Биз билган ва билмаган Мадаминбек

Рукн: Тарих Чоп этилган: 13.12.2014

Туркистон истиқлоли учун фидойи курашчи Мадаминбекнинг улуғ номини халқимиз доимо меҳр-муҳаббат билан тилга олиб келмоқда, унинг хотирасини қалбининг тўрида сақламоқда.
Мадаминбекнинг асл исми Муҳаммад Аминбек Аҳмадбек ўғли бўлиб, у 1892 йили Марғилон атрофида – ҳозирги Тошлоқ туманининг Садда қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги Сўкчилик қишлоғида ўртаҳол оилада туғилди.

Мадаминбекнинг отаси Аҳмадбек ўрта бўйли, тўладан келган чиройли одам бўлганлигини марғилонликлар яхши эслашади. Аҳмадбекнинг беш фарзанди бўлиб, Мадаминбек уларнинг энг кенжаси эди. Мадаминбекнинг Мақсудали ва Мамадали исмли икки акаси, Меҳринисо ва Майрамнисо исмли икки опаси бўлган. Ота-онаси ўз даврининг саводли ва билимдон кишилари, маҳалла-кўй, қариндош-уруғлар даврасида бообрў одамлар бўлишган. Ана шундай маърифатли оилада вояга етган Мадаминбек тўғри сўзли, дўстларига садоқатли, мулоҳазали ва диёнатли йигит бўлиб ўсди.

Мадаминбек Биринчи жаҳон уруши арафасида чор Россияси ҳукмронлигига қарши бош кўтаради. 1914 йили қамоққа олинади. Суд Мадаминбекнинг ўзи тан олмаган айблар – қотиллик ва ўғриликни ҳам унга тўнкаб, 14 йилга Сибирдаги Нерчинск деган жойга каторгага ҳукм қилади.
1917 йил Феврал инқилобидан кейин сиё сий маҳбус сифатида Мадаминбек озодликка чиқади ва Марғилонга қайтиб келади. «Шўрои уламо» жамиятининг раҳбарлари Мадаминбекни шаҳар миршаблари бошлиғи – қўрбошиси лавозимига бежиз тавсия этишмайди. Агар у қотил ва ўғри бўлганида нуфузли уламолар ва зиёлилар унга бу лавозимни таклиф қилишмас эдилар. Совет режими йилларида Мадаминбек ва бошқа қўрбошиларга «ўғри», «босқинчи», «бандит» деган сунъий ёрлиқларни ёпиштириш одат тусига кирган эди.
Туркистонда болшевиклар ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллагач, Фарғона вилояти ҳарбий комиссари К.Осипов Мадаминбекни Марғилон милицияси бошлиғи этиб тайинлаш ҳақидаги буйруққа қўл қўяди ва уни қурол-яроғ билан таъминлайди. 1918 йил январ ойининг охиригача Мадаминбек шу лавозимда хизмат қилади.
Бироқ совет режимининг халққа қарши сиёсати Мадаминбекни озодлик учун курашга ундади. 1918 йил март ойининг бошларида Мадаминбек ўз милиционерлари билан истиқлолчилар сафига ўтди. Мадаминбек айрим сиёсатдонлар ва тарихчилар ҳозир ҳам даъво қилаётганларидек, Қўқон хони бўлиш учун эмас, балки юртида тинчлик ўрнатиш ва босқинчиларга қарши курашиш учун қўлига қурол тутди. Мадаминбек атрофида Марғилон ва Тошлоқдаги жасур чапани йигитлар тўпландилар. «Яккатут бўлиси Гарбува (Гарбобо) қишлоғидаги Мадаминбек гуруҳининг қароргоҳига оммавий равишда маҳаллий ёшлар келиб қўшиларди», – деб ёзилади 1918 йилги расмий ҳужжатларнинг бирида.
1918 йил баҳорида Мадаминбек қўл остида даставвал 1000-1500 йигит тўпланди. «Деҳ қондан сўнгги яктагини ҳам тортиб олган» шўро ҳокимиятига қарши курашиш Мадаминбекнинг асосий матлаби бўлган. Миллий-озодлик ҳаракати сафига Мадаминбек сингари салоҳиятли саркарданинг қўшилиши жуда катта аҳамиятга эга эди.
