Имом Қаффол аш-Шоший

Рукн: Фақиҳлар Чоп этилган: 11.12.2014

Тошкент — ўрта аср араб манбаларида эса Шош — тарих жараёнида кўплаб шоир ва адиблар, алломалар, риёзат ва табобат аҳилларини етиштирган. Ана шундай алломалардан бири Қаффол аш-Шошийдир.

Қаффол аш-Шошийнинг тўла исми Абу Бакр ибн Али Исмоил Қаффол аш-Шоший бўлиб, араб манбаларида унинг ҳурматини бажо келтириш учун номига катта, улуғ ё муҳтарам маъносини ифодалайдиган "ал-Кабир" сўзини қўшиб ёзадилар. Бу билан ўтмишдошларимиз Қаффол аш-Шошийга нисбатан буюк эҳтиромни ифода этганлар.

Қаффол аш-Шоший ҳунарманд оилада дунёга келган кўринади. Шу сабабдан "Қаффол" — қулфсоз деб машҳур бўлган.

Қаффол аш-Шоший асли қулфсоз уста бўлиб, кичик ва нозик қулфлар ясайдиган, қўли гул киши бўлган.

Аш-Шоший дастлабки таълимни ўз юртида, кейинчалик Марказий Осиёда мавжуд маърифат ўчоқларидан олади. Самарқанд, Бухоро, Термиз каби шаҳарларни кезади. Бу ерларда ундан сал олдинроқ ўтган ва анчагина мерос қолдирган Имом Исмоил ал-Бухорий (810—870), Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий (824—892) каби йирик мутафаккир олимлар мероси билан танишади, улардан баҳраманд бўлади. У бирмунча вақт Самарқандда яшаб, у ерда таълим олди. Қаффол аш-Шоший қаттиқ киришиб фиқҳшуносликни ўрганади. Зеро бу фан мусулмон Шарқ ўлкаларида жуда кенг тарқалган ва ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу фанни эгаллаган кишилар ҳамма жойда қадрланар, уларга зарурат ҳам катта, чунки ижтимоий ҳаётда қонуншуносликка талаб катта бўлиб туриши табиий эди. Қаффол аш-Шоший фиқҳ илмини эгаллаш билан бирга фикр доираси ўта кенг, фалсафа, мантиқ, адабиёт соҳаларини ҳам пухта эгаллаган, бу соҳаларда энг билимдонлар билан мунозара қила оладиган қудратга эга бўлган бир зот эди.

Қаффол аш-Шоший доимо илм-маърифат истагида қўним топмай, бир ўлкадан иккинчисига — илм чашмаларидан баҳраманд бўлиш ниятида Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларини кезади, Ҳижоз, Бағдод, Дамашқ каби шаҳарларга боради, у ерларда замонасининг кўзга кўринган олимларидан илм-маърифат ўрганади.

Қаффол аш-Шошийнинг таълим олган устозларига қараб ҳам унинг билими, қандай фанларни ўрганганлигини билиш мумкин. Манбаларнинг кўрсатишича, Қаффол аш-Шошийнинг қонуншунослик ва тарих соҳасидаги устози машҳур олим ат-Табарий (839— 923) эди. Маълум бўлишича, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий Мусулмон Шарқ мамлакатларининг энг йирик тарихчиси бўлиб, кўп жилдлик асарлар муаллифи эди.

Қаффол аш-Шошийнинг иккинчи йирик устози Абул-Ҳасан Али ибн Абу Мусо ал-Ашъарий (873—941) эди. Бу киши Шарқтса каломчилар оқимининг асосчиси бўлиб, бу соҳада анчагина асарлар ёзган эди. Аш-Ашъорий аслида ислом фалсафасида машҳур бўлган ашъария оқими асосчиси саналади. Тожиддин Абу Наср Абдулваҳҳод ас-Субкийнинг (туғилган йили 1327) хабар беришича, "Қаффол аш-Шоший олим ал-Ашъорийдан калом илмини ўрганар ва ўз навбатида ал-Ашъорий ундан қонуншунослик соҳасини ўрганар экан".

