Имом Абу Мансур ал-Мотуридий

Рукн: Ақида имомлари Чоп этилган: 11.12.2014

Абу Мансур ал-Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик оқимлардан бири бўлмиш Мотуридия оқимининг асосчиларидан ҳисобланади. Унинг ҳаёти ҳақида маълумотлар жуда оздир. Тўлиқ номи Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандийдир. Буюк калом имоми ва фикҳ олими асли Самарқанднинг Мотурид қишлоғидан (ҳозирги Жонбой раёнида жойлашган) бўлиб, унинг тахаллуси шу қишлоққа нисбатан олингандир. Абу Мансур ал-Мотуридий дастлабки таълимни шу қишлоқда олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандда давом эттиради.

Ал-Мотуридий яшаган давр Сомонийлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келади. Самарқанд дастлаб бу давлатнинг пойтахти бўлиб, сўнгра ИХ асрнинг охиридан бошлаб пойтахт Бухорога кўчирилди. Бироқ ўша вақтда ҳам Самарқанд Бухоро билан бир қаторда Мовароуннаҳрнинг иқтисодий-маданий маркази бўлиб қолаверади.

Абу Мансур ал-Мотуридий туғилган йили ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. У Самарқандда 944—945 йилда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза деган қабристонга кўмилган.

Баъзи манбаларда унинг Самарқанддаги ал-Аёзий мадрасасида таълим олгани қайд этилган. Ал-Мотуридий Абу Бакр Аҳмад ал-Жузжоний, Абу Наср Аҳмад ал-Иёдий, Имом Аъзам мазҳабидаги буюк олим Наср ибн Яҳё ал-Балхий, Муҳаммад ибн ал-Фадл кабиларни ўзининг устози деб билган.

Ал-Мотуридий фиқҳ ва калом масалалари билан қизиқиб, Ҳанафия мазҳаби олимларидан дарс олиб ўз билимини оширади. Шу вақт давомида кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқатда бўлган ва мунозаралар қилган. Бутун умри давомида шу соҳага оид асарлар ёзиб қолдиргандир. Маҳмуд ибн Сулаймон ал-Кафавийнинг (вафоти 1582 йил) "Катоиб ул-аълом ал-ахёр фи табоқот ва машаойих мазаҳаб ан-Нуъмон" ("Нуъмон мазҳабига мансуб бўлган таниқли аллома фақиҳлар ва шайхлар ҳақидаги китоб") номли китобида ал-Мотуридий ва унинг асарлари ҳақида айрим маълумотлар берилади. Масалан, қуйидаги асарлари номлари келтирилган: "Китаб Тавҳид" ("Алломани яккалашлар китоби"), "Китаб Мақомат", "Китаб рад авомил лил адила лил кабий" ("Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб"), "Китаб баён ва ҳум ул-муътазила" ("Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни"), "Китаб Таъвилот ал-Қуръон" ("Куръон таъвили китоби").

Лекин Ҳожи Халифанинг (1609—1659) "Кашф аз-зунун ан-асомил кутуб ва-л-фунун" ("Китоб ва фанлар номлари ҳақидаги шубҳаларни бартараф этиш китоби") китобида эътироф этилишича, яна Абу Мансур ал-Мотуридийнинг "Ма ҳази аш-шариъа" ("Шариат асослари сараси"), "Китаб ал-жадал" ("Диалектика ҳақида китоб") каби асарлари ҳам бўлган. Булардан ташқари ал-Мотуридийнинг "Китаб ал-усул" ("Диний-таълимот усули китоби") асари ҳам маълум.

Абу Мансур ал-Мотуридийнинг кўп асарлари бизгача етиб келмаган, етиб келганлари ҳам асосан хорижий мамлакатлар кутубхона ва қўлёзма фондларида сақланади.

Ал-Мотуридий ислом оламида жуда нозик ҳисобланган "Китаб Тавҳид" — асари бизнинг давримизга етиб келган ва у 1970 йилда Фатҳуллоҳ Хулиф томонидан Байрутда нашр этилган.

У ислом динидаги суннийларнинг тўртта асосий мазҳаби асосчиларининг асарларини ўрганиб, фиқҳга ва каломга оид асар ёзади.

