Хавф ва ражо — қалб хасталиклари учун даво

Рукн: Суҳбатлар Чоп этилган: 10.12.2014
Дин ишлари бўйича қўмита Масжидлар бўлими бошлиғи Муҳаммадбобур Йўлдошев билан суҳбат

Муҳаммадбобур Йўлдошев 1956 йилда Фарғона водийсида таваллуд топган. 1982 йили Бухоронинг “Мир Араб” мадрасасини, 1986 йили Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини, 1996 йили Ўш давлат университетининг “Ҳуқуқшунослик” факултетини тамомлаган. 1986-1995 йиллари Ўрта Осий ва Қозоғистон мусулмонлари идорасида Халқаро алоқалар бўлими масъул ходими, сўнгра Таълим ва масжидлар бўлими мудири лавозимида хизмат қилган. Ҳозирда Дин ишлари бўйича қўмита Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи бўлиб хизмат қилмоқда.
М.Йўлдошевнинг қаламига мансуб бўлган бир қатор диний ҳамда дунёвий мақолалари Республика газеталарида чоп этилиб келинмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чоп этилаётган йиллик тақвим тузувчи гуруҳнинг домий аъзоси ҳисобланади.

— «Саҳиҳул Бухорий»нинг «хавф ва ражо» бобида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ушбу ҳадиси шариф ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Оллоҳ таоло ўз раҳматини яратган куни юз раҳматдан иборат қилиб яратди ва унинг тўқсон тўққизтасини ўзида олиб қолиб, биттасинигина бутун махлуқларига ато этди. Агар кофир Оллоҳ таолонинг қанчалик кўп раҳматга эга эканлигини билганда эди, жаннатдан умидини узмаган бўлур эди! Агар мўмин Оллоҳ таолонинг барча азобларидан воқиф бўлганда эди, ўзини дўзахдан қутулган деб бунчалик ишонмас эди!» деб айтганларини эшитганмен». Хавф ва ражонинг мўмин ҳаётида тутган ўрни қандай бўлмоғи лозим?
— Қуръони каримнинг Зумар сурасининг 53-оятида марҳамат қилинганки: (Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг. “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмагангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унингўзи мағфиратли ва раҳмлидир”.
Мазкур оятнинг нозил бўлиши ҳақида Имом Бухорий Саъд ибн Жубайр р.а.дан келтирган ривоятда, айтишларича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушриклар Пайғамбаримиз а.с.нинг ҳузурларига келиб: “Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда гўзал. Қани, айтчи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?”, деб сўрашганида, Аллоҳ таоло ушбу оятни туширган экан. Тафсир уламолари бу оятни Қуръондаги энг умидворлик оят деб ҳисоблашган. Ибни Касир р.а.нинг таъбири билан айтганда, “кофирлар учун ҳам, мўминлар учун баробар даъватдир”. Зеро, куфр ва ширкдан шу дунёда тавба қилиб имон келтирган кишини тавбаси ва имони қабул қилиниши аниқ.
Шунингдек, мўмин бўла туриб, дарёнинг кўпигидек кўп гуноҳ қилган кимсанинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло ўз фазли карами биланкечириб юбориши мумкин эканини ҳам оят, ҳам ҳадислардан маълумдир. Хусусан, ҳадис шарифларда ҳам Пайғамбаримиз а.с.дан Аллоҳ таоло бутун борлиқни яратиб, “Албатта, менинг раҳматим ғазабимдан зиёдадир”, деганини Арш тепасига битиб қўйилгани тўғрисида ривоят қилинган.
Холиқи азал башариятни бир ота-онадан вужудга келтириб, уларга дунёда фаровон ҳаёт кечиришлари ва охиратда саодатманд бўлишлари учун ўз динини нозил қилди.
Мўмин киши Аллоҳга тақво қилиб, унинг раҳматидан умидвор бўлган ҳолда, гуноҳга сабаб бўлувчи ҳар қандай ишлардан сақланмоғи лозим бўлади. Зеро Қуръонда оятда “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!” дейилган. Унинг раҳмати жуда кенгдир.