Араб олими ва библиографи ибн Халликон (1211—1282) ўзининг "Вафоёт ал-аъён" ("Улуғ кишилар вафоти") деган асарида Қаффол аш-Шоший ҳақида тўхтаб шуларни ёзади: "Қаффол аш-Шоший ҳадис илмини билган, тилшунос, шоир одам эди. Ўша вақтда Мовароуннарҳрда у кишига тенг келадиган олим йўқ эди. Бу киши Хуросон, Ироқ, Ҳижоз, Шом (Сурия) ва бошқа ўлкаларга саёҳат қилиб, ҳамма ерда ҳам ном таратди... у кишининг кўп асарлари бўлган".

Қаффол аш-Шоший қонуншунослик, мантиқ каби соҳаларга оид асар ёзган. Унинг "Одоб ал-қози" ("Қозининг феъл-атвори"), "Одоб ал-баҳс" ("Баҳс одоби") деган таълифи бўлиб, араб тилидаги шеърлари маълум. Бу хусусда юқорида зикр қилинган араб олими ибн Халликон ёзади: "Қонуншунослардан дастлаб отилиб чиқиб "Ҳусни жадал" ("Диалектика гўзаллиги") деган асар ёзган киши ҳам шу Қаффол аш-Шоший эди".

Қаффол аш-Шоший яхши шоир ҳам бўлиб, ўз шеърларини араб тилида ёзган. Аммо унинг шеърий ижоди давримизгача етиб келмаган, фақатгина ас-Субҳийнинг "Табақат аш-Шофиийя" ("Шофиийя мазҳаби даражалари") деган китобда унинг шеърларидан парчалар сақланиб қолган. Унинг ўша шеърларида шундай сатрлар ҳам бор:

"Кимки уйимга меҳмон бўлиб келадиган бўлса, дастурхоним доимо унинг учун ёзилган бўлади. Кимки менинг дастурхонимдан бирор нарса еса, (билсинки) ундаги барча ноз-неъмат пешона терим билан топилган, (яъни) ҳалол бўлади.

Биз бор-будимизни меҳмон олдига қўямиз. Бордию (қўйишга) нарса тополмасак, у ҳолда сабзавот билан сирка қўямиз. Шунда беғараз, кўнгли очиқ одам бўлса, у бунга рози бўлиб кўнади; бордию бахил бўлса, у ҳолда уни мен тузата олмайман ".

Қаффол аш-Шошийнинг қонуншуносликка доир асари давр тақозасига кўра ислом тарқалган мамлакатларда кенг кўламда ёйилди.

Қаффол аш-Шошийнинг қаламига мансуб бўлган шеърлар ас-Субкий асарига кириб қолган. Бу парчадан маълум бўлишича, Византия императори билан араб халифаси ўртасида жанжалли ёзишмалар бўлади. Бу ёзишмаларда Византия императори араб халифалигига дўқ ва пўписа билан мурожаат қилиб, бир вақтлар унинг ерлари бўлган, ҳозир эса Бағдод халифаси эгаллаб турган ўлкаларни тинчлик билан, осонликча уларга қайтариб беришни талаб қилади. Византия ҳукмдорлари мактубни баландпарвоз чиқиши учун уни араб тилида шеър билан битадилар. Шеър ҳошимийлар хонадонидан бўлмиш ҳукмрон халифага деб аталган. Мактубда шундай сатрлар ҳам бор:

