Исломда муомала маданияти

Рукн: Суҳбатлар Чоп этилган: 10.12.2014
“Оқлон” жомеъ масжиди имом-хатиби Ҳусниддин Абдукаримов билан суҳбат


Ҳусниддин Абдукаримов 1979 йили Наманган вилояти Учқўрғон туманида туғилган. Тошкент Ислом университети бакалаври (2008) ва магистратурасини (2010) тамомлаган. Тошкент шаҳридаги «Фирдавс» масжидида ноиб имом бўлиб ишлаган (2000-2010). 2010 йилдан Тошкент шаҳридаги “Оқлон” жомеъ масжиди имом-хатиби.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.    


— Инсон ҳаётда яшар экан, бошқалар билан муомалада бўлади. Исломда муомала маданияти қандай тартибга солинган?
— Мутафаккирлардан бири “хокисор бўлгин, хокинг зор бўлмайди” дея гап бошлар экан. Муқаддас динимиз манбаларида инсонлар бир бирларига доимо ширинсуханлик ва самимийлик билан муомала қилишлари лозимлигини таъкидланади.
Ота-онанинг вазифаси фарзандини дунёга келтиришдангина иборат эмас. Улар ўз фарзандларини ақлли, эс-ҳушли, жисмонан соғлом, диёнатли, эътиқодли, жамият ва Ватанга фойдаси тегадиган инсонлар қилиб тарбиялаш ҳақида қайғуришлари керак.
Фарзанд тарбиясида динимиз белгилаб қўйган муҳим қоидалардан яна бири  болани ёшлигидан жамият орасида ўзини чиройли тутиш, барчага баробар самимий, камтарин каби одобларга ўргатишдир. Фарзанд улғайиб, инсонлар билан ўзаро муомалага киришар экан, жамият орасида инсонни ҳурматга сазовор қиладиган умумий одоблар борки, буларсиз соғлом жамиятни тасаввур қилиб бўлмайди. Овқатланиш, саломлашиш, рухсат сўраш, мажлис, сўзлашиш, ҳазил-мутойиба, касал кўриш, таъзия билдириш, акса уриш ва эснаш, меҳмондорчилик ва шу каби ижтимоий одобларни ҳар бир киши билиши ва уларга риоя этиши лозим. Бу борада Пайғамбаримиз(с.а.в.) ҳар бир нарсанинг одобини кўрсатиб берганлар. Саҳобалар Расулуллоҳ(с.а.в.)дан: “Инсонга ато қилинган энг яхши нарса нима?” деб сўрашганда, “Гўзал хулқ”, деб жавоб бердилар. Бошқа бир ҳадисда: “Пайғамбар қилиб юборилишимнинг боиси гўзал ахлоқни такомилига етказишдан иборатдир” дедилар. (Имом Молик ривояти).
Аллоҳ таоло: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли ва мақтанчоқ кимсаларни суймас”, дея марҳамат қилган. (Луқмон сураси, 18-оят)

— Ҳар қандай муомаланинг боши саломдир. Динимизда саломга катта эътибор қаратилишининг ҳикмати нимада?
Баъзан ёш йигит-қизларнинг атрофдагиларга нисбатан такаббурлик, баланддимоғлик билан муомала қилганларига гувоҳ бўламиз. Ўзларидан катталарга, устозларига, ҳатто ота-оналарига нисбатан қилган одобсизлигини кўриб ачинамиз. Ўзаро кўришганда лозим бўладиган оддийгина саломлашишни риоясини қилмайдиган ёшлар кишини қайғуга солади. Бундай қўрс ва эгри ўсаётган ниҳолларни ҳам қайсидир ота-она тарбиялаётганига аминмиз.
Абу Ҳурайрадан(р.а.) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Имонли бўлмагунингизча жаннатга кирмайсиз ва бир-бирингиз билан ўзаро муҳаббатли бўлмагунингизча имонли бўла олмайсиз. Сизларни орангизда меҳр-муҳаббат уйғотадиган нарсани ўргатайми? Ораларингизда саломни ошкор (кенг жорий) қилинглар” дедилар. (Имом Муслим ривояти). Пайғамбаримиз(с.а.в.) ўзаро саломлашиш орқали жамият аъзолари ўртасида меҳр-муҳаббат, ҳурмат эҳтиром ва бирдамлик пайдо бўлишига ишора қилдилар. Саломлашиш динимиздаги муомала маданиятининг бош мезони саналади. Шунингдек, кишилар ўртасидаги ижтимоий ахлоқий томондан алоқа ўрнатишга асосий омил бўлиб хизмат қилади.

— Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ота-онага гўзал муомалада бўлишга чақирилади. Фарзанднинг ота-онага муомаласи қандай бўлмоғи лозим?

Фарзанд ҳурмат қилиши керак бўлган биринчи тоифа кишилар – ота-оналардир. Уларга эҳтиром кўрсатиш ва хизматларини бажариш билан фарзандлик бурчимизни адо этган бўламиз. Қолаверса кишининг бошқаларга нисбатан муомаласидан унинг ота-онасига нисбатан ҳурматини билиб олиш қийин эмас. Аллоҳ таоло Қуръон оятларининг бир нечасида Ўзигагина ибодат қилишни зикр қилганидан сўнг, ота-онага яхшилик қилишга буюради: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди”.(Исро сураси, 23-оят).
Бир киши Умар ибн Зайддан: “Ўғлингнинг сенга бўлган меҳрибонлиги қандай?” деб сўради. У киши: “Кундузи орқамдан, кечаси олдимда юради ва ундан юқорида ётаман” деди. Яъни, Умар ибн Зайднинг ўғли отасини ҳурматлаб, кундузи орқароқда, кечаси чуқур чаноққа қоқилиб кетмасин, деб олдинроқда йўл кўрсатиб юрар экан.
Абу Ғассон аз-Забий деган бир киши айтадилар: “Отам билан иссиқда пиёда кетаётган эдик, олдимиздан Абу Ҳурайра чиқиб қолди. Абу Ҳурайра: “Ёнингдаги ким?” деди. Мен унга: “Отам” деб жавоб бердим. У “Отангдан олдин юрма, орқасида ёки ёнида юргин. Отанг ётган уйнинг томида юрма, Отангнинг назари тушган гўштни ема, унинг егиси келган бўлиши мумкин”, деди.
Бу ривоятларда фарзанд учун ота-она нақадар юксак мақомда экани акс этган бўлсада, мақом соҳиблари ҳам, ўз навбатида шунга ярашадиган иш тутишлари лозим бўлади. Бир донишманд: “Каломинг камолингни белгилайди, мақоминг маконингни белгилагани каби”, деб айтишида ҳикмат бор. Кўпинча, ўзимиз амал қилмайдиган ишни фарзандларимиздан талаб қиламиз. Кутган натижага эриша олмагач, уларни койиб уришамиз ва бунинг фойдаси бор ёки йўқлигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Бошқача айтганда, жамият ҳаётида ҳусни хулқ шаклланиши ва одатга айланиши учун ёш авлодни ортиқча тергаш ёки бўлар-бўлмасга бирор нарсадан ман этиш кифоя қилмайди. Чунки нафс ўз одати ва кўникмасидан воз кечиб, узоқ муддат риёзат чекишини тақозо этади. Гўзал хулқ ва тарбияга эга бўлмаган киши ҳеч қачон муваффақиятли натижага эриша олмайди. Шу боисдан ҳам, тарбия берувчи-мураббий аввало ўзи одоби билан ўрнак бўлиши лозим. Ана шундагина таъсир кучига эга бўлади ва аста секин кутилган натижага эришилади.

