Шайх Маҳмуд Алий Банно

Рукн: Қуръон ҳофизлари Чоп этилган: 29.04.2017

Мисрлик машҳур қорилардан бири, шайх Абдулбосит, шайх Халил Хусарийларнинг яқин сафдоши, «Фаришта овозли» дея лақаб олган устоз шайх Маҳмуд Алий Банно 1926 йили 17 декабрда Мануфия муҳофазасидаги Шабинул-Кумнинг маркази бўлган Шабробос қишлоғида таваллуд топган. Унинг отаси Ҳожи Алий Раййиф тўнғич фарзанди қиз бўлгани учун бир ўғил фарзанд кўришни қаттиқ орзу қилиб юрар эди. Қолеверса, унга деҳқончилик билан шуғилланиб тургани боис дала ишларида ва олди-сотди учун бир дастёр, ёрдамчи керак эди. Аммо Аллоҳ унга ўғил берганида чақалоқни кўриб, унинг фикри ўзгарди: жаннатга элитадиган энг яқин ва осон йўл – Аллоҳ таолонинг тоатидир. Ота-онага ҳақиқий манфаат берадиган, уларнинг ҳаққига хайрли дуо қиладиган солиҳ фарзандни тарбиялаш учун ҳам айнан шу йўл билан фарзанд тарбиялаш керак. Қолаверса, инсон том маънода бахт-саодатга эришиши учун мустаҳкам қўрғон, етарли озуқа ва йўлини ёритувчи машъалага муҳтож. Буларнинг барчаси Қуръони Каримда мужассамдир.

Ҳожи Алий жаннат бўйи уфуриб турган бу чақалоқни қўлига олар экан, унинг буюк неъмат эканини бутун вужуди билан ҳис қилди. Уни ато этган Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, юзлари қувонч ёшлари билан ювилди. У янги туғилган фарзандга яхши ният билан ўзининг энг қаттиқ севган кишиси – Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларидан бирини қўйди: чақалоқнинг исми Маҳмуд бўлди. «Исмнинг шахсга таъсири бор», деган ҳикмат шу гўдакда яққол кўринди. Маҳмуд бутун ҳаёти давомида мақтовга лойиқ бўлди.

У туғилиши билан хонадонга файз-барака ёғила бошлади. Унинг хонадонга қадами ярашгани яққол сезилиб турарди. Буни яхши пайқаган оила бошлиғи Алий Банно гўдак ўғлининг билим-маърифатли, Қуръон ходими бўлишини орзу қилиб, қишлоқдаги Шайх Мусонинг хусусий мактабига олиб борди. Ўшанда Маҳмуд ҳали беш ёшга тўлмаган эди. Алий Банно ўз мақсади йўлида ҳеч нарсани аямай, бор имкониятини ишга солди, бутун вужуди билан ҳаракат қилди.

Одатда шогирдларнинг дарсни пухта ёдлашига, Қуръонни тажвид билан адо этишларига қаттиқ эътибор берадиган талабчан устоз – шайх Мусо янги талабаси Маҳмудга нисбатан янада талабчанлик билан ёндошди. Чунки болада улуғлик аломатлари, хусусан, Қуръонга моҳирлик иқтидори шундоқ кўриниб турарди. Зеҳн-хотирасининг ўткирлиги, фаҳму идрокининг кучлилиги ва тилининг бурролиги уни ҳаммадан ажратиб турарди.

Хонадонда ҳам кичкинтой талаба Маҳмуднинг Қуръонга қизиқиши, уни осон ёд олиши, кундалик вазифаларини  тайёрлаши учун барча шароит ҳозирланган эди. Ота-онаси Маҳмуддан ҳар куни мактабдан келиши билан дарсни қандай топширганини ва қанча сабоқ олганини сўраб, муваффақиятлари билан уни олқишлашар, камчиликка йўл қўйган бўлса, унга насиҳат қилишар, ўрни келганда турли воситалар билан уни рағбатланитириб туришар эди.

Алий Баннонинг айтишича, Маҳмуд болалигида айрим ҳодисаларни олдиндан айтиб қолар экан. Бир куни у «Туя йиқилди! Туя йиқилди!» деб қолибди. Буни тушунмай унга: «Сен нима деяпсан ўзи?» дейишибди. Шунда у яна: «Туя йиқилди», дебди. Бу гапнинг мазмунини қишлоқдаги туя лақабли барзанги одам шу куни тўсатдан вафот этгач, тушинишибди.

Маҳмуд Алий Банно ўзининг талабалик вақтларини шундай эслайди: «Мактабда ўқиб юрганимда, олган сабоқларимни ёдлашга ниҳоятда ўч эдим. Кечаларни ухламай бедорликда ўтказар, уйга берилган дарсни тайёрлаб бўлиб, эртанги оладиган сабоғимни ҳам тайёрлашга тушар эдим. Ёдлаб бўлгач, иккала сабоқни бирданига қўшиб ёдлар эдим. Устозимнинг бир сафар мени навда билан ургани ҳар доим эсимда турарди. Ўшанда мендан ҳеч қандай айб ўтмаган эди, дарсни яхши топширган эдим, сабоқни ҳам зийраклик билан тинглаб, яхши ўзлаштириб олган эдим. Шу боис, устоз мени нега калтаклаганини тушина олмай, қаттиқ ранжидим. Уйга қайтганимда, дод деб йиғлаб юборганман. Онамга: «Устозим мени янги сабоқни яхши ўқиб берсам ҳам урди», деб шикоят қилганман. Шунда онам: «Мен устозингга сенинг пахтазорга кетиб қолиб, пахта тераётганларнинг олдида ўйнаб, уларни томоша қилиб юрганингни айтиб берган эдим. Устозинг сени шунинг учун урган. Болажоним, агар сен шунга одатланиб қолсанг, Қуръондан узоқлашиб, оқибатда Қуръон ҳам сендан узоқлашиб кетишидан қўрқдим. Мен доимо сенинг фойдангни, келажагингни ўйлайман. Чунки сен аҳли Қуръон бўлишинг керак, Қуръон учунгина яшашинг керак. Маҳмуд, болажоним! Шуни билгинки, Қуръон гўзалдир ва ўз соҳибини ҳам гўзал даражаларга кўтаради», деди.