«Ўз олдига совет ҳокимиятини ағдариш ва Фарғона Мухториятини тиклаш вазифаларини қўйган Мадаминбек тадбиркор сиёсатчи ва уддабурон ташкилотчи фазилатларига эга эди», – деб тан олинади ўша даврга оид расмий ҳужжатларнинг яна бирида.
Мадаминбек йигитлари ўртасида ҳарбий интизом кучли эди. Мадаминбекчилар босқинчи ва ўғриларни ўзлари ушлаб жазосини беришарди. Масалан, «1919 йил бошида Тошлоқда Исҳоқ ишбоши ва Тожибек кунжарафуруш майда босқинчилик гуруҳларини тузгани учун Мадаминбек юборган одамлар томонидан отиб ташланди».
Мадаминбек сиймосида саркардалик, давлат ва сиёсат арбобига хос сифатлар ўзаро мужассам бўлган. У Фарғона водийсидаги истиқлолчиларнинг тан олинган йўлбошчиси эди. Мадаминбек водийдаги совет ҳокимияти органларига муқобил равишда ўз сиёсий бошқарув усулини ўрнатди. Бундай бошқарув усулини яна Фарғона водийсида Катта Эргаш ва Шермуҳаммадбек, Бухоро республикасида Иброҳимбек, Мулла Абдулқаҳҳор, Анвар Пошо ва Салим Пошо, Хоразм республикаcида эса фақат Жунаидхон каби сардорларгина жорий этган эдилар.
1918 йил ноябр ойининг бошида Андижон уездидаги Ойимқишлоқда (ҳозирги Андижон вилояти Жалолқудуқ тумани) бўлган Фарғона водийси қўрбошиларининг қурултойида Катта Эргаш қўрбоши ўрнига истиқлолчиларнинг Олий бош қўмондони қилиб Мадаминбек сайланди. Унинг ўринбосарлари қилиб Катта Эргаш (тахминан 1882 – 1921) ва Шермуҳаммадбек (1893 – 1970) тайинланди.
Мадаминбек 1918 йилнинг охиридаёқ мустақилликка уринаётган йирик қўрбошиларнинг фаолиятини бошқаришга муваффақ бўлди. Шермуҳаммадбек, Нурмуҳаммадбек, Холхўжа Эшон, Маҳкам Ҳожи, Раҳмонқул, Омон Полвон ва қирғиз мужоҳидларининг бошлиғи Муҳиддинбек сингари қўрбошиларни ягона қўмондонлик остига бирлаштириш ундан жуда катта куч-ғайратни талаб этди. Ўз қишлоғи ва туманида «ўзи бек» бўлган бу қўрбошиларнинг қаршилиги ва ўзбошимчалигини Мадаминбек синдиришга эришди. У Холхўжа Эшоннинг шуҳратпарастлиги ва калтабинлигига қарши анча курашди. Катта Эргаш қўрбоши билан Мадаминбекнинг муносабатлари ҳам тез-тез ўзгариб турарди.
Мадаминбек қўшини сафида халқнинг барча табақаларига мансуб кишилар бор эди. «Мадаминбек бойлар ва маҳаллий аҳоли томонидан тўла равишда қўллаб-қувватланмоқда», – деб айтган эди 1918 йил октябрда Марғилон шаҳрининг фавқулодда комиссари Сугрубов. «Мадаминбек ҳар қандай аксилинқилобчи ва советлардан норози одамни, у қайси миллат вакили эканлиги ва диний эътиқодидан қатъи назар, хурсандлик билан кутиб оларди», – дейилади бошқа бир расмий ҳужжатда.
Мадаминбек қисқа муддат ичида ўз атрофига ақлли маслаҳатчиларни тўплади ва улар кўмагида яхши тайёрланган ходимларни Фар ғона водийсининг ҳамма жойларига ўз вакиллари сифатида юборди. Мадаминбек юборган бундай вакиллар водийнинг барча шаҳарлари, катта қишлоқларида бўлиб туб халқларни мустабид совет режими ва босқинчи қизил армияга қарши курашга оёқлантирдилар.
