Мусофирликда шароитлар яхши бўлса ҳам намозни қаср қилиб ўқиладими?

Рукн: Савол беринг Чоп этилган: 05.08.2016

Савол: Намозни қаср қилиб ўқиш шартлари ва тартиблари ҳақида маълумот берсангиз. Масалан, уйдан 1000 км узоқликка борса, намозни қаср қилиб ўқиш шартми? Агар намоз ўқиш учун шарт-шароитлари жуда яхши бўлса ҳам қаср қилиб ўқиш керакми? (Анвар)

Жавоб: Аллоҳ таоло сафарда намозни қаср қилиб, тўрт ракатли фарз намозларни икки ракат қилиб ўқишни шариатга киритган. Чунки, сафарнинг ўзига яраша қийинчиликлари ва машаққатлари бўлади. Сафардаги кишиларга ўша машаққатларни камайтириш учун Аллоҳ таоло меҳрибонлик қилиб, тўрт ракатли намозларнинг ярмини қисқартириб енгиллик берган.

Бу ҳолат Аллоҳ таолонинг дини — Ислом осонлик дини эканини кўрсатади. Шу билан бир вақтда, намознинг нақадар аҳамиятли ибодат эканини ҳам кўрсатади. Аллоҳ таолонинг сафарга алоҳида енгил намоз жорий қилиши шунга далил бўлмаса, нимага далил бўлар эди?!

Мусофир намозни қаср қилиб ўқиши Қуръон, Суннат ва Ижмоъ билан собит бўлган. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:

«Қачонки ер юзида сафар қилсангиз, сизларга намозни қаср қилишингизда гуноҳ йўкдир», деган (101-оят).

Яъло ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Умар ибн Хаттобга: «Сизларга намозни қаср қилишда гуноҳ йўқдир. Агар куфр келтирганлар сизга фитна қилишидан қўрқсангиз», дейилган. Батаҳқиқ, одамлар эмин бўлдилар?!» - дедим. «Мен ҳам, сен ажабланган нарсадан ажабланиб, у ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу, Аллоҳ таоло сизга қилган садақадир. Бас, Унинг садақасини қабул қилинг», дедилар», - деди». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Уламолар мусофир тўрт ракатли намозни қисқа — икки ракатли қилиб ўқишига ижмоъ қилганлар.

Мусофир учун намозни қаср қилиши азиймат бўлиб, ҳукми вожибдир. Унинг учун тўрт ракатли намозни икки ракат қилиб ўқиш фарздир. Ундан зиёда қилиш жоиз эмас.

«Сафар» луғатда масофани кесиб ўтиш маъносини англатади. Лекин ҳар бир сафар ҳам шаръий аҳкомларнинг ўзгаришига сабаб бўлавермайди. Бунинг учун алоҳида шартларни ўзида мужассам қилган сафар бўлиши лозим.

Шунинг учун, шаръий ҳукмлари ўзгарадиган сафар қиладиган мусофир кимлигини билиб олишимиз лозим бўлади.

Шаръий мусофир бўлган одамга эса намозни қаср қилиб ўқишга, рўза тутмасликка рухсат берилади. У, маҳсига уч кечаю кундуз масҳ тортади ҳамда Жумъа, ийд намозлари ва қурбонлик қилиш ундан соқит бўлади.

Хўш, ўша мусофир ким ўзи? Бу саволга жавоб қуйидагича.

Мусофир ўз юртининг уйларидан уч куну уч кечалик масофани қасд қилиб ажраган одамдир.

«Ўз юртларининг уйлари» деганда шаҳарнинг четидаги уйлар кўзда тутилади. Мусофир қайси йўналишда кетаётган бўлса, ўша тарафдаги охирги уйдан ажраганда мусофирлик бошланади. Агар шаҳарга туташган қишлоқ бўлса, ўша қишлоқдан ўтгандан кейин мусофирлик бошланади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинада Пешинни тўрт ракат ва Асрни Зул Ҳулайфада икки ракат ўқидим». Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиққан бўлсалар ҳам, Мадинадан чиқмаганлари учун, Пешинни тўрт ракат ўқиганлар. Асрда шаҳардан чиқиб Зул Ҳулайфа деган жойга етиб қолганлари учун намозни қаср қилиб икки ракат ўқиганлар.

«Уч куну уч кечалик масофани қасд қилиб» деган гапни ҳам шарҳ қилишимиз лозим бўлади. Бунда уч кун юриш учун, уч кеча дам олиш учун бўлиши кўзда тутилган. Бунга далил қуйидагича:

Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маҳсига масҳ тортиш мусофир учун уч кун, муқим учун бир куну бир кеча», — дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Мана шу ҳадисдан уч кунлик сафарни ният қилмаган одам шаръий маънодаги мусофир бўлмаслиги келиб чиқади.

«Масофани қасд қилиб» дейилганидан масофани қасд қилмай содир бўлган сафар шаръий ҳукмларга тегишли сафар бўлмаслигини билиб оламиз.

