Марғилон алломалари

Рукн: Тарих Чоп этилган: 20.03.2015

Марғилон алломалари тўғрисида Ёқут Ҳамавий (1179–1229), Абу Саъд Самъоний (506/1113-1167/562), Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавий (ваф. 990/1582), Ҳожи Халифа (1017-1068 ҳ.), Хайриддин Зириклий (1310-1396 ҳ.), Али ал‑Қорий (ваф. 1014 ҳ.) ва бошқа ўрта аср тарихчи ва адибларининг асарларида маълумотлар учрайди. Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Бухорийнинг “Ал-муҳиту-л-бурҳоний” номли асарида Марғилон ҳақида гапирилиб: “Бу шаҳардан кўплаб фозил одамлар етишиб чиққанлар”, дея келтирилган.[1]

Бу ўринда энг аввало, Шарқ Уйғониш даври қомусий олимлардан бири, жаҳон маданияти ва илм-фанига беқиёс ҳисса қўшган, Мовароуннаҳарда ҳанафийлик мазҳабини кенг ёйилишига улкан хизмат қилган буюк аллома, шайх ул-ислом[2] Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил ал-Марғиноний ар-Рошидоний ал-Марғиноний номларини келтириш лозим бўлади. Зеро, бу зоти шарифнинг улкан илмий жасорати ва беқиёс асарлари туфайли Марғилон улкан шарафларга эга бўлган. Алломанинг юксак илмий салоҳиятини муносиб баҳолаган замондошлари “Бурҳонуддин вал-милла” (“Дин ва миллатнинг ҳужжати”) деган шарафли ном билан атаганлари бежиз эмас.

Аллома ҳижрий 515 ҳижрий (баъзи манбаларда 530 йил) 12 ражаб ойида шанба куни (милодий 1123 йил, 23 сентябр)да Рошидонда таваллуд топганлар. 593 ҳижрий, (мелодий 1197) ўн тўртинчи зул ҳижжа, сешанба куни вафот этганлар. Самарқанддаги 400 нафар Муҳаммад номли фақиҳлар дафн қилинган Чокардиза қабристони яқинига дафн қилинганлар.

Оталари Абу Бакр ибн Абдулжалил ўз даврининг таниқли фақиҳларидан бири эди. Аллома дастлаб ўз оталари қўлида таълим оладилар, кейин Рошидон, Марғилон, Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарлардаги бир қатор мадрасаларда, хусусан Марғилондаги Пур Сиддиқ мадрасасида ўн уч йил истиқомат қилиб таълим оладилар ва “Ҳидоя” асарининг биринчи қисмини айнан шу муборак манзилда турган кезлари ёзганлар. Бундан Марғилон ўша даврда Мовароуннаҳрда илм ва маданият марказларидан бири экани маълум бўлади.

Бурҳониддин Марғиноний Самарқандга бориб, буюк алломалар Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий, шунингдек, Абул Лайс Самарқандий ҳузурида таълим оладилар ва ўша ерда ҳижрий 573 йил зул-қаъда ойининг 4-куни (милодий 1178 йилнинг апрел ойида) Ҳидоя асарини ёзишни тугатганлар.

Кейин Бухорога бориб у ерлик уламолар раиси Хисомиддин Умар ибн Абдулазиз Садри Шаҳид, устозлар Садри Саъийд, Умар ибн Али ал-Бойкандий, Қивомуддин Аҳмад ибн Абдурашид ал-Бухорий ҳузурида ўз билимларини янада чуқурлаштирадилар. Таҳсилнинг биринчи босқичи тугаб 544/1149 йилда муборак ҳаж сафарига борадилар. Алломанинг ҳаж сафарига боришлари бир томондан ибодат мақсадида бўлса, иккинчи асосий мақсад ўз илм ва билимларини ошириш нияти эди.

Ҳаждан қайтиб келаётиб Марғиноний Марв шаҳрида тўхтайдилар ва у ерлик алломалардан ҳам таҳсил оладилар. Улар орасида Муҳаммад ибн ал-Ҳусайн ибн Наср ибн Абдулазиз Зиёуддин ал-Бандинижий ҳам бўлиб аллома у зот ҳузурида ҳадис тинглайдилар. Сўнгра Балхга келиб бу ерда буюк олим Абу Шужоъ Умар ибн Муҳаммад ал-Бистомий ҳузурида у зотга тегишли барча асарлардан дарс оладилар.

Узоқ давом этган риёзат ва изланишлар натижасида Бурҳониддин Марғиноний ҳазратларига “Бурҳониддин” (“Ислом динининг ёрқин ҳужжати”) деган юксак унвон берилади ва ўз даврининг ҳанафий мазҳаби бўйича буюк фақиҳи даражасига кўтариладилар. Таҳсил йиллари тугаб Бурҳониддин Марғиноний етук фақиҳ сифатида Самарқандга қайтиб келадилар ва бу ерда шайх ул-ислом мансабига тайинланадилар.

Бурҳониддин Марғиноний ҳанафийлик фиқҳи бўйича ўндан ортиқ қимматбаҳо асарлар яратдилар. Тадқиқотчиларнинг айтишларича, улардан олтитаси бизга етиб келган. Аммо Шарқ Уйғониш даврида Бурҳониддин Марғинонийнинг энг катта хизмати бу “Ҳидоя” асари бўлиб, у ҳар бир давр учун энг мураккаб бўлган ҳуқуқий масалаларни тартибга солиб берган бир тартибли асар эди. Аллома ушбу асарни 1165-1178 йиллар орасида 13 йил давомида ёзиб тугатганлар.

Ушбу асар ўз ихчамлиги, мукаммаллиги, ҳанафий мазҳабини бошқа суннийлик мазҳаблари билан қиёсий услубда ўрганиб, ҳар томонлама ёритганлиги учун ўзига хос катта назарий ва амалий аҳамият касб этганини уламолар таъкидлашган. Абдулҳай Лакнавий[3] “Ал-фавоид ал-баҳийяҳ фи тарожим ал-ҳанафия” (“Ҳанафий фақиҳларнинг таржимайи ҳоллари ҳақида қимматли маълумотлар”) номли асарида айтишича бу давр мобайнида аллома муттасил рўзадор бўлган. Овқат олиб келган ходимни жўнатиб, таомни шогирдларидан бири ёки бошқа бирон кишига едириб, бўш идишни қолдирар эканлар. Ходим таомни устознинг ўзи егандир, деб ўйлаб идишни олиб кетар экан.

Ушбу асарнинг тўлиқ номи “Ҳидоя фил-фуруъ ал-фиқҳ” бўлиб, дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган.

Маълумотларда Бурҳониддин Марғинонийнинг ўзлари каби фиқҳ илмида фаолият олиб борган уч ўғиллари борлиги айтилиб, уларнинг исмлари қуйидагича зикр қилинади:

1.Имодуддин ибн Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил ал-Марғиноний.

2.Низомиддин Умар ибн Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил ал-Марғиноний.

3. Жалолиддин Муҳаммад ибн Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил ал-Марғиноний.