Мен ўша куни сабоғимни тайёрлай олмадим. Эртасига устоз яна калтаклайди деб қўрқиб, мактабга ҳам бормадим. Бир пайт уйимизга халфа кириб келди. У жуда новча бола эди, икки метрча бор. Бирдан билагимдан тортиб, мени ташқарига олиб чиқди. Мен унга: «Тўхта! Ҳеч йўқ нон-пон олиб, оёқ кийимимни кийиб олай», дедим. У эса: «Бўлақол, вақт зиқ», деди. Ўшанда мен ўзимни кимсасиз, ғариб ҳис қилган эдим, чунки бирортаси уйдан чиқиб, мени халфадан қутқармаган эди. Кейин билсам, буни устозим билан ота-онам бамаслаҳат қилишган экан. Халфа мени тўғри устознинг олдига олиб кирди. Мен устоз энди мени нима қилса қилади, деб ўйлаб турар эдим. Аммо устозим менга жуда ҳам мулойимлик билан яхши муносабатда бўлди, узоқ насиҳат қилди ва мени қайта урмаслигини айтди. Мен ҳам у кишига доим мактабга келишга ва Қуръонни албатта ёд олишга ваъда бердим…»

Маҳмуд Алий Банно берган ваъдасига вафо қилиб, унинг устидан чиқди. Қуръонни пухта ёд олиб тамомлади. Унга нафақат талабалар, балки устозлар ҳам ҳавас билан боқар эди. Аллоҳ унга Қуръон ўқишга ана шундай маҳорат насиб этган эди, тажвид ва адоси маромида эди. Унинг қироатини тинглаган киши беихтиёр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қуръонга моҳир киши улуғ фаришталар билан биргадир», деган сўзларини эсга олар эди. Устоз ва талабалар ора-кунда Маҳмуднинг қироатини тинглашни соғиниб қолиб, ундан Қуръон ўқиб беришини илтимос қилишар эди. Энг муҳими, кичкинтой Маҳмуднинг ўзини тутиши, юриш-туриши ҳам ўқиган Қуръонига монанд эди. Шунинг учун ҳам бўлса керак, мактабдаги бошқа талабалар ҳам унга қизиқиб, қори бўлишга қаттиқ бел боғлашди. Қишлоқдагилар энди ўн икки ёшга тўлмаган бу кичик қорини «Шайх» деб чақиришадиган бўлди. У ўша пайтда қишлоқдаги энг ёш қори эди.

Шайх Маҳмуд кейинчалик эслайди: Қуръонни тўла ёд олиб бўлганмдан сўнг ҳофизи Қуръон бўлганим шарафига уйимизда «Қуръон тўйи» деб номланадиган кичик бир маросим уюштирилди. Бу маросимда устозим Шайх Мусога одамлар турли хил совғалар беришди. Уларнинг устозга: «Шундай қорини тайёрлаганингиз учун ташаккур, раҳмат», деявериб эслари кетар эди.

Ҳожи Алий Банно ҳам дин илми уламоларидан бўлишни, динга хизмат қилишни жуда ҳам орзу қилган эди. Бироқ давр тақозоси ва оилавий шароит унинг бу умидларини йўққа чиқарди. Лекин унинг ушбу ихлосу муҳаббати зое кетмади: унинг исмини ўз номи билан бирга тутадиган ўғли Маҳмуд у кутгандек буюк шахс бўлиб етишди. Алий Банно ўзи чиқишни орзу қилган чўққилларда ўғли Маҳмудни кўриб, кўзалри қувончга тўлди, қалби таскин топди.

Шайх Маҳмуд шундай дейди: «Отам мени Шабинул-кум шаҳаридаги диний маъҳадга ўқишга олиб бормоқчи эди. Лекин отамга дўстларидан бири мени Танто шаҳридаги «Миншавий» маъҳадига олиб боришни маслаҳат берибди. Чунки бу даргоҳга Қуръонни ёд олганларни тўғридан-тўғри қабул қилинар экан. Шу боис улар мени ҳам дарҳол қабул қилишди.

Маъҳад гилам ва бўйралар тўшалган синфлардан иборат бўлиб, ҳар синфда ўттизтадан қирқтагача талаба таҳсил оларди. Аллоҳ менга қориларга тақлид қилиш иқтидорини берган эди. Маъҳадда шайх Муҳаммад Рифъатга тақлид қилиб қироат қилганимда, мени эшитиш учун атрофимга одамлар тўпланиб кетар эди. Кейин мени Қуръон ўқиб беришим учун Аҳмадий масжидида ўтказиладиган қироат йиғинларига ҳам чақириб туришадиган бўлди. Ўша пайтларда мен «Мўъжиза бола» деган ном билан танилдим. Чунки мендан халқ севиб тинглайдиган қорилар: шайх Муҳаммад Рифъат, шайх Муҳаммад Салома, шайх Абдулфаттоҳ Шаъшаъий ва шайх Муҳаммад Суддий каби машҳур устозларга тақлид қилиб ўқиб беришни талаб қилишар, мен уларнинг бу таклифларини ҳеч иккиланмай қабул қилиб, тақлидни жойига қўйиб қўяр эдим ва бу билан мен ўзимни жуда бахтиёр ҳис этар эдим. Юзлаб тингловчилар турли олқишлар билан мени яна ҳам шижоатлантириб юборар, натижада, маҳоратим яна ҳам ортиб, янада чиройлироқ ўқишга ўзимда қувват топар эдим. Ўшанда ёшим ўн иккида эди.

Маъҳаднинг катта устозларидан бўлган шайх Саъудий ва Шаъшаъийлар менга: «Эй Маҳмуд! Сен маъҳаднинг сарфу наҳв каби дарслариниўқиб юрмай, Танто шаҳридаги «Аҳмадий» масжидига бориб, ўша ерда қироат илмларини ўрган. Чунки Аллоҳ сенга мумтоз овоз берган, сен қори бўлиш учун яратилгансан», дейишди. Мен «Аҳмадий» масжидига бориб, марҳум шайх Иброҳим Салломнинг қабулига кириб, унинг кўригидан ўтдим. У киши одатда маъҳадга кирмоқчи бўлган ҳар бир ўқувчининг Қуръонни қанчалик пухта ёд олганини, тажвидини, талаффузини, қироатга бўлган эътиборини ва ташқи кўринишини ҳам яхшилаб текшириб кўриб, маъқул келса, кейин уни маъҳадга қабул қилар эди».

Кичкинтой Маҳмуддаги иқтидорни кўриб, унинг бетакрор овозини эшитиб, шайх Салломнинг унга муҳаббати тушиб қолди. Унга имом Шотибийнинг «Шотибия» китобини ва тафсирини ёд олдирди. Маҳмуд шайхнинг қўлида Қуръон илмларини ва ўн қироатни ўрганди.

Маҳмуд Алий Банно ўн беш ёшга тўлганда довруғи яна ҳам кенг тарқалди. У энди тақлид қилиш босқичидан ўтиб, ўзига хос мактаб ярата бошлаган эди. У бошқа қориларнинг қироатларидан ажралиб турадиган, ўзига хос рангда, гўзал бир суратда қироат қилар эди. Тез орада унинг бетакрор қироати миллионлаб Қуръон шайдоларининг қалбидан жой олди.

Шайх Маҳмуд Алий Банно шундай дер эди: «Қори аввало Қуръони каримни пухта ёд олиши ва уни тажвидга мувофиқ ўқишга моҳир бўлиши керак. Шу билан бирга, у тарбияланган овозга эга бўлиши даркор. Кейин ундан тақлид қилиш малакасини қўлга киритиши талаб қилинади. У шу даражада тақлид қилсинки, унинг қироатини эшитган киши ўзини у тақлид қилаётган қорини тинглаётгандек ҳис қилсин, ўша қори унинг кўз ўнгида гавдалансин. Шундан сўнг у ўзининг шахсий услуби ва овозини шакллантиради. Уни эшитган киши дарҳол: «Бу фалон қори-ку», дея олади. Мен бир умр тақлид қилиб юришни оқламайман. Ҳар бир қори ўзига ҳос услубга, қироатга эга бўлиши лозим».