Мисол учун, биров қочиб кетган отини ушлайман деб йўлга чиқса ва бир неча кун унинг ортидан қувиб юрса ҳам, намозни тўлиқ ўқийди.

«Уч кунлик масофа»ни босиб ўтиш вақтидаги кунларга мўътадил юртлардаги энг қисқа кунлар эътиборга олинади. Яъни, кундузи жуда қисқа ёки жуда ҳам узун бўладиган юртларни эмас, ўртача бўладиган юртларнинг куни олинади. Ўшанда ҳам эрталабдан пешингача юргани ҳисоб. Қолгани намоз, дам ва овқатланишга чиқарилади. Агар тез юриб мазкур масофани ундан оз вақтда босиб ўтадиган бўлса ҳам, қаср ўқийди.

Ҳанафий уламоларнинг кўплари, сафар фарсахлар билан ўлчанмайди, деганлар. Бошқа мазҳаблар, сафар масофаси тўрт барид бўлса, шаръий сафар бўлади ва унда намозни қаср ўқишга рухсат бўлади, дейдилар.

«Барид» масофа бирлиги бўлиб, бир барид масофа тўрт фарсахга, ҳадисда келган тўрт барид эса, ўн олти фарсахга тўғри келади. Бир фарсах 5544 метр, тўрт фарсах эса 22176 метр бўлади. Тўрт барид эса 88704 метр бўлади.

«Барид» луғатда «почта» маъносини биддиради. Илгари вақтда Ислом ўлкаларида почта ишлари от ила юриб амалга оширилган. Шаҳарлар орасидаги почтахоналар маълум масофага қурилган. Бир барид билан иккинчисининг ораси тўрт фарсах, яъни 22176 метр бўлган. Ҳар почтахона — баридда ходимлар отларини боқиб, шай бўлиб турганлар, аввалги бариднинг ходимлари узоқдан кўриниши билан йўлга тайёр бўлиб отни миниб турганлар. Улар келиб почтани топшириши билан булар от чоптириб олға босганлар. Биринчи ва иккинчи почтахона орасидаги масофа эса, ўша вақтнинг таомилига кўра, «барид» деб айтилган.

Ушбу биз ўрганаётган ривоятга кўра, тўрт барид, яъни, 88 км 704 метр жойга сафар қилган одам мусофир ҳисобланган.

Ҳанафий мазҳаби ўлчовига кўра, 96 км масофа сафар масофаси ҳисобланган. Баъзи уламолар юқорида зикр қилинган вақт ва шароитда пиёда юриб, ҳар қадамини ўлчаб уч кунлик йўл 88 км билан 96 км орасида чиқишига гувоҳ бўлганлар. Улар туяга юк юклаб, юргизиб кўриб ҳам худди шу каби натижанинг гувоҳи бўлганлар.

Ва, ниҳоят, икки тарафнинг услуби икки хил бўлса ҳам, натижа бир хил экан, деган хулосага келганлар.

Ўртача юриш ила. Тез юриш ҳам, секин юриш ҳам ҳисоб эмас.

У қуруқликда туянинг ва пиёданинг юришидир. Ўртача юриш бўлганда ҳам, отнинг ёки бошқа ҳайвоннинг эмас, туянинг юриши ҳисобидандир. Шунингдек, оддий пиёда юришда уч кун юриладиган сафар бўлиши керак.

Денгизда эса, кеманинг шамол мўътадил бўлгандаги юришидир. Мабодо, денгиз сафари бўладиган бўлса, ўша вақтдаги шамол кучи билан юрадиган кемаларнинг қаттиқ шамол тургандаги ҳам эмас, шамолсиз қолган вақтдаги ҳам эмас, денгизчилар урфидаги мўътадил юриши ҳисобга олинади.

Тоғда эса, ўзига муносиб юришдир. Тоғда юриш ўзига хос бўлади. Албатта, унда текис-ликдан юргандан кўра бошқача юрилади. Яна, тоғ билан тоғ ўртасида ҳам фарқ бор. Шунинг учун, ундаги юриш ҳам ўзига муносиб равишда ҳисобланади.

Бас, у то ўз юртига қайтиб киргунча ёки бир шаҳар ёки қишлокда ёхуд кўчманчи бўлса, диёримиздаги саҳрода ярим ой туришни ният қилгунча, тўрт ракатли намозни қаср қилади. Бунинг далили қуйидагича:

Умар розияллоҳу анҳу: «Жумъа намози икки ракатдир. Рўза ҳайити намози икки ракатдир. Қурбон ҳайити намози икки ракатдир. Сафар намози икки ракатдир, тугалдир, қаср эмасдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидандир», - дедилар. Насаий, Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Минода икки ракат намоз ўқидим. Абу Бакр ва Умар билан ҳам. Шунингдек, Усмоннинг амирлиги бошида ҳам, кейинроқ у тўлиқ ўқиди». Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.

