Тавозуъли ва раҳм-шафқатли бўлиш — мўминликнинг муҳим шарти

Рукн: Суҳбатлар Чоп этилган: 10.12.2014
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Қурбонбой Турсунов билан суҳбат


Қурбонбой Турсунов 1963 йили Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган. Бухородаги Мирараб мадрасасини (1979-1985) ва Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини (1985-1989) тамомлаган. Пастдарғом тумани Эски Жума масжидида имом-хатиб (1989-1993), Самарқанд тумани Хўжа Аҳрори Валий мадрасаси мудири (1989-1993), Бухородаги Мирараб мадрасаси мудири (1993-2000), Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тафтиш бўлими мудири (2000-2004) лавозимларида ишлаган. 2004 йилдан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти бўйича вакили ҳамда Зангиота жомеъ-масжиди имом-хатиби. «Хадича бинти Ҳувайлид» китобини таржима қилган, «Оила таянчи – меҳр муҳаббат» рисоласи муаллифи.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.    


— Иймоннинг муҳим шўъбаларидан бири бўлган тавозуънинг маъноси нима?
— “Раҳмоннинг (суюкли) бандаларн ерда тавозуъ билан юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) хитоб қилган вақтларида ҳам “Саломат бўлинглар”, деб жавоб қиладиган кимсалардир” (Фурқон, 63)
Тавозуъ (ўзини паст тутиш, камтарлик, хокисорлик) мўминликнинг бош фазилатларидан ҳисобланади. “Ким тавозуъ қилса, Аллоҳ унинг даражасини кўтаради, ким такаббурлик қилса, Аллоҳ уни хор этади”, дея марҳамат қилинади ҳадиси шарифда. Қуръони каримнинг “Оли Имрон” сураси, 159-оятни ёдга олайлик: “Аллоҳ берган раҳмат туфайли уларга мулойимлик қилдингиз. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингизда эди, улар атрофингиздан тарқалиб кетар эдилар”. Дарҳақиқат, Расули акрам (с.а.в) табиатидаги юксак ахлоқий фазилатлар, биринчи галда тавозели ҳамда раҳм-шафқатли бўлганликлари Исломнинг қисқа фурсатда эришган ютуқларида қандай аҳамият касб этганлигини яхши биламиз. Зеро, бу борада Ҳазрат Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг ўзлари шундай марҳамат қиладилар:  “Кимгаки, мулойимликдан насиба берилган бўлса, унга барча яхшиликдан насиба ато қилинган бўлади ва ким ундан маҳрум қилинган бўлса, барча яхшиликдан ҳам маҳрум бўлган бўлади. Қиёмат куни мўмин банданинг тарозисини оғир қиладиган нарса яхши ахлоқдир”. (Имом Бухорий ривояти)

— Пайғамбар алайҳиссалом, саҳобаи киромлар ва улардан кейинги илм аҳллари тавозуънинг буюк намунаси бўлганлар. Улар ҳаётидан ҳикоялар барчамиз учун ибратдир.
— Ривоят қилишларича, Шомга кетаётган Ҳазрати Умар (р.а) хизматкори билан битта туяни навбатлашиб миниб борардилар. Умар (р.а) туяга минсалар, хизматкори унинг жиловидан етакларди. Бир фарсах юргач улар ўрин алмашишар, яъни хизматкор қул туя минар, Ҳазрат Умар (р.а) туянинг жиловидан етаклаб борарди. Шу аснода уларнинг сувдан ўтишларига тўғри келади. Умар (р.а) ковушларини ечиб, қўлтиқларига қистирганча сувдан кечиб ўтаётганида Шом амири рўпарадан келиб қолади, ва ҳовлиққанча: “Эй, Амирал мўминин, Шомнинг улуғлари олдингизга пешвоз чиқмоқда. Улар сизни бу ҳолатда кўришмасин”, дейди. Шунда Ҳазрати Умар (р.а) хокисорларча жилмайиб, “Аллоҳ бизларни Ислом билан азиз қилди. Шундай экан, мен одамларнинг гапларига парво қилмайман”, дебдилар-да, йўлларида давом этибдилар.
Тавозуънинг энг ёрқин намунаси бўлган бундай воқеалар ўтмишдаги буюкларимиз ҳаётидан кўплаб ривоят қилинадики, чунончи Имом Бухорий, Имом Мотуридий, аз-Замахшарий... қўйингки, биз бугун фахру ифтихор билан тилга оладиган буюк аждодларимиз барчаси тавозуъни, камтарлик ва хокисорликни ўз ҳаётларида пеша тутган ва айнан шунинг шарофати ила Аллоҳ азиз қилган инсонлар ҳисобланишади.

— Тавозуънинг ўзини паст тутиш, камтарлик, хокисорликдан бошқа яна қандай маънолари бор?

— Тавозели бўлиш ширинсухан, юмшоқфеълли, оғир-босиқ бўлиш ҳамдир. Бундай кишилар суҳбати оҳанрабодек одамларни ўзига тортади. Кўнгилларига йўл топиб, уларда яхшиликка, эзгуликка рағбат уйғотади.
Халқимизда “Яхши гап билан илон инидан чиқади, ёмон гап билан пичоқ қинидан”, деган пурмаъно ибора бор. Яхши сўз душманни дўстга айлантириши, беморнинг дардига даво бўлиши, адашганни тўғри йўлга солиши мумкин. Аз-Замахшарий ҳазратлари яхши сўз, панд насиҳатни садақадан, қўлдан берилган моддий ёрдамдан ҳам устун қўяди. Аммо ўйланмай айтилган биргина калом одамлар орасига раҳна солиши, нохуш оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. “Бошимизга тушадирган қаттиқ кулфатларнинг кўпи юмшоқ тилимиздан келади”, дейди Абдулла Авлоний. Дарҳақиқат, тилнинг суяги йўқ, унга эрк берсанг нималар демайди.
Донишмандлардан бири “Сўзлашда тақво этиш луқма ва таомдаги тақводан ортиқдир”, деган экан. Сўзи тақволи одам бировни беҳуда ранжитмайди. Ҳуда-беҳуда “доно”лик қилиб, одамларни чалғитмайди.

— Хуштавозеликнинг белгиларидан бири бўлган сукут ҳар доим ҳам инсонга манфаат етказадими?
— Аҳли донишлар сукутнинг фазилатига алоҳида эътибор беришган. Айтиш мумкинки, ўрнида қилинган сукут ҳам хуштавозеликнинг бир кўринишидир. Ҳатто бу ҳақда Расули акрам (с.а.в) дан бир қатор ҳадислар ҳам ривоят қилинган. Масалан, ҳадисларнинг бирида: “Сукут сақламоқни ўзингга одат қилгил. Чунки сукут сақлашлик шайтонни ҳайдайди ва динингни сақлашингга ёрдам беради” дейилса, бошқа бирида: “Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин”, дея марҳамат қилинади. “Нодоннинг жавоби - сукут” деган мақол бор. Оғзига келганини қайтармайдиган, бўлар-бўлмасга баҳслашаверадиган калтафаҳм чаламулла кишилар билан баҳслашишдан кўра сукут сақлаш фойдалироқ эканлиги уқдирилмоқда. Чунки, нодон билан тортишиб обрў топмайди киши. Аммо, шундай ҳолатлар бўладики, сукут сақлаш ноўриндир. Айтайлик, жоҳил бир кимса бировни ноҳақдан ғийбат қиляпти, ёки миллат, жамият, юрт шаънига номуносиб гап-сўзлар, иғволар тарқатяпти - сукут сақлаш мумкинмас. Ўз вақтида унинг жавобини бериш, адолат ҳимоясида туриш лозим бўлади.