Маҳмуд Алий Банно ўн саккиз ёшга тўлгач, шайх Иброҳим Салломнинг тавсияси билан, илм талабида илм ва уламолар юртига – Қоҳира  шаҳрига борди. Шайх Банно бу пайтда Қуръон илмларини тўла эгаллаган, қироатда моҳир, чиройли овоз ва гўзал тиловат соҳиби бўлиб етишиб бўлган эди.

Шайх Маҳмуд Али Банно айтади: «1945 йили Қоҳирага йўл олдим. Мақсадим – машҳур, мўътабар қориларга яна ҳам яқинроқ бўлиб, улардан фойдаланиш эди. Мен уларниннг ўзимга ёққан ва мени ҳайратга солган қироатларини тасмага ёзиб олар эдим. Кейин уйга бориб, тасмани қайта-қайта эшитиб, ўша эшитган оятларимни худди ўша қорилардек тиловат қилишга аракат қилар эдим».

Маҳмуд Алий Банно 1946 йили нашида айтиш бўйича катта шуҳратга эга бўлган ва мақом (мусиқий ноталар) илмида етук мутахассис саналган шайх Дарвеш Ҳаририй билан учрашади. У киши шайх Маҳмудга мақомларни пухта ўрганишида ва уни тиловатда татбиқ қилишда катта ёрдам беради.

Мисрдаги машҳур радиолардан бири «Шабанул-муслимин» жамияти радиоси масъулларидан бири Саййид Абу Ос масжидлардан бирида Маҳмуд Алий Баннонинг қироатини эшитиб, ёқтириб қолади ва уни радиода Қуръон ўқиб беришга таклиф қилади. Катта устозлар ва қироат илмининг мутахассис билимдонларининг имтиҳонидан ўтгандан кейин унинг қироатлари радиода тўлқинларида ҳам янграй бошлади. Шу пайтгача Мисрда қорилар ичида радиога тиловат қилиб беришни энг эрта бошлаган қори Абулъайнайн Шаъшаъий эди, у йигирма ёшидан радиога Қуръон ўқиб беришни бошлаган эди. Шайх Маҳмуд бу борада иккинчи қори бўлди: йигирма икки ёшидан ушбу хизматга бел боғлади. Унинг тиловати 1948 декабр ойида илк бор радиода эшиттирилди. Унинг мунгли, ёқимли овози тўғридан тўғри ҳаво тўлқинларига узатилар эди.

Шайх Маҳмуднинг радиода навбатдаги қилиши керак бўлган ишлардан бири Қуръони каримнинг тўлиқ хатмисини овоз тасмасига тушуриш эди. У бунга тўла ҳақли ҳам эди.

1965 йили Миср раҳбари Жамол Абдунносир Ҳусайннинг отаси вафот этганда мамлакатнинг энг йирик, машҳур уламолари ва қорилари мотамхонага ташриф буюришди. Устоз Мустафо Исмоил, Маҳмуд Халил Хусарий, Муҳаммад Сиддиқ Миншавий, шайх Абдулбосит Абдуссамад, шайх Бахтимий ва бошқалар қатори Маҳмуд Алий Банно ҳам бор эди.

Шайх Маҳмуд ўша маросим ҳақида қуйидагиларни эслайди: «Ўшанда Жамол Абдунносир менга Маҳмудга: «Эй шайх Маҳмуд! Мураттал қироатингизни ҳам эшитсак бўладими?» деди. Чунки ўша пайтда мураттал (Қуръонни ўртача тезликда ўқиб хатм қилиш) қироати радиога узатиладиган ягона қори шайх Хусорий эди. Мен у кишига: «Ҳа, албатта», дедим-да, ўн дақиқа тартил билан, ўртача тезликда қироат қилдим. Шунда Жамол Абдунносирнинг котиби Муҳаммад Аҳмад менга: «Сиз нега радиода эшиттирилиши учун муроттал қироатингизни ёздирмайсиз?» дедилар. Шунда мен: «Агар сиз мендан шуни истасангиз, мен буни кечиктирмайман», дедим.

Кейинорқ мен диний ишлар бўйича раҳбарларнинг ташаббуслари билан Қуръонни тадвирда тасмага ўқиб беришга киришдим ва эллик кундан оширмай бу ишни тамомладим. 1967 йилнинг бошида бу тасма радиода эферга берилди. Бу вақтга келиб шайх Абдулбосит, Муҳаммад Миншавий ва Мустафо Исмоилларнинг хатмилари тўлиқ тасмага туширилиб бўлган эди».

Шайх Алий Банно кўплаб уламолар ва қорилар билан яқиндан алоқада бўлган. Хусусан, у 20 аср муфассири лақабини олган, бир неча йил Азҳари шариф шайхи вазифасида хизмат қилган машҳур олим шайх Мутаваллий Шаъровий жаноблари билан жуда яқин дўст эди. Уларнинг ўртасидаги суҳбатлар асосан Қуръони карим атрофида бўлар эди. Улар ҳақиқатан ҳам Аллоҳ учун, Аллоҳнинг каломи учун дўст бўлишган эди.

Шайх Алий Банно кўплаб халқаро анжуманларда, турли тадбирларда иштирок этиб, Қуръон тиловат қилиб берган. У киши Азҳари Шариф раҳбарияти бир қатор Қуръон мусобақаларида у кишини ҳакам этиб тайинлаган. У Ислом оламнинг қатор мамлакатларида, шунингдек, бир қанча Европа мамлакатларида хизмат сафарида бўлган. У киши Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадаги икки Ҳарамда ҳамда Қуддусда Масжидул-ақсода Қуръон ўқиб берган.

Шайх Маҳмуд Мадинаи мунавварадаги сафари ҳақида қуйидагиларни эслайди: «Мадинадаги Ҳарамда Қуръон ўқиб берадиган бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзалари олдида Қуръон ўқишга киришишга киришар эканман, кўнглимдан бир гап ўтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнимда бўлсалар, мен қандай Қуръон ўқийман?!». Бир муддат қироат қилолмай тутилиб қолдим, овозим чиқмас эди. Кўзларимдан ёш қуюларди. Шунда Аллоҳ мени ҳидоят қилди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўрадим. Бирдан ўзимда енгиллик сездим ва Аҳзоб сурасидан қироат қилдим. «Эй Набий! Албатта, Биз сени гувоҳ, хушхабар берувчи ва огоҳлантриувчи қилиб юбордик», деган мазмндаги оятга келганда, ундан ўтолмай қолдим. Шу бир оятни йигирма мартадан ортиқ қайтардим. Тингловчилар менга «Яна қайтар! Яна қайтар!»дейишарди».

Шайх Маҳмуд ҳаётининг сўнги йилларида, 1984 йил «Қуръон қорилари ва устозлари уюшмаси»га асос солинишида ҳам муҳим рол ўйнади. У ўша даврда Миср ҳукуматининг раҳбари бўлиб турган Анвар Садатнинг олдига шу масалани кўтариб кирди. Анвар Садат шайх Маҳмудни қаттиқ эҳтиром қилар, у билан дўстона суҳбатлашар эди. У бу таклифни дарҳол қабул қилди. Шайх Маҳмуд ушбу уюшмага раҳбар этиб тайинланди.

