар ҳақида»), «Рисола фил-хилоф вал-жадал» («Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола»), «Асмо ус-саҳоба» («Пайғамбар саҳобаларининг исмлари»)[11] шулар жумласидандир. 

«АЛ-ЖОМИЪ АС-САҲИЙҲ»

Ат-Термизийнинг ижодий фаолиятида яратилган асарлари ичида «ал-Жомиъ ас-саҳийҳ» («Ишончли тўплам») энг асосий ўринни эгаллайди. Ушбу асар юқорида қайд қилганимиздек, «ал-Жомиъ ал-кабийр», («Катта тўплам»), «Саҳийҳ ат-Термизий», «Сунан ат-Термизий» («Термизий суннатлари») каби номлар билан ҳам юритилади. Тарихчи Ибн Хажар ал-Асқалонийнинг ёзишича, ат-Термизий ушбу асарини 270 ҳижрий (884 мелодий) йилда, яъни қарийб олтмиш ёшларида, илм-фанда катта тажриба орттириб, имомлик даражасига эришгандан кейин ёзиб тугатган[12].

Ушбу асар қўлёзмалари дунёнинг бир қанча шаҳарларида, шунингдек, ўзимизда, Ўзбекистон Фанлар Академияси, Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институтида ҳам сақланмоқда. Муҳим манба сифатида «Ал-Жомиъ ас-саҳийҳ» бир неча марта нашр қилинган. Бунга далил сифатида 1283 (1866) йили Митоҳда, 1292 (1875) йили Қоҳирада, шунингдек, 1980 йили Байрутда нашр этилганлигини кўрсатиш кифоя. Ат-Термизийнинг бу муҳим асарига бир қатор шарҳлар ҳам ёзилган бўлиб, улардан ибн ал-Арабий (вафоти 543 ҳижрий, 1148 мелодий йили) номи билан машҳур бўлган имом ҳофиз Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулла ал-Ашбилийнинг «Оридат ал-Аҳвазий ала китоб ат-Термизий» номли 13 жузъ (қисм)дан иборат шарҳларини келтириш мумкин. Ушбу шарҳ дастлаб 1931 йидда Қоҳирада нашр қилинган. Имом Ҳофиз Абу Али Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдураҳим ал-Муборакфурий (1283—1353) қаламига мансуб яна бир шарҳ ҳам «Туҳфат ул-Аҳвазий бишарҳи ат-Термизий» деб аталади. Тўрт жузъдан иборат бўлган бу асар 1979 йилда Байрутда нашр қилинган (Ҳиндистон нашри ҳам мавжуд). Мисрлик олим ва адиб Жамолиддин Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ас-Суютийнинг (1445—1505) ат-Термизий асарига ёзган шарҳи «Қут ал-муғтазий ала Жомиъ ат-Термизий» (ундан икки қисми нашр қилинган), деб аталган.

Булардан ташқари Муҳаммад ибн Абдуқодир Абу ат-Таййиб ал-Маданийнинг «Шарҳ Сунан ат-Термизий», Аҳмад Муҳаммад Шокирнинг «Таҳқийқ ва шарҳ Жомиъ ат-Термизий» (ўндан икки қисми 1937 йидда Мустафа ал-Бобий ал-Ҳалабий томонидан нашр қилинган), Муҳаммад Юсуф ал-Баннурийнинг «Маориф сунан шарҳ сунан ат-Термизий» (унинг биринчи қисми 1963 йилда Покистонда нашр килинган), Сирож Аҳмад ас-Сарҳандийнинг «Шарҳ сунан ат-Термизий» номли форсча шарҳи, шунингдек Рашиб Аҳмад ал-Кануҳийнинг «Ал-кавкаб ад-дуррий ала ат-Термизий» (Ҳиндистонда чоп этилган), Муҳаммад Анваршоҳ ал-Кашмирийнинг икки жузъдан иборат «Ал-Урф аш-шазий ала Жомиъ ат-Термизий» (бу асар ҳам Ҳиндистонда чоп этилган) ва ниҳоят Абул-Ҳасан Муҳаммад ибн Абдулҳодий ас-Санадийнинг (у 1138 йилда вафот этган) «Ҳошия ала сунан ат-Термизий»[13] каби шарҳларини кўрсатиш мумкин.

Аввал эслатиб ўтганимиздек, ҳижрий учинчи аср (мелодий тўқкизинчи аср) ҳадис илмининг ривожида олтин давр ҳисобланади. Дастлаб бу даврда яшаб ижод қилган Имом ал-Бухорий, Имом Муслим каби алломаларнинг сермаҳсул фаолияти катта аҳамият касб этади.

Ўз устозлари Имом ал-Бухорий, Имом Муслим асос солган хайрли ишни Имом ат-Термизий чуқур масъулият ва катта идрок билан давом эттирди. Ҳадисшуносликнинг илмий асосда ривожланишига улкан ҳисса қўшиб, мусулмон дунёсидаги энг нуфузли муҳаддислардан бири даражасига кўтарилди. Абу Исо ат-Термизийнинг шоҳ асари бўлмиш «Ал-Жомиъ ас-саҳийҳ» олим машаққатли меҳнатининг маҳсули сифатида ҳадис илмида катта аҳамиятга эга. Энг аввало шуни айтиш керакки, муаллиф ўз асарини алоҳида-алоҳида бобларга бўлади, имкони борича ҳар бир ҳадис ровийларини келтиради. Ҳар бир ҳадисдан кейин унинг ишончли ёки ишончсизлик даражасини аниқлаб алоҳида кўрсатади. Олдинроқ биз асарини «Ас-сунан» («Суннатлар») номи билан («Сунан ат-Термизий») аталишини ҳам эслатиб ўтгандик[14]. Бу ном билан аталишига асосий сабаблардан бири — унда фиқҳ масаласига доир аҳком ҳадислар жуда кўп келтирилган. Шулар билан бир қаторда асарда панд-насиҳат, ахлоқ-одоб, гўзал хулқу фазилатлар хусусида ҳам жуда кўп ҳадиси шарифлар келтирилганки, бу даражадаги ҳадислар ҳеч бир муаллиф асарида учрамайди, десак муболаға бўлмайди.

Таркибий жиҳатдан асар қуйидаги бобларга бўлинади. Ундан таҳорат, салот (намоз), закот, рўза, ҳаж, жаноза, никоҳ, эмизиш, талоқ, савдо-сотиқ, қозилик аҳкомлари, товон тўлаш, меъёр, сайд, қурбонлик, назр-нузур, иймон, сийратлар, жиҳод, кийим-кечак (либос), таомлар, ичимликлар (ал-ашриба), хайр-эҳсон ва саховат, табобат, фарзлар, васиятномалар, хайрихоҳлик ва тақдир, хуружу фитналар, башоратлар, шаҳодатлар, зоҳидлар, жаннат ва жаҳаннам сифатлари, илм, изн сўраш, одоб ва ахлоқ, масаллар, Қуръон фазилатлари, қироат, тафсир, дуолар, маноқиблар (фазилатлар), иллатлар ҳақидаги боблар келтирилган[15].

Мана шу боблар асарда сарлавҳа тарзида бўлинган бўлиб, бобга доир ҳадислар бўлим мазмунини тўла-тўкис ифодалайди. Ушбу бобга доир масала бўйича муаллиф бир қанча ҳадисларни келтиради, сўнг бу масала юзасидан бошқа уламою фақиҳларнинг фикрларини ҳам батартиб баён этади. Ундан кейин ривоят қилинган ҳадиснинг саҳийҳ, ҳасан, заиф ёки ғариблиги даражасига ўз муносабатини билдиради. Шундан сўнг ҳадис ровийлари, санадлари ва санаднинг ўз ичига олган иллатлари хусусида ўз фикрини билдиради.

Юқорида айтилган фикримизга мисол тариқасида Абу Исо ат-Термизийнинг «Ал-Жомиъ ас-саҳийҳ» асарида «Таҳорат» бобида «Сафардаги ва бир жойда муқим турган киши маҳсисига масҳ тортиши» ҳақида келтирилган бир ҳадис хусусида муфассал тўхталамиз.

«Бизларга Қутайба сўзлаб берди, унга Абу Увона ривоят қилган, у Саъйид ибн Масруқдан, у Иброҳим ат-Тайамийдан, у Амир ибн Маймундан, у Абу Абдуллоҳ ал-Жадалийдан, у Хузайма ибн Собитдан, у пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қиладилар. Расули акрамдан маҳсига масҳ тортиш ҳақида савол билан мурожаат қилганларида, пайғамбар алайҳиссалом: «Сафардаги киши учун уч кеча-кундуз, бир жойда муқим киши эса бир кеча-кундуз ўз маҳсисига масҳ тортади», деб жавоб қилганлар. Яҳё ибн Муъийн масҳ ҳақидаги Хузаймадан ривоят қилган ушбу ҳадисни саҳийҳ (ишончли) дейдилар. Юқорида зикри ўтган Абу Абдуллоҳ ал-Жадалийнинг исми эса Абу ибн Абд бўлиб, баъзан уни Абдураҳмон ибн Абад ҳам деб аташар эди.

Имом Абу Исо ат-Термизий айтадилар: «Бу ҳадис ҳасан (маъқул) ва саҳийҳдир». Шу боб ҳақида Али, Абу Бакр, Абу Ҳурайра, Сафвон ибн Уссол, Авф Ибн Молик, Ибн Умар ва Жарийрдан ривоят этилган ҳадис бор. Бизларга Худод ривоят қилди, у Абул Аҳвасдан, у Осим ибн Аби ан-Нужуддан, у Зар ибн Хубайшдан, у Сафвон ибн Уссоддан, у айтди: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам сафарида бирга бўлган чоғларимизда бизларга уч кечаю уч кундузгача чориқ — маҳсиларимизни ечмасликка буюрардилар. Фақат жунуб бўлгандагина ечиб, катта ва кичик таҳорат синганда ҳам, уйқудан кейин ҳам ечмас эдик». Абу Исо ат-Термизий айтдилар: бу ҳадис саҳийҳ ва ҳасандир. Ал-Ҳакам ибн Утайба ва Ҳаммод Иброҳим ан-Нахайидан, у Абу Абдуллоҳ ал-Жадалийдан, у Хузайма ибн Собитдан ривоят қилган ҳадис саҳийҳ эмас. Али ибн ал-Мадийний хабар беради: «Менга Яҳё Ибн Саъйид айтди, унга Шуъба шундай деган: Иброҳим ан-Нахайи «Масҳ» ҳақидаги ҳадисни Абу Абдуллоҳ ал-Жадалийдан ҳеч қачон эшитмаган. Заида Мансурдан эшитганига таяниб шундай дейди: «Биз Иброҳим ат-Тайамийнинг ҳужрасида ўтирган эдик, бизлар билан бирга Иброҳим ан-Нахайи ҳам бор эди. Шунда Иброҳим ат-Тайамий бизларга ҳадис ривоят қилди, у Амр ибн Маймундан, у Абу Абдуллоҳ ал-Жадалийдан, у Хузайма ибн Собитдан, у пайғамбар алайҳиссаломдан «Маҳси — чориққа масҳ тортиш» ҳақидаги ҳадис эди. Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий: «Ушбу бобдаги энг маъқул ҳадис Сафвон ибн Уссол томонидан ривоят этилган ҳадисдир», дейдилар.

Абу Исо ат-Термизий айтадилар: Масҳ бобидаги бу сўз пайғамбар алайҳиссаломнинг аксари саҳобаи уламолари ва тобеъинлари ҳамда улардан сўнг ўтган Суфён, Ибн ал-Муборак, аш-Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқ каби фуқаҳоларнинг сўзларидир. Улар: «Бир жойда муқим турган киши бир кеча-кундуз, сафардаги киши эса уч кеча-кундузгача масҳ тортади», дейдилар. Баъзи бир аҳли илмлардан ривоят қилишларича, улар маҳс — чориққа масҳ тортишда муддатни белгиламайдилар. Бу Молик ибн Анаснинг сўзидир. (Аммо) Абу Исо ат-Термизий айтганлар: «(Масҳ тортишда) вақт (муддат) белгилаш ва унга риоя қилиш тўғридир». Дарҳақиқат, ушбу ҳадис (аввал зикр қилинганидек) Сафрон ибн Уссолдан ривоят қилинган эди[16].

Муаллиф ровийларнинг фикр-мулоҳазалари, пайғамбар алайҳиссаломга яқин бўлган саҳобалар ва бошқа уламолар фикрига таяниб ҳадис ҳақидаги фикрларини баён этади. Асарга киритилган бир неча минг ҳадисни шундай тадқиқ қилиш муаллифдан тинимсиз меҳнат, сабр-тоқат, иродани талаб қилганлигини тасаввур қилиш қийин эмас.

Чунончи, ат-Термизий китобларида бу хилдаги ҳадисларнинг бирмунча кўплиги унинг беназир изланишларидан далолатдир. Ушбу асар ҳақида муаллифнинг ўзи ҳам: «Ал-Жомиъ»ни ёзиб тугатиб Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон олимларига кўрсатганимда, улар уни мамнунлик билан бир овоздан маъқул топдилар. Ростдан ҳам кимнинг хонадонида бу китоб бўлса, гўёки бу уйда пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари сўзлаётгандек[17], — деб ёзади.

Машҳур олим Тошкўбрийзода Имом ат-Термизий фаолиятига юқори баҳо бериб шундай ёзади: «Имом ат-Термизийнинг ҳадис илми соҳасида кўплаб таснифотлари бор. Ул зотнинг «Ас-Саҳийҳ» асари ушбу китобларнинг энг яхшиси ва ғоят фойдалисидир. Бу китобда «саҳийҳ», «ҳасан», «ғарийб» каби турли хилдаги ҳадислар баён этилади. Китобнинг «Китоб ал-илал» қисми иллатли ҳадисларга бағишланган ҳолда фойдали мулоҳазаларни ўз ичига олган. Ушбу асарни мутоала қилган ҳар бир киши унинг ноёб дурдоналаридан бебаҳра қолмайди»[18].

Ат-Термизий замонидаги олимлар унинг ҳадис илмидаги хизматларини юксак баҳолаганлар. Ҳадис имомларидан бири Абдураҳмон ибн Муҳаммад ал-Идрисий «ат-Термизий ҳадис илмида иқтидо қилинадиган имомлардан биридир», деб ёзса, Тақиуддин ибн Таймия «Абу Исо ат-Термизий биринчи бўлиб ҳадисларни саҳийҳ, ҳасан, заифга тақсим қилган олимдир», деб гувоҳлик беради.

Ҳофиз ибн Ражаб ўзининг «Шарҳ илал ал-Жомъ» номли китобида «билгилки, Имом ат-Термизий биринчилардан бўлиб ўз китобларида ҳадисни саҳийҳ, ҳасан ва ғарийбга бўлганлар»[19], деб алломанинг ҳадис илмидаги хизматларини алоҳида таъкидлайди. Ат-Термизий асарининг барчага — кенг оммага фойдаси ҳақида ал-Ҳофиз Абул-Фазл Муҳаммад ибн Тоҳир ал-Муқаддасий (у 507-ҳижрий — 1113 мелодий йилда вафот этган) «мен учун Имом ат-Термизийнинг «ал-Жомиъ» таснифи Имом ал-Бухорий ва Имом Муслим ибн ал-Ҳажжож асарларидан кўра ҳам фойдалироқдир. Чунончи ал-Бухорий ва Муслимнинг китобларидан кўпинча фақат ўқимишли, зиёли кишиларгина фойдаланади. Аммо Абу Исо ат-Термизийнинг асаридан эса ҳар бир истаган киши бемалол фойдалана олади»[20], — деб ёзган эди.

Шу нарсани алоҳида қайд этиш зарурки, Имом ат-Термизийнинг ушбу асарида ҳадис илмининг турли масалалари каби ровийлар масаласига ҳам алоҳида эътибор берилган. Бу жиҳатдан мазкур асар муаллифнинг бошқа асарларидан тубдан фарқ қилади.

Имом ат-Термизий асарининг ушбу фойдали томонлари хусусида ал-Ҳоким ан-Найсобурий «ал-Мадхал ило маърифат китоб ал-иқлийл»[21], ал-Муқаддасий «Шурут ал-аиммат ас-ситта»[22] каби асарларида алоҳида таъкидлаб ўтган. Шу билан бирга ҳадис илмининг истилоҳларини яратишда ҳам Имом ат-Термизийнинг ҳиссаси катта. Ҳадис илмига доир истилоҳларни ўрганишда асосий манбалар ҳисобланган «Уълум ал-ҳадийс» («Ҳадис илмлари») китобларида учрайдиган барча истилоҳлар «ал-Жомиъ» асарида кенг кўламда келтирилган. Ат-Термизий услубига тақлид қилиб асар яратган муаллифлардан Имом ад-Доруқутнийни (995 йилда вафот этган) кўрсатиш мумкин. У ўзининг улкан асари «ас-Сунан»ни яратишда ҳадисларни турли тоифаларга ажратиб, уларни саҳийҳ, ҳасан ва заиф даражаларда келтиради. Шунингдек, Имом Абдулазим ал-Мунзирий (1258 йидда вафот этган) ҳам «Ат-Тарғийб ват-тарҳийб»да Имом ат-Термизий услубидан юриб ҳар бир ҳадис ҳақида алоҳида фикр юритади. Имом ат-Термизий ҳақида аллома ал-Идрисий «ал-Жомиъ», «Тарихлар», «ал-Илал» каби буюк асарлар тасниф этди. Ҳифзда (ёдлашда) у ҳақида масаллар келтирадилар»[23]. Муаррих Ибн ал-Асир унинг ҳақида: «Ҳадис илмида иқтидо қилинадиган буюк олимлардан бири, у энг буюк ҳофизлардан ҳам саналади»[24], деб ёзган.

Имом ат-Термизий ўз устози ва сафдоши Имом ал-Бухорий суҳбатида бўлганда у ат-Термизийга «Мен сендан кўрган фойда сен мендан кўрган фойдадан кўпроқ»[25], деб унинг билими ва ақл-идрокига юксак баҳо берган. Мана шу келтирилган фикр-мулоҳазалардан кўриниб турибдики, Имом ат-Термизий ҳадис илмининг равнақига муносиб ҳисса қўшган буюк аллома бўлган. Шу билан бир қаторда Имом ат-Термизий фаолиятига бир қадар таъна билан қараган олимлар ҳам бўлган. Уни саҳийҳ ва ҳасан ҳадислар даражаси (рутбаси)ни аниқлашда бироз кўнгли бўш, илтифотли бўлган. Бу шундан иборатки, баъзи бир саҳийҳ ёки ҳасан ҳадислар ушбу даражага лойиқ бўлмаса ҳам уларни саҳийҳ ва ҳасан деб қабул қилган дейилади. Мана шундай ат-Термизийга таъна билдирганлардан бири тарихчи Шамсуддин аз-Заҳабий бўлиб, у ўз асари «Мийзон ал-эътидол»да бу эътирозини билдирган[26]. Лекин Имом ат-Термизий ижодини чуқур ўрганган қатор тадқиқотчилар аз-Заҳабий эътирозлари аксар ҳолда асоссиз эканлигини илмий, асосли хулосалар билан исботлаган[27]. Айни вақтда Имом ат-Термизийнинг ўзи ҳам ушбу асарни ёзиб тугатгач, ўз даврининг етук олимлари ҳукмига ҳавола этган ва улар муҳокамасидан ўтказган. Бу ҳақда аллома шундай ҳикоя қилади: «Ушбу асаримни тасниф этиб бўлгач, ал-Ҳижоз уламоларига тақдим этдим, улар маъқулладилар, кейин Ироқ уламоларига кўрсатдим, улар ҳам маъқулладилар, сўнг Хуросон уламоларига кўрсатганимда, улар ҳам маъқул топдилар»[28].

Ҳадис илми билан шуғулланган муҳаддислар ҳадисларни бобларга бўлиш (табвийб)га, тарожум ва унвонлар (ановийн)га алоҳида эътибор берганлар. Бу масалалар муаллифдан юксак салоҳиятни талаб қилади. Бобларга бўлиш масаласи яхши ҳал бўлган асарларнинг, бир томондан, илмий аҳамияти катта бўлса, иккинчи томондан, бу зайлдаги асарлар улкан амалий аҳамиятга ҳам моликдир. Чунончи, ундан фойдаланувчи ҳар бир киши истаган масала бўйича керакли маълумотга эга бўлиши мумкин. Мана шу тарздаги илмий-амалий аҳамиятга молик олти китоб энг ишончли манба ҳисобланади. Улар олти китоб (кутуб ситта) ёки олти саҳийҳ китоблар (ас-сиҳоҳ ас-ситта) номли билан аталади: ал-Бухорийнинг «Саҳийҳ», Муслим ибн Ҳажжожнинг «Саҳийҳ», ат-Термизийнинг «ал-Жомиъ», Абу Довуднинг «ас-Сунан», ан-Насоийнинг «ал-Мужтабо» ёки «ас-Сунан» ва Ибн Можа ал-Қазвинийнинг «ас-Сунан» асарлари.

Имом ат-Термизий ҳадисларни бобларга булиш (табвийб)да икки хил услубга таянди.

Биринчи услуб: Бир мавзуга, масалан, таҳорат, закот, никоҳга оид турли-туман масалалар ва бобларни ўзида мужассам қилган ҳадисларни умумий бир унвон (сарлавҳа) остида келтиради... Масалан: Абвоб ат-таҳорати аън Расулуллоҳ (Расулуллоҳ айтганларидан таҳоратга оид боблар), Абвоб аз-закот аън Расулуллоҳ («Расулуллоҳ айтганларидан закотга оид боблар») ва ҳоказо.

Иккинчи услуб: Муайян масалага оид бир ёки бир неча ҳадисларни муаллиф далолат учун махсус унвон (сарлавҳа) ва бобда келтиради. Бундай ҳолларда ат-Термизий ушбу боб мазмунига оид бош сўзга таяниб ёзади. Масалан: «Боб мо жоа фис-сивок» («Мисвок (тиш тозаловчи) хусусида келган ҳадис...»).

Имом ат-Термизий ҳадислар мавзу баёнида боб (кўплиги абвоб) иборасини қўллаган бўлса, айни шу мақсадда Имом ал-Бухорий эса «китоб» лафзини ишлатган. Ат-Термизий муқаррар равишда ҳар сафар боб (абвоб)дан кейин «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам» иборасини қўшиб келтиради.

Бу ўринда ҳар бир боб таржимасида Имом ат-Термизий қўллаган тариқа (йўл, услуб)ни билиш алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаш зарур, чунки мана шу тарожумлар охир-оқибатда муаллифнинг жидди-жаҳди, унинг иқтидори ва қолаверса фиқҳий чуқур билимини ҳам ифодалайди. Мана шу масалани муайян даражада ўрганиш Имом ат-Термизий тарожумларини уч турга бўлишни тақозо этади:

Биринчидан, тарожуминг зоҳирий тариқасини, бу унинг мазмунидан очиқ ойдин англашилиб у ҳақда ҳеч бир фикрлаш ва мулоҳазага эҳтиёж бўлмайди.Иккинчидан, истинботий (тадқиқ қилиб ўрганиладиган) тарожумларки, уларнинг муайян даражада (чуқур ёки бир қадар юзаки) баҳс ва тафаккур воситасида ўша боб мазмунига мослиги идрок этилади. Учинчидан, мурсалий (бўш, очиқ) қолдирилган тарожумлар бўлиб, унда ҳадиснинг мазмунига ишорат қиладиган унвон (сарлавҳа) бўлмай фақат «боб» ибораси билан чегараланади. Мана шу уч тарийқа (йўл, услуб) тарожумлар Имом ат-Термизийнинг «ал-Жомиъ», шунингдек, Имом ал-Бухорийнинг «Саҳийҳ ал-Бухорий» асарида ҳам мавжуддирки[29], бу тақсимлаш услуби тарожумларни чуқур тадқиқ этишда катта аҳамият касб этади.

Энг аввало зоҳирий тарожумлар (ат-тарожум аз-зоҳира) ҳақида гапирадиган бўлсак, бу хилдаги тарожумлар ат-Термизийнинг асарида аксар ҳолларда учраб, ҳатто унинг асари, баъзи муаллифлар алоҳида таъкидлаганларидек[30], бу йўналишдаги энг қулай асарлардан саналган. Чунончи, ат-Термизий асари билан танишган ҳар бир илм толиби бу ҳолни осонликча фаҳмлайди. Муаллифнинг «мо жоа» (тааллуқли, доир) ёки кўп ҳолларда «бобун мо жоа фи казо» («фалон масалага доир боб») деб алоҳида таъкидлаши мазкур тарожумнинг мазмун-моҳиятини аниқ кўрсатади. Ушбу ибора Имом ал-Бухорий фаолиятида ҳам, гарчанд кам ҳолларда бўлса-да, кузатилади.

Имом ат-Термизий фаолиятида кўп учрайдиган ушбу хилдаги тарожумлар муайян мақсадларга қаратилган ва маълум маъноларни англатади. Ушбу масалада Имом ат-Термизий маслакларини Имом ал-Бухорий маслаклари билан муқояса қилишликнинг илмий аҳамияти борлигининг гувоҳи бўламиз.

Имом ал-Бухорий ва Имом ат-Термизий асарлари зоҳирий тарожумларнинг қатор маслакларида бир-бирига муштарак эканлигини кўрамиз. Бу ҳол қуйидаги масалаларда аён бўлади:

1. Умумий хабарий (ҳикоят) сийғага эга тарожум бўлиб, бунда тарожум, бобнинг мазмунини умумий бир хабар, эхтимоллик ҳолатига ишорат қилиб сўнгра бобда келтирилган ҳадис орқалигина асил мақсад аён бўлади. Бу ҳол аввалроқ қайд қилганимиздек, Имом ат-Термизийда кўп учраб, Имом ал-Бухорийда камроқ келтирилади.

Ат-Термизийнинг «Ал-Жомиъ» асаридан бир мисол келтирамиз. Асарда муаллиф «Бобун мо жоа фис-сивок» (Сивок) тишковлагич, мисвок хусусидаги бобга доир «Агарки умматимга қийин бўлмаганда эди ҳар бир намоздан олдин мисвок билан тишларини тозалашни буюрардим»[31], деган ҳадис билан тасдиқлайди-ки, бу билан асл мурод-мақсадини аниқ баён қилади. Ёки бўлмаса кийим ҳақидаги бобларда «Бобун мо жоа фил-ҳарийр ваз-заҳаб» («шойи ва тилло хусусидаги боб»)га доир Абу Мусо ал-Ашъарийнинг ривояти асосида Расулуллоҳнинг «Шойи (ҳарийр) ва тилло буюмларни кийишни умматимнинг эркакларига ҳаром ва аёлларига ҳалол қилганлигини»[32] ҳадисга таяниб таъкидлайди.

2. Хос (махсус) хабарий (ҳикоят) сийғага эга тарожум бўлиб, бундаги боб масалани аниқ ифода қилади.

Бунга мисол тариқасида Имом ат-Термизий асаридан салот (намоз) ҳақидаги ҳадисларни келтириш мумкин[33].

3. Савол тарзидаги сийғага эга тарожум (ат-тарожума би-сийғатил-истифҳом) — бу шундай ҳолатки, бунда боб тарожумаси савол (истифҳом) тарзидаги иборалардан ташкил топади. Бу маслак Имом ал-Бухорий ижодида кўпроқ ва дақийқ услубда қўлланилган, Имом ат-Термизийда эса нисбатан кам ҳолларда учрайди. Уламоларнинг фикрича, бу тарздаги тарожумлар асосан ихтилофли ва баҳсли масалаларга доир бўлиб, масалан, Имом ат-Термизий ўз асарида келтирган (намоз пайтида нуҳуд (саждадан туриш) қандай бўлиши керак ҳақидаги бобга доир»[34] ни кўрсатиш мумкин. Турли мазҳаблар (масалан, шофеъийлар ва ҳанафийлар) ўртасида ушбу масалада муайян ихтилоф бўлиб, бу ҳақда муаллиф ҳам ўз асарида кўрсатиб ўтган.

4. Боб ҳадисдан иқтибос этиб олинган тарожум ёки тўлиғича ҳадиснинг сўзлари бобда келган тарожумда қисман ёки тўлиғича ривоят қилинади. Бу фикрни Имом ат-Термизий одоб ҳақида келтирган бир ҳадисда яққол кўришимиз мумкин. «Оллоҳ атсни (акс урмоқни) хушлаб, эснашни ёқтирмаслигига доир боб»да ушбу ҳадисни ихрож этади. «Дарҳақиқат, Оллоҳ аксиришни хуш кўриб, эснашни ёмон (кароҳатли) кўради. Шу туфайли агар бирор киши акс, урса алҳамдуллилоҳи, дейди ва унинг бу сўзини эшитган ҳар бир киши «Сенга Оллоҳнинг раҳмати ёғилсин» (йарҳамука Оллоҳ) ва ҳоказо дейди»[35]. Мана шу мисолдан яққол кўриниб турибдики, ихрож қилинаётган ҳадисдан бир қисми тарожумда келтирилган. Айни шу ҳолни Имом ал-Бухорийнинг асарида ҳам учратамиз. Масалан, тиб (табобат) ҳақида «дардини берган Оллоҳ унинг шифосини ҳам ўзи беради бобидаги» ҳадиснинг сўзи айнан шу бобда ҳам ихрож қилинган[36].

5. Амрли масаланинг бошланиши ва бирор ишнинг пайдо (зоҳир) бўлиши ҳақида огоҳ этувчи тарожумлар. Имом ат-Термизий, шунингдек, ал-Бухорий бирор ишнинг бошланишидан дарак берувчи тарожумларни келтиради. Масалан, Имом ат-Термизий салот (намоз) ҳақида «Азоннинг бошланишига доир боб». Мана шу мавзунинг қай тариқа бошланиши ҳақидаги тўлиқ маълумотларни ўз ичига қамрайди[37]. Шу сабабли улар шариатнинг тарихига доир кўплаб маълумотларга эга бўлганлигидан уламолар, илм толиблари ва тадқиқотчилар учун ғоятда қимматлидир. Айни вақтда шуни ҳам қайд этиш керакки, турли мазҳабларга мансуб уламолар ўртасидаги ихтилофли масалалар бўйича, хусусан фиқҳий масалаларда Имом ат-Термизий ўз асарларида алоҳида ҳадисларни далиллар воситасида боблар билан келтирган ҳоллари кўп учрайди.

Араб тилида истинботий тарожумлар деб номланадиган бобларда муаллифлар ўз китобларига киритилган масалаларга уларнинг мазмун ва мавзуларидан келиб чиққан ҳолда унвон (сарлавҳа)лар қўядилар. Бу ҳолда сарлавҳа ўша бобнинг мазмунига очиқ-ойдин мос бўлади. Бундан кўзда тутилган асосий мақсад китоб муаллифи муайян бобда мавжуд ҳадислар бевосита етиша олмаган натижага эришишдир. Шу боис ҳам муаллиф ўз фикр-мулоҳазаси ёрдамидагина ушбу мақсадга эришади. Бу услуб Имом ал-Бухорий китобида кўп қўлланилган бўлса, Имом ат-Термизийда нисбатан камроқ қўлланилган.

Айни вақтда бу иккала буюк муҳаддис ижодиётида истинботий тарожумларда муштарак йўл-йўриқлар (маслаклар) мужассам бўлганлигининг ҳам гувоҳи бўламиз.

«Мурсалий тарожумлар» деб аталган бобларда эса тарожумлар ривоят этилган бўлса-да, тўлиғича зикр қилинмайди ва унинг унвони «боб» деган сўз билан чегараланади. Имом ат-Термизий «ал-Жомиъ» асарида бу хилдаги тарожумлар икки сўз (ибора)да — «боб» ва боб минҳу (ундан боб) билан келтирилади. Имом ал-Бухорий эса фақат бир сийға (яъни боб)ни қўллаш билан чегараланган.

Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан қуйидаги хулосага келиш мумкин:

— Имом ал-Бухорий услубига эргашган ҳолда Имом ат-Термизий ҳам ўз китобини аввал бобларга бўлган ҳолда тартиб бериб, сўнгра тарожумларни ал-Бухорий олдин
қўллаган услуб ва маслакларга таяниб таълиф этди;

— Имом ат-Термизий ўз устози Имом ал-Бухорийдан ғоятда таъсирланган ҳолда унинг ижодидан ўз «ал-Жомиъ» асари таснифида фойдаланди;

—  Имом ат-Термизий асарида келтирилган тарожумларни идрок этиш осонроқ бўлиб, Имом ал-Бухорий асарида мукаммал истинбот (чуқур тадқиқ этиш) устунлиги кўзга ташланади;

—  Имом ал-Бухорийнинг Абу Исо ат-Термизийдан яна бир устунлиги тарожумлар йўл-йўриқ (масолик)ларининг хилма-хиллиги, уларда кўп илмий ва бошқа фойдали жиҳатларининг акс этишидир;

—  Имом ат-Термизий тарожумларга мазкур боб мазмунига далил сифатида қарайди, аммо Имом ал-Бухорий эса уларга (тарожумларга) ўз фиқҳи ва илмини ҳам ифода этади. 

«АЛ-ЖОМИЪ» АСАРИДА ФИҚҲ МАСАЛАЛАРИ

Ҳадис илмига бағишланган асарларда аҳком масалаларини ўрганиш ҳижрий иккинчи асрнинг ўрталаридан, Имом Молик ибн Анас давридан бошланган эди. Мана шу пайтдан бошлаб ҳадисларни тадвин этиш (тартиблаш) фиқҳий бобларга асосланиб амалга оширилиб, шу мақсадда муваттот тартибида асарлар пайдо бўла бошлади. Масалан, ал-Қозий Ийод ўзининг «ал-Мудорак» номли асарида «биринчи бўлиб «ал-Муватто» асарини яратган Абдуллазиз ибн Абдулмалик ибн ал-Мажишун»[38] деб ёзган эди.

Шундан сўнг Имом Молик ибн Анас унинг бу фаолиятини ғоятда маъқуллаб ўзи ҳам «ал-Муватто» асарини тасниф этди[39]. У ўзи ал-Мадина ал-мунаввара ва бошқа шаҳарларда учратган уламолардан ёзиб олган ҳадисларидан танлаб олиб бу асарига киритди. Муаллиф ушбу асарига киритган мазкур ҳадисларни соф манба деб ҳисоблаб, ҳадис тўплаш мақсадида бошқа мамлакатларга сафар қилмади. Яна шуни қайд этиш керакки, «ал-Муватто»га нафақат марфуъ (яъни пайғамбар аллайҳиссаломга бориб боғланадиган) ҳадислар, балки мадиналик саҳобалар ва тобеъийн уламолардан ривоят қилинган ҳадислар ҳам киритилган. Шу билан бирга муаллиф фиқҳий масалаларда ўз нуқтаи-назарини ва мулоҳазаларини билдирган эди. Юқорида зикр қилганимиз ал-Қозий Ийод «ал-Мудорак» асарида Молик ибн Анаснинг ўз асари «ал-Муватто» ҳақида «Унда («ал-Муватто»да) Расулуллоҳ ҳадислари, саҳоба ва тобеъийнларнинг сўзлари ва ўзимнинг фикр-мулоҳазаларим мужассам бўлган»[40], — деган сўзларини келтиради.

Молик ибн Анас ушбу асарини яратишга алоҳида эътибор ва ўта масъулият билан қаради. Асарга танлаб киритилган ҳадисларнинг сони тўрт минг ҳадисни ташкил этади. Кўп олимларнинг фикрича, бу асар ислом дини равнақи учун ҳам, мусулмонлар учун ҳам катта аҳамиятга моликдир[41]. Муаллифнинг турли масалалар бўйича ўз фикрини дадил билдириши «Уйқудан намозга турилса, албатта, таҳорат олиш зарур»[42] деган фикрида намоён бўлади.

Ҳадислардаги фиқҳий масалаларни тадқиқ этишда Молик ибн Анасга эргашган айрим муаллифлар (масалан, Ибн Абу Шайба, Абдурразоқ аш-Шофиъй) ҳам шу йўсинда асарлар тасниф этдилар[43]. Мана шу муаллифлар асарларини, шунингдек, аҳл ар-райнинг фиқҳий масалалардаги фикр-мулоҳазаларини ҳар томонлама чуқур ўрганган, тадқиқ этган Имом ал-Бухорий ўзининг «ас-Сахийҳ» асарида фиқҳий масалаларга алоҳида эътибор бериб уни батамом юксак поғанага кўтарди[44]. Имом ал-Бухорийдан кейин бу соҳага қўл урган муҳаддислардан бири унинг шогирди Имом ат-Термизий ҳисобланади. Бу пайтга келиб ҳадисларда фиқҳий масалаларда қатор асарлар яратилган ва муайян даражада тараққий этган эди. Мана шундай ҳолатда Имом ат-Термизий ўзининг шоҳ асари «ал-Жомиъ»да ўзига хос услубни қўллайди. Муаллиф фиқҳий масалалар ва аҳкомларни ўз абвоблари (боблари) мазмуни жумласига киритади. Фиқҳ илми олимларининг фикр-мулоҳазаларини келтириб турли-туман мазҳаблардан огоҳ қилди, баъзи ҳолларда улардан энг мақбули ва афзалларини ажратиб кўрсатди. Ўз асарларида аҳл ал-илм наздида қабул бўлган ҳадисларга таянган ҳолда фикр юритди.

Фиқҳий масалаларда Имом ат-Термизий услубларини умумлаштирган ҳолда қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин:

— тарожумларга эътимод қилиш;

— боб мазмунида уламо ва ровийлар фикрини ҳадисларда ифода этиш;

— ғоялар ўртасида афзалларини алоҳида кўрсатиш;

— бобларни улардан келиб чиқадиган аҳкомларга асосан турларга бўлиш.

Имом ат-Термизийнинг «ал-Жомиъ» асари баҳсли масалаларни талқин қилишда йирик манба ҳисобланади. У айниқса қадимий (қарийб унутилаёзган) таълимотларни ўрганиш масаласида тенги йўқ асарлардан бири сифатида тан олинган. Масалан, Имом ал-Авзоъий, Ироқда яшаган машҳур имомлардан Суфён ас-Саврийларнинг мазҳабий таълимотлари узоқ муддат амалда жорий бўлган эди.

Ибн Роҳвайҳ номи билан машҳур бўлган хуросонлик олим Имом Исҳоқ Иброҳим ал-Ҳанзалий, мовароуннаҳрлик аллома Абдуллоҳ ал-Муборак ал-Марвазий мазҳабларини ўрганишда ҳам Имом ат-Термизий асарининг аҳамияти беқиёс эди. Бу асар нафақат қатор мазҳабий таълимотлар, айни вақтда уламолар ўртасидаги ихтилофий масалаларни ҳар томонлама ўрганишда ҳам алоҳида аҳамиятга молик эди. Шу боис бу асар ҳақида «Ихтилофли масалалар ҳақида бизгача етиб келган энг қадимий манба»[45] деб алоҳида таъкидланади. Имом ат-Термизий асарининг ўша мазҳаб соҳиблари ва пешволари яшаган даврга вақт жиҳатдан яқинлиги асарга ишончли манба сифатида қарашни тақозо этади. Бу ҳол айниқса илм аҳллари ва тадқиқотчилар учун алоҳида аҳамият касб этади. Чунончи, асардаги нақлларда имкон борича камроқ хатога йўл қўйилиб, кейин ёзилган асарларга нисбатан унга афзаллик берилади.

Имом ат-Термизийнинг «ал-Жомиъ» асарида фиқҳий масалалар ҳам ифода этилган бўлиб, уларни тадқиқ этишда учта муҳим жиҳатга эътибор беришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Биринчи масала — Имом ат-Термизийнинг фиқҳий йўналиши.

Иккинчи масала — у ривоят қилган ҳадисларда мазҳабий иснодларнинг ўрни.

Учинчи масала — фиқҳий масалалар ифодаси.

Мана шу масалаларни батафсил кўриб чиқиш ат-Термизийнинг фиқҳий масалалардаги қарашларини тўлиқ ифода этади.

Имом ат-Термизийнинг фиқҳий йўналиши. Ҳижрий иккинчи асрни ислом динида фиқҳий масалаларда уйғониш даври, десак ҳеч бир муболаға бўлмайди. Чунончи, айни шу пайтда ижтиҳод деган масала пайдо бўлиб, бу соҳада турли мазҳабларнинг асҳоблари — йирик уламолар етишиб чиққан.

Ижтиҳод — Қуръони карим ва пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларига асосланган ҳолда давр тақозосини ҳисобга олиб, жамият тараққиёти ва маънавияти равнақига хизмат қиладиган фойдали ғоя ва мафкуралар яратиш, муаммоларни ҳал этишнинг мақбул, янги йўлларини топишдир[46]. Бу ҳол, албатта, ислом динининг ўзига хос хусусиятларидан ҳисобланади. Бинобарин илм-фан тараққиётидаги ўзгаришларни теран англаб шариат аҳкомларини замонга мос равишда талқин қилиш ҳар қандай даврда ҳам халқимизнинг ҳар томонлама тараққий этишига сезиларли восита бўлган.

Ўша даврдан бошлаб ижтиҳод аҳлининг тутган йўли (тариқати) асосан икки гуруҳга ажралган эди: аҳл ар-рай тариқати ва аҳл ал-ҳадис тариқати. Аҳл ар-рай тариқатининг маркази Ироқда,  айниқса ал-Куфа ва Басрада бўлиб, унинг уламолари аҳл ар-рай деб атала бошланди. Аҳл ал-ҳадиснинг мактаби ал-Ҳижоз (Макка, Мадина)да бўлиб улар уламоларига аҳл ал-ҳадис деб ном берилди. Ҳар тоифанинг етакчи имомлари бўлиб, уларнинг издошлари ўз мазҳабларининг афзаллиги ва ғалабаси йўлида жидди-жаҳд кўрсатардилар ва даъват йўли билан янги тарафдорларни топиб, улар сонларини кўпайтиришга интилардилар. Ҳижрий учинчи асрда ҳадис илмида олти саҳиҳ китобларнинг муаллифлари, шу жумладан Имом ат-Термизий яшаб ижод қилди. Бу даврда мусулмонлар ўртасида машҳур имомларнинг мазҳабларига қўшилиш, мазҳабий тақлид пайдо бўлди. Бунда тақлидчилар муайян бир имом мазҳабини ихтиёр этиб, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб тарафкашлик қилар, кўп ҳолларда эса улар ўртасида қизғин баҳслар, курашлар ҳам содир бўларди. Мана шу тариқа улар ўртасида ихтилоф кучая бошлади.

Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизийга ўхшаш нуфузли муҳаддислар Қуръони карим, пайғамбар ҳадислари, саҳобаи киромларнинг асарларини бутун мазмун-моҳияти билан эгаллаганликлари туфайли, уларда ижтиҳодий қарашлар мавжуд бўлса-да, лекин улар тақлидчиларга мансуб эмасдилар. Улар ўз ижтиҳодий ғоялари ҳақида баралла гапириб, шунга амал қилардилар, айниқса ихтилофли масалалар пайдо бўлган вазиятларда бу ҳолатга кўпроқ риоя қилардилар[47].

Турли мазҳаблар ва ғояларга муносабат масаласида Имом ат-Термизийнинг тутган мавқеи пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари ва фақат далил-исботлар билангина хулоса чиқаришга асосланган эди. Албатта, бундай ҳолларда фақат саҳийҳ ҳадислар ва энг кучли далил асосий роль ўйнар эди. У ўз устозлари — энг аввало Имом ал-Бухорийнинг ва бошқа ҳадис илмидаги уламоларнинг таъсирида аҳл ар-рай мазҳабига эмас, аҳл ал-ҳадис йўлида собитқадамлик билан фикр юритди, уни чуқур таҳқиқ ва тадқиқ (истинбот) этиш орқали ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Имом ат-Термизий ижодининг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, у аҳл ар-рай ҳақида гапирар экан, улар мазҳабларини баён килиш учун ўз асарида «қола аҳл ал-Куфа» (Куфа аҳли деган) ёки «Қола баъзу аҳл ал-Куфа» («аҳл ал-Куфадан баъзиси деган») каби ибораларни кўп ишлатади[48].

