Ҳиссиёт тўла орзулар ва турмушдаги ихтилофлар

Рукн: Жамият Чоп этилган: 11.09.2015

Али Тантовий марҳамат қиладилар:

«Агар сен ва биродарларинг эр-хотин орасида ихтилофдан ҳоли бўладиган жуфтлик ҳаётини хоҳлаб турган бўлсалар, бутун умрлари асал ойидек тотли ўтишини истасалар, Ромео ва Жульеттанинг мажлисларидек гўзал ҳаётни орзу қилсалар, Лайли ва Мажнуннинг севгисидек муҳаббатда ҳаёт кечиришликни умид қилиб турган бўлсалар, бу ҳаргиз бўлмайди ва бўлиши ҳам мумкин эмас!

Муҳаббат мажлислари бемаъни гап-сўздан бошқа нарса эмас. Сен унга «севаман!» дейсан, у ҳам сенга «мен ҳам севаман» дейди. Икки жуфт бу гапни қайтаравериб, ҳатто сўзнинг маъноси ҳам қолмай, иккалалари ҳам жим бўлиб қоладилар. Ҳаётнинг ҳаммаси баъзи ёш йигит-қизлар ўйлаганидек «Мен сени севаман!»дан ташкил топиши мумкинми? Агар Мажнун ҳам Лайлига уйлангандан кейин фақатгина «севаман!» деган сўз билан яшаганда эди, 1 ой ўтмай, уларда ҳам жанжал пайдо бўлган бўлар эди. Уч ой ўтиб эса қўни-қўшнилар буларнинг уруш-жанжалларини қулоқлари билан эшитган бўлар эдилар. Бир йил ўтиб эса уларнинг ажралиш ҳақидаги даъволари шаръий маҳкамада кўрилган бўларди.

Агар эр ва хотинлар  гўзал ҳиссиётлар майдони билан ҳаёт кечирамиз деб мақсад қилсалар, бу ҳеч қачон бўлмайди, бўлса ҳам қиссаларда бўлиши мумкин холос. Ҳатто олимнинг ҳам уйи ихтилофдан ҳоли эмас. Ҳатто Ер юзидаги уйларнинг энг саодатлиси Расулуллоҳ с.а.в.нинг уйлари ҳам бу ихтилофдан ҳоли бўлмаган.

Ҳазрати Умар р.а.нинг уйларига бир одам аёлидан шикоят қилиб келади. У одам Ҳазрати Умарнинг хонадонларига келгач, у зотнинг аёллари баланд овозда гапираётгани ва ҳазрати Умарнинг жим турганларини эшитади. Эркакларнинг энг баҳодири Умар р.а.нинг уйидаги ҳолатни кўриб, ҳалиги одам индамай кета бошлади. Ҳазрати Умар чиқиб, ундан нимага келганини сўрадилар. Ҳалиги одам аёлининг хулқи хунуклиги, итоатсизлигидан шикоят қилмоқчилигини, лекин амирал-мўмининнинг ҳам ўзига ўхшашлигини айтди. Ҳазрати Умар бир кулиб қўйдилар-да, шундай дедилар: «Менинг устимдаги кўп ҳақлари туфайли, мен унинг ишларига сабр қиламан».

* * *

Ali Tantoviy marhamat qiladilar:

«Agar sen va birodarlaring er-xotin orasida ixtilofdan holi bo‘ladigan juftlik hayotini xohlab turgan bo‘lsalar, butun umrlari asal oyidek totli o‘tishini istasalar, Romeo va Julettaning majlislaridek go‘zal hayotni orzu qilsalar, Layli va Majnunning sevgisidek muhabbatda hayot kechirishlikni umid qilib turgan bo‘lsalar, bu hargiz bo‘lmaydi va bo‘lishi ham mumkin emas!

Muhabbat majlislari bema’ni gap-so‘zdan boshqa narsa emas. Sen unga «sevaman!» deysan, u ham senga «men ham sevaman» deydi. Ikki juft bu gapni qaytaraverib, hatto so‘zning ma’nosi ham qolmay, ikkalalari ham jim bo‘lib qoladilar. Hayotning hammasi ba’zi yosh yigit-qizlar o‘ylaganidek «Men seni sevaman!»dan tashkil topishi mumkinmi? Agar Majnun ham Layliga uylangandan keyin faqatgina «sevaman!» degan so‘z bilan yashaganda edi, 1 oy o‘tmay, ularda ham janjal paydo bo‘lgan bo‘lar edi. Uch oy o‘tib esa qo‘ni-qo‘shnilar bularning urush-janjallarini quloqlari bilan eshitgan bo‘lar edilar. Bir yil o‘tib esa ularning ajralish haqidagi da’volari shar’iy mahkamada ko‘rilgan bo‘lardi.

Agar er va xotinlar  go‘zal hissiyotlar maydoni bilan hayot kechiramiz deb maqsad qilsalar, bu hech qachon bo‘lmaydi, bo‘lsa ham qissalarda bo‘lishi mumkin xolos. Hatto olimning ham uyi ixtilofdan holi emas. Hatto Yer yuzidagi uylarning eng saodatlisi Rasululloh s.a.v.ning uylari ham bu ixtilofdan holi bo‘lmagan.

Hazrati Umar r.a.ning uylariga bir odam ayolidan shikoyat qilib keladi. U odam Hazrati Umarning xonadonlariga kelgach, u zotning ayollari baland ovozda gapirayotgani va hazrati Umarning jim turganlarini eshitadi. Erkaklarning eng bahodiri Umar r.a.ning uyidagi holatni ko‘rib, haligi odam indamay keta boshladi. Hazrati Umar chiqib, undan nimaga kelganini so‘radilar. Haligi odam ayolining xulqi xunukligi, itoatsizligidan shikoyat qilmoqchiligini, lekin amiral-mo‘mininning ham o‘ziga o‘xshashligini aytdi. Hazrati Umar bir kulib qo‘ydilar-da, shunday dedilar: «Mening ustimdagi ko‘p haqlari tufayli, men uning ishlariga sabr qilaman».