«Мадаминбек турли сиёсий оқимдаги кишиларни бирлаштира олди. Шунинг учун ҳам ҳеч қайси қўрбоши унингчалик куч-қудратга эга бўлмаган эди», – деб ўша пайтдаёқ ёзган эди унинг ғоявий мухолифларидан бири совет ҳарбий тарихчиси В.Кувшинов.
«1919 йил январида Мадаминбек қўл остида 16000 кишидан иборат армия бўлган», – деб таъкидланади Фарғона вилояти совети номига 1919 йил 27 январда йўлланган ўта шошилинч маълумотномада. Ўша йил ўрталарига келиб эса Мадаминбек қўл остида 25.000 йигит совет режими ва қизил армияга қарши истиқлол жангларини олиб борган. Бу пайтда Шермуҳаммадбекда 20000 йигит, Катта Эргаш қўрбошида бўлса 15000=16000 йигит бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 1998 йил август ойида Фарғона шаҳрида бўлган митингда Мадаминбек шахсига, унинг суронли ҳаётига, бу миллатпарвар, исёнкор, оқил инсоннинг тақдирига муносиб баҳо бериб. совет тузуми даврида адолат ва ҳақиқат учун тинмай кураш олиб борган юртпарварнинг суронли ҳаётига қуйидаги тарзда муносабат билдирди: «Мадаминбек муттаҳам, ўғри бўлмаган. Озодлик, адолат учун курашган» («Халқ сўзи», 1998 йил, 11 август).
Ёш Мадаминбек тадбиркор лашкарбоши бўлиш билан бирга, уста сиёсатчи, моҳир дипломат ҳам эди. У Фарғона водийсидаги қўрбошиларни ягона қўмондонлик остига бирлаштирди, Бухоро амири Саид Олимхон (1881 – 1944) ва Хива хонлигининг амалдаги ҳукмдори Жунаидхон (1857 – 1938) билан қизил армияга қарши биргаликда курашиш учун музокаралар олиб борди. Самарқанд вилояти истиқлолчиларнинг раҳбарлари Баҳромбек (? – 1922) ва Очилбек (тахминан 1883 – 1923) ҳузурига ўз вакилларини жўнатди. Афғонистон ва Туркияга ҳам ишонч ли кишилар юборилди. Мадаминбек Россиянинг Кошғардаги собиқ консули Успенский ва Буюк Британиянинг бош консули П.Эсертон орқали жаҳон саҳнасига чиқишга, Европа давлатлари ҳамда АҚШдан болшевикларга қарши кураш олиб бориш учун иқтисодий ва ҳарбий ёрдам олишга интилди. Мадаминбекнинг бу саъй-ҳаракатлари халқаро майдонда сезиларли ютуққа олиб келмаса ҳам, лекин Фарғона водийсининг ўзида мустабид совет режимига қарши кучларни бирлаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Мадаминбек томонидан моҳирона дипломатик сиёсат юритилганлиги натижасида 1919 йил 22 октябрда унинг бошчилигида Фарғона Муваққат мухторият ҳукумати тузилгани водийдаги вазиятни истиқлолчилар фойдасига ўзгартириб юборди. Ягона, кучли ва малакали замонавий мусулмон армияси тузиш ишлари қизиб кетди. 1919 йилнинг кеч кузига келиб, «Мадаминбек қўл остида салкам 30000 йигит» қизил армияга қарши истиқлол жангларини олиб борди. Бу пайтда «Шермуҳаммадбекда 20000 йигит», «Катта Эргаш қўрбошида 8000 йигит бўлган». Ана шу лашкарбошилар водийдаги жанговар ҳаракатларни йўналтириб турдилар.
Совет режими ва болшевиклар истиқлолчиларга қарши курашиш учун барча воситаларни ишга солди. Туркистон фронти, Турккомиссия, Туркбюро, кейинчалик РК(б)П марказий комитети Ўрта Осиё бюроси каби турли ташкилотлар, комиссия ва бюролар тузилиб, боз устига Россия марказидан доимий равишда Туркистон минтақасига янги-янги қизил аскар қисмлари ташлаб турилди. Бу ҳолат, хусусан, Оренбург тиқини тугатилгач, авж олиб кетди. 1920 йил январ ойининг ўрталарига келиб, жанговар ташаббус қизил армия қўлига ўтди.
Ҳарбий ташаббус қўлдан кетганлигини, ҳар қадамда хиёнат таъқиб қилаётганини кўрган Мадаминбек ўз йигитлари ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида Фарғонадаги совет қўшинлари қўмондонлигига яраш музокаралари бошлашни таклиф этди. Истиқлолчилар қўшинининг Бош қўмондони Мадаминбек билан 2-Туркистон ўқчи дивизиясининг бошлиғи Н.А.Верёвкин-Рохалский ўртасида 1920 йил 6 мартда Скобелев (ҳозирги Фарғона) шаҳрида яраш битими имзоланди. Мадаминбек билан бирга совет ҳокимияти томонига унинг ўнлаб қўрбошилари ва 3500 йигити ҳам ўтган эди.
Лекин Мадаминбекнинг дипломатик тадбирлари бу гал самарасиз тугади. Совет қўмондонлиги томонидан музокаралар ўтказиш учун қўрбошилар орасига юборилган Мадаминбек Шермуҳаммадбекнинг розилиги билан Холхўжа Эшон томонидан 1920 йил 14 майда қирғизларнинг Қоровул қишлоғи атрофида хиёнаткорона ўлдирилди.
Мадаминбек билимдонлиги ва ташаббускорлиги, ўзининг демократик қарашлари ва ҳарбий салоҳияти билан бошқа қўрбошилардан анча устун турган. У халқ орасида кучли меҳр-муҳаббат ва катта обрўга сазовор эди. Табиийки, миллат мустақиллиги учун курашган Мадаминбек сингари юртпарварлар совет режими учун жуда хавфли эди. Шу сабабли ҳам Мадаминбекнинг ҳалок бўлишидан биринчи навбатда шўролар манфаатдор бўлган. Адолат юзасидан айтганда, Мадаминбекнинг айрим ишлари баъзи ўзбилармон қўрбошилар ва уламоларга ҳам ёқмас эди. Истиқлолчилик ҳаракатидаги бундай зиддиятли ҳолатлар Мадаминбек қисматининг фожиали тугашида ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади.
Мадаминбек фожиали равишда ҳалок бўлган бўлса ҳам, унинг порлоқ номи Туркис тон истиқлолчилари ўртасида тилларда достон бўлди. Мадаминбек ҳақида турли қўшиқлар тўқилиб, истиқлолчилар томонидан куйланди. Махфий архив ҳужжатларининг гувоҳлик беришича, ана шундай қўшиқ матнларининг бирига Мунаввар Қори анча сайқал бергач, бу қўшиқ яна ҳам машҳур бўлиб кетади.
Мадаминбекнинг қабри ҳозирги Қирғиз истон Республикаси ҳудудида, Олой воҳасидаги Шиғай қишлоғидадир. Бу манзил ХХ асрнинг 20-йилларидан бошлаб ўзбек, қирғиз ва бошқа туркий халқларнинг зиёратгоҳ масканига айланган. Қабр устига ўрнатилган мармартошда «Туринг бегим, гуноҳларни ювайлик, босқинчини Она юртдан қувайлик!» деган шеърий битик лотин имлосида ўзбек тилида ўйиб ёзилган. Шеърий матн остида қиличнинг расми акс эттирилган.
Мадаминбек юрт озодлиги ва истиқлоли учун курашда қурбон бўлди. У ўз ўлими билан бугунги Мустақиллигимизга пойдевор қўйди, ҳозирги истиқлол кунларимизни яқинлаштирди.

Қаҳрамон Ражабов,
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 21-сонидан олинди.

* * *

Turkiston istiqloli uchun fidoyi kurashchi Madaminbekning ulug‘ nomini xalqimiz doimo mehr-muhabbat bilan tilga olib kelmoqda, uning xotirasini qalbining to‘rida saqlamoqda.