"Биз шердек отилиб чиқиб, ўз ерларимизни эгалладик. Дамашқ ўлкаси эса ота-боболаримиз маскани эди, биз бу диёр мол-мулкига эга бўламиз, Мисрни ҳам қиличимиз тиғи билан эгаллаймиз. Ҳижоз, Бағдод, Шероз, Рай, Хуросон, Қуддус, Шарқу Ғарб ҳаммасини эгаллаймиз" деб халифа ва унинг саркардаларига дағдаға солади, уларни айёрлик билан қўрқитмоқчи ва ниҳоят уларни осонликча қўлга киритмоқчи бўлади. Худди мана шу воқеалар бўлган кезда Қаффол аш-Шоший Бағдод шаҳрида бўлади. У халифаликда иқтидори зўр олим, сарой аъёнлари ўртасида яхшигина қонуншунос, забардаст шоир сифатида танилган эди. Шу сабабдан Византия ҳукмдорининг лашкарбошиси Тағфур (араб манбаларида Такфур) хатига жавоб ёзишни халифалик номидан Қаффол аш-Шошийга топширилади. Бу ҳам аллома аш-Шошийга нисбатан катта эҳтиром эди.

Қаффол аш-Шоший мактубни ўқиб кўриб, ўша мактуб ёзилган шеър вазнида ва ўша тарздаги қофияда Тағфур номига араб тилида жавоб шеърини ёзади. Византияликларга мана шу аш-Шоший ёзган жавоб хатининг етмиш тўрт байти (148 йўли) юқорида зикр қилинган Тожиддин ас-Субкийнинг "Табақат аш-Шофиийя" асари ичида сақланиб қолган. Ас-Субкийнинг ёзишича, византияликлар, хусусан, унинг лашкарбошиси Тағфур аш-Шошийнинг бу жавоб шеърини ўқиб, даҳшатга тушади. Сўнг лашкарбошилар бундан таажжубга тушиб, бир-бирларидан сўрашибди:

— Бу жавобни ёзган киши ким бўлди экан, у қайси юртдан экан, халифаликда биз бундай истеъдодли зот борлигини билмас эдик-ку?

Хуллас Византия лашкарбошиларини Қаффол аш-Шошийнинг дипломатия тарзида ёзилган жавоб мактуби эсанкиратиб қўяди. Воқеанинг нима билан тугашининг бугунги кунда аҳамияти йўқ, лекин бу биргина мисол орқали Қаффол аш-Шошийнинг забардаст давлат арбоби, ҳозиржавоб шоир эканлиги маълум бўлади.

Қаффол аш-Шоший шундай улуғвор ва довюрак шоир, ажойиб бир шахс бўлган. Афсуски, унинг адиблик, шоирлик, тилшунослик, мантиқшунослик фаолияти билан деярли ҳеч ким шуғулланмади, унинг жадал диалектикага оид асари ҳам ўрганилган эмас.

Манбаларнинг кўрсатишича, бағдодлик Хўжа Муҳаммад Номий деган олим Қаффол аш-Шоший қўлида ўқиган, натижада у билан қалин дўст бўлиб қолган экан. Шу киши ўз оиласи билан бирга аш-Шошийга эргашиб Тошкентга келган, умрининг охиригача шу ерда қолиб кетган. Қаффол аш-Шоший 976 йили Тошкентда вафот этган ва шу ерда дафн этилган. Ҳозир Тошкентнинг халқ орасида "Ҳастимом" деб аталадиган жой шу мўътабар зотга нисбатан айтиладиган ном "Ҳазрати имом"нинг қисқаргани бўлади. Аслида бу жойнинг номи Ҳазрати Имом Қаффол аш-Шошийдир. У кишининг қабрлари теграсида Тошкентда машҳур бўлган мўътабар зотлар дафн этилган.

Қаффол аш-Шоший мақбараси Тошкентнинг энг эски, қўзга кўринган табаррук бир қадамжоси саналади.

Абдусодиқ Ирисов
"Маънавиятимиз юлдузлари" китобидан олинди.

* * *

Toshkent — o‘rta asr arab manbalarida esa Shosh — tarix jarayonida ko‘plab shoir va adiblar, allomalar, riyozat va tabobat ahillarini yetishtirgan. Ana shunday allomalardan biri Qaffol ash-Shoshiydir.

Qaffol ash-Shoshiyning to‘la ismi Abu Bakr ibn Ali Ismoil Qaffol ash-Shoshiy bo‘lib, arab manbalarida uning hurmatini bajo keltirish uchun nomiga katta, ulug‘ yo muhtaram ma’nosini ifodalaydigan "al-Kabir" so‘zini qo‘shib yozadilar. Bu bilan o‘tmishdoshlarimiz Qaffol ash-Shoshiyga nisbatan buyuk ehtiromni ifoda etganlar.

Qaffol ash-Shoshiy hunarmand oilada dunyoga kelgan ko‘rinadi. Shu sababdan "Qaffol" — qulfsoz deb mashhur bo‘lgan.

Qaffol ash-Shoshiy asli qulfsoz usta bo‘lib, kichik va nozik qulflar yasaydigan, qo‘li gul kishi bo‘lgan.

Ash-Shoshiy dastlabki ta’limni o‘z yurtida, keyinchalik Markaziy Osiyoda mavjud ma’rifat o‘choqlaridan oladi. Samarqand, Buxoro, Termiz kabi shaharlarni kezadi. Bu yerlarda undan sal oldinroq o‘tgan va anchagina meros qoldirgan Imom Ismoil al-Buxoriy (810—870), Abu Iso Muhammad at-Termiziy (824—892) kabi yirik mutafakkir olimlar merosi bilan tanishadi, ulardan bahramand bo‘ladi. U birmuncha vaqt Samarqandda yashab, u yerda ta’lim oldi. Qaffol ash-Shoshiy qattiq kirishib fiqhshunoslikni o‘rganadi. Zero bu fan musulmon Sharq o‘lkalarida juda keng tarqalgan va ijtimoiy hayotda muhim ahamiyatga ega bo‘lib, bu fanni egallagan kishilar hamma joyda qadrlanar, ularga zarurat ham katta, chunki ijtimoiy hayotda qonunshunoslikka talab katta bo‘lib turishi tabiiy edi. Qaffol ash-Shoshiy fiqh ilmini egallash bilan birga fikr doirasi o‘ta keng, falsafa, mantiq, adabiyot sohalarini ham puxta egallagan, bu sohalarda eng bilimdonlar bilan munozara qila oladigan qudratga ega bo‘lgan bir zot edi.

Qaffol ash-Shoshiy doimo ilm-ma’rifat istagida qo‘nim topmay, bir o‘lkadan ikkinchisiga — ilm chashmalaridan bahramand bo‘lish niyatida Yaqin va O‘rta Sharq mamlakatlarini kezadi, Hijoz, Bag‘dod, Damashq kabi shaharlarga boradi, u yerlarda zamonasining ko‘zga ko‘ringan olimlaridan ilm-ma’rifat o‘rganadi.

Qaffol ash-Shoshiyning ta’lim olgan ustozlariga qarab ham uning bilimi, qanday fanlarni o‘rganganligini bilish mumkin. Manbalarning ko‘rsatishicha, Qaffol ash-Shoshiyning qonunshunoslik va tarix sohasidagi ustozi mashhur olim at-Tabariy (839— 923) edi. Ma’lum bo‘lishicha, Abu Ja’far Muhammad ibn Jarir at-Tabariy Musulmon Sharq mamlakatlarining eng yirik tarixchisi bo‘lib, ko‘p jildlik asarlar muallifi edi.

Qaffol ash-Shoshiyning ikkinchi yirik ustozi Abul-Hasan Ali ibn Abu Muso al-Ash’ariy (873—941) edi. Bu kishi Sharqtsa kalomchilar oqimining asoschisi bo‘lib, bu sohada anchagina asarlar yozgan edi. Ash-Ash’oriy aslida islom falsafasida mashhur bo‘lgan ash’ariya oqimi asoschisi sanaladi. Tojiddin Abu Nasr Abdulvahhod as-Subkiyning (tug‘ilgan yili 1327) xabar berishicha, "Qaffol ash-Shoshiy olim al-Ash’oriydan kalom ilmini o‘rganar va o‘z navbatida al-Ash’oriy undan qonunshunoslik sohasini o‘rganar ekan".

