Шайх Абдулазиз Мансур: “Ўткинчи умрдан унумли, ижобий фойдаланиб олиш керак”

Рукн: Суҳбатлар Чоп этилган: 12.08.2016

— Ассалому алайкум Шайх ҳазратлари, инсонга берилган умр деганда нимани тушунасиз?

— Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим. Умр бу – Аллоҳ таолони ҳар бир бандасига ўлчаб берган бир муддатидир. Инсон дунёга келганидан кейин неча йил умр кўришини ўзи билмайди, бу ғайб илми бўлиб, уни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Аслида Аллоҳ бандага умрни нима учун берган? Аллоҳ таоло умрни бандага охират учун бир захира, зоду роҳила тайёрлаб олиш учун берди. Вақтинчалик синов муддатидан иборат бўлган бу дунё ўткинчидир, абадий, ҳақиқий дунё бу – охиратда бўлади. Охиратда энди ўлим йўқ. Қилган ишларимизга қараб Аллоҳ таоло охиратда ажру савоблар беради ёки жазо беради. Умр бу – бир яшаб ўтиб кетадиган ва кейин йўқ бўлиб қоладиган нарса эмас. Инсонни Аллоҳ яратибдими, энди бу мавжудот абадий, вафот этиши ҳам вақтинчалик, охиратда яна тирилади, абадий ҳаёт бошланади. Шунинг учун бу умрни ғанимат билиш керак. Мана шу берилган умрдан унумли, ижобий фойдаланиб олиш керак.

Умрнинг ҳар бир дақиқаси ғанимат. Умрни беҳуда ишлар, гаплар билан ёки ғафлат билан ўтказмаслик керак. Инсон шу дунёда ҳам бахтли бўлиши учун, охиратда ҳам саодатманд Аллоҳнинг бандалари қаторидан жой олиши учун берилган азиз умрнинг қадрини билиб, фақат фойдали нарсаларга, ўзига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фойдаси тегадиган эзгу ишларга сарф қилиши керак. 

 — Инсон қанча умр кечиргани билан эмас, балки қандай умр кечиргани билан қадрлидир. Шундай эмасми?

— Дарҳақиқат, буюк аждодларимизнинг асарларини ўрганиб чиқишга бир кишининг эмас, балки ўнлаб кишиларнинг ҳам умри етмайди. Афсуски, улар эллик ё олтмиш ёшнинг ўртасида яшаб ижод қилганлар. Табобатнинг пири, инсон саломатлигини сақлаш бўйича ёзган нодир манба “Тиб қонунлари” номли асарини ёзган, бир қатор фалсафий асарларни бизга мерос қилиб қолдирган Абу Али ибн Сино ҳам озгина яшаган умрида бир қатор улуғ ишларни қилди. Аждодларимиз берилган умрдан жуда ҳам унумли фойдалана олишган. Улар умрининг бирор дақиқасини беҳуда, бекорга ўтказмаганлар. Имом Бухорий ҳазратлари тўғрисида бундай ривоят келади. Ҳар кеча Имом Бухорий кечалари билан шамнинг ёруғлигида илм олишларини қўшниларидан бири кузатиб турар экан. Шам исроф бўлмаслиги учун тафаккур қилиб ўйлаётган вақтларида шамни ўчириб қўйиб, илҳом келганда яна шамни ёқиб керакли бўлган нарсаларни қоғозга кўчирар эканлар. Қўшнилари гувоҳлик бериб айтадики, мен бир кечада Имом Бухорийни етмиш беш марта шамни ёқиб ўчирганларини санаб турдим. Қарангки, бизнинг аждодларимиз ҳатто кечаларини ҳам беҳудага сарфламаганлар. Биз бу каби буюк аждодларимиздан намуна олиб яшашимиз керак.

 — Устоз, шогирд ва мухлисларингизга вақтнинг қадрига етиш борасида фикр-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

— Албатта, инсон умри ўтиб, ёши улуғ бўлиб боргани сари жуда кўп ҳаётий тажрибаларга эга бўлиб боради. Шахсан мен ўзимнинг ҳаётимни қисқача таҳлил этадиган бўлсам, ўтган умримни ҳисоб-китоб қилиб, ўзимга-ўзим кўп ҳисобот бераман. Қани қандай ишларни амалга оширдим, умримнинг кўп қисми исроф бўлмадимикин, деган саволларни бераман. Афсуски, Аллоҳ таолонинг менга берган умрининг ҳар бир дақиқасини беҳуда ўтказмадим деб айта олмайман. Чунки бу жуда ҳам мушкул иш. Оиланинг ўзига яраша ташвиши бўлади, инсон фақатгина ижод билан машғул бўла олмайди, инсон оила қуради, фарзандларни тарбия қилади, уларнинг таъминоти эркак кишининг елкасига юклатилган вазифалардан.