Шайх Маҳмуднинг масжидлардаги хизматлари

Миср таомилига кўра, машҳур қорилар одамларга тиловат қилиб беришлари учун маълум масжидларга тиркалади. Шайх Банно Қоҳирадаги Ҳадоиқул-Қубба деган жойдаги подшоҳ масжидида беш йил жума кунлари қироат қилиб берди. Кейин Қоҳиранинг Қалъа маҳалласидаги Имом Аҳмад Рифъоийнинг масжидида ҳам беш йилча хизмат қилди. Сўнг Танто шаҳридаги улуғ олим, тасаввуф намояндаларидан бири Аҳмад Бадавийнинг масжидига қори этиб тайинланди ва у ерда 23 йил хизматда бўлди. Шайх Маҳмуд Аҳмад Бадавийнинг яқин дўстига айланди. 1980 йилдан 1985 йилгача, яъни вафотигача Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу номидаги масжидда қорилик вазифасини бажарди.

Шайх Маҳумуднинг онаси ўғлини масжидда хизмат қилиши қаттиқ орзу қилган эди. Бу орзусига етиштиришини Аллоҳ талодан доим дуо қилиб сўрар эди. Маҳмуд Алий Банно Тантодаги масжидда тиловат қилгани чиққанида унинг онаси ҳам масжидга бориб, ўғлининг тиловатини тинглади. Уни одамлар олқишлаб, зиёрат қилаётганини кўриб, яна ҳам қувонди. Уйга келганида ўғлига: «Бугун сени масжид ходимларининг саййид бўлганингни кўрдим. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, менинг дуоларимни ижобат қилди», деди. Шунда одобли ўғил онасини қучиб, унинг қўлларини ўпди, унга ўз ташаккурини изҳор қилди.

Алий Банно ўғли шайх Маҳмудни доим Шибро Бос қишлоғида бир масжид қуришини тайиинлар эди. Шайх Маҳмуд ҳаётининг охирги йилларида бу васиятни бажаришга имкон топди. Масжид кўтарилиб, унинг безак ишлари тугатилар экан, Маҳмуд Алий Баннонинг ҳам ҳаёти охирлар эди.

Маҳмуд Алий Баннонинг вафоти

Шайх Маҳмуд 1985 йил Рамазон ойида Абу Дабийга Рамазон кечаларини ўтказиб бериши ва Қуръони каримни тасмага тўлиқ хатм қилиб бериши учун таклиф қилишди. Сафардан қайтгач, у кишида бир беморлик юз берди. Касал борган сари зўрайиб борарди. Охири у кишини Қоҳирадаги шифохоналардан бирига ётқизилди. У бу ерда икки хафта ётди. Вафотидан икки кун олдин фарзандларини чақириб, ўғли Аҳмадга қозоғ-қалам олишни буюрди. Аҳмад отамнинг ёдига бирор нарса тушди шекли, деб ўйлар эди. Шайх унга деди: «Ёз: «Араб ва Ислом олами радиоси ходими Маҳмуд Алий Банно Аллоҳнинг раҳматига интиқол қилди... ўғли уни чалғитмоқчи бўлиб: «Саксон ёш десам-чи?» деди. Шайх: «Йўқ, ўғлим. Умр тугади, ажал етиб келди. Сен менинг гапимни бўлмай ёз», деди. У бор мол-мулкини фарзандларига шариатга мувофиқ тақсимлаб берди. Кейин улардан: «Мендан яана нима талабларингиз бор?» деди. Йиғидан кўзларидан ёш қуйилаётган фарзандлар ҳўнграб юборишди. Шайх ўзининг охирги маросими қандай ўтказишни фарзандларига тайинлар экан: «Менинг сизлардан охирги илтимосим – тобутим ёнига овоз ёзиш ускунасида Қуръон тиловатини қўйиб қўясиз, токи қабримга киргунимча у менга ҳамроҳ бўлсин», деди.

Шайх Маҳмуд вафотидан бир кун олдин ўзининг қадрдон дўсти Мутаваллий Шаъровийни сўради. Яқинлари шайх жаноблари Қизил денгиз бўйида  сафарда эканини айтишди. Шунда Маҳмуд Алий Банно: «У етиб келган», деди. Ҳақиқатан ҳам Шаъровийнинг уйига боришса, сафардан келиб турган экан. У киши хабарни эшитиб, дарҳол шифохонага етиб келди. Шайх Шаъровий ўзини тутиб тура олмай, йиғлаб юборди. Маҳмуд Алий Банно дўстига жанозасида иштирок этишини васият қилди. Шаъровий эса: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва Унга қайтгувчидирмиз» дея олди, холос.

Шайх Маҳмуд Алий Банно1405/зулқаъда/03 ҳижрий, 20/07/1985 милодий санада шанба куни вафот этди. У кишининг жанозаси «Имом Ҳусайн» масжидида ўқилди. Жанозада васиятга мувофиқ, шайх Мутавалли Шаъровий имом бўлди. Шайх Маҳмуд ўзининг васитига кўра киндик қони тўкилган қишлоғи Шибро Босдаги ўзи қурдирган масжид ёнидаги мақбарасига дафн қилинди.

Шундай қилиб, ярим асрдан зиёда Қуръон билан зийнатланган умр ниҳоясига етди. Шайх Шаъровий дўсти Маҳмуд Алий Баннони охирги манзилига кузатиб қўяр экан, ўзининг ёдномасида қуйидаги дилсўзларини қолдирди:

«Аллоҳим, Маҳмудга Қуръондан ўқиган ҳар бир ҳарфи эвазига ҳасанот ато этгин. Қуръонни унинг учун бир нур қилгинки, ўша нур билан у Сен сари юрсин. Унга шундай бир нур ато этгинки, у нур билан нуринг сари юра олсинлар. Зеро, Сенинг нурингни нурингдан бир шуъласи берилган кишигина кўра олади. Чунки Сенинг нурингга фақатгина Ўз нуринг бардош бера олади…»

Маҳмуд Алий Баннонинг вафоти Ислом уммати учун катта мусибат бўлди. У кишининг овозлари қирқ йил давомида қаерларга борган бўлса, мотамлари ҳам шунча ерга етди. Бутун Миср халқи бу улуғ фарзандидан айрилганидан қаттиқ қайғу чекди ва унинг оритдан хайрли дуолар қилди.

Алий Баннонинг номини абадийлаштириш мақсадида Миср ҳукумати 1990 йил Қадр кечасида бўлиб ўтган илмий анжуманда «Илм ва фан ордени»га шайх Алий Банно номини берди, «Шайх Алий Банно ордени» таъсис этилди. Шунингдек, бир қанча қишлоқ, маҳалла ва кўчаларга ҳам у кишининг номи берилди.

