Уяли алоқа одоблари

Рукн: Суҳбатлар Чоп этилган: 10.12.2014

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов билан суҳбат

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

— Ислом – тараққиёт дини. Уламоларимиз ҳаётда пайдо бўладиган янги одатлар, ҳолатлар, шунингдек янги технологиялар орқали юзага келадиган вазиятларга ҳам Ислом фиқҳи қоидаларига асосланиб, ўз фикрларини баён қилишади. Ҳозирги пайтда кўпчилик эҳтиёж сезаётган одоблардан бири мусулмоннинг мобил алоқадан фойдаланиш маданиятидир. Бу ҳақдаги фикрларингиз.
— Катта устозимиз айтгандилар. Имом Аҳмаддан ривоят қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ковушларини қулоқларига қўйиб, «умматларим ишларни шундай бажарадилар», деб айтган эканлар. Демак, ушбу янгиликни ҳам Пайғамбар алайҳиссалом башорат қилган эканлар.
Ҳар қандай технологиядан яхши ниятда неъмат сифатида фойдаланиш мумкин. Ҳар бирининг бошқаруви ўз қўлимизда. У телевизор бўладими, компьютер бўладими, уяли телефонми, яхши ниятда фойдалансак, икки дунёмиз учун ҳам фойда топамиз. Акс ҳолда шиддат билан ривожланаётган технология инсоннинг таназзулига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Ёшларимизни ана шундай таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун аввало оилада бундай маъсиятларга қарши тамйиз (иммунитет)ни шакллантириш лозим. Ҳозирда ғарбда «оммавий маданият» номи билан «инсоннинг эркинлигини чеклаб бўлмайди, у истаганини қилишга ҳақли» шиорларини олға суриб, маънавиятни яксон қилишга бўлган интилишлар кучаймоқда. Лев Толстой «Эркинлик аввало масъулиятдир» деб таъкидлаган. Масъулиятсиз инсон ҳайвондан ҳам паст туради.
Аллоҳ таоло бизга ато этган неъмат ўлароқ фойдаланиш лозим бўлган уяли алоқа телефонлардан ўзларининг ғаразли мақсадларида ёшларнинг маънавияти, эътиқодини бузишга ундовчи восита сифатида фойдаланаётганлар ҳам бор. Уларнинг бу алдовларига учмаслик учун фарзандларимизни ёшликларидан динимизга, маънавий қадриятларимизга муҳаббат руҳида тарбиялашимиз лозим.
 
— Технология ривожланиши билан инсонларнинг турли алоқа воситалари орқали мулоқот қилишлари кундалик ҳолатга айланди. Мулоқот аввало саломдан бошланади. Айнан шу нуқтада бир қанча тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Сиз кимгадир қўнғироқ қилиб, «Ассалому алайкум» дейсиз, у эса «Ва алайкум ассалом» деган фарз жавоб ўрнига, яна сизга «Ассалому алайкум» дейди. Радио ва баъзи ТВ мулоқотларида ҳам шу ҳолат кузатилади. Кўпинча алик олинмасдан, икки томон бир-бирига «Ассалому алайкум» дейиш билан кифояланади. Баъзи бошловчилар эса саломга алик олиб, яна унга «Ассалому алайкум»  демаганингиз учун ўпкаланиб ҳам қўйишади. Яна бизда урфга кирмаган ҳолатлардан бири ёши кичик инсонга салом берсангиз, у алик олишга хижолат тортади-да, яна сизга салом беради. Мана шу ҳолатнинг  фиқҳий ечими қандай бўлади?
— Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага борганларида шаҳар аҳли у зотдан сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ, бизнинг шаҳар аҳолисида ўзаро муҳаббат йўқ. Доимо урушлар бўлиб туради. Нима қилсак ўнгланамиз?». Шунда Расули акрам с.а.в. икки калимадан иборат тинчлик калитини мадиналикларга топширдилар ва «Орангизда саломни ошкор қилинг» деб таълим бердилар. «Тарихи Табарий»да ёзилишича, Мадинаи мунавварада салом ёйилгандан бир йил ўтиб биронта ҳам урушган одам қолмади.
Салом бериш суннат бўлса, унга алик олиш фарздир. «Нисо» сурасининг 86-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Қачон сизларга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки (ҳеч бўлмаса) ўша иборани қайтаринглар. Албатта Аллоҳ ҳамма нарсани ҳисобга олгувчи бўлган зотдир».
«Ассалому алайкум» деб бериладиган салом минг йиллар давомида қонимизга сингган ҳам исломий, ҳам миллий қадриятларимиздандир. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар: «Қайси хислатлар исломда энг яхшидир?». Айтдилар: «Очларга таом бермоғинг ва таниган танимаганингга салом бермоғинг».
Шунингдек Расули акрам с.а.в. саломни аввал бошлаган инсонни мақтадилар. Бухорийдан келтирилган ривоятда кичиклар катталарга салом бериши суннатлиги ҳам баён қилингани учун халқимизда шу ҳолат одоб бўлиб қолган. Аммо катталар ҳам аввал салом берсалар савоб бўлади. Суннатга мувофиқ хайрлашаётганда ҳам салом берилади. Бизда кўпинча бу суннат амал унутилади.
«Ассалому алайкум» (Сизга тинчлик, Аллоҳнинг саломини тилайман) деган саломга «Ва алайкум ассалом» (Сизга ҳам Аллоҳнинг саломи бўлсин) деб жавоб бериш ёки Расулуллоҳ с.а.в. таълим берганларидек, «Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ», «Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ» деб алик олиш суннатга мувофиқдир. Лекин баъзи уламолар «Ассалому алайкум»га «Ассалому алайкум» деб жавоб берса бўлади, дейишган. Чунки иккинчи кишининг жавобида сизга ҳам Аллоҳнинг саломи бўлсин, деган ният бор эди. Лекин энг афзали «Ва алайкум ассалом» дейишликдир.