Шунингдек, ҳаётда инсоннинг синовли кунлари бўлади, турли хил ноқулайликлар, шарт-шароитларнинг бўлмаслиги туфайли ҳам инсон кўплаб вақти, умрини беҳудага ўтказиб юбориши мумкин. Биргина мисол, истиқлолдан олдинги йилларда бугунгидек илмий-ижодий ишлар учун имкониятлар йўқ эди. Хусусан, диний асарлар ёзишга рухсат йўқ эди. Афсуски, бу йиллар муҳим бўлмаган баъзи ишлар билан ҳам машғул бўлишга тўғри келган. Бугун истиқлол шарофати билан бизларга жуда катта имкониятлар туғилди. Айниқса, илм йўлида юришни мақсад қилган кишиларга кўплаб шароитлар яратилди. Энди мана шу шароит ҳамда имкониятларни ҳам қўлдан бой бериш мутлақо тўғри бўлмайди.

 — Шайх ҳазратлари, баъзи инсонларни “вақт тез ўтмоқда”, деб шикоят қилаётганларининг гувоҳи бўламиз. Аслида инсон ўз умрини баракали яшаб ўтиши учун қандай яшаши лозим.

— Вақт тез ўтяпти, деб айтиш мажозий гапдир. Зеро, вақт ҳеч қачон тезлашмайди ҳам, секинлашмайди ҳам. Фақат инсон зерикарли ҳаёт кечираётган бўлса, вақт секин ўтаётганга ўхшаб кўринади. Доимо фойдали ишлар билан банд бўлган инсон учун эса вақт тез ўтади. Бу ҳақда бир ривоят келади. Қадимда бир бой бўлиб, қўл остида бир қанча усталарни ишлатар экан. Хаёлида бир зумда кеч кириб қолиб, ишчиларни озгина ишига ҳам кўп ҳақ тўлаётгандек бўлибди. Шунда маслаҳат сўраб бир доно дўстининг ҳузурига бориб: “Дарров кеч кириб қоляпти, ҳар куни мардикорларга мен ҳақ тўлаяпман, наздимда пулларим бекорга кетаётганга ўхшайди, вақтни узайтиришнинг йўли борми?” деди. Дўсти бойга қараб: “Албатта бор, вақтни чўзса бўлади, кечгача сен усталарни роса ишлатиб оласан, ҳатто, қачон кеч киради, деб ўзинг мунтазир бўласан”, деди. “Айнан шу нарса менга керак эди, дўстим, уни менга ўргат”, деди бой ўз дўстига қараб. Дўсти унинг учун катта бир чархпалак ясаб, усталар ишлаганда сен секин уни айлантирсанг вақт узаяди, деди. Бахил бой бунга рози бўлиб, чархпалак ясаттиради, чархпалак тайёр бўлгач, уни айлантиришга киришади. Буни қарангки, бир ё ярим соат ўтгандан сўнг толиққан бой “Э, қачон кеч кирар экан”, дебди.

Чиндан ҳам, кўпчилик вақтни тез ўтаётганини таъкидламоқдалар, бунинг боиси бугун одамларни бирор иш билан банд эканликларидир. Уларнинг аксарияти турли хил чалғитувчи нарсалар билан банд бўлиб қолганлар. Олдинлари ҳаёт жуда содда бўлган, одамларни чалғитадиган, уларнинг вақтларини бекорга кетказадиган нарсалар кам бўлган. Ҳозирги кунда биргина қўл телефони бор одам бир ўзи эрталабдан то кечгача зерикмасдан кунни ўтказиши мумкин бўлиб қолди. Шундай экан, биз бундан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, вақтимиздан унумли фойдаланишимиз керак.

— Афсуски, бугунги кунда баъзи ёшлар телефон ва шу каби ахборот воситаларига боғланиб қолиб, муккасидан кетган ҳолда умрларини зое қилаётганларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Айтинг-чи устоз, бу каби муаммонинг ечими нималардан иборат ва уларга нисбатан сизнинг муносабатингиз?

