Жаҳонгашта олим

Рукн: Тарих Чоп этилган: 12.12.2014

Ислом оламининг машҳур сиймоларидан бири Абдурашид Иброҳим дунёга келганига бир юз эллик бир йил тўлди. Ҳаёти ажабтовур воқеаларга бой бу фозил инсонни она ватани Татаристонда ва Туркияда яхши билишади. Шу қаторда уни Ўзбекистонда ҳам ёдга олиш учун етарли асос бор. У замона зайли билан Сибирга бориб қолган бухоролик ўзбек Умар билан бошқирд қизи Афифа хонимнинг фарзанди бўлган. Абдурашид Иброҳимнинг “Миръот” журнали 1903 йил 17-сонида эълон қилинган “Сибирия мусулмонлари” мақоласида айтилишича, XVII-XVIII асрларда Ўрта Осиёдан бир қанча оилалар Сибирга кўчиб боришган ва ўзларини «бухороликлар» деб аташган.
Абдурашид Иброҳим 1857 йил 23 апрелида Тобол губерниясининг Тара уездида дунёга келган. Бошланғич маълумотини уезд яқинидаги рус овулида олгач, ота-онаси уни Қозон яқинидаги Арча тумани мадрасасига олиб боришган. Абдурашид йигирма ёшига қадар шу мадрасада ўқийди. Сўнгра дўст-ёрлари билан Урта Осиёга келиб, одамларни ўқув-ёзувга ўргатиб, диний билим ва тарбия беради.
Аммо Абдурашид бу ерда кўп турмади. Мақсади билимини ошириш эди. Бир оз маблағ тўплагач, 1879 йили Истанбулга борди, ундан Мадинага йўл олди. У ерда тўрт йил яшаб, Ислом дини асосларини чуқур ўрганди. Маҳаллий уламолар ва ибодатга келган ҳожилар билан танишиб, дунёқарашини кенгайтирди. 1881 йили Истанбулга қайтди. Турк жамиятининг пешқадам вакиллари билан, шунингдек, мадрасалар ва улардаги ўқув ишлари билан танишди. Ўқув дастурида дунёвий фанлар ҳам салмоқли ўрин эгаллагани унга кучли таъсир қилди.
1892 йили Оренбургдаги диний бошқармада қози бўлди. Муфтий Султонов ҳаж сафарига кетганида эса, вазифасини бажарди. Абдурашид Иброҳим 1894 йили яна Истанбулга бориб, диний ишларни ўрганади, чор ҳокимияти шароитида яшаётган ватандошлари билан турк халқининг ижтимоий, маданий-маърифий ҳаётини таққослади. Унинг шу ҳақдаги фикр-мулоҳазалари жамланган “Чўлпон юлдузи” китоби (Истанбул, 1895), машҳур татар адиби Олимжон Иброҳим ёзишича, чор ҳокимиятининг руслаштириш сиёсатига қарши кураш руҳи билан суғорилган боис, 1905 йил инқилоби кунларида катта акс-садо берган эди.
Абдурашид Иброҳим гарчанд 1896 йил Тара уездига қайтган бўлса-да, бу ерда узоқ яшамайди. 1897 йили саёҳат истагида Истанбулга келади. Ундан Миср, Фаластин ва Ҳижозга ўтади. Франция, Италия, Австрия, Сербия, Болгарияга боради. Сўнгра Россиянинг жанубий чегаралари орқали Кавказда бўлади. Каспий денгизи орқали Бухорога келиб, Туркистон ва Еттисувда бир оз туради-да, Сибир карвон йўли билан яна туғилган шаҳрига қайтиб боради.
Жаҳонгашта олимнинг катта дунёдан узилган кичик бир шаҳарда яшаши маҳол эди. У 1899 йили Петербургга келиб, ижтимоий-сиёсий фаолият билан шуғулланади, татар тилида биринчи газета чиқариш ҳаракатига тушади. Рухсат ололмагач, 1900-1903 йиллари “Миръот” (“Кўзгу”) номли баёзни нашр этди. Йигирма иккита сони чиққан ушбу баёз ўша йиллари татар ёшларининг севимли нашрига айланиб, тарбиясига яхши хизмат қилган.
