Ҳижрий тақвим ҳақида

Рукн: Тарих Чоп этилган: 12.12.2014
Дунё тарихи давомида турли тақвимлар ишлаб чиқилган ва фойдаланиб келинган. Биз ишлатадиган Григорян тақвимидан ташқари Мусулмон дунёсида ишлатиладиган ҳижрий тақвим ҳам машҳур. Бу йил ҳисоби ой ёки қуёшга асосланган қамарий ва шамсий тақвимларига бўлинади.
 
Ҳижрий-қамарий   йил   ҳисоби   -   тарих   (эра)   бошини   Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)   ҳижратларидан  олинган  ва  ой   (қамар) тақвимига асосланган йил ҳисобидир. Бу йил ҳисоби анча узоқ тарихга эга. Арабистон ярим оролида яшаган қадимги халқлар милоддан аввалги минг йилликда ой тақвимини қўллаганлар. Араблар исломдан икки юз йилча олдин (милодий V аср бошларида) ой-қуёш тақвимидан фойдаланишга ўтган эдилар. Ой-қуёш тақвимида 24 йиллик давр (цикл) мавжуд бўлиб, бу такрорланиб турар эди. 24 йилнинг 9 йили 13 ойлик, 15 йили 12 ойлик бўларди. Йилга ортиқча бир ой (яъни 13-ой) қўшишни ва шу ойнинг ўзини “наси” деб аталган. “Наси” ойи қамарий ва шамсий йил ораларидаги фарқни йўқотиш мақсадида, бу фарқ бир 5 ойга тўлганда  қамарий йилга қўшимча   13-ой сифатида  қўшилган.    Бу тақвим бўйича, яъни динимиз исломгача араб ойлари йилнинг муайян вақтида бошланган. 
 
Аввал вақти-вақти билан қўшиб келинган 13-ой "наси" пайғамбаримиз томонларидан милодий 631 йилда бекор қилинади. Араблар энди фақат қамарий тақвимга, қамарий ойларга ўтадилар. Шундан кейин араб ойлари аввалги номларининг луғавий маъносини йўқотди, бир йил 365 кун эмас 354 кунга айланди, йил боши 1-муҳаррам аввалгидек ҳар  йили муайян вақтда эмас, олдинги йилга нисбатан 11 кун барвақт келадиган бўлди. Наси ойи тақиқланиб қамарий тақвимга ўтилганлиги  пайғамбаримиз томонларидан эълон қилинганлиги сабабли бу тақвим «Муҳаммад (с.а.в.) тақвими» деб ҳам дейилади.
 
 Муқаддас динимиз Ислом келгач, мусулмонлар диний ва дунёвий ишларини олиб боришлари учун ўзларига хос тақвим-тарих бўлишига зарурат туғилди. Бу муҳим масала иккинчи халифа Ҳазрати  Умар разияллоҳу анҳу (халифалик йиллари милодий 634-644) даврларида муҳокама қилинди ва ҳал этилди.
 
Милодий 631 йилда биз мусулмонлар қамарий ойларга тўла ўтган бўлсак-да, халифаликнинг дастлабки йилларида воқеа-ходисаларнинг содир бўлган вақтини фақат ой номи ва шу ойнинг маълум кунини қайд этиш билан ёки ўша даврдаги анъанга кўра йилни номлаш учун ўша йили содир бўлган асосий воқеа билан белгиланарди. Масалан, Пайғабаримизнинг Зайнаб онамизга уйланган йили ва шунга ўхшаш у зотни ҳаётида юз берган воқеъалар номи билан чекланар эдилар. Ойга қўшиб айтиладиган сана (йил) ҳисоби йўқ эди. Мусулмонлар ўртасида ёзилган хат-ҳужжатларга сана қўйиш одати бўлмаган. 
 
