Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини юзасидан чекловлар

Рукн: Савол беринг Чоп этилган: 09.11.2011

2011 йил 4 октябр куни «Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун юзасидан савол ва мулоҳазаларингиз бўлса, ушбу саҳифада қолдиришингиз мумкин. Ушбу Қонун матни билан танишинг:

ЎЗБEКИСТОН РEСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг таркатилиши ҳамда истеъмол килинишини чеклаш тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2011 йил 27 июнда қабул қилинган
Сенат томонидан 2011 йил 26 августда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу Қонун фуқароларнинг соғлиғини, аввало, йигирма ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғини алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан, шу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга, шунингдек жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларини яратишга қаратилгандир.

2-модда. Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
алкогол маҳсулоти - коняк спирти ёки тозаланган этил спиртидан, вино материаллари ва (ёки) таркибида спирт бўлган озиқ-овқат маҳсулотидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган, ҳажмидаги этил спиртининг улуши бир ярим фоиздан ортиқ бўлган озиқ-овқат маҳсулоти;
алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсири профилактикаси - алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ фуқаролар соғлиғига, аввало, ёшлар соғлиғига, уларнинг жисмоний, маънавий ривожланишига, жамиятнинг маънавий-ахлоқий негизларига таҳдидларнинг ҳамда бошқа таҳдидларнинг олдини олишга ва уларни камайтиришга қаратилган ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий чора-тадбирлар ҳамда бошқа чора-тадбирлар мажмуи;
алкоголга қарамлик - алкогол маҳсулотига патологик ружу қўйиш, алкоголдан сурункали заҳарланишнинг психосоматик (руҳий ва жисмоний) ҳамда ижтимоий оқибатлари билан тавсифланадиган сурункали кучайиб борувчи касаллик (сурункали алкоголизм);
тамаки маҳсулоти - тамакидан ёки унинг ўрнини босувчи нарсадан тайёрланган ҳар қандай маҳсулот;
тамакига қарамлик - тамаки маҳсулотига патологик ружу қўйиш, никотиндан сурункали заҳарланишнинг психосоматик (руҳий ва жисмоний) оқибатлари билан тавсифланадиган сурункали кучайиб борувчи касаллик (никотинга қарамлик);
тиббий огоҳлантириш - алкогол маҳсулоти идишининг ёрлиғида ҳамда тамаки маҳсулотининг қутисида (ўровида) жойлаштириладиган, алкогол ёки тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги ахборот.

4-модда. Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
фуқаролар соғлиғини сақлаш, алкогол, тамаки маҳсулотларининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда бошқа чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш;
фуқароларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга, аҳоли, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга, уларнинг соғлиғига алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олиш ҳамда бундай таҳдидларни камайтиришга қаратилган профилактика, маърифий фаолиятни ташкил этиш ва амалга ошириш;
алкогол ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ҳамда реа-лизатсия қилиниши соҳасидаги давлат назоратини таъминлаш, шунингдек бундай маҳсулотларнинг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклашга, уларнинг салбий таъсири профилактикасига, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган давлат дастурларини амалга ошириш;
алкогол ва тамакига қарам бўлиб қолган шахсларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш;
алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсири профилактикаси, шунингдек алкогол ва тамакига қарамлик диагностикаси ҳамда уни даволаш соҳасидаги илмий тадқиқотларни ривожлантириш;
соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда ҳамда алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ва истеъмол қилинишини чеклаш ва уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқаришга қаратилган профилактика, маърифий тадбирларни амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг кенг иштирок этиши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш.

5-модда. Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат кафолатлари

Давлат Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган алкогол ва тамаки маҳсулотларининг инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлигини баҳолаш қоидалари ҳамда тартиб-таомиллари белгиланишини ва уларга риоя этилишини кафолатлайди.
Давлат таркибида инсон ҳаёти ва соғлиғи учун зарарли бўлган моддаларнинг микдори Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган йўл қўйиладиган энг кўп меъёрлардан ортиқ бўлган алкогол ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ҳамда реализатсия қилинишини тартибга солади, шунингдек бундай маҳсулотларнинг импорт қилинишини тақиқлаб қўяди.
Давлат алкогол ва тамакига қарам бўлиб қолган шахсларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини, шунингдек алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари тўғрисидаги ахборотдан фойдаланилишини қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ таъминлайди.

6-модда. Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича профилактика чора-тадбирларини амалга ошириш

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, таълим муассасалари ва бошқа муассасалар алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсири профилактикаси, жамоатчилик онгида алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишга нисбатан салбий муносабатни шакллантириш бўйича ўз ваколатлари доирасида ижтимоий, ташкилий-ҳуқуқий ҳамда бошқа чора-тадбирлар мажмуини амалга оширади.

2-боб. Давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди, шу соҳага доир давлат дастурларини тасдиқлайди ва рўёбга чиқаради;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни камайтиришга, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
алкогол ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ҳамда реализатсия қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди ва бундай назоратни ташкил этади;
алкогол ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришга доир фаолиятни литсензиялаш тартибини белгилайди;
жойларда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга, алкогол ва тамаки маҳсулотларининг фуқаролар, айниқса, йигирма ёшга тўлмаган шахслар орасида истеъмол қилинишини камайтиришга, уларда юксак онгни шакллантириш ва жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган маърифий, тарбиявий, тиббий-санитария ишларининг таъсирчанлигини оширишга доир чора-тадбирларни ва бошқа ижтимоий, ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни ўз ичига олувчи профилактиканинг самарали тизими яра-тилиши ва фаолият кўрсатишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

8-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини, аввало, соғлом турмуш тарзи тарғиботини назарда тутган ҳолда амалга оширишда иштирок этади;
алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги билимларни аҳоли, аввало, ёшлар ўртасида ёйишга доир чора-тадбирларни амалга оширади;
алкогол ва тамаки маҳсулотларининг хавфсизлигига доир мажбурий талабларга тааллуқли бўлган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ишларни ташкил этишда ҳамда уларнинг бажарилишини таъминлашда иштирок этади;
фуқаролар соғлиғини алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш билан боғлиқ профилактика ишларини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш масалалари борасида нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади;
алкогол ва тамакига қарамликнинг диагностикаси ҳамда уни даволашга доир норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади, уларга соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;
алкогол идишининг ёрлиғида ва тамаки маҳсулотининг қутисида (ўровида) жойлаштириладиган тиббий огоҳлантиришлар, шунингдек алкогол ва тамаки маҳсулотлари реализатсия қилинадиган жойлардаги огоҳлантирувчи ёзувлар матнларининг мазмунини кўриб чиқади ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлайди;
алкогол ва тамакига қарам бўлиб қолган шахсларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини таъминлайди, алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган сурункали касалланиш ҳамда ўлим ҳолатларининг мониторингини амалга оширади;
алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсири профилактикасига доир тадбирларнинг самарадорлиги мониторингини амалга оширади;
алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик дастурларини амалга оширишда иштирок этади;
алкогол ва тамакига қарамликнинг профилактикаси ҳамда уни даволаш бўйича мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлайди;
алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсири профилактикаси масалалари бўйича умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, шунингдек олий таълим муассасалари учун ўқув дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади;
алкогол ва тамакига қарамликнинг профилактикаси, диагностикаси ҳамда уни даволаш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказилишини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

9-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:
алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсирини камайтириш соҳасидаги давлат дастурларининг рўёбга чиқарилишида иштирок этади ҳамда ҳудудий дастурларнинг ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва рўёбга чиқарилишини ташкил қилади;
аҳоли ўртасида, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги билимларни ёйишга қаратилган профилактика тадбирлари амалга оширилишини таъминлайди;
алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг тегиш-ли ҳудудда ижро этилишини таъминлайди;
алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсиридан фуқаролар соғлиғини ҳимоя қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масалалари юзасидан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни таъминлайди;
алкогол ва тамакига қарам бўлиб қолган шахсларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини молиявий, моддий-техникавий, ташкилий жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал этади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

10-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги иштироки
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ўз ваколатлари доирасида:
алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги давлат дастурларининг, ҳудудий ва бошқа дастурларнинг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;
аҳоли, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга ҳамда алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги билимларни ёйишга қаратилган профилактика тадбирларини амалга оширади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.

3-боб. Алкогол ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, реализатсия ҳамда реклама қилишга доир фаолиятни тартибга солиш

11-модда. Алкогол ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда реализатсия қилиш

Алкогол ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда реализатсия қилиш юридик шахслар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

12-модда. Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг ўралишига, тамғаланишига доир талаблар
Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг ўралишига, тамғаланишига доир талаблар қонун ҳужжатларида назарда тутилган техник регламентларга мувофиқ белгиланади.
Алкогол маҳсулотининг идишида ёрлиқ асосий юзасининг камида қирқ фоизини эгаллайдиган матнли ёзув ва (ёки) расм тарзидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.
Тамаки маҳсулотининг қутисида (ўровида) тамаки маҳсулоти қутиси (ўрови) олд томони асосий юзасининг камида қирқ фоизини ва орқа томони асосий юзасининг камида қирқ фоизини эгаллайдиган матнли ёзув ва (ёки) расм тарзидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.
Тамаки маҳсулотининг қутисида (ўровида) инсон соғлиғига етказиладиган зарарни камайтириб кўрсатувчи, тамаки маҳсулотининг хусусияти ҳақида зарарсиз маҳсулот сифатида ёки тамаки маҳсулотининг бошқа намуналарига қараганда зарари камроқ эканлиги тўғрисида ёлғон таассурот уйғотадиган ахборот жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.