Бурҳониддин Марғинонийнинг ўғиллари ҳам фиқҳ илмини оталаридан ўрганганлар ва бу борада фатво чиқарадиган даражага етганлар.[4] Улар ўз ўрнида қимматбаҳо фиқҳий асарлар ҳам ёзганлар. Масалан, Имодуддин Муҳаммад ибн Али “Одоб ул-қози” асарини, Низомиддин Умар ибн Али “Жавоҳир ул-фиқҳ”, “Ал-фавоид” ва бошқа бир қатор асарлар муаллифидир. “Ҳадийят ул-орифин” да Имодуддин ал-Марғинонийни 620 ҳижрийда шаҳид бўлгани айтилган.[5]

Учинчи ўғиллари Жалолиддин Муҳаммад ибн Алини ёзган асарлари ҳақида маълумотлар йўқ. Жалолиддин Муҳаммадни илм ва одобда камол топган, ўз даврида мазҳаб раиси бўлгани айтилган. Лакнавий, унинг фазл ва пешқадамлигини замон аҳли эътироф этган, деб келтирган.[6]

Бурҳониддин Марғинонийнинг биринчи ўғиллари Имодуддин ибн Алининг ўғли, яъни Бурҳониддин Марғинонийнинг набираси Абул Фатҳ Абдураҳим ибн Имодуддин ҳам етук фақиҳ бўлиб “Ал-фусулул имодия” номли асари бўлган. Фиқҳ илмини отасидан ва “Ал-фусулул устуршанийя” асарининг муаллифи, Маждиддин Муҳаммад Устуршанийнинг шогирди Хисомиддин Улёбодийлардан олган. “Ал-фусулул имодия” асарини 651 йилда ёзиб тугатган.

Абдулҳай Лакнавий мазкур зот ҳақида гапириб: “Мен алломанинг “Ал-фусулул имодия” номли асарини ўқиб чиқдим. У кўплаб нодир аҳкомлар ва турли фойдаларни ўз ичига олган нафис асар экан. Муаллиф асарнинг кўп жойида “Ҳидоя” соҳиби Бурҳониддин Марғинонийни “Бобом” ва у зотнинг ўғли Низомиддинни “Амаким” деб ҳурмат билан зикр қилган”, дея келтирган”.[7]

Бурҳониддин Марғинонийнинг иккинчи ўғиллари Низомиддин Умар ибн Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил ҳам акалари каби фиқҳни оталаридан олган, фатвода машҳур бўлган. “Жавоҳир ул-фиқҳ”, “Ал-фавоид” ва бошқа бир қатор асарлари бор.[8] “Ал-ажоиб ал-мақдур фи ахбори Таймур” номли асар муаллифи Ибн Арабшоҳ Бурҳониддин Марғинонийнинг бир неча фақиҳ набиралари ҳам бўлгани ҳақида маълумот беради.[9]

Алломанинг чевараси Абдул Аввал ибн Бурҳониддин Али ибн Имодуддин ибн Жалолиддин Муҳаммад ибн Зайниддин Абдураҳим ибн Имодиддин Али ибн Абу Бакр ҳам фақиҳ, мутқин, муҳаддис, муфассир ва турли илмлар эгаси бўлган. У Сайид Жалолиддин Карлонийдан фиқҳ илмини таълим олган ва ундан айнан катта бобосининг асари бўлмиш “Ҳидоя”ни ривоят қилган. Аллома ўз ўрнида Шамсиддин ал-Қаримийга устозлик қилиб, 813 йилда унга ижозат берган.[10]

Бурҳониддин Марғинонийнинг авлодлари ҳақида гапирганда Фазлуллоҳ ибн Абдулвоҳид ибн Абу Лайс Ибн Алоуддин ибн Абул Қосим ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Муҳамад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Абу Лайс Наср ас-Самарқандий ал-Лайсий ал-ҳанафий номини ҳам келтириш ўринли. 786 ҳижрий йилда туғилиб 874 йилда вафот этган мазкур аллома ўз вақтида Самарқанднинг етук фақиҳи бўлиб, онаси Бурҳониддин Марғинонийнинг авлодларидан бўлган.[11]

 Машҳур тарихчи ва сайёҳ Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ас-Самъоний «Китаб ал-ансоб» («Насаблар ҳақида китоб») да Марғилонни Фарғонанинг энг машҳур шаҳарларидан бири эканини айтиб, бу ерда кўплаб машҳур алломалар ўтганини зикр қилади.

“1. Имом Абдулазиз ибн Абдуразззоқ ибн Абу Наср ибн Сулаймон ибн Муттакон ал-Марғиноний бўлиб олти нафар фатво беришга қодир ўғиллари бўлган. Ундан ўғиллари ҳадис ривоят қилганлар. Абдулҳай ал-Лакнавий: “Агар у ўғиллари билан кўчага чиқса, одамлар, бир ҳовлидан етти нафар муфтий чиқмоқда, дейишар эди,” дея келтирган.[12] Аллома Самарқандга бориб ҳадис фанидан таълим берган. Кейин ўз шаҳри Марғилонга қайтиб келиб 477/1055 йилда 68 ёшида вафот этган.

2. Абу Яъқуб Юсуф ибн Аҳмад ибн Ҳамза ибн Маъмун ибн Юнус ибн Нуҳ ал-Марғиноний. Аллома Маккада Абу Али ал-Ҳасан ибн Абдураҳмон аш-Шофеъийдан ҳадис тинглаган ва Яман ва Наждда ундан ҳадис айтган. Ундан Абул Фитён Умар ибн Абул Ҳасан ар-Равосий ал-Ҳофиз ҳадис тинглаган.

3.Абул Музаффар Баҳром ибн Ҳамза Ибн ал-Муборак ал-Марғиноний бўлиб, Умар ибн Аҳмад ан-Насафийнинг зикр қилишича, “Аллома ҳожилар имоми мақомига эга бўлиб, Сарахсда турган ва 516 йилда ўша ерда вафот этган”.[13]

 Лакнавий юқорида тилга олинган асарида Абдулазиз ибн Абдуразззоқ ал-Марғинонийнинг ўғилларидан бири Али ибн Абдулазиз ибн Абдурраззоқ Захириддин ал-Кабир ал-Марғиноний ҳақида гапириб, шундай дейди: “Али ибн Абдулазиз ибн Абдурраззоқ Захириддин ал-Кабир ал-Марғиноний фиқҳни отаси Абдулазиздан, Али Сайид ибн Шужоъ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳамзадан ва Абу Муҳаммад Бурҳониддин ал-Кабир Абдулазиз ва бошқалардан олган. У «Хулоса» китоби муаллифининг она томонидан бобоси саналади. Ундан эса ўғли Абул Маҳосин Захириддин ал-Ҳасан ибн Али ва «Хулоса» китоби муаллифининг отаси Қивомуддин Аҳмад ибн Абдуррашид Тоҳир ибн Аҳмадлар дарс олишган. «Жавоҳир ул-музиа»да келтирилишича, у Фахруддин Қозихон ва «Фатовойи Захирия» мусаннифларининг устози бўлади.[14] Аммо Лакнавий Қозихоннинг устози Захириддин ал-Ҳасан ибн Али ибн Абдулазиз ал-Марғинонийдир, унинг отаси Захириддин ал-Кабир эмас, деб айтган. Аллома 504 ҳижрийда вафот этган.”[15]

Самъоний марғилонлик алломалардан қуйидагилар ҳақида ҳам хабар бериб ўтган:

“1.Имом Абул Маъолий Қайс ибн Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Амирак ал-Марғиноний. Аллома фозил имомлардан эди. Самарқандда бир муддат истиқомат қилган ва ўша ерда дарс айтган. Муҳаммад ибн Журжонийдан ҳадис тинглаган. Ундан Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ан-Насафий ривоят қилган. Самарқанд жомеъ масжидида мунозарадан таълим бераётиб, жума куни рўзадор ҳолида вафот этган. Бу 526 йилнинг 19 шаввол ойига тўғри келади. Унинг жасади у ердан ҳовлисига олиб борилган ва эртаси шанба куни Чокардиза қабристонига дафн қилинган.[16]

2. Имом Абул Ҳасан Наср ибн Ҳасан ал-Марғиноний. Имомлар ва уламоларнинг машҳурларидан эди. Унинг тақво ва ҳикматга доир латиф ва ёқимли шеърлари кўп бўлиб, дунё бўйлаб тарқалган. У Юсуф ибн ал-Фарбарийнинг издоши Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Уҳайддан ҳадис ривоят қилган. Ундан эса Абдураззоқ ибн Масъуд ва бошқалар ривоят қилишган.