Бир куни бир киши халифа Умар ҳузурларига келиб шаъбон ойида тўланиши керак бўлган қарз ҳақидаги ҳужжатни кўрсатади. Шунда Ҳазрати Умар "бу ҳужжат қайси шаъбонга тегишли? Ўтган йилги шаъбонгами ёки бу йилги шаъбонгами?" - деб сўрайдилар. Ўша пайтларда Жазира вилоятининг волийси Абу Мусо Ашъарийга иккита буйруқ ёзиб берилади. Бу буйруқларнинг бири иккинчисига сира тўғри келмас, бошқа-бошқа эди. Уларнинг қайси бири олдин, қайси бири кейин ёзилганлигини билолмаган Абу Мусо халифа Ҳазрати Умардан (р.а) сўрайди. Чунки ҳар  икки буйруқда ҳам сана йўқ эди. Ниҳоят, халифа  Ҳазрати Умар (р.а) ўз атрофига  саҳобаи киромларни тўплаб машварат ўтказадилар. Саҳобаларнинг барчаси бир овоздан ой ҳисоби билан иш юритишни маъқул деб топадилар. Чунки диний аҳкомларни қамарий (ҳижрий) тарихдан бошқача юргизиш мумкин эмас эди. Зеро, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам вафотларидан бир оз олдин ой-қуёш тақвимидаги "наси" ойини бекор қилиб фақат ой ҳисобини қолдирган эдилар. Машваратда иштирок этган саҳобалар ўша вақтгача қўлланиб келган қамарий ой номларини ҳам сақлаб қолишни лозим кўрдилар. Бу ойлар араб аҳли ўртасида жуда машҳур эди. Саҳобаи киромларлар тақвим боши – яъни ҳижрий сананинг бошини қайси вақтдан, қайси воқеадан бошлаб ҳисоблашга оид турли фикрларни ўртага ташладилар. 
 
Саҳобалар Расуллуллоҳ (с.а.в.)нинг туғилган кунларидан бошлашни маъқуллашса, бошқалари эса вафот этган саналаридан бошлашни маъқуллашарди. Ҳазрати Умар (р.а.): “Расулуллоҳ вафотларидан бошласак, ҳар йил бошланишида ул жаноб вафотларининг қайғуси янгиланиб, янги йилни байрам қилиб эмас, мотамсаролик ила кутиб олишга тўғри келади”, - деб бу фикрни ҳам рад этадилар.  
 
Охири ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ислом тақвими  бўлмиш ҳижрий сана пайғамбаримизнинг Маккадан Мадинага кўчиб ўтишлари - ҳижратларидан бошлашни таклиф этдилар. Бу таклифни  барча саҳобалар маъқуллашди ва қабул қилишди. Ҳижрат сабабли тақвим “Ҳижрий” деб ном олди. Пайғамбармиз (с.а.в) нинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб етиб борган вақтлари - рабиъул аввал ойидан 11 кеча ўтганда - душанба куни воқеъ бўлган эди. Бу милодий ҳисоб билан 622 йилнинг 23 сентябр кунига мувофиқ келади.
 
Халифа ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ҳузурларида динимизнинг тақвим боши ва тарих бошини қабул килишга бағишланган мазкур машварат мажлиси ҳижратдан 17 йил кейин - 17 йил муҳаррам ойининг 1-куни (милодий 638-йил 23 январ) бўлган эди. Ҳижрат эса юқорида айтилганидек, рабиъул аввал ойининг 11 кунида, яъни ой санасининг 3-ойида бўлиб ўтган. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўша пайтдаги араблар анъанасига кўра йилни муборак Муҳаррам ойидан бошлашни таклиф қилади. Ваҳоланки, арабларда аввалдан йил боши муҳаррам ойининг 1-кунидан ҳисобланган. Шу сабабли тарихий воқеаларни ҳисоблаганда чалкашлик содир бўлмаслиги учун ҳижрат воқеъ бўлган 3-ойдан олдинги 1- ва 2- ойлар (муҳаррам, сафар) ҳам ҳижрат йил ҳисобига қўшиб олинди ва муборак муҳаррам ойи йил боши бўлиб қолди. Яъни, аниқ қилиб айтганда, ҳижрий ҳисобнинг 1-йилининг 1-куни  муҳаррам ойи бўлиб, бу санани милодийга айлантирганда 622 йилнинг 16 июлига тўғри келади.
 
Ҳижрий сана ҳисоби Яқин ва Ўрта Шарқнинг кўп давлатлари ва бошқа баъзи давлатларда қўлланади.
 
Шамсия 622 йилнинг баҳорги тенг кунлик куни — 21 мартдан бошлаб ҳисобланади; кейинги йил бошлари эса 20, 21 ёки 22 мартга тўғри келади. Давомийлиги Григорий календаридаги каби 365 ёки 366 кундан иборат. Шамсия бўйича ойларнинг номлари ҳут, ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сумбула, мезон, ақраб, қавс, жадди ва далв бўлиб, бу ойлар доимо йилнинг маълум бир вақтларида келади.
 
Ўрта Осиёда янги услуб кенг оммавийлашгунга қадар қамария ҳисоби ҳам, шамсия ҳисоби ҳам ишлатилиб келинган; Шамсия ҳисоби бўйича йилнинг дастлабки кунларида Наврўз байрами ўтказилган.
 
Ҳижрий йил ҳисобининг саналарини янги услуб (Григорий календари)га айлантиришда махсус формулалар ва жадваллар қўлланади. Масалан: Григорий календарининг 1980 йили қамариянинг 1399/1400 йилларига ва Шамсиянинг 1359/1360 йилларига тўғри келади. Лекин бу ҳар доим ўзини оқлай олмаган.
 
Эрдон Эсонов,
“Шайх Зиёвуддинхон” жомеъ масжиди имом хатиби
 
* * *
 
Dunyo tarixi davomida turli taqvimlar ishlab chiqilgan va foydalanib kelingan. Biz ishlatadigan Grigoryan taqvimidan tashqari Musulmon dunyosida ishlatiladigan hijriy taqvim ham mashhur. Bu yil hisobi oy yoki quyoshga asoslangan qamariy va shamsiy taqvimlariga bo‘linadi.
 
Hijriy-qamariy yil hisobi - tarix (era) boshini Payg‘ambarimiz Muhammad (s.a.v.) hijratlaridan olingan va oy (qamar) taqvimiga asoslangan yil hisobidir. Bu yil hisobi ancha uzoq tarixga ega. Arabiston yarim orolida yashagan qadimgi xalqlar miloddan avvalgi ming yillikda oy taqvimini qo‘llaganlar. Arablar islomdan ikki yuz yilcha oldin (milodiy V asr boshlarida) oy-quyosh taqvimidan foydalanishga o‘tgan edilar. Oy-quyosh taqvimida 24 yillik davr (sikl) mavjud bo‘lib, bu takrorlanib turar edi. 24 yilning 9 yili 13 oylik, 15 yili 12 oylik bo‘lardi. Yilga ortiqcha bir oy (ya’ni 13-oy) qo‘shishni va shu oyning o‘zini “nasi” deb atalgan. “Nasi” oyi qamariy va shamsiy yil oralaridagi farqni yo‘qotish maqsadida, bu farq bir 5 oyga to‘lganda qamariy yilga qo‘shimcha 13-oy sifatida qo‘shilgan. Bu taqvim bo‘yicha, ya’ni dinimiz islomgacha arab oylari yilning muayyan vaqtida boshlangan. 
 
Avval vaqti-vaqti bilan qo‘shib kelingan 13-oy "nasi" payg‘ambarimiz tomonlaridan milodiy 631 yilda bekor qilinadi. Arablar endi faqat qamariy taqvimga, qamariy oylarga o‘tadilar. Shundan keyin arab oylari avvalgi nomlarining lug‘aviy ma’nosini yo‘qotdi, bir yil 365 kun emas 354 kunga aylandi, yil boshi 1-muharram avvalgidek har yili muayyan vaqtda emas, oldingi yilga nisbatan 11 kun barvaqt keladigan bo‘ldi. Nasi oyi taqiqlanib qamariy taqvimga o‘tilganligi payg‘ambarimiz tomonlaridan e’lon qilinganligi sababli bu taqvim «Muhammad (s.a.v.) taqvimi» deb ham deyiladi.
 