Madaminbekning asl ismi Muhammad Aminbek Ahmadbek o‘g‘li bo‘lib, u 1892 yili Marg‘ilon atrofida – hozirgi Toshloq tumanining Sadda qishloq fuqarolar yig‘ini hududidagi So‘kchilik qishlog‘ida o‘rtahol oilada tug‘ildi. Madaminbekning otasi Ahmadbek o‘rta bo‘yli, to‘ladan kelgan chiroyli odam bo‘lganligini marg‘ilonliklar yaxshi eslashadi. Ahmadbekning besh farzandi bo‘lib, Madaminbek ularning eng kenjasi edi. Madaminbekning Maqsudali va Mamadali ismli ikki akasi, Mehriniso va Mayramniso ismli ikki opasi bo‘lgan. Ota-onasi o‘z davrining savodli va bilimdon kishilari, mahalla-ko‘y, qarindosh-urug‘lar davrasida boobro‘ odamlar bo‘lishgan. Ana shunday ma’rifatli oilada voyaga yetgan Madaminbek to‘g‘ri so‘zli, do‘stlariga sadoqatli, mulohazali va diyonatli yigit bo‘lib o‘sdi.
Madaminbek Birinchi jahon urushi arafasida chor Rossiyasi hukmronligiga qarshi bosh ko‘taradi. 1914 yili qamoqqa olinadi. Sud Madaminbekning o‘zi tan olmagan ayblar – qotillik va o‘g‘rilikni ham unga to‘nkab, 14 yilga Sibirdagi Nerchinsk degan joyga katorgaga hukm qiladi.

1917 yil Fevral inqilobidan keyin siyo siy mahbus sifatida Madaminbek ozodlikka chiqadi va Marg‘ilonga qaytib keladi. «Sho‘roi ulamo» jamiyatining rahbarlari Madaminbekni shahar mirshablari boshlig‘i – qo‘rboshisi lavozimiga bejiz tavsiya etishmaydi. Agar u qotil va o‘g‘ri bo‘lganida nufuzli ulamolar va ziyolilar unga bu lavozimni taklif qilishmas edilar. Sovet rejimi yillarida Madaminbek va boshqa qo‘rboshilarga «o‘g‘ri», «bosqinchi», «bandit» degan sun’iy yorliqlarni yopishtirish odat tusiga kirgan edi. 
Turkistonda bolsheviklar hokimiyatni zo‘ravonlik bilan egallagach, Farg‘ona viloyati harbiy komissari K.Osipov Madaminbekni Marg‘ilon militsiyasi boshlig‘i etib tayinlash haqidagi buyruqqa qo‘l qo‘yadi va uni qurol-yarog‘ bilan ta’minlaydi. 1918 yil yanvar oyining oxirigacha Madaminbek shu lavozimda xizmat qiladi.
Biroq sovet rejimining xalqqa qarshi siyosati Madaminbekni ozodlik uchun kurashga undadi. 1918 yil mart oyining boshlarida Madaminbek o‘z militsionerlari bilan istiqlolchilar safiga o‘tdi. Madaminbek ayrim siyosatdonlar va tarixchilar hozir ham da’vo qilayotganlaridek, Qo‘qon xoni bo‘lish uchun emas, balki yurtida tinchlik o‘rnatish va bosqinchilarga qarshi kurashish uchun qo‘liga qurol tutdi. Madaminbek atrofida Marg‘ilon va Toshloqdagi jasur chapani yigitlar to‘plandilar. «Yakkatut bo‘lisi Garbuva (Garbobo) qishlog‘idagi Madaminbek guruhining qarorgohiga ommaviy ravishda mahalliy yoshlar kelib qo‘shilardi», – deb yoziladi 1918 yilgi rasmiy hujjatlarning birida.
1918 yil bahorida Madaminbek qo‘l ostida dastavval 1000-1500 yigit to‘plandi. «Deh qondan so‘nggi yaktagini ham tortib olgan» sho‘ro hokimiyatiga qarshi kurashish Madaminbekning asosiy matlabi bo‘lgan. Milliy-ozodlik harakati safiga Madaminbek singari salohiyatli sarkardaning qo‘shilishi juda katta ahamiyatga ega edi.