Имом ат-Термизий асарида кўп учрайдиган иборалардан яна бири «асҳобуно» («бизнинг асҳобларимиз») иборасидир. Бу умумлашган атама билан ат-Термизий Молик ибн Анас, Муҳаммад ибн Идрийс аш-Шофеъий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Исҳоқ ибн Роҳвайҳ каби фиқҳ илмининг мужтаҳидларидан бўлган аҳл ал-ҳадисни назарда тутган[49].

Ҳадис илмининг йирик алломаси саналган Имом ат-Термизий уламоларнинг сўзлари ва уларнинг фиқҳий таълимотларини фақат ҳадисларга хос бўлган ишончли иснодлар билангина келтиради, уларга таяниб илмий хулосалар чиқаради. Бинобарин, мазҳаб соҳибларидан нақл этиладиган фикр-мулоҳазаларни билишда иснодлар катта аҳамият касб этарди. Имом ат-Термизий фиқҳий иснодларни Суфён ас-Саврий, Муҳаммад ибн Усмон ал-Куфий, Убайдуллоҳ ибн Мусо ал-Абасий, Мактум ибн Аббос ат-Термизий, Муҳаммад ибн Юсуф ал-Фирйобийдан нақл қилган[50].

Бир қанча буюк муҳаддислар бу соҳада баракали ижод қилган бўлиб, улардан Имом ал-Бухорийнинг устози Али ибн Абдуллоҳ ал-Мадийний, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом ал-Бухорий, Муслим ибн ал-Ҳажжож, Имом ат-Термизий, Ибн Абу Ҳотам, ад-Доруқутнийларни зикр қилиш мумкин. Мана шу муаллифларнинг асарларидан Имом ад-Доруқутнийнинг муснадларга асосланиб тартиб берилган ўн икки жилдлик иллатли ҳадисларга бағишланган асари алоҳида ўрин эгаллайди[51].

Имом ат-Термизий иллатли ҳадисларга бағишлаб икки асар яратган бўлиб, улар «Ал-Илал ас-сағийр» ва «Ал-Илал ал-кабийр ёки ал-муфрад» номи билан аталади. «Ал-Илал ас-сағийр» асарини Имом ат-Термизий «ал-Жомиъ»нинг хотимаси сифатида яратган. «Ал-Илал ал-кабийр ёки муфрад» эса алоҳида мустақил асар бўлиб, унда биринчи асарига кирмаган иллатли ҳадислар келтирилган. 

АТ-ТЕРМИЗИЙНИНГ «АШ-ШАМОИЛ АН-НАБАВИЙЙА» АСАРИ

Абу Исо ат-Термизийнинг бошқа бир йирик асари «Аш-шамоил ан-набавиййа» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари») деб аталади. Бу асар баъзи манбаларда «Аш-шамоил фи шамоил ан-набий саллоллоҳу алайҳи вассаллам», «Аш-шамоил ал-Муҳаммадия» номлари билан ҳам келтирилган. Асар пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсий ҳаётлари, у зотнинг суврат ва сийратлари, ажойиб фазилат ва одатларига оид тўрт юзу саккиз ҳадиси шарифни ўзига жамлаган қимматли манбадир. Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, ушбу мавзу яъни пайғамбар алайҳиссаломнинг фазилатлари, одатлари ҳақидаги ҳадисларни тўплаш билан жуда кўп олимлар, муҳаддислар шуғулланганлар ва бу хилдаги ҳадислар турли-туман китоблардан ўрин олган. Лекин ат-Термизий асарининг бошқалардан афзаллиги ва фарқи шундаки, муаллиф имкони борича пайғамбар алайҳиссалом фазилатларига доир барча ҳадисларни мунтазам равишда тўплаб, мантиқан изчил бир ҳолатда тартибга келтирган ва ўзига хос мустақил, яхлит китоб шаклида тасниф қилган. «Аш-шамоил ан-набавиййа» азалдан исломшунос олимлар ва тадқиқотчиларнинг диққатини ўзига жалб қилиб келади. Араб тилида битилган ушбу асарга бир қанча шархлар ва ҳошиялар ҳам ёзилган. Улардан Абдурауф ал-Муновий ал-Мисрийнинг (вафоти 1003 ҳижрий йили) «Шарҳ уш-шамоил», Али ибн Султон ал-Ҳаравий ал-Қорийнинг (вафоти 1192 ҳижрий йили) «Жамъ ул-васоил фи шарҳи аш-Шамоил», Сулаймон ибн Умар ибн Мансур ал-Жумалнинг «Ал-Мавоҳиб ал-Муҳаммадиййа бишарҳ аш-шамоил ат-Термизиййа» кабиларни келтириш мумкин. Бу асарнинг бир қўлёзмаси Қоҳирадаги ал-Азҳар кутубхонасида 144 ҳадис илми рақами остида сақланмоқда, Муҳаммад ибн Жасус ал-Моликийнинг (вафоти 1182 ҳижрий йили) «Ал-Фавоид ал-жалийла ал-баҳиййа ала «Аш-шамоил ал-Муҳаммадиййа (бу асар 1927 йилда нашр қилинган) ва ниҳоят ал-Азҳар университетининг собиқ шайхи Иброҳим ал-Божурийнинг (вафоти 1277 ҳижрий йили) «ал-Мавоҳиб ал-Ладуниййа ала аш-шамоил ат-Термизиййа» каби шарҳларини кўрсатиш мумкин.

Кези келганда шуни ҳам таъкидлаш керакки, асар тили оддий ва равонлиги, соддалиги билан ҳам ажралиб туради. Муҳим тарихий манба сифатида «Аш-шамоил ан-набавиййа» форс ва турк тилларига ҳам таржима қилинган. 1248 ҳижрий йили Ҳисомиддин ан-Нақшбандий томонидан туркий тилга қилинган таржимаси араб тилини билмайдиган туркий халқлар учун ғоятда фойдали қўлланма бўлиб хизмат қилади. Ат-Термизийнинг ушбу асарига шарҳ ёзган шайх иброҳим ал-Божурий: «Имом ат-Термизийнинг «Аш-шамоил ан-набавиййа» китоблари ўз бобида яккаю ягона асардир. Унинг овозаси Мағрибу Машриққа бориб етди»[52], — деб таъкидлайди. Машҳур олим Али ибн Султон ал-Ҳаравий ал-Қорий ўзининг юқорида зикр қилинган «Жамъ ал-васоил фи шарҳ аш-Шамоил» номли шарҳида ат-Термизийнинг ушбу асари хусусида шундай деб ёзади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг фазилатлари, ахлоқлари ҳақида тасниф этилган мусаннафотларнинг энг чиройли ва яхшиси бу Имом ат-Термизийнинг пайғамбар сийратлари ҳақидаги мукаммал ва мухтасар китобларидир. Бу китобни мутолаа қилган ҳар киши жаноб пайғамбарни кўргандай ва ул зотнинг ҳар бобидаги маҳосини шарифларидан баҳраманд бўлганга ўхшайди»[53]. Олдинроқ эслатиб ўтганимиздек, асарнинг Саудия Арабистонида истиқомат қилган ватандошимиз Саййид Махмуд Тарозий томонидан она тилимизга қилинган мухтасар таржимаси 1990 йили Имом ат-Термизийнинг 1200 йиллик юбилейи муносабати билан Тошкентда қайтадан нашр қилиндики, бу ҳол буюк муҳаддиснинг қимматли асарини ўрганишда катта аҳамият касб этиши шубҳасиздир[54].

«Аш-шамоил ан-набавиййа»нинг тузилиши ва таркиби ҳақида гапирадиган бўлсак, бу мухтасар асар эллик олти бобга бўлиниб у «бобун жоа фи халқи Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам», яъни «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг жисми каримлари ҳақида ривоят қилинган ҳадис шарифлар боби» дан ташкил топган. Умуман олганда, мазмун-моҳиятига кўра асарни икки асосий қисмга бўлиш мумкин. Биринчи қисмга мансуб ҳадислар пайғамбар алайҳиссаломнинг суврат (ташқи қиёфа)ларига бағишланган. Буларга кўра пайғамбаримиз новча ҳам, пакана ҳам бўлмай, балки ўрта бўили, яғриндор, қўллари бўлали, гўштдор ва доимо жун билан қопланган, кафтлари бўлиқ, қирғийбурун, пешоналари кенг, кўзлари катта-катта бир зот бўлган.

Асарнинг иккинчи қисмида келтирилган ҳадиси шарифлар эса пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратлари — ички дунёси ва ахлоқий фазилатларини баён қилади. Бу ҳадислар билан танишар эканмиз, Муҳаммад алайҳиссалом ахлоқий жиҳатлардан намунавий, мукаммал бир сиймо эканлигини, муомалада у зотнинг каттаю кичик, аёл эркак, бой-камбағаллар билан ўзини бир хил муомалада тутишларини, рўзғор ва оила юмушларида ўз аёлларига астойдил кўмаклашиб ёрдам беришларини, башарти бирор гуноҳ қилиб қўйган киши узр сўраса, унинг гуноҳларини кечирганларини, йўлда учраган барча кишиларга биринчи бўлиб салом бериб, самимий ҳол-аҳвол сўрашларини билиб оламиз.

«Аш-шамоил ан-набавиййа»нинг XVI асрга оид қўлёзмаси Тошкентда, Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси кутубхонасида сақланмоқда. 1980 йилда Тошкентда мазкур диний бошқарма буюртмаси билан «Аш-шамоил ан-набавиййа»нинг ушбу қўлёзмаси офсет тариқасида нашр этилган бўлиб, ундаги қисқача сўзбоши Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ҳайъатининг собиқ раиси, марҳум муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари томонидан ёзилган. Бундан ташқари «Аш-шамоил ан-набавиййа»нинг айрим қўлёзмалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ҳам сақланмоқда. 

АТ-ТЕРМИЗИЙНИНГ «АЛ-ИЛАЛ ФИ-Л-ҲАДИЙС» АСАРИ 

Имом ат-Термизийнинг бизгача етиб келган «Ал-илал фил-ҳадийс» («Ҳадислардаги иллатлар ёки нуқсонлар») номли муҳим асари икки мустақил асардан ташкил топган. Улардан бири «Ал-илал ал-кабийр» ёки «Ал-муфрад» номи билан аталган асари бизгача етиб келмаган, деган тахмин бор. Гарчанд аксар тадқиқотчилар ҳам шундай фикрда бўлсалар-да, Имом ат-Термизийнинг ҳаёти ва фаолиятига доир махсус рисола ёзган олим Нуриддин Атар (ушбу рисоланинг Байрутда 1988 йилда чоп этилган иккинчи нашрида) Туркиянинг қимматли қўлёзмаларга бой кутубхоналаридан бирида ат-Термизийнинг «Ал-илал ал-кабийр» асарининг ягона қўлёзмасини кўргани ва ундан фотонусха олиб ўз тадқиқотининг ушбу қайта нашрида фойдалангани ҳақида ёзади[55]. Унинг ёзишича, ат-Термизий «Ал-илал ал-кабийр»ни таълиф этган пайтда уни бобларга бўлмаган ҳолда ёзган. Аммо кейинчалик бу ажойиб китоб олим Абу ал-Валид ал-Қозий томонидан тартибга келтирилиб бобларга ажратилган ва китоб охирида мустақил бир боб, ҳадис рижжол (ровий)лари ҳақидаги фикр мулоҳазалар баён этилган.

«Ал-илал»нинг иккинчиси «Ал-илал ас-сағийр» деб аталади. У муаллифнинг бош асари «Ал-Жомиъ ас-саҳийиҳ»га бевосита алоқадор бўлганлиги сабабли хотима тариқасида ушбу асарнинг охирида келтирилган. Умуман олганда, арабча «илал» сўзи «иллат»нинг кўплиги бўлиб, ўзбекча касал, бетоб, хаста, ноқис, иллатли, оғиш каби луғавий маъноларни англатади. Кези келганда шуни таъкидлаш керакки, ҳадис илмида илал масаласи муҳим аҳамиятга эга бўлиб, турли сабабларга кўра ровийлар томонидан йўл қўйилган заифлик, ноаниқлик, ғалат, хато, саҳву каби янглишлар тадқиқ этилади. Кўпгина муҳаддисларнинг ҳадисларга бу жиҳатдан ҳам катта эътибор бериб, асарлар яратгани бу илмнинг ислом таълимотида ғоятда фойдали ва муҳим аҳамият касб этганидан далолат беради. Иллатли ҳадислар хусусида Имом ал-Бухорийнинг устози Али ибн Абдуллоҳ ал-Мадийний, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом ал-Бухорий, Имом Муслим, Имом ат-Термизий, Абу Ҳотам ва бошқалар асарлар ёзганлар. Мана шу буюк муҳаддислар орасида ҳам Имом ат-Термизийнинг илал тўғрисидаги асарлари ҳадисларнинг сиқаси (тўғрилиги, аниқлиги)ни текширишда муҳим аҳамият касб этади.

Имом ат-Термизийнинг ўзлари «Илал» масаласи хусусида: «Бу (илал) масалада узоқ вакт фикр-мулоҳаза юритдим, бунинг боиси шундаки, биздан шу хусусда сўралганда, олдин ўз нуқтаи назаримизни очиқ-ойдин айтмадик. Сабаби, биздан аввал илал масаласи хусусида сўралган бир қанча уламолар ҳам ўз фикрларини билдирмаганлар, шунингдек, баъзи муҳаддислар ўрталарида ҳадисда сиқа (ишончли) бўлган ровийларнинг хато, янглиш ва камчиликларини айтиш ғийбат бўлади, деган уламолар ҳам бор эди. Сўнг бир қанча машҳур муҳаддислар, хусусан, устоз Имом ал-Бухорий билан бир неча йиллик мулоқотда бўлганимдан кейин ҳамда мазкур фикрга алоқадор ривоятларни эшитгандан кейин илал масаласини ошкора қилишга жазм қилдим. На Ироқда, на Хуросонда илал, тарих ва иснодлар соҳасида Имом Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийдан кўра билимдонроқ бирор олимни кўрмадим», деб таъкидлайдилар. 

АТ-ТЕРМИЗИЙНИНГ «АЛ-ЖОМИЪ» ВА

«АШ-ШАМОИЛ АН-НАБАВИЙЙА» АСАРЛАРИГА

ЁЗИЛГАН ШАРҲЛАР 

1. «Аъризат ал-Аҳвазий фи шарҳ ал-Жомиъ лит-Термизий» номли шарҳнинг муаллифи ал-Ҳофиз Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Ашбилий бўлиб у Ибн ал-Арабий ал-Моликий (вафоти 1151 йил) номи билан машҳур бўлган. Асарнинг қадимий тўлиқ бир қўлёзма нусхаси Мадинаи Мунавварадаги кутубхонада сақланади, бошқа бир қулёзма нусхаси аллома аш-Шайх Рафийъаддин ал-Бухорийнинг кутубхонасида мавжуд. Асар Қоҳирада ҳам нашр этилган бўлиб, лекин бу нашрда кўп хатоликларга йўл қўйилган.

2. «Шарҳ ал-Жомиъ лит-Термизий» — Ҳофиз Абдул-Фатҳ Муҳаммад ибн Саййид ан-Нос ал-Яамарий аш-Шофиъй (вафоти 1333 йил) унинг муаллифидир. Муаллиф асарнинг учдан бир қисмига етган. Гарчанд у ўн жилддан иборат шарҳ битган бўлса-да, унинг охирига етказиш учун фурсат топмаган. Шарҳнинг бунчалик чўзилиб кетишлигининг боиси шундаки, муаллиф ўз асари доирасини фақат ҳадис фанига алоқадор масалалар билан чеклаб қолмай, балки унга бошқа фанларга доир маълумотларни ҳам киритган.

Аллома ал-Чалабий шундай деган: «Агар муаллиф ўз шарҳида фақат ҳадис фани билан чегараланганда эди уни тамомига етказар эди, лекин у (муаллиф) Оллоҳга ҳамд айтамизки, ҳимматли иш қилган. Сўнгра ундан қолганларини охирига етказган ал-Ҳофиз Зайнуддин Абдураҳим ибн Ҳусайн ал-Ироқий бўлиб, «ал-Алфия»[56]нинг муаллифи (вафоти 1403 йил)дир. Бу китобнинг тўлиқ бир нусхаси Мадинаи Мунавварадаги кутубхонада сақланади.

3. «Шарҳ ал-Жомиъ лит-Термизий» номли шарҳ Зайнуддин Абдурраҳмон ибн Аҳмад ибн ан-Набий ал-Ҳанбалий (вафот йили номаълум)нинг қаламига мансуб бўлиб, йигирма жилдда тугалланган, лекин қандайдир бир фитна вақтида ёниб кетган[57].

4. «Ал-Аърф аш-шазий аъло Жомиъ ат-Термизий»нинг муаллифи Сирожиддин Умар ибн Раслан ал-Балқийний аш-Шофиъий (вафоти 1402 йил). Ушбу шарҳ Имом ат-Термизий асарининг бир қисмига бағишланиб, шарҳ охиригача етказилмаган[58].

5. «Шарҳ аз-завоид лит-Термизий»нинг муаллифи аллома Сирожиддин Умар ибн Али ал-Мулаққин (вафоти 1401 йил). Бу асар Имом ал-Бухорий ва Имом Муслимнинг «Саҳийҳ» ва Абу Довуд асаридан ортиқча ат-Термизийда келтирилган ҳадисларнинг шарҳидир[59].

6. «Ал-Лубб ул-албоб фий мо йақулу ат-Термизий фил-боб» номли шарҳнинг муаллифи Шайх ул-ислом ал-Ҳофиз ибн Ҳажар ал-Асқалоний[60] (вафоти 1448 йил) бўлиб, бир жилддан иборат бу шарҳнинг қўлёзмаси Мадинаи Мунавварадаги қутубхонада сақланади. Бу жуда ҳам муҳим асар бўлиб, Имом ат-Термизий фиқҳий масалаларга доир»... ҳақидаги бобда» зикр қилинган ҳадисларни баён қилишга бағишланган. Ушбу ҳадислар жарҳ (иллатлари) ва уларнинг тузатиш (таъдийл)лари билан биргаликда муфассал ҳолда баён қилинган.

7. «Қут ал-муғтазий» номли асар аллома Жалолуддин ас-Суютийнинг (вафоти 1505 йил) қаламига мансуб. Бу ҳақда Ҳожи Халифанинг «Кашф аз-зунун» асарида (1-жилд, 375-бет) ҳикоя қилинади. Жалолуддин ас-Суютий ушбу шарҳида ат-Термизийнинг «Сунан» асарини юқори баҳолаб уни қуйидагича таърифлайди: «Имом ат-Термизийнинг «Сунан» асари бобларга бўлинган. Бу ҳам бир илм. Асардаги фиқҳ — ҳуқуқшунослик масалалари ҳам бир илм. Саҳийҳ билан сақимни ажратувчи илални айтишлари ҳам бир илм. Уларнинг ўртасидаги ҳадис турларини зикр этиш ҳам бир илм. Ровийларнинг номлари ва лақаблари ҳам алоҳида бир илм. Жарҳ ва таъдийл, Расулуллоҳни топган ва топмаган ровийларни белгилаш иснодли ривоят. Унда келтирганларнинг ҳаммаси ижмолий илм турларидир. Аммо тафсилийси жуда ҳам кўп. Хуллас, бу асарнинг қимматли жиҳатлари мажмуалар тўпламидир».

8. «Нафъ Қут ал-муғгазий»нинг муаллифи аллома ас-Саййид Али ибн Сулаймон ад-Думантий ал-Бажмаъвий ал-Мағрибий ал-Моликий аш-Шозилий (вафоти 1877 йил)[61].

«Жомиъ ат-Термизий» нусхасининг ҳошиясида чоп этилган. Муаллиф аллома Жалолуддин ас-Суютийнинг олдин зикри ўтган шарҳини мухтасар ҳолга келтириб, китоб аслининг фойдали томонларига бир қадар халал етказганки, китобнинг номи «Нафъ Қут ал-Муғтазий» ибораси маъносини йўқотган. Бу асар Қоҳира ва Деҳлида чоп этилган.

9. «Шарҳ ал-Жомиъ лит-Термизий»нинг муаллифи ал-Ҳофиз Зайнуддин Абдурраҳмон ибн Аҳмад ибн Ражаб ал-Ҳанбалий (вафоти 1587 йил). Ушбу шарҳ ҳақида манбаларда жуда кам маълумот келтирилган.

10. «Шарҳ ал-Жомиъ лит-Термизий» ҳам Шайх ул-ислом ал-Ҳофиз ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг (вафоти 1148 йил) қаламига мансуб бўлиб, муаллиф уни «Саҳийҳ ал-Бухорий»га ёзган йирик шарҳи «Фатҳ ал-борий»да зикр қилган[62].

11. «Шарҳ ал-Жомиъ лит-Термизий» аш-Шайх Абул-Ҳасан ибн Абдулҳодий ас-Санадий ал-Мадиний (вафоти 1728 йил) битган бу шарҳ жуда гўзал бўлиб, муаллиф уни ал-Ҳарам аш-Шарифда (Маккада) таълиф этган. Асар қирқ қисм (жузъ)дан иборат.

12. «Шарҳ ал-Жомиъ лит-Термизий»нинг муаллифи аллома Абу ат-Таййиб (Муҳаммад ибн ат-Таййиб) ас-Санадий (ал-Мадиний), вафоти 1698 йил), бу шарҳ араб тилида «би қавлиҳи» «вақавлуҳу» дейилиб, унинг бир қисми чоп ҳам этилган.