Muqaddas dinimiz Islom kelgach, musulmonlar diniy va dunyoviy ishlarini olib borishlari uchun o‘zlariga xos taqvim-tarix bo‘lishiga zarurat tug‘ildi. Bu muhim masala ikkinchi xalifa Hazrati Umar raziyallohu anhu (xalifalik yillari milodiy 634-644) davrlarida muhokama qilindi va hal etildi.
 
Milodiy 631 yilda biz musulmonlar qamariy oylarga to‘la o‘tgan bo‘lsak-da, xalifalikning dastlabki yillarida voqea-xodisalarning sodir bo‘lgan vaqtini faqat oy nomi va shu oyning ma’lum kunini qayd etish bilan yoki o‘sha davrdagi an’anga ko‘ra yilni nomlash uchun o‘sha yili sodir bo‘lgan asosiy voqea bilan belgilanardi. Masalan, Payg‘abarimizning Zaynab onamizga uylangan yili va shunga o‘xshash u zotni hayotida yuz bergan voqe’alar nomi bilan cheklanar edilar. Oyga qo‘shib aytiladigan sana (yil) hisobi yo‘q edi. Musulmonlar o‘rtasida yozilgan xat-hujjatlarga sana qo‘yish odati bo‘lmagan. 
 
Bir kuni bir kishi xalifa Umar huzurlariga kelib sha’bon oyida to‘lanishi kerak bo‘lgan qarz haqidagi hujjatni ko‘rsatadi. Shunda Hazrati Umar "bu hujjat qaysi sha’bonga tegishli? O‘tgan yilgi sha’bongami yoki bu yilgi sha’bongami?" - deb so‘raydilar. O‘sha paytlarda Jazira viloyatining voliysi Abu Muso Ash’ariyga ikkita buyruq yozib beriladi. Bu buyruqlarning biri ikkinchisiga sira to‘g‘ri kelmas, boshqa-boshqa edi. Ularning qaysi biri oldin, qaysi biri keyin yozilganligini bilolmagan Abu Muso xalifa Hazrati Umardan (r.a) so‘raydi. Chunki har ikki buyruqda ham sana yo‘q edi. Nihoyat, xalifa Hazrati Umar (r.a) o‘z atrofiga sahobai kiromlarni to‘plab mashvarat o‘tkazadilar. Sahobalarning barchasi bir ovozdan oy hisobi bilan ish yuritishni ma’qul deb topadilar. Chunki diniy ahkomlarni qamariy (hijriy) tarixdan boshqacha yurgizish mumkin emas edi. Zero, payg‘ambarimiz Muhammad alayhissalom ham vafotlaridan bir oz oldin oy-quyosh taqvimidagi "nasi" oyini bekor qilib faqat oy hisobini qoldirgan edilar. Mashvaratda ishtirok etgan sahobalar o‘sha vaqtgacha qo‘llanib kelgan qamariy oy nomlarini ham saqlab qolishni lozim ko‘rdilar. Bu oylar arab ahli o‘rtasida juda mashhur edi. Sahobai kiromlarlar taqvim boshi – ya’ni hijriy sananing boshini qaysi vaqtdan, qaysi voqeadan boshlab hisoblashga oid turli fikrlarni o‘rtaga tashladilar. 
 
Sahobalar Rasullulloh (s.a.v.)ning tug‘ilgan kunlaridan boshlashni ma’qullashsa, boshqalari esa vafot etgan sanalaridan boshlashni ma’qullashardi. Hazrati Umar (r.a.): “Rasululloh vafotlaridan boshlasak, har yil boshlanishida ul janob vafotlarining qayg‘usi yangilanib, yangi yilni bayram qilib emas, motamsarolik ila kutib olishga to‘g‘ri keladi”, - deb bu fikrni ham rad etadilar. 
 