Бу ал-Мотуридийнинг "Таъвилот аҳли сунна" ёки бошқа бир номи "Таъвилот ал-Қуръон" деб номланади. Ал-Мотуридий бу асарида сунний ақидага (таъвилда) зид қарашларни рад қилишга ҳаракат қилади ва Абу Ханифанинг қарашларига суянган холда иш кўради. Бу асар Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланади. "Таъвилот"нинг биринчи жилди Қоҳирада 1971 йилда Иброҳим Авадайн ва ас-Саид Авадайнлар томонидан нашр этилган.

Ал-Мотуридийнинг бу биргина асари тарих жараёнида кўп алломалар асарларига асос солган, улар ижодига туртки бўлган.

Шулардан бири Аловуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самарқандийнинг шарҳидир. У "Шарқтаъвилот аҳпи ас-сунна" деб номланиб, Институт фондида бу асарни иккита нусхаси сақланади.

Шу билан бирга ал-Мотуридий номи остида ёзилган бир неча сохта асарлар ҳам маълумдир. Масалан: "Фавоид" (қоидалар), бошқа номи "Панднома", "Китоб ал-Усул", "Шарҳ ал-Фиқҳ ал-Акбар" асарлари шулар жумласидандир. Бу ал-Мотуридийнинг диний илмлар намояндалари орасида қанчалик машҳур бўлганлигидан далолат беради.

Ал-Мотуридий кўп шогирдлар етиштирди, улар орасида ислом оламига машҳур алломалар: Абу-л-Ҳасан ар-Рустуғфаний (вафоти 961), Ишоқ ибн Муҳаммад ас-Самарқандий ва Абду-л-Карим ал-Паздавий (вафоти 999), Абу Аҳмад ал-Иёдий каби олимлар бор эди. Шогирдлари ўз устозларининг таълимотини давом эттиришганлиги туфайли Ҳанафия мазҳабидагилар ичида Мотуридия оқими вужудга келган.

Абу Мансур ал-Мотуридийнинг замондошлари ҳамда ҳамфикрларидан машҳур фиҳқ олими Абу-л-Қосим Ҳаким ас-Самарқандийни алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим. Бу олим Самарқандда туғилиб, бутун умрини шу ерда ўтказган (вафоти 953). Фиқҳ ва калом соҳасида машҳур бўлган.

Абу Мансур умри давомида фақиҳлар, муҳаддислар билан мулоқатда бўлган ва мунозарлар олиб борган. У ислом дини Ҳанафия мазҳабини Мовароуннаҳрда тарқатиш ва ўзидан кейинги авлодларга қусурсиз етказиш ишига муҳим ҳисса қўшди.

Ал-Мотуридий нафақат фиҳқ, калом илмига оид, балки бошқа фанларга оид асарлар ҳам ёзган деб айтиш мумкин. ЎзР ФАнинг Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган ал-Мотуридийнинг овчиликка оид асари бунга далил бўлади. Бу асарнинг бир қўлёзма нусхаси "Рисола жонвор дорий" ("Жонворларга оид рисола") деб номланган бўлиб, унда овчи қушларни боқиш ҳақида фикр юритилади. Бу асарда овчи бургутларнинг ҳар хил зотлари, уларнинг ташқи кўринишлари, озиқлантириш, овга яроқлилиги билан бир қаторда кўпайтириш, изи ва чатиштириш усуллари каби масалаллр ҳақида гап боради.

Ал-Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади.

Ал-Мотуридийни улуғлаб "Имом ал-Худа" ва "Имом ал-мутакаллимин" (Ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми) каби номлар билан ҳам атаганлар.

Мовароуннаҳр — Марказий Осиё халқлари турли фалсафий, табиий, аниқ фанлар, адабиёт, санъат соҳаларида дунёга машҳур сиймолар, алломалар билан бирга ислом назарияси, диний илмлар бўйича ҳам ал-Мотуридийдек бутун мусулмон оламида ном қозонган олимларни ҳам етиштириб чиқардилар.

Ш.Зиётов
"Маънавиятимиз юлдузлари" китобидан олинди.

* * *

Abu Mansur al-Moturidiy sunniy e’tiqodidagi ikki yirik oqimlardan biri bo‘lmish Moturidiya oqimining asoschilaridan hisoblanadi. Uning hayoti haqida ma’lumotlar juda ozdir. To‘liq nomi Abu Mansur Muhammad ibn Muhammad ibn Mahmud al-Hanafiy al-Moturidiy as-Samarqandiydir. Buyuk kalom imomi va fikh olimi asli Samarqandning Moturid qishlog‘idan (hozirgi Jonboy rayonida joylashgan) bo‘lib, uning taxallusi shu qishloqqa nisbatan olingandir. Abu Mansur al-Moturidiy dastlabki ta’limni shu qishloqda olib, keyinchalik Movarounnahrning o‘sha davrdagi diniy va ma’rifiy markazi bo‘lgan Samarqandda davom ettiradi.

