Қазои қадарга ишониш ва Аллоҳга таваккул

Рукн: Суҳбатлар Чоп этилган: 22.07.2013
Тошкент шаҳридаги “Имом Бухорий” жоме масжиди имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов билан суҳбат

Зайниддин Эшонқулов 1976 йили Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган. Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтутини (1994-1998) ва Самарқанд давлат университетини (2001-2005) тамомлаган. Миср араб Республикасининг Ал-Азҳар университетида ҳамда Халқаро исломий тадқиқотлар марказида малака оширган. «Пайғамбар атрофидаги кишилар» китобини таржима қилган. 1998 йилдан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида меҳнат қилади. Ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идорасида масъул ходим, Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Имом Бухорий жомеъ масжиди имом-хатиби. 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

— Қори ака, суҳбатимиз аввалида иймоннинг шўъбаларидан бири бўлган қазои қадарга ишониш ҳақида маълумот берсангиз.
— Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратди. Уни эса ўзигагина ибодат қилишга буюрди. Аллоҳ таоло инсонни турли йўллар  билан синайди:

وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ

“Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!”
(Бақара сураси, 155-оят)
Юқоридаги ояти каримада инсон бошига турли мусибатлар, синов ва жудоликлар тушиши таъкидланмоқда. Аллоҳ таолонинг суюкли бандалари шундай ҳолатларда буларнинг барчаси Яратганнинг изни билан содир бўлаётгани, бу қазои қадар экани, яхшилик ҳам ёмонлик ҳам Унинг хоҳиши экани, қазои қадарга имон келтириш кераклигини биладилар.
Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом бомдод намозидан сўнг саҳобалардан сўрадилар:
— Қандай тонг оттирдинглар?
— Биз мўминлар каби тонг оттирдик, — дейишди улар.
— Бунинг аломати недир? — дедилар Расули акрам с.а.в.
— Биз Аллоҳни роббимиз, Исломни динимиз, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни набийимиз ва расулимиз деб билдик. Шу кундаги ҳар бир яхшилик ва ёмонликни Аллоҳдан деб билиб, шукр ва сабр қиламиз.
Ҳар бир мўмин-мусулмоннинг куни мана шундай бошланса, иншаллоҳ унинг иймонига путур етмайди.  

— Одамлар орасида бузуқ эътиқод юради. Яъни, Аллоҳ таоло инсоннинг қадарини битиб қўяди-да, сўнг у гуноҳ қилгани учун жазолар эмиш. Қазо ва қадар истилоҳларини қандай тушунишимиз лозим?
— Аллоҳ таоло азалда ўз илми ва иродаси билан ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб яратган. Яратганнинг илми, муқаддас сифатлари чексиз. Уни инсон тасаввур ҳам этолмайди. Уламоларимиз қазони Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларни келажакда қандай бўлишини азалдан билиши, қадар ўша нарсаларни Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келиши деб таърифлайдилар. Эътиқодимизга кўра, балоғатга етган ҳар бир  мусулмонга Аллоҳ таолонинг бандаларининг ҳамма ишини, маҳлуқотларга боғлиқ нарсаларни аввалдан билишига иймон келтириши вожиб бўлади.
Аллоҳ таоло бизга яхши ва ёмон амалларни таълим бераркан, бандага уларни ажратиб олиш учун ақл неъматини ҳам берган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалоту ва салламдан сўрашди:
— Ё Расулуллоҳ, биз Аллоҳнинг қадари билан касал бўлдик. Шунга кўникиб юраверишимиз керакми ёки дори билан даволанишимиз лозимми? Бу қадаримизга қарши чиқиш эмасми?
Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
— Дори билан даволанишингиз ҳам тақдирингиздан, — деб марҳамат қилганлар.
Қазои қадарни баҳона қилиб масъулиятдан қочиш мумкин эмас. Бир ўғри ҳазрати Умарга «қазои қадар шу экан, ўғрилик қилибман, нега энди қўлимни кесасиз» деганида, у киши «Сенинг ўғрилик қилганинг қазои қадар бўлса, менинг бу жиноятинг учун қўлингни кесишим ҳам қазои қадардир» деганлар. Кейин ҳазрати Умар мулозимларга «Аввал уни ўттиз дарра уриб, сўнгра жазосини беринг» дейдилар. «Нима учун?» дейишганда ҳазрати Умар шундай деган эканлар: «Аллоҳ таолога нисбатан ёлғон нисбат бергани учун дарра урилади ва ўғрилик қилгани учун қўли кесилади».
Тақдирот масаласида чуқур кетишликка рухсат берилмаган, чунки инсоннинг ақли чегараланган. Бу масалада ғулуввга берилиш инсоннинг адашувига олиб келади.

— Дуо билан қазои қадарни ўзгартириш мумкинми?
— Аслида, банда бошига келган мусибат ҳам қазои-қадар, дуо билан Аллоҳнинг нажот бериши ҳам қазои-қадардир. Уламоларимиз таъкидлаганларидек, «очлик қазои-қадари овқат ейиш қазои-қадари билан қайтарилади, беморлик қадари шифоланиш қадари билан қайтарилади». Демак мусибат қадари Аллоҳдан нажот сўраб дуо қилиш билан қайтариляпти. Бекорга Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бандаларини дуо қилишга ундамаган. Дуо таъсирга эга бўлмаганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилмас эдилар ва бизга дуони таълим бермас эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Дуо тақдирни ўзгартиради» деган ҳадис ҳам келган.
Узоқ йиллар фарзанд кўрмаган бир солиҳ оила Мусо алайҳиссаломдан Аллоҳга дуо қилишларини илтимос қилади. Аллоҳ таоло уларга ўғил ато этади. Лекин Мусо алайҳиссаломга бу фарзанднинг никоҳ кечаси жон таслим этиши аён бўлади ва буни унинг ота-онасига маълум қиладилар. Ўғил вояга етиб, уйланиш ёшидан ўтса ҳамки ота-онаси ҳалиги сир хавотирида уни уйлаш тараддудида бўлмайдилар. Қариндош-уруғлар, атрофдаги кишиларнинг гап-сўзларидан сўнг фарзандни уйлантиришга қарор қилишади. Тўй тараддудлари билан шошиб кетаётган бўлғуси куёв кўчада ўтин кўтариб кетаётган кекса онахонни учратади. Гарчи шошаётган бўлса-да, онахоннинг юкларини кўтариб, аста-секин қадам ташлаб бораётган қариянинг ортидан унинг манзилига юкни элтади. Шунда онахон дуо қилади: «Умринг узоқ бўлсин. Аллоҳ сени ҳар хил бало-қазолардан асрасин!» Тўй кечаси ота-она ухлолмай чиқади. Эртаси куни не кўз билан кўришсинки, фарзандлари омон, хуш кайфиятда юрибди… Бу воқеани Мусо алайҳиссаломга хабар қилишганда: «Бу йигитнинг одоби, тавозуси ҳамда қари онахоннинг дуоси тақдирни ўзгартирибди» деган эканлар.

— Қазои қадарга ишонишнинг қандай фойдалари ва ҳикматлари мавжуд?
— Биринчидан, инсонга келган яхшиликлар ва мусибатлар Аллоҳдан эканлигига ишонган киши  Расулуллоҳнинг гўзал суннатларига амал қилган бўлади.
Иккинчидан, қазои қадарга ишонишлик инсонга чиройли сабр қилишни ўргатади.
Учинчидан, инсон бошига тушган кулфатлардан банда эсанкираб қолмайди, унинг асаблари мустаҳкам бўлади. Ғарб олимларининг ҳисоб-китобларига кўра, диндорлар орасида юрак, қон-томир касалликлари бошқаларга нисбатан 60 фоизга кам бўларкан.
Тўртинчидан, банда саъй-ҳаракат қилган ҳолда Аллоҳдан умидвор бўлишни ҳам ўрганади.