— Фарзандларнинг турли иллатлар таъсирига тушиб қолмасликлари учу нота-оналар қандай чоралар қўллаши лозим?  
Инсон табиатини бузувчи хулқ-атворлар ва носоғлом муҳит урф-одатлари эндигина улғайиб келаётган ёш фарзандлар учун ниҳоятда хатарлидир. Бу иллатлар тасирига тушмасликлари учун уларда маънавий иммунитетни шакллантириш зарур. Ота-оналар фарзанди мактабга бориши биланоқ унга ўқувчи маъносида муомала қилиб, ҳаётда ўқишдан бошқа мақсади йўқ деган фикрда бўладилар. Кўпинча биз гўшт ва суякдан иборат бўлган инсон билан муомала қилаётганимизда, сезиб, ҳис қиладиган ва ақли ҳам ўша ҳиссиётининг бир бўлаги бўлган инсон, яхши ўсиши учун ахлоқий, жисмоний ва ижтимоийи эътиборга муҳтож эканлигини, қолаверса ўйин кулги қилиши, хафа бўлиб хурсанд бўлиши, дўст ортириши кераклигини эсдан чиқариб қўямиз. Яъни, уларни тадқиқ қилишдан мутлақо йироқлашиб кетамиз. Оқибатда улар сирларини, гўзал туйғуларини ёки изтиробларига сабаб бўлаётган ички кечинмаларини бизга эмас бошқаларга - бегоналарга ёрилгилари келади. Шундай бўлди ҳам дейлик, бегона кишилардан қандай маслаҳат чиқиши мумкинлигини бир фараз қилиб кўринг-а.. Фарзандимиз биздан қанча узоқлашса, бизга нисбатан шунча бегоналашиб бораверади ва тарбия беришда калавани учини йўқотиб қўямиз. Биз ҳаёт тажрибаларимиздан келиб чиқиб, уларга маслаҳат бериб энг тўғри йўлни кўрсатиб қўйишимиз лозим.
Биз учун энг муҳими, фарзандларимиз дўстларидан ҳам кўра бизни энг яқинлари деб билишларидир. Агарда шунга эриша олсак, ҳар қандай хавфни енгишга кучимиз етади.

* * *

Islomda muomala madaniyati

“Oqlon” jome’ masjidi imom-xatibi Husniddin Abdukarimov bilan suhbat


Husniddin Abdukarimov 1979 yili Namangan viloyati Uchqo‘rg‘on tumanida tug‘ilgan. Toshkent Islom universiteti bakalavri (2008) va magistraturasini (2010) tamomlagan. Toshkent shahridagi «Firdavs» masjidida noib imom bo‘lib ishlagan (2000-2010). 2010 yildan Toshkent shahridagi “Oqlon” jome’ masjidi imom-xatibi.

Bismillahir rohmanir rohim.    


— Inson hayotda yashar ekan, boshqalar bilan muomalada bo‘ladi. Islomda muomala madaniyati qanday tartibga solingan?
— Mutafakkirlardan biri “xokisor bo‘lgin, xoking zor bo‘lmaydi” deya gap boshlar ekan. Muqaddas dinimiz manbalarida insonlar bir birlariga doimo shirinsuxanlik va samimiylik bilan muomala qilishlari lozimligini ta’kidlanadi.
Ota-onaning vazifasi farzandini dunyoga keltirishdangina iborat emas. Ular o‘z farzandlarini aqlli, es-hushli, jismonan sog‘lom, diyonatli, e’tiqodli, jamiyat va Vatanga foydasi tegadigan insonlar qilib tarbiyalash haqida qayg‘urishlari kerak.
Farzand tarbiyasida dinimiz belgilab qo‘ygan muhim qoidalardan yana biri  bolani yoshligidan jamiyat orasida o‘zini chiroyli tutish, barchaga barobar samimiy, kamtarin kabi odoblarga o‘rgatishdir. Farzand ulg‘ayib, insonlar bilan o‘zaro muomalaga kirishar ekan, jamiyat orasida insonni hurmatga sazovor qiladigan umumiy odoblar borki, bularsiz sog‘lom jamiyatni tasavvur qilib bo‘lmaydi. Ovqatlanish, salomlashish, ruxsat so‘rash, majlis, so‘zlashish, hazil-mutoyiba, kasal ko‘rish, ta’ziya bildirish, aksa urish va esnash, mehmondorchilik va shu kabi ijtimoiy odoblarni har bir kishi bilishi va ularga rioya etishi lozim. Bu borada Payg‘ambarimiz(s.a.v.) har bir narsaning odobini ko‘rsatib berganlar. Sahobalar Rasululloh(s.a.v.)dan: “Insonga ato qilingan eng yaxshi narsa nima?” deb so‘rashganda, “Go‘zal xulq”, deb javob berdilar. Boshqa bir hadisda: “Payg‘ambar qilib yuborilishimning boisi go‘zal axloqni takomiliga yetkazishdan iboratdir” dedilar. (Imom Molik rivoyati).
Alloh taolo: “Odamlarga (kibrlanib) yuzingni burishtirmagin va yerda kerilib yurmagin! Chunki Alloh barcha kibrli va maqtanchoq kimsalarni suymas”, deya marhamat qilgan. (Luqmon surasi, 18-oyat)