Quran.uz

* * *

Misrlik mashhur qorilardan biri, shayx Abdulbosit, shayx Xalil Xusariylarning yaqin safdoshi, «Farishta ovozli» deya laqab olgan ustoz shayx Mahmud Aliy Banno 1926 yili 17 dekabrda Manufiya muhofazasidagi Shabinul-Kumning markazi bo‘lgan Shabrobos qishlog‘ida tavallud topgan. Uning otasi Hoji Aliy Rayyif to‘ng‘ich farzandi qiz bo‘lgani uchun bir o‘g‘il farzand ko‘rishni qattiq orzu qilib yurar edi. Qoleversa, unga dehqonchilik bilan shug‘illanib turgani bois dala ishlarida va oldi-sotdi uchun bir dastyor, yordamchi kerak edi. Ammo Alloh unga o‘g‘il berganida chaqaloqni ko‘rib, uning fikri o‘zgardi: jannatga elitadigan eng yaqin va oson yo‘l – Alloh taoloning toatidir. Ota-onaga haqiqiy manfaat beradigan, ularning haqqiga xayrli duo qiladigan solih farzandni tarbiyalash uchun ham aynan shu yo‘l bilan farzand tarbiyalash kerak. Qolaversa, inson tom ma’noda baxt-saodatga erishishi uchun mustahkam qo‘rg‘on, yetarli ozuqa va yo‘lini yorituvchi mash’alaga muhtoj. Bularning barchasi Qur’oni Karimda mujassamdir.

Hoji Aliy jannat bo‘yi ufurib turgan bu chaqaloqni qo‘liga olar ekan, uning buyuk ne’mat ekanini butun vujudi bilan his qildi. Uni ato etgan Alloh taologa hamdu sano aytib, yuzlari quvonch yoshlari bilan yuvildi. U yangi tug‘ilgan farzandga yaxshi niyat bilan o‘zining eng qattiq sevgan kishisi – Rasulimiz sollallohu alayhi vasallamning ismlaridan birini qo‘ydi: chaqaloqning ismi Mahmud bo‘ldi. «Ismning shaxsga ta’siri bor», degan hikmat shu go‘dakda yaqqol ko‘rindi. Mahmud butun hayoti davomida maqtovga loyiq bo‘ldi.

U tug‘ilishi bilan xonadonga fayz-baraka yog‘ila boshladi. Uning xonadonga qadami yarashgani yaqqol sezilib turardi. Buni yaxshi payqagan oila boshlig‘i Aliy Banno go‘dak o‘g‘lining bilim-ma’rifatli, Qur’on xodimi bo‘lishini orzu qilib, qishloqdagi Shayx Musoning xususiy maktabiga olib bordi. O‘shanda Mahmud hali besh yoshga to‘lmagan edi. Aliy Banno o‘z maqsadi yo‘lida hech narsani ayamay, bor imkoniyatini ishga soldi, butun vujudi bilan harakat qildi.

Odatda shogirdlarning darsni puxta yodlashiga, Qur’onni tajvid bilan ado etishlariga qattiq e’tibor beradigan talabchan ustoz – shayx Muso yangi talabasi Mahmudga nisbatan yanada talabchanlik bilan yondoshdi. Chunki bolada ulug‘lik alomatlari, xususan, Qur’onga mohirlik iqtidori shundoq ko‘rinib turardi. Zehn-xotirasining o‘tkirligi, fahmu idrokining kuchliligi va tilining burroligi uni hammadan ajratib turardi.

Xonadonda ham kichkintoy talaba Mahmudning Qur’onga qiziqishi, uni oson yod olishi, kundalik vazifalarini  tayyorlashi uchun barcha sharoit hozirlangan edi. Ota-onasi Mahmuddan har kuni maktabdan kelishi bilan darsni qanday topshirganini va qancha saboq olganini so‘rab, muvaffaqiyatlari bilan uni olqishlashar, kamchilikka yo‘l qo‘ygan bo‘lsa, unga nasihat qilishar, o‘rni kelganda turli vositalar bilan uni rag‘batlanitirib turishar edi.

Aliy Bannoning aytishicha, Mahmud bolaligida ayrim hodisalarni oldindan aytib qolar ekan. Bir kuni u «Tuya yiqildi! Tuya yiqildi!» deb qolibdi. Buni tushunmay unga: «Sen nima deyapsan o‘zi?» deyishibdi. Shunda u yana: «Tuya yiqildi», debdi. Bu gapning mazmunini qishloqdagi tuya laqabli barzangi odam shu kuni to‘satdan vafot etgach, tushinishibdi.

Mahmud Aliy Banno o‘zining talabalik vaqtlarini shunday eslaydi: «Maktabda o‘qib yurganimda, olgan saboqlarimni yodlashga nihoyatda o‘ch edim. Kechalarni uxlamay bedorlikda o‘tkazar, uyga berilgan darsni tayyorlab bo‘lib, ertangi oladigan sabog‘imni ham tayyorlashga tushar edim. Yodlab bo‘lgach, ikkala saboqni birdaniga qo‘shib yodlar edim. Ustozimning bir safar meni navda bilan urgani har doim esimda turardi. O‘shanda mendan hech qanday ayb o‘tmagan edi, darsni yaxshi topshirgan edim, saboqni ham ziyraklik bilan tinglab, yaxshi o‘zlashtirib olgan edim. Shu bois, ustoz meni nega kaltaklaganini tushina olmay, qattiq ranjidim. Uyga qaytganimda, dod deb yig‘lab yuborganman. Onamga: «Ustozim meni yangi saboqni yaxshi o‘qib bersam ham urdi», deb shikoyat qilganman. Shunda onam: «Men ustozingga sening paxtazorga ketib qolib, paxta terayotganlarning oldida o‘ynab, ularni tomosha qilib yurganingni aytib bergan edim. Ustozing seni shuning uchun urgan. Bolajonim, agar sen shunga odatlanib qolsang, Qur’ondan uzoqlashib, oqibatda Qur’on ham sendan uzoqlashib ketishidan qo‘rqdim. Men doimo sening foydangni, kelajagingni o‘ylayman. Chunki sen ahli Qur’on bo‘lishing kerak, Qur’on uchungina yashashing kerak. Mahmud, bolajonim! Shuni bilginki, Qur’on go‘zaldir va o‘z sohibini ham go‘zal darajalarga ko‘taradi», dedi.

Men o‘sha kuni sabog‘imni tayyorlay olmadim. Ertasiga ustoz yana kaltaklaydi deb qo‘rqib, maktabga ham bormadim. Bir payt uyimizga xalfa kirib keldi. U juda novcha bola edi, ikki metrcha bor. Birdan bilagimdan tortib, meni tashqariga olib chiqdi. Men unga: «To‘xta! Hech yo‘q non-pon olib, oyoq kiyimimni kiyib olay», dedim. U esa: «Bo‘laqol, vaqt ziq», dedi. O‘shanda men o‘zimni kimsasiz, g‘arib his qilgan edim, chunki birortasi uydan chiqib, meni xalfadan qutqarmagan edi. Keyin bilsam, buni ustozim bilan ota-onam bamaslahat qilishgan ekan. Xalfa meni to‘g‘ri ustozning oldiga olib kirdi. Men ustoz endi meni nima qilsa qiladi, deb o‘ylab turar edim. Ammo ustozim menga juda ham muloyimlik bilan yaxshi munosabatda bo‘ldi, uzoq nasihat qildi va meni qayta urmasligini aytdi. Men ham u kishiga doim maktabga kelishga va Qur’onni albatta yod olishga va’da berdim…»

Mahmud Aliy Banno bergan va’dasiga vafo qilib, uning ustidan chiqdi. Qur’onni puxta yod olib tamomladi. Unga nafaqat talabalar, balki ustozlar ham havas bilan boqar edi. Alloh unga Qur’on o‘qishga ana shunday mahorat nasib etgan edi, tajvid va adosi maromida edi. Uning qiroatini tinglagan kishi beixtiyor Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning «Qur’onga mohir kishi ulug‘ farishtalar bilan birgadir», degan so‘zlarini esga olar edi. Ustoz va talabalar ora-kunda Mahmudning qiroatini tinglashni sog‘inib qolib, undan Qur’on o‘qib berishini iltimos qilishar edi. Eng muhimi, kichkintoy Mahmudning o‘zini tutishi, yurish-turishi ham o‘qigan Qur’oniga monand edi. Shuning uchun ham bo‘lsa kerak, maktabdagi boshqa talabalar ham unga qiziqib, qori bo‘lishga qattiq bel bog‘lashdi. Qishloqdagilar endi o‘n ikki yoshga to‘lmagan bu kichik qorini «Shayx» deb chaqirishadigan bo‘ldi. U o‘sha paytda qishloqdagi eng yosh qori edi.

Shayx Mahmud keyinchalik eslaydi: Qur’onni to‘la yod olib bo‘lganmdan so‘ng hofizi Qur’on bo‘lganim sharafiga uyimizda «Qur’on to‘yi» deb nomlanadigan kichik bir marosim uyushtirildi. Bu marosimda ustozim Shayx Musoga odamlar turli xil sovg‘alar berishdi. Ularning ustozga: «Shunday qorini tayyorlaganingiz uchun tashakkur, rahmat», deyaverib eslari ketar edi.

Hoji Aliy Banno ham din ilmi ulamolaridan bo‘lishni, dinga xizmat qilishni juda ham orzu qilgan edi. Biroq davr taqozosi va oilaviy sharoit uning bu umidlarini yo‘qqa chiqardi. Lekin uning ushbu ixlosu muhabbati zoe ketmadi: uning ismini o‘z nomi bilan birga tutadigan o‘g‘li Mahmud u kutgandek buyuk shaxs bo‘lib yetishdi. Aliy Banno o‘zi chiqishni orzu qilgan cho‘qqillarda o‘g‘li Mahmudni ko‘rib, ko‘zalri quvonchga to‘ldi, qalbi taskin topdi.

Shayx Mahmud shunday deydi: «Otam meni Shabinul-kum shaharidagi diniy ma’hadga o‘qishga olib bormoqchi edi. Lekin otamga do‘stlaridan biri meni Tanto shahridagi «Minshaviy» ma’hadiga olib borishni maslahat beribdi. Chunki bu dargohga Qur’onni yod olganlarni to‘g‘ridan-to‘g‘ri qabul qilinar ekan. Shu bois ular meni ham darhol qabul qilishdi.

Ma’had gilam va bo‘yralar to‘shalgan sinflardan iborat bo‘lib, har sinfda o‘ttiztadan qirqtagacha talaba tahsil olardi. Alloh menga qorilarga taqlid qilish iqtidorini bergan edi. Ma’hadda shayx Muhammad Rif’atga taqlid qilib qiroat qilganimda, meni eshitish uchun atrofimga odamlar to‘planib ketar edi. Keyin meni Qur’on o‘qib berishim uchun Ahmadiy masjidida o‘tkaziladigan qiroat yig‘inlariga ham chaqirib turishadigan bo‘ldi. O‘sha paytlarda men «Mo‘‘jiza bola» degan nom bilan tanildim. Chunki mendan xalq sevib tinglaydigan qorilar: shayx Muhammad Rif’at, shayx Muhammad Saloma, shayx Abdulfattoh Sha’sha’iy va shayx Muhammad Suddiy kabi mashhur ustozlarga taqlid qilib o‘qib berishni talab qilishar, men ularning bu takliflarini hech ikkilanmay qabul qilib, taqlidni joyiga qo‘yib qo‘yar edim va bu bilan men o‘zimni juda baxtiyor his etar edim. Yuzlab tinglovchilar turli olqishlar bilan meni yana ham shijoatlantirib yuborar, natijada, mahoratim yana ham ortib, yanada chiroyliroq o‘qishga o‘zimda quvvat topar edim. O‘shanda yoshim o‘n ikkida edi.

Ma’hadning katta ustozlaridan bo‘lgan shayx Sa’udiy va Sha’sha’iylar menga: «Ey Mahmud! Sen ma’hadning sarfu nahv kabi darslarinio‘qib yurmay, Tanto shahridagi «Ahmadiy» masjidiga borib, o‘sha yerda qiroat ilmlarini o‘rgan. Chunki Alloh senga mumtoz ovoz bergan, sen qori bo‘lish uchun yaratilgansan», deyishdi. Men «Ahmadiy» masjidiga borib, marhum shayx Ibrohim Sallomning qabuliga kirib, uning ko‘rigidan o‘tdim. U kishi odatda ma’hadga kirmoqchi bo‘lgan har bir o‘quvchining Qur’onni qanchalik puxta yod olganini, tajvidini, talaffuzini, qiroatga bo‘lgan e’tiborini va tashqi ko‘rinishini ham yaxshilab tekshirib ko‘rib, ma’qul kelsa, keyin uni ma’hadga qabul qilar edi».

Kichkintoy Mahmuddagi iqtidorni ko‘rib, uning betakror ovozini eshitib, shayx Sallomning unga muhabbati tushib qoldi. Unga imom Shotibiyning «Shotibiya» kitobini va tafsirini yod oldirdi. Mahmud shayxning qo‘lida Qur’on ilmlarini va o‘n qiroatni o‘rgandi.

Mahmud Aliy Banno o‘n besh yoshga to‘lganda dovrug‘i yana ham keng tarqaldi. U endi taqlid qilish bosqichidan o‘tib, o‘ziga xos maktab yarata boshlagan edi. U boshqa qorilarning qiroatlaridan ajralib turadigan, o‘ziga xos rangda, go‘zal bir suratda qiroat qilar edi. Tez orada uning betakror qiroati millionlab Qur’on shaydolarining qalbidan joy oldi.

Shayx Mahmud Aliy Banno shunday der edi: «Qori avvalo Qur’oni karimni puxta yod olishi va uni tajvidga muvofiq o‘qishga mohir bo‘lishi kerak. Shu bilan birga, u tarbiyalangan ovozga ega bo‘lishi darkor. Keyin undan taqlid qilish malakasini qo‘lga kiritishi talab qilinadi. U shu darajada taqlid qilsinki, uning qiroatini eshitgan kishi o‘zini u taqlid qilayotgan qorini tinglayotgandek his qilsin, o‘sha qori uning ko‘z o‘ngida gavdalansin. Shundan so‘ng u o‘zining shaxsiy uslubi va ovozini shakllantiradi. Uni eshitgan kishi darhol: «Bu falon qori-ku», deya oladi. Men bir umr taqlid qilib yurishni oqlamayman. Har bir qori o‘ziga hos uslubga, qiroatga ega bo‘lishi lozim».