Тараққийпарварона интилишлари чор махсус хизматининг метин қояларига урилган Абдурашид Иброҳим яна Истанбулга йўл олади. Бироқ 1904 йилда чор ҳукуматининг топшириғи билан Истанбулда ҳибсга олиниб, Одессадаги қамоқхонага келтирилади. Таниқли татар жамоат арбоби қамоққа олингани тўғрисидаги хабар Россияга ёйилгач, жамоатчиликнинг аралашуви билан озодликка чиқиб, яна фаол ишлай бошлайди: Бутунроссия мусулмонларининг қурултойларини ўтказиш ва Бутунроссия мусулмонлари иттифоқини тузиш ташаббускорларидан бири бўлади.
Биринчи рус инқилобидан кейин, яъни, 19051907 йиллари Абдурашид Иброҳим Петербургда татар тилида “Улфат” газетаси, араб тилида “Ат-Тилмиз” журналини чиқаришга эришади. Газета тўрт минг нусхада нашр этилиб, татар ўқувчилари орасида катта шуҳрат қозонган бўлса ҳам, узоқ яшамади. Чор ҳокимияти дастлаб газета, сўнгра журнал нашрини тўхтатиб қўйди. Шундан кейин Абдурашид Иброҳим “Улфат” ўрнига “Нажот” номи билан мажмуа чоп эта бошлади. Аммо бир-икки сони чиққанидан кейин мажмуа ҳам ёпиб қўйилди.
Абдурашид Иброҳим шу йиллари Россия ҳудудларида яшаган мусулмон халқларнинг миллий манфаатларига доир сиёсий-ижтимоий қарашлари ифодаланган “Демократия” китобини нашр эттиради.
Тазйиқ ва таҳдиднинг кучайиши уни 1907 йили яна сайёҳлик таёғини қўлга олишга мажбур этади. Абдурашид қози (уни татарлар шундай атайдилар) Шарқий Туркистон, Бухоро, Самарқанд, Еттисувга боради. 1908 йили оиласини Қозонда қолдириб, сафарини давом эттиради. У йўлда кўрган-кечирганлари асосида “Исломият дунёси” ва “Давр-олам” саёҳатномаларини ёзади. Бу асарлар айни вақтда “Баёнил ҳақ” (Қозон) ва “Сироти мустақим” (Истанбул) газеталарида босилиб, турк дунёси бўйлаб тарқалади.
Олим ўша йиллари Японияга бориб, олти-етти ой яшайди. Шаҳзода Ито, нуфузли япон амалдорлари ва жамоат арбоблари билан мулоқотда бўлиб, Ислом дини тўғрисида маърузалар ўқийди. 1909 йили Токиода “Азия гекай” деган Ислом тижорат жамиятини ташкил қилади. Исломни қабул қилиб, «Абубакр» исмини олган япон дипломати Оҳарани унга раис этиб тайинлайди. Абдурашид қози мазкур жамият фаоллари ёрдамида японлар ўртасида Ислом дини кенг тарқалишига эришади.
1911 йили Шимолий Африкадаги Туркияга қарашли ерларни забт этиш учун Италия усмонлилар мамлакатига қарши уруш бошлайди. Туркияни Ислом оламининг маркази деб билган ва қадрлаган Абдурашид Иброҳим Тараблус шаҳрига бориб, курашаётган мусулмонларга ёрдам бериш чораларини ахтаради. Биринчи жаҳон уруши йилларида эса Усмонли салтанати аъзоси бўлган австро-герман иттифоқи манфаатларини ҳимоя қилувчи тадбирларда иштирок этади.
Абдурашид қози ўтган аср 10-йиллари бошларида Туркистон ўлкасига сафари вақгида Абубакр (Оҳара)ни ҳам олиб келган. Туркистон шаҳри политсия приставининг 1912 йил 4 июнда Чимкент уезди бошлиғига йўллаган хатида бу ҳақда маълумотлар мавжуд:
“ Чимкент уезди бошлиғи жанобларига
...Шуни маълум қиламанки, жосуслик маълумотларига қараганда, бундан тахминан икки йил аввал ўзини Абдул Рашид афанди деб атаган бир татар келди; туркистонлик савдогар сарт Тошмуҳаммад Юсуфбоев ва туркистонлик савдогар сарт Носир Миртолиповнинг (Миржалилов бўлиши керак — Н.К.) уйларида яшади. Миржалилов билан бирга шаҳар кезиб, туркистонлик савдогарлар ва шаҳарнинг бадавлат аҳолиси билан учрашди. Туркистонлик савдогар Анорбой Сўфибоевнинг уйида меҳмон бўлди. Бир неча кундан кейин Тошкентдан чиқиб, Андижон, Қўқон ва Бухорога борди. Бир ўғли борлигини ва унинг Японияда яшаётганини айтди. Ўзи хусусида сўзлаб, Петербургда фармонли мулла бўлганини гапирди. Иброҳимовнинг сурати билан сарт Ҳамро Хўжа ўртасида ҳеч қандай ўхшашлик йўқ, араб Абубакр тўғрисида эса ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз... Кейинги маълумотлар тўпланиб борилади ва қўшимча тақдим қилинади.