— Раҳм-шафқатли бўлиш, ғазаб ва гинани тарк этиш мўминликнинг буюк сифатларидан биридир. Динимизда бу ҳақда нима дейилган?
— Бани башарнинг, яъни одам болаларининг яралиш илдизи битта. У учта ирқнинг, юзлаб миллатлар ва ўнлаб динларнинг қай бирига мансуб бўлмасин, барибир уларнинг асли-насли, келиб чиқиши Одам Ато, Момо Ҳаввога бориб боғланади. Уларни замин узра тарқалиб, ирқу миллат, дину мазҳабларга бўлиниб кетиши эса, Яратганнинг буюк ҳикмати, ўзига яраша синовидир. Парвардигор асл илдизи бир, бир ота-онадан таралган башар фарзандларини ўзаро аҳилликда яшашини истайди. Қаердаки бу истаги амалга ошса, яъни аҳиллик, бағрикенглик, раҳм- шафқат устивор бўлса, ўша ерга қут-баракани бисёр қилиб беради. Ўзаро нифоқ, адоват, айирмачилик авж олган ҳудудларда эса кетма-кет нохушликлар, табиий офатлар рўй бериши, обод масканлар харобага айланиши, ҳатто рўйи заминдан йўқ бўлиб кетиши - бу кўпмингйиллик инсоният тарихида исботланган аччиқ ҳақиқатдир.
“...(Улар) ғазабларини ютадиганлар, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадигаилардир. Аллоҳ эзгулик килувчиларии севади”, - дея марҳамат қилинади Қуръони каримнинг Оли Имрон сураси (134-ояти)да. Ғазабларини ютадиганлар, булар тавозени ва хокисорликни одат қилган, ўз табиатига сингдира олган кишилардир. Демак, тавозели бўлиш, яъни хокисор, камтар бўлиш кишида раҳм-шафқат ҳиссини уйғотади. “Ғазабли кишилар эса ҳар канча ақл ва идрок соҳиби бўлмасии, - дейди Абдулла Авлоний ўзининг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида, - ғазаб қоии қўзғалган замонида ўзини тўхтатолмас, ақл ва идрокидан айрилиб, бир ёмон ишни қилиб қўяр-да, сўнггида пушаймон бўлур, чунончи Суқроти ҳаким айтганидек: “Ғазабнинг аввали жунун, охири надоматдир”.
“Кичикларимизга раҳм-шафқатда, катталаримизга ҳурмат-иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир”, дея марҳамат қилинади ҳадиси шарифда. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса, “Орангиздан энг яхши кўрганим, қиёматда менга энг яқин турадиганингиз - гўзал хулқлиларингиздир. Орангизда энг ёмон кўрганим, қиёмат кунида мендан энг узоқ бўладиганлар - вайсақи, мақтанчоқ ва такаббур (инсон)лардир”. (Ат-Термизий ривояти)
Раҳм-шафқат, тавозелик, ўзаро иззат-ҳурматда бўлиш бошқа ахлоқий сифатлар каби кишида тарбия орқали юзага келадиган фазилатлардир. Тарбия муаммоси эса ўз-ўзидан оила муҳитига, унда ўрнатилган муомала- муносабат масалаларига бориб боғланади. Ота-она ва фарзандлар, оила ва бошқа қариндош-уруғлар, оила ва қўни-қўшни, маҳалла-кўй ўртасидаги муносабатлар ёш авлод кўз ўнггида содир бўларкан, бу нарса уларнинг ахлоқий шаклланишига бевосита таъсир кўрсатади. Шундай экан, бош тарбиячи бўлмиш ота-оналар биринчи навбатда оилада ўзаро аҳиллик ва тотувликка, силаи раҳмга асосланган мўътадил муҳит яратишга интилмоқлари зарур. Чунки, оила ҳаёт сарчашмасидир. Оила муҳити жамият муҳитини белгилайди. Оила муаммоларини бартараф этиш, унинг иқтисодий, маънавий асосларини мустаҳкамлаш, бу хонадондаги ўзаро тотувлик, ишонч, меҳр-оқибат, раҳм-шафқатни кучайтиради.

* * *

 

Tavozu’li va rahm-shafqatli bo‘lish — mo‘minlikning muhim sharti

 

Toshkent viloyati bosh imom-xatibi Qurbonboy Tursunov bilan suhbat


Qurbonboy Tursunov 1963 yili Samarqand viloyati Urgut tumanida tug‘ilgan. Buxorodagi Mirarab madrasasini (1979-1985) va Imom al-Buxoriy nomidagi Toshkent Islom institutini (1985-1989) tamomlagan. Pastdarg‘om tumani Eski Juma masjidida imom-xatib (1989-1993), Samarqand tumani Xo‘ja Ahrori Valiy madrasasi mudiri (1989-1993), Buxorodagi Mirarab madrasasi mudiri (1993-2000), O‘zbekiston musulmonlari idorasi Taftish bo‘limi mudiri (2000-2004) lavozimlarida ishlagan. 2004 yildan O‘zbekiston musulmonlari idorasining Toshkent viloyati bo‘yicha vakili hamda Zangiota jome’-masjidi imom-xatibi. «Xadicha binti Huvaylid» kitobini tarjima qilgan, «Oila tayanchi – mehr muhabbat» risolasi muallifi.

Bismillahir rohmanir rohim.    


— Iymonning muhim sho‘‘balaridan biri bo‘lgan tavozu’ning ma’nosi nima?
— “Rahmonning (suyukli) bandalarn yerda tavozu’ bilan yuradigan, johil kimsalar (bema’ni) xitob qilgan vaqtlarida ham “Salomat bo‘linglar”, deb javob qiladigan kimsalardir” (Furqon, 63)
Tavozu’ (o‘zini past tutish, kamtarlik, xokisorlik) mo‘minlikning bosh fazilatlaridan hisoblanadi. “Kim tavozu’ qilsa, Alloh uning darajasini ko‘taradi, kim takabburlik qilsa, Alloh uni xor etadi”, deya marhamat qilinadi hadisi sharifda. Qur’oni karimning “Oli Imron” surasi, 159-oyatni yodga olaylik: “Alloh bergan rahmat tufayli ularga muloyimlik qildingiz. Agar qo‘pol, qalbi qattiq bo‘lganingizda edi, ular atrofingizdan tarqalib ketar edilar”. Darhaqiqat, Rasuli akram (s.a.v) tabiatidagi yuksak axloqiy fazilatlar, birinchi galda tavozeli hamda rahm-shafqatli bo‘lganliklari Islomning qisqa fursatda erishgan yutuqlarida qanday ahamiyat kasb etganligini yaxshi bilamiz. Zero, bu borada Hazrat Payg‘ambarimiz (s.a.v) ning o‘zlari shunday marhamat qiladilar:  “Kimgaki, muloyimlikdan nasiba berilgan bo‘lsa, unga barcha yaxshilikdan nasiba ato qilingan bo‘ladi va kim undan mahrum qilingan bo‘lsa, barcha yaxshilikdan ham mahrum bo‘lgan bo‘ladi. Qiyomat kuni mo‘min bandaning tarozisini og‘ir qiladigan narsa yaxshi axloqdir”. (Imom Buxoriy rivoyati)

— Payg‘ambar alayhissalom, sahobai kiromlar va ulardan keyingi ilm ahllari tavozu’ning buyuk namunasi bo‘lganlar. Ular hayotidan hikoyalar barchamiz uchun ibratdir.
— Rivoyat qilishlaricha, Shomga ketayotgan Hazrati Umar (r.a) xizmatkori bilan bitta tuyani navbatlashib minib borardilar. Umar (r.a) tuyaga minsalar, xizmatkori uning jilovidan yetaklardi. Bir farsax yurgach ular o‘rin almashishar, ya’ni xizmatkor qul tuya minar, Hazrat Umar (r.a) tuyaning jilovidan yetaklab borardi. Shu asnoda ularning suvdan o‘tishlariga to‘g‘ri keladi. Umar (r.a) kovushlarini yechib, qo‘ltiqlariga qistirgancha suvdan kechib o‘tayotganida Shom amiri ro‘paradan kelib qoladi, va hovliqqancha: “Ey, Amiral mo‘minin, Shomning ulug‘lari oldingizga peshvoz chiqmoqda. Ular sizni bu holatda ko‘rishmasin”, deydi. Shunda Hazrati Umar (r.a) xokisorlarcha jilmayib, “Alloh bizlarni Islom bilan aziz qildi. Shunday ekan, men odamlarning gaplariga parvo qilmayman”, debdilar-da, yo‘llarida davom etibdilar.
Tavozu’ning eng yorqin namunasi bo‘lgan bunday voqealar o‘tmishdagi buyuklarimiz hayotidan ko‘plab rivoyat qilinadiki, chunonchi Imom Buxoriy, Imom Moturidiy, az-Zamaxshariy... qo‘yingki, biz bugun faxru iftixor bilan tilga oladigan buyuk ajdodlarimiz barchasi tavozu’ni, kamtarlik va xokisorlikni o‘z hayotlarida pesha tutgan va aynan shuning sharofati ila Alloh aziz qilgan insonlar hisoblanishadi.