«O‘z oldiga sovet hokimiyatini ag‘darish va Farg‘ona Muxtoriyatini tiklash vazifalarini qo‘ygan Madaminbek tadbirkor siyosatchi va uddaburon tashkilotchi fazilatlariga ega edi», – deb tan olinadi o‘sha davrga oid rasmiy hujjatlarning yana birida.
Madaminbek yigitlari o‘rtasida harbiy intizom kuchli edi. Madaminbekchilar bosqinchi va o‘g‘rilarni o‘zlari ushlab jazosini berishardi. Masalan, «1919 yil boshida Toshloqda Ishoq ishboshi va Tojibek kunjarafurush mayda bosqinchilik guruhlarini tuzgani uchun Madaminbek yuborgan odamlar tomonidan otib tashlandi».
Madaminbek siymosida sarkardalik, davlat va siyosat arbobiga xos sifatlar o‘zaro mujassam bo‘lgan. U Farg‘ona vodiysidagi istiqlolchilarning tan olingan yo‘lboshchisi edi. Madaminbek vodiydagi sovet hokimiyati organlariga muqobil ravishda o‘z siyosiy boshqaruv usulini o‘rnatdi. Bunday boshqaruv usulini yana Farg‘ona vodiysida Katta Ergash va Shermuhammadbek, Buxoro respublikasida Ibrohimbek, Mulla Abdulqahhor, Anvar Posho va Salim Posho, Xorazm respublikacida esa faqat Junaidxon kabi sardorlargina joriy etgan edilar.
1918 yil noyabr oyining boshida Andijon uezdidagi Oyimqishloqda (hozirgi Andijon viloyati Jalolquduq tumani) bo‘lgan Farg‘ona vodiysi qo‘rboshilarining qurultoyida Katta Ergash qo‘rboshi o‘rniga istiqlolchilarning Oliy bosh qo‘mondoni qilib Madaminbek saylandi. Uning o‘rinbosarlari qilib Katta Ergash (taxminan 1882 – 1921) va Shermuhammadbek (1893 – 1970) tayinlandi.
Madaminbek 1918 yilning oxiridayoq mustaqillikka urinayotgan yirik qo‘rboshilarning faoliyatini boshqarishga muvaffaq bo‘ldi. Shermuhammadbek, Nurmuhammadbek, Xolxo‘ja Eshon, Mahkam Hoji, Rahmonqul, Omon Polvon va qirg‘iz mujohidlarining boshlig‘i Muhiddinbek singari qo‘rboshilarni yagona qo‘mondonlik ostiga birlashtirish undan juda katta kuch-g‘ayratni talab etdi. O‘z qishlog‘i va tumanida «o‘zi bek» bo‘lgan bu qo‘rboshilarning qarshiligi va o‘zboshimchaligini Madaminbek sindirishga erishdi. U Xolxo‘ja Eshonning shuhratparastligi va kaltabinligiga qarshi ancha kurashdi. Katta Ergash qo‘rboshi bilan Madaminbekning munosabatlari ham tez-tez o‘zgarib turardi.
Madaminbek qo‘shini safida xalqning barcha tabaqalariga mansub kishilar bor edi. «Madaminbek boylar va mahalliy aholi tomonidan to‘la ravishda qo‘llab-quvvatlanmoqda», – deb aytgan edi 1918 yil oktyabrda Marg‘ilon shahrining favqulodda komissari Sugrubov. «Madaminbek har qanday aksilinqilobchi va sovetlardan norozi odamni, u qaysi millat vakili ekanligi va diniy e’tiqodidan qat’i nazar, xursandlik bilan kutib olardi», – deyiladi boshqa bir rasmiy hujjatda.
Madaminbek qisqa muddat ichida o‘z atrofiga aqlli maslahatchilarni to‘pladi va ular ko‘magida yaxshi tayyorlangan xodimlarni Farg‘ona vodiysining hamma joylariga o‘z vakillari sifatida yubordi. Madaminbek yuborgan bunday vakillar vodiyning barcha shaharlari, katta qishloqlarida bo‘lib tub xalqlarni mustabid sovet rejimi va bosqinchi qizil armiyaga qarshi kurashga oyoqlantirdilar.
«Madaminbek turli siyosiy oqimdagi kishilarni birlashtira oldi. Shuning uchun ham hech qaysi qo‘rboshi uningchalik kuch-qudratga ega bo‘lmagan edi», – deb o‘sha paytdayoq yozgan edi uning g‘oyaviy muxoliflaridan biri sovet harbiy tarixchisi V.Kuvshinov.
«1919 yil yanvarida Madaminbek qo‘l ostida 16000 kishidan iborat armiya bo‘lgan», – deb ta’kidlanadi Farg‘ona viloyati soveti nomiga 1919 yil 27 yanvarda yo‘llangan o‘ta shoshilinch ma’lumotnomada. O‘sha yil o‘rtalariga kelib esa Madaminbek qo‘l ostida 25.000 yigit sovet rejimi va qizil armiyaga qarshi istiqlol janglarini olib borgan. Bu paytda Shermuhammadbekda 20000 yigit, Katta Ergash qo‘rboshida bo‘lsa 15000=16000 yigit bo‘lgan.
O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti Islom Karimov 1998 yil avgust oyida Farg‘ona shahrida bo‘lgan mitingda Madaminbek shaxsiga, uning suronli hayotiga, bu millatparvar, isyonkor, oqil insonning taqdiriga munosib baho berib. sovet tuzumi davrida adolat va haqiqat uchun tinmay kurash olib borgan yurtparvarning suronli hayotiga quyidagi tarzda munosabat bildirdi: «Madaminbek muttaham, o‘g‘ri bo‘lmagan. Ozodlik, adolat uchun kurashgan» («Xalq so‘zi», 1998 yil, 11 avgust).
Yosh Madaminbek tadbirkor lashkarboshi bo‘lish bilan birga, usta siyosatchi, mohir diplomat ham edi. U Farg‘ona vodiysidagi qo‘rboshilarni yagona qo‘mondonlik ostiga birlashtirdi, Buxoro amiri Said Olimxon (1881 – 1944) va Xiva xonligining amaldagi hukmdori Junaidxon (1857 – 1938) bilan qizil armiyaga qarshi birgalikda kurashish uchun muzokaralar olib bordi. Samarqand viloyati istiqlolchilarning rahbarlari Bahrombek (? – 1922) va Ochilbek (taxminan 1883 – 1923) huzuriga o‘z vakillarini jo‘natdi. Afg‘oniston va Turkiyaga ham ishonch li kishilar yuborildi. Madaminbek Rossiyaning Koshg‘ardagi sobiq konsuli Uspenskiy va Buyuk Britaniyaning bosh konsuli P.Eserton orqali jahon sahnasiga chiqishga, Yevropa davlatlari hamda AQShdan bolsheviklarga qarshi kurash olib borish uchun iqtisodiy va harbiy yordam olishga intildi. Madaminbekning bu sa’y-harakatlari xalqaro maydonda sezilarli yutuqqa olib kelmasa ham, lekin Farg‘ona vodiysining o‘zida mustabid sovet rejimiga qarshi kuchlarni birlashtirishda muhim ahamiyatga ega bo‘ldi.
Madaminbek tomonidan mohirona diplomatik siyosat yuritilganligi natijasida 1919 yil 22 oktyabrda uning boshchiligida Farg‘ona Muvaqqat muxtoriyat hukumati tuzilgani vodiydagi vaziyatni istiqlolchilar foydasiga o‘zgartirib yubordi. Yagona, kuchli va malakali zamonaviy musulmon armiyasi tuzish ishlari qizib ketdi. 1919 yilning kech kuziga kelib, «Madaminbek qo‘l ostida salkam 30000 yigit» qizil armiyaga qarshi istiqlol janglarini olib bordi. Bu paytda «Shermuhammadbekda 20000 yigit», «Katta Ergash qo‘rboshida 8000 yigit bo‘lgan». Ana shu lashkarboshilar vodiydagi jangovar harakatlarni yo‘naltirib turdilar.