13. «Шарҳ ал-Жомиъ лит-Термизий»нинг муаллифи аллома Сирож Аҳмад ас-арҳандий бўлиб, форс тилида битилган бу шарҳнинг айрим қисмлари нашр ҳам этилган.

14.«Мухтасар ал-Жомиъ лит-Термизий» аллома Муҳаммад ибн Уқайл ал-Болисий аш-Шофиъий (вафоти 1329 йил) қаламига мансуб бўлиб, асарнинг хусусиятлари ҳақида муфассал маълумотга эга эмасмиз.

15.«Жоизат аш-Шаъузий» номли шарҳ аллома Бадийъ уз-Замон (вафоти 1892 йил) қаламига мансуб. Бу асар «Жомиъ ат-Термизий»нинг урду тилига ағдарилган тафсирли таржимасидир.

16.«Мухтасар ал-Жомиъ лит-Термизий»нинг муаллифи аллома Нажмиддин Сулаймон ибн Абу ал-Қувво ат-Туфий ас-Сирсирий ал-Ханбалий (вафоти 1311 йил). Бу мухтасар асардан ал-Ҳофиз Салоҳиддин Халли ибн Кийкелди ал-Аълоий исмли олим ат-Термизий асарида олий санад билан ривоят қилинган юз ҳадисдан бир мажмуа яратган[63].

17.«Ҳадият ал-лавзаъий би-нукот ат-Термизий» аллома Абу ат-Таййиб Муҳаммад Шамс ал-Ҳаққ ал-Азиймободий (вафоти 1911 йил) қаламига мансуб бу асар муаллифнинг вафоти туфайли охирига етмаган. Ушбу шарҳда матнларга қўшимча иснодларга тааллуқли жуда нафис тадқиқотлар ҳам мавжуддир.

18.«Шарҳ аш-шамоил лит-Термизий»нинг муаллифи аш-Шайх Абдуррауф ал-Муновий (вафоти 1621 йил) бўлиб, унинг аввали: Аҳл ал-фазлнинг қадимда ва ҳозирги замондаги шаклу шамойиллари ва ҳоказо, аллома ал-Муновий унда зикр қилган: «Унинг шарҳига биринчи бўлиб киришган тадқиқотчиларнинг яккаю ягонаси Мавлоно Исомуддин ал-Исфараийний бўлиб, у ўзидан бурун ҳеч ким очмаган унинг сирларидан пардани кўтаришга муяссар бўдди. Лекин нақлий (анъанавий) фанлардан ҳисобланган бу фаннинг ақлий (мантиқий) фаразларини у билан бирга идрок этиш ҳам борки, ҳатто у хато авҳомлардан деб ҳисобланади»[64].

19. «Ашраф ул-васоил»нинг шайх Шаҳобуддин Аҳмад ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий ал-Маккий (вафоти 1566 йил) муаллифидир. Мусанниф зикр қилишича, бу  китоб  бўйича  Ал-Ҳарам  ал-Муҳтарамда  (Каъбатуллоҳда) дарс беришлик (тадрис) имкони унга муборак Рамазон ойидан бошлаб 18-Рамазонда ниҳоясига етказган.

20. «Шарҳ аш-шамоил лит-Термизий»нинг муаллифи аллома Саййид Муҳаммад Қосим Жассус (вафоти 1769 йил) бўлиб, бу асар Қоҳирада нашр этилган. Лекин ушбу шарҳ батамом равишда муҳаддисларнинг услубию уларнинг қизиқишларига мос бўлмаган тарзда битилган.

21. «Шарҳ аш-шамоил лит-Термизий»нинг муаллифи аллома Муслиҳиддин Муҳаммад ибн Салоҳ ибн Жалол ал-Лорий (вафоти 1572 йил) бўлиб[65], бу шарҳ араб тилида битилган. Муаллиф уни 1542 йилнинг Рамазон ойида тугатган бўлиб, муаллифнинг қаламига мансуб форсча ёзилган бошқа бир шарҳ ҳам бордир.

22. «Заҳр ал-ҳамоил аъло аш-Шамоил»нинг муаллифи аллома ас-Суютий бўлиб, бу шарҳ Мисрда чоп этилган.

23. «Жамъ ал-васоил» — Мулло Али ал-Қорий ал-Ҳаравий (вафоти 1607 йил) қаламига мансуб бўлиб, унинг қораламасини Маккаи мукаррамада 1599 йилда тугатган. Кўпчиликнинг фикрича, «аш-Шамоил»га бағишланган шарҳлардан биронтаси ҳам ундан устун эмас.

24. «Таҳзийб аш-Шамоил»нинг муаллифи аш-Шайх Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳамза ал-Антокий (вафоти 1531 йил) бўлиб[66], Мулло Али ал-Қорийнинг юқорида зикр этилган шарҳини мухтасар қилиб тузатиб ҳадия тариқасида Қустантаниянинг султони Боязидхонга тақдим қилган эди. Унинг бошланиши «алҳамдулиллоҳ алалзий жаъала ҳайот ал-орифийн...»[67].

25. «Шарҳ аш-Шамоил»нинг муаллифи аллома Исомуддин Иброҳим ибн Муҳаммад (ибн Арабшоҳ) ал-Исфараиний (вафоти 1536 йил). Бу шарҳ аралаш (мамзуж) бўлиб, «алҳамдулиллоҳ аллазий фаззала ал-Мустафо би-акрам аш-Шамоил» ибораси билан бошланади.

26. «Шарҳ аш-шамоил лит-Термизий» — Мулло Муҳаммад ал-Ҳанафий (вафот этган йили номаълум)га мансуб бўлиб, муаллиф ушбу шарҳини 1520 йилда
тугатган.

27.«Шарҳ аш-Шамоил лит-Термизий»нинг муаллифи Муҳаммад Ошиқ ибн Умар ал-Ҳанафий (вафоти 1629 йил) бўлиб, ушбу аллома ўз шарҳида: У «аш-Шамоил»ни Маҳмуд ал-Малик ибн Шамсиддин номи билан машҳур ўз устози аш-Шайх Абдуллоҳ ал-Ансорийдан ривоят қилганлиги ҳақида ёзади. Аш-Шайх Аҳмад Али «Шарҳ аш-Шамоил»нинг ҳошиясига мухтасар битган бўлиб, унинг бир нусхаси аш-Шайх Шамс ул-Ҳаққ кутубхонасида сақланади[68].

28.«Аш-Шамоил»нинг туркча таржимасини амалга оширган Исҳоқ Хўжа Аҳмад Афанди (вафоти 1708 йил) номи билан машҳур бўлган Аҳмад Хайруддин ал-Айдийний бўлиб, унинг ҳақида муфассал маълумотга эга эмасмиз.

29.«Аш-Шамоил»нинг туркча назмий ифодасини Мазлум Зода номи билан танилган Мустафо ибн Ҳусайн ал-Ҳалабий бажарган бўлиб, муаллиф бу асарини 1745 йилда тугатган.

30.«Баҳор Хулд» Кофий — бу урду тилида битилган гўзал бир назмий асар бўлиб, чоп ҳам этилган.

31. «Ал-Мавоҳиб ал-Ладуниййа аъло аш-шамоил ал-Муҳаммадиййа»нинг муаллифи аллома аш-Шайх Иброҳим (Ибн Муҳаммад) ал-Бухорий (вафоти 1847
йил). Бу «аш-Шамоил»нинг мухтасар тарздаги шарҳи бўлсада, жуда фойдали. Асар 1835 санада ал-Жомиъ ал-Азҳарда таълиф этилган. Унинг аввали «алҳамдулиллоҳ ал-муставжаб ли-қулли камол ан-нуъут би-қулли таълийм ва жамол» ибораси билан бошланади.

32.«Ал-Кавкаб ад-дуррий аъло ат-Термизий» номли шарҳнинг муаллифи Рашид Аҳмад ал-Канкуҳий бўлиб, бу икки жилддан иборат қимматли шарҳ Ҳиндистонда чоп этилган.

33.Олим Муҳаммад Анвар Шоҳ ал-Кашмирий қаламига мансуб асар «Ал-Аърф аш-шазий аълол-Жомиъ ат-Термизий» деб аталиб, бу шарҳ ҳам икки жилдда Ҳиндистонда чоп этилган[69]. 

ИЛМУ АМАЛИ ИБРАТЛИ АЛЛОМА

Машҳур муҳаддис Абу Исо ат-Термизийнинг шахсий ҳаёти ва баркамол ижодининг ҳар томонлама ўрганилиши туфайли буюк бобокалонимизнинг ҳозирги давримиз учун ҳам ўрнак бўладиган кўп ибратомуз фазилатларининг гувоҳи бўламиз. Энг аввало, ат-Термизийнинг ёшлигидан илм-фанга ғоятда чанқоқлиги ва зўр ҳавас билан қизиқиши, бу борада ҳар қандай қийинчиликларга ҳам бардош бериб ўз мақсади, яъни ўз билимини ошириш йўлидаги жидду-жаҳди катта-катта таҳсинга сазовордир.

Ёзма манбаларда келтирилишича, ҳадисшунослик илми саккизинчи асрнинг иккинчи ярмидан ўн биринчи аср ўрталаригача асосий ва зарурий машғулотлардан бири даражасига айланган. Бу даврда Шарқнинг турли мамлакатларидан бўлган тўрт юздан ортиқ муаллифлар ана шу илм (ҳадисшунослик) билан шуғулланганлар[70].

Маълумки, ўз билимини ошириш борасида ат-Термизий кўпгина хорижий мамлакатларни зиёрат қилган. Элма-эл кезиб, чўлу биёбонлар ошиб ровийлардан эшитган ҳадисларини йитиш билан шуғулланган. Уларни тартибли равишда ёзиб қайд қилиш билан бирга ушбу ҳадисларни қанчалик даражада саҳийҳ, ҳасан ёки заиф, мавзу (сохта, ўйлаб чиқарилган) эканлигини қайта-қайта текширган, илмий равишда чуқур тадқиқ этган. Алломанинг шогирдлари орасида турли миллат вакиллари ҳам бўлган.

Ёши қирқдан ошган ва турли мамлакатлар олимларидан таълим олган ат-Термизий ҳам Имом ал-Бухорий машҳур бўлган пайтда етук олим даражасида танилган. Иккала олим ўртасида 863—868 йиллар ораларида Нишопурда кўпдан-кўп самарали илмий мунозаралар, самимий дўстона учрашувлар бўлган[71]. Ат-Термизий ўз асарлари учун кўпгина фойдали маълумотларни ал-Бухорий билан бўлган учрашувларида олганлигини ёзади[72].

Абу Исо ат-Термизий асарлари ҳозирда ҳам ўз қимматини йўқотган эмас. Унинг «Ал-Жомиъ ас-саҳийҳ», «Аш-шамоил ан-набавиййа» каби асарларида келтирилган ҳадиси шарифлар катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб инсонларни ҳалол, адолатли, иймон-эътиқодли, диёнатли, покиза, меҳнатсевар, мурувватли, раҳм-шафқатли, ота-она, аёлларга нисбатан ҳурмат-эътиборли бўлишга чорлайди.

Бу ибратли панд-насиҳатлар ва ўгитлар халқимизни, жамиятимиз аҳлини, айниқса ёш авлодни тарбиялашда беқиёс аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Ат-Термизийнинг асарлари фақат диний илмлар мажмуасига оид бўлиб қолмасдан, балки дунёвий илмларга оид маълумотларга ҳам бойдир. Масалан, унинг бош асари бўлган «ал-Жомиъ ас-саҳийҳ»да тарих, мантиқ ҳуқуқшунослик, табобат, зироатга оид кўплаб қимматли маълумотларни учратамиз. Араб тилини ривожлантиришда ат-Термизийнинг хизматлари катталигини замонавий олимлар қайта-қайта таъкидлайдилар.

Хулоса қилиб айтганда, буюк бобокалонимизнинг шахсий ҳаёти ва унинг бой маънавий меросини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш ҳам илмий, ҳам амалий жиҳатдан катта аҳамиятга эгадир.

Убайдулла Уватовнинг “Икки буюк донишманд” («Шарқ» НМАК, Тошкент, 2005) китобидан олинди.

 


[1] Нуриддин Атар. Ал-Имом ат-Термизий, 21—22-бетлар.

[2] Китоб ал-Ансоб, 2-жилд, 335-бет.

[3] Шарҳ аш-Шамоил, 1-жилд, 8-бет; Совет Шарқи мусулмонлари, 1990 йил, 3-сон, 1-бет.

[4] Сийар аълом ан-нубало, 13-жилд, 271-бет.

[5] Бу ҳақда кенгроқ маълумот олиш учун қаранг: Нуриддин Атар. Ал-Имом ат-Термизий, 23—24-бетлар; Аш-Шайх Комил Муҳаммад Авайда. Абу Исо ат-Термизий, 58—59-бетлар.

[6] Ат-Термизийнинг шогирдлари ҳақида кенгроқ маълумот олиш учун қаранг: Аз-Захабий. Сийар аълом ан-нубало, 13-жилд, 271—272-бетлар. Нуриддин Атар. Ал-Имом ат-Термизий, 30-бет.

[7] Тазкират ал-ҳуффоз, 634-бет; Ал-Муқаддасий. Шурут ал-аиммат ас-ситта, 17-бет.

[8] Ибн Касийр. Ал-Боис ал-ҳасийс, 22-бет.

[9] Нуриддин Атар. Ал-Имом ат-Термизий, 37-бет.

[10] Масалан, Абу Исо ат-Термизий. Аш-шамоил ан-набавиййа, Тошкент, 1993.

[11] Ал-Асқалоний. Таҳзийб ат-таҳзийб, 9-жилд, 389-бет.

[12] Ал-Асқалоний. Таҳзийб ат-таҳзийб, 9-жилд, 389-бет.

[13] Ушбу асарнинг бир қўлёзмаси Ҳалабдаги (Сурия) «Мактабатал-авқоф» кутубхонасида (168-рақамда) сақланмоқда.

[14] «Сунан ат-Термизий»нинг биринчи жилди ўзбек тилига таржима қилиниб, 1999 йилда Тошкентда нашр этилган.

[15] Бу ҳакда яна қаранг: Мабоҳис фи уълум ал-ҳадийс, 35-бет.

[16] Нуриддин Атар. Ал-Имом ат-Термизий, 51—52-бетлар.

[17] Шамсуддин аз-Заҳабий. Тазкират ал-ҳуффоз, 634-бет; Ибн Хажар ал-Асқалоний. Таҳзийб ат-таҳзийб, 9-жилд, 389-бет.

[18] Аш-Шайх Комил Мухаммад Авайда. Абу Исо ат-Термизий, 66-бет.

[19] Шурут ал-аиммат ас-ситта, 16-бет; Ибн Касир. Ал-Бидоя ван-ниҳоя, 11-жилд, 67-бет.

[20] Совет Шарқи мусулмонлари, 1990 йил, 3-сон, 4-бет.

[21] Ал-Мадхал, 288 а-варақ.

[22] Шурут, 12—13-бетлар.

[23] Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. «Таҳзийб  ат-таҳзийб»,  9-жилд, 389-бет.

[24] Жомиъ ал-усул, 1-жилд, 114-бет.

[25] Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзийб ат-таҳзийб, 9-жилд, 388-бет.

[26] Мийзон ал-эътидол, 2-жилд, 354—355-бетлар.

[27] Бу ҳақда кенгроқ маълумот олиш учун қаранг: Нуриддин Атар. Ал-Имом ат-Термизий, 238—262-бетлар.

[28] Мийзон ал-эътидол, 2-жилд, 354—355-бетлар.

[29] Бу ҳақда қаранг: Муҳаммад Анваршоҳ ал-Қашмийрий. Ал-Арф аш-шазий, 1-жилд, 6—7-бетлар

[30] Нуриддин Атар. Ал-Имом ат-Термизий, 275-бет.

[31] Ал-Жомиъ, 1-жилд, 7-бет.

[32] Ал-Жомиъ, 1-жилд, 321-бет.

[33] Ал-Жомиъ, 1-жилд, 41-бет; 11-жилд, 17-бет.

[34] Ал-Жомиъ, 1-жилд, 58-бет.

[35] Саҳийҳ ал-Бухорий, 2-жилд, 122-бет.

[36] Ал-Жомиъ, 1-жилд, 124—125-бетлар.

[37] Ал-Жомиъ, 1-жилд, 40-бет.

[38] Тартийб ал-Мудорак, 1-жилд, 195-бет.

[39] Ўша асар, 1-жилд, 195-бет.

[40] Тартийб ал-Мудорак, 1-жилд, 193-бет.

[41] Ас-Суютий. Танвийр ал-Ҳаволик, 1-жилд, 5-бет; ал-Қозий Ийод.1-жилд, 193-бет.

[42] Ал-Муватто би-шарҳ ас-Суютий, 1-жилд, 34-бет.

[43] Ал-Имом ат-Термизий, 302-бет.

[44] Ал-Хатиб ал-Бағдодий. Тарихи Бағдод, 2-жилд, 19-бет.

[45] Доират ал-маориф ал-исломиййа, 5-жилд, 230-бет.

[46] Ижтиҳод ҳақида кенгроқ маълумот олиш учун қаранг: Ислам (Энциклопедический словарь). Москва, 1991, стр. 91—92.

[47] Ал-Имом ат-Термизий, 324-бет.

[48] Қ а р а н г: Ал-Жомиъ, 1-жилд, 61-бет.

[49] Шарҳ ат-Термизий ли-аби ат-Таййиб ал-Мадиний,   1-жилд, 112—115-бетлар.

[50] Аз-Заҳабий. Сийар, 12-жилд, 296-бет; Мийзон ал-эътидол, 3-жилд, 198-бет.

[51] Ал-Каттоний. Ар-Рисола ал-мустатрафа, 11-бет.

[52] Совет Шарқи мусулмонлари, 1990 йил, 3-сон, 8-бет.

[53] Ал-Мавоҳиб ал-ладуниййа, биринчи қисм, 2-бет.

[54] Ушбу асар Тошкентда яна икки марта қайта нашр қилинган.

[55] Ал-Имом ат-Термизий, 387-бет, 4-изоҳ.

[56] Ҳожи Халифа, Кашф аз-зунун, 1-жилд, 375-бет.

[57] Ал-Муборакфурий, Сийрат ал-имом ал-Бухорий, 376-бет.

[58] Ал-Буфолий, ал-Ҳутта, 243-бет.

[59] Ас-Саховий, аз-Завъ ал-ломиъ, 6-жилд, 102-бет.

[60] Бу шарҳ ҳақида кенгроқ маълумот олиш учун қаранг: Шокир Маҳмуд Абдулмунъим, Ибн Ҳажар ва диросатуҳу, 395-бет.

[61] Қомус «ал-Аъом»да (5-жилд, 104-бет) бу асар ҳақида кенгроқ маълумот келтирилган.

[62] Фатҳ ал-борий, 1-жилд, 230-бет.

[63] Ҳожи Халифа, Кашф аз-зунун, 1-жилд, 376-бет.

[64] Ҳожи Халифа, Кашф аз-зунун, 2-жилд, 67—68-бетлар.

[65] Фуод Сезкин. Таърих ат-турос ал-арабий, 1-жилд, 249-бет.

[66] Ас-Сомий. Қомус ал-Аълом, 7-жилд, 208-бет.

[67] Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун, 2-жилд, 67-бет.

[68] Ал-Муборакфурий. Сийрат, 388-бет.

[69] Нуриддин Атар. Ал-Имом ат-Термизий, 407-бет.

[70] А. Б. Халидов. Арабские рукописи и арабская рукописная традиция. Москва, 1985, стр. 143.

[71] Ибн Хапликон. Вафойот ал-аъйон, 3-жилд, 407-бет.

[72] Шамсуддин аз-Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало, 12-жилд, 404-бет.

* * *

Uning to‘liq ismi Muhammad ibn Iso ibn Savra ibn Muso ibn az-Zahhoq Abu Iso as-Sullamiy az-Zariyr al-Bug‘iy at-Termiziy bo‘lib, hijriy 209 (melodiy 824) yili Termiz yaqinidagi Bug‘ (hozirgi Surxondaryo viloyatining Sherobod tumani hududida joylashgan) qishlog‘ida o‘rta hol bir oilada tavallud topgan[1]. Markaziy Osiyolik mashhur tarixchi Abu Saad Abdulkarim as-Sam‘oniy (1113-1167) at-Termiziy Bug‘ qishlog‘ida vafot etganligi uchun al-Bug‘iy taxallusi bilan ham atalganini, olimning ko‘p yig‘laganidan umrining oxirlarida ko‘zi ojiz bo‘lib qolganligidan az-Zariyr (ko‘zi ojiz) taxallusini olganligini ham qayd qiladi[2].

Lekin el orasida at-Termiziy nomi bilan mashhur bo‘lishiga sabab uning butun hayoti va faoliyati (yoshligidan boshlab) Termiz shahri bilan chambarchas bog‘liq bo‘lganligidan, shuningdek, olim tug‘ilgan Bug‘ qishlog‘i Termiz shahriga yaqin bo‘lib, ma‘muriy-idoraviy jihatdan unga mansub qishloqlardan ekanligidan deb izohlash mumkin.

At-Termiziyning oilasi va ota-onasi haqida manbalarda aniq ma’lumotlar keltirilmagan. Tarixchilar uning «Bobom asli marvlik edi, u kishi Lays ibn Sayyor zamonida yashagan, so‘ng u yerdan Termizga ko‘chib kelgan»[3], - degan fikrini keltirish bilan chegaralanadilar. Shuningdek, at-Termiziyning ko‘zi ojizligi xususida ham yozma manbalarda turli-tuman ma’lumotlar keltirilgan. Ba’zi mualliflar uni tug‘ma ko‘zi ojiz bo‘lgan desa, ko‘pchilik mualliflar olimning keyinchalik, umrining oxirlarida ko‘zi ojiz bo‘lib qolganligini yozadilar.