Ҳанафий мазҳабига кўра, бир киши бошқа бир жойда ўн беш кун ва ундан ортиқ турмоқни ният қилса, намозни тўлиқ ўқийди, ундан оз турмоқни ният қилса, қаср ўқийди.

Ҳанафий мазҳаби уламолари бу ҳукм учун буюк саҳобийлар Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилинган қуйидаги ривоятни далил қилиб олганлар:

Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Мусофир ўлароқ бир юртга кирсанг ва бу юртда ўн беш кун қолишни ният қилсанг, намозни тўла ўқи. Агар бу ердан қачон сафарга чиқишингни билмасанг, намозни қаср ўқи», дейишган. Тоҳовий ривоят қилган.

Дорул ҳарбда ёки боғийларнинг қамалида қолган бўлса, ундоқ эмас. Унда ниятсиз туриши чўзилиб кетган одамга ўхшайди.

Биров бир ерда ўн беш кун ёки ундан ортиқ туришни ният қилмаган бўлса, қанча турса ҳам, намозни қаср қилиб ўқийди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарда йигирма кун турганларида намозни қаср ўқиганлар. Ибн Умар ва бошқа саҳобаларнинг йўлини Озарбойжонда қор тўсиб қолганда, олти ой қаср намоз ўқиганлар.

Байҳақий «Ал-Маърифа»да, Нававий «Икки Шайх шартига мувофиқ» деган санад ила ривоят қилади: «Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Озарбойжондаги ғазотдалигимизда олти ойгача қор тўсиб қолди. Намозни қаср ўқир эдик», - деди».

Дорул ҳарб — уруш диёри — ғайри мусулмонларнинг диёрида қамалда турган одам ҳам қаср ўқийди. Боғийлар — Ислом давлатига қарши чиққан мусулмонлардир. Уларнинг қамалига тушиб қолганлар ҳам намозни қаср қилиб ўқийдилар. Чунки, бу ҳолатда барқарорлик бўлиши мумкин эмас.

Биров бир ерга ўз ҳожатини чиқариш учун кирса, агар ўн беш кун туришни ният қилган бўлса ҳам, намозни қаср ўқийди. Чунки, у ҳожати раво бўлиши билан қайтиб жўнаб қолиши турган гап.

Агар мусофир қаъдаи аввалга ўтириб тўлиқ ўқиса, фарзи тугал бўлади. Аммо яхши қилмаган бўлади.

Чунки, у, Аллоҳ таоло берган имкондан фойдаланмади. Шу билан бирга, у икки ракат қаср намоздан кейин бериладиган саломни кечга сурди.

Зиёда бўлгани нафлга ўтади. Агар қаъдаи аввалга ўтирмаса, фарзи ботил бўлади.

Яъни, кейинги икки ракат унинг учун нафл намоз ўрнига ўтади. Мусофир намозни тўлиқ ўқиганда икки ракатдан кейин ўтирмаган бўлса, ўқиган фарз намози намоз бўлмайди. Бошқа ўқиши лозим.

Қай бир мусофирга муқим вақтли намозда имом бўлса, намозни тўла ўқийди.

Фарз вақтида намоз ўқиётган муқим одамга мусофир иқтидо қилса, у ҳам имомга ўхшаб тўлиқ намоз ўқийверади. Мазкур мусофирнинг фарзи ҳам имомга эргашгани учун тўрт ракатга айланади. Шунинг учун ҳам, агар имом биринчи икки ракатдан кейин ўтирмаса ҳам, намози бўлаверади. Бу ҳукмнинг далили қуйидагича:

Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ибн Умар имом билан ўқиса, тўрт ракат, ўзи ёлғиз ўқиса, икки ракат ўқир эди». Имом Муслим ривоят қилган.

Вақт ўтгандан кейин муқим мусофирга имом бўлмайди.

Агар такбири таҳримани айтишга вақт қолган бўлса ҳам, иқтидо қилса бўлади. Аммо вақт чиқиши билан мусофир муқимга иқтидо қилиши мумкин эмас.

Агар у имом бўлса, анинг иқтидоси ботил бўлади.

Агар вақт ўтгандан кейин муқим мусофирга имом бўлса, мусофирнинг иқтидоси ботил бўлади.

Акси бўлганда, муқим тамомлаб олади.

Яъни, мусофир имом бўлиб муқим муқтадий бўлган-да, имом салом бериши билан муқтадий туриб, қолган икки ракатни ўзи ўқиб, намозини тугал қилади.

Мусофир имом бўлса, қаср қилади ва намозингизни тугатиб олинг, мен мусофирман, деб айтиши мандуб бўлади.

Имом Абу Довуд ва Термизий қилган ривоятда Имрон ибн Ҳусойн розияллоху анҳу куйидагиларни айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазотда бўлдим. Сўнгра у зот билан Фатҳда ҳозир бўлдим. Бас, у зот Маккада ўн саккиз кеча намозни фақат икки ракатдан ўқиб турдилар. Шунда, эй, Макка аҳли, тўрт ракат ўқинглар, биз мусофирмиз, дер эдилар».