13-модда. Алкогол ва тамаки маҳсулотларини реализатсия қилишга доир чеклашлар
Алкогол ва тамаки маҳсулотларини:
йигирма ёшга тўлмаган шахсларга;
таълим, спорт муассасалари ва диний муассасалардан беш юз метрдан кам радиусда жойлашган савдо объектлари томонидан;
улар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга, қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаса;
актсиз маркалари билан тамғаланмаган ҳолда (пиводан ташқари) ёки актсиз маркалари қалбаки бўлганда;
уларнинг ишлаб чиқарувчисини аниқлаш имконини берадиган тарзда аниқ тамғаланмаган бўлса;
доналаб, қутисиз (ўровсиз) - тамаки маҳсулотига нисбатан;
уларни ишлаб чиқариш учун литсензияга эга бўлмаган Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқарувчиси томонидан ишлаб чиқарилган бўлса;
уларни етказиб бериш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки етказиб беришни қонун ҳужжатларини бузган ҳолда амалга оширган маҳсулот етказиб берувчидан олинган бўлса, реализатсия қилиш мумкин эмас.
Алкогол ва тамаки маҳсулотларини реализатсия қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳолларда ҳам чекланиши мумкин.

14-модда. Алкогол ва тамаки маҳсулотларини реализатсия қилишни амалга оширувчи шахсларнинг жавобгарлиги

Алкогол ва тамаки маҳсулотлари савдосини амалга оширувчи шахслар мазкур маҳсулотларни йигирма ёшга тўлмаган шахсларга реализатсия қилганлик учун жавобгар бўлади.

15-модда. Алкогол ва тамаки маҳсулотлари реализатсия қилинадиган жойлардаги огоҳлантирувчи ёзувлар

Алкогол ва тамаки маҳсулотлари реализатсия қилинадиган жойларда уларни йигирма ёшга тўлмаган шахсларга реализатсия қилишга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги, шунингдек алкогол ва тамаки маҳсулотларининг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзув жойлаштирилган бўлиши керак.

16-модда. Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ҳамда реализатсия қилиниши устидан давлат назорати

Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ҳамда реализатсия қилиниши устидан давлат назорати ваколатли органлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

17-модда. Алкогол ва тамаки маҳсулотларидаги инсон ҳаёти ҳамда соғлиғи учун зарарли бўлган моддаларнинг йўл қўйиладиган энг кўп меъёри

Алкогол ва тамаки маҳсулотларидаги инсон ҳаёти ҳамда соғлиғи учун зарарли бўлган моддаларнинг йўл қўйиладиган энг кўп меъёрини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилайди.
Алкогол ва тамаки маҳсулотларидаги инсон ҳаёти ҳамда соғлиғи учун зарарли бўлган моддаларнинг йўл қўйиладиган энг кўп меъёрларига риоя этилиши устидан назорат қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

4-боб. Фуқаролар соғлиғини алкогол ва тамаки маҳсулотларининг салбий таъсиридан сақлаш бўйича чора-тадбирлар

18-модда. Алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни реклама ва тарғиб қилишга йўл қўймаслик

Алкогол ва тамаки маҳсулотларини реклама қилишга йўл қўйилмайди.
Алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тарғиб этиш, яъни алкогол ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилишни рағбатлантирувчи, шахсда уларни истеъмол қилишнинг зарарсизлиги ҳақидаги тасаввурни шакллантирувчи ғоялар, қарашлар ҳамда бадиий образларни ошкора ёки яширин шаклда тарқатишга қаратилган хатти-ҳаракатлар тақиқланади.

19-модда. Жамоат жойларида алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишга йўл қўймаслик

Иш жойларида, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, истироҳат боғларида, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида алкогол маҳсулотини истеъмол қилишга йўл қўйилмайди. Мазкур қоида алкогол маҳсулотини қуйиб реализатсия қилиш рухсат этилган савдо ва умумий овқатланиш объектларига, шунингдек тўйлар, юбилейлар ва бошқа тантаналар ҳамда маросимлар ўтказиладиган жойларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, шу жумладан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида ва бошқа жамоат жойларида, тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналар бундан мустасно, шунингдек жамоат транспортининг барча турларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилишга йўл қўйилмайди.

20-модда. Алкогол ва тамакига қарам бўлиб қолган шахсларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш

Алкоголга қарам бўлиб қолган шахсларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш, шунингдек уларни реабилитатсия қилиш юзасидан ёрдам кўрсатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Тамакига қарам бўлиб қолган шахсларга уларнинг хоҳишига кўра, соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий-санитария ёрдами кўрсатилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

21-модда. Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклашга доир тадбирларни молиялаштириш

Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг аҳоли соғлиғига зарарли таъсирининг профилактикаси, олдини олиш, бундай таъсирни камайтиришга доир тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

22-модда. Низоларни ҳал этиш

Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

23-модда. Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

24-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

25-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг
Президенти
И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,
2011 йил 5 октябр,
ЎРҚ–302-сон

 * * *

2011-yil 4-oktabr kuni «Alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste‘mol qilinishini cheklash to‘g‘risida»gi O‘zbekiston Respublikasi qonuni qabul qilindi. Ushbu qonun yuzasidan savol va mulohazalaringiz bo‘lsa, ushbu sahifada qoldirishingiz mumkin. Ushbu Qonun matni bilan tanishing:

O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASINING QONUNI

Alkogol va tamaki mahsulotlarining tarkatilishi hamda iste’mol kilinishini cheklash to‘g‘risida

Qonunchilik palatasi tomonidan 2011 yil 27 iyunda qabul qilingan
Senat tomonidan 2011 yil 26 avgustda ma’qullangan

1-bob. Umumiy qoidalar

1-modda. Ushbu Qonunning maqsadi

Ushbu Qonunning maqsadi alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash sohasidagi munosabatlarni tartibga solishdan iborat.
Ushbu Qonun fuqarolarning sog‘lig‘ini, avvalo, yigirma yoshga to‘lmagan shaxslarning sog‘lig‘ini alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilishning zararli ta’siridan, shu bilan bog‘liq ijtimoiy va boshqa salbiy oqibatlardan himoya qilishga, shuningdek jamiyatda sog‘lom turmush tarzini shakllantirish hamda qaror toptirishning tashkiliy va huquqiy shart-sharoitlarini yaratishga qaratilgandir.

2-modda. Alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash to‘g‘risidagi qonun hujjatlari

Alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash to‘g‘risidagi qonun hujjatlari ushbu Qonun va boshqa qonun hujjatlaridan iboratdir.
Agar O‘zbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasida O‘zbekiston Respublikasining alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash to‘g‘risidagi qonun hujjatlarida nazarda tutilganidan boshqacha qoidalar belgilangan bo‘lsa, xalqaro shartnoma qoidalari qo‘llaniladi.

3-modda. Asosiy tushunchalar
Ushbu Qonunda quyidagi asosiy tushunchalar qo‘llaniladi:
alkogol mahsuloti - konyak spirti yoki tozalangan etil spirtidan, vino materiallari va (yoki) tarkibida spirt bo‘lgan oziq-ovqat mahsulotidan foydalangan holda ishlab chiqarilgan, hajmidagi etil spirtining ulushi bir yarim foizdan ortiq bo‘lgan oziq-ovqat mahsuloti;
alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilishning salbiy ta’siri profilaktikasi - alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilish bilan bog‘liq fuqarolar sog‘lig‘iga, avvalo, yoshlar sog‘lig‘iga, ularning jismoniy, ma’naviy rivojlanishiga, jamiyatning ma’naviy-axloqiy negizlariga tahdidlarning hamda boshqa tahdidlarning oldini olishga va ularni kamaytirishga qaratilgan ijtimoiy, huquqiy, tibbiy chora-tadbirlar hamda boshqa chora-tadbirlar majmui;
alkogolga qaramlik - alkogol mahsulotiga patologik ruju qo‘yish, alkogoldan surunkali zaharlanishning psixosomatik (ruhiy va jismoniy) hamda ijtimoiy oqibatlari bilan tavsiflanadigan surunkali kuchayib boruvchi kasallik (surunkali alkogolizm);
tamaki mahsuloti - tamakidan yoki uning o‘rnini bosuvchi narsadan tayyorlangan har qanday mahsulot;
tamakiga qaramlik - tamaki mahsulotiga patologik ruju qo‘yish, nikotindan surunkali zaharlanishning psixosomatik (ruhiy va jismoniy) oqibatlari bilan tavsiflanadigan surunkali kuchayib boruvchi kasallik (nikotinga qaramlik);
tibbiy ogohlantirish - alkogol mahsuloti idishining yorlig‘ida hamda tamaki mahsulotining qutisida (o‘rovida) joylashtiriladigan, alkogol yoki tamaki mahsulotlarini iste’mol qilishning inson sog‘lig‘iga salbiy ta’siri to‘g‘risidagi axborot.

4-modda. Alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash, ularning salbiy ta’siri profilaktikasi sohasidagi davlat siyosatining asosiy yo‘nalishlari

Alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash, ularning salbiy ta’siri profilaktikasi sohasidagi davlat siyosatining asosiy yo‘nalishlari quyidagilardan iborat:
fuqarolar sog‘lig‘ini saqlash, alkogol, tamaki mahsulotlarining zararli ta’siridan himoya qilishga qaratilgan huquqiy, iqtisodiy, ijtimoiy hamda boshqa chora-tadbirlar majmuini amalga oshirish;
fuqarolarni ma’naviy-axloqiy jihatdan tarbiyalashga, aholi, avvalo, yoshlar o‘rtasida sog‘lom turmush tarzini targ‘ib qilishga, ularning sog‘lig‘iga alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilish bilan bog‘liq tahdidlarning oldini olish hamda bunday tahdidlarni kamaytirishga qaratilgan profilaktika, ma’rifiy faoliyatni tashkil etish va amalga oshirish;
alkogol va tamaki mahsulotlarining ishlab chiqarilishi hamda rea-lizatsiya qilinishi sohasidagi davlat nazoratini ta’minlash, shuningdek bunday mahsulotlarning tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklashga, ularning salbiy ta’siri profilaktikasiga, jamiyatda sog‘lom turmush tarzini qaror toptirishga qaratilgan davlat dasturlarini amalga oshirish;
alkogol va tamakiga qaram bo‘lib qolgan shaxslarga tibbiy-sanitariya yordami ko‘rsatishning samarali tizimini yaratish;
alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilishning salbiy ta’siri profilaktikasi, shuningdek alkogol va tamakiga qaramlik diagnostikasi hamda uni davolash sohasidagi ilmiy tadqiqotlarni rivojlantirish;
sog‘lom turmush tarzini targ‘ib qilishda hamda alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi va iste’mol qilinishini cheklash va ularning salbiy ta’siri profilaktikasi sohasidagi davlat siyosatini ro‘yobga chiqarishga qaratilgan profilaktika, ma’rifiy tadbirlarni amalga oshirishda ommaviy axborot vositalarining, nodavlat notijorat tashkilotlarining keng ishtirok etishi uchun tashkiliy-huquqiy shart-sharoitlar yaratish.

5-modda. Alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash sohasidagi davlat kafolatlari

Davlat O‘zbekiston Respublikasida ishlab chiqariladigan yoki O‘zbekiston Respublikasi hududiga olib kiriladigan alkogol va tamaki mahsulotlarining inson hayoti va sog‘lig‘i uchun xavfsizligini baholash qoidalari hamda tartib-taomillari belgilanishini va ularga rioya etilishini kafolatlaydi.
Davlat tarkibida inson hayoti va sog‘lig‘i uchun zararli bo‘lgan moddalarning mikdori O‘zbekiston Respublikasi Sog‘liqni saqlash vazirligi tomonidan belgilangan yo‘l qo‘yiladigan eng ko‘p me’yorlardan ortiq bo‘lgan alkogol va tamaki mahsulotlarining ishlab chiqarilishi hamda realizatsiya qilinishini tartibga soladi, shuningdek bunday mahsulotlarning import qilinishini taqiqlab qo‘yadi.
Davlat alkogol va tamakiga qaram bo‘lib qolgan shaxslarga tibbiy-sanitariya yordami ko‘rsatilishini, shuningdek alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilishning salbiy oqibatlari to‘g‘risidagi axborotdan foydalanilishini qonun hujjatlari talablariga muvofiq ta’minlaydi.

6-modda. Alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash bo‘yicha profilaktika chora-tadbirlarini amalga oshirish

Davlat hokimiyati va boshqaruvi organlari, fuqarolarning o‘zini o‘zi boshqarish organlari, nodavlat notijorat tashkilotlari, korxonalar, ta’lim muassasalari va boshqa muassasalar alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilishning salbiy ta’siri profilaktikasi, jamoatchilik ongida alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilishga nisbatan salbiy munosabatni shakllantirish bo‘yicha o‘z vakolatlari doirasida ijtimoiy, tashkiliy-huquqiy hamda boshqa chora-tadbirlar majmuini amalga oshiradi.

2-bob. Davlat organlarining, fuqarolar o‘zini o‘zi boshqarish organlarining, korxonalar, muassasalar va tashkilotlarning alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash, ularning salbiy ta’siri profilaktikasi sohasidagi vakolatlari

7-modda. O‘zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash, ularning salbiy ta’siri profilaktikasi sohasidagi vakolatlari

O‘zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:
alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash, ularning salbiy ta’siri profilaktikasi sohasida yagona davlat siyosati amalga oshirilishini ta’minlaydi, shu sohaga doir davlat dasturlarini tasdiqlaydi va ro‘yobga chiqaradi;
davlat va xo‘jalik boshqaruvi organlarining, mahalliy davlat hokimiyati organlarining alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilishni kamaytirishga, aholi o‘rtasida sog‘lom turmush tarzini targ‘ib qilishga qaratilgan faoliyatini muvofiqlashtirib boradi;
alkogol va tamaki mahsulotlarining ishlab chiqarilishi hamda realizatsiya qilinishi ustidan davlat nazoratini amalga oshirish tartibini belgilaydi va bunday nazoratni tashkil etadi;
alkogol va tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarishga doir faoliyatni litsenziyalash tartibini belgilaydi;
joylarda jismoniy tarbiya va sportni rivojlantirishga, alkogol va tamaki mahsulotlarining fuqarolar, ayniqsa, yigirma yoshga to‘lmagan shaxslar orasida iste’mol qilinishini kamaytirishga, ularda yuksak ongni shakllantirish va jamiyatda sog‘lom turmush tarzini qaror toptirishga qaratilgan ma’rifiy, tarbiyaviy, tibbiy-sanitariya ishlarining ta’sirchanligini oshirishga doir chora-tadbirlarni va boshqa ijtimoiy, tashkiliy-huquqiy chora-tadbirlarni o‘z ichiga oluvchi profilaktikaning samarali tizimi yara-tilishi va faoliyat ko‘rsatishini ta’minlaydi.
O‘zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi qonun hujjatlariga muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

8-modda. O‘zbekiston Respublikasi Sog‘liqni saqlash vazirligining alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash, ularning salbiy ta’siri profilaktikasi sohasidagi vakolatlari

O‘zbekiston Respublikasi Sog‘liqni saqlash vazirligi:
alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash sohasidagi yagona davlat siyosatini, avvalo, sog‘lom turmush tarzi targ‘ibotini nazarda tutgan holda amalga oshirishda ishtirok etadi;
alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilishning zarari to‘g‘risidagi bilimlarni aholi, avvalo, yoshlar o‘rtasida yoyishga doir chora-tadbirlarni amalga oshiradi;
alkogol va tamaki mahsulotlarining xavfsizligiga doir majburiy talablarga taalluqli bo‘lgan texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi ishlarni tashkil etishda hamda ularning bajarilishini ta’minlashda ishtirok etadi;
fuqarolar sog‘lig‘ini alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilishning salbiy ta’siridan himoya qilish bilan bog‘liq profilaktika ishlarini tashkil etish hamda amalga oshirish masalalari borasida nodavlat notijorat va boshqa tashkilotlar bilan hamkorlik qiladi;
alkogol va tamakiga qaramlikning diagnostikasi hamda uni davolashga doir normativ hujjatlarni ishlab chiqadi, ularga sog‘liqni saqlash muassasalari tomonidan rioya etilishi ustidan nazoratni amalga oshiradi;
alkogol idishining yorlig‘ida va tamaki mahsulotining qutisida (o‘rovida) joylashtiriladigan tibbiy ogohlantirishlar, shuningdek alkogol va tamaki mahsulotlari realizatsiya qilinadigan joylardagi ogohlantiruvchi yozuvlar matnlarining mazmunini ko‘rib chiqadi hamda belgilangan tartibda tasdiqlaydi;
alkogol va tamakiga qaram bo‘lib qolgan shaxslarga tibbiy-sanitariya yordami ko‘rsatilishini ta’minlaydi, alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilish bilan bog‘liq bo‘lgan surunkali kasallanish hamda o‘lim holatlarining monitoringini amalga oshiradi;
alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilishning zararli ta’siri profilaktikasiga doir tadbirlarning samaradorligi monitoringini amalga oshiradi;
alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash sohasidagi xalqaro hamkorlik dasturlarini amalga oshirishda ishtirok etadi;
alkogol va tamakiga qaramlikning profilaktikasi hamda uni davolash bo‘yicha mutaxassislarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishni ta’minlaydi;
alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilishning salbiy ta’siri profilaktikasi masalalari bo‘yicha umumiy o‘rta, o‘rta maxsus, kasb-hunar ta’limi muassasalari, shuningdek oliy ta’lim muassasalari uchun o‘quv dasturlarini ishlab chiqishda ishtirok etadi;
alkogol va tamakiga qaramlikning profilaktikasi, diagnostikasi hamda uni davolash sohasida ilmiy tadqiqotlar o‘tkazilishini tashkil etadi.
O‘zbekiston Respublikasi Sog‘liqni saqlash vazirligi qonun hujjatlariga muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

9-modda. Mahalliy davlat hokimiyati organlarining alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash, ularning salbiy ta’siri profilaktikasi sohasidagi vakolatlari

Mahalliy davlat hokimiyati organlari:
alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash, ularning salbiy ta’sirini kamaytirish sohasidagi davlat dasturlarining ro‘yobga chiqarilishida ishtirok etadi hamda hududiy dasturlarning ishlab chiqilishi, tasdiqlanishi va ro‘yobga chiqarilishini tashkil qiladi;
aholi o‘rtasida, avvalo, yoshlar o‘rtasida sog‘lom turmush tarzini targ‘ib qilish hamda alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilishning zarari to‘g‘risidagi bilimlarni yoyishga qaratilgan profilaktika tadbirlari amalga oshirilishini ta’minlaydi;
alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash to‘g‘risidagi qonun hujjatlari talablarining tegish-li hududda ijro etilishini ta’minlaydi;
alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilishning salbiy ta’siridan fuqarolar sog‘lig‘ini himoya qilish, jamiyatda sog‘lom turmush tarzini qaror toptirish masalalari yuzasidan nodavlat notijorat tashkilotlari va boshqa tashkilotlar bilan hamkorlikni ta’minlaydi;
alkogol va tamakiga qaram bo‘lib qolgan shaxslarga tibbiy-sanitariya yordami ko‘rsatilishini moliyaviy, moddiy-texnikaviy, tashkiliy jihatdan ta’minlash masalalarini hal etadi.
Mahalliy davlat hokimiyati organlari qonun hujjatlariga muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

10-modda. Fuqarolar o‘zini o‘zi boshqarish organlarining, korxonalar, muassasalar va tashkilotlarning alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash, ularning salbiy ta’siri profilaktikasi sohasidagi ishtiroki
Fuqarolarning o‘zini o‘zi boshqarish organlari, korxonalar, muassasalar va tashkilotlar o‘z vakolatlari doirasida:
alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash, ularning salbiy ta’siri profilaktikasi sohasidagi davlat dasturlarining, hududiy va boshqa dasturlarning bajarilishi ustidan jamoatchilik nazoratini amalga oshiradi;
aholi, avvalo, yoshlar o‘rtasida sog‘lom turmush tarzini targ‘ib qilishga hamda alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilishning zarari to‘g‘risidagi bilimlarni yoyishga qaratilgan profilaktika tadbirlarini amalga oshiradi.
Fuqarolarning o‘zini o‘zi boshqarish organlari, korxonalar, muassasalar va tashkilotlar qonun hujjatlariga muvofiq boshqa tadbirlarda ham ishtirok etishi mumkin.