At-Termiziy yoshligidan o‘ta tirishqoq, idrokli va zakovatli bo‘lganligi bois o‘z tengdoshlari ichida ajralib turgan. Ilmga o‘ta qiziqishi tufayli o‘sha davrning ko‘pgina ilmlarini, ayniqsa, hadis ilmini chuqur egallagan. Termiz, Samarqand, Marv va Markaziy Osiyoning boshqa yirik shaharlarida istiqomat qilgan mashhur ulamo va muhaddislar asarlarini qunt bilan o‘rgangan, qo‘shni Balx va Hayraton shaharlaridagi ilm ahllari bilan ilmiy aloqalar o‘rnatilishiga munosib hissa qo‘shgan olimlardan biridir. Yoshligidan ilm-fanga tashna at-Termiziy 850 yildan, ya∋ yigirma olti yoshidan boshlab uzoq yurtlarga, qator xorijiy mamlakatlar va shaharlarga safar qiladi. Jumladan, u Hijozda - Makka va Madina, Iroq, Xurosonning qator shaharlarida ko‘plab muhaddis, ulamolar bilan muloqotda bo‘lib, ulardan ta’lim oladi, qizg‘in ilmiy munozara va bahslarda ishtirok etadi. Tarixchi Shamsuddin az-Zahabiyning ta’kidlashicha[4], at-Termiziy Misr va Shomni shaxsan ziyorat qilmagan, shu boisdan ham bu mamlakatlar ulamolaridan bilvosita hadislar rivoyat qilgan. Uzoq yillar davom etgan safarlari chog‘ida at-Termiziy nafaqat hadis ilmidan, balki ilm al-qiroat, al-bayon, fiqh, tarix kabi fanning boshqa sohalari hamda ko‘plab ustozlardan saboq oladi.

Shu bilan bir qatorda at-Termiziy payg‘ambar alayhissalom hadislarini to‘plashga alohida e’tibor bilan qaraydi. Bu borada u har qanday qiyinchiliklarga bardosh beradi. U o‘zi o‘qigan yoki biror roviydan eshitgan hadisini alohida qog‘ozlarga qayd etib borar, ularning asli va isnodini izchillik bilan aniqlab to‘g‘riligiga to‘liq ishonch hosil qilsagina maxsus qog‘ozlarga qayd etardi. Hadislarning to‘g‘riligiga shubha bo‘lganda ularni alohida ajratib yozardi. Shu tariqa hadislar sahiyh (to‘g‘ri, ishonchli), hasan (yaxshi, ma’qul), zaiyf (bo‘sh, ishonchsiz), g‘ariyb (g‘alati) kabi xillarga ajratilgan.

Hadis ilmini egallashda va takomillashtirishda imom at-Termiziy o‘z davrining mashhur muhaddislaridan tahsil oldi. Uning ustozlaridan Imom al-Buxoriy, Imom Muslim ibn al-Hajjoj, Abu Dovud, Qutayba ibn Sa’id, Ishoq ibn Muso, Mahmud ibn G’iylon, Said ibn Abdurrahmon, Muhammad ibn Bashshor, Ali ibn Hajar al-Marvaziy, Ahmad ibn Muniy’, Muhammad ibn al-Musanno, Sufyon ibn Vaqiy’ va qator taniqli muhaddislarni ko‘rsatish mumkin[5].

Imom at-Termiziy o‘z davrining yetuk muhaddisi sifatida ko‘pgina shogirdlarga ustozlik ham qilgan. Uning shogirdlaridan Maqhul ibn al-Fazl, Muhammad ibn Mahmud Anbar, Abu ibn Muhammad an-Nasafyun, Hammod ibn Shokir, Xaysam ibn Kulayb ash-Shoshiy, Ahmad ibn Yusuf an-Nasafiy, Abul-Abbos Muhammad ibn Mahbub al-Mahbubiy kabi yetuk olimlarni ko‘rsatish mumkin[6]. Yuqorida ko‘rib o‘tganimizdek, at-Termiziyning ustoz va shogirdlari orasida turli mamlakat va elat vakillari borligi sezilib turibdi. Shu nuqtai-nazardan qaralganda, uzoq o‘tmishda ham ilm-fanning taraqqiyoti va ma’rifat urug‘larini tarqatish borasida turli o‘lkalarning vakillari yakdil bo‘lib faoliyat ko‘rsatib samarali hamkorlik qilganliklari, umumbashariy qadriyatlar ravnaqi yo‘lida haqiqiy baynalmilallik ruhi mavjud bo‘lganligi hozirgi davrimiz uchun ham ibratli bir holdir.

At-Termiziy zehnining o‘tkirligi hamda quvvai-hofizasi kuchliligi xususida tarixiy manbalarda ko‘plab misollar, rivoyatlar keltiriladi. Jumladan, arab tarixchisi Shamsuddin az-Zahabiyning (1274-1347) «Tazkirat ul-huffoz» («Hofizlar haqida tazkira») nomli asarida quyidagi hikoya keltiriladi: Abu Iso Muhammad at-Termiziy Makkaga hajga borayotganida yo‘lda mashhur muhaddislar bilan muloqotda bo‘ladi va ularning biridan hadislardan saboq berishini iltimos qiladi. U olim: «Bo‘lmasa qog‘oz-qalam ol», degan. Aksiga olib shu payt at-Termiziy qalam topa olmagan va olim ro‘parasida o‘tirib eshitgan hadislarini yozib olayotgandek qog‘oz ustida qo‘lini harakat qildiravergan. Olim esa turli-tuman hadislardan yetmishga yaqinini hikoya qilgan. Shu orada olim qog‘ozga qarab unda hech qanday yozuv yo‘qligini ko‘rgan va at-Termiziyning bu ishidan jahli chiqqan. At-Termiziy shunda bamaylixotir «Siz aytgan hadislaringizni yoddan aytib beraymi?», - deganu hozirgina olimdan eshitgan hadislarning hammasini birin-ketin takror aytib bergan. At-Termiziyning xotirasi kuchliligidan o‘sha olim hayratga tushib qoyil qolganligini bildirgan.

Bu xususda yana bir hikoya at-Termiziyning so‘ziga asoslanib keltiriladi: Makkaga ketayotganimda bir shayx to‘plagan hadislardan ikki qismini yozib olgan edim. Tasodifan o‘sha shayx bilan uchrashib qoldim. Yozib olingan hadislar mazmunan ularga o‘xshash-u, biroq boshqa hadislar ekan. Salom-alikdan so‘ng hadislarni aynan uning o‘z og‘zidan eshitishni iltimos qildim. U rozi bo‘lib, hadislarni hikoya qila boshladi. Keyin menga qarab qo‘limdagi oq qog‘ozni toza, ya∋ hech narsa yozilmagan holda ko‘rgach: «Bu qilig‘ing uchun mendan uyalmaysanmi?», - dedi. Men ma’zurona holda bor haqiqatni aytib: «Siz hikoyat qilgan hadislarning hammasini yoddan bilaman», dedim va uni birin-ketin so‘zma-so‘z aytib berdim. Shayx esa so‘zlarimga ishonqiramasdan «Nima, mening huzurimga kelishdan oldin ularni maxsus yodlagan edingmi?», - dedi. «Yo‘q», deb javob qilib: «Agar so‘zlarimga ishonmasangiz, boshqa hadislardan ayting», dedim. Shunda u o‘zining g‘aroyib hadislaridan qirqtasini hikoya qildi. Men unga ularni ham boshdan oxir birma-bir aytib berdim. Shunda u: «Senga o‘xshaganini hech qachon ko‘rmagan edim»[7], - dedi.

At-Termiziy ko‘plab xorijiy mamlakatlarga qilgan safar chog‘ida hadislarni to‘plab, kitoblar ta’lif qilishga ham kirishgan. Safardan qaytgach, olimu fuzalolar bilan ilmiy munozaralarda qatnashadi, ko‘plab shogirdlarga ustozlik qiladi. Ayniqsa, mashhur muhaddis alloma al-Buxoriy bilan ko‘plab ilmiy bahslar yuritib undan istifoda qiladiki, bu haqda at-Termiziy o‘zining «Al-Ilal» kitobida ham yozadi. At-Termiziyning ko‘pchilik tasniflari, jumladan, uning mashhur asari «Al-Jomi’» ham o‘z vataniga qaytganidan keyin yaratilgan. Imom at-Termiziy 892 yilda Termiz yaqinidagi Bug‘ qishlog‘ida vafot etgan va shu joyda dafn qilingan.

AT-TERMIZIY ASARLARI

O’z ijodiy faoliyati davrida at-Termiziy o‘ndan ortiq asarlar yaratdi. Uning madaniy merosida, shubhasiz, «Al-Jomi’» asari katta ahamiyatga egadir. Bu asar «Al-Jomi’ as-sahiyh» («Ishonchli to‘plam»), «Al-Jomi’ al-kabiyr» («Katta to‘plam»), «Sahiyh at-Termiziy», «Sunan at-Termiziy» («Termiziy sunnatlari») nomlari bilan ham yuritiladi[8].

Muallifning yirik asarlaridan yana biri «Ash-shamoil an-nabaviyya» («Payg‘ambarning alohida fazilatlari»)dir. Bu asar «Ash-shamoil muhammadiyya», «Ash-shamoil fi shamoil an-nabiy sallollohu alayhi vassallam»[9] nomlari bilan ham ataladi. Ushbu asar Saudiya Arabistonida istiqomat qilgan vatandoshimiz Said Mahmud Taroziy (u 1992 yili vafot etgan) tomonidan o‘zbekchaga o‘girilgan (arab alifbosida va kirillchada Toshkentda bir necha bor nashr qilingan)[10]. «Kitob at-ta’rix», «Kitob al-ilal as-sag‘iyr va al-ilal al-kabiyr», «Kitob uz-zuhd» («Taqvo haqida kitob»), «Kitob al-asmo val-kuna» («Roviylarning ismi va laqablari haqida kitob»), «Al-ilal fil-hadiys» («Hadislardagi illatlar yoki og‘ishlar haqida»), «Risola fil-xilof val-jadal» («Hadislardagi ixtilof va bahslar haqida risola»), «Asmo us-sahoba» («Payg‘ambar sahobalarining ismlari»)[11] shular jumlasidandir.

«AL-JOMI’ AS-SAHIYH»

At-Termiziyning ijodiy faoliyatida yaratilgan asarlari ichida «al-Jomi’ as-sahiyh» («Ishonchli to‘plam») eng asosiy o‘rinni egallaydi. Ushbu asar yuqorida qayd qilganimizdek, «al-Jomi’ al-kabiyr», («Katta to‘plam»), «Sahiyh at-Termiziy», «Sunan at-Termiziy» («Termiziy sunnatlari») kabi nomlar bilan ham yuritiladi. Tarixchi Ibn Xajar al-Asqaloniyning yozishicha, at-Termiziy ushbu asarini 270 hijriy (884 melodiy) yilda, ya qariyb oltmish yoshlarida, ilm-fanda katta tajriba orttirib, imomlik darajasiga erishgandan keyin yozib tugatgan[12].

Ushbu asar qo‘lyozmalari dunyoning bir qancha shaharlarida, shuningdek, o‘zimizda, O’zbekiston Fanlar Akademiyasi, Abu Rayhon Beruniy nomli Sharqshunoslik institutida ham saqlanmoqda. Muhim manba sifatida «Al-Jomi’ as-sahiyh» bir necha marta nashr qilingan. Bunga dalil sifatida 1283 (1866) yili Mitohda, 1292 (1875) yili Qohirada, shuningdek, 1980 yili Bayrutda nashr etilganligini ko‘rsatish kifoya. At-Termiziyning bu muhim asariga bir qator sharhlar ham yozilgan bo‘lib, ulardan ibn al-Arabiy (vafoti 543 hijriy, 1148 melodiy yili) nomi bilan mashhur bo‘lgan imom hofiz Abu Bakr Muhammad ibn Abdulla al-Ashbiliyning «Oridat al-Ahvaziy ala kitob at-Termiziy» nomli 13 juz’ (qism)dan iborat sharhlarini keltirish mumkin. Ushbu sharh dastlab 1931 yidda Qohirada nashr qilingan. Imom Hofiz Abu Ali Muhammad Abdurrahmon ibn Abdurahim al-Muborakfuriy (1283-1353) qalamiga mansub yana bir sharh ham «Tuhfat ul-Ahvaziy bisharhi at-Termiziy» deb ataladi. To‘rt juz’dan iborat bo‘lgan bu asar 1979 yilda Bayrutda nashr qilingan (Hindiston nashri ham mavjud). Misrlik olim va adib Jamoliddin Abdurrahmon ibn Abu Bakr as-Suyutiyning (1445-1505) at-Termiziy asariga yozgan sharhi «Qut al-mug‘taziy ala Jomi’ at-Termiziy» (undan ikki qismi nashr qilingan), deb atalgan.

Bulardan tashqari Muhammad ibn Abduqodir Abu at-Tayyib al-Madaniyning «Sharh Sunan at-Termiziy», Ahmad Muhammad Shokirning «Tahqiyq va sharh Jomi’ at-Termiziy» (o‘ndan ikki qismi 1937 yidda Mustafa al-Bobiy al-Halabiy tomonidan nashr qilingan), Muhammad Yusuf al-Bannuriyning «Maorif sunan sharh sunan at-Termiziy» (uning birinchi qismi 1963 yilda Pokistonda nashr kilingan), Siroj Ahmad as-Sarhandiyning «Sharh sunan at-Termiziy» nomli forscha sharhi, shuningdek Rashib Ahmad al-Kanuhiyning «Al-kavkab ad-durriy ala at-Termiziy» (Hindistonda chop etilgan), Muhammad Anvarshoh al-Kashmiriyning ikki juz’dan iborat «Al-Urf ash-shaziy ala Jomi’ at-Termiziy» (bu asar ham Hindistonda chop etilgan) va nihoyat Abul-Hasan Muhammad ibn Abdulhodiy as-Sanadiyning (u 1138 yilda vafot etgan) «Hoshiya ala sunan at-Termiziy»[13] kabi sharhlarini ko‘rsatish mumkin.

Avval eslatib o‘tganimizdek, hijriy uchinchi asr (melodiy to‘qkizinchi asr) hadis ilmining rivojida oltin davr hisoblanadi. Dastlab bu davrda yashab ijod qilgan Imom al-Buxoriy, Imom Muslim kabi allomalarning sermahsul faoliyati katta ahamiyat kasb etadi.

O’z ustozlari Imom al-Buxoriy, Imom Muslim asos solgan xayrli ishni Imom at-Termiziy chuqur mas’uliyat va katta idrok bilan davom ettirdi. Hadisshunoslikning ilmiy asosda rivojlanishiga ulkan hissa qo‘shib, musulmon dunyosidagi eng nufuzli muhaddislardan biri darajasiga ko‘tarildi. Abu Iso at-Termiziyning shoh asari bo‘lmish «Al-Jomi’ as-sahiyh» olim mashaqqatli mehnatining mahsuli sifatida hadis ilmida katta ahamiyatga ega. Eng avvalo shuni aytish kerakki, muallif o‘z asarini alohida-alohida boblarga bo‘ladi, imkoni boricha har bir hadis roviylarini keltiradi. Har bir hadisdan keyin uning ishonchli yoki ishonchsizlik darajasini aniqlab alohida ko‘rsatadi. Oldinroq biz asarini «As-sunan» («Sunnatlar») nomi bilan («Sunan at-Termiziy») atalishini ham eslatib o‘tgandik[14]. Bu nom bilan atalishiga asosiy sabablardan biri - unda fiqh masalasiga doir ahkom hadislar juda ko‘p keltirilgan. Shular bilan bir qatorda asarda pand-nasihat, axloq-odob, go‘zal xulqu fazilatlar xususida ham juda ko‘p hadisi shariflar keltirilganki, bu darajadagi hadislar hech bir muallif asarida uchramaydi, desak mubolag‘a bo‘lmaydi.

Tarkibiy jihatdan asar quyidagi boblarga bo‘linadi. Undan tahorat, salot (namoz), zakot, ro‘za, haj, janoza, nikoh, emizish, taloq, savdo-sotiq, qozilik ahkomlari, tovon to‘lash, me’yor, sayd, qurbonlik, nazr-nuzur, iymon, siyratlar, jihod, kiyim-kechak (libos), taomlar, ichimliklar (al-ashriba), xayr-ehson va saxovat, tabobat, farzlar, vasiyatnomalar, xayrixohlik va taqdir, xuruju fitnalar, bashoratlar, shahodatlar, zohidlar, jannat va jahannam sifatlari, ilm, izn so‘rash, odob va axloq, masallar, Qur’on fazilatlari, qiroat, tafsir, duolar, manoqiblar (fazilatlar), illatlar haqidagi boblar keltirilgan[15].

Mana shu boblar asarda sarlavha tarzida bo‘lingan bo‘lib, bobga doir hadislar bo‘lim mazmunini to‘la-to‘kis ifodalaydi. Ushbu bobga doir masala bo‘yicha muallif bir qancha hadislarni keltiradi, so‘ng bu masala yuzasidan boshqa ulamoyu faqihlarning fikrlarini ham batartib bayon etadi. Undan keyin rivoyat qilingan hadisning sahiyh, hasan, zaif yoki g‘aribligi darajasiga o‘z munosabatini bildiradi. Shundan so‘ng hadis roviylari, sanadlari va sanadning o‘z ichiga olgan illatlari xususida o‘z fikrini bildiradi.

Yuqorida aytilgan fikrimizga misol tariqasida Abu Iso at-Termiziyning «Al-Jomi’ as-sahiyh» asarida «Tahorat» bobida «Safardagi va bir joyda muqim turgan kishi mahsisiga mash tortishi» haqida keltirilgan bir hadis xususida mufassal to‘xtalamiz.

«Bizlarga Qutayba so‘zlab berdi, unga Abu Uvona rivoyat qilgan, u Sa’yid ibn Masruqdan, u Ibrohim at-Tayamiydan, u Amir ibn Maymundan, u Abu Abdulloh al-Jadaliydan, u Xuzayma ibn Sobitdan, u payg‘ambar alayhissalomdan rivoyat qiladilar. Rasuli akramdan mahsiga mash tortish haqida savol bilan murojaat qilganlarida, payg‘ambar alayhissalom: «Safardagi kishi uchun uch kecha-kunduz, bir joyda muqim kishi esa bir kecha-kunduz o‘z mahsisiga mash tortadi», deb javob qilganlar. Yahyo ibn Mu’iyn mash haqidagi Xuzaymadan rivoyat qilgan ushbu hadisni sahiyh (ishonchli) deydilar. Yuqorida zikri o‘tgan Abu Abdulloh al-Jadaliyning ismi esa Abu ibn Abd bo‘lib, ba’zan uni Abdurahmon ibn Abad ham deb atashar edi.

Imom Abu Iso at-Termiziy aytadilar: «Bu hadis hasan (ma’qul) va sahiyhdir». Shu bob haqida Ali, Abu Bakr, Abu Hurayra, Safvon ibn Ussol, Avf Ibn Molik, Ibn Umar va Jariyrdan rivoyat etilgan hadis bor. Bizlarga Xudod rivoyat qildi, u Abul Ahvasdan, u Osim ibn Abi an-Nujuddan, u Zar ibn Xubayshdan, u Safvon ibn Ussoddan, u aytdi: «Rasululloh sallollohu alayhi vasallam safarida birga bo‘lgan chog‘larimizda bizlarga uch kechayu uch kunduzgacha choriq - mahsilarimizni yechmaslikka buyurardilar. Faqat junub bo‘lgandagina yechib, katta va kichik tahorat singanda ham, uyqudan keyin ham yechmas edik». Abu Iso at-Termiziy aytdilar: bu hadis sahiyh va hasandir. Al-Hakam ibn Utayba va Hammod Ibrohim an-Naxayidan, u Abu Abdulloh al-Jadaliydan, u Xuzayma ibn Sobitdan rivoyat qilgan hadis sahiyh emas. Ali ibn al-Madiyniy xabar beradi: «Menga Yahyo Ibn Sa’yid aytdi, unga Shu’ba shunday degan: Ibrohim an-Naxayi «Mash» haqidagi hadisni Abu Abdulloh al-Jadaliydan hech qachon eshitmagan. Zaida Mansurdan eshitganiga tayanib shunday deydi: «Biz Ibrohim at-Tayamiyning hujrasida o‘tirgan edik, bizlar bilan birga Ibrohim an-Naxayi ham bor edi. Shunda Ibrohim at-Tayamiy bizlarga hadis rivoyat qildi, u Amr ibn Maymundan, u Abu Abdulloh al-Jadaliydan, u Xuzayma ibn Sobitdan, u payg‘ambar alayhissalomdan «Mahsi - choriqqa mash tortish» haqidagi hadis edi. Muhammad ibn Ismoil al-Buxoriy: «Ushbu bobdagi eng ma’qul hadis Safvon ibn Ussol tomonidan rivoyat etilgan hadisdir», deydilar.

Abu Iso at-Termiziy aytadilar: Mash bobidagi bu so‘z payg‘ambar alayhissalomning aksari sahobai ulamolari va tobe’inlari hamda ulardan so‘ng o‘tgan Sufyon, Ibn al-Muborak, ash-Shofi’iy, Ahmad va Ishoq kabi fuqaholarning so‘zlaridir. Ular: «Bir joyda muqim turgan kishi bir kecha-kunduz, safardagi kishi esa uch kecha-kunduzgacha mash tortadi», deydilar. Ba’zi bir ahli ilmlardan rivoyat qilishlaricha, ular mahs - choriqqa mash tortishda muddatni belgilamaydilar. Bu Molik ibn Anasning so‘zidir. (Ammo) Abu Iso at-Termiziy aytganlar: «(Mash tortishda) vaqt (muddat) belgilash va unga rioya qilish to‘g‘ridir». Darhaqiqat, ushbu hadis (avval zikr qilinganidek) Safron ibn Ussoldan rivoyat qilingan edi[16].

Muallif roviylarning fikr-mulohazalari, payg‘ambar alayhissalomga yaqin bo‘lgan sahobalar va boshqa ulamolar fikriga tayanib hadis haqidagi fikrlarini bayon etadi. Asarga kiritilgan bir necha ming hadisni shunday tadqiq qilish muallifdan tinimsiz mehnat, sabr-toqat, irodani talab qilganligini tasavvur qilish qiyin emas.

Chunonchi, at-Termiziy kitoblarida bu xildagi hadislarning birmuncha ko‘pligi uning benazir izlanishlaridan dalolatdir. Ushbu asar haqida muallifning o‘zi ham: «Al-Jomi’»ni yozib tugatib Hijoz, Iroq va Xuroson olimlariga ko‘rsatganimda, ular uni mamnunlik bilan bir ovozdan ma’qul topdilar. Rostdan ham kimning xonadonida bu kitob bo‘lsa, go‘yoki bu uyda payg‘ambar alayhissalomning o‘zlari so‘zlayotgandek[17], - deb yozadi.

Mashhur olim Toshko‘briyzoda Imom at-Termiziy faoliyatiga yuqori baho berib shunday yozadi: «Imom at-Termiziyning hadis ilmi sohasida ko‘plab tasnifotlari bor. Ul zotning «As-Sahiyh» asari ushbu kitoblarning eng yaxshisi va g‘oyat foydalisidir. Bu kitobda «sahiyh», «hasan», «g‘ariyb» kabi turli xildagi hadislar bayon etiladi. Kitobning «Kitob al-ilal» qismi illatli hadislarga bag‘ishlangan holda foydali mulohazalarni o‘z ichiga olgan. Ushbu asarni mutoala qilgan har bir kishi uning noyob durdonalaridan bebahra qolmaydi»[18].

At-Termiziy zamonidagi olimlar uning hadis ilmidagi xizmatlarini yuksak baholaganlar. Hadis imomlaridan biri Abdurahmon ibn Muhammad al-Idrisiy «at-Termiziy hadis ilmida iqtido qilinadigan imomlardan biridir», deb yozsa, Taqiuddin ibn Taymiya «Abu Iso at-Termiziy birinchi bo‘lib hadislarni sahiyh, hasan, zaifga taqsim qilgan olimdir», deb guvohlik beradi.

Hofiz ibn Rajab o‘zining «Sharh ilal al-Jom’» nomli kitobida «bilgilki, Imom at-Termiziy birinchilardan bo‘lib o‘z kitoblarida hadisni sahiyh, hasan va g‘ariybga bo‘lganlar»[19], deb allomaning hadis ilmidagi xizmatlarini alohida ta’kidlaydi. At-Termiziy asarining barchaga - keng ommaga foydasi haqida al-Hofiz Abul-Fazl Muhammad ibn Tohir al-Muqaddasiy (u 507-hijriy - 1113 melodiy yilda vafot etgan) «men uchun Imom at-Termiziyning «al-Jomi’» tasnifi Imom al-Buxoriy va Imom Muslim ibn al-Hajjoj asarlaridan ko‘ra ham foydaliroqdir. Chunonchi al-Buxoriy va Muslimning kitoblaridan ko‘pincha faqat o‘qimishli, ziyoli kishilargina foydalanadi. Ammo Abu Iso at-Termiziyning asaridan esa har bir istagan kishi bemalol foydalana oladi»[20], - deb yozgan edi.

Shu narsani alohida qayd etish zarurki, Imom at-Termiziyning ushbu asarida hadis ilmining turli masalalari kabi roviylar masalasiga ham alohida e’tibor berilgan. Bu jihatdan mazkur asar muallifning boshqa asarlaridan tubdan farq qiladi.

Imom at-Termiziy asarining ushbu foydali tomonlari xususida al-Hokim an-Naysoburiy «al-Madxal ilo ma’rifat kitob al-iqliyl»[21], al-Muqaddasiy «Shurut al-aimmat as-sitta»[22] kabi asarlarida alohida ta’kidlab o‘tgan. Shu bilan birga hadis ilmining istilohlarini yaratishda ham Imom at-Termiziyning hissasi katta. Hadis ilmiga doir istilohlarni o‘rganishda asosiy manbalar hisoblangan «U’lum al-hadiys» («Hadis ilmlari») kitoblarida uchraydigan barcha istilohlar «al-Jomi’» asarida keng ko‘lamda keltirilgan. At-Termiziy uslubiga taqlid qilib asar yaratgan mualliflardan Imom ad-Doruqutniyni (995 yilda vafot etgan) ko‘rsatish mumkin. U o‘zining ulkan asari «as-Sunan»ni yaratishda hadislarni turli toifalarga ajratib, ularni sahiyh, hasan va zaif darajalarda keltiradi. Shuningdek, Imom Abdulazim al-Munziriy (1258 yidda vafot etgan) ham «At-Targ‘iyb vat-tarhiyb»da Imom at-Termiziy uslubidan yurib har bir hadis haqida alohida fikr yuritadi. Imom at-Termiziy haqida alloma al-Idrisiy «al-Jomi’», «Tarixlar», «al-Ilal» kabi buyuk asarlar tasnif etdi. Hifzda (yodlashda) u haqida masallar keltiradilar»[23]. Muarrix Ibn al-Asir uning haqida: «Hadis ilmida iqtido qilinadigan buyuk olimlardan biri, u eng buyuk hofizlardan ham sanaladi»[24], deb yozgan.

Imom at-Termiziy o‘z ustozi va safdoshi Imom al-Buxoriy suhbatida bo‘lganda u at-Termiziyga «Men sendan ko‘rgan foyda sen mendan ko‘rgan foydadan ko‘proq»[25], deb uning bilimi va aql-idrokiga yuksak baho bergan. Mana shu keltirilgan fikr-mulohazalardan ko‘rinib turibdiki, Imom at-Termiziy hadis ilmining ravnaqiga munosib hissa qo‘shgan buyuk alloma bo‘lgan. Shu bilan bir qatorda Imom at-Termiziy faoliyatiga bir qadar ta’na bilan qaragan olimlar ham bo‘lgan. Uni sahiyh va hasan hadislar darajasi (rutbasi)ni aniqlashda biroz ko‘ngli bo‘sh, iltifotli bo‘lgan. Bu shundan iboratki, ba’zi bir sahiyh yoki hasan hadislar ushbu darajaga loyiq bo‘lmasa ham ularni sahiyh va hasan deb qabul qilgan deyiladi. Mana shunday at-Termiziyga ta’na bildirganlardan biri tarixchi Shamsuddin az-Zahabiy bo‘lib, u o‘z asari «Miyzon al-e’tidol»da bu e’tirozini bildirgan[26]. Lekin Imom at-Termiziy ijodini chuqur o‘rgangan qator tadqiqotchilar az-Zahabiy e’tirozlari aksar holda asossiz ekanligini ilmiy, asosli xulosalar bilan isbotlagan[27]. Ayni vaqtda Imom at-Termiziyning o‘zi ham ushbu asarni yozib tugatgach, o‘z davrining yetuk olimlari hukmiga havola etgan va ular muhokamasidan o‘tkazgan. Bu haqda alloma shunday hikoya qiladi: «Ushbu asarimni tasnif etib bo‘lgach, al-Hijoz ulamolariga taqdim etdim, ular ma’qulladilar, keyin Iroq ulamolariga ko‘rsatdim, ular ham ma’qulladilar, so‘ng Xuroson ulamolariga ko‘rsatganimda, ular ham ma’qul topdilar»[28].

Hadis ilmi bilan shug‘ullangan muhaddislar hadislarni boblarga bo‘lish (tabviyb)ga, tarojum va unvonlar (anoviyn)ga alohida e’tibor berganlar. Bu masalalar muallifdan yuksak salohiyatni talab qiladi. Boblarga bo‘lish masalasi yaxshi hal bo‘lgan asarlarning, bir tomondan, ilmiy ahamiyati katta bo‘lsa, ikkinchi tomondan, bu zayldagi asarlar ulkan amaliy ahamiyatga ham molikdir. Chunonchi, undan foydalanuvchi har bir kishi istagan masala bo‘yicha kerakli ma’lumotga ega bo‘lishi mumkin. Mana shu tarzdagi ilmiy-amaliy ahamiyatga molik olti kitob eng ishonchli manba hisoblanadi. Ular olti kitob (kutub sitta) yoki olti sahiyh kitoblar (as-sihoh as-sitta) nomli bilan ataladi: al-Buxoriyning «Sahiyh», Muslim ibn Hajjojning «Sahiyh», at-Termiziyning «al-Jomi’», Abu Dovudning «as-Sunan», an-Nasoiyning «al-Mujtabo» yoki «as-Sunan» va Ibn Moja al-Qazviniyning «as-Sunan» asarlari.

Imom at-Termiziy hadislarni boblarga bulish (tabviyb)da ikki xil uslubga tayandi.

Birinchi uslub: Bir mavzuga, masalan, tahorat, zakot, nikohga oid turli-tuman masalalar va boblarni o‘zida mujassam qilgan hadislarni umumiy bir unvon (sarlavha) ostida keltiradi... Masalan: Abvob at-tahorati a’n Rasululloh (Rasululloh aytganlaridan tahoratga oid boblar), Abvob az-zakot a’n Rasululloh («Rasululloh aytganlaridan zakotga oid boblar») va hokazo.

Ikkinchi uslub: Muayyan masalaga oid bir yoki bir necha hadislarni muallif dalolat uchun maxsus unvon (sarlavha) va bobda keltiradi. Bunday hollarda at-Termiziy ushbu bob mazmuniga oid bosh so‘zga tayanib yozadi. Masalan: «Bob mo joa fis-sivok» («Misvok (tish tozalovchi) xususida kelgan hadis...»).

Imom at-Termiziy hadislar mavzu bayonida bob (ko‘pligi abvob) iborasini qo‘llagan bo‘lsa, ayni shu maqsadda Imom al-Buxoriy esa «kitob» lafzini ishlatgan. At-Termiziy muqarrar ravishda har safar bob (abvob)dan keyin «Rasululloh sallallohu alayhi vasallam» iborasini qo‘shib keltiradi.

Bu o‘rinda har bir bob tarjimasida Imom at-Termiziy qo‘llagan tariqa (yo‘l, uslub)ni bilish alohida ahamiyat kasb etishini ta’kidlash zarur, chunki mana shu tarojumlar oxir-oqibatda muallifning jiddi-jahdi, uning iqtidori va qolaversa fiqhiy chuqur bilimini ham ifodalaydi. Mana shu masalani muayyan darajada o‘rganish Imom at-Termiziy tarojumlarini uch turga bo‘lishni taqozo etadi:

Birinchidan, tarojuming zohiriy tariqasini, bu uning mazmunidan ochiq oydin anglashilib u haqda hech bir fikrlash va mulohazaga ehtiyoj bo‘lmaydi. Ikkinchidan, istinbotiy (tadqiq qilib o‘rganiladigan) tarojumlarki, ularning muayyan darajada (chuqur yoki bir qadar yuzaki) bahs va tafakkur vositasida o‘sha bob mazmuniga mosligi idrok etiladi. Uchinchidan, mursaliy (bo‘sh, ochiq) qoldirilgan tarojumlar bo‘lib, unda hadisning mazmuniga ishorat qiladigan unvon (sarlavha) bo‘lmay faqat «bob» iborasi bilan chegaralanadi. Mana shu uch tariyqa (yo‘l, uslub) tarojumlar Imom at-Termiziyning «al-Jomi’», shuningdek, Imom al-Buxoriyning «Sahiyh al-Buxoriy» asarida ham mavjuddirki[29], bu taqsimlash uslubi tarojumlarni chuqur tadqiq etishda katta ahamiyat kasb etadi.

Eng avvalo zohiriy tarojumlar (at-tarojum az-zohira) haqida gapiradigan bo‘lsak, bu xildagi tarojumlar at-Termiziyning asarida aksar hollarda uchrab, hatto uning asari, ba’zi mualliflar alohida ta’kidlaganlaridek[30], bu yo‘nalishdagi eng qulay asarlardan sanalgan. Chunonchi, at-Termiziy asari bilan tanishgan har bir ilm tolibi bu holni osonlikcha fahmlaydi. Muallifning «mo joa» (taalluqli, doir) yoki ko‘p hollarda «bobun mo joa fi kazo» («falon masalaga doir bob») deb alohida ta’kidlashi mazkur tarojumning mazmun-mohiyatini aniq ko‘rsatadi. Ushbu ibora Imom al-Buxoriy faoliyatida ham, garchand kam hollarda bo‘lsa-da, kuzatiladi.

Imom at-Termiziy faoliyatida ko‘p uchraydigan ushbu xildagi tarojumlar muayyan maqsadlarga qaratilgan va ma’lum ma’nolarni anglatadi. Ushbu masalada Imom at-Termiziy maslaklarini Imom al-Buxoriy maslaklari bilan muqoyasa qilishlikning ilmiy ahamiyati borligining guvohi bo‘lamiz.

Imom al-Buxoriy va Imom at-Termiziy asarlari zohiriy tarojumlarning qator maslaklarida bir-biriga mushtarak ekanligini ko‘ramiz. Bu hol quyidagi masalalarda ayon bo‘ladi:

1. Umumiy xabariy (hikoyat) siyg‘aga ega tarojum bo‘lib, bunda tarojum, bobning mazmunini umumiy bir xabar, extimollik holatiga ishorat qilib so‘ngra bobda keltirilgan hadis orqaligina asil maqsad ayon bo‘ladi. Bu hol avvalroq qayd qilganimizdek, Imom at-Termiziyda ko‘p uchrab, Imom al-Buxoriyda kamroq keltiriladi.

At-Termiziyning «Al-Jomi’» asaridan bir misol keltiramiz. Asarda muallif «Bobun mo joa fis-sivok» (Sivok) tishkovlagich, misvok xususidagi bobga doir «Agarki ummatimga qiyin bo‘lmaganda edi har bir namozdan oldin misvok bilan tishlarini tozalashni buyurardim»[31], degan hadis bilan tasdiqlaydi-ki, bu bilan asl murod-maqsadini aniq bayon qiladi. Yoki bo‘lmasa kiyim haqidagi boblarda «Bobun mo joa fil-hariyr vaz-zahab» («shoyi va tillo xususidagi bob»)ga doir Abu Muso al-Ash’ariyning rivoyati asosida Rasulullohning «Shoyi (hariyr) va tillo buyumlarni kiyishni ummatimning erkaklariga harom va ayollariga halol qilganligini»[32] hadisga tayanib ta’kidlaydi.

2. Xos (maxsus) xabariy (hikoyat) siyg‘aga ega tarojum bo‘lib, bundagi bob masalani aniq ifoda qiladi.

Bunga misol tariqasida Imom at-Termiziy asaridan salot (namoz) haqidagi hadislarni keltirish mumkin[33].

3. Savol tarzidagi siyg‘aga ega tarojum (at-tarojuma bi-siyg‘atil-istifhom) - bu shunday holatki, bunda bob tarojumasi savol (istifhom) tarzidagi iboralardan tashkil topadi. Bu maslak Imom al-Buxoriy ijodida ko‘proq va daqiyq uslubda qo‘llanilgan, Imom at-Termiziyda esa nisbatan kam hollarda uchraydi. Ulamolarning fikricha, bu tarzdagi tarojumlar asosan ixtilofli va bahsli masalalarga doir bo‘lib, masalan, Imom at-Termiziy o‘z asarida keltirgan (namoz paytida nuhud (sajdadan turish) qanday bo‘lishi kerak haqidagi bobga doir»[34] ni ko‘rsatish mumkin. Turli mazhablar (masalan, shofe’iylar va hanafiylar) o‘rtasida ushbu masalada muayyan ixtilof bo‘lib, bu haqda muallif ham o‘z asarida ko‘rsatib o‘tgan.

4. Bob hadisdan iqtibos etib olingan tarojum yoki to‘lig‘icha hadisning so‘zlari bobda kelgan tarojumda qisman yoki to‘lig‘icha rivoyat qilinadi. Bu fikrni Imom at-Termiziy odob haqida keltirgan bir hadisda yaqqol ko‘rishimiz mumkin. «Olloh atsni (aks urmoqni) xushlab, esnashni yoqtirmasligiga doir bob»da ushbu hadisni ixroj etadi. «Darhaqiqat, Olloh aksirishni xush ko‘rib, esnashni yomon (karohatli) ko‘radi. Shu tufayli agar biror kishi aks, ursa alhamdullilohi, deydi va uning bu so‘zini eshitgan har bir kishi «Senga Ollohning rahmati yog‘ilsin» (yarhamuka Olloh) va hokazo deydi»[35]. Mana shu misoldan yaqqol ko‘rinib turibdiki, ixroj qilinayotgan hadisdan bir qismi tarojumda keltirilgan. Ayni shu holni Imom al-Buxoriyning asarida ham uchratamiz. Masalan, tib (tabobat) haqida «dardini bergan Olloh uning shifosini ham o‘zi beradi bobidagi» hadisning so‘zi aynan shu bobda ham ixroj qilingan[36].

5. Amrli masalaning boshlanishi va biror ishning paydo (zohir) bo‘lishi haqida ogoh etuvchi tarojumlar. Imom at-Termiziy, shuningdek, al-Buxoriy biror ishning boshlanishidan darak beruvchi tarojumlarni keltiradi. Masalan, Imom at-Termiziy salot (namoz) haqida «Azonning boshlanishiga doir bob». Mana shu mavzuning qay tariqa boshlanishi haqidagi to‘liq ma’lumotlarni o‘z ichiga qamraydi[37]. Shu sababli ular shariatning tarixiga doir ko‘plab ma’lumotlarga ega bo‘lganligidan ulamolar, ilm toliblari va tadqiqotchilar uchun g‘oyatda qimmatlidir. Ayni vaqtda shuni ham qayd etish kerakki, turli mazhablarga mansub ulamolar o‘rtasidagi ixtilofli masalalar bo‘yicha, xususan fiqhiy masalalarda Imom at-Termiziy o‘z asarlarida alohida hadislarni dalillar vositasida boblar bilan keltirgan hollari ko‘p uchraydi.

Arab tilida istinbotiy tarojumlar deb nomlanadigan boblarda mualliflar o‘z kitoblariga kiritilgan masalalarga ularning mazmun va mavzularidan kelib chiqqan holda unvon (sarlavha)lar qo‘yadilar. Bu holda sarlavha o‘sha bobning mazmuniga ochiq-oydin mos bo‘ladi. Bundan ko‘zda tutilgan asosiy maqsad kitob muallifi muayyan bobda mavjud hadislar bevosita yetisha olmagan natijaga erishishdir. Shu bois ham muallif o‘z fikr-mulohazasi yordamidagina ushbu maqsadga erishadi. Bu uslub Imom al-Buxoriy kitobida ko‘p qo‘llanilgan bo‘lsa, Imom at-Termiziyda nisbatan kamroq qo‘llanilgan.

Ayni vaqtda bu ikkala buyuk muhaddis ijodiyotida istinbotiy tarojumlarda mushtarak yo‘l-yo‘riqlar (maslaklar) mujassam bo‘lganligining ham guvohi bo‘lamiz.

«Mursaliy tarojumlar» deb atalgan boblarda esa tarojumlar rivoyat etilgan bo‘lsa-da, to‘lig‘icha zikr qilinmaydi va uning unvoni «bob» degan so‘z bilan chegaralanadi. Imom at-Termiziy «al-Jomi’» asarida bu xildagi tarojumlar ikki so‘z (ibora)da - «bob» va bob minhu (undan bob) bilan keltiriladi. Imom al-Buxoriy esa faqat bir siyg‘a (ya∋ bob)ni qo‘llash bilan chegaralangan.

Yuqoridagi fikr-mulohazalardan quyidagi xulosaga kelish mumkin:

- Imom al-Buxoriy uslubiga ergashgan holda Imom at-Termiziy ham o‘z kitobini avval boblarga bo‘lgan holda tartib berib, so‘ngra tarojumlarni al-Buxoriy oldin qo‘llagan uslub va maslaklarga tayanib ta’lif etdi;

- Imom at-Termiziy o‘z ustozi Imom al-Buxoriydan g‘oyatda ta’sirlangan holda uning ijodidan o‘z «al-Jomi’» asari tasnifida foydalandi;

- Imom at-Termiziy asarida keltirilgan tarojumlarni idrok etish osonroq bo‘lib, Imom al-Buxoriy asarida mukammal istinbot (chuqur tadqiq etish) ustunligi ko‘zga tashlanadi;

- Imom al-Buxoriyning Abu Iso at-Termiziydan yana bir ustunligi tarojumlar yo‘l-yo‘riq (masolik)larining xilma-xilligi, ularda ko‘p ilmiy va boshqa foydali jihatlarining aks etishidir;

- Imom at-Termiziy tarojumlarga mazkur bob mazmuniga dalil sifatida qaraydi, ammo Imom al-Buxoriy esa ularga (tarojumlarga) o‘z fiqhi va ilmini ham ifoda etadi.

«AL-JOMI’» ASARIDA FIQH MASALALARI

Hadis ilmiga bag‘ishlangan asarlarda ahkom masalalarini o‘rganish hijriy ikkinchi asrning o‘rtalaridan, Imom Molik ibn Anas davridan boshlangan edi. Mana shu paytdan boshlab hadislarni tadvin etish (tartiblash) fiqhiy boblarga asoslanib amalga oshirilib, shu maqsadda muvattot tartibida asarlar paydo bo‘la boshladi. Masalan, al-Qoziy Iyod o‘zining «al-Mudorak» nomli asarida «birinchi bo‘lib «al-Muvatto» asarini yaratgan Abdullaziz ibn Abdulmalik ibn al-Majishun»[38] deb yozgan edi.