— Албатта, бу барчамиз учун ташвишли ҳолатдир. Ёшлар масаласи, уларнинг муаммоси ҳамиша долзарб ҳисобланади. Шунинг учун бунга бефарқ қараш тўғри келмайди. Таъкидлаб ўтиш лозимки, ОАВнинг бугунги кунда ривожланиб бориши бир томондан қувончли ҳолат. Авваллари йиллар давомида етиб келадиган хабарлардан эндиликда бир зумда хабардор бўлиш имкониятига эга бўлдик. Лекин интернет, ундаги ижтимоий тармоқларнинг сони ниҳоятда ортиб кетди. Афсуски, улар орасида салбий мазмундагилари кўп қисмни ташкил этади. Хўп, бу муаммони ечиш учун нима қилмоқ керак? Аввало, маълумотларни яхши ва ёмонга ажратиб олиш лозим. Агар инсон интернетдаги барча маълумотларни ўқиб, томоша қилиб чиқаман деса бунга унинг умри етмайди, бекорга вақтини исроф қилган бўлади.

Шундай экан, интернетдан фақат ўзига фойдаси бўладиган маълумотлардан фойдаланиши керак. Ҳатто фойдали нарсаларни излаганингизда ҳам баъзи фаҳшга оид ёки умуман керак бўлмаган маълумотлар ҳам учраб туради. Бундай ҳолларда қандай йўл тутиш керак? Интернет, ОАВ воситаларидан фойдаланишни четга суриб қўйиш керакми ё шунда ҳам фойдаланиш керакми, деган савол муҳим ҳисобланади. Барча макон ва замонларда инсониятни икки дунё саодатига бошловчи динимиз Ислом дини бу каби муаммоларнинг ечимини бундан бир минг тўрт юз йилдан ортиқ давр илгари эълон қилиб қўйган. Хусусан, бу ҳақда Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: (Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир” (Нур, 30).

Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларининг муборак ҳадисларидан бирида “Ҳой Али, биринчи назарга иккинчисини эргаштирма. Иккинчиси сени зиёнинггадир”, дедилар (Абу Довуд, Термизий ривояти).

Мана қарангки, мўмин-мусулмонлар шундай бахтиёр инсонларки, улар учун ҳаётларини барча жабҳаларини ўз ичига қамраб олган дастурул амаллари бор, бу дастур уларни икки дунё саодати сари етаклашга хизмат қилади. Демак, интернет ёки бошқа ОАВдан фойдаланган вақтимизда динимиз қайтарган бирор ёлғон хабар, шармсиз расм ёки беҳаё лавҳаларга дуч келганимизда дарҳол бу каби маълумотларни тарк этишимиз лозим бўлади. Чунки бугунги кунда агар интернетда шармсиз, беҳаё нарсалар кўп деб ундан фойдаланишни буткул тарк этадиган бўлсак, замондан ортда қолишимиз табиийдир. Шундай экан, эндиликда ирода, тарбияни мустаҳкам қилиш керак. Ёшларни интернетда учраган бузуқ маълумотларга нисбатан бу нарса гуноҳ, уят деб ақли ва қалби билан таҳлил қиладиган, бу каби хабарларга парво қилмайдиган, қалби ва дилини бермайдиган қилиб тарбиялаш лозим.         

Аллоҳ таоло тинчлик, хотиржамлик, осойишталик юртида, диёримиздаги фаровонликнинг шукронасини қилиб, умримизни ғанимат билиб, азиз умримизни фақат эзгуликка, яхшиликка, ўзимизга ва бошқаларга манфаат етказишда сарф қилиб боришимизни насиб этсин.

Фарзанду зурриётларимиз ҳам рушду ҳидоятли, илму ҳикматли, касбу-ҳунарли бўлиб, оиласига, Ватанига, қолаверса, бутун инсониятга манфаати тегадиган ёшлардан бўлишларини Аллоҳ муваффақ этсин.  

Даврон Нурмуҳаммад суҳбатлашди.

Шаҳзод Шомансуров суратга олди.

* * *

— Assalomu alaykum Shayx hazratlari, insonga berilgan umr deganda nimani tushunasiz?