Al-Moturidiy yashagan davr Somoniylar hukmronlik qilgan davrga to‘g‘ri keladi. Samarqand dastlab bu davlatning poytaxti bo‘lib, so‘ngra IX asrning oxiridan boshlab poytaxt Buxoroga ko‘chirildi. Biroq o‘sha vaqtda ham Samarqand Buxoro bilan bir qatorda Movarounnahrning iqtisodiy-madaniy markazi bo‘lib qolaveradi.

Abu Mansur al-Moturidiy tug‘ilgan yili haqida aniq ma’lumotlar yo‘q. U Samarqandda 944—945 yilda vafot etgan va shahar chekkasidagi Chokardiza degan qabristonga ko‘milgan.

Ba’zi manbalarda uning Samarqanddagi al-Ayoziy madrasasida ta’lim olgani qayd etilgan. Al-Moturidiy Abu Bakr Ahmad al-Juzjoniy, Abu Nasr Ahmad al-Iyodiy, Imom A’zam mazhabidagi buyuk olim Nasr ibn Yahyo al-Balxiy, Muhammad ibn al-Fadl kabilarni o‘zining ustozi deb bilgan.

Al-Moturidiy fiqh va kalom masalalari bilan qiziqib, Hanafiya mazhabi olimlaridan dars olib o‘z bilimini oshiradi. Shu vaqt davomida ko‘plab mashhur faqihlar va muhaddislar bilan muloqatda bo‘lgan va munozaralar qilgan. Butun umri davomida shu sohaga oid asarlar yozib qoldirgandir. Mahmud ibn Sulaymon al-Kafaviyning (vafoti 1582 yil) "Katoib ul-a’lom al-axyor fi taboqot va mashaoyix mazahab an-Nu’mon" ("Nu’mon mazhabiga mansub bo‘lgan taniqli alloma faqihlar va shayxlar haqidagi kitob") nomli kitobida al-Moturidiy va uning asarlari haqida ayrim ma’lumotlar beriladi. Masalan, quyidagi asarlari nomlari keltirilgan: "Kitab Tavhid" ("Allomani yakkalashlar kitobi"), "Kitab Maqomat", "Kitab rad avomil lil adila lil kabiy" ("Ka’biy zalolatlarining boshlanishini rad qilishga bag‘ishlangan kitob"), "Kitab bayon va hum ul-mu’tazila" ("Mu’tazila g‘avg‘olari va undan qo‘rqmaslik haqidagi kitob bayoni"), "Kitab Ta’vilot al-Qur’on" ("Kur’on ta’vili kitobi").

Lekin Hoji Xalifaning (1609—1659) "Kashf az-zunun an-asomil kutub va-l-funun" ("Kitob va fanlar nomlari haqidagi shubhalarni bartaraf etish kitobi") kitobida e’tirof etilishicha, yana Abu Mansur al-Moturidiyning "Ma hazi ash-shari’a" ("Shariat asoslari sarasi"), "Kitab al-jadal" ("Dialektika haqida kitob") kabi asarlari ham bo‘lgan. Bulardan tashqari al-Moturidiyning "Kitab al-usul" ("Diniy-ta’limot usuli kitobi") asari ham ma’lum.

Abu Mansur al-Moturidiyning ko‘p asarlari bizgacha yetib kelmagan, yetib kelganlari ham asosan xorijiy mamlakatlar kutubxona va qo‘lyozma fondlarida saqlanadi.

Al-Moturidiy islom olamida juda nozik hisoblangan "Kitab Tavhid" — asari bizning davrimizga yetib kelgan va u 1970 yilda Fathulloh Xulif tomonidan Bayrutda nashr etilgan.

U islom dinidagi sunniylarning to‘rtta asosiy mazhabi asoschilarining asarlarini o‘rganib, fiqhga va kalomga oid asar yozadi.