Shundan so‘ng Imom Molik ibn Anas uning bu faoliyatini g‘oyatda ma’qullab o‘zi ham «al-Muvatto» asarini tasnif etdi[39]. U o‘zi al-Madina al-munavvara va boshqa shaharlarda uchratgan ulamolardan yozib olgan hadislaridan tanlab olib bu asariga kiritdi. Muallif ushbu asariga kiritgan mazkur hadislarni sof manba deb hisoblab, hadis to‘plash maqsadida boshqa mamlakatlarga safar qilmadi. Yana shuni qayd etish kerakki, «al-Muvatto»ga nafaqat marfu’ (ya∋ payg‘ambar allayhissalomga borib bog‘lanadigan) hadislar, balki madinalik sahobalar va tobe’iyn ulamolardan rivoyat qilingan hadislar ham kiritilgan. Shu bilan birga muallif fiqhiy masalalarda o‘z nuqtai-nazarini va mulohazalarini bildirgan edi. Yuqorida zikr qilganimiz al-Qoziy Iyod «al-Mudorak» asarida Molik ibn Anasning o‘z asari «al-Muvatto» haqida «Unda («al-Muvatto»da) Rasululloh hadislari, sahoba va tobe’iynlarning so‘zlari va o‘zimning fikr-mulohazalarim mujassam bo‘lgan»[40], - degan so‘zlarini keltiradi.

Molik ibn Anas ushbu asarini yaratishga alohida e’tibor va o‘ta mas’uliyat bilan qaradi. Asarga tanlab kiritilgan hadislarning soni to‘rt ming hadisni tashkil etadi. Ko‘p olimlarning fikricha, bu asar islom dini ravnaqi uchun ham, musulmonlar uchun ham katta ahamiyatga molikdir[41]. Muallifning turli masalalar bo‘yicha o‘z fikrini dadil bildirishi «Uyqudan namozga turilsa, albatta, tahorat olish zarur»[42] degan fikrida namoyon bo‘ladi.

Hadislardagi fiqhiy masalalarni tadqiq etishda Molik ibn Anasga ergashgan ayrim mualliflar (masalan, Ibn Abu Shayba, Abdurrazoq ash-Shofi’y) ham shu yo‘sinda asarlar tasnif etdilar[43]. Mana shu mualliflar asarlarini, shuningdek, ahl ar-rayning fiqhiy masalalardagi fikr-mulohazalarini har tomonlama chuqur o‘rgangan, tadqiq etgan Imom al-Buxoriy o‘zining «as-Saxiyh» asarida fiqhiy masalalarga alohida e’tibor berib uni batamom yuksak pog‘anaga ko‘tardi[44]. Imom al-Buxoriydan keyin bu sohaga qo‘l urgan muhaddislardan biri uning shogirdi Imom at-Termiziy hisoblanadi. Bu paytga kelib hadislarda fiqhiy masalalarda qator asarlar yaratilgan va muayyan darajada taraqqiy etgan edi. Mana shunday holatda Imom at-Termiziy o‘zining shoh asari «al-Jomi’»da o‘ziga xos uslubni qo‘llaydi. Muallif fiqhiy masalalar va ahkomlarni o‘z abvoblari (boblari) mazmuni jumlasiga kiritadi. Fiqh ilmi olimlarining fikr-mulohazalarini keltirib turli-tuman mazhablardan ogoh qildi, ba’zi hollarda ulardan eng maqbuli va afzallarini ajratib ko‘rsatdi. O’z asarlarida ahl al-ilm nazdida qabul bo‘lgan hadislarga tayangan holda fikr yuritdi.

Fiqhiy masalalarda Imom at-Termiziy uslublarini umumlashtirgan holda quyidagi xulosalarni chiqarish mumkin:

- tarojumlarga e’timod qilish;

- bob mazmunida ulamo va roviylar fikrini hadislarda ifoda etish;

- g‘oyalar o‘rtasida afzallarini alohida ko‘rsatish;

- boblarni ulardan kelib chiqadigan ahkomlarga asosan turlarga bo‘lish.

Imom at-Termiziyning «al-Jomi’» asari bahsli masalalarni talqin qilishda yirik manba hisoblanadi. U ayniqsa qadimiy (qariyb unutilayozgan) ta’limotlarni o‘rganish masalasida tengi yo‘q asarlardan biri sifatida tan olingan. Masalan, Imom al-Avzo’iy, Iroqda yashagan mashhur imomlardan Sufyon as-Savriylarning mazhabiy ta’limotlari uzoq muddat amalda joriy bo‘lgan edi.

Ibn Rohvayh nomi bilan mashhur bo‘lgan xurosonlik olim Imom Ishoq Ibrohim al-Hanzaliy, movarounnahrlik alloma Abdulloh al-Muborak al-Marvaziy mazhablarini o‘rganishda ham Imom at-Termiziy asarining ahamiyati beqiyos edi. Bu asar nafaqat qator mazhabiy ta’limotlar, ayni vaqtda ulamolar o‘rtasidagi ixtilofiy masalalarni har tomonlama o‘rganishda ham alohida ahamiyatga molik edi. Shu bois bu asar haqida «Ixtilofli masalalar haqida bizgacha yetib kelgan eng qadimiy manba»[45] deb alohida ta’kidlanadi. Imom at-Termiziy asarining o‘sha mazhab sohiblari va peshvolari yashagan davrga vaqt jihatdan yaqinligi asarga ishonchli manba sifatida qarashni taqozo etadi. Bu hol ayniqsa ilm ahllari va tadqiqotchilar uchun alohida ahamiyat kasb etadi. Chunonchi, asardagi naqllarda imkon boricha kamroq xatoga yo‘l qo‘yilib, keyin yozilgan asarlarga nisbatan unga afzallik beriladi.

Imom at-Termiziyning «al-Jomi’» asarida fiqhiy masalalar ham ifoda etilgan bo‘lib, ularni tadqiq etishda uchta muhim jihatga e’tibor berishni maqsadga muvofiq deb hisoblaymiz.

Birinchi masala - Imom at-Termiziyning fiqhiy yo‘nalishi.

Ikkinchi masala - u rivoyat qilgan hadislarda mazhabiy isnodlarning o‘rni.

Uchinchi masala - fiqhiy masalalar ifodasi.

Mana shu masalalarni batafsil ko‘rib chiqish at-Termiziyning fiqhiy masalalardagi qarashlarini to‘liq ifoda etadi.

Imom at-Termiziyning fiqhiy yo‘nalishi. Hijriy ikkinchi asrni islom dinida fiqhiy masalalarda uyg‘onish davri, desak hech bir mubolag‘a bo‘lmaydi. Chunonchi, ayni shu paytda ijtihod degan masala paydo bo‘lib, bu sohada turli mazhablarning ashoblari - yirik ulamolar yetishib chiqqan.

Ijtihod - Qur’oni karim va payg‘ambar alayhissalom hadislariga asoslangan holda davr taqozosini hisobga olib, jamiyat taraqqiyoti va ma’naviyati ravnaqiga xizmat qiladigan foydali g‘oya va mafkuralar yaratish, muammolarni hal etishning maqbul, yangi yo‘llarini topishdir[46]. Bu hol, albatta, islom dinining o‘ziga xos xususiyatlaridan hisoblanadi. Binobarin ilm-fan taraqqiyotidagi o‘zgarishlarni teran anglab shariat ahkomlarini zamonga mos ravishda talqin qilish har qanday davrda ham xalqimizning har tomonlama taraqqiy etishiga sezilarli vosita bo‘lgan.

O’sha davrdan boshlab ijtihod ahlining tutgan yo‘li (tariqati) asosan ikki guruhga ajralgan edi: ahl ar-ray tariqati va ahl al-hadis tariqati. Ahl ar-ray tariqatining markazi Iroqda, ayniqsa al-Kufa va Basrada bo‘lib, uning ulamolari ahl ar-ray deb atala boshlandi. Ahl al-hadisning maktabi al-Hijoz (Makka, Madina)da bo‘lib ular ulamolariga ahl al-hadis deb nom berildi. Har toifaning yetakchi imomlari bo‘lib, ularning izdoshlari o‘z mazhablarining afzalligi va g‘alabasi yo‘lida jiddi-jahd ko‘rsatardilar va da’vat yo‘li bilan yangi tarafdorlarni topib, ular sonlarini ko‘paytirishga intilardilar. Hijriy uchinchi asrda hadis ilmida olti sahih kitoblarning mualliflari, shu jumladan Imom at-Termiziy yashab ijod qildi. Bu davrda musulmonlar o‘rtasida mashhur imomlarning mazhablariga qo‘shilish, mazhabiy taqlid paydo bo‘ldi. Bunda taqlidchilar muayyan bir imom mazhabini ixtiyor etib, uni har tomonlama qo‘llab-quvvatlab tarafkashlik qilar, ko‘p hollarda esa ular o‘rtasida qizg‘in bahslar, kurashlar ham sodir bo‘lardi. Mana shu tariqa ular o‘rtasida ixtilof kuchaya boshladi.

Imom al-Buxoriy, Imom at-Termiziyga o‘xshash nufuzli muhaddislar Qur’oni karim, payg‘ambar hadislari, sahobai kiromlarning asarlarini butun mazmun-mohiyati bilan egallaganliklari tufayli, ularda ijtihodiy qarashlar mavjud bo‘lsa-da, lekin ular taqlidchilarga mansub emasdilar. Ular o‘z ijtihodiy g‘oyalari haqida baralla gapirib, shunga amal qilardilar, ayniqsa ixtilofli masalalar paydo bo‘lgan vaziyatlarda bu holatga ko‘proq rioya qilardilar[47].

Turli mazhablar va g‘oyalarga munosabat masalasida Imom at-Termiziyning tutgan mavqei payg‘ambar alayhissalomning hadislari va faqat dalil-isbotlar bilangina xulosa chiqarishga asoslangan edi. Albatta, bunday hollarda faqat sahiyh hadislar va eng kuchli dalil asosiy rol o‘ynar edi. U o‘z ustozlari - eng avvalo Imom al-Buxoriyning va boshqa hadis ilmidagi ulamolarning ta’sirida ahl ar-ray mazhabiga emas, ahl al-hadis yo‘lida sobitqadamlik bilan fikr yuritdi, uni chuqur tahqiq va tadqiq (istinbot) etish orqali o‘z fikr-mulohazalarini bildirdi.

Imom at-Termiziy ijodining yana bir o‘ziga xos jihati shundaki, u ahl ar-ray haqida gapirar ekan, ular mazhablarini bayon kilish uchun o‘z asarida «qola ahl al-Kufa» (Kufa ahli degan) yoki «Qola ba’zu ahl al-Kufa» («ahl al-Kufadan ba’zisi degan») kabi iboralarni ko‘p ishlatadi[48].

Imom at-Termiziy asarida ko‘p uchraydigan iboralardan yana biri «ashobuno» («bizning ashoblarimiz») iborasidir. Bu umumlashgan atama bilan at-Termiziy Molik ibn Anas, Muhammad ibn Idriys ash-Shofe’iy, Ahmad ibn Hanbal, Ishoq ibn Rohvayh kabi fiqh ilmining mujtahidlaridan bo‘lgan ahl al-hadisni nazarda tutgan[49].

Hadis ilmining yirik allomasi sanalgan Imom at-Termiziy ulamolarning so‘zlari va ularning fiqhiy ta’limotlarini faqat hadislarga xos bo‘lgan ishonchli isnodlar bilangina keltiradi, ularga tayanib ilmiy xulosalar chiqaradi. Binobarin, mazhab sohiblaridan naql etiladigan fikr-mulohazalarni bilishda isnodlar katta ahamiyat kasb etardi. Imom at-Termiziy fiqhiy isnodlarni Sufyon as-Savriy, Muhammad ibn Usmon al-Kufiy, Ubaydulloh ibn Muso al-Abasiy, Maktum ibn Abbos at-Termiziy, Muhammad ibn Yusuf al-Firyobiydan naql qilgan[50].

Bir qancha buyuk muhaddislar bu sohada barakali ijod qilgan bo‘lib, ulardan Imom al-Buxoriyning ustozi Ali ibn Abdulloh al-Madiyniy, Imom Ahmad ibn Hanbal, Imom al-Buxoriy, Muslim ibn al-Hajjoj, Imom at-Termiziy, Ibn Abu Hotam, ad-Doruqutniylarni zikr qilish mumkin. Mana shu mualliflarning asarlaridan Imom ad-Doruqutniyning musnadlarga asoslanib tartib berilgan o‘n ikki jildlik illatli hadislarga bag‘ishlangan asari alohida o‘rin egallaydi[51].

Imom at-Termiziy illatli hadislarga bag‘ishlab ikki asar yaratgan bo‘lib, ular «Al-Ilal as-sag‘iyr» va «Al-Ilal al-kabiyr yoki al-mufrad» nomi bilan ataladi. «Al-Ilal as-sag‘iyr» asarini Imom at-Termiziy «al-Jomi’»ning xotimasi sifatida yaratgan. «Al-Ilal al-kabiyr yoki mufrad» esa alohida mustaqil asar bo‘lib, unda birinchi asariga kirmagan illatli hadislar keltirilgan.

AT-TERMIZIYNING «ASH-SHAMOIL AN-NABAVIYYA» ASARI

Abu Iso at-Termiziyning boshqa bir yirik asari «Ash-shamoil an-nabaviyya» («Payg‘ambarning alohida fazilatlari») deb ataladi. Bu asar ba’zi manbalarda «Ash-shamoil fi shamoil an-nabiy sallollohu alayhi vassallam», «Ash-shamoil al-Muhammadiya» nomlari bilan ham keltirilgan. Asar payg‘ambar alayhissalomning shaxsiy hayotlari, u zotning suvrat va siyratlari, ajoyib fazilat va odatlariga oid to‘rt yuzu sakkiz hadisi sharifni o‘ziga jamlagan qimmatli manbadir. Bu o‘rinda shuni ta’kidlash kerakki, ushbu mavzu ya∋ payg‘ambar alayhissalomning fazilatlari, odatlari haqidagi hadislarni to‘plash bilan juda ko‘p olimlar, muhaddislar shug‘ullanganlar va bu xildagi hadislar turli-tuman kitoblardan o‘rin olgan. Lekin at-Termiziy asarining boshqalardan afzalligi va farqi shundaki, muallif imkoni boricha payg‘ambar alayhissalom fazilatlariga doir barcha hadislarni muntazam ravishda to‘plab, mantiqan izchil bir holatda tartibga keltirgan va o‘ziga xos mustaqil, yaxlit kitob shaklida tasnif qilgan. «Ash-shamoil an-nabaviyya» azaldan islomshunos olimlar va tadqiqotchilarning diqqatini o‘ziga jalb qilib keladi. Arab tilida bitilgan ushbu asarga bir qancha sharxlar va hoshiyalar ham yozilgan. Ulardan Abdurauf al-Munoviy al-Misriyning (vafoti 1003 hijriy yili) «Sharh ush-shamoil», Ali ibn Sulton al-Haraviy al-Qoriyning (vafoti 1192 hijriy yili) «Jam’ ul-vasoil fi sharhi ash-Shamoil», Sulaymon ibn Umar ibn Mansur al-Jumalning «Al-Mavohib al-Muhammadiyya bisharh ash-shamoil at-Termiziyya» kabilarni keltirish mumkin. Bu asarning bir qo‘lyozmasi Qohiradagi al-Azhar kutubxonasida 144 hadis ilmi raqami ostida saqlanmoqda, Muhammad ibn Jasus al-Molikiyning (vafoti 1182 hijriy yili) «Al-Favoid al-jaliyla al-bahiyya ala «Ash-shamoil al-Muhammadiyya (bu asar 1927 yilda nashr qilingan) va nihoyat al-Azhar universitetining sobiq shayxi Ibrohim al-Bojuriyning (vafoti 1277 hijriy yili) «al-Mavohib al-Laduniyya ala ash-shamoil at-Termiziyya» kabi sharhlarini ko‘rsatish mumkin.

Kezi kelganda shuni ham ta’kidlash kerakki, asar tili oddiy va ravonligi, soddaligi bilan ham ajralib turadi. Muhim tarixiy manba sifatida «Ash-shamoil an-nabaviyya» fors va turk tillariga ham tarjima qilingan. 1248 hijriy yili Hisomiddin an-Naqshbandiy tomonidan turkiy tilga qilingan tarjimasi arab tilini bilmaydigan turkiy xalqlar uchun g‘oyatda foydali qo‘llanma bo‘lib xizmat qiladi. At-Termiziyning ushbu asariga sharh yozgan shayx ibrohim al-Bojuriy: «Imom at-Termiziyning «Ash-shamoil an-nabaviyya» kitoblari o‘z bobida yakkayu yagona asardir. Uning ovozasi Mag‘ribu Mashriqqa borib yetdi»[52], - deb ta’kidlaydi. Mashhur olim Ali ibn Sulton al-Haraviy al-Qoriy o‘zining yuqorida zikr qilingan «Jam’ al-vasoil fi sharh ash-Shamoil» nomli sharhida at-Termiziyning ushbu asari xususida shunday deb yozadi: «Rasululloh sallollohu alayhi vassallamning fazilatlari, axloqlari haqida tasnif etilgan musannafotlarning eng chiroyli va yaxshisi bu Imom at-Termiziyning payg‘ambar siyratlari haqidagi mukammal va muxtasar kitoblaridir. Bu kitobni mutolaa qilgan har kishi janob payg‘ambarni ko‘rganday va ul zotning har bobidagi mahosini shariflaridan bahramand bo‘lganga o‘xshaydi»[53]. Oldinroq eslatib o‘tganimizdek, asarning Saudiya Arabistonida istiqomat qilgan vatandoshimiz Sayyid Maxmud Taroziy tomonidan ona tilimizga qilingan muxtasar tarjimasi 1990 yili Imom at-Termiziyning 1200 yillik yubileyi munosabati bilan Toshkentda qaytadan nashr qilindiki, bu hol buyuk muhaddisning qimmatli asarini o‘rganishda katta ahamiyat kasb etishi shubhasizdir[54].

«Ash-shamoil an-nabaviyya»ning tuzilishi va tarkibi haqida gapiradigan bo‘lsak, bu muxtasar asar ellik olti bobga bo‘linib u «bobun joa fi xalqi Rasululloh sallollohu alayhi vassallam», ya∋ «Rasululloh sallollohu alayhi vassallamning jismi karimlari haqida rivoyat qilingan hadis shariflar bobi» dan tashkil topgan. Umuman olganda, mazmun-mohiyatiga ko‘ra asarni ikki asosiy qismga bo‘lish mumkin. Birinchi qismga mansub hadislar payg‘ambar alayhissalomning suvrat (tashqi qiyofa)lariga bag‘ishlangan. Bularga ko‘ra payg‘ambarimiz novcha ham, pakana ham bo‘lmay, balki o‘rta bo‘ili, yag‘rindor, qo‘llari bo‘lali, go‘shtdor va doimo jun bilan qoplangan, kaftlari bo‘liq, qirg‘iyburun, peshonalari keng, ko‘zlari katta-katta bir zot bo‘lgan.

Asarning ikkinchi qismida keltirilgan hadisi shariflar esa payg‘ambar alayhissalomning siyratlari - ichki dunyosi va axloqiy fazilatlarini bayon qiladi. Bu hadislar bilan tanishar ekanmiz, Muhammad alayhissalom axloqiy jihatlardan namunaviy, mukammal bir siymo ekanligini, muomalada u zotning kattayu kichik, ayol erkak, boy-kambag‘allar bilan o‘zini bir xil muomalada tutishlarini, ro‘zg‘or va oila yumushlarida o‘z ayollariga astoydil ko‘maklashib yordam berishlarini, basharti biror gunoh qilib qo‘ygan kishi uzr so‘rasa, uning gunohlarini kechirganlarini, yo‘lda uchragan barcha kishilarga birinchi bo‘lib salom berib, samimiy hol-ahvol so‘rashlarini bilib olamiz.

«Ash-shamoil an-nabaviyya»ning XVI asrga oid qo‘lyozmasi Toshkentda, O’zbekiston musulmonlari diniy idorasi kutubxonasida saqlanmoqda. 1980 yilda Toshkentda mazkur diniy boshqarma buyurtmasi bilan «Ash-shamoil an-nabaviyya»ning ushbu qo‘lyozmasi ofset tariqasida nashr etilgan bo‘lib, undagi qisqacha so‘zboshi O’rta Osiyo va Qozog‘iston musulmonlari diniy boshqarmasi hay’atining sobiq raisi, marhum muftiy Ziyovuddinxon ibn Eshon Boboxon hazratlari tomonidan yozilgan. Bundan tashqari «Ash-shamoil an-nabaviyya»ning ayrim qo‘lyozmalari O’zbekiston Fanlar Akademiyasi Abu Rayhon Beruniy nomidagi Sharqshunoslik institutida ham saqlanmoqda.

AT-TERMIZIYNING «AL-ILAL FI-L-HADIYS» ASARI

Imom at-Termiziyning bizgacha yetib kelgan «Al-ilal fil-hadiys» («Hadislardagi illatlar yoki nuqsonlar») nomli muhim asari ikki mustaqil asardan tashkil topgan. Ulardan biri «Al-ilal al-kabiyr» yoki «Al-mufrad» nomi bilan atalgan asari bizgacha yetib kelmagan, degan taxmin bor. Garchand aksar tadqiqotchilar ham shunday fikrda bo‘lsalar-da, Imom at-Termiziyning hayoti va faoliyatiga doir maxsus risola yozgan olim Nuriddin Atar (ushbu risolaning Bayrutda 1988 yilda chop etilgan ikkinchi nashrida) Turkiyaning qimmatli qo‘lyozmalarga boy kutubxonalaridan birida at-Termiziyning «Al-ilal al-kabiyr» asarining yagona qo‘lyozmasini ko‘rgani va undan fotonusxa olib o‘z tadqiqotining ushbu qayta nashrida foydalangani haqida yozadi[55]. Uning yozishicha, at-Termiziy «Al-ilal al-kabiyr»ni ta’lif etgan paytda uni boblarga bo‘lmagan holda yozgan. Ammo keyinchalik bu ajoyib kitob olim Abu al-Valid al-Qoziy tomonidan tartibga keltirilib boblarga ajratilgan va kitob oxirida mustaqil bir bob, hadis rijjol (roviy)lari haqidagi fikr mulohazalar bayon etilgan.