 Инсон икки дунё саодатига эришмоқ учун Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлиб, буюрган ишларни килиб, қайтарган нарсалардан тийилмоғи зарур. Хўш, Аллоҳнинг муҳаббатига нима билан эришиш, Уни розилигини қандай топиш мумкин?
“Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара,195).
Доимо яхши амалларни қилиш, Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш, одамларнинг хато ва камчиликларини кечириш, ғазаб келганда ичига ютиш, хатто чумолигаҳам озор бермаслик каби ишлар эҳсондир.
Эҳсоннинг яна бир маъноси Аллоҳ кўриб турибди, деб ихлос билан бажаришдир. Шунингдек, инсон Аллоҳнинг розилигини топиш учун ундан кўркиб Аллоҳ кўриб турибди деб катта-кичик маъсият ва гуноҳ ишлардан сакланиш лозим бўлади.
Ҳикоят: Бир вақтлар болалари оч қолган фақир хотин бадавлат қўшнисидан ёрдам сўраб кирди. Гўзал бу хотин болалари учун овқат сўраб кирганида нафсининг асири бўлган қўшниси ундан яқинлик истади. Хотин номусли, Аллоҳдан қўрққан аёл бўлгани учун ҳеч нарса олмасдан чиқиб кетди. Уйига келгач болалари: “Она, биз очликдан ўламиз. Озгина бўлса ҳам овкат йўқми”, деб фарёд кўтардилар. Болаларининг кўз ёшига чидай олмаган аёл яна ўша қўшнисиникига борди. Бой ўз таклифини такрорлади. Аёл мажбур бўлиб кўнди. Танҳо бир ерга кирдилар. У одам аёлга яқинлашмоқчи бўлган пайтда аёл Аллоҳдан қўрққанидан бутун вужуди титрай бошлади.
Бой беихтиёр сўради:
-    Нега титрайсан? Қўрқма, бу ерда ҳеч ким йўк.
-    Биламан, ҳеч ким йўқ, аммо Аллоҳ бор. Инсонман деган киши доимо Аллоҳдан қўрқиши керак! -деди аёл.
Бой:
-    Сен шу қадар ночорлигинг билан Аллоҳдан қўрқаяпсан. Мен эса нега шунча давлатим билан қўрқмай, - деб ўзининг ёмон ниятидан қайтди ва аёлга зарур бўлган овқатлардан бериб, ўзи ҳам мамнун ҳолда уни уйига кузатиб қўйди.
Шу пайт Аллоҳ таоло ҳазрати Мусога ваҳий юборди: “Қулимга салом айт! Пушаймон егани ва мендан қўрққани учун авф этдим. У вақтида ўзига келди ва мендан қўрқди, амрларимга бўйсунди”.
Ҳазрат Мусо ул одам олдига келди ва “Сен Аллоҳ учун бир хайрли иш қилдингми?”, деди. У одам бошидан ўтган воқеани айтиб берди. Ҳазрат Мусо у одамга хабар бериб, “Аллоҳ сени авф килди”, деди.
Ҳақиқий инсон ҳаётида Парвардигоридан қўрқиб, гуноҳ ишларга боришдан хавфга тушади ва Аллоҳнинг раҳматидан умид қилади.
Хавф сўзи араб тилида “қўрқиш” деган маънони англатади. Хавфни Аллоҳ таолога нисбатан берилганда, яъни “Аллоҳдан хавфи бор” деганда, маъсиятлардан ўзини тортиш ва тоатларни ихтиёр қилиш тушунилади. Шунинг учун ҳам “Ким гуноҳларни тарк қилмаса, хавф қилувчи эмасдир”, дейилган.

— Аллоҳдан ҳақиқий хавф қилишнинг қандай фазилатлари ва фойдалари бор?
— Аллоҳдан хавф қилишнинг фазилатлари ҳақида бир қанча оят ва ҳадислармавжуд. Жумладан, “Ар-Раҳмон” сурасида: “Рабби ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор” (46-оят) дейилади.
Хавфнинг фойдалари:
1.    Ҳақиқий хавф жаннатга олиб боради ва дўзахдан қутқаради.
2.    Ҳақиқий хавф қиёмат кунидаги катта даҳшатдан омонликдадир.
3.    Ҳақиқий хавф имон баркамоллиги ва ислом гўзаллигининг далилидир.
4.    Ҳақиқий хавф инсон учун икки дунё саодатидир.
5.    Ҳақиқий хавф барча амални Аллоҳ учун ихлос билан қилишга чақиради.
6.    Ҳақиқий хавф инсонни кибрини тарк қилишга чақиради.
7.    Ҳақиқий хавф инсонни маъсият ва гуноҳлардан қайтаради.

—    Аллоҳ таоло Қуръони каримда Юсуф алайҳиссалом қиссасини баён қилар экан, Яъқуб алайғиссалом тилидан: «Эй ўғилларим, боринглар, Юсуф ва унинг биродарини изланглар ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур» (Юсуф сураси, 87) дейди. Ражонинг ҳикмати ва фазилатлари, фойдалари ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Инсон ҳар доим Яратганнинг раҳматидан умидвор бўлиб яшамоғи керак. Араб тилидаги ражо сўзи умидворлик маъносини англатади.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларига, Уфайр номли эшакда мингашиб борар эдим. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй, Муоз, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи нимаю, банданинг Аллоҳдаги ҳаққи нима эканини биласанми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчилар», дедим.
У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи, уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари, Унга бирор нарсани ширк келтирмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи эса, ким Унга бирор нарсани ширк келирмаса ўшани азобланмаслигидир», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, одамларга башорат берайми?» дедим.
У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Уларга башорат берма, яна, суяниб қолмасинлар», дедилар».
Ражонинг бир қанча фойдалари бор.
Ражо банданинг ўз Роббисидан эҳсон кутишидир, беҳожат бўла олмаслигини ҳис қилишидир. Ражо банданинг Аллоҳга муҳаббатини орттиради. Банданинг ражоси қанча кучли бўлса, унинг ражо қилган нарсаси шунча кўп рўёбга чиқади ва Аллоҳ таолога муҳаббати ва шукри шунча зиёда бўлади. Ражо бандани энг олий мақом - шукр мақомига элтади. Банданинг ражо қилган нарсаси ҳосил бўлса, шукри ҳам юзага чиқади.
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи:
“Ражо ва хавф муқаррабларнинг барча мақомларга ўтиб бориши учун керак буладиган икки қанотдир. Буюклар иккиси охират йўлидаги қийин довонларни ошиб ўтишдаги уловдир”, - деганлар.
Демак хавф ва ражо қалб хасталиклари учун даводир. Бу иккиси инсонда ҳар доим мавжуд бўлиши имон шартларидан биридир.

* * *
Din ishlari bo‘yicha qo‘mita Masjidlar bo‘limi boshlig‘i Muhammadbobur Yo‘ldoshev bilan suhbat


Muhammadbobur Yo‘ldoshev 1956 yilda Farg‘ona vodiysida tavallud topgan. 1982 yili Buxoroning “Mir Arab” madrasasini, 1986 yili Imom al-Buxoriy nomidagi Toshkent islom institutini, 1996 yili O‘sh davlat universitetining “Huquqshunoslik” fakultetini tamomlagan. 1986-1995 yillari O‘rta Osiy va Qozog‘iston musulmonlari idorasida Xalqaro aloqalar bo‘limi mas’ul xodimi, so‘ngra Ta’lim va masjidlar bo‘limi mudiri lavozimida xizmat qilgan. Hozirda Din ishlari bo‘yicha qo‘mita Masjidlar bilan ishlash bo‘limi boshlig‘i bo‘lib xizmat qilmoqda.