— Tavozu’ning o‘zini past tutish, kamtarlik, xokisorlikdan boshqa yana qanday ma’nolari bor?
— Tavozeli bo‘lish shirinsuxan, yumshoqfe’lli, og‘ir-bosiq bo‘lish hamdir. Bunday kishilar suhbati ohanrabodek odamlarni o‘ziga tortadi. Ko‘ngillariga yo‘l topib, ularda yaxshilikka, ezgulikka rag‘bat uyg‘otadi.
Xalqimizda “Yaxshi gap bilan ilon inidan chiqadi, yomon gap bilan pichoq qinidan”, degan purma’no ibora bor. Yaxshi so‘z dushmanni do‘stga aylantirishi, bemorning dardiga davo bo‘lishi, adashganni to‘g‘ri yo‘lga solishi mumkin. Az-Zamaxshariy hazratlari yaxshi so‘z, pand nasihatni sadaqadan, qo‘ldan berilgan moddiy yordamdan ham ustun qo‘yadi. Ammo o‘ylanmay aytilgan birgina kalom odamlar orasiga rahna solishi, noxush oqibatlarga sabab bo‘lishi mumkin. “Boshimizga tushadirgan qattiq kulfatlarning ko‘pi yumshoq tilimizdan keladi”, deydi Abdulla Avloniy. Darhaqiqat, tilning suyagi yo‘q, unga erk bersang nimalar demaydi.
Donishmandlardan biri “So‘zlashda taqvo etish luqma va taomdagi taqvodan ortiqdir”, degan ekan. So‘zi taqvoli odam birovni behuda ranjitmaydi. Huda-behuda “dono”lik qilib, odamlarni chalg‘itmaydi.

— Xushtavozelikning belgilaridan biri bo‘lgan sukut har doim ham insonga manfaat yetkazadimi?
— Ahli donishlar sukutning fazilatiga alohida e’tibor berishgan. Aytish mumkinki, o‘rnida qilingan sukut ham xushtavozelikning bir ko‘rinishidir. Hatto bu haqda Rasuli akram (s.a.v) dan bir qator hadislar ham rivoyat qilingan. Masalan, hadislarning birida: “Sukut saqlamoqni o‘zingga odat qilgil. Chunki sukut saqlashlik shaytonni haydaydi va diningni saqlashingga yordam beradi” deyilsa, boshqa birida: “Kimki Allohga va oxirat kuniga imon keltirgan bo‘lsa, faqat yaxshi narsalarni gapirsin yoki jim tursin”, deya marhamat qilinadi. “Nodonning javobi - sukut” degan maqol bor. Og‘ziga kelganini qaytarmaydigan, bo‘lar-bo‘lmasga bahslashaveradigan kaltafahm chalamulla kishilar bilan bahslashishdan ko‘ra sukut saqlash foydaliroq ekanligi uqdirilmoqda. Chunki, nodon bilan tortishib obro‘ topmaydi kishi. Ammo, shunday holatlar bo‘ladiki, sukut saqlash noo‘rindir. Aytaylik, johil bir kimsa birovni nohaqdan g‘iybat qilyapti, yoki millat, jamiyat, yurt sha’niga nomunosib gap-so‘zlar, ig‘volar tarqatyapti - sukut saqlash mumkinmas. O‘z vaqtida uning javobini berish, adolat himoyasida turish lozim bo‘ladi.