Аслий ватанни унинг мисли ботил қилади, сафар эмас.

«Ватани аслий» — «аслий ватан» деганда туғилиб ўсган ва умрининг охиригача яшашни ният қилган ёки ўзига ватан тутиб, умрининг охиригача ўша ерда яшашни ният қилган юрт англанади. Бунда мазкур ерда оила қуриши шарт эмас.

Аввал бир ерда аслий ватани бўлса, кейин бошқа ерга кўчиб бориб, ўша ерни ватан тутса, ўша кейинги аслий ватани аввалгисини ботил қилади. Бошқача қилиб айтганда, кейинги ватанидан аввалгисига сафар қилиб келса, мусофир саналаверади.

Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари мисол. Ул зотнинг ватани аслийлари Макка бўлган. Ҳижратдан кейин эса, Мадина у зотга аслий ватан бўлди. Ҳижратдан кейин Мадинадан Маккага келганларида ватани аслий Мадина ўзининг мисли Маккани ботил қилди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада намозни қаср ўқидилар.

Бу ҳол аввалги ватанда аҳл, жуфти ҳалол, бола, зироат, бирор боғланиш каби нарсалари қолмаган бўлса, тўғри бўлади. Агар мазкур нарсалардан бирортаси бўлса, у ўн беш кундан кўп туришни ният қилмаса ҳам, намозини тўлиқ ўқийверади. Икки ватан унинг учун бир хил ҳукмга эга бўлади.

Сафар аслий ватанни ботил қилмайди. Мусофир аслий ватанига кириши билан муқим бўлиб қолаверади. У намозни дарҳол тўлиқ ўқишга ўтади.

Иқома ватанини унинг мисли, сафар ва аслий ватан ботил қилади.

Иқома ватани — вақтинчалик яшаш макони. Унда мусофирнинг аҳди бўлмайди, ҳамда у бу ерда ўн беш кун ва ундан кўп яшашни ният қилган бўлади.

Ана шундоқ иқома ватанини ўзига ўхшаш бошқа иқома ватани ботил қилади. Яъни, киши эски ватани иқомадан янги ватани иқомага ўтса, эскисига оид ҳамма ҳукмлар ўз кучини йўқотади.

Шунингдек, сафар бошланиши билан ҳам иқома ватанига оид ҳукмлар ўз кучини йўқотади. Чунки, сафар ватани иқомани бузади.

Ватани аслий иқома ватанини бузиши турган гап. Чунки, ватани аслий ватани иқомадан кучлидир.

Сафар ва унинг зидди қазо намозни ўзгартирмайди.

Сафарнинг зидди ҳазардир. «Ҳазар» дегани сафармас ҳолат, ҳозир турган ҳолат, деганидир. Сафар ва ҳазар қазо намозни ўзгартирмаслиги қазо намозни ўқиш пайтининг унинг қандоқ ўқилишига таъсири йўқлигидир.

Мисол учун, биров сафарда қазо намоз ўқимоқчи бўлса, намозни қай ҳолда қазо қилгани эътиборга олинади. Агар ҳазарда қазо қилган бўлса, гарчи унинг қазосини сафарда ўқиётган бўлса ҳам, тўлиқ ўқийди. Сафарда қазо қилинган намозни ҳазарда ўқиётган бўлса ҳам, қаср қилиб ўқийди.

Маъсият сафари рухсатларда бошқаларига ўхшайди.

Чунки, ифтор ва қасрга рухсат берган оят ҳамда ҳадисларда сафарнинг қандоқ бўлиши шарт қилинмаган. Уларда умумий сафар истилоҳи ишлатилган. Аллоҳ таоло «Моида» сурасида:

«Агар бемор ёки сафарда бўлсаларингиз ёхуд бирорталарингиз тоҳаратхонадан келса ёки аёлларга яқинлик қилса-ю, сув топа олмасаларингиз, бас, покиза тупроқ ила таяммум қилинг», деган (б-оят).

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:

«Қачонки ер юзида сафар қилсангиз, сизларга намозни қаср қилишингизда гуноҳ йўқдир», деган (101-оят).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Кифоя” китобидан олинди.

* * *

Savol: Namozni qasr qilib o‘qish shartlari va tartiblari haqida ma’lumot bersangiz. Masalan, uydan 1000 km uzoqlikka borsa, namozni qasr qilib o‘qish shartmi? Agar namoz o‘qish uchun shart-sharoitlari juda yaxshi bo‘lsa ham qasr qilib o‘qish kerakmi? (Anvar)

Javob: Alloh taolo safarda namozni qasr qilib, to‘rt rakatli farz namozlarni ikki rakat qilib o‘qishni shariatga kiritgan. Chunki, safarning o‘ziga yarasha qiyinchiliklari va mashaqqatlari bo‘ladi. Safardagi kishilarga o‘sha mashaqqatlarni kamaytirish uchun Alloh taolo mehribonlik qilib, to‘rt rakatli namozlarning yarmini qisqartirib yengillik bergan.