— Аллоҳга таваккул қилиш ҳам иймоннинг муҳим қисмларидан биридир. Аллоҳга қандай таваккул қилинади. Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодимизга кўра таваккул нима?
— Уламоларимиз «таваккул — дунё ва охират ишларида фойдани кўзлаб ҳаракат қилиш ва зарарни кетказишда Аллоҳ таолодан сидқидилдан умид қилишидир», дейдилар.
Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодимиз бўйича таваккул қалбга ва касб аъзоларга боғлиқдир. Ҳаракат ва саъй қилмасдан таваккул ҳосил бўлмайди.
Ибн Аббосдан (разияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Пайғамбар (алайҳиссалом) айтдилар: “Кимни одамларнинг кучлиси бўлиш хурсанд қилса, Аллоҳга таваккул қилсин. Кимни одамлар ичида тақводор бўлиш хурсанд қилса, Аллоҳдан тақво қилсин. Кимни одамларнинг бойроғи бўлиш хурсанд қилса, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага бўлган ишончи қўлидаги нарсага бўлган ишончидан кучлироқ бўлсин”.
Довуддан (а.с.) зикр қилинади. У киши ўғиллари Сулаймонга (а.с.) айтдилар: “Эй ўғлим, кишининг тақводорлигига уч нарса далолат қилади: етишмаган нарсасида Аллоҳга чиройли таваккул қилиш, етишмаган нарсасига чиройли рози бўлиш ва кетган нарсасига чиройли сабр қилиш”.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий Солим ибн Жоъддан ривоят қилади: Исо ибн Марям айтдилар: “Эртанги кунни ўйлаб, таомни яширманглар. Чунки эртанги кун ризқи билан келади. Чумолига ким ризқ бераётганини қаранглар, агар чумолининг қорни кичкина десангизлар, қушларга қаранглар, қушларнинг қоринларига эътироз билдирсанглар, ҳайвонларнинг катталиги ва семизлигига қаранглар”.
Ушбу ривоятда Аллоҳ таоло берган ризқига қаноат қилишлик, эртанги кунга таваккул қилишлик, оч қолиб кетаман, деб ташвиш чекмасдан доимо  ҳаракатда бўлиб, Аллоҳдан дуо қилиб, сўрашликка буюрилмоқда.
Бир ҳакимдан: “Яқийн (аниқ ишонч) билан таваккулнинг орасида қандай фарқ бор?”  деб сўрашди. “Яқийн охират ишларида таваккул дунё ишларида Аллоҳни тасдиқ этмоғингдир”, деб жавоб қилди у.
Айтишларича, таваккул икки хилдир: ризқдаги таваккул, яъни ризқнинг келишидан хотиржам бўлиш; амалнинг савобидан таваккул, яъни, Аллоҳнинг савоб бериш тўғрисидаги ваъдасига имон келтириш ва амалнинг қабул бўлиш-бўлмаслигидан қўрқиш.

— Баъзилар таваккулни чора ва восита изламасдан, сабаб қидирмай Аллоҳ таолога ишониб топшириш деб тушунадилар. Уларнинг эътиқодича, ишларда ҳеч қандай сабабларсиз Аллоҳга таваккул қилиш керак эмиш. Уларга аввал ўзинг бир ҳаракат қил, чора изла, шундан сўнг Аллоҳга таваккул қил, десангиз, сизни қазои-қадарни рад этишда, иймонсизликда айблашади.
— Халқимизда таваккул (таваккал) истилоҳини кўпинча тахминий, бўлса бўлди, бўлмаса йўқ, мубоҳ амал деб нотўғри тушуниб қолинган. Аслида «Сендан ҳаракат – Худодан баракат» мақоли таваккул маъносига яқинроқ.
Таваккулни деҳқон мисолида яхши тушунишимиз мумкин. У ерни тайёрлайди, уруғни экади, парваришлайди, ўғитлайди, меҳнат қилади. Ҳосилни эса Аллоҳга таваккул қилиб, яхши умид қилади.  
Абдураҳмон ибн Абу Лайло айтади: Бир киши Пайғамбарнинг (с.а.в.) олдиларига келиб: “Эй Аллоҳнинг элчиси, туямни қўйиб юбориб таваккул қилайинми ёки боғлаб қўйибми?” деб сўради. Набий (с.а.в.): “Уни боғлаб, кейин Аллоҳга таваккул қил”,  дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифда таваккул қилиш билан бирга сабаб бўладиган ишларни қилиш лозимлиги таъкидланмоқда. Таваккул — қалб иши, у банданинг қалби, нияти ва эътиқодига боғлиқдир. Ишнинг амалга ошиши Аллоҳ таоло томонидан амалимизга боғлаб қўйилган.
Муовия ибн Қурра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар ибн Хаттоб аҳли Ямандан бир гуруҳ одамларга йўлиқиб қолиб:
— Сизлар кимсизлар? – деб сўради.
— Таваккул қилувчилармиз.
— Йўқ! Сизлар текинхўрларсиз. Таваккул қилувчи олдин донни ерга сепиб қўйиб, кейин Аллоҳга таваккал қилади», – дедилар».
Ривоятларда келишича, яманликлар: «Аллоҳнинг уйини ҳаж қилсаг-у, У бизни оч қўярмиди», дейишар экан. Ваҳоланки, Маккаи мукаррамага келгандан сўнг тиламчилик қилишга тушишаркан.
Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри таваккул қиладиганлардан қилиб, қилаётган савобли амалларимизни Ўзи даргоҳида қабул қилсин.

Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.

 

* * *
 
Toshkent shahridagi “Imom Buxoriy” jome masjidi imom-xatibi Zayniddin Eshonqulov bilan suhbat

Zayniddin Eshonqulov 1976 yili Samarqand viloyatining Urgut tumanida tug‘ilgan. Imom al-Buxoriy nomidagi Toshkent Islom institututini (1994-1998) va Samarqand davlat universitetini (2001-2005) tamomlagan. Misr arab Respublikasining Al-Azhar universitetida hamda Xalqaro islomiy tadqiqotlar markazida malaka oshirgan. «Payg‘ambar atrofidagi kishilar» kitobini tarjima qilgan. 1998 yildan O‘zbekiston musulmonlari idorasi tizimida mehnat qiladi. Hozirda O‘zbekiston musulmonlari idorasida mas’ul xodim, Toshkent shahri Olmazor tumanidagi Imom Buxoriy jome’ masjidi imom-xatibi. 

Bismillahir rohmanir rohim.

— Qori aka, suhbatimiz avvalida iymonning sho‘‘balaridan biri bo‘lgan qazoi qadarga ishonish haqida ma’lumot bersangiz.
— Alloh taolo insonni azizu mukarram qilib yaratdi. Uni esa o‘zigagina ibodat qilishga buyurdi. Alloh taolo insonni turli yo‘llar  bilan sinaydi:

وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ

“Sizlarni biroz xavf-xatar, ochlik (azobi) bilan, molu jon va mevalar (hosili)ni kamaytirish yo‘li bilan sinagaymiz. (Shunday holatlarda) sabr qiluvchilarga xushxabar bering (ey, Muhammad)!”
(Baqara surasi, 155-oyat)
Yuqoridagi oyati karimada inson boshiga turli musibatlar, sinov va judoliklar tushishi ta’kidlanmoqda. Alloh taoloning suyukli bandalari shunday holatlarda bularning barchasi Yaratganning izni bilan sodir bo‘layotgani, bu qazoi qadar ekani, yaxshilik ham yomonlik ham Uning xohishi ekani, qazoi qadarga imon keltirish kerakligini biladilar.
Bir kuni Payg‘ambar alayhissalom bomdod namozidan so‘ng sahobalardan so‘radilar:
— Qanday tong ottirdinglar?
— Biz mo‘minlar kabi tong ottirdik, — deyishdi ular.
— Buning alomati nedir? — dedilar Rasuli akram s.a.v.
— Biz Allohni robbimiz, Islomni dinimiz, Muhammad sollallohu alayhi vasallamni nabiyimiz va rasulimiz deb bildik. Shu kundagi har bir yaxshilik va yomonlikni Allohdan deb bilib, shukr va sabr qilamiz.
Har bir mo‘min-musulmonning kuni mana shunday boshlansa, inshalloh uning iymoniga putur yetmaydi.  

— Odamlar orasida buzuq e’tiqod yuradi. Ya’ni, Alloh taolo insonning qadarini bitib qo‘yadi-da, so‘ng u gunoh qilgani uchun jazolar emish. Qazo va qadar istilohlarini qanday tushunishimiz lozim?
— Alloh taolo azalda o‘z ilmi va irodasi bilan har bir narsani o‘lchovli qilib yaratgan. Yaratganning ilmi, muqaddas sifatlari cheksiz. Uni inson tasavvur ham etolmaydi. Ulamolarimiz qazoni Alloh taoloning hamma narsalarni kelajakda qanday bo‘lishini azaldan bilishi, qadar o‘sha narsalarni Allohning azaliy ilmiga muvofiq ravishda vujudga kelishi deb ta’riflaydilar. E’tiqodimizga ko‘ra, balog‘atga yetgan har bir  musulmonga Alloh taoloning bandalarining hamma ishini, mahluqotlarga bog‘liq narsalarni avvaldan bilishiga iymon keltirishi vojib bo‘ladi.
Alloh taolo bizga yaxshi va yomon amallarni ta’lim berarkan, bandaga ularni ajratib olish uchun aql ne’matini ham bergan.
Payg‘ambarimiz alayhissalotu va sallamdan so‘rashdi:
— Yo Rasululloh, biz Allohning qadari bilan kasal bo‘ldik. Shunga ko‘nikib yuraverishimiz kerakmi yoki dori bilan davolanishimiz lozimmi? Bu qadarimizga qarshi chiqish emasmi?
Shunda Rasuli akram sollallohu alayhi vasallam:
— Dori bilan davolanishingiz ham taqdiringizdan, — deb marhamat qilganlar.
Qazoi qadarni bahona qilib mas’uliyatdan qochish mumkin emas. Bir o‘g‘ri hazrati Umarga «qazoi qadar shu ekan, o‘g‘rilik qilibman, nega endi qo‘limni kesasiz» deganida, u kishi «Sening o‘g‘rilik qilganing qazoi qadar bo‘lsa, mening bu jinoyating uchun qo‘lingni kesishim ham qazoi qadardir» deganlar. Keyin hazrati Umar mulozimlarga «Avval uni o‘ttiz darra urib, so‘ngra jazosini bering» deydilar. «Nima uchun?» deyishganda hazrati Umar shunday degan ekanlar: «Alloh taologa nisbatan yolg‘on nisbat bergani uchun darra uriladi va o‘g‘rilik qilgani uchun qo‘li kesiladi».
Taqdirot masalasida chuqur ketishlikka ruxsat berilmagan, chunki insonning aqli chegaralangan. Bu masalada g‘uluvvga berilish insonning adashuviga olib keladi.

— Duo bilan qazoi qadarni o‘zgartirish mumkinmi?
— Aslida, banda boshiga kelgan musibat ham qazoi-qadar, duo bilan Allohning najot berishi ham qazoi-qadardir. Ulamolarimiz ta’kidlaganlaridek, «ochlik qazoi-qadari ovqat yeyish qazoi-qadari bilan qaytariladi, bemorlik qadari shifolanish qadari bilan qaytariladi». Demak musibat qadari Allohdan najot so‘rab duo qilish bilan qaytarilyapti. Bekorga Alloh taolo Qur’oni Karimda bandalarini duo qilishga undamagan. Duo ta’sirga ega bo‘lmaganida Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam duo qilmas edilar va bizga duoni ta’lim bermas edilar.
Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamdan «Duo taqdirni o‘zgartiradi» degan hadis ham kelgan.
Uzoq yillar farzand ko‘rmagan bir solih oila Muso alayhissalomdan Allohga duo qilishlarini iltimos qiladi. Alloh taolo ularga o‘g‘il ato etadi. Lekin Muso alayhissalomga bu farzandning nikoh kechasi jon taslim etishi ayon bo‘ladi va buni uning ota-onasiga ma’lum qiladilar. O‘g‘il voyaga yetib, uylanish yoshidan o‘tsa hamki ota-onasi haligi sir xavotirida uni uylash taraddudida bo‘lmaydilar. Qarindosh-urug‘lar, atrofdagi kishilarning gap-so‘zlaridan so‘ng farzandni uylantirishga qaror qilishadi. To‘y taraddudlari bilan shoshib ketayotgan bo‘lg‘usi kuyov ko‘chada o‘tin ko‘tarib ketayotgan keksa onaxonni uchratadi. Garchi shoshayotgan bo‘lsa-da, onaxonning yuklarini ko‘tarib, asta-sekin qadam tashlab borayotgan qariyaning ortidan uning manziliga yukni eltadi. Shunda onaxon duo qiladi: «Umring uzoq bo‘lsin. Alloh seni har xil balo-qazolardan asrasin!» To‘y kechasi ota-ona uxlolmay chiqadi. Ertasi kuni ne ko‘z bilan ko‘rishsinki, farzandlari omon, xush kayfiyatda yuribdi… Bu voqeani Muso alayhissalomga xabar qilishganda: «Bu yigitning odobi, tavozusi hamda qari onaxonning duosi taqdirni o‘zgartiribdi» degan ekanlar.