Мазкурни тасдиқлаб,
Туркистон ш. политсия пристави, штабс-капитан Краинский”.
Абдурашид Иброҳим 1910—1912 йилларгача ҳам туркистонлик зиёлилар билан учрашиб, ўлкадаги воқеалардан маълум даражада хабардор бўлиб турган. 1908 йили Аҳмаджон Бектемиров муҳаррирлигида Тошкентда нашр этилган “Осиё” газетасининг илк сонида Абдурашид қозининг қутлови, мақоласи босилган.
Абдурашид Иброҳим 1917 йил феврал инқилобидан кейин Россия ҳудудларида яшовчи мусулмон халқлар ҳаётида жиддий ўзгаришлар рўй беради, уларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқлари тикланади, деган эзгу умид билан яшади. Аммо совет ҳокимиятининг бу борада Чор ҳокимиятидан заррача фарқ қилмаётганини кўрган қози 1922 йили Петроградни тарк этиб, 1933 йили Японияга бош олиб кетгунига қадар асосан Истанбулда яшади. Сўнгра Ислом тижорат жамияти фаолиятини жонлантириш мақсадида Ҳиндистон, Малайзия ва Индонезия мамлакатларида бўлди. 1937 йили Токио жомеъ масжиди қуриб битказилгач, вафот этгунига қадар (1944 йил) шу масжидда имом-хатиб бўлиб хизмат қилди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан Ислом дини 1939 йили Японияда расмий равишда эътироф этилган.

Наим Каримов,
филология фанлари доктори, профессор
“Ҳидоят” журналининг 2008 йил 4-сонидан олинди.

 

* * *

Islom olamining mashhur siymolaridan biri Abdurashid Ibrohim dunyoga kelganiga bir yuz ellik bir yil to‘ldi. Hayoti ajabtovur voqealarga boy bu fozil insonni ona vatani Tataristonda va Turkiyada yaxshi bilishadi. Shu qatorda uni O‘zbekistonda ham yodga olish uchun yetarli asos bor. U zamona zayli bilan Sibirga borib qolgan buxorolik o‘zbek Umar bilan boshqird qizi Afifa xonimning farzandi bo‘lgan. Abdurashid Ibrohimning “Mir’ot” jurnali 1903 yil 17-sonida e’lon qilingan “Sibiriya musulmonlari” maqolasida aytilishicha, XVII-XVIII asrlarda O‘rta Osiyodan bir qancha oilalar Sibirga ko‘chib borishgan va o‘zlarini «buxoroliklar» deb atashgan.
Abdurashid Ibrohim 1857 yil 23 aprelida Tobol guberniyasining Tara uezdida dunyoga kelgan. Boshlang‘ich ma’lumotini uezd yaqinidagi rus ovulida olgach, ota-onasi uni Qozon yaqinidagi Archa tumani madrasasiga olib borishgan. Abdurashid yigirma yoshiga qadar shu madrasada o‘qiydi. So‘ngra do‘st-yorlari bilan Urta Osiyoga kelib, odamlarni o‘quv-yozuvga o‘rgatib, diniy bilim va tarbiya beradi.
Ammo Abdurashid bu yerda ko‘p turmadi. Maqsadi bilimini oshirish edi. Bir oz mablag‘ to‘plagach, 1879 yili Istanbulga bordi, undan Madinaga yo‘l oldi. U yerda to‘rt yil yashab, Islom dini asoslarini chuqur o‘rgandi. Mahalliy ulamolar va ibodatga kelgan hojilar bilan tanishib, dunyoqarashini kengaytirdi. 1881 yili Istanbulga qaytdi. Turk jamiyatining peshqadam vakillari bilan, shuningdek, madrasalar va ulardagi o‘quv ishlari bilan tanishdi. O‘quv dasturida dunyoviy fanlar ham salmoqli o‘rin egallagani unga kuchli ta’sir qildi.