3-bob. Alkogol va tamaki mahsulotlarini ishlabchiqarish, realizatsiya hamda reklama qilishga doirfaoliyatni tartibga solish

11-modda. Alkogol va tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish hamda realizatsiya qilish

Alkogol va tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish hamda realizatsiya qilish yuridik shaxslar tomonidan qonun hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

12-modda. Alkogol va tamaki mahsulotlarining o‘ralishiga, tamg‘alanishiga doir talablar
Alkogol va tamaki mahsulotlarining o‘ralishiga, tamg‘alanishiga doir talablar qonun hujjatlarida nazarda tutilgan texnik reglamentlarga muvofiq belgilanadi.
Alkogol mahsulotining idishida yorliq asosiy yuzasining kamida qirq foizini egallaydigan matnli yozuv va (yoki) rasm tarzidagi tibbiy ogohlantirish bo‘lishi kerak.
Tamaki mahsulotining qutisida (o‘rovida) tamaki mahsuloti qutisi (o‘rovi) old tomoni asosiy yuzasining kamida qirq foizini va orqa tomoni asosiy yuzasining kamida qirq foizini egallaydigan matnli yozuv va (yoki) rasm tarzidagi tibbiy ogohlantirish bo‘lishi kerak.
Tamaki mahsulotining qutisida (o‘rovida) inson sog‘lig‘iga yetkaziladigan zararni kamaytirib ko‘rsatuvchi, tamaki mahsulotining xususiyati haqida zararsiz mahsulot sifatida yoki tamaki mahsulotining boshqa namunalariga qaraganda zarari kamroq ekanligi to‘g‘risida yolg‘on taassurot uyg‘otadigan axborot joylashtirilishiga yo‘l qo‘yilmaydi.

13-modda. Alkogol va tamaki mahsulotlarini realizatsiya qilishga doir cheklashlar
Alkogol va tamaki mahsulotlarini:
yigirma yoshga to‘lmagan shaxslarga;
ta’lim, sport muassasalari va diniy muassasalardan besh yuz metrdan kam radiusda joylashgan savdo ob’ektlari tomonidan;
ular texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga, qonun hujjatlarida belgilangan boshqa talablarga muvofiq bo‘lmasa;
aktsiz markalari bilan tamg‘alanmagan holda (pivodan tashqari) yoki aktsiz markalari qalbaki bo‘lganda;
ularning ishlab chiqaruvchisini aniqlash imkonini beradigan tarzda aniq tamg‘alanmagan bo‘lsa;
donalab, qutisiz (o‘rovsiz) - tamaki mahsulotiga nisbatan;
ularni ishlab chiqarish uchun litsenziyaga ega bo‘lmagan O‘zbekiston Respublikasi ishlab chiqaruvchisi tomonidan ishlab chiqarilgan bo‘lsa;
ularni yetkazib berish huquqiga ega bo‘lmagan yoki yetkazib berishni qonun hujjatlarini buzgan holda amalga oshirgan mahsulot yetkazib beruvchidan olingan bo‘lsa, realizatsiya qilish mumkin emas.
Alkogol va tamaki mahsulotlarini realizatsiya qilish qonun hujjatlariga muvofiq boshqa hollarda ham cheklanishi mumkin.

14-modda. Alkogol va tamaki mahsulotlarini realizatsiya qilishni amalga oshiruvchi shaxslarning javobgarligi

Alkogol va tamaki mahsulotlari savdosini amalga oshiruvchi shaxslar mazkur mahsulotlarni yigirma yoshga to‘lmagan shaxslarga realizatsiya qilganlik uchun javobgar bo‘ladi.

15-modda. Alkogol va tamaki mahsulotlari realizatsiya qilinadigan joylardagi ogohlantiruvchi yozuvlar

Alkogol va tamaki mahsulotlari realizatsiya qilinadigan joylarda ularni yigirma yoshga to‘lmagan shaxslarga realizatsiya qilishga yo‘l qo‘yilmasligi haqidagi, shuningdek alkogol va tamaki mahsulotlarining inson sog‘lig‘iga salbiy ta’siri to‘g‘risidagi ogohlantiruvchi yozuv joylashtirilgan bo‘lishi kerak.