— Qazoi qadarga ishonishning qanday foydalari va hikmatlari mavjud?

— Birinchidan, insonga kelgan yaxshiliklar va musibatlar Allohdan ekanligiga ishongan kishi  Rasulullohning go‘zal sunnatlariga amal qilgan bo‘ladi.
Ikkinchidan, qazoi qadarga ishonishlik insonga chiroyli sabr qilishni o‘rgatadi.
Uchinchidan, inson boshiga tushgan kulfatlardan banda esankirab qolmaydi, uning asablari mustahkam bo‘ladi. G‘arb olimlarining hisob-kitoblariga ko‘ra, dindorlar orasida yurak, qon-tomir kasalliklari boshqalarga nisbatan 60 foizga kam bo‘larkan.
To‘rtinchidan, banda sa’y-harakat qilgan holda Allohdan umidvor bo‘lishni ham o‘rganadi.

— Allohga tavakkul qilish ham iymonning muhim qismlaridan biridir. Allohga qanday tavakkul qilinadi. Ahli sunna val-jamoa e’tiqodimizga ko‘ra tavakkul nima?
— Ulamolarimiz «tavakkul — dunyo va oxirat ishlarida foydani ko‘zlab harakat qilish va zararni ketkazishda Alloh taolodan sidqidildan umid qilishidir», deydilar.
Ahli sunna val-jamoa e’tiqodimiz bo‘yicha tavakkul qalbga va kasb a’zolarga bog‘liqdir. Harakat va sa’y qilmasdan tavakkul hosil bo‘lmaydi.
Ibn Abbosdan (raziyallohu anhu) rivoyat qilinadi. Payg‘ambar (alayhissalom) aytdilar: “Kimni odamlarning kuchlisi bo‘lish xursand qilsa, Allohga tavakkul qilsin. Kimni odamlar ichida taqvodor bo‘lish xursand qilsa, Allohdan taqvo qilsin. Kimni odamlarning boyrog‘i bo‘lish xursand qilsa, Allohning huzuridagi narsaga bo‘lgan ishonchi qo‘lidagi narsaga bo‘lgan ishonchidan kuchliroq bo‘lsin”.
Dovuddan (a.s.) zikr qilinadi. U kishi o‘g‘illari Sulaymonga (a.s.) aytdilar: “Ey o‘g‘lim, kishining taqvodorligiga uch narsa dalolat qiladi: yetishmagan narsasida Allohga chiroyli tavakkul qilish, yetishmagan narsasiga chiroyli rozi bo‘lish va ketgan narsasiga chiroyli sabr qilish”.
Faqih Abu Lays Samarqandiy Solim ibn Jo’ddan rivoyat qiladi: Iso ibn Maryam aytdilar: “Ertangi kunni o‘ylab, taomni yashirmanglar. Chunki ertangi kun rizqi bilan keladi. Chumoliga kim rizq berayotganini qaranglar, agar chumolining qorni kichkina desangizlar, qushlarga qaranglar, qushlarning qorinlariga e’tiroz bildirsanglar, hayvonlarning kattaligi va semizligiga qaranglar”.
Ushbu rivoyatda Alloh taolo bergan rizqiga qanoat qilishlik, ertangi kunga tavakkul qilishlik, och qolib ketaman, deb tashvish chekmasdan doimo  harakatda bo‘lib, Allohdan duo qilib, so‘rashlikka buyurilmoqda.
Bir hakimdan: “Yaqiyn (aniq ishonch) bilan tavakkulning orasida qanday farq bor?”  deb so‘rashdi. “Yaqiyn oxirat ishlarida tavakkul dunyo ishlarida Allohni tasdiq etmog‘ingdir”, deb javob qildi u.
Aytishlaricha, tavakkul ikki xildir: rizqdagi tavakkul, ya’ni rizqning kelishidan xotirjam bo‘lish; amalning savobidan tavakkul, ya’ni, Allohning savob berish to‘g‘risidagi va’dasiga imon keltirish va amalning qabul bo‘lish-bo‘lmasligidan qo‘rqish.