1892 yili Orenburgdagi diniy boshqarmada qozi bo‘ldi. Muftiy Sultonov haj safariga ketganida esa, vazifasini bajardi. Abdurashid Ibrohim 1894 yili yana Istanbulga borib, diniy ishlarni o‘rganadi, chor hokimiyati sharoitida yashayotgan vatandoshlari bilan turk xalqining ijtimoiy, madaniy-ma’rifiy hayotini taqqosladi. Uning shu haqdagi fikr-mulohazalari jamlangan “Cho‘lpon yulduzi” kitobi (Istanbul, 1895), mashhur tatar adibi Olimjon Ibrohim yozishicha, chor hokimiyatining ruslashtirish siyosatiga qarshi kurash ruhi bilan sug‘orilgan bois, 1905 yil inqilobi kunlarida katta aks-sado bergan edi.
Abdurashid Ibrohim garchand 1896 yil Tara uezdiga qaytgan bo‘lsa-da, bu yerda uzoq yashamaydi. 1897 yili sayohat istagida Istanbulga keladi. Undan Misr, Falastin va Hijozga o‘tadi. Frantsiya, Italiya, Avstriya, Serbiya, Bolgariyaga boradi. So‘ngra Rossiyaning janubiy chegaralari orqali Kavkazda bo‘ladi. Kaspiy dengizi orqali Buxoroga kelib, Turkiston va Yettisuvda bir oz turadi-da, Sibir karvon yo‘li bilan yana tug‘ilgan shahriga qaytib boradi.
Jahongashta olimning katta dunyodan uzilgan kichik bir shaharda yashashi mahol edi. U 1899 yili Peterburgga kelib, ijtimoiy-siyosiy faoliyat bilan shug‘ullanadi, tatar tilida birinchi gazeta chiqarish harakatiga tushadi. Ruxsat ololmagach, 1900-1903 yillari “Mir’ot” (“Ko‘zgu”) nomli bayozni nashr etdi. Yigirma ikkita soni chiqqan ushbu bayoz o‘sha yillari tatar yoshlarining sevimli nashriga aylanib, tarbiyasiga yaxshi xizmat qilgan.
Taraqqiyparvarona intilishlari chor maxsus xizmatining metin qoyalariga urilgan Abdurashid Ibrohim yana Istanbulga yo‘l oladi. Biroq 1904 yilda chor hukumatining topshirig‘i bilan Istanbulda hibsga olinib, Odessadagi qamoqxonaga keltiriladi. Taniqli tatar jamoat arbobi qamoqqa olingani to‘g‘risidagi xabar Rossiyaga yoyilgach, jamoatchilikning aralashuvi bilan ozodlikka chiqib, yana faol ishlay boshlaydi: Butunrossiya musulmonlarining qurultoylarini o‘tkazish va Butunrossiya musulmonlari ittifoqini tuzish tashabbuskorlaridan biri bo‘ladi.
Birinchi rus inqilobidan keyin, ya’ni, 19051907 yillari Abdurashid Ibrohim Peterburgda tatar tilida “Ulfat” gazetasi, arab tilida “At-Tilmiz” jurnalini chiqarishga erishadi. Gazeta to‘rt ming nusxada nashr etilib, tatar o‘quvchilari orasida katta shuhrat qozongan bo‘lsa ham, uzoq yashamadi. Chor hokimiyati dastlab gazeta, so‘ngra jurnal nashrini to‘xtatib qo‘ydi. Shundan keyin Abdurashid Ibrohim “Ulfat” o‘rniga “Najot” nomi bilan majmua chop eta boshladi. Ammo bir-ikki soni chiqqanidan keyin majmua ham yopib qo‘yildi.
Abdurashid Ibrohim shu yillari Rossiya hududlarida yashagan musulmon xalqlarning milliy manfaatlariga doir siyosiy-ijtimoiy qarashlari ifodalangan “Demokratiya” kitobini nashr ettiradi.
Tazyiq va tahdidning kuchayishi uni 1907 yili yana sayyohlik tayog‘ini qo‘lga olishga majbur etadi. Abdurashid qozi (uni tatarlar shunday ataydilar) Sharqiy Turkiston, Buxoro, Samarqand, Yettisuvga boradi. 1908 yili oilasini Qozonda qoldirib, safarini davom ettiradi. U yo‘lda ko‘rgan-kechirganlari asosida “Islomiyat dunyosi” va “Davr-olam” sayohatnomalarini yozadi. Bu asarlar ayni vaqtda “Bayonil haq” (Qozon) va “Siroti mustaqim” (Istanbul) gazetalarida bosilib, turk dunyosi bo‘ylab tarqaladi.