M.Yo‘ldoshevning qalamiga mansub bo‘lgan bir qator diniy hamda dunyoviy maqolalari Respublika gazetalarida chop etilib kelinmoqda. O‘zbekiston musulmonlari idorasi tomonidan chop etilayotgan yillik taqvim tuzuvchi guruhning domiy a’zosi hisoblanadi.

— «Sahihul Buxoriy»ning «xavf va rajo» bobida Abu Hurayra roziyallohu anhudan ushbu hadisi sharif rivoyat qilinadi: «Men Rasululloh sallallohu alayhi va sallamning: «Olloh taolo o‘z rahmatini yaratgan kuni yuz rahmatdan iborat qilib yaratdi va uning to‘qson to‘qqiztasini o‘zida olib qolib, bittasinigina butun maxluqlariga ato etdi. Agar kofir Olloh taoloning qanchalik ko‘p rahmatga ega ekanligini bilganda edi, jannatdan umidini uzmagan bo‘lur edi! Agar mo‘min Olloh taoloning barcha azoblaridan voqif bo‘lganda edi, o‘zini do‘zaxdan qutulgan deb bunchalik ishonmas edi!» deb aytganlarini eshitganmen». Xavf va rajoning mo‘min hayotida tutgan o‘rni qanday bo‘lmog‘i lozim?
— Qur’oni karimning Zumar surasining 53-oyatida marhamat qilinganki: (Ey Muhammad!) O‘z jonlariga (gunoh bilan) zulm qilgan bandalarimga ayting. “Allohning rahmatidan noumid bo‘lmagangiz! Albatta, Alloh barcha gunohlarni mag‘firat qilur. Albatta, Uningo‘zi mag‘firatli va rahmlidir”.
Mazkur oyatning nozil bo‘lishi haqida Imom Buxoriy Sa’d ibn Jubayr r.a.dan keltirgan rivoyatda, aytishlaricha, ko‘plab gunohlar qilgan bir guruh mushriklar Payg‘ambarimiz a.s.ning huzurlariga kelib: “Albatta, sen da’vat qilayotgan narsa juda go‘zal. Qani, aytchi, biz qilgan narsalarni yuvadigan narsa ham bormi?”, deb so‘rashganida, Alloh taolo ushbu oyatni tushirgan ekan. Tafsir ulamolari bu oyatni Qur’ondagi eng umidvorlik oyat deb hisoblashgan. Ibni Kasir r.a.ning ta’biri bilan aytganda, “kofirlar uchun ham, mo‘minlar uchun barobar da’vatdir”. Zero, kufr va shirkdan shu dunyoda tavba qilib imon keltirgan kishini tavbasi va imoni qabul qilinishi aniq.
Shuningdek, mo‘min bo‘la turib, daryoning ko‘pigidek ko‘p gunoh qilgan kimsaning ham gunohlarini Alloh taolo o‘z fazli karami bilankechirib yuborishi mumkin ekanini ham oyat, ham hadislardan ma’lumdir. Xususan, hadis shariflarda ham Payg‘ambarimiz a.s.dan Alloh taolo butun borliqni yaratib, “Albatta, mening rahmatim g‘azabimdan ziyodadir”, deganini Arsh tepasiga bitib qo‘yilgani to‘g‘risida rivoyat qilingan.
Xoliqi azal bashariyatni bir ota-onadan vujudga keltirib, ularga dunyoda farovon hayot kechirishlari va oxiratda saodatmand bo‘lishlari uchun o‘z dinini nozil qildi.
Mo‘min kishi Allohga taqvo qilib, uning rahmatidan umidvor bo‘lgan holda, gunohga sabab bo‘luvchi har qanday ishlardan saqlanmog‘i lozim bo‘ladi. Zero Qur’onda oyatda “Allohning rahmatidan noumid bo‘lmang!” deyilgan. Uning rahmati juda kengdir.