— Ba’zilar tavakkulni chora va vosita izlamasdan, sabab qidirmay Alloh taologa ishonib topshirish deb tushunadilar. Ularning e’tiqodicha, ishlarda hech qanday sabablarsiz Allohga tavakkul qilish kerak emish. Ularga avval o‘zing bir harakat qil, chora izla, shundan so‘ng Allohga tavakkul qil, desangiz, sizni qazoi-qadarni rad etishda, iymonsizlikda ayblashadi.
— Xalqimizda tavakkul (tavakkal) istilohini ko‘pincha taxminiy, bo‘lsa bo‘ldi, bo‘lmasa yo‘q, muboh amal deb noto‘g‘ri tushunib qolingan. Aslida «Sendan harakat – Xudodan barakat» maqoli tavakkul ma’nosiga yaqinroq.
Tavakkulni dehqon misolida yaxshi tushunishimiz mumkin. U yerni tayyorlaydi, urug‘ni ekadi, parvarishlaydi, o‘g‘itlaydi, mehnat qiladi. Hosilni esa Allohga tavakkul qilib, yaxshi umid qiladi.  
Abdurahmon ibn Abu Laylo aytadi: Bir kishi Payg‘ambarning (s.a.v.) oldilariga kelib: “Ey Allohning elchisi, tuyamni qo‘yib yuborib tavakkul qilayinmi yoki bog‘lab qo‘yibmi?” deb so‘radi. Nabiy (s.a.v.): “Uni bog‘lab, keyin Allohga tavakkul qil”,  dedilar.
Ushbu hadisi sharifda tavakkul qilish bilan birga sabab bo‘ladigan ishlarni qilish lozimligi ta’kidlanmoqda. Tavakkul — qalb ishi, u bandaning qalbi, niyati va e’tiqodiga bog‘liqdir. Ishning amalga oshishi Alloh taolo tomonidan amalimizga bog‘lab qo‘yilgan.
Muoviya ibn Qurra roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi:
«Umar ibn Xattob ahli Yamandan bir guruh odamlarga yo‘liqib qolib:
— Sizlar kimsizlar? – deb so‘radi.
— Tavakkul qiluvchilarmiz.
— Yo‘q! Sizlar tekinxo‘rlarsiz. Tavakkul qiluvchi oldin donni yerga sepib qo‘yib, keyin Allohga tavakkal qiladi», – dedilar».
Rivoyatlarda kelishicha, yamanliklar: «Allohning uyini haj qilsag-u, U bizni och qo‘yarmidi», deyishar ekan. Vaholanki, Makkai mukarramaga kelgandan so‘ng tilamchilik qilishga tushisharkan.
Alloh taolo barchalarimizni to‘g‘ri tavakkul qiladiganlardan qilib, qilayotgan savobli amallarimizni O‘zi dargohida qabul qilsin.

Davronbek Tojialiyev suhbatlashdi.