3. Абу Юсуф ибн Аҳмад ибн Ҳамза ибн Моҳус ибн Моҳ ал-Марғиноний. Аллома Маккада Абу Али ал-Ҳасан Абдураҳмон аш-Шофеийдан дарс тинглаган. Сарахсда яшаган ва у ерда 416/1025 йилда вафот этган».[17]

Машҳур сайёҳ, адиб ва тарихчи Ёқут Ҳамавийнинг «Мўъжам ул-булдон» («Мамлакатлар қомуси») номли 14 жилдлик асарида ҳам марғилонлик алломалар ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган:

1.Абу Муҳаммад Умар ибн Аҳмад ибн Абулҳасан ал-Ғандобий ал-Марғиноний, Марғилоннинг ­Ғандоб қасабасидан бўлиб, у «ал-Фарғоний» номи билан машҳур бўлган. У ҳижрий 584 йилда таваллуд топган. Самарқанд фақиҳларидан ва фатво аҳлидан бўлган. Фиқҳ илмини қози Маҳмуд ал-Ўзжандийдан олган. Балхда Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Ҳусайн ас-Симжоний, Абу Али Исмоил ибн Аҳмад ал-Байҳақий ва Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдураҳмон ал-Хатибдан таълим олган.[18] Заҳабий алломани етмиш ёшида муҳаррам ойида вафот этганини айтган.[19]

2. Али ал-Ҳусайн ибн Али ибн Сулаймон ал-Марғиноний.

3. Абдуллоҳ ибн Али ал-Фарғоний ал-Марғиноний.[20]

Абдулҳай ал-Лакнавийнинг «Ал-фавоид ал-баҳийяҳ фи тарожим ал-ҳанафия» номли асарида марғилонлик алломалардан қуйидагилар ҳақида маълумот берган:

«1.Ал-Ҳасан ибн Али Захириддин ал-Кабир ибн Абдулазиз ал-Марғиноний. «Захириддин Абул-Маҳосин» номи билан машҳур бўлиб, Бурҳониддин ал-Кабир Абдулазиз ибн Умар ибн Моза, Шамс ул-аимма[21] Муҳаммад ал-Ўзжандийлардан илм ўрганган, улар эса Шамс ул-аимма ас-Сарахсий[22]дан у эса Шамс ул-аимма ал-Ҳалвоий[23]дан олган. Ундан эса синглисининг ўғли «Ал-Хулоса» китобининг муаллифи Ифтихоруддин Тоҳир ва «Фатовойи Захирийя» китобининг муаллифи Захириддин Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Бухорий ва Фахруддин ал-Ҳасан ибн Мансур ал-Ўзжандийлар фиқҳ илмини ўрганганлар. У фақиҳ, муҳаддис олим бўлиб илмни имло[24] ва тасниф йўли билан тарқатган».[25]

2.Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Абдулазиз ибн Умар Бурҳониддин ал-Марғиноний бўлиб, у ҳанафий фуқаҳоларининг катталаридан эди. Ибн Камол Бошо уни мужтаҳидлардан санаган. Илмни отасидан олган. «Захират ул-фатово», «Татиммат ул-фатово», «Ал-Муҳит aл-Бурҳоний фи фиқҳи ан-Нўъмоний», «Ал-Воқеот» ва бошқалар унинг машҳур асарларидандир. Яшаган йиллари 551-616/ 1175-1220.[26]

3.Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Юсуф Баҳоуддин ал-Марғиноний Абул Маъолий ал-Исбижобий. “Ал-жавоҳир ал-музиа”да келтирилишича, у Жамолиддин Убайдуллоҳ ал-Бухорий ал-Маҳбубийнинг устозидир”.[27]

Аллома Заҳабий ҳам “Тарих ул-ислом” асарида юқорида тилга олинган алломаларни санаб, яна бир марғилонлик аллома ҳақида хабар беради:

“1. Муъалло ибн Абдулазиз Абу Муҳаммад ал-Марғиноний ал-ҳанафий. Умри охирида ҳаж зиёратига борган ва қайтаётиб, Бағдодда туриб қолган ва у ерда дарс айтган. Фатво ва мунозара билан шуғулланган. Отаси ва Муҳаммад ибн Саҳл ас-Сарахсий, Абул Маъолий Муҳаммад Ибн Муҳаммад ибн Зайд ал-Ҳусайний ал-Ҳофизлардан имло қилган. Ундан эса Хусайн ибн Хисрав ва Али ибн Абу Саъд ал-Хаббозлар ҳадис ривоят қилишган. Аллома 72 ёшида рамазон ойида вафот этган”.[28]

Айтиш ўринлики, ўз даврида дунёнинг турли мамлакатларидан толиби илмлар марғилонлик алломалар ҳузурига ҳам дарс тинглаш учун келганлар. Масалан, Заҳабий Бурҳониддин Абул Муваффақ ал-ҳанафий Масъуд ибн Шужоъ ҳақида гапирар экан, уни Мовароуннаҳрга келгани ва бу ерда Бухоро шайхлари ҳузурида таълим олганини таъкидлаган ва хусусан, Имом Захириддин ал-Ҳасан ибн Али ал-Марғинонийдан ҳадис тинглаганини айтган. Заҳабий алломани шарафли ахлоқ эгаси, гўзал фазилатлар соҳиби дея таърифлайди. Аллома 510 йилда Дамашқда туғилган. У ерда мадрасайи Нурия ва мадрасайи Хотунияда дарс айтган. Заҳабий унга дин ва дунё обрўси жам бўлган эди, дея зикр қилган. Аллома узоқ умр кўрган ва 90 ёшида 16 жумадул охир ойида вафот этган.[29]

Марғилонлик алломалар ҳузурига нафақат дунёнинг турли мамлакатларидан толиби илмлар келишган балки, бу ерлик алломалар турли мусулмон мамлакатларига ҳам бориб дарс айтишган. Заҳабий “Тарих ул-ислом” да Ризоуддин Абул Фазоил ал-Қураший ал-Ҳиндий ал-Лоҳурий ҳақида гапириб, уни Бағдод, Макка, Яман ва Ҳиндистонда бўлиб ўша ерлик алломалардан дарс тинглаган дейди ва Ҳиндистонда Низом Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ал-Марғинонийдан таълим олганини айтган.”[30]

Бундан кўринадики, марғилонлик Низом Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ал-Марғиноний Ҳиндистонга бориб дарс айтган. Мазкур маълумотлар Абу Али аз-Занжонийнинг “Ал-вофий бил вафиййот” номли китобида ҳам тилга олиб ўтилган.[31]

Раҳматуллоҳ Файзуллаев,

Нодиржон Абдулаҳатов



[1] Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Бухорий. Ал-муҳиту-л-бурҳоний. Қоҳира: Дор ал-кутуб ал-мисриййа // Қўлёзма /№ 471. В.1. (И.И.Бекмирзаев. Бурҳонуддин Маҳмуд ал-Бухорий ва Мовароуннаҳр қозилиги. “Таълим нашриёти” Тошкент. 2011. 13-б.)