Oxiri hazrati Ali ibn Abu Tolib karramallohu vajhahu islom taqvimi bo‘lmish hijriy sana payg‘ambarimizning Makkadan Madinaga ko‘chib o‘tishlari - hijratlaridan boshlashni taklif etdilar. Bu taklifni barcha sahobalar ma’qullashdi va qabul qilishdi. Hijrat sababli taqvim “Hijriy” deb nom oldi. Payg‘ambarmiz (s.a.v) ning Makkadan Madinaga hijrat qilib yetib borgan vaqtlari - rabi’ul avval oyidan 11 kecha o‘tganda - dushanba kuni voqe’ bo‘lgan edi. Bu milodiy hisob bilan 622 yilning 23 sentyabr kuniga muvofiq keladi.
 
Xalifa hazrati Umar raziyallohu anhu huzurlarida dinimizning taqvim boshi va tarix boshini qabul kilishga bag‘ishlangan mazkur mashvarat majlisi hijratdan 17 yil keyin - 17 yil muharram oyining 1-kuni (milodiy 638-yil 23 yanvar) bo‘lgan edi. Hijrat esa yuqorida aytilganidek, rabi’ul avval oyining 11 kunida, ya’ni oy sanasining 3-oyida bo‘lib o‘tgan. Hazrati Usmon ibn Affon roziyallohu anhu o‘sha paytdagi arablar an’anasiga ko‘ra yilni muborak Muharram oyidan boshlashni taklif qiladi. Vaholanki, arablarda avvaldan yil boshi muharram oyining 1-kunidan hisoblangan. Shu sababli tarixiy voqealarni hisoblaganda chalkashlik sodir bo‘lmasligi uchun hijrat voqe’ bo‘lgan 3-oydan oldingi 1- va 2- oylar (muharram, safar) ham hijrat yil hisobiga qo‘shib olindi va muborak muharram oyi yil boshi bo‘lib qoldi. Ya’ni, aniq qilib aytganda, hijriy hisobning 1-yilining 1-kuni muharram oyi bo‘lib, bu sanani milodiyga aylantirganda 622 yilning 16 iyuliga to‘g‘ri keladi.
 
Hijriy sana hisobi Yaqin va O‘rta Sharqning ko‘p davlatlari va boshqa ba’zi davlatlarda qo‘llanadi.
 
Shamsiya 622 yilning bahorgi teng kunlik kuni — 21 martdan boshlab hisoblanadi; keyingi yil boshlari esa 20, 21 yoki 22 martga to‘g‘ri keladi. Davomiyligi Grigoriy kalendaridagi kabi 365 yoki 366 kundan iborat. Shamsiya bo‘yicha oylarning nomlari hut, hamal, savr, javzo, saraton, asad, sumbula, mezon, aqrab, qavs, jaddi va dalv bo‘lib, bu oylar doimo yilning ma’lum bir vaqtlarida keladi.
 
O‘rta Osiyoda yangi uslub keng ommaviylashgunga qadar qamariya hisobi ham, shamsiya hisobi ham ishlatilib kelingan; Shamsiya hisobi bo‘yicha yilning dastlabki kunlarida Navro‘z bayrami o‘tkazilgan.
 
Hijriy yil hisobining sanalarini yangi uslub (Grigoriy kalendari)ga aylantirishda maxsus formulalar va jadvallar qo‘llanadi. Masalan: Grigoriy kalendarining 1980 yili qamariyaning 1399/1400 yillariga va Shamsiyaning 1359/1360 yillariga to‘g‘ri keladi. Lekin bu har doim o‘zini oqlay olmagan.
 
Erdon Esonov,
“Shayx Ziyovuddinxon” jome’ masjidi imom xatibi