Bu holat Alloh taoloning dini — Islom osonlik dini ekanini ko‘rsatadi. Shu bilan bir vaqtda, namozning naqadar ahamiyatli ibodat ekanini ham ko‘rsatadi. Alloh taoloning safarga alohida yengil namoz joriy qilishi shunga dalil bo‘lmasa, nimaga dalil bo‘lar edi?!

Musofir namozni qasr qilib o‘qishi Qur’on, Sunnat va Ijmo’ bilan sobit bo‘lgan. Alloh taolo «Niso» surasida:

«Qachonki yer yuzida safar qilsangiz, sizlarga namozni qasr qilishingizda gunoh yo‘kdir», degan (101-oyat).

Ya’lo ibn Umayya roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: «Men Umar ibn Xattobga: «Sizlarga namozni qasr qilishda gunoh yo‘qdir. Agar kufr keltirganlar sizga fitna qilishidan qo‘rqsangiz», deyilgan. Batahqiq, odamlar emin bo‘ldilar?!» - dedim. «Men ham, sen ajablangan narsadan ajablanib, u haqida Rasululloh sollallohu alayhi vasallamdan so‘radim. Ul zot sollallohu alayhi vasallam: «Bu, Alloh taolo sizga qilgan sadaqadir. Bas, Uning sadaqasini qabul qiling», dedilar», - dedi». Beshovlaridan faqat Buxoriy rivoyat qilmagan.

Ulamolar musofir to‘rt rakatli namozni qisqa — ikki rakatli qilib o‘qishiga ijmo’ qilganlar.

Musofir uchun namozni qasr qilishi aziymat bo‘lib, hukmi vojibdir. Uning uchun to‘rt rakatli namozni ikki rakat qilib o‘qish farzdir. Undan ziyoda qilish joiz emas.

«Safar» lug‘atda masofani kesib o‘tish ma’nosini anglatadi. Lekin har bir safar ham shar’iy ahkomlarning o‘zgarishiga sabab bo‘lavermaydi. Buning uchun alohida shartlarni o‘zida mujassam qilgan safar bo‘lishi lozim.

Shuning uchun, shar’iy hukmlari o‘zgaradigan safar qiladigan musofir kimligini bilib olishimiz lozim bo‘ladi.

Shar’iy musofir bo‘lgan odamga esa namozni qasr qilib o‘qishga, ro‘za tutmaslikka ruxsat beriladi. U, mahsiga uch kechayu kunduz mash tortadi hamda Jum’a, iyd namozlari va qurbonlik qilish undan soqit bo‘ladi.

Xo‘sh, o‘sha musofir kim o‘zi? Bu savolga javob quyidagicha.

Musofir o‘z yurtining uylaridan uch kunu uch kechalik masofani qasd qilib ajragan odamdir.

«O‘z yurtlarining uylari» deganda shaharning chetidagi uylar ko‘zda tutiladi. Musofir qaysi yo‘nalishda ketayotgan bo‘lsa, o‘sha tarafdagi oxirgi uydan ajraganda musofirlik boshlanadi. Agar shaharga tutashgan qishloq bo‘lsa, o‘sha qishloqdan o‘tgandan keyin musofirlik boshlanadi.

Anas roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: «Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bilan Madinada Peshinni to‘rt rakat va Asrni Zul Hulayfada ikki rakat o‘qidim». Imom Muslim va Abu Dovud rivoyat qilishgan.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam safarga chiqqan bo‘lsalar ham, Madinadan chiqmaganlari uchun, Peshinni to‘rt rakat o‘qiganlar. Asrda shahardan chiqib Zul Hulayfa degan joyga yetib qolganlari uchun namozni qasr qilib ikki rakat o‘qiganlar.

«Uch kunu uch kechalik masofani qasd qilib» degan gapni ham sharh qilishimiz lozim bo‘ladi. Bunda uch kun yurish uchun, uch kecha dam olish uchun bo‘lishi ko‘zda tutilgan. Bunga dalil quyidagicha:

Xuzayma ibn Sobit roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: «Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam: «Mahsiga mash tortish musofir uchun uch kun, muqim uchun bir kunu bir kecha», — dedilar». Abu Dovud va Termiziy rivoyat qilishgan.

Mana shu hadisdan uch kunlik safarni niyat qilmagan odam shar’iy ma’nodagi musofir bo‘lmasligi kelib chiqadi.

«Masofani qasd qilib» deyilganidan masofani qasd qilmay sodir bo‘lgan safar shar’iy hukmlarga tegishli safar bo‘lmasligini bilib olamiz.

Misol uchun, birov qochib ketgan otini ushlayman deb yo‘lga chiqsa va bir necha kun uning ortidan quvib yursa ham, namozni to‘liq o‘qiydi.

«Uch kunlik masofa»ni bosib o‘tish vaqtidagi kunlarga mo‘‘tadil yurtlardagi eng qisqa kunlar e’tiborga olinadi. Ya’ni, kunduzi juda qisqa yoki juda ham uzun bo‘ladigan yurtlarni emas, o‘rtacha bo‘ladigan yurtlarning kuni olinadi. O‘shanda ham ertalabdan peshingacha yurgani hisob. Qolgani namoz, dam va ovqatlanishga chiqariladi. Agar tez yurib mazkur masofani undan oz vaqtda bosib o‘tadigan bo‘lsa ham, qasr o‘qiydi.

Hanafiy ulamolarning ko‘plari, safar farsaxlar bilan o‘lchanmaydi, deganlar. Boshqa mazhablar, safar masofasi to‘rt barid bo‘lsa, shar’iy safar bo‘ladi va unda namozni qasr o‘qishga ruxsat bo‘ladi, deydilar.

«Barid» masofa birligi bo‘lib, bir barid masofa to‘rt farsaxga, hadisda kelgan to‘rt barid esa, o‘n olti farsaxga to‘g‘ri keladi. Bir farsax 5544 metr, to‘rt farsax esa 22176 metr bo‘ladi. To‘rt barid esa 88704 metr bo‘ladi.

«Barid» lug‘atda «pochta» ma’nosini biddiradi. Ilgari vaqtda Islom o‘lkalarida pochta ishlari ot ila yurib amalga oshirilgan. Shaharlar orasidagi pochtaxonalar ma’lum masofaga qurilgan. Bir barid bilan ikkinchisining orasi to‘rt farsax, ya’ni 22176 metr bo‘lgan. Har pochtaxona — baridda xodimlar otlarini boqib, shay bo‘lib turganlar, avvalgi baridning xodimlari uzoqdan ko‘rinishi bilan yo‘lga tayyor bo‘lib otni minib turganlar. Ular kelib pochtani topshirishi bilan bular ot choptirib olg‘a bosganlar. Birinchi va ikkinchi pochtaxona orasidagi masofa esa, o‘sha vaqtning taomiliga ko‘ra, «barid» deb aytilgan.

Ushbu biz o‘rganayotgan rivoyatga ko‘ra, to‘rt barid, ya’ni, 88 km 704 metr joyga safar qilgan odam musofir hisoblangan.

Hanafiy mazhabi o‘lchoviga ko‘ra, 96 km masofa safar masofasi hisoblangan. Ba’zi ulamolar yuqorida zikr qilingan vaqt va sharoitda piyoda yurib, har qadamini o‘lchab uch kunlik yo‘l 88 km bilan 96 km orasida chiqishiga guvoh bo‘lganlar. Ular tuyaga yuk yuklab, yurgizib ko‘rib ham xuddi shu kabi natijaning guvohi bo‘lganlar.

Va, nihoyat, ikki tarafning uslubi ikki xil bo‘lsa ham, natija bir xil ekan, degan xulosaga kelganlar.

O‘rtacha yurish ila. Tez yurish ham, sekin yurish ham hisob emas.

U quruqlikda tuyaning va piyodaning yurishidir. O‘rtacha yurish bo‘lganda ham, otning yoki boshqa hayvonning emas, tuyaning yurishi hisobidandir. Shuningdek, oddiy piyoda yurishda uch kun yuriladigan safar bo‘lishi kerak.

Dengizda esa, kemaning shamol mo‘‘tadil bo‘lgandagi yurishidir. Mabodo, dengiz safari bo‘ladigan bo‘lsa, o‘sha vaqtdagi shamol kuchi bilan yuradigan kemalarning qattiq shamol turgandagi ham emas, shamolsiz qolgan vaqtdagi ham emas, dengizchilar urfidagi mo‘‘tadil yurishi hisobga olinadi.

Tog‘da esa, o‘ziga munosib yurishdir. Tog‘da yurish o‘ziga xos bo‘ladi. Albatta, unda tekis-likdan yurgandan ko‘ra boshqacha yuriladi. Yana, tog‘ bilan tog‘ o‘rtasida ham farq bor. Shuning uchun, undagi yurish ham o‘ziga munosib ravishda hisoblanadi.

Bas, u to o‘z yurtiga qaytib kirguncha yoki bir shahar yoki qishlokda yoxud ko‘chmanchi bo‘lsa, diyorimizdagi sahroda yarim oy turishni niyat qilguncha, to‘rt rakatli namozni qasr qiladi. Buning dalili quyidagicha:

Umar roziyallohu anhu: «Jum’a namozi ikki rakatdir. Ro‘za hayiti namozi ikki rakatdir. Qurbon hayiti namozi ikki rakatdir. Safar namozi ikki rakatdir, tugaldir, qasr emasdir. Muhammad sollallohu alayhi vasallamning tillaridandir», - dedilar. Nasaiy, Ahmad va Ibn Moja rivoyat qilishgan.

Ibn Umar roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: «Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam bilan Minoda ikki rakat namoz o‘qidim. Abu Bakr va Umar bilan ham. Shuningdek, Usmonning amirligi boshida ham, keyinroq u to‘liq o‘qidi». Ikki Shayx va Nasaiy rivoyat qilishgan.