— Bismillohir Rahmonir Rahim. Umr bu – Alloh taoloni har bir bandasiga o‘lchab bergan bir muddatidir. Inson dunyoga kelganidan keyin necha yil umr ko‘rishini o‘zi bilmaydi, bu g‘ayb ilmi bo‘lib, uni Allohdan o‘zga hech kim bilmaydi. Aslida Alloh bandaga umrni nima uchun bergan? Alloh taolo umrni bandaga oxirat uchun bir zaxira, zodu rohila tayyorlab olish uchun berdi. Vaqtinchalik sinov muddatidan iborat bo‘lgan bu dunyo o‘tkinchidir, abadiy, haqiqiy dunyo bu – oxiratda bo‘ladi. Oxiratda endi o‘lim yo‘q. Qilgan ishlarimizga qarab Alloh taolo oxiratda ajru savoblar beradi yoki jazo beradi. Umr bu – bir yashab o‘tib ketadigan va keyin yo‘q bo‘lib qoladigan narsa emas. Insonni Alloh yaratibdimi, endi bu mavjudot abadiy, vafot etishi ham vaqtinchalik, oxiratda yana tiriladi, abadiy hayot boshlanadi. Shuning uchun bu umrni g‘animat bilish kerak. Mana shu berilgan umrdan unumli, ijobiy foydalanib olish kerak.

Umrning har bir daqiqasi g‘animat. Umrni behuda ishlar, gaplar bilan yoki g‘aflat bilan o‘tkazmaslik kerak. Inson shu dunyoda ham baxtli bo‘lishi uchun, oxiratda ham saodatmand Allohning bandalari qatoridan joy olishi uchun berilgan aziz umrning qadrini bilib, faqat foydali narsalarga, o‘ziga bu dunyoda ham, oxiratda ham foydasi tegadigan ezgu ishlarga sarf qilishi kerak. 

 — Inson qancha umr kechirgani bilan emas, balki qanday umr kechirgani bilan qadrlidir. Shunday emasmi?

— Darhaqiqat, buyuk ajdodlarimizning asarlarini o‘rganib chiqishga bir kishining emas, balki o‘nlab kishilarning ham umri yetmaydi. Afsuski, ular ellik yo oltmish yoshning o‘rtasida yashab ijod qilganlar. Tabobatning piri, inson salomatligini saqlash bo‘yicha yozgan nodir manba “Tib qonunlari” nomli asarini yozgan, bir qator falsafiy asarlarni bizga meros qilib qoldirgan Abu Ali ibn Sino ham ozgina yashagan umrida bir qator ulug‘ ishlarni qildi. Ajdodlarimiz berilgan umrdan juda ham unumli foydalana olishgan. Ular umrining biror daqiqasini behuda, bekorga o‘tkazmaganlar. Imom Buxoriy hazratlari to‘g‘risida bunday rivoyat keladi. Har kecha Imom Buxoriy kechalari bilan shamning yorug‘ligida ilm olishlarini qo‘shnilaridan biri kuzatib turar ekan. Sham isrof bo‘lmasligi uchun tafakkur qilib o‘ylayotgan vaqtlarida shamni o‘chirib qo‘yib, ilhom kelganda yana shamni yoqib kerakli bo‘lgan narsalarni qog‘ozga ko‘chirar ekanlar. Qo‘shnilari guvohlik berib aytadiki, men bir kechada Imom Buxoriyni yetmish besh marta shamni yoqib o‘chirganlarini sanab turdim. Qarangki, bizning ajdodlarimiz hatto kechalarini ham behudaga sarflamaganlar. Biz bu kabi buyuk ajdodlarimizdan namuna olib yashashimiz kerak.

 — Ustoz, shogird va muxlislaringizga vaqtning qadriga yetish borasida fikr-mulohazalaringiz bilan o‘rtoqlashsangiz.

— Albatta, inson umri o‘tib, yoshi ulug‘ bo‘lib borgani sari juda ko‘p hayotiy tajribalarga ega bo‘lib boradi. Shaxsan men o‘zimning hayotimni qisqacha tahlil etadigan bo‘lsam, o‘tgan umrimni hisob-kitob qilib, o‘zimga-o‘zim ko‘p hisobot beraman. Qani qanday ishlarni amalga oshirdim, umrimning ko‘p qismi isrof bo‘lmadimikin, degan savollarni beraman. Afsuski, Alloh taoloning menga bergan umrining har bir daqiqasini behuda o‘tkazmadim deb ayta olmayman. Chunki bu juda ham mushkul ish. Oilaning o‘ziga yarasha tashvishi bo‘ladi, inson faqatgina ijod bilan mashg‘ul bo‘la olmaydi, inson oila quradi, farzandlarni tarbiya qiladi, ularning ta’minoti erkak kishining yelkasiga yuklatilgan vazifalardan.

Shuningdek, hayotda insonning sinovli kunlari bo‘ladi, turli xil noqulayliklar, shart-sharoitlarning bo‘lmasligi tufayli ham inson ko‘plab vaqti, umrini behudaga o‘tkazib yuborishi mumkin. Birgina misol, istiqloldan oldingi yillarda bugungidek ilmiy-ijodiy ishlar uchun imkoniyatlar yo‘q edi. Xususan, diniy asarlar yozishga ruxsat yo‘q edi. Afsuski, bu yillar muhim bo‘lmagan ba’zi ishlar bilan ham mashg‘ul bo‘lishga to‘g‘ri kelgan. Bugun istiqlol sharofati bilan bizlarga juda katta imkoniyatlar tug‘ildi. Ayniqsa, ilm yo‘lida yurishni maqsad qilgan kishilarga ko‘plab sharoitlar yaratildi. Endi mana shu sharoit hamda imkoniyatlarni ham qo‘ldan boy berish mutlaqo to‘g‘ri bo‘lmaydi.

 — Shayx hazratlari, ba’zi insonlarni “vaqt tez o‘tmoqda”, deb shikoyat qilayotganlarining guvohi bo‘lamiz. Aslida inson o‘z umrini barakali yashab o‘tishi uchun qanday yashashi lozim.

— Vaqt tez o‘tyapti, deb aytish majoziy gapdir. Zero, vaqt hech qachon tezlashmaydi ham, sekinlashmaydi ham. Faqat inson zerikarli hayot kechirayotgan bo‘lsa, vaqt sekin o‘tayotganga o‘xshab ko‘rinadi. Doimo foydali ishlar bilan band bo‘lgan inson uchun esa vaqt tez o‘tadi. Bu haqda bir rivoyat keladi. Qadimda bir boy bo‘lib, qo‘l ostida bir qancha ustalarni ishlatar ekan. Xayolida bir zumda kech kirib qolib, ishchilarni ozgina ishiga ham ko‘p haq to‘layotgandek bo‘libdi. Shunda maslahat so‘rab bir dono do‘stining huzuriga borib: “Darrov kech kirib qolyapti, har kuni mardikorlarga men haq to‘layapman, nazdimda pullarim bekorga ketayotganga o‘xshaydi, vaqtni uzaytirishning yo‘li bormi?” dedi. Do‘sti boyga qarab: “Albatta bor, vaqtni cho‘zsa bo‘ladi, kechgacha sen ustalarni rosa ishlatib olasan, hatto, qachon kech kiradi, deb o‘zing muntazir bo‘lasan”, dedi. “Aynan shu narsa menga kerak edi, do‘stim, uni menga o‘rgat”, dedi boy o‘z do‘stiga qarab. Do‘sti uning uchun katta bir charxpalak yasab, ustalar ishlaganda sen sekin uni aylantirsang vaqt uzayadi, dedi. Baxil boy bunga rozi bo‘lib, charxpalak yasattiradi, charxpalak tayyor bo‘lgach, uni aylantirishga kirishadi. Buni qarangki, bir yo yarim soat o‘tgandan so‘ng toliqqan boy “E, qachon kech kirar ekan”, debdi.

Chindan ham, ko‘pchilik vaqtni tez o‘tayotganini ta’kidlamoqdalar, buning boisi bugun odamlarni biror ish bilan band ekanliklaridir. Ularning aksariyati turli xil chalg‘ituvchi narsalar bilan band bo‘lib qolganlar. Oldinlari hayot juda sodda bo‘lgan, odamlarni chalg‘itadigan, ularning vaqtlarini bekorga ketkazadigan narsalar kam bo‘lgan. Hozirgi kunda birgina qo‘l telefoni bor odam bir o‘zi ertalabdan to kechgacha zerikmasdan kunni o‘tkazishi mumkin bo‘lib qoldi. Shunday ekan, biz bundan to‘g‘ri xulosa chiqargan holda, vaqtimizdan unumli foydalanishimiz kerak.

— Afsuski, bugungi kunda ba’zi yoshlar telefon va shu kabi axborot vositalariga bog‘lanib qolib, mukkasidan ketgan holda umrlarini zoe qilayotganlarini guvohi bo‘lmoqdamiz. Ayting-chi ustoz, bu kabi muammoning yechimi nimalardan iborat va ularga nisbatan sizning munosabatingiz?

— Albatta, bu barchamiz uchun tashvishli holatdir. Yoshlar masalasi, ularning muammosi hamisha dolzarb hisoblanadi. Shuning uchun bunga befarq qarash to‘g‘ri kelmaydi. Ta’kidlab o‘tish lozimki, OAVning bugungi kunda rivojlanib borishi bir tomondan quvonchli holat. Avvallari yillar davomida yetib keladigan xabarlardan endilikda bir zumda xabardor bo‘lish imkoniyatiga ega bo‘ldik. Lekin internet, undagi ijtimoiy tarmoqlarning soni nihoyatda ortib ketdi. Afsuski, ular orasida salbiy mazmundagilari ko‘p qismni tashkil etadi. Xo‘p, bu muammoni yechish uchun nima qilmoq kerak? Avvalo, ma’lumotlarni yaxshi va yomonga ajratib olish lozim. Agar inson internetdagi barcha ma’lumotlarni o‘qib, tomosha qilib chiqaman desa bunga uning umri yetmaydi, bekorga vaqtini isrof qilgan bo‘ladi.

Shunday ekan, internetdan faqat o‘ziga foydasi bo‘ladigan ma’lumotlardan foydalanishi kerak. Hatto foydali narsalarni izlaganingizda ham ba’zi fahshga oid yoki umuman kerak bo‘lmagan ma’lumotlar ham uchrab turadi. Bunday hollarda qanday yo‘l tutish kerak? Internet, OAV vositalaridan foydalanishni chetga surib qo‘yish kerakmi yo shunda ham foydalanish kerakmi, degan savol muhim hisoblanadi. Barcha makon va zamonlarda insoniyatni ikki dunyo saodatiga boshlovchi dinimiz Islom dini bu kabi muammolarning yechimini bundan bir ming to‘rt yuz yildan ortiq davr ilgari e’lon qilib qo‘ygan. Xususan, bu haqda Alloh taolo o‘zining kalomi Qur’oni karimda bunday marhamat qiladi: (Ey, Muhammad!) Mo‘minlarga ayting, ko‘zlarini (nomahram ayollardan) quyi tutsinlar va avratlarini (zinodan) saqlasinlar! Mana shu ular uchun eng toza (yo‘l)dir. Albatta, Alloh ular qilayotgan (sir) sinoatlaridan xabardordir” (Nur, 30).

Shuningdek, Payg‘ambarimiz Muhammad Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) o‘zlarining muborak hadislaridan birida “Hoy Ali, birinchi nazarga ikkinchisini ergashtirma. Ikkinchisi seni ziyoninggadir”, dedilar (Abu Dovud, Termiziy rivoyati).

Mana qarangki, mo‘min-musulmonlar shunday baxtiyor insonlarki, ular uchun hayotlarini barcha jabhalarini o‘z ichiga qamrab olgan dasturul amallari bor, bu dastur ularni ikki dunyo saodati sari yetaklashga xizmat qiladi. Demak, internet yoki boshqa OAVdan foydalangan vaqtimizda dinimiz qaytargan biror yolg‘on xabar, sharmsiz rasm yoki behayo lavhalarga duch kelganimizda darhol bu kabi ma’lumotlarni tark etishimiz lozim bo‘ladi. Chunki bugungi kunda agar internetda sharmsiz, behayo narsalar ko‘p deb undan foydalanishni butkul tark etadigan bo‘lsak, zamondan ortda qolishimiz tabiiydir. Shunday ekan, endilikda iroda, tarbiyani mustahkam qilish kerak. Yoshlarni internetda uchragan buzuq ma’lumotlarga nisbatan bu narsa gunoh, uyat deb aqli va qalbi bilan tahlil qiladigan, bu kabi xabarlarga parvo qilmaydigan, qalbi va dilini bermaydigan qilib tarbiyalash lozim.         

Alloh taolo tinchlik, xotirjamlik, osoyishtalik yurtida, diyorimizdagi farovonlikning shukronasini qilib, umrimizni g‘animat bilib, aziz umrimizni faqat ezgulikka, yaxshilikka, o‘zimizga va boshqalarga manfaat yetkazishda sarf qilib borishimizni nasib etsin.

Farzandu zurriyotlarimiz ham rushdu hidoyatli, ilmu hikmatli, kasbu-hunarli bo‘lib, oilasiga, Vataniga, qolaversa, butun insoniyatga manfaati tegadigan yoshlardan bo‘lishlarini Alloh muvaffaq etsin.  

Davron Nurmuhammad suhbatlashdi.

Shahzod Shomansurov suratga oldi.