[2] “Шайх ул-ислом” – муайян мамлакатда ислом ташкилотлари бошлиғи – диний унвон. Фахрий унвон сифатида Х асрдан у ёки бу фақиҳ ёхуд сўфийга нисбатан ишлатилган. ХIII асрдан кейин мунтазам суратда қўлланилган. Бухоро хонлиги, Туркия (ХVI асрдан 1924 йилгача) ва бошқа давлатларда шайх ул-ислом – энг олий диний лавозим.

[3] Муҳаммад Абдулҳай ал-Лакнавий – буюк олим, муҳаддис, фақиҳ, мутакаллим, тарихчи, тадқиқотчи. Аллома 1264-ҳижрий, 26-зулқаъда ойининг сешанба куни (1847/10/23-м) Ҳиндистоннинг Бонда шаҳарчасида дунёга келган. У зот таълиф этган китоблар 110 дан зиёд. Аллома 1304/1887 йилда 39 ёшида Лакнау шаҳрида вафот этган.

[4] Абдулҳай Лакнавий. «Ал-фавоид ал-баҳиййаҳ фи тарожим ал-ҳанафия» Қозон, 1903, 381 мақола, 222-б. Бундан кейин: Абдулҳай Лакнавий. «Ал-фавоид ал-баҳийяҳ»...

[5] “Ҳадийят ул-орифин”.1-ж, 125-б. http://www.alwarraq.com

[6] Абдулҳай Лакнавий. “Ал-фавоид ал-баҳиййаҳ”...381 мақола, 224-б.

[7] Абдулҳай Лакнавий. “Ал-фавоид ал-баҳиййаҳ”...196 мақола, 113-б.

[8] Абдулҳай Лакнавий. “Ал-фавоид ал-баҳиййаҳ”... 291 мақола,182-б

[9] Абдулҳай Лакнавий. “Ал-фавоид ал-баҳиййаҳ”... 280 мақола,172-б.

[10] Абдулҳай Лакнавий. “Ал-фавоид ал-баҳиййаҳ”... 183 мақола, 103-б.

[11] Суютий: “Назм ал-ақйон фи аъйон ал-аъйон” 1-ж, 45-б. http://www.alwarraq.com

[12] Абдулҳай Лакнавий. “Ал-фавоид ал-баҳиййаҳ”... 118-б.

[13] Абу Саъд Абдулкарим ас-Самъоний. “Ал-ансоб”. Дорул жинон. Байрут –Лубнон. 1408/1988. 5-ж, 260-б. Бундан кейин: “Абу Саъд Самъоний. “Ал-ансоб”.

[14] Абдулҳай Лакнавий. “Ал-фавоид ал-баҳиййаҳ”... 148-б.

[15] Абдулҳай Лакнавий. “Ал-фавоид ал-баҳиййаҳ”... 148-б.

[16] Абу Саъд Самъоний. “Ал-ансоб”... 5-ж, 260-б.

[17] Абу Саъд ас-Самъоний. “Ал-ансоб”... 1-ж. 337, 354-б.

[18] Абу Абдуллоҳ Ёқут ибн Абдуллоҳ Ал-Ҳамавий. «Мўъжам ул-булдон». Дор ул-фикр. Байрут – 4-ж, 216-б. Бундан кейин: “Ёқут Ҳамавий: “Мўъжам ул-булдон”.

[19] Шамсиддин Заҳабий: “Тарих ул-ислом”. 8-ж, 100-б. http://www.alwarraq.com

[20] “Ёқут Ҳамавий: “Мўъжам ул-булдон”.1-ж, 266-б.

[21] Фақиҳлар ўртасида «Шамс ул-аимма» («Имомлар қуёши») атамаси мутлақ келганда Шамс ул-аимма ас-Сарахсий ирода қилинган бўлади. Бошқа зотлар эса нисбатлари ила қайд қилинади.

[22] Шамс ул-аимма Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Аби Саҳл Сарахсий. Мутакаллим ва фақиҳ. Энг муҳим асари Ал-Мабсут бўлиб, уни зиндонда турганида айтиб туриб ёздирган. Унинг вафот санаси турлича кўрсатилган бўлиб, энг ишончлиси 483/1090 йил, буни Брокельман (Brockelmann), Хефенин (Heffening) ва Сезгин (Sezginлар) каби шарқшунослар ҳам қабул қилгани айтилган. (The Encyclopaedia of islam. Edited by P. J. Bearman, TH. Bianquis, C. E. Bosworth, E. Van Donzel and W. P. Heinrichs. V. IX. − Leiden: Brill, 2002. – Р. 36.)

[23] Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Шамс ул-аимма Ҳалвоний Бухорий. 448/1057 йилда Кеш шаҳрида вафот этган. Бухорога дафн қилинган.

[24] Имло сўзи араб тилида «ёздирмоқ» маъносида бўлиб, унга кўра устоз оғзаки айтиб турган дарсни шогирдлар ёзиб боришган. Бу услубни ҳанафийлар кўпроқ «Имло», шофиъийлар эса аксар вақтда «Таълиқа» деб атайдилар. (Муҳаммад Амин Ибн Обидийн. Шарҳ Манзума Уқуди расм ал-муфтий // «Расоили Ибн Обидин» тўплами таркибида. 2-рисола. Истанбул: Саодат, 1320. 17-б.)

[25] Абдулҳай Лакнавий. “Ал-фавоид ал-баҳиййаҳ”... 75-76-б.

[26] Абдулҳай Лакнавий. “Ал-фавоид ал-баҳиййаҳ”... 205-б; «Ал-аълом» 8-ж. 36-б; Умар Ризо Каҳҳола.“Мўъжам ул-муаллифин”.Байрут.Дору иҳёу туросил арабий.12-ж.147-б.

 [27] Абдулҳай Лакнавий. “Ал-фавоид ал-баҳиййаҳ”... 324 мақола, 192-б.