— Турли юмушлар билан айни бир инсонга кунига 3-4 мартадан қўнғироқ қилишга тўғри келади. Ҳар бир қўнғироқда салом бериш керакми? Ёхуд бир марта бошида салом берилиб, кейингиларида бермаслик лозимми? Бунинг учун вақт чегараси борми?
— Саломнинг исрофи бўлмайди. Саҳобалар саломлашиб, кейин бир дарахтдан айланиб ўтиб, кўришсалар, яна саломлашаверардилар. Уйимизга меҳмон келса, унинг ҳузурига ҳар кирганда салом берилса ҳам афзал. Телефонда ҳам ҳар қўнғироқда салом берилгани афзал. Лекин бир марта салом берилгани билан ҳақ адо этилади. Бунинг мисоли шундай: таомни бир марта бисмиллоҳ деб ейилса суннат адо этилади. Аммо ҳар луқмада бисмиллоҳ деб таомланиш афзал ва савоби каттадир.

— Дарсда ва илм мажлисларида уяли алоқадан фойдаланиш мумкинми? Умумий транспорт воситаларида ундан фойдаланиш одоби қандай бўлади?
— Илм мажлисларида, қабристонларда  уяли алоқадан фойдаланиш — катта беодоблик. Дарсда телефондан фойдаланиш эса гуноҳдир. Умумий транспорт воситаларида муҳим қўнғироқ бўлсагина овозни пастлатиб, бошқаларга озор бермайдиган тарзда гаплашса бўлади, аммо ҳар қандай нарсани овозни баланд қилиб сўзлашавериш одобсизликдир. Ота-она, устозлар олдида беписанд телефонда сўзлашиш ҳам яхши эмас.  

— Уяли алоқа воситаларида Қуръони карим ва ҳадиси шариф матни, ҳамда аудиосини сақлаш ҳукми қандай? Таҳоратсиз ҳолатда ҳамда халога кирганда одобсизлик бўлмайдими?
— Қуръони карим ва ҳадиси шариф матнлари ва овозини телефонда сақлашда эътиборли бўлмоқ зарур. У билан халога кириш асло мумкин эмас. Ташқарида қолдириб кириш керак.
 
— Турли оят ва ҳадислар ёзилган расмларни дисплейда доимо кўриниб турадиган қилиб қўйиш ҳукми қандай?
— Буни ҳам тавсия қилмаймиз. Ислом бундай «реклама»ларга муҳтож эмас. Оят ва ҳадислар аввало қалбда муҳрланиши керак. «Иймон қалбдан деворларга, телефонларга, ёзувларга ўтиб қолмаслиги керак», дердилар устозим. Шунингдек, Қуръони каримни кўчаларда овозини баланд қилиб эшитиб юриш мумкин эмас. Чақирув сигнали сифатида Қуръони карим, азондан фойдаланиш эса мутлақо мумкин эмас.