 Inson ikki dunyo saodatiga erishmoq uchun Allohning muhabbatiga sazovor bo‘lib, buyurgan ishlarni kilib, qaytargan narsalardan tiyilmog‘i zarur. Xo‘sh, Allohning muhabbatiga nima bilan erishish, Uni roziligini qanday topish mumkin?
“Albatta, Alloh chiroyli (ish) qiluvchilarni yaxshi ko‘radi” (Baqara,195).
Doimo yaxshi amallarni qilish, Alloh yo‘lida infoq-ehson qilish, odamlarning xato va kamchiliklarini kechirish, g‘azab kelganda ichiga yutish, xatto chumoligaham ozor bermaslik kabi ishlar ehsondir.
Ehsonning yana bir ma’nosi Alloh ko‘rib turibdi, deb ixlos bilan bajarishdir. Shuningdek, inson Allohning roziligini topish uchun undan ko‘rkib Alloh ko‘rib turibdi deb katta-kichik ma’siyat va gunoh ishlardan saklanish lozim bo‘ladi.
Hikoyat: Bir vaqtlar bolalari och qolgan faqir xotin badavlat qo‘shnisidan yordam so‘rab kirdi. Go‘zal bu xotin bolalari uchun ovqat so‘rab kirganida nafsining asiri bo‘lgan qo‘shnisi undan yaqinlik istadi. Xotin nomusli, Allohdan qo‘rqqan ayol bo‘lgani uchun hech narsa olmasdan chiqib ketdi. Uyiga kelgach bolalari: “Ona, biz ochlikdan o‘lamiz. Ozgina bo‘lsa ham ovkat yo‘qmi”, deb faryod ko‘tardilar. Bolalarining ko‘z yoshiga chiday olmagan ayol yana o‘sha qo‘shnisinikiga bordi. Boy o‘z taklifini takrorladi. Ayol majbur bo‘lib ko‘ndi. Tanho bir yerga kirdilar. U odam ayolga yaqinlashmoqchi bo‘lgan paytda ayol Allohdan qo‘rqqanidan butun vujudi titray boshladi.
Boy beixtiyor so‘radi:
-    Nega titraysan? Qo‘rqma, bu yerda hech kim yo‘k.
-    Bilaman, hech kim yo‘q, ammo Alloh bor. Insonman degan kishi doimo Allohdan qo‘rqishi kerak! -dedi ayol.
Boy:
-    Sen shu qadar nochorliging bilan Allohdan qo‘rqayapsan. Men esa nega shuncha davlatim bilan qo‘rqmay, - deb o‘zining yomon niyatidan qaytdi va ayolga zarur bo‘lgan ovqatlardan berib, o‘zi ham mamnun holda uni uyiga kuzatib qo‘ydi.
Shu payt Alloh taolo hazrati Musoga vahiy yubordi: “Qulimga salom ayt! Pushaymon yegani va mendan qo‘rqqani uchun avf etdim. U vaqtida o‘ziga keldi va mendan qo‘rqdi, amrlarimga bo‘ysundi”.
Hazrat Muso ul odam oldiga keldi va “Sen Alloh uchun bir xayrli ish qildingmi?”, dedi. U odam boshidan o‘tgan voqeani aytib berdi. Hazrat Muso u odamga xabar berib, “Alloh seni avf kildi”, dedi.
Haqiqiy inson hayotida Parvardigoridan qo‘rqib, gunoh ishlarga borishdan xavfga tushadi va Allohning rahmatidan umid qiladi.
Xavf so‘zi arab tilida “qo‘rqish” degan ma’noni anglatadi. Xavfni Alloh taologa nisbatan berilganda, ya’ni “Allohdan xavfi bor” deganda, ma’siyatlardan o‘zini tortish va toatlarni ixtiyor qilish tushuniladi. Shuning uchun ham “Kim gunohlarni tark qilmasa, xavf qiluvchi emasdir”, deyilgan.