— Rahm-shafqatli bo‘lish, g‘azab va ginani tark etish mo‘minlikning buyuk sifatlaridan biridir. Dinimizda bu haqda nima deyilgan?
— Bani basharning, ya’ni odam bolalarining yaralish ildizi bitta. U uchta irqning, yuzlab millatlar va o‘nlab dinlarning qay biriga mansub bo‘lmasin, baribir ularning asli-nasli, kelib chiqishi Odam Ato, Momo Havvoga borib bog‘lanadi. Ularni zamin uzra tarqalib, irqu millat, dinu mazhablarga bo‘linib ketishi esa, Yaratganning buyuk hikmati, o‘ziga yarasha sinovidir. Parvardigor asl ildizi bir, bir ota-onadan taralgan bashar farzandlarini o‘zaro ahillikda yashashini istaydi. Qaerdaki bu istagi amalga oshsa, ya’ni ahillik, bag‘rikenglik, rahm- shafqat ustivor bo‘lsa, o‘sha yerga qut-barakani bisyor qilib beradi. O‘zaro nifoq, adovat, ayirmachilik avj olgan hududlarda esa ketma-ket noxushliklar, tabiiy ofatlar ro‘y berishi, obod maskanlar xarobaga aylanishi, hatto ro‘yi zamindan yo‘q bo‘lib ketishi - bu ko‘pmingyillik insoniyat tarixida isbotlangan achchiq haqiqatdir.
“...(Ular) g‘azablarini yutadiganlar, odamlarni (xato va kamchiliklarini) afv etadigailardir. Alloh ezgulik kiluvchilarii sevadi”, - deya marhamat qilinadi Qur’oni karimning Oli Imron surasi (134-oyati)da. G‘azablarini yutadiganlar, bular tavozeni va xokisorlikni odat qilgan, o‘z tabiatiga singdira olgan kishilardir. Demak, tavozeli bo‘lish, ya’ni xokisor, kamtar bo‘lish kishida rahm-shafqat hissini uyg‘otadi. “G‘azabli kishilar esa har kancha aql va idrok sohibi bo‘lmasii, - deydi Abdulla Avloniy o‘zining “Turkiy guliston yoxud axloq” asarida, - g‘azab qoii qo‘zg‘algan zamonida o‘zini to‘xtatolmas, aql va idrokidan ayrilib, bir yomon ishni qilib qo‘yar-da, so‘nggida pushaymon bo‘lur, chunonchi Suqroti hakim aytganidek: “G‘azabning avvali junun, oxiri nadomatdir”.
“Kichiklarimizga rahm-shafqatda, kattalarimizga hurmat-izzatda bo‘lmagan kishi bizdan emasdir”, deya marhamat qilinadi hadisi sharifda. Boshqa bir hadisi sharifda esa, “Orangizdan eng yaxshi ko‘rganim, qiyomatda menga eng yaqin turadiganingiz - go‘zal xulqlilaringizdir. Orangizda eng yomon ko‘rganim, qiyomat kunida mendan eng uzoq bo‘ladiganlar - vaysaqi, maqtanchoq va takabbur (inson)lardir”. (At-Termiziy rivoyati)
Rahm-shafqat, tavozelik, o‘zaro izzat-hurmatda bo‘lish boshqa axloqiy sifatlar kabi kishida tarbiya orqali yuzaga keladigan fazilatlardir. Tarbiya muammosi esa o‘z-o‘zidan oila muhitiga, unda o‘rnatilgan muomala- munosabat masalalariga borib bog‘lanadi. Ota-ona va farzandlar, oila va boshqa qarindosh-urug‘lar, oila va qo‘ni-qo‘shni, mahalla-ko‘y o‘rtasidagi munosabatlar yosh avlod ko‘z o‘nggida sodir bo‘larkan, bu narsa ularning axloqiy shakllanishiga bevosita ta’sir ko‘rsatadi. Shunday ekan, bosh tarbiyachi bo‘lmish ota-onalar birinchi navbatda oilada o‘zaro ahillik va totuvlikka, silai rahmga asoslangan mo‘‘tadil muhit yaratishga intilmoqlari zarur. Chunki, oila hayot sarchashmasidir. Oila muhiti jamiyat muhitini belgilaydi. Oila muammolarini bartaraf etish, uning iqtisodiy, ma’naviy asoslarini mustahkamlash, bu xonadondagi o‘zaro totuvlik, ishonch, mehr-oqibat, rahm-shafqatni kuchaytiradi.