— Кўпгина масжидларда ибодат пайтида уяли телефонни ўчириб қўйиш ҳақида огоҳлантирувчи ёзувлар мавжуд. Лекин ибодат пайтида телефонни ўчирмаслик ҳукми ҳақида маълумот берилмайди. Шу ҳолатнинг ҳукми қандай? Макруҳми? Бу ҳолатда намозга зарар етадими? Бунда банда қанчалик гуноҳкор бўлади? Бу ҳолатни техник жиҳатдан олдини олиш учун бирон чора кўрилмоқдами (масалан, масжид ичида алоқани чекловчи ускуна ўрнатилса)?
—Жамоат жойларида бўладиган ижтимоий одобларда камчиликларимиз кўп. Мана шундай муаммоларимиздан бири намоз пайтида хушуъни кетказадиган чақирув сигналларидир. Бу нафақат атрофдаги намозхонларнинг, имомнинг ҳам хаёли сочилишига, баъзи пайтлари ўқиётган оятларида ҳам адашишига олиб келади. Шунинг учун уламоларимиз аввало намозга кираётганда телефонни буткул ўчириб қўйишни, мабодо эсдан чиқиб, намоз пайтида жиринглаб қолса, бир қўл билан ўчирса, намоз бузилмаслигини таъкидлайдилар. Бундай ҳолатда бошқа намозхонларнинг ибодатига зарар бергани учун телефонини ўчирмаган киши гуноҳкор бўлади. Масжид ичида алоқани чекловчи ускуна ўрнатилса ҳам бўлади. Лекин, аввало намозхонларимизга масжид ичида уяли алоқадан фойдаланмаслик одатини ўргатиб олишимиз керак.

Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.

 

* * *

 

Uyali aloqa odoblari
Toshkent shahar bosh imom-xatibi Anvar qori Tursunov bilan suhbat

Bismillahir rohmanir rohiym.


— Islom – taraqqiyot dini. Ulamolarimiz hayotda paydo bo‘ladigan yangi odatlar, holatlar, shuningdek yangi texnologiyalar orqali yuzaga keladigan vaziyatlarga ham Islom fiqhi qoidalariga asoslanib, o‘z fikrlarini bayon qilishadi. Hozirgi paytda ko‘pchilik ehtiyoj sezayotgan odoblardan biri musulmonning mobil aloqadan foydalanish madaniyatidir. Bu haqdagi fikrlaringiz.
— Katta ustozimiz aytgandilar. Imom Ahmaddan rivoyat qilingan rivoyatda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam kovushlarini quloqlariga qo‘yib, «ummatlarim ishlarni shunday bajaradilar», deb aytgan ekanlar. Demak, ushbu yangilikni ham Payg‘ambar alayhissalom bashorat qilgan ekanlar.
Har qanday texnologiyadan yaxshi niyatda ne’mat sifatida foydalanish mumkin. Har birining boshqaruvi o‘z qo‘limizda. U televizor bo‘ladimi, kompyuter bo‘ladimi, uyali telefonmi, yaxshi niyatda foydalansak, ikki dunyomiz uchun ham foyda topamiz. Aks holda shiddat bilan rivojlanayotgan texnologiya insonning tanazzuliga sabab bo‘lishi ham mumkin. Yoshlarimizni ana shunday tahdidlardan himoya qilish uchun avvalo oilada bunday ma’siyatlarga qarshi tamyiz (immunitet)ni shakllantirish lozim. Hozirda g‘arbda «ommaviy madaniyat» nomi bilan «insonning erkinligini cheklab bo‘lmaydi, u istaganini qilishga haqli» shiorlarini olg‘a surib, ma’naviyatni yakson qilishga bo‘lgan intilishlar kuchaymoqda. Lev Tolstoy «Erkinlik avvalo mas’uliyatdir» deb ta’kidlagan. Mas’uliyatsiz inson hayvondan ham past turadi.
Alloh taolo bizga ato etgan ne’mat o‘laroq foydalanish lozim bo‘lgan uyali aloqa telefonlardan o‘zlarining g‘arazli maqsadlarida yoshlarning ma’naviyati, e’tiqodini buzishga undovchi vosita sifatida foydalanayotganlar ham bor. Ularning bu aldovlariga uchmaslik uchun farzandlarimizni yoshliklaridan dinimizga, ma’naviy qadriyatlarimizga muhabbat ruhida tarbiyalashimiz lozim.
 