Olim o‘sha yillari Yaponiyaga borib, olti-etti oy yashaydi. Shahzoda Ito, nufuzli yapon amaldorlari va jamoat arboblari bilan muloqotda bo‘lib, Islom dini to‘g‘risida ma’ruzalar o‘qiydi. 1909 yili Tokioda “Aziya gekay” degan Islom tijorat jamiyatini tashkil qiladi. Islomni qabul qilib, «Abubakr» ismini olgan yapon diplomati Oharani unga rais etib tayinlaydi. Abdurashid qozi mazkur jamiyat faollari yordamida yaponlar o‘rtasida Islom dini keng tarqalishiga erishadi.
1911 yili Shimoliy Afrikadagi Turkiyaga qarashli yerlarni zabt etish uchun Italiya usmonlilar mamlakatiga qarshi urush boshlaydi. Turkiyani Islom olamining markazi deb bilgan va qadrlagan Abdurashid Ibrohim Tarablus shahriga borib, kurashayotgan musulmonlarga yordam berish choralarini axtaradi. Birinchi jahon urushi yillarida esa Usmonli saltanati a’zosi bo‘lgan avstro-german ittifoqi manfaatlarini himoya qiluvchi tadbirlarda ishtirok etadi.
Abdurashid qozi o‘tgan asr 10-yillari boshlarida Turkiston o‘lkasiga safari vaqgida Abubakr (Ohara)ni ham olib kelgan. Turkiston shahri politsiya pristavining 1912 yil 4 iyunda Chimkent uezdi boshlig‘iga yo‘llagan xatida bu haqda ma’lumotlar mavjud:
“ Chimkent uezdi boshlig‘i janoblariga
...Shuni ma’lum qilamanki, josuslik ma’lumotlariga qaraganda, bundan taxminan ikki yil avval o‘zini Abdul Rashid afandi deb atagan bir tatar keldi; turkistonlik savdogar sart Toshmuhammad Yusufboev va turkistonlik savdogar sart Nosir Mirtolipovning (Mirjalilov bo‘lishi kerak — N.K.) uylarida yashadi. Mirjalilov bilan birga shahar kezib, turkistonlik savdogarlar va shaharning badavlat aholisi bilan uchrashdi. Turkistonlik savdogar Anorboy So‘fiboevning uyida mehmon bo‘ldi. Bir necha kundan keyin Toshkentdan chiqib, Andijon, Qo‘qon va Buxoroga bordi. Bir o‘g‘li borligini va uning Yaponiyada yashayotganini aytdi. O‘zi xususida so‘zlab, Peterburgda farmonli mulla bo‘lganini gapirdi. Ibrohimovning surati bilan sart Hamro Xo‘ja o‘rtasida hech qanday o‘xshashlik yo‘q, arab Abubakr to‘g‘risida esa hech qanday ma’lumotga ega emasmiz... Keyingi ma’lumotlar to‘planib boriladi va qo‘shimcha taqdim qilinadi.
Mazkurni tasdiqlab,
Turkiston sh. politsiya pristavi, shtabs-kapitan Krainskiy”.
Abdurashid Ibrohim 1910—1912 yillargacha ham turkistonlik ziyolilar bilan uchrashib, o‘lkadagi voqealardan ma’lum darajada xabardor bo‘lib turgan. 1908 yili Ahmadjon Bektemirov muharrirligida Toshkentda nashr etilgan “Osiyo” gazetasining ilk sonida Abdurashid qozining qutlovi, maqolasi bosilgan.
Abdurashid Ibrohim 1917 yil fevral inqilobidan keyin Rossiya hududlarida yashovchi musulmon xalqlar hayotida jiddiy o‘zgarishlar ro‘y beradi, ularning ijtimoiy va siyosiy huquqlari tiklanadi, degan ezgu umid bilan yashadi. Ammo sovet hokimiyatining bu borada Chor hokimiyatidan zarracha farq qilmayotganini ko‘rgan qozi 1922 yili Petrogradni tark etib, 1933 yili Yaponiyaga bosh olib ketguniga qadar asosan Istanbulda yashadi. So‘ngra Islom tijorat jamiyati faoliyatini jonlantirish maqsadida Hindiston, Malayziya va Indoneziya mamlakatlarida bo‘ldi. 1937 yili Tokio jome’ masjidi qurib bitkazilgach, vafot etguniga qadar (1944 yil) shu masjidda imom-xatib bo‘lib xizmat qildi. Uning sa’y-harakatlari bilan Islom dini 1939 yili Yaponiyada rasmiy ravishda e’tirof etilgan.

Naim Karimov,
filologiya fanlari doktori, professor
“Hidoyat” jurnalining 2008 yil 4-sonidan olindi.