[28] Шамсиддин Заҳабий: “Тарих ул-ислом”. 9-ж, 294-б. http://www.alwarraq.com

[29] Шамсиддин Заҳабий: “Тарих ул-ислом”. 9-ж, 294-б. http://www.alwarraq.com

[30] Шамсиддин Заҳабий: “Тарих ул-ислом”. 10-ж, 394-б. http://www.alwarraq.com

[31] Наъимий. “Ад-дорису фи тарих ал-мадорис”. 1-ж, 1703-б. http://www.alwarraq.com

* * *

Marg‘ilon allomalari to‘g‘risida Yoqut Hamaviy (1179–1229), Abu Sa’d Sam’oniy (506/1113-1167/562), Mahmud ibn Sulaymon Kafaviy (vaf. 990/1582), Hoji Xalifa (1017-1068 h.), Xayriddin Zirikliy (1310-1396 h.), Ali al‑Qoriy (vaf. 1014 h.) va boshqa o‘rta asr tarixchi va adiblarining asarlarida ma’lumotlar uchraydi. Mahmud ibn Ahmad al-Buxoriyning “Al-muhitu-l-burhoniy” nomli asarida Marg‘ilon haqida gapirilib: “Bu shahardan ko‘plab fozil odamlar yetishib chiqqanlar”, deya keltirilgan.[1]

Bu o‘rinda eng avvalo, Sharq Uyg‘onish davri qomusiy olimlardan biri, jahon madaniyati va ilm-faniga beqiyos hissa qo‘shgan, Movarounnaharda hanafiylik mazhabini keng yoyilishiga ulkan xizmat qilgan buyuk alloma, shayx ul-islom[2] Ali ibn Abu Bakr ibn Abduljalil al-Marg‘inoniy ar-Roshidoniy al-Marg‘inoniy nomlarini keltirish lozim bo‘ladi. Zero, bu zoti sharifning ulkan ilmiy jasorati va beqiyos asarlari tufayli Marg‘ilon ulkan sharaflarga ega bo‘lgan. Allomaning yuksak ilmiy salohiyatini munosib baholagan zamondoshlari “Burhonuddin val-milla” (“Din va millatning hujjati”) degan sharafli nom bilan ataganlari bejiz emas.

Alloma hijriy 515 hijriy (ba’zi manbalarda 530 yil) 12 rajab oyida shanba kuni (milodiy 1123 yil, 23 sentyabr)da Roshidonda tavallud topganlar. 593 hijriy, (melodiy 1197) o‘n to‘rtinchi zul hijja, seshanba kuni vafot etganlar. Samarqanddagi 400 nafar Muhammad nomli faqihlar dafn qilingan Chokardiza qabristoni yaqiniga dafn qilinganlar.

Otalari Abu Bakr ibn Abduljalil o‘z davrining taniqli faqihlaridan biri edi. Alloma dastlab o‘z otalari qo‘lida ta’lim oladilar, keyin Roshidon, Marg‘ilon, Buxoro, Samarqand va boshqa shaharlardagi bir qator madrasalarda, xususan Marg‘ilondagi Pur Siddiq madrasasida o‘n uch yil istiqomat qilib ta’lim oladilar va “Hidoya” asarining birinchi qismini aynan shu muborak manzilda turgan kezlari yozganlar. Bundan Marg‘ilon o‘sha davrda Movarounnahrda ilm va madaniyat markazlaridan biri ekani ma’lum bo‘ladi.

Burhoniddin Marg‘inoniy Samarqandga borib, buyuk allomalar Najmiddin Abu Hafs Umar ibn Muhammad an-Nasafiy, shuningdek, Abul Lays Samarqandiy huzurida ta’lim oladilar va o‘sha yerda hijriy 573 yil zul-qa’da oyining 4-kuni (milodiy 1178 yilning aprel oyida) Hidoya asarini yozishni tugatganlar.

Keyin Buxoroga borib u yerlik ulamolar raisi Xisomiddin Umar ibn Abdulaziz Sadri Shahid, ustozlar Sadri Sa’iyd, Umar ibn Ali al-Boykandiy, Qivomuddin Ahmad ibn Abdurashid al-Buxoriy huzurida o‘z bilimlarini yanada chuqurlashtiradilar. Tahsilning birinchi bosqichi tugab 544/1149 yilda muborak haj safariga boradilar. Allomaning haj safariga borishlari bir tomondan ibodat maqsadida bo‘lsa, ikkinchi asosiy maqsad o‘z ilm va bilimlarini oshirish niyati edi.

Hajdan qaytib kelayotib Marg‘inoniy Marv shahrida to‘xtaydilar va u yerlik allomalardan ham tahsil oladilar. Ular orasida Muhammad ibn al-Husayn ibn Nasr ibn Abdulaziz Ziyouddin al-Bandinijiy ham bo‘lib alloma u zot huzurida hadis tinglaydilar. So‘ngra Balxga kelib bu yerda buyuk olim Abu Shujo’ Umar ibn Muhammad al-Bistomiy huzurida u zotga tegishli barcha asarlardan dars oladilar.

Uzoq davom etgan riyozat va izlanishlar natijasida Burhoniddin Marg‘inoniy hazratlariga “Burhoniddin” (“Islom dinining yorqin hujjati”) degan yuksak unvon beriladi va o‘z davrining hanafiy mazhabi bo‘yicha buyuk faqihi darajasiga ko‘tariladilar. Tahsil yillari tugab Burhoniddin Marg‘inoniy yetuk faqih sifatida Samarqandga qaytib keladilar va bu yerda shayx ul-islom mansabiga tayinlanadilar.

Burhoniddin Marg‘inoniy hanafiylik fiqhi bo‘yicha o‘ndan ortiq qimmatbaho asarlar yaratdilar. Tadqiqotchilarning aytishlaricha, ulardan oltitasi bizga yetib kelgan. Ammo Sharq Uyg‘onish davrida Burhoniddin Marg‘inoniyning eng katta xizmati bu “Hidoya” asari bo‘lib, u har bir davr uchun eng murakkab bo‘lgan huquqiy masalalarni tartibga solib bergan bir tartibli asar edi. Alloma ushbu asarni 1165-1178 yillar orasida 13 yil davomida yozib tugatganlar.

Ushbu asar o‘z ixchamligi, mukammalligi, hanafiy mazhabini boshqa sunniylik mazhablari bilan qiyosiy uslubda o‘rganib, har tomonlama yoritganligi uchun o‘ziga xos katta nazariy va amaliy ahamiyat kasb etganini ulamolar ta’kidlashgan. Abdulhay Laknaviy[3] “Al-favoid al-bahiyyah fi tarojim al-hanafiya” (“Hanafiy faqihlarning tarjimayi hollari haqida qimmatli ma’lumotlar”) nomli asarida aytishicha bu davr mobaynida alloma muttasil ro‘zador bo‘lgan. Ovqat olib kelgan xodimni jo‘natib, taomni shogirdlaridan biri yoki boshqa biron kishiga yedirib, bo‘sh idishni qoldirar ekanlar. Xodim taomni ustozning o‘zi yegandir, deb o‘ylab idishni olib ketar ekan.

Ushbu asarning to‘liq nomi “Hidoya fil-furu’ al-fiqh” bo‘lib, dunyoning ko‘plab tillariga tarjima qilingan.

Ma’lumotlarda Burhoniddin Marg‘inoniyning o‘zlari kabi fiqh ilmida faoliyat olib borgan uch o‘g‘illari borligi aytilib, ularning ismlari quyidagicha zikr qilinadi:

1.Imoduddin ibn Ali ibn Abu Bakr ibn Abduljalil al-Marg‘inoniy.

2.Nizomiddin Umar ibn Ali ibn Abu Bakr ibn Abduljalil al-Marg‘inoniy.