Mahmud Aliy Banno o‘n sakkiz yoshga to‘lgach, shayx Ibrohim Sallomning tavsiyasi bilan, ilm talabida ilm va ulamolar yurtiga – Qohira  shahriga bordi. Shayx Banno bu paytda Qur’on ilmlarini to‘la egallagan, qiroatda mohir, chiroyli ovoz va go‘zal tilovat sohibi bo‘lib yetishib bo‘lgan edi.

Shayx Mahmud Ali Banno aytadi: «1945 yili Qohiraga yo‘l oldim. Maqsadim – mashhur, mo‘‘tabar qorilarga yana ham yaqinroq bo‘lib, ulardan foydalanish edi. Men ularninng o‘zimga yoqqan va meni hayratga solgan qiroatlarini tasmaga yozib olar edim. Keyin uyga borib, tasmani qayta-qayta eshitib, o‘sha eshitgan oyatlarimni xuddi o‘sha qorilardek tilovat qilishga arakat qilar edim».

Mahmud Aliy Banno 1946 yili nashida aytish bo‘yicha katta shuhratga ega bo‘lgan va maqom (musiqiy notalar) ilmida yetuk mutaxassis sanalgan shayx Darvesh Haririy bilan uchrashadi. U kishi shayx Mahmudga maqomlarni puxta o‘rganishida va uni tilovatda tatbiq qilishda katta yordam beradi.

Misrdagi mashhur radiolardan biri «Shabanul-muslimin» jamiyati radiosi mas’ullaridan biri Sayyid Abu Os masjidlardan birida Mahmud Aliy Bannoning qiroatini eshitib, yoqtirib qoladi va uni radioda Qur’on o‘qib berishga taklif qiladi. Katta ustozlar va qiroat ilmining mutaxassis bilimdonlarining imtihonidan o‘tgandan keyin uning qiroatlari radioda to‘lqinlarida ham yangray boshladi. Shu paytgacha Misrda qorilar ichida radioga tilovat qilib berishni eng erta boshlagan qori Abul’aynayn Sha’sha’iy edi, u yigirma yoshidan radioga Qur’on o‘qib berishni boshlagan edi. Shayx Mahmud bu borada ikkinchi qori bo‘ldi: yigirma ikki yoshidan ushbu xizmatga bel bog‘ladi. Uning tilovati 1948 dekabr oyida ilk bor radioda eshittirildi. Uning mungli, yoqimli ovozi to‘g‘ridan to‘g‘ri havo to‘lqinlariga uzatilar edi.

Shayx Mahmudning radioda navbatdagi qilishi kerak bo‘lgan ishlardan biri Qur’oni karimning to‘liq xatmisini ovoz tasmasiga tushurish edi. U bunga to‘la haqli ham edi.

1965 yili Misr rahbari Jamol Abdunnosir Husaynning otasi vafot etganda mamlakatning eng yirik, mashhur ulamolari va qorilari motamxonaga tashrif buyurishdi. Ustoz Mustafo Ismoil, Mahmud Xalil Xusariy, Muhammad Siddiq Minshaviy, shayx Abdulbosit Abdussamad, shayx Baxtimiy va boshqalar qatori Mahmud Aliy Banno ham bor edi.

Shayx Mahmud o‘sha marosim haqida quyidagilarni eslaydi: «O‘shanda Jamol Abdunnosir menga Mahmudga: «Ey shayx Mahmud! Murattal qiroatingizni ham eshitsak bo‘ladimi?» dedi. Chunki o‘sha paytda murattal (Qur’onni o‘rtacha tezlikda o‘qib xatm qilish) qiroati radioga uzatiladigan yagona qori shayx Xusoriy edi. Men u kishiga: «Ha, albatta», dedim-da, o‘n daqiqa tartil bilan, o‘rtacha tezlikda qiroat qildim. Shunda Jamol Abdunnosirning kotibi Muhammad Ahmad menga: «Siz nega radioda eshittirilishi uchun murottal qiroatingizni yozdirmaysiz?» dedilar. Shunda men: «Agar siz mendan shuni istasangiz, men buni kechiktirmayman», dedim.

Keyinorq men diniy ishlar bo‘yicha rahbarlarning tashabbuslari bilan Qur’onni tadvirda tasmaga o‘qib berishga kirishdim va ellik kundan oshirmay bu ishni tamomladim. 1967 yilning boshida bu tasma radioda eferga berildi. Bu vaqtga kelib shayx Abdulbosit, Muhammad Minshaviy va Mustafo Ismoillarning xatmilari to‘liq tasmaga tushirilib bo‘lgan edi».

Shayx Aliy Banno ko‘plab ulamolar va qorilar bilan yaqindan aloqada bo‘lgan. Xususan, u 20 asr mufassiri laqabini olgan, bir necha yil Azhari sharif shayxi vazifasida xizmat qilgan mashhur olim shayx Mutavalliy Sha’roviy janoblari bilan juda yaqin do‘st edi. Ularning o‘rtasidagi suhbatlar asosan Qur’oni karim atrofida bo‘lar edi. Ular haqiqatan ham Alloh uchun, Allohning kalomi uchun do‘st bo‘lishgan edi.

Shayx Aliy Banno ko‘plab xalqaro anjumanlarda, turli tadbirlarda ishtirok etib, Qur’on tilovat qilib bergan. U kishi Azhari Sharif rahbariyati bir qator Qur’on musobaqalarida u kishini hakam etib tayinlagan. U Islom olamning qator mamlakatlarida, shuningdek, bir qancha Yevropa mamlakatlarida xizmat safarida bo‘lgan. U kishi Makkai mukarrama va Madinai munavvaradagi ikki Haramda hamda Quddusda Masjidul-aqsoda Qur’on o‘qib bergan.

Shayx Mahmud Madinai munavvaradagi safari haqida quyidagilarni eslaydi: «Madinadagi Haramda Qur’on o‘qib beradigan bo‘ldim. Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning ravzalari oldida Qur’on o‘qishga kirishishga kirishar ekanman, ko‘nglimdan bir gap o‘tdi: «Rasululloh sollallohu alayhi vasallam yonimda bo‘lsalar, men qanday Qur’on o‘qiyman?!». Bir muddat qiroat qilolmay tutilib qoldim, ovozim chiqmas edi. Ko‘zlarimdan yosh quyulardi. Shunda Alloh meni hidoyat qildi: Rasululloh sollallohu alayhi vasallamdan izn so‘radim. Birdan o‘zimda yengillik sezdim va Ahzob surasidan qiroat qildim. «Ey Nabiy! Albatta, Biz seni guvoh, xushxabar beruvchi va ogohlantriuvchi qilib yubordik», degan mazmndagi oyatga kelganda, undan o‘tolmay qoldim. Shu bir oyatni yigirma martadan ortiq qaytardim. Tinglovchilar menga «Yana qaytar! Yana qaytar!»deyishardi».

Shayx Mahmud hayotining so‘ngi yillarida, 1984 yil «Qur’on qorilari va ustozlari uyushmasi»ga asos solinishida ham muhim rol o‘ynadi. U o‘sha davrda Misr hukumatining rahbari bo‘lib turgan Anvar Sadatning oldiga shu masalani ko‘tarib kirdi. Anvar Sadat shayx Mahmudni qattiq ehtirom qilar, u bilan do‘stona suhbatlashar edi. U bu taklifni darhol qabul qildi. Shayx Mahmud ushbu uyushmaga rahbar etib tayinlandi.