«Al-ilal»ning ikkinchisi «Al-ilal as-sag‘iyr» deb ataladi. U muallifning bosh asari «Al-Jomi’ as-sahiyih»ga bevosita aloqador bo‘lganligi sababli xotima tariqasida ushbu asarning oxirida keltirilgan. Umuman olganda, arabcha «ilal» so‘zi «illat»ning ko‘pligi bo‘lib, o‘zbekcha kasal, betob, xasta, noqis, illatli, og‘ish kabi lug‘aviy ma’nolarni anglatadi. Kezi kelganda shuni ta’kidlash kerakki, hadis ilmida ilal masalasi muhim ahamiyatga ega bo‘lib, turli sabablarga ko‘ra roviylar tomonidan yo‘l qo‘yilgan zaiflik, noaniqlik, g‘alat, xato, sahvu kabi yanglishlar tadqiq etiladi. Ko‘pgina muhaddislarning hadislarga bu jihatdan ham katta e’tibor berib, asarlar yaratgani bu ilmning islom ta’limotida g‘oyatda foydali va muhim ahamiyat kasb etganidan dalolat beradi. Illatli hadislar xususida Imom al-Buxoriyning ustozi Ali ibn Abdulloh al-Madiyniy, Imom Ahmad ibn Hanbal, Imom al-Buxoriy, Imom Muslim, Imom at-Termiziy, Abu Hotam va boshqalar asarlar yozganlar. Mana shu buyuk muhaddislar orasida ham Imom at-Termiziyning ilal to‘g‘risidagi asarlari hadislarning siqasi (to‘g‘riligi, aniqligi)ni tekshirishda muhim ahamiyat kasb etadi.

Imom at-Termiziyning o‘zlari «Ilal» masalasi xususida: «Bu (ilal) masalada uzoq vakt fikr-mulohaza yuritdim, buning boisi shundaki, bizdan shu xususda so‘ralganda, oldin o‘z nuqtai nazarimizni ochiq-oydin aytmadik. Sababi, bizdan avval ilal masalasi xususida so‘ralgan bir qancha ulamolar ham o‘z fikrlarini bildirmaganlar, shuningdek, ba’zi muhaddislar o‘rtalarida hadisda siqa (ishonchli) bo‘lgan roviylarning xato, yanglish va kamchiliklarini aytish g‘iybat bo‘ladi, degan ulamolar ham bor edi. So‘ng bir qancha mashhur muhaddislar, xususan, ustoz Imom al-Buxoriy bilan bir necha yillik muloqotda bo‘lganimdan keyin hamda mazkur fikrga aloqador rivoyatlarni eshitgandan keyin ilal masalasini oshkora qilishga jazm qildim. Na Iroqda, na Xurosonda ilal, tarix va isnodlar sohasida Imom Muhammad ibn Ismoil al-Buxoriydan ko‘ra bilimdonroq biror olimni ko‘rmadim», deb ta’kidlaydilar.

AT-TERMIZIYNING «AL-JOMI’» VA «ASH-SHAMOIL AN-NABAVIYYA» ASARLARIGA YOZILGAN SHARHLAR

1. «A’rizat al-Ahvaziy fi sharh al-Jomi’ lit-Termiziy» nomli sharhning muallifi al-Hofiz Abu Bakr Muhammad ibn Abdulloh al-Ashbiliy bo‘lib u Ibn al-Arabiy al-Molikiy (vafoti 1151 yil) nomi bilan mashhur bo‘lgan. Asarning qadimiy to‘liq bir qo‘lyozma nusxasi Madinai Munavvaradagi kutubxonada saqlanadi, boshqa bir qulyozma nusxasi alloma ash-Shayx Rafiy’addin al-Buxoriyning kutubxonasida mavjud. Asar Qohirada ham nashr etilgan bo‘lib, lekin bu nashrda ko‘p xatoliklarga yo‘l qo‘yilgan.

2. «Sharh al-Jomi’ lit-Termiziy» - Hofiz Abdul-Fath Muhammad ibn Sayyid an-Nos al-Yaamariy ash-Shofi’y (vafoti 1333 yil) uning muallifidir. Muallif asarning uchdan bir qismiga yetgan. Garchand u o‘n jilddan iborat sharh bitgan bo‘lsa-da, uning oxiriga yetkazish uchun fursat topmagan. Sharhning bunchalik cho‘zilib ketishligining boisi shundaki, muallif o‘z asari doirasini faqat hadis faniga aloqador masalalar bilan cheklab qolmay, balki unga boshqa fanlarga doir ma’lumotlarni ham kiritgan.

Alloma al-Chalabiy shunday degan: «Agar muallif o‘z sharhida faqat hadis fani bilan chegaralanganda edi uni tamomiga yetkazar edi, lekin u (muallif) Ollohga hamd aytamizki, himmatli ish qilgan. So‘ngra undan qolganlarini oxiriga yetkazgan al-Hofiz Zaynuddin Abdurahim ibn Husayn al-Iroqiy bo‘lib, «al-Alfiya»[56]ning muallifi (vafoti 1403 yil)dir. Bu kitobning to‘liq bir nusxasi Madinai Munavvaradagi kutubxonada saqlanadi.

3. «Sharh al-Jomi’ lit-Termiziy» nomli sharh Zaynuddin Abdurrahmon ibn Ahmad ibn an-Nabiy al-Hanbaliy (vafot yili noma’lum)ning qalamiga mansub bo‘lib, yigirma jildda tugallangan, lekin qandaydir bir fitna vaqtida yonib ketgan[57].

4. «Al-A’rf ash-shaziy a’lo Jomi’ at-Termiziy»ning muallifi Sirojiddin Umar ibn Raslan al-Balqiyniy ash-Shofi’iy (vafoti 1402 yil). Ushbu sharh Imom at-Termiziy asarining bir qismiga bag‘ishlanib, sharh oxirigacha yetkazilmagan[58].

5. «Sharh az-zavoid lit-Termiziy»ning muallifi alloma Sirojiddin Umar ibn Ali al-Mulaqqin (vafoti 1401 yil). Bu asar Imom al-Buxoriy va Imom Muslimning «Sahiyh» va Abu Dovud asaridan ortiqcha at-Termiziyda keltirilgan hadislarning sharhidir[59].

6. «Al-Lubb ul-albob fiy mo yaqulu at-Termiziy fil-bob» nomli sharhning muallifi Shayx ul-islom al-Hofiz ibn Hajar al-Asqaloniy[60] (vafoti 1448 yil) bo‘lib, bir jilddan iborat bu sharhning qo‘lyozmasi Madinai Munavvaradagi qutubxonada saqlanadi. Bu juda ham muhim asar bo‘lib, Imom at-Termiziy fiqhiy masalalarga doir»... haqidagi bobda» zikr qilingan hadislarni bayon qilishga bag‘ishlangan. Ushbu hadislar jarh (illatlari) va ularning tuzatish (ta’diyl)lari bilan birgalikda mufassal holda bayon qilingan.

7. «Qut al-mug‘taziy» nomli asar alloma Jaloluddin as-Suyutiyning (vafoti 1505 yil) qalamiga mansub. Bu haqda Hoji Xalifaning «Kashf az-zunun» asarida (1-jild, 375-bet) hikoya qilinadi. Jaloluddin as-Suyutiy ushbu sharhida at-Termiziyning «Sunan» asarini yuqori baholab uni quyidagicha ta’riflaydi: «Imom at-Termiziyning «Sunan» asari boblarga bo‘lingan. Bu ham bir ilm. Asardagi fiqh - huquqshunoslik masalalari ham bir ilm. Sahiyh bilan saqimni ajratuvchi ilalni aytishlari ham bir ilm. Ularning o‘rtasidagi hadis turlarini zikr etish ham bir ilm. Roviylarning nomlari va laqablari ham alohida bir ilm. Jarh va ta’diyl, Rasulullohni topgan va topmagan roviylarni belgilash isnodli rivoyat. Unda keltirganlarning hammasi ijmoliy ilm turlaridir. Ammo tafsiliysi juda ham ko‘p. Xullas, bu asarning qimmatli jihatlari majmualar to‘plamidir».

8. «Naf’ Qut al-mug‘gaziy»ning muallifi alloma as-Sayyid Ali ibn Sulaymon ad-Dumantiy al-Bajma’viy al-Mag‘ribiy al-Molikiy ash-Shoziliy (vafoti 1877 yil)[61].

«Jomi’ at-Termiziy» nusxasining hoshiyasida chop etilgan. Muallif alloma Jaloluddin as-Suyutiyning oldin zikri o‘tgan sharhini muxtasar holga keltirib, kitob aslining foydali tomonlariga bir qadar xalal yetkazganki, kitobning nomi «Naf’ Qut al-Mug‘taziy» iborasi ma’nosini yo‘qotgan. Bu asar Qohira va Dehlida chop etilgan.

9. «Sharh al-Jomi’ lit-Termiziy»ning muallifi al-Hofiz Zaynuddin Abdurrahmon ibn Ahmad ibn Rajab al-Hanbaliy (vafoti 1587 yil). Ushbu sharh haqida manbalarda juda kam ma’lumot keltirilgan.

10. «Sharh al-Jomi’ lit-Termiziy» ham Shayx ul-islom al-Hofiz ibn Hajar al-Asqaloniyning (vafoti 1148 yil) qalamiga mansub bo‘lib, muallif uni «Sahiyh al-Buxoriy»ga yozgan yirik sharhi «Fath al-boriy»da zikr qilgan[62].

11. «Sharh al-Jomi’ lit-Termiziy» ash-Shayx Abul-Hasan ibn Abdulhodiy as-Sanadiy al-Madiniy (vafoti 1728 yil) bitgan bu sharh juda go‘zal bo‘lib, muallif uni al-Haram ash-Sharifda (Makkada) ta’lif etgan. Asar qirq qism (juz’)dan iborat.

12. «Sharh al-Jomi’ lit-Termiziy»ning muallifi alloma Abu at-Tayyib (Muhammad ibn at-Tayyib) as-Sanadiy (al-Madiniy), vafoti 1698 yil), bu sharh arab tilida «bi qavlihi» «vaqavluhu» deyilib, uning bir qismi chop ham etilgan.

13. «Sharh al-Jomi’ lit-Termiziy»ning muallifi alloma Siroj Ahmad as-arhandiy bo‘lib, fors tilida bitilgan bu sharhning ayrim qismlari nashr ham etilgan.

14. «Muxtasar al-Jomi’ lit-Termiziy» alloma Muhammad ibn Uqayl al-Bolisiy ash-Shofi’iy (vafoti 1329 yil) qalamiga mansub bo‘lib, asarning xususiyatlari haqida mufassal ma’lumotga ega emasmiz.

15. «Joizat ash-Sha’uziy» nomli sharh alloma Badiy’ uz-Zamon (vafoti 1892 yil) qalamiga mansub. Bu asar «Jomi’ at-Termiziy»ning urdu tiliga ag‘darilgan tafsirli tarjimasidir.

16. «Muxtasar al-Jomi’ lit-Termiziy»ning muallifi alloma Najmiddin Sulaymon ibn Abu al-Quvvo at-Tufiy as-Sirsiriy al-Xanbaliy (vafoti 1311 yil). Bu muxtasar asardan al-Hofiz Salohiddin Xalli ibn Kiykeldi al-A’loiy ismli olim at-Termiziy asarida oliy sanad bilan rivoyat qilingan yuz hadisdan bir majmua yaratgan[63].

17. «Hadiyat al-lavza’iy bi-nukot at-Termiziy» alloma Abu at-Tayyib Muhammad Shams al-Haqq al-Aziymobodiy (vafoti 1911 yil) qalamiga mansub bu asar muallifning vafoti tufayli oxiriga yetmagan. Ushbu sharhda matnlarga qo‘shimcha isnodlarga taalluqli juda nafis tadqiqotlar ham mavjuddir.

18. «Sharh ash-shamoil lit-Termiziy»ning muallifi ash-Shayx Abdurrauf al-Munoviy (vafoti 1621 yil) bo‘lib, uning avvali: Ahl al-fazlning qadimda va hozirgi zamondagi shaklu shamoyillari va hokazo, alloma al-Munoviy unda zikr qilgan: «Uning sharhiga birinchi bo‘lib kirishgan tadqiqotchilarning yakkayu yagonasi Mavlono Isomuddin al-Isfaraiyniy bo‘lib, u o‘zidan burun hech kim ochmagan uning sirlaridan pardani ko‘tarishga muyassar bo‘ddi. Lekin naqliy (an’anaviy) fanlardan hisoblangan bu fanning aqliy (mantiqiy) farazlarini u bilan birga idrok etish ham borki, hatto u xato avhomlardan deb hisoblanadi»[64].

19. «Ashraf ul-vasoil»ning shayx Shahobuddin Ahmad ibn Hajar al-Haysamiy al-Makkiy (vafoti 1566 yil) muallifidir. Musannif zikr qilishicha, bu kitob bo‘yicha Al-Haram al-Muhtaramda (Ka’batullohda) dars berishlik (tadris) imkoni unga muborak Ramazon oyidan boshlab 18-Ramazonda nihoyasiga yetkazgan.

20. «Sharh ash-shamoil lit-Termiziy»ning muallifi alloma Sayyid Muhammad Qosim Jassus (vafoti 1769 yil) bo‘lib, bu asar Qohirada nashr etilgan. Lekin ushbu sharh batamom ravishda muhaddislarning uslubiyu ularning qiziqishlariga mos bo‘lmagan tarzda bitilgan.

21. «Sharh ash-shamoil lit-Termiziy»ning muallifi alloma Muslihiddin Muhammad ibn Saloh ibn Jalol al-Loriy (vafoti 1572 yil) bo‘lib[65], bu sharh arab tilida bitilgan. Muallif uni 1542 yilning Ramazon oyida tugatgan bo‘lib, muallifning qalamiga mansub forscha yozilgan boshqa bir sharh ham bordir.

22. «Zahr al-hamoil a’lo ash-Shamoil»ning muallifi alloma as-Suyutiy bo‘lib, bu sharh Misrda chop etilgan.

23. «Jam’ al-vasoil» - Mullo Ali al-Qoriy al-Haraviy (vafoti 1607 yil) qalamiga mansub bo‘lib, uning qoralamasini Makkai mukarramada 1599 yilda tugatgan. Ko‘pchilikning fikricha, «ash-Shamoil»ga bag‘ishlangan sharhlardan birontasi ham undan ustun emas.

24. «Tahziyb ash-Shamoil»ning muallifi ash-Shayx Muhammad ibn Umar ibn Hamza al-Antokiy (vafoti 1531 yil) bo‘lib[66], Mullo Ali al-Qoriyning yuqorida zikr etilgan sharhini muxtasar qilib tuzatib hadiya tariqasida Qustantaniyaning sultoni Boyazidxonga taqdim qilgan edi. Uning boshlanishi «alhamdulilloh alalziy ja’ala hayot al-orifiyn...»[67].

25. «Sharh ash-Shamoil»ning muallifi alloma Isomuddin Ibrohim ibn Muhammad (ibn Arabshoh) al-Isfarainiy (vafoti 1536 yil). Bu sharh aralash (mamzuj) bo‘lib, «alhamdulilloh allaziy fazzala al-Mustafo bi-akram ash-Shamoil» iborasi bilan boshlanadi.

26. «Sharh ash-shamoil lit-Termiziy» - Mullo Muhammad al-Hanafiy (vafot etgan yili noma’lum)ga mansub bo‘lib, muallif ushbu sharhini 1520 yilda tugatgan.

27. «Sharh ash-Shamoil lit-Termiziy»ning muallifi Muhammad Oshiq ibn Umar al-Hanafiy (vafoti 1629 yil) bo‘lib, ushbu alloma o‘z sharhida: U «ash-Shamoil»ni Mahmud al-Malik ibn Shamsiddin nomi bilan mashhur o‘z ustozi ash-Shayx Abdulloh al-Ansoriydan rivoyat qilganligi haqida yozadi. Ash-Shayx Ahmad Ali «Sharh ash-Shamoil»ning hoshiyasiga muxtasar bitgan bo‘lib, uning bir nusxasi ash-Shayx Shams ul-Haqq kutubxonasida saqlanadi[68].

28. «Ash-Shamoil»ning turkcha tarjimasini amalga oshirgan Ishoq Xo‘ja Ahmad Afandi (vafoti 1708 yil) nomi bilan mashhur bo‘lgan Ahmad Xayruddin al-Aydiyniy bo‘lib, uning haqida mufassal ma’lumotga ega emasmiz.

29. «Ash-Shamoil»ning turkcha nazmiy ifodasini Mazlum Zoda nomi bilan tanilgan Mustafo ibn Husayn al-Halabiy bajargan bo‘lib, muallif bu asarini 1745 yilda tugatgan.

30. «Bahor Xuld» Kofiy - bu urdu tilida bitilgan go‘zal bir nazmiy asar bo‘lib, chop ham etilgan.

31. «Al-Mavohib al-Laduniyya a’lo ash-shamoil al-Muhammadiyya»ning muallifi alloma ash-Shayx Ibrohim (Ibn Muhammad) al-Buxoriy (vafoti 1847 yil). Bu «ash-Shamoil»ning muxtasar tarzdagi sharhi bo‘lsada, juda foydali. Asar 1835 sanada al-Jomi’ al-Azharda ta’lif etilgan. Uning avvali «alhamdulilloh al-mustavjab li-qulli kamol an-nu’ut bi-qulli ta’liym va jamol» iborasi bilan boshlanadi.

32. «Al-Kavkab ad-durriy a’lo at-Termiziy» nomli sharhning muallifi Rashid Ahmad al-Kankuhiy bo‘lib, bu ikki jilddan iborat qimmatli sharh Hindistonda chop etilgan.

33. Olim Muhammad Anvar Shoh al-Kashmiriy qalamiga mansub asar «Al-A’rf ash-shaziy a’lol-Jomi’ at-Termiziy» deb atalib, bu sharh ham ikki jildda Hindistonda chop etilgan[69].

ILMU AMALI IBRATLI ALLOMA

Mashhur muhaddis Abu Iso at-Termiziyning shaxsiy hayoti va barkamol ijodining har tomonlama o‘rganilishi tufayli buyuk bobokalonimizning hozirgi davrimiz uchun ham o‘rnak bo‘ladigan ko‘p ibratomuz fazilatlarining guvohi bo‘lamiz. Eng avvalo, at-Termiziyning yoshligidan ilm-fanga g‘oyatda chanqoqligi va zo‘r havas bilan qiziqishi, bu borada har qanday qiyinchiliklarga ham bardosh berib o‘z maqsadi, ya o‘z bilimini oshirish yo‘lidagi jiddu-jahdi katta-katta tahsinga sazovordir.

Yozma manbalarda keltirilishicha, hadisshunoslik ilmi sakkizinchi asrning ikkinchi yarmidan o‘n birinchi asr o‘rtalarigacha asosiy va zaruriy mashg‘ulotlardan biri darajasiga aylangan. Bu davrda Sharqning turli mamlakatlaridan bo‘lgan to‘rt yuzdan ortiq mualliflar ana shu ilm (hadisshunoslik) bilan shug‘ullanganlar[70].

Ma’lumki, o‘z bilimini oshirish borasida at-Termiziy ko‘pgina xorijiy mamlakatlarni ziyorat qilgan. Elma-el kezib, cho‘lu biyobonlar oshib roviylardan eshitgan hadislarini yitish bilan shug‘ullangan. Ularni tartibli ravishda yozib qayd qilish bilan birga ushbu hadislarni qanchalik darajada sahiyh, hasan yoki zaif, mavzu (soxta, o‘ylab chiqarilgan) ekanligini qayta-qayta tekshirgan, ilmiy ravishda chuqur tadqiq etgan. Allomaning shogirdlari orasida turli millat vakillari ham bo‘lgan.

Yoshi qirqdan oshgan va turli mamlakatlar olimlaridan ta’lim olgan at-Termiziy ham Imom al-Buxoriy mashhur bo‘lgan paytda yetuk olim darajasida tanilgan. Ikkala olim o‘rtasida 863-868 yillar oralarida Nishopurda ko‘pdan-ko‘p samarali ilmiy munozaralar, samimiy do‘stona uchrashuvlar bo‘lgan[71]. At-Termiziy o‘z asarlari uchun ko‘pgina foydali ma’lumotlarni al-Buxoriy bilan bo‘lgan uchrashuvlarida olganligini yozadi[72].

Abu Iso at-Termiziy asarlari hozirda ham o‘z qimmatini yo‘qotgan emas. Uning «Al-Jomi’ as-sahiyh», «Ash-shamoil an-nabaviyya» kabi asarlarida keltirilgan hadisi shariflar katta tarbiyaviy ahamiyatga ega bo‘lib insonlarni halol, adolatli, iymon-e’tiqodli, diyonatli, pokiza, mehnatsevar, muruvvatli, rahm-shafqatli, ota-ona, ayollarga nisbatan hurmat-e’tiborli bo‘lishga chorlaydi.

Bu ibratli pand-nasihatlar va o‘gitlar xalqimizni, jamiyatimiz ahlini, ayniqsa yosh avlodni tarbiyalashda beqiyos ahamiyat kasb etishini alohida ta’kidlash o‘rinlidir. At-Termiziyning asarlari faqat diniy ilmlar majmuasiga oid bo‘lib qolmasdan, balki dunyoviy ilmlarga oid ma’lumotlarga ham boydir. Masalan, uning bosh asari bo‘lgan «al-Jomi’ as-sahiyh»da tarix, mantiq huquqshunoslik, tabobat, ziroatga oid ko‘plab qimmatli ma’lumotlarni uchratamiz. Arab tilini rivojlantirishda at-Termiziyning xizmatlari kattaligini zamonaviy olimlar qayta-qayta ta’kidlaydilar.

Xulosa qilib aytganda, buyuk bobokalonimizning shaxsiy hayoti va uning boy ma’naviy merosini chuqur va har tomonlama o‘rganish ham ilmiy, ham amaliy jihatdan katta ahamiyatga egadir.

Ubaydulla Uvatovning “Ikki buyuk donishmand” kitobidan olindi.