— Allohdan haqiqiy xavf qilishning qanday fazilatlari va foydalari bor?
— Allohdan xavf qilishning fazilatlari haqida bir qancha oyat va hadislarmavjud. Jumladan, “Ar-Rahmon” surasida: “Rabbi huzurida turishdan qo‘rqqanlar uchun ikki jannat bor” (46-oyat) deyiladi.
Xavfning foydalari:
1.    Haqiqiy xavf jannatga olib boradi va do‘zaxdan qutqaradi.
2.    Haqiqiy xavf qiyomat kunidagi katta dahshatdan omonlikdadir.
3.    Haqiqiy xavf imon barkamolligi va islom go‘zalligining dalilidir.
4.    Haqiqiy xavf inson uchun ikki dunyo saodatidir.
5.    Haqiqiy xavf barcha amalni Alloh uchun ixlos bilan qilishga chaqiradi.
6.    Haqiqiy xavf insonni kibrini tark qilishga chaqiradi.
7.    Haqiqiy xavf insonni ma’siyat va gunohlardan qaytaradi.

—    Alloh taolo Qur’oni karimda Yusuf alayhissalom qissasini bayon qilar ekan, Ya’qub alayg‘issalom tilidan: «Ey o‘g‘illarim, boringlar, Yusuf va uning birodarini izlanglar va Allohning rahmatidan noumid bo‘lmanglar. Zero, Allohning rahmatidan faqat kofir qavmgina noumid bo‘lur» (Yusuf surasi, 87) deydi. Rajoning hikmati va fazilatlari, foydalari haqida so‘zlab bersangiz.
— Inson har doim Yaratganning rahmatidan umidvor bo‘lib yashamog‘i kerak. Arab tilidagi rajo so‘zi umidvorlik ma’nosini anglatadi.
Muoz ibn Jabal roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: «Payg‘ambar sallollohu alayhi vasallamning orqalariga, Ufayr nomli eshakda mingashib borar edim. U zot sallollohu alayhi vasallam: «Ey, Muoz, Allohning bandalaridagi haqqi nimayu, bandaning Allohdagi haqqi nima ekanini bilasanmi?» dedilar.
«Alloh va Uning Rasuli biluvchilar», dedim.
U zot sallollohu alayhi vasallam: «Albatta, Allohning bandalaridagi haqqi, ularning Allohga ibodat qilishlari, Unga biror narsani shirk keltirmasliklaridir. Bandalarning Allohdagi haqqi esa, kim Unga biror narsani shirk kelirmasa o‘shani azoblanmasligidir», dedilar.
«Ey, Allohning Rasuli, odamlarga bashorat beraymi?» dedim.
U zot sallollohu alayhi vasallam: «Ularga bashorat berma, yana, suyanib qolmasinlar», dedilar».
Rajoning bir qancha foydalari bor.
Rajo bandaning o‘z Robbisidan ehson kutishidir, behojat bo‘la olmasligini his qilishidir. Rajo bandaning Allohga muhabbatini orttiradi. Bandaning rajosi qancha kuchli bo‘lsa, uning rajo qilgan narsasi shuncha ko‘p ro‘yobga chiqadi va Alloh taologa muhabbati va shukri shuncha ziyoda bo‘ladi. Rajo bandani eng oliy maqom - shukr maqomiga eltadi. Bandaning rajo qilgan narsasi hosil bo‘lsa, shukri ham yuzaga chiqadi.
Imom G‘azzoliy rahmatullohi alayhi:
“Rajo va xavf muqarrablarning barcha maqomlarga o‘tib borishi uchun kerak buladigan ikki qanotdir. Buyuklar ikkisi oxirat yo‘lidagi qiyin dovonlarni oshib o‘tishdagi ulovdir”, - deganlar.
Demak xavf va rajo qalb xastaliklari uchun davodir. Bu ikkisi insonda har doim mavjud bo‘lishi imon shartlaridan biridir.