— Texnologiya rivojlanishi bilan insonlarning turli aloqa vositalari orqali muloqot qilishlari kundalik holatga aylandi. Muloqot avvalo salomdan boshlanadi. Aynan shu nuqtada bir qancha tushunmovchiliklar yuzaga kelmoqda. Siz kimgadir qo‘ng‘iroq qilib, «Assalomu alaykum» deysiz, u esa «Va alaykum assalom» degan farz javob o‘rniga, yana sizga «Assalomu alaykum» deydi. Radio va ba’zi TV muloqotlarida ham shu holat kuzatiladi. Ko‘pincha alik olinmasdan, ikki tomon bir-biriga «Assalomu alaykum» deyish bilan kifoyalanadi. Ba’zi boshlovchilar esa salomga alik olib, yana unga «Assalomu alaykum»  demaganingiz uchun o‘pkalanib ham qo‘yishadi. Yana bizda urfga kirmagan holatlardan biri yoshi kichik insonga salom bersangiz, u alik olishga xijolat tortadi-da, yana sizga salom beradi. Mana shu holatning  fiqhiy yechimi qanday bo‘ladi?
— Janob Payg‘ambarimiz Muhammad sollallohu alayhi vasallam Madinai munavvaraga borganlarida shahar ahli u zotdan so‘radilar: «Yo Rasululloh, bizning shahar aholisida o‘zaro muhabbat yo‘q. Doimo urushlar bo‘lib turadi. Nima qilsak o‘nglanamiz?». Shunda Rasuli akram s.a.v. ikki kalimadan iborat tinchlik kalitini madinaliklarga topshirdilar va «Orangizda salomni oshkor qiling» deb ta’lim berdilar. «Tarixi Tabariy»da yozilishicha, Madinai munavvarada salom yoyilgandan bir yil o‘tib bironta ham urushgan odam qolmadi.
Salom berish sunnat bo‘lsa, unga alik olish farzdir. «Niso» surasining 86-oyatida Alloh taolo marhamat qiladi: «Qachon sizlarga biron ibora bilan salom berilsa, sizlar undan chiroyliroq qilib alik olinglar yoki (hech bo‘lmasa) o‘sha iborani qaytaringlar. Albatta Alloh hamma narsani hisobga olguvchi bo‘lgan zotdir».
«Assalomu alaykum» deb beriladigan salom ming yillar davomida qonimizga singgan ham islomiy, ham milliy qadriyatlarimizdandir. Rasululloh sallolohu alayhi va sallamdan so‘radilar: «Qaysi xislatlar islomda eng yaxshidir?». Aytdilar: «Ochlarga taom bermog‘ing va tanigan tanimaganingga salom bermog‘ing».
Shuningdek Rasuli akram s.a.v. salomni avval boshlagan insonni maqtadilar. Buxoriydan keltirilgan rivoyatda kichiklar kattalarga salom berishi sunnatligi ham bayon qilingani uchun xalqimizda shu holat odob bo‘lib qolgan. Ammo kattalar ham avval salom bersalar savob bo‘ladi. Sunnatga muvofiq xayrlashayotganda ham salom beriladi. Bizda ko‘pincha bu sunnat amal unutiladi.
«Assalomu alaykum» (Sizga tinchlik, Allohning salomini tilayman) degan salomga «Va alaykum assalom» (Sizga ham Allohning salomi bo‘lsin) deb javob berish yoki Rasululloh s.a.v. ta’lim berganlaridek, «Va alaykum assalom va rahmatulloh», «Va alaykum assalom va rahmatullohi va barokatuh» deb alik olish sunnatga muvofiqdir. Lekin ba’zi ulamolar «Assalomu alaykum»ga «Assalomu alaykum» deb javob bersa bo‘ladi, deyishgan. Chunki ikkinchi kishining javobida sizga ham Allohning salomi bo‘lsin, degan niyat bor edi. Lekin eng afzali «Va alaykum assalom» deyishlikdir.

— Turli yumushlar bilan ayni bir insonga kuniga 3-4 martadan qo‘ng‘iroq qilishga to‘g‘ri keladi. Har bir qo‘ng‘iroqda salom berish kerakmi? Yoxud bir marta boshida salom berilib, keyingilarida bermaslik lozimmi? Buning uchun vaqt chegarasi bormi?