3. Jaloliddin Muhammad ibn Ali ibn Abu Bakr ibn Abduljalil al-Marg‘inoniy.

Burhoniddin Marg‘inoniyning o‘g‘illari ham fiqh ilmini otalaridan o‘rganganlar va bu borada fatvo chiqaradigan darajaga yetganlar.[4] Ular o‘z o‘rnida qimmatbaho fiqhiy asarlar ham yozganlar. Masalan, Imoduddin Muhammad ibn Ali “Odob ul-qozi” asarini, Nizomiddin Umar ibn Ali “Javohir ul-fiqh”, “Al-favoid” va boshqa bir qator asarlar muallifidir. “Hadiyyat ul-orifin” da Imoduddin al-Marg‘inoniyni 620 hijriyda shahid bo‘lgani aytilgan.[5]

Uchinchi o‘g‘illari Jaloliddin Muhammad ibn Alini yozgan asarlari haqida ma’lumotlar yo‘q. Jaloliddin Muhammadni ilm va odobda kamol topgan, o‘z davrida mazhab raisi bo‘lgani aytilgan. Laknaviy, uning fazl va peshqadamligini zamon ahli e’tirof etgan, deb keltirgan.[6]

Burhoniddin Marg‘inoniyning birinchi o‘g‘illari Imoduddin ibn Alining o‘g‘li, ya’ni Burhoniddin Marg‘inoniyning nabirasi Abul Fath Abdurahim ibn Imoduddin ham yetuk faqih bo‘lib “Al-fusulul imodiya” nomli asari bo‘lgan. Fiqh ilmini otasidan va “Al-fusulul usturshaniyya” asarining muallifi, Majdiddin Muhammad Usturshaniyning shogirdi Xisomiddin Ulyobodiylardan olgan. “Al-fusulul imodiya” asarini 651 yilda yozib tugatgan.

Abdulhay Laknaviy mazkur zot haqida gapirib: “Men allomaning “Al-fusulul imodiya” nomli asarini o‘qib chiqdim. U ko‘plab nodir ahkomlar va turli foydalarni o‘z ichiga olgan nafis asar ekan. Muallif asarning ko‘p joyida “Hidoya” sohibi Burhoniddin Marg‘inoniyni “Bobom” va u zotning o‘g‘li Nizomiddinni “Amakim” deb hurmat bilan zikr qilgan”, deya keltirgan”.[7]

Burhoniddin Marg‘inoniyning ikkinchi o‘g‘illari Nizomiddin Umar ibn Ali ibn Abu Bakr ibn Abduljalil ham akalari kabi fiqhni otalaridan olgan, fatvoda mashhur bo‘lgan. “Javohir ul-fiqh”, “Al-favoid” va boshqa bir qator asarlari bor.[8] “Al-ajoib al-maqdur fi axbori Taymur” nomli asar muallifi Ibn Arabshoh Burhoniddin Marg‘inoniyning bir necha faqih nabiralari ham bo‘lgani haqida ma’lumot beradi.[9]

Allomaning chevarasi Abdul Avval ibn Burhoniddin Ali ibn Imoduddin ibn Jaloliddin Muhammad ibn Zayniddin Abdurahim ibn Imodiddin Ali ibn Abu Bakr ham faqih, mutqin, muhaddis, mufassir va turli ilmlar egasi bo‘lgan. U Sayid Jaloliddin Karloniydan fiqh ilmini ta’lim olgan va undan aynan katta bobosining asari bo‘lmish “Hidoya”ni rivoyat qilgan. Alloma o‘z o‘rnida Shamsiddin al-Qarimiyga ustozlik qilib, 813 yilda unga ijozat bergan.[10]

Burhoniddin Marg‘inoniyning avlodlari haqida gapirganda Fazlulloh ibn Abdulvohid ibn Abu Lays Ibn Alouddin ibn Abul Qosim ibn Muhammad ibn Muhammad ibn Muhammad ibn Mahmud ibn Muhamad ibn Muhammad ibn Mahmud ibn Abu Lays Nasr as-Samarqandiy al-Laysiy al-hanafiy nomini ham keltirish o‘rinli. 786 hijriy yilda tug‘ilib 874 yilda vafot etgan mazkur alloma o‘z vaqtida Samarqandning yetuk faqihi bo‘lib, onasi Burhoniddin Marg‘inoniyning avlodlaridan bo‘lgan.[11]

 Mashhur tarixchi va sayyoh Abu Sa’d Abdulkarim ibn Muhammad as-Sam’oniy «Kitab al-ansob» («Nasablar haqida kitob») da Marg‘ilonni Farg‘onaning eng mashhur shaharlaridan biri ekanini aytib, bu yerda ko‘plab mashhur allomalar o‘tganini zikr qiladi.

“1. Imom Abdulaziz ibn Abdurazzzoq ibn Abu Nasr ibn Sulaymon ibn Muttakon al-Marg‘inoniy bo‘lib olti nafar fatvo berishga qodir o‘g‘illari bo‘lgan. Undan o‘g‘illari hadis rivoyat qilganlar. Abdulhay al-Laknaviy: “Agar u o‘g‘illari bilan ko‘chaga chiqsa, odamlar, bir hovlidan yetti nafar muftiy chiqmoqda, deyishar edi,” deya keltirgan.[12] Alloma Samarqandga borib hadis fanidan ta’lim bergan. Keyin o‘z shahri Marg‘ilonga qaytib kelib 477/1055 yilda 68 yoshida vafot etgan.

2. Abu Ya’qub Yusuf ibn Ahmad ibn Hamza ibn Ma’mun ibn Yunus ibn Nuh al-Marg‘inoniy. Alloma Makkada Abu Ali al-Hasan ibn Abdurahmon ash-Shofe’iydan hadis tinglagan va Yaman va Najdda undan hadis aytgan. Undan Abul Fityon Umar ibn Abul Hasan ar-Ravosiy al-Hofiz hadis tinglagan.

3.Abul Muzaffar Bahrom ibn Hamza Ibn al-Muborak al-Marg‘inoniy bo‘lib, Umar ibn Ahmad an-Nasafiyning zikr qilishicha, “Alloma hojilar imomi maqomiga ega bo‘lib, Saraxsda turgan va 516 yilda o‘sha yerda vafot etgan”.[13]

Laknaviy yuqorida tilga olingan asarida Abdulaziz ibn Abdurazzzoq al-Marg‘inoniyning o‘g‘illaridan biri Ali ibn Abdulaziz ibn Abdurrazzoq Zaxiriddin al-Kabir al-Marg‘inoniy haqida gapirib, shunday deydi: “Ali ibn Abdulaziz ibn Abdurrazzoq Zaxiriddin al-Kabir al-Marg‘inoniy fiqhni otasi Abdulazizdan, Ali Sayid ibn Shujo’ Muhammad ibn Ahmad ibn Hamzadan va Abu Muhammad Burhoniddin al-Kabir Abdulaziz va boshqalardan olgan. U «Xulosa» kitobi muallifining ona tomonidan bobosi sanaladi. Undan esa o‘g‘li Abul Mahosin Zaxiriddin al-Hasan ibn Ali va «Xulosa» kitobi muallifining otasi Qivomuddin Ahmad ibn Abdurrashid Tohir ibn Ahmadlar dars olishgan. «Javohir ul-muzia»da keltirilishicha, u Faxruddin Qozixon va «Fatovoyi Zaxiriya» musanniflarining ustozi bo‘ladi.[14] Ammo Laknaviy Qozixonning ustozi Zaxiriddin al-Hasan ibn Ali ibn Abdulaziz al-Marg‘inoniydir, uning otasi Zaxiriddin al-Kabir emas, deb aytgan. Alloma 504 hijriyda vafot etgan.”[15]

Sam’oniy marg‘ilonlik allomalardan quyidagilar haqida ham xabar berib o‘tgan:

“1.Imom Abul Ma’oliy Qays ibn Ishoq ibn Muhammad ibn Amirak al-Marg‘inoniy. Alloma fozil imomlardan edi. Samarqandda bir muddat istiqomat qilgan va o‘sha yerda dars aytgan. Muhammad ibn Jurjoniydan hadis tinglagan. Undan Abu Hafs Umar ibn Muhammad ibn Ahmad an-Nasafiy rivoyat qilgan. Samarqand jome’ masjidida munozaradan ta’lim berayotib, juma kuni ro‘zador holida vafot etgan. Bu 526 yilning 19 shavvol oyiga to‘g‘ri keladi. Uning jasadi u yerdan hovlisiga olib borilgan va ertasi shanba kuni Chokardiza qabristoniga dafn qilingan.[16]

2. Imom Abul Hasan Nasr ibn Hasan al-Marg‘inoniy. Imomlar va ulamolarning mashhurlaridan edi. Uning taqvo va hikmatga doir latif va yoqimli she’rlari ko‘p bo‘lib, dunyo bo‘ylab tarqalgan. U Yusuf ibn al-Farbariyning izdoshi Ahmad ibn Muhammad ibn Uhayddan hadis rivoyat qilgan. Undan esa Abdurazzoq ibn Mas’ud va boshqalar rivoyat qilishgan.

3. Abu Yusuf ibn Ahmad ibn Hamza ibn Mohus ibn Moh al-Marg‘inoniy. Alloma Makkada Abu Ali al-Hasan Abdurahmon ash-Shofeiydan dars tinglagan. Saraxsda yashagan va u yerda 416/1025 yilda vafot etgan».[17]

Mashhur sayyoh, adib va tarixchi Yoqut Hamaviyning «Mo‘‘jam ul-buldon» («Mamlakatlar qomusi») nomli 14 jildlik asarida ham marg‘ilonlik allomalar haqida qimmatli ma’lumotlar keltirilgan:

1.Abu Muhammad Umar ibn Ahmad ibn Abulhasan al-G‘andobiy al-Marg‘inoniy, Marg‘ilonning ­G‘andob qasabasidan bo‘lib, u «al-Farg‘oniy» nomi bilan mashhur bo‘lgan. U hijriy 584 yilda tavallud topgan. Samarqand faqihlaridan va fatvo ahlidan bo‘lgan. Fiqh ilmini qozi Mahmud al-O‘zjandiydan olgan. Balxda Abu Ja’far Muhammad ibn Husayn as-Simjoniy, Abu Ali Ismoil ibn Ahmad al-Bayhaqiy va Abu Bakr Muhammad ibn Abdurahmon al-Xatibdan ta’lim olgan.[18] Zahabiy allomani yetmish yoshida muharram oyida vafot etganini aytgan.[19]

2. Ali al-Husayn ibn Ali ibn Sulaymon al-Marg‘inoniy.

3. Abdulloh ibn Ali al-Farg‘oniy al-Marg‘inoniy.[20]

Abdulhay al-Laknaviyning «Al-favoid al-bahiyyah fi tarojim al-hanafiya» nomli asarida marg‘ilonlik allomalardan quyidagilar haqida ma’lumot bergan:

«1.Al-Hasan ibn Ali Zaxiriddin al-Kabir ibn Abdulaziz al-Marg‘inoniy. «Zaxiriddin Abul-Mahosin» nomi bilan mashhur bo‘lib, Burhoniddin al-Kabir Abdulaziz ibn Umar ibn Moza, Shams ul-aimma[21] Muhammad al-O‘zjandiylardan ilm o‘rgangan, ular esa Shams ul-aimma as-Saraxsiy[22]dan u esa Shams ul-aimma al-Halvoiy[23]dan olgan. Undan esa singlisining o‘g‘li «Al-Xulosa» kitobining muallifi Iftixoruddin Tohir va «Fatovoyi Zaxiriyya» kitobining muallifi Zaxiriddin Muhammad ibn Ahmad al-Buxoriy va Faxruddin al-Hasan ibn Mansur al-O‘zjandiylar fiqh ilmini o‘rganganlar. U faqih, muhaddis olim bo‘lib ilmni imlo[24] va tasnif yo‘li bilan tarqatgan».[25]

2.Mahmud ibn Ahmad ibn Abdulaziz ibn Umar Burhoniddin al-Marg‘inoniy bo‘lib, u hanafiy fuqaholarining kattalaridan edi. Ibn Kamol Bosho uni mujtahidlardan sanagan. Ilmni otasidan olgan. «Zaxirat ul-fatovo», «Tatimmat ul-fatovo», «Al-Muhit al-Burhoniy fi fiqhi an-No‘‘moniy», «Al-Voqeot» va boshqalar uning mashhur asarlaridandir. Yashagan yillari 551-616/ 1175-1220.[26]

3.Muhammad ibn Muhammad ibn Yusuf Bahouddin al-Marg‘inoniy Abul Ma’oliy al-Isbijobiy. “Al-javohir al-muzia”da keltirilishicha, u Jamoliddin Ubaydulloh al-Buxoriy al-Mahbubiyning ustozidir”.[27]

Alloma Zahabiy ham “Tarix ul-islom” asarida yuqorida tilga olingan allomalarni sanab, yana bir marg‘ilonlik alloma haqida xabar beradi:

“1. Mu’allo ibn Abdulaziz Abu Muhammad al-Marg‘inoniy al-hanafiy. Umri oxirida haj ziyoratiga borgan va qaytayotib, Bag‘dodda turib qolgan va u yerda dars aytgan. Fatvo va munozara bilan shug‘ullangan. Otasi va Muhammad ibn Sahl as-Saraxsiy, Abul Ma’oliy Muhammad Ibn Muhammad ibn Zayd al-Husayniy al-Hofizlardan imlo qilgan. Undan esa Xusayn ibn Xisrav va Ali ibn Abu Sa’d al-Xabbozlar hadis rivoyat qilishgan. Alloma 72 yoshida ramazon oyida vafot etgan”.[28]

Aytish o‘rinliki, o‘z davrida dunyoning turli mamlakatlaridan tolibi ilmlar marg‘ilonlik allomalar huzuriga ham dars tinglash uchun kelganlar. Masalan, Zahabiy Burhoniddin Abul Muvaffaq al-hanafiy Mas’ud ibn Shujo’ haqida gapirar ekan, uni Movarounnahrga kelgani va bu yerda Buxoro shayxlari huzurida ta’lim olganini ta’kidlagan va xususan, Imom Zaxiriddin al-Hasan ibn Ali al-Marg‘inoniydan hadis tinglaganini aytgan. Zahabiy allomani sharafli axloq egasi, go‘zal fazilatlar sohibi deya ta’riflaydi. Alloma 510 yilda Damashqda tug‘ilgan. U yerda madrasayi Nuriya va madrasayi Xotuniyada dars aytgan. Zahabiy unga din va dunyo obro‘si jam bo‘lgan edi, deya zikr qilgan. Alloma uzoq umr ko‘rgan va 90 yoshida 16 jumadul oxir oyida vafot etgan.[29]

Marg‘ilonlik allomalar huzuriga nafaqat dunyoning turli mamlakatlaridan tolibi ilmlar kelishgan balki, bu yerlik allomalar turli musulmon mamlakatlariga ham borib dars aytishgan. Zahabiy “Tarix ul-islom” da Rizouddin Abul Fazoil al-Qurashiy al-Hindiy al-Lohuriy haqida gapirib, uni Bag‘dod, Makka, Yaman va Hindistonda bo‘lib o‘sha yerlik allomalardan dars tinglagan deydi va Hindistonda Nizom Muhammad ibn al-Hasan al-Marg‘inoniydan ta’lim olganini aytgan.”[30]