— Har qanday muomalaning boshi salomdir. Dinimizda salomga katta e’tibor qaratilishining hikmati nimada?

Ba’zan yosh yigit-qizlarning atrofdagilarga nisbatan takabburlik, balanddimog‘lik bilan muomala qilganlariga guvoh bo‘lamiz. O‘zlaridan kattalarga, ustozlariga, hatto ota-onalariga nisbatan qilgan odobsizligini ko‘rib achinamiz. O‘zaro ko‘rishganda lozim bo‘ladigan oddiygina salomlashishni rioyasini qilmaydigan yoshlar kishini qayg‘uga soladi. Bunday qo‘rs va egri o‘sayotgan nihollarni ham qaysidir ota-ona tarbiyalayotganiga aminmiz.
Abu Hurayradan(r.a.) rivoyat qilinadi: Rasululloh (s.a.v.): “Imonli bo‘lmaguningizcha jannatga kirmaysiz va bir-biringiz bilan o‘zaro muhabbatli bo‘lmaguningizcha imonli bo‘la olmaysiz. Sizlarni orangizda mehr-muhabbat uyg‘otadigan narsani o‘rgataymi? Oralaringizda salomni oshkor (keng joriy) qilinglar” dedilar. (Imom Muslim rivoyati). Payg‘ambarimiz(s.a.v.) o‘zaro salomlashish orqali jamiyat a’zolari o‘rtasida mehr-muhabbat, hurmat ehtirom va birdamlik paydo bo‘lishiga ishora qildilar. Salomlashish dinimizdagi muomala madaniyatining bosh mezoni sanaladi. Shuningdek, kishilar o‘rtasidagi ijtimoiy axloqiy tomondan aloqa o‘rnatishga asosiy omil bo‘lib xizmat qiladi.