Sovet rejimi va bolsheviklar istiqlolchilarga qarshi kurashish uchun barcha vositalarni ishga soldi. Turkiston fronti, Turkkomissiya, Turkbyuro, keyinchalik RK(b)P markaziy komiteti O‘rta Osiyo byurosi kabi turli tashkilotlar, komissiya va byurolar tuzilib, boz ustiga Rossiya markazidan doimiy ravishda Turkiston mintaqasiga yangi-yangi qizil askar qismlari tashlab turildi. Bu holat, xususan, Orenburg tiqini tugatilgach, avj olib ketdi. 1920 yil yanvar oyining o‘rtalariga kelib, jangovar tashabbus qizil armiya qo‘liga o‘tdi.
Harbiy tashabbus qo‘ldan ketganligini, har qadamda xiyonat ta’qib qilayotganini ko‘rgan Madaminbek o‘z yigitlari hayotini saqlab qolish maqsadida Farg‘onadagi sovet qo‘shinlari qo‘mondonligiga yarash muzokaralari boshlashni taklif etdi. Istiqlolchilar qo‘shinining Bosh qo‘mondoni Madaminbek bilan 2-Turkiston o‘qchi diviziyasining boshlig‘i N.A.Veryovkin-Roxalskiy o‘rtasida 1920 yil 6 martda Skobelev (hozirgi Farg‘ona) shahrida yarash bitimi imzolandi. Madaminbek bilan birga sovet hokimiyati tomoniga uning o‘nlab qo‘rboshilari va 3500 yigiti ham o‘tgan edi.
Lekin Madaminbekning diplomatik tadbirlari bu gal samarasiz tugadi. Sovet qo‘mondonligi tomonidan muzokaralar o‘tkazish uchun qo‘rboshilar orasiga yuborilgan Madaminbek Shermuhammadbekning roziligi bilan Xolxo‘ja Eshon tomonidan 1920 yil 14 mayda qirg‘izlarning Qorovul qishlog‘i atrofida xiyonatkorona o‘ldirildi.
Madaminbek bilimdonligi va tashabbuskorligi, o‘zining demokratik qarashlari va harbiy salohiyati bilan boshqa qo‘rboshilardan ancha ustun turgan. U xalq orasida kuchli mehr-muhabbat va katta obro‘ga sazovor edi. Tabiiyki, millat mustaqilligi uchun kurashgan Madaminbek singari yurtparvarlar sovet rejimi uchun juda xavfli edi. Shu sababli ham Madaminbekning halok bo‘lishidan birinchi navbatda sho‘rolar manfaatdor bo‘lgan. Adolat yuzasidan aytganda, Madaminbekning ayrim ishlari ba’zi o‘zbilarmon qo‘rboshilar va ulamolarga ham yoqmas edi. Istiqlolchilik harakatidagi bunday ziddiyatli holatlar Madaminbek qismatining fojiali tugashida o‘z ta’sirini o‘tkazmasdan qolmadi.
Madaminbek fojiali ravishda halok bo‘lgan bo‘lsa ham, uning porloq nomi Turkiston istiqlolchilari o‘rtasida tillarda doston bo‘ldi. Madaminbek haqida turli qo‘shiqlar to‘qilib, istiqlolchilar tomonidan kuylandi. Maxfiy arxiv hujjatlarining guvohlik berishicha, ana shunday qo‘shiq matnlarining biriga Munavvar Qori ancha sayqal bergach, bu qo‘shiq yana ham mashhur bo‘lib ketadi.
Madaminbekning qabri hozirgi Qirg‘iziston Respublikasi hududida, Oloy vohasidagi Shig‘ay qishlog‘idadir. Bu manzil XX asrning 20-yillaridan boshlab o‘zbek, qirg‘iz va boshqa turkiy xalqlarning ziyoratgoh maskaniga aylangan. Qabr ustiga o‘rnatilgan marmartoshda «Turing begim, gunohlarni yuvaylik, bosqinchini Ona yurtdan quvaylik!» degan she’riy bitik lotin imlosida o‘zbek tilida o‘yib yozilgan. She’riy matn ostida qilichning rasmi aks ettirilgan.
Madaminbek yurt ozodligi va istiqloli uchun kurashda qurbon bo‘ldi. U o‘z o‘limi bilan bugungi Mustaqilligimizga poydevor qo‘ydi, hozirgi istiqlol kunlarimizni yaqinlashtirdi.

Qahramon Rajabov,

«O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2002 yil 21-sonidan olindi.