Докторлар онанинг соғлиги учун хомилани олдириш керак деса...

Рукн: Савол беринг Чоп этилган: 02.11.2016

Савол: Аёл киши соғлиги туфайли ҳомиласини олдиришга докторлар тавсия этса, ҳомила неча ойлигида олинса, гуноҳ бўлмайди?

Жавоб: Ҳомилани руҳ кирмасдан олдин олдириш ва руҳ киргандан кейин олдириш иккиси алоҳида масала: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан марфуъ ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда собит бўлганидек, ҳомилага бир юз йигирма кундан кейин руҳ киради: “Сизлардан ҳар бирингиз онасининг қорнида хилқати қирқ кун нутфа сўнг шунча кун лахта қон сўнг яна шунча кун бир парча гўшт бўлади. Кейин унга руҳ киритиш учун бир фаришта юборилади”. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилишган.

Ҳомилага руҳ киргандан сўнг уни олдириш ҳаромлигида уламолар иттифоқ қилиб, буни шак-шубҳасиз ўлдиришдир, деганлар. Фуқаҳоларнинг руҳ кирганидан сўнг аборт қилишни бир овоздан ҳаром деган сўзларидан ҳомиланинг она қорнида қолиши онанинг ҳаётига хавф соладиган ҳолатни ёки хавф солмайдиган ҳолатни ҳам ўз ичига олиши тушунилади. Ибн Обидийн буни очиқ-ойдин баён қилиб шундай деган: “Ҳомила тирик бўлса ва унинг қолиши сабабли онанинг ҳаёти хавф остида қолса ҳам уни аборт қилиш жоиз эмасдир. Чунки ҳомила сабабли онанинг ўлиши мавҳумдир. Шунга кўра мавҳум нарса сабабли одамзотни ўлдириш жоиз бўлмайди”.

Руҳ киришидан олдин аборт қилишнинг ҳукми борасида эса бир қанча қарашлар бор. Фуқаҳолардан баъзилари ҳомила бўлгандан сўнг ҳали бирор хилқат пайдо бўлмаган бўлса, уни туширишни мубоҳ деганлар. Фуқаҳолардан баъзилари узр сабабли тушириш мубоҳ деганлар. Ибн Обидийн Хония китобининг “Кароҳият” бобида ҳомилани узрсиз тушириш мумкин эмаслигини нақл қилиб келтирган. Ҳомиласини туширган аёл агар узрсиз туширган бўлса, у энг камида гуноҳкор бўлади.

Фуқаҳолардан баъзилари мутлоқ макруҳ деганлар. Буни ҳанафий фуқаҳоларидан Алий ибн Мусо ҳам айтган. Ибн Обидийн ундан нақл қилиб шундай деган: “Ҳомилага руҳ кирадиган муддат ўтишидан олдин уни тушириб юбориш макруҳдир. Чунки сув (маний) бачадонда ўрнашгандан кейин унинг келажаги ҳаётдир. Шунинг учун унга тириклик ҳукми берилади”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

Savol: Ayol kishi sog‘ligi tufayli homilasini oldirishga doktorlar tavsiya etsa, homila necha oyligida olinsa, gunoh bo‘lmaydi?

Javob: Homilani ruh kirmasdan oldin oldirish va ruh kirgandan keyin oldirish ikkisi alohida masala: Ibn Mas’ud roziyallohu anhudan marfu’ rivoyat qilingan sahih hadisda sobit bo‘lganidek, homilaga bir yuz yigirma kundan keyin ruh kiradi: “Sizlardan har biringiz onasining qornida xilqati qirq kun nutfa so‘ng shuncha kun laxta qon so‘ng yana shuncha kun bir parcha go‘sht bo‘ladi. Keyin unga ruh kiritish uchun bir farishta yuboriladi”. Imom Buxoriy va imom Muslim rivoyat qilishgan.

Homilaga ruh kirgandan so‘ng uni oldirish haromligida ulamolar ittifoq qilib, buni shak-shubhasiz o‘ldirishdir, deganlar. Fuqaholarning ruh kirganidan so‘ng abort qilishni bir ovozdan harom degan so‘zlaridan homilaning ona qornida qolishi onaning hayotiga xavf soladigan holatni yoki xavf solmaydigan holatni ham o‘z ichiga olishi tushuniladi. Ibn Obidiyn buni ochiq-oydin bayon qilib shunday degan: “Homila tirik bo‘lsa va uning qolishi sababli onaning hayoti xavf ostida qolsa ham uni abort qilish joiz emasdir. Chunki homila sababli onaning o‘lishi mavhumdir. Shunga ko‘ra mavhum narsa sababli odamzotni o‘ldirish joiz bo‘lmaydi”.

Ruh kirishidan oldin abort qilishning hukmi borasida esa bir qancha qarashlar bor. Fuqaholardan ba’zilari homila bo‘lgandan so‘ng hali biror xilqat paydo bo‘lmagan bo‘lsa, uni tushirishni muboh deganlar. Fuqaholardan ba’zilari uzr sababli tushirish muboh deganlar. Ibn Obidiyn Xoniya kitobining “Karohiyat” bobida homilani uzrsiz tushirish mumkin emasligini naql qilib keltirgan. Homilasini tushirgan ayol agar uzrsiz tushirgan bo‘lsa, u eng kamida gunohkor bo‘ladi.

Fuqaholardan ba’zilari mutloq makruh deganlar. Buni hanafiy fuqaholaridan Aliy ibn Muso ham aytgan. Ibn Obidiyn undan naql qilib shunday degan: “Homilaga ruh kiradigan muddat o‘tishidan oldin uni tushirib yuborish makruhdir. Chunki suv (maniy) bachadonda o‘rnashgandan keyin uning kelajagi hayotdir. Shuning uchun unga tiriklik hukmi beriladi”. Vallohu a’lam.

O‘zbekiston Musulmonlari idorasi Fatvo hay’ati