16-modda. Alkogol va tamaki mahsulotlarining ishlab chiqarilishi hamda realizatsiya qilinishi ustidan davlat nazorati

Alkogol va tamaki mahsulotlarining ishlab chiqarilishi hamda realizatsiya qilinishi ustidan davlat nazorati vakolatli organlar tomonidan qonun hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

17-modda. Alkogol va tamaki mahsulotlaridagi inson hayoti hamda sog‘lig‘i uchun zararli bo‘lgan moddalarning yo‘l qo‘yiladigan eng ko‘p me’yori

Alkogol va tamaki mahsulotlaridagi inson hayoti hamda sog‘lig‘i uchun zararli bo‘lgan moddalarning yo‘l qo‘yiladigan eng ko‘p me’yorini O‘zbekiston Respublikasi Sog‘liqni saqlash vazirligi belgilaydi.
Alkogol va tamaki mahsulotlaridagi inson hayoti hamda sog‘lig‘i uchun zararli bo‘lgan moddalarning yo‘l qo‘yiladigan eng ko‘p me’yorlariga rioya etilishi ustidan nazorat qonun hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

4-bob. Fuqarolar sog‘lig‘ini alkogol va tamaki mahsulotlarining salbiy ta’siridan saqlash bo‘yichachora-tadbirlar

18-modda. Alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilishni reklama va targ‘ib qilishga yo‘l qo‘ymaslik

Alkogol va tamaki mahsulotlarini reklama qilishga yo‘l qo‘yilmaydi.
Alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilishni targ‘ib etish, ya’ni alkogol va tamaki mahsulotlari iste’mol qilishni rag‘batlantiruvchi, shaxsda ularni iste’mol qilishning zararsizligi haqidagi tasavvurni shakllantiruvchi g‘oyalar, qarashlar hamda badiiy obrazlarni oshkora yoki yashirin shaklda tarqatishga qaratilgan xatti-harakatlar taqiqlanadi.

19-modda. Jamoat joylarida alkogol va tamaki mahsulotlarini iste’mol qilishga yo‘l qo‘ymaslik

Ish joylarida, ko‘chalar, stadionlar, xiyobonlar, istirohat bog‘larida, jamoat transportining barcha turlarida va boshqa jamoat joylarida alkogol mahsulotini iste’mol qilishga yo‘l qo‘yilmaydi. Mazkur qoida alkogol mahsulotini quyib realizatsiya qilish ruxsat etilgan savdo va umumiy ovqatlanish ob’ektlariga, shuningdek to‘ylar, yubileylar va boshqa tantanalar hamda marosimlar o‘tkaziladigan joylarga nisbatan tatbiq etilmaydi.
Ish joylarida, sog‘liqni saqlash, ta’lim, sport-sog‘lomlashtirish muassasalarida, yong‘in chiqish xavfi bo‘lgan joylarda, shu jumladan avtomobillarga yonilg‘i quyish shoxobchalarida va boshqa jamoat joylarida, tamaki mahsulotini iste’mol qilish uchun maxsus ajratilgan joylar va (yoki) xonalar bundan mustasno, shuningdek jamoat transportining barcha turlarida tamaki mahsulotini iste’mol qilishga yo‘l qo‘yilmaydi.

20-modda. Alkogol va tamakiga qaram bo‘lib qolgan shaxslarga tibbiy-sanitariya yordami ko‘rsatish

Alkogolga qaram bo‘lib qolgan shaxslarga tibbiy-sanitariya yordami ko‘rsatish, shuningdek ularni reabilitatsiya qilish yuzasidan yordam ko‘rsatish qonun hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.
Tamakiga qaram bo‘lib qolgan shaxslarga ularning xohishiga ko‘ra, sog‘liqni saqlash muassasalarida tibbiy-sanitariya yordami ko‘rsatiladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

21-modda. Alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklashga doir tadbirlarni moliyalashtirish

Alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash, ularning aholi sog‘lig‘iga zararli ta’sirining profilaktikasi, oldini olish, bunday ta’sirni kamaytirishga doir tadbirlarni moliyalashtirish O‘zbekiston Respublikasi Davlat byudjeti mablag‘lari va qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.

22-modda. Nizolarni hal etish

Alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash sohasidagi nizolar qonun hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

23-modda. Alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash to‘g‘risidagi qonun hujjatlarini buzganlik uchun javobgarlik

Alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash to‘g‘risidagi qonun hujjatlarini buzganlikda aybdor shaxslar belgilangan tartibda javobgar bo‘ladi.

24-modda. Qonun hujjatlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirish

O‘zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:
hukumat qarorlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirsin;
davlat boshqaruvi organlari ushbu Qonunga zid bo‘lgan o‘z normativ-huquqiy hujjatlarini qayta ko‘rib chiqishlari va bekor qilishlarini ta’minlasin.

25-modda. Ushbu Qonunning kuchga kirishi

Ushbu Qonun rasmiy e’lon qilingan kundan e’tiboran olti oy o‘tgach kuchga kiradi.

O‘zbekiston Respublikasining
Prezidenti
I. KARIMOV

Toshkent sh.,
2011 yil 5 oktyabr,
O‘RQ–302-son