— Salomning isrofi bo‘lmaydi. Sahobalar salomlashib, keyin bir daraxtdan aylanib o‘tib, ko‘rishsalar, yana salomlashaverardilar. Uyimizga mehmon kelsa, uning huzuriga har kirganda salom berilsa ham afzal. Telefonda ham har qo‘ng‘iroqda salom berilgani afzal. Lekin bir marta salom berilgani bilan haq ado etiladi. Buning misoli shunday: taomni bir marta bismilloh deb yeyilsa sunnat ado etiladi. Ammo har luqmada bismilloh deb taomlanish afzal va savobi kattadir.

— Darsda va ilm majlislarida uyali aloqadan foydalanish mumkinmi? Umumiy transport vositalarida undan foydalanish odobi qanday bo‘ladi?
— Ilm majlislarida, qabristonlarda  uyali aloqadan foydalanish — katta beodoblik. Darsda telefondan foydalanish esa gunohdir. Umumiy transport vositalarida muhim qo‘ng‘iroq bo‘lsagina ovozni pastlatib, boshqalarga ozor bermaydigan tarzda gaplashsa bo‘ladi, ammo har qanday narsani ovozni baland qilib so‘zlashaverish odobsizlikdir. Ota-ona, ustozlar oldida bepisand telefonda so‘zlashish ham yaxshi emas.  

— Uyali aloqa vositalarida Qur’oni karim va hadisi sharif matni, hamda audiosini saqlash hukmi qanday? Tahoratsiz holatda hamda xaloga kirganda odobsizlik bo‘lmaydimi?
— Qur’oni karim va hadisi sharif matnlari va ovozini telefonda saqlashda e’tiborli bo‘lmoq zarur. U bilan xaloga kirish aslo mumkin emas. Tashqarida qoldirib kirish kerak.
 
— Turli oyat va hadislar yozilgan rasmlarni displeyda doimo ko‘rinib turadigan qilib qo‘yish hukmi qanday?

— Buni ham tavsiya qilmaymiz. Islom bunday «reklama»larga muhtoj emas. Oyat va hadislar avvalo qalbda muhrlanishi kerak. «Iymon qalbdan devorlarga, telefonlarga, yozuvlarga o‘tib qolmasligi kerak», derdilar ustozim. Shuningdek, Qur’oni karimni ko‘chalarda ovozini baland qilib eshitib yurish mumkin emas. Chaqiruv signali sifatida Qur’oni karim, azondan foydalanish esa mutlaqo mumkin emas.

— Ko‘pgina masjidlarda ibodat paytida uyali telefonni o‘chirib qo‘yish haqida ogohlantiruvchi yozuvlar mavjud. Lekin ibodat paytida telefonni o‘chirmaslik hukmi haqida ma’lumot berilmaydi. Shu holatning hukmi qanday? Makruhmi? Bu holatda namozga zarar yetadimi? Bunda banda qanchalik gunohkor bo‘ladi? Bu holatni texnik jihatdan oldini olish uchun biron chora ko‘rilmoqdami (masalan, masjid ichida aloqani cheklovchi uskuna o‘rnatilsa)?
—Jamoat joylarida bo‘ladigan ijtimoiy odoblarda kamchiliklarimiz ko‘p. Mana shunday muammolarimizdan biri namoz paytida xushu’ni ketkazadigan chaqiruv signallaridir. Bu nafaqat atrofdagi namozxonlarning, imomning ham xayoli sochilishiga, ba’zi paytlari o‘qiyotgan oyatlarida ham adashishiga olib keladi. Shuning uchun ulamolarimiz avvalo namozga kirayotganda telefonni butkul o‘chirib qo‘yishni, mabodo esdan chiqib, namoz paytida jiringlab qolsa, bir qo‘l bilan o‘chirsa, namoz buzilmasligini ta’kidlaydilar. Bunday holatda boshqa namozxonlarning ibodatiga zarar bergani uchun telefonini o‘chirmagan kishi gunohkor bo‘ladi. Masjid ichida aloqani cheklovchi uskuna o‘rnatilsa ham bo‘ladi. Lekin, avvalo namozxonlarimizga masjid ichida uyali aloqadan foydalanmaslik odatini o‘rgatib olishimiz kerak.

Davronbek Tojialiyev suhbatlashdi.