Bundan ko‘rinadiki, marg‘ilonlik Nizom Muhammad ibn al-Hasan al-Marg‘inoniy Hindistonga borib dars aytgan. Mazkur ma’lumotlar Abu Ali az-Zanjoniyning “Al-vofiy bil vafiyyot” nomli kitobida ham tilga olib o‘tilgan.[31]

Rahmatulloh Fayzullaev,

Nodirjon Abdulahatov



[1] Mahmud ibn Ahmad al-Buxoriy. Al-muhitu-l-burhoniy. Qohira: Dor al-kutub al-misriyya // Qo‘lyozma /№ 471. V.1. (I.I.Bekmirzaev. Burhonuddin Mahmud al-Buxoriy va Movarounnahr qoziligi. “Ta’lim nashriyoti” Toshkent. 2011. 13-b.)

[2] “Shayx ul-islom” – muayyan mamlakatda islom tashkilotlari boshlig‘i – diniy unvon. Faxriy unvon sifatida X asrdan u yoki bu faqih yoxud so‘fiyga nisbatan ishlatilgan. XIII asrdan keyin muntazam suratda qo‘llanilgan. Buxoro xonligi, Turkiya (XVI asrdan 1924 yilgacha) va boshqa davlatlarda shayx ul-islom – eng oliy diniy lavozim.

[3] Muhammad Abdulhay al-Laknaviy – buyuk olim, muhaddis, faqih, mutakallim, tarixchi, tadqiqotchi. Alloma 1264-hijriy, 26-zulqa’da oyining seshanba kuni (1847/10/23-m) Hindistonning Bonda shaharchasida dunyoga kelgan. U zot ta’lif etgan kitoblar 110 dan ziyod. Alloma 1304/1887 yilda 39 yoshida Laknau shahrida vafot etgan.

[4] Abdulhay Laknaviy. «Al-favoid al-bahiyyah fi tarojim al-hanafiya» Qozon, 1903, 381 maqola, 222-b. Bundan keyin: Abdulhay Laknaviy. «Al-favoid al-bahiyyah»...

[5] “Hadiyyat ul-orifin”.1-j, 125-b. http://www.alwarraq.com

[6] Abdulhay Laknaviy. “Al-favoid al-bahiyyah”...381 maqola, 224-b.

[7] Abdulhay Laknaviy. “Al-favoid al-bahiyyah”...196 maqola, 113-b.

[8] Abdulhay Laknaviy. “Al-favoid al-bahiyyah”... 291 maqola,182-b

[9] Abdulhay Laknaviy. “Al-favoid al-bahiyyah”... 280 maqola,172-b.

[10] Abdulhay Laknaviy. “Al-favoid al-bahiyyah”... 183 maqola, 103-b.

[11] Suyutiy: “Nazm al-aqyon fi a’yon al-a’yon” 1-j, 45-b. http://www.alwarraq.com

[12] Abdulhay Laknaviy. “Al-favoid al-bahiyyah”... 118-b.

[13] Abu Sa’d Abdulkarim as-Sam’oniy. “Al-ansob”. Dorul jinon. Bayrut –Lubnon. 1408/1988. 5-j, 260-b. Bundan keyin: “Abu Sa’d Sam’oniy. “Al-ansob”.

[14] Abdulhay Laknaviy. “Al-favoid al-bahiyyah”... 148-b.

[15] Abdulhay Laknaviy. “Al-favoid al-bahiyyah”... 148-b.

[16] Abu Sa’d Sam’oniy. “Al-ansob”... 5-j, 260-b.

[17] Abu Sa’d as-Sam’oniy. “Al-ansob”... 1-j. 337, 354-b.

[18] Abu Abdulloh Yoqut ibn Abdulloh Al-Hamaviy. «Mo‘‘jam ul-buldon». Dor ul-fikr. Bayrut – 4-j, 216-b. Bundan keyin: “Yoqut Hamaviy: “Mo‘‘jam ul-buldon”.

[19] Shamsiddin Zahabiy: “Tarix ul-islom”. 8-j, 100-b. http://www.alwarraq.com

[20] “Yoqut Hamaviy: “Mo‘‘jam ul-buldon”.1-j, 266-b.

[21] Faqihlar o‘rtasida «Shams ul-aimma» («Imomlar quyoshi») atamasi mutlaq kelganda Shams ul-aimma as-Saraxsiy iroda qilingan bo‘ladi. Boshqa zotlar esa nisbatlari ila qayd qilinadi.

[22] Shams ul-aimma Abu Bakr Muhammad ibn Ahmad ibn Abi Sahl Saraxsiy. Mutakallim va faqih. Eng muhim asari Al-Mabsut bo‘lib, uni zindonda turganida aytib turib yozdirgan. Uning vafot sanasi turlicha ko‘rsatilgan bo‘lib, eng ishonchlisi 483/1090 yil, buni Brokelman (Brockelmann), Xefenin (Heffening) va Sezgin (Sezginlar) kabi sharqshunoslar ham qabul qilgani aytilgan. (The Encyclopaedia of islam. Edited by P. J. Bearman, TH. Bianquis, C. E. Bosworth, E. Van Donzel and W. P. Heinrichs. V. IX. − Leiden: Brill, 2002. – R. 36.)

[23] Abdulaziz ibn Ahmad ibn Nasr ibn Solih Shams ul-aimma Halvoniy Buxoriy. 448/1057 yilda Kesh shahrida vafot etgan. Buxoroga dafn qilingan.

[24] Imlo so‘zi arab tilida «yozdirmoq» ma’nosida bo‘lib, unga ko‘ra ustoz og‘zaki aytib turgan darsni shogirdlar yozib borishgan. Bu uslubni hanafiylar ko‘proq «Imlo», shofi’iylar esa aksar vaqtda «Ta’liqa» deb ataydilar. (Muhammad Amin Ibn Obidiyn. Sharh Manzuma Uqudi rasm al-muftiy // «Rasoili Ibn Obidin» to‘plami tarkibida. 2-risola. Istanbul: Saodat, 1320. 17-b.)

[25] Abdulhay Laknaviy. “Al-favoid al-bahiyyah”... 75-76-b.

[26] Abdulhay Laknaviy. “Al-favoid al-bahiyyah”... 205-b; «Al-a’lom» 8-j. 36-b; Umar Rizo Kahhola.“Mo‘‘jam ul-muallifin”.Bayrut.Doru ihyou turosil arabiy.12-j.147-b.

[27] Abdulhay Laknaviy. “Al-favoid al-bahiyyah”... 324 maqola, 192-b.

[28] Shamsiddin Zahabiy: “Tarix ul-islom”. 9-j, 294-b. http://www.alwarraq.com

[29] Shamsiddin Zahabiy: “Tarix ul-islom”. 9-j, 294-b. http://www.alwarraq.com

[30] Shamsiddin Zahabiy: “Tarix ul-islom”. 10-j, 394-b. http://www.alwarraq.com

[31] Na’imiy. “Ad-dorisu fi tarix al-madoris”. 1-j, 1703-b. http://www.alwarraq.com