Hanafiy mazhabiga ko‘ra, bir kishi boshqa bir joyda o‘n besh kun va undan ortiq turmoqni niyat qilsa, namozni to‘liq o‘qiydi, undan oz turmoqni niyat qilsa, qasr o‘qiydi.

Hanafiy mazhabi ulamolari bu hukm uchun buyuk sahobiylar Ibn Abbos va Ibn Umar roziyallohu anhumodan qilingan quyidagi rivoyatni dalil qilib olganlar:

Ibn Abbos va Ibn Umar roziyallohu anhumo: «Musofir o‘laroq bir yurtga kirsang va bu yurtda o‘n besh kun qolishni niyat qilsang, namozni to‘la o‘qi. Agar bu yerdan qachon safarga chiqishingni bilmasang, namozni qasr o‘qi», deyishgan. Tohoviy rivoyat qilgan.

Dorul harbda yoki bog‘iylarning qamalida qolgan bo‘lsa, undoq emas. Unda niyatsiz turishi cho‘zilib ketgan odamga o‘xshaydi.

Birov bir yerda o‘n besh kun yoki undan ortiq turishni niyat qilmagan bo‘lsa, qancha tursa ham, namozni qasr qilib o‘qiydi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Xaybarda yigirma kun turganlarida namozni qasr o‘qiganlar. Ibn Umar va boshqa sahobalarning yo‘lini Ozarboyjonda qor to‘sib qolganda, olti oy qasr namoz o‘qiganlar.

Bayhaqiy «Al-Ma’rifa»da, Navaviy «Ikki Shayx shartiga muvofiq» degan sanad ila rivoyat qiladi: «Ibn Umar roziyallohu anhu: «Ozarboyjondagi g‘azotdaligimizda olti oygacha qor to‘sib qoldi. Namozni qasr o‘qir edik», - dedi».

Dorul harb — urush diyori — g‘ayri musulmonlarning diyorida qamalda turgan odam ham qasr o‘qiydi. Bog‘iylar — Islom davlatiga qarshi chiqqan musulmonlardir. Ularning qamaliga tushib qolganlar ham namozni qasr qilib o‘qiydilar. Chunki, bu holatda barqarorlik bo‘lishi mumkin emas.

Birov bir yerga o‘z hojatini chiqarish uchun kirsa, agar o‘n besh kun turishni niyat qilgan bo‘lsa ham, namozni qasr o‘qiydi. Chunki, u hojati ravo bo‘lishi bilan qaytib jo‘nab qolishi turgan gap.

Agar musofir qa’dai avvalga o‘tirib to‘liq o‘qisa, farzi tugal bo‘ladi. Ammo yaxshi qilmagan bo‘ladi.

Chunki, u, Alloh taolo bergan imkondan foydalanmadi. Shu bilan birga, u ikki rakat qasr namozdan keyin beriladigan salomni kechga surdi.

Ziyoda bo‘lgani naflga o‘tadi. Agar qa’dai avvalga o‘tirmasa, farzi botil bo‘ladi.

Ya’ni, keyingi ikki rakat uning uchun nafl namoz o‘rniga o‘tadi. Musofir namozni to‘liq o‘qiganda ikki rakatdan keyin o‘tirmagan bo‘lsa, o‘qigan farz namozi namoz bo‘lmaydi. Boshqa o‘qishi lozim.

Qay bir musofirga muqim vaqtli namozda imom bo‘lsa, namozni to‘la o‘qiydi.

Farz vaqtida namoz o‘qiyotgan muqim odamga musofir iqtido qilsa, u ham imomga o‘xshab to‘liq namoz o‘qiyveradi. Mazkur musofirning farzi ham imomga ergashgani uchun to‘rt rakatga aylanadi. Shuning uchun ham, agar imom birinchi ikki rakatdan keyin o‘tirmasa ham, namozi bo‘laveradi. Bu hukmning dalili quyidagicha:

Nofe’ roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: «Ibn Umar imom bilan o‘qisa, to‘rt rakat, o‘zi yolg‘iz o‘qisa, ikki rakat o‘qir edi». Imom Muslim rivoyat qilgan.

Vaqt o‘tgandan keyin muqim musofirga imom bo‘lmaydi.

Agar takbiri tahrimani aytishga vaqt qolgan bo‘lsa ham, iqtido qilsa bo‘ladi. Ammo vaqt chiqishi bilan musofir muqimga iqtido qilishi mumkin emas.

Agar u imom bo‘lsa, aning iqtidosi botil bo‘ladi.

Agar vaqt o‘tgandan keyin muqim musofirga imom bo‘lsa, musofirning iqtidosi botil bo‘ladi.

Aksi bo‘lganda, muqim tamomlab oladi.

Ya’ni, musofir imom bo‘lib muqim muqtadiy bo‘lgan-da, imom salom berishi bilan muqtadiy turib, qolgan ikki rakatni o‘zi o‘qib, namozini tugal qiladi.

Musofir imom bo‘lsa, qasr qiladi va namozingizni tugatib oling, men musofirman, deb aytishi mandub bo‘ladi.

Imom Abu Dovud va Termiziy qilgan rivoyatda Imron ibn Husoyn roziyalloxu anhu kuyidagilarni aytadi: «Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bilan g‘azotda bo‘ldim. So‘ngra u zot bilan Fathda hozir bo‘ldim. Bas, u zot Makkada o‘n sakkiz kecha namozni faqat ikki rakatdan o‘qib turdilar. Shunda, ey, Makka ahli, to‘rt rakat o‘qinglar, biz musofirmiz, der edilar».

Asliy vatanni uning misli botil qiladi, safar emas.

«Vatani asliy» — «asliy vatan» deganda tug‘ilib o‘sgan va umrining oxirigacha yashashni niyat qilgan yoki o‘ziga vatan tutib, umrining oxirigacha o‘sha yerda yashashni niyat qilgan yurt anglanadi. Bunda mazkur yerda oila qurishi shart emas.

Avval bir yerda asliy vatani bo‘lsa, keyin boshqa yerga ko‘chib borib, o‘sha yerni vatan tutsa, o‘sha keyingi asliy vatani avvalgisini botil qiladi. Boshqacha qilib aytganda, keyingi vatanidan avvalgisiga safar qilib kelsa, musofir sanalaveradi.

Bunga Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning o‘zlari misol. Ul zotning vatani asliylari Makka bo‘lgan. Hijratdan keyin esa, Madina u zotga asliy vatan bo‘ldi. Hijratdan keyin Madinadan Makkaga kelganlarida vatani asliy Madina o‘zining misli Makkani botil qildi va Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Makkada namozni qasr o‘qidilar.

Bu hol avvalgi vatanda ahl, jufti halol, bola, ziroat, biror bog‘lanish kabi narsalari qolmagan bo‘lsa, to‘g‘ri bo‘ladi. Agar mazkur narsalardan birortasi bo‘lsa, u o‘n besh kundan ko‘p turishni niyat qilmasa ham, namozini to‘liq o‘qiyveradi. Ikki vatan uning uchun bir xil hukmga ega bo‘ladi.

Safar asliy vatanni botil qilmaydi. Musofir asliy vataniga kirishi bilan muqim bo‘lib qolaveradi. U namozni darhol to‘liq o‘qishga o‘tadi.

Iqoma vatanini uning misli, safar va asliy vatan botil qiladi.

Iqoma vatani — vaqtinchalik yashash makoni. Unda musofirning ahdi bo‘lmaydi, hamda u bu yerda o‘n besh kun va undan ko‘p yashashni niyat qilgan bo‘ladi.

Ana shundoq iqoma vatanini o‘ziga o‘xshash boshqa iqoma vatani botil qiladi. Ya’ni, kishi eski vatani iqomadan yangi vatani iqomaga o‘tsa, eskisiga oid hamma hukmlar o‘z kuchini yo‘qotadi.

Shuningdek, safar boshlanishi bilan ham iqoma vataniga oid hukmlar o‘z kuchini yo‘qotadi. Chunki, safar vatani iqomani buzadi.

Vatani asliy iqoma vatanini buzishi turgan gap. Chunki, vatani asliy vatani iqomadan kuchlidir.

Safar va uning ziddi qazo namozni o‘zgartirmaydi.

Safarning ziddi hazardir. «Hazar» degani safarmas holat, hozir turgan holat, deganidir. Safar va hazar qazo namozni o‘zgartirmasligi qazo namozni o‘qish paytining uning qandoq o‘qilishiga ta’siri yo‘qligidir.

Misol uchun, birov safarda qazo namoz o‘qimoqchi bo‘lsa, namozni qay holda qazo qilgani e’tiborga olinadi. Agar hazarda qazo qilgan bo‘lsa, garchi uning qazosini safarda o‘qiyotgan bo‘lsa ham, to‘liq o‘qiydi. Safarda qazo qilingan namozni hazarda o‘qiyotgan bo‘lsa ham, qasr qilib o‘qiydi.

Ma’siyat safari ruxsatlarda boshqalariga o‘xshaydi.

Chunki, iftor va qasrga ruxsat bergan oyat hamda hadislarda safarning qandoq bo‘lishi shart qilinmagan. Ularda umumiy safar istilohi ishlatilgan. Alloh taolo «Moida» surasida:

«Agar bemor yoki safarda bo‘lsalaringiz yoxud birortalaringiz toharatxonadan kelsa yoki ayollarga yaqinlik qilsa-yu, suv topa olmasalaringiz, bas, pokiza tuproq ila tayammum qiling», degan (b-oyat).

Alloh taolo «Niso» surasida:

«Qachonki yer yuzida safar qilsangiz, sizlarga namozni qasr qilishingizda gunoh yo‘qdir», degan (101-oyat).

Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusufning “Kifoya” kitobidan olindi.