— Qur’oni karim va hadisi sharifda ota-onaga go‘zal muomalada bo‘lishga chaqiriladi. Farzandning ota-onaga muomalasi qanday bo‘lmog‘i lozim?
Farzand hurmat qilishi kerak bo‘lgan birinchi toifa kishilar – ota-onalardir. Ularga ehtirom ko‘rsatish va xizmatlarini bajarish bilan farzandlik burchimizni ado etgan bo‘lamiz. Qolaversa kishining boshqalarga nisbatan muomalasidan uning ota-onasiga nisbatan hurmatini bilib olish qiyin emas. Alloh taolo Qur’on oyatlarining bir nechasida O‘zigagina ibodat qilishni zikr qilganidan so‘ng, ota-onaga yaxshilik qilishga buyuradi: “Rabbingiz, Uning O‘zigagina ibodat qilishingizni hamda ota-onaga yaxshilik qilishni amr etdi”.(Isro surasi, 23-oyat).
Bir kishi Umar ibn Zayddan: “O‘g‘lingning senga bo‘lgan mehribonligi qanday?” deb so‘radi. U kishi: “Kunduzi orqamdan, kechasi oldimda yuradi va undan yuqorida yotaman” dedi. Ya’ni, Umar ibn Zaydning o‘g‘li otasini hurmatlab, kunduzi orqaroqda, kechasi chuqur chanoqqa qoqilib ketmasin, deb oldinroqda yo‘l ko‘rsatib yurar ekan.
Abu G‘asson az-Zabiy degan bir kishi aytadilar: “Otam bilan issiqda piyoda ketayotgan edik, oldimizdan Abu Hurayra chiqib qoldi. Abu Hurayra: “Yoningdagi kim?” dedi. Men unga: “Otam” deb javob berdim. U “Otangdan oldin yurma, orqasida yoki yonida yurgin. Otang yotgan uyning tomida yurma, Otangning nazari tushgan go‘shtni yema, uning yegisi kelgan bo‘lishi mumkin”, dedi.
Bu rivoyatlarda farzand uchun ota-ona naqadar yuksak maqomda ekani aks etgan bo‘lsada, maqom sohiblari ham, o‘z navbatida shunga yarashadigan ish tutishlari lozim bo‘ladi. Bir donishmand: “Kaloming kamolingni belgilaydi, maqoming makoningni belgilagani kabi”, deb aytishida hikmat bor. Ko‘pincha, o‘zimiz amal qilmaydigan ishni farzandlarimizdan talab qilamiz. Kutgan natijaga erisha olmagach, ularni koyib urishamiz va buning foydasi bor yoki yo‘qligini o‘ylab ham ko‘rmaymiz. Boshqacha aytganda, jamiyat hayotida husni xulq shakllanishi va odatga aylanishi uchun yosh avlodni ortiqcha tergash yoki bo‘lar-bo‘lmasga biror narsadan man etish kifoya qilmaydi. Chunki nafs o‘z odati va ko‘nikmasidan voz kechib, uzoq muddat riyozat chekishini taqozo etadi. Go‘zal xulq va tarbiyaga ega bo‘lmagan kishi hech qachon muvaffaqiyatli natijaga erisha olmaydi. Shu boisdan ham, tarbiya beruvchi-murabbiy avvalo o‘zi odobi bilan o‘rnak bo‘lishi lozim. Ana shundagina ta’sir kuchiga ega bo‘ladi va asta sekin kutilgan natijaga erishiladi.

— Farzandlarning turli illatlar ta’siriga tushib qolmasliklari uchu nota-onalar qanday choralar qo‘llashi lozim?  
Inson tabiatini buzuvchi xulq-atvorlar va nosog‘lom muhit urf-odatlari endigina ulg‘ayib kelayotgan yosh farzandlar uchun nihoyatda xatarlidir. Bu illatlar tasiriga tushmasliklari uchun ularda ma’naviy immunitetni shakllantirish zarur. Ota-onalar farzandi maktabga borishi bilanoq unga o‘quvchi ma’nosida muomala qilib, hayotda o‘qishdan boshqa maqsadi yo‘q degan fikrda bo‘ladilar. Ko‘pincha biz go‘sht va suyakdan iborat bo‘lgan inson bilan muomala qilayotganimizda, sezib, his qiladigan va aqli ham o‘sha hissiyotining bir bo‘lagi bo‘lgan inson, yaxshi o‘sishi uchun axloqiy, jismoniy va ijtimoiyi e’tiborga muhtoj ekanligini, qolaversa o‘yin kulgi qilishi, xafa bo‘lib xursand bo‘lishi, do‘st ortirishi kerakligini esdan chiqarib qo‘yamiz. Ya’ni, ularni tadqiq qilishdan mutlaqo yiroqlashib ketamiz. Oqibatda ular sirlarini, go‘zal tuyg‘ularini yoki iztiroblariga sabab bo‘layotgan ichki kechinmalarini bizga emas boshqalarga - begonalarga yorilgilari keladi. Shunday bo‘ldi ham deylik, begona kishilardan qanday maslahat chiqishi mumkinligini bir faraz qilib ko‘ring-a.. Farzandimiz bizdan qancha uzoqlashsa, bizga nisbatan shuncha begonalashib boraveradi va tarbiya berishda kalavani uchini yo‘qotib qo‘yamiz. Biz hayot tajribalarimizdan kelib chiqib, ularga maslahat berib eng to‘g‘ri yo‘lni ko‘rsatib qo‘yishimiz lozim.
Biz uchun eng muhimi, farzandlarimiz do‘stlaridan ham ko‘ra bizni eng yaqinlari deb bilishlaridir. Agarda shunga erisha olsak, har qanday xavfni yengishga kuchimiz yetadi.