Arab olimi va bibliografi ibn Xallikon (1211—1282) o‘zining "Vafoyot al-a’yon" ("Ulug‘ kishilar vafoti") degan asarida Qaffol ash-Shoshiy haqida to‘xtab shularni yozadi: "Qaffol ash-Shoshiy hadis ilmini bilgan, tilshunos, shoir odam edi. O‘sha vaqtda Movarounnarhrda u kishiga teng keladigan olim yo‘q edi. Bu kishi Xuroson, Iroq, Hijoz, Shom (Suriya) va boshqa o‘lkalarga sayohat qilib, hamma yerda ham nom taratdi... u kishining ko‘p asarlari bo‘lgan".

Qaffol ash-Shoshiy qonunshunoslik, mantiq kabi sohalarga oid asar yozgan. Uning "Odob al-qozi" ("Qozining fe’l-atvori"), "Odob al-bahs" ("Bahs odobi") degan ta’lifi bo‘lib, arab tilidagi she’rlari ma’lum. Bu xususda yuqorida zikr qilingan arab olimi ibn Xallikon yozadi: "Qonunshunoslardan dastlab otilib chiqib "Husni jadal" ("Dialektika go‘zalligi") degan asar yozgan kishi ham shu Qaffol ash-Shoshiy edi".

Qaffol ash-Shoshiy yaxshi shoir ham bo‘lib, o‘z she’rlarini arab tilida yozgan. Ammo uning she’riy ijodi davrimizgacha yetib kelmagan, faqatgina as-Subhiyning "Tabaqat ash-Shofiiyya" ("Shofiiyya mazhabi darajalari") degan kitobda uning she’rlaridan parchalar saqlanib qolgan. Uning o‘sha she’rlarida shunday satrlar ham bor:

"Kimki uyimga mehmon bo‘lib keladigan bo‘lsa, dasturxonim doimo uning uchun yozilgan bo‘ladi. Kimki mening dasturxonimdan biror narsa yesa, (bilsinki) undagi barcha noz-ne’mat peshona terim bilan topilgan, (ya’ni) halol bo‘ladi.

Biz bor-budimizni mehmon oldiga qo‘yamiz. Bordiyu (qo‘yishga) narsa topolmasak, u holda sabzavot bilan sirka qo‘yamiz. Shunda beg‘araz, ko‘ngli ochiq odam bo‘lsa, u bunga rozi bo‘lib ko‘nadi; bordiyu baxil bo‘lsa, u holda uni men tuzata olmayman ".

Qaffol ash-Shoshiyning qonunshunoslikka doir asari davr taqozasiga ko‘ra islom tarqalgan mamlakatlarda keng ko‘lamda yoyildi.

Qaffol ash-Shoshiyning qalamiga mansub bo‘lgan she’rlar as-Subkiy asariga kirib qolgan. Bu parchadan ma’lum bo‘lishicha, Vizantiya imperatori bilan arab xalifasi o‘rtasida janjalli yozishmalar bo‘ladi. Bu yozishmalarda Vizantiya imperatori arab xalifaligiga do‘q va po‘pisa bilan murojaat qilib, bir vaqtlar uning yerlari bo‘lgan, hozir esa Bag‘dod xalifasi egallab turgan o‘lkalarni tinchlik bilan, osonlikcha ularga qaytarib berishni talab qiladi. Vizantiya hukmdorlari maktubni balandparvoz chiqishi uchun uni arab tilida she’r bilan bitadilar. She’r hoshimiylar xonadonidan bo‘lmish hukmron xalifaga deb atalgan. Maktubda shunday satrlar ham bor:

"Biz sherdek otilib chiqib, o‘z yerlarimizni egalladik. Damashq o‘lkasi esa ota-bobolarimiz maskani edi, biz bu diyor mol-mulkiga ega bo‘lamiz, Misrni ham qilichimiz tig‘i bilan egallaymiz. Hijoz, Bag‘dod, Sheroz, Ray, Xuroson, Quddus, Sharqu G‘arb hammasini egallaymiz" deb xalifa va uning sarkardalariga dag‘dag‘a soladi, ularni ayyorlik bilan qo‘rqitmoqchi va nihoyat ularni osonlikcha qo‘lga kiritmoqchi bo‘ladi. Xuddi mana shu voqealar bo‘lgan kezda Qaffol ash-Shoshiy Bag‘dod shahrida bo‘ladi. U xalifalikda iqtidori zo‘r olim, saroy a’yonlari o‘rtasida yaxshigina qonunshunos, zabardast shoir sifatida tanilgan edi. Shu sababdan Vizantiya hukmdorining lashkarboshisi Tag‘fur (arab manbalarida Takfur) xatiga javob yozishni xalifalik nomidan Qaffol ash-Shoshiyga topshiriladi. Bu ham alloma ash-Shoshiyga nisbatan katta ehtirom edi.

Qaffol ash-Shoshiy maktubni o‘qib ko‘rib, o‘sha maktub yozilgan she’r vaznida va o‘sha tarzdagi qofiyada Tag‘fur nomiga arab tilida javob she’rini yozadi. Vizantiyaliklarga mana shu ash-Shoshiy yozgan javob xatining yetmish to‘rt bayti (148 yo‘li) yuqorida zikr qilingan Tojiddin as-Subkiyning "Tabaqat ash-Shofiiyya" asari ichida saqlanib qolgan. As-Subkiyning yozishicha, vizantiyaliklar, xususan, uning lashkarboshisi Tag‘fur ash-Shoshiyning bu javob she’rini o‘qib, dahshatga tushadi. So‘ng lashkarboshilar bundan taajjubga tushib, bir-birlaridan so‘rashibdi:

— Bu javobni yozgan kishi kim bo‘ldi ekan, u qaysi yurtdan ekan, xalifalikda biz bunday iste’dodli zot borligini bilmas edik-ku?

Xullas Vizantiya lashkarboshilarini Qaffol ash-Shoshiyning diplomatiya tarzida yozilgan javob maktubi esankiratib qo‘yadi. Voqeaning nima bilan tugashining bugungi kunda ahamiyati yo‘q, lekin bu birgina misol orqali Qaffol ash-Shoshiyning zabardast davlat arbobi, hozirjavob shoir ekanligi ma’lum bo‘ladi.

Qaffol ash-Shoshiy shunday ulug‘vor va dovyurak shoir, ajoyib bir shaxs bo‘lgan. Afsuski, uning adiblik, shoirlik, tilshunoslik, mantiqshunoslik faoliyati bilan deyarli hech kim shug‘ullanmadi, uning jadal dialektikaga oid asari ham o‘rganilgan emas.

Manbalarning ko‘rsatishicha, bag‘dodlik Xo‘ja Muhammad Nomiy degan olim Qaffol ash-Shoshiy qo‘lida o‘qigan, natijada u bilan qalin do‘st bo‘lib qolgan ekan. Shu kishi o‘z oilasi bilan birga ash-Shoshiyga ergashib Toshkentga kelgan, umrining oxirigacha shu yerda qolib ketgan. Qaffol ash-Shoshiy 976 yili Toshkentda vafot etgan va shu yerda dafn etilgan. Hozir Toshkentning xalq orasida "Hastimom" deb ataladigan joy shu mo‘‘tabar zotga nisbatan aytiladigan nom "Hazrati imom"ning qisqargani bo‘ladi. Aslida bu joyning nomi Hazrati Imom Qaffol ash-Shoshiydir. U kishining qabrlari tegrasida Toshkentda mashhur bo‘lgan mo‘‘tabar zotlar dafn etilgan.

Qaffol ash-Shoshiy maqbarasi Toshkentning eng eski, qo‘zga ko‘ringan tabarruk bir qadamjosi sanaladi.

Abdusodiq Irisov
"Ma‘naviyatimiz yulduzlari" kitobidan olindi.