Bu al-Moturidiyning "Ta’vilot ahli sunna" yoki boshqa bir nomi "Ta’vilot al-Qur’on" deb nomlanadi. Al-Moturidiy bu asarida sunniy aqidaga (ta’vilda) zid qarashlarni rad qilishga harakat qiladi va Abu Xanifaning qarashlariga suyangan xolda ish ko‘radi. Bu asar O‘zbekiston Respublikasi Fanlar Akademiyasining Abu Rayhon Beruniy nomidagi Sharqshunoslik instituti fondida saqlanadi. "Ta’vilot"ning birinchi jildi Qohirada 1971 yilda Ibrohim Avadayn va as-Said Avadaynlar tomonidan nashr etilgan.

Al-Moturidiyning bu birgina asari tarix jarayonida ko‘p allomalar asarlariga asos solgan, ular ijodiga turtki bo‘lgan.

Shulardan biri Alovuddin Abu Bakr Muhammad ibn Ahmad as-Samarqandiyning sharhidir. U "Sharqta’vilot ahpi as-sunna" deb nomlanib, Institut fondida bu asarni ikkita nusxasi saqlanadi.

Shu bilan birga al-Moturidiy nomi ostida yozilgan bir necha soxta asarlar ham ma’lumdir. Masalan: "Favoid" (qoidalar), boshqa nomi "Pandnoma", "Kitob al-Usul", "Sharh al-Fiqh al-Akbar" asarlari shular jumlasidandir. Bu al-Moturidiyning diniy ilmlar namoyandalari orasida qanchalik mashhur bo‘lganligidan dalolat beradi.

Al-Moturidiy ko‘p shogirdlar yetishtirdi, ular orasida islom olamiga mashhur allomalar: Abu-l-Hasan ar-Rustug‘faniy (vafoti 961), Ishoq ibn Muhammad as-Samarqandiy va Abdu-l-Karim al-Pazdaviy (vafoti 999), Abu Ahmad al-Iyodiy kabi olimlar bor edi. Shogirdlari o‘z ustozlarining ta’limotini davom ettirishganligi tufayli Hanafiya mazhabidagilar ichida Moturidiya oqimi vujudga kelgan.

Abu Mansur al-Moturidiyning zamondoshlari hamda hamfikrlaridan mashhur fihq olimi Abu-l-Qosim Hakim as-Samarqandiyni alohida ko‘rsatib o‘tish lozim. Bu olim Samarqandda tug‘ilib, butun umrini shu yerda o‘tkazgan (vafoti 953). Fiqh va kalom sohasida mashhur bo‘lgan.

Abu Mansur umri davomida faqihlar, muhaddislar bilan muloqatda bo‘lgan va munozarlar olib borgan. U islom dini Hanafiya mazhabini Movarounnahrda tarqatish va o‘zidan keyingi avlodlarga qusursiz yetkazish ishiga muhim hissa qo‘shdi.

Al-Moturidiy nafaqat fihq, kalom ilmiga oid, balki boshqa fanlarga oid asarlar ham yozgan deb aytish mumkin. O‘zR FAning Beruniy nomidagi Sharqshunoslik instituti fondida saqlanayotgan al-Moturidiyning ovchilikka oid asari bunga dalil bo‘ladi. Bu asarning bir qo‘lyozma nusxasi "Risola jonvor doriy" ("Jonvorlarga oid risola") deb nomlangan bo‘lib, unda ovchi qushlarni boqish haqida fikr yuritiladi. Bu asarda ovchi burgutlarning har xil zotlari, ularning tashqi ko‘rinishlari, oziqlantirish, ovga yaroqliligi bilan bir qatorda ko‘paytirish, izi va chatishtirish usullari kabi masalallr haqida gap boradi.

Al-Moturidiy o‘z davrining islomiy ilmlari sohasida eng yetuk bilim sohibi hisoblanib, musulmon dunyosi olimlari tomonidan tan olingan va hozirda ham turli diniy asarlarda zo‘r ehtirom bilan tilga olinadi.

Al-Moturidiyni ulug‘lab "Imom al-Xuda" va "Imom al-mutakallimin" (Hidoyat yo‘li imomi va mutakallimlar imomi) kabi nomlar bilan ham ataganlar.

Movarounnahr — Markaziy Osiyo xalqlari turli falsafiy, tabiiy, aniq fanlar, adabiyot, san’at sohalarida dunyoga mashhur siymolar, allomalar bilan birga islom nazariyasi, diniy ilmlar bo‘yicha ham al-Moturidiydek butun musulmon olamida nom qozongan olimlarni ham yetishtirib chiqardilar.

Sh.Ziyotov
"Ma‘naviyatimiz yulduzlari" kitobidan olindi.