Shayx Mahmudning masjidlardagi xizmatlari

Misr taomiliga ko‘ra, mashhur qorilar odamlarga tilovat qilib berishlari uchun ma’lum masjidlarga tirkaladi. Shayx Banno Qohiradagi Hadoiqul-Qubba degan joydagi podshoh masjidida besh yil juma kunlari qiroat qilib berdi. Keyin Qohiraning Qal’a mahallasidagi Imom Ahmad Rif’oiyning masjidida ham besh yilcha xizmat qildi. So‘ng Tanto shahridagi ulug‘ olim, tasavvuf namoyandalaridan biri Ahmad Badaviyning masjidiga qori etib tayinlandi va u yerda 23 yil xizmatda bo‘ldi. Shayx Mahmud Ahmad Badaviyning yaqin do‘stiga aylandi. 1980 yildan 1985 yilgacha, ya’ni vafotigacha Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning nabiralari imom Husayn roziyallohu anhu nomidagi masjidda qorilik vazifasini bajardi.

Shayx Mahumudning onasi o‘g‘lini masjidda xizmat qilishi qattiq orzu qilgan edi. Bu orzusiga yetishtirishini Alloh talodan doim duo qilib so‘rar edi. Mahmud Aliy Banno Tantodagi masjidda tilovat qilgani chiqqanida uning onasi ham masjidga borib, o‘g‘lining tilovatini tingladi. Uni odamlar olqishlab, ziyorat qilayotganini ko‘rib, yana ham quvondi. Uyga kelganida o‘g‘liga: «Bugun seni masjid xodimlarining sayyid bo‘lganingni ko‘rdim. Allohga hamdlar bo‘lsinki, mening duolarimni ijobat qildi», dedi. Shunda odobli o‘g‘il onasini quchib, uning qo‘llarini o‘pdi, unga o‘z tashakkurini izhor qildi.

Aliy Banno o‘g‘li shayx Mahmudni doim Shibro Bos qishlog‘ida bir masjid qurishini tayiinlar edi. Shayx Mahmud hayotining oxirgi yillarida bu vasiyatni bajarishga imkon topdi. Masjid ko‘tarilib, uning bezak ishlari tugatilar ekan, Mahmud Aliy Bannoning ham hayoti oxirlar edi.

Mahmud Aliy Bannoning vafoti

Shayx Mahmud 1985 yil Ramazon oyida Abu Dabiyga Ramazon kechalarini o‘tkazib berishi va Qur’oni karimni tasmaga to‘liq xatm qilib berishi uchun taklif qilishdi. Safardan qaytgach, u kishida bir bemorlik yuz berdi. Kasal borgan sari zo‘rayib borardi. Oxiri u kishini Qohiradagi shifoxonalardan biriga yotqizildi. U bu yerda ikki xafta yotdi. Vafotidan ikki kun oldin farzandlarini chaqirib, o‘g‘li Ahmadga qozog‘-qalam olishni buyurdi. Ahmad otamning yodiga biror narsa tushdi shekli, deb o‘ylar edi. Shayx unga dedi: «Yoz: «Arab va Islom olami radiosi xodimi Mahmud Aliy Banno Allohning rahmatiga intiqol qildi... o‘g‘li uni chalg‘itmoqchi bo‘lib: «Sakson yosh desam-chi?» dedi. Shayx: «Yo‘q, o‘g‘lim. Umr tugadi, ajal yetib keldi. Sen mening gapimni bo‘lmay yoz», dedi. U bor mol-mulkini farzandlariga shariatga muvofiq taqsimlab berdi. Keyin ulardan: «Mendan yaana nima talablaringiz bor?» dedi. Yig‘idan ko‘zlaridan yosh quyilayotgan farzandlar ho‘ngrab yuborishdi. Shayx o‘zining oxirgi marosimi qanday o‘tkazishni farzandlariga tayinlar ekan: «Mening sizlardan oxirgi iltimosim – tobutim yoniga ovoz yozish uskunasida Qur’on tilovatini qo‘yib qo‘yasiz, toki qabrimga kirgunimcha u menga hamroh bo‘lsin», dedi.

Shayx Mahmud vafotidan bir kun oldin o‘zining qadrdon do‘sti Mutavalliy Sha’roviyni so‘radi. Yaqinlari shayx janoblari Qizil dengiz bo‘yida  safarda ekanini aytishdi. Shunda Mahmud Aliy Banno: «U yetib kelgan», dedi. Haqiqatan ham Sha’roviyning uyiga borishsa, safardan kelib turgan ekan. U kishi xabarni eshitib, darhol shifoxonaga yetib keldi. Shayx Sha’roviy o‘zini tutib tura olmay, yig‘lab yubordi. Mahmud Aliy Banno do‘stiga janozasida ishtirok etishini vasiyat qildi. Sha’roviy esa: «Albatta, biz Allohnikimiz va Unga qaytguvchidirmiz» deya oldi, xolos.

Shayx Mahmud Aliy Banno1405/zulqa’da/03 hijriy, 20/07/1985 milodiy sanada shanba kuni vafot etdi. U kishining janozasi «Imom Husayn» masjidida o‘qildi. Janozada vasiyatga muvofiq, shayx Mutavalli Sha’roviy imom bo‘ldi. Shayx Mahmud o‘zining vasitiga ko‘ra kindik qoni to‘kilgan qishlog‘i Shibro Bosdagi o‘zi qurdirgan masjid yonidagi maqbarasiga dafn qilindi.

Shunday qilib, yarim asrdan ziyoda Qur’on bilan ziynatlangan umr nihoyasiga yetdi. Shayx Sha’roviy do‘sti Mahmud Aliy Bannoni oxirgi manziliga kuzatib qo‘yar ekan, o‘zining yodnomasida quyidagi dilso‘zlarini qoldirdi:

«Allohim, Mahmudga Qur’ondan o‘qigan har bir harfi evaziga hasanot ato etgin. Qur’onni uning uchun bir nur qilginki, o‘sha nur bilan u Sen sari yursin. Unga shunday bir nur ato etginki, u nur bilan nuring sari yura olsinlar. Zero, Sening nuringni nuringdan bir shu’lasi berilgan kishigina ko‘ra oladi. Chunki Sening nuringga faqatgina O‘z nuring bardosh bera oladi…»

Mahmud Aliy Bannoning vafoti Islom ummati uchun katta musibat bo‘ldi. U kishining ovozlari qirq yil davomida qaerlarga borgan bo‘lsa, motamlari ham shuncha yerga yetdi. Butun Misr xalqi bu ulug‘ farzandidan ayrilganidan qattiq qayg‘u chekdi va uning oritdan xayrli duolar qildi.

Aliy Bannoning nomini abadiylashtirish maqsadida Misr hukumati 1990 yil Qadr kechasida bo‘lib o‘tgan ilmiy anjumanda «Ilm va fan ordeni»ga shayx Aliy Banno nomini berdi, «Shayx Aliy Banno ordeni» ta’sis etildi. Shuningdek, bir qancha qishloq, mahalla va ko‘chalarga ham u kishining nomi berildi.

Quran.uz

Мулоҳаза қўшиш


Ҳимоя коди
Янгилаш