Ҳайвонот оламига муносабат

Рукн: Жамият Чоп этилган: 10.12.2014

Динимиз меҳр-шафқат дини. Одам тугул ҳайвонларга ҳам мулойим муносабатга чақиради. Қуръони каримда Аллоҳ таоло ҳайвонот оламини нима учун яратгани, уларга қандай муносабатда бўлиш лозимлигини ўргатиш билан бирга, ҳайвонот оламидан қандай фойдаланиш ҳақида ҳам таълим беради: "Ердаги бирор жонивор ва бирор икки қаноти билан учадиган парранда йўқки, (улар ҳам) сизлар каби умматлар бўлмасалар..." (Анъом, 38). Яъни, сизлар қандай уммат бўлсаларинг, улар ҳам ўзларига хос умматдир. Шундай экан, уларни бекорга ўлдириш, зулм қилиш, қийноққа солиш асло мумкин эмас.

Аслида, ҳайвонлар ҳам борлиқдаги барча нарса каби ибрат учун, қолаверса, инсонларга манфаат учун яратилган. "Албатта, сизлар учун чорва молларида ҳам ибрат бордир: сизларга уларнинг қорнидаги нарса (сути)дан ичирурмиз, яна сизлар учун уларда кўп фойдалар бордир, шунингдек, улар(нинг гўшт-ёғлари)дан ейсизлар. Яна, (қуруқликда) уларга ва (денгизларда) кемаларга миниб юрасизлар" (Мўминун, 21–22). Ҳайвонот олами инсон манфаати учун яратилганини улардан хоҳлаганча фойдаланиш мумкин деб тушунмаслик керак. Динимиз бу борада ҳам адолатли ўлчовларни белгилаб қўйган. Яъни: ҳайвонот оламидан тўғри фойдаланиш; маҳсулотларидан эҳтиёжга кўра манфаат олиш; зарурат бўлганидагина ов қилиш ва ҳоказо. Аммо зинҳор ҳеч бир парранда ёки ҳайвон сабабсиз ўлдирилмайди, ини, уяси бузилмайди, уларга озор берилмайди. Ҳадиси шарифда: «Бирон киши чумчуқни сабабсиз ўлдирса, қиёмат куни Аллоҳга: "Эй Парвардигорим, бу киши мени ноҳақ ўлдирди, бундан унга ҳеч қандай фойда йўқ эди", деб шикоят қилади», де­йилган (Имом Насаий ривояти).

Ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юзига тамға босилган бир эшак ёнидан ўтатуриб: "Ким бу ишни қилган бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, мен бундай ишни ман қилган эдим-ку!" дедилар» (Имом Муслим). Демак, ҳайвонларга белги қўйиш масаласида ҳам эҳтиёт бўлиш зарур. Тамға юзига босилмайди, қулоғининг катта қисми кесиб ташланмайди, думи бекорга кесиб олинмайди. Агар ҳайвон одамларнинг экинига зарар етказса, унинг зарари ҳайвон эгасидан ундирилади.

Ҳайвонларга нисбатан меҳр-шафқатли бўлиш инсоннинг охиратда ҳам баланд даражаларга эришишига сабаб бўлади. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Бир киши йўлда кетаётиб қаттиқ ташна бўлди. Йўлида бир қудуқ кўриниб қолди-да, унинг ичига тушиб сувидан ичди. Қудуқдан қайтиб чиққан вақтида бир ит ташналигидан ҳансираб, ҳўл тупроқ ялаётганини кўрди. Бу бечора ҳам менга ўхшаб чанқабди, деб ўйлади ва қайта қудуққа тушиб, маҳсисига сувдан тўлдириб чиқиб итга ичирди. У кишининг қилган иши Аллоҳ таолога хуш келиб, гуноҳини кечди", дедилар. Шунда саҳобийлар: "Ё Расулуллоҳ! Ҳайвонларга қилган яхшилигимиз учун ҳам бизларга савоб бўладими?" деб сўрашди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ҳа, ҳар бир жонлида шундай ажр бор", деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий).

Аксинча, ким ҳайвонларга жабр-зулм ўтказса, азоб берса, бундай одамни охиратда қаттиқ жазо ва уқубат кутади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Бир хотин урғочи мушукни очликда сақлаб ўлдиргани учун дўзахга тушди. Худо билсин, бу мушукни қамаб қўйганингда на таом ва на сув бермадинг ёки ердаги ҳашаротлардан тутиб емоғи учун ўз ҳолига қўймадинг, деб азобланса керак", деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳайвонларга улардан кўриладиган манфаатдангина келиб чиқиб меҳр-шафқатли бўлинмайди. Инсон бутун борлиққа шафқат билан муносабатда бўлишга буюрилгандир. Табиатга яхши муносабатда бўлиш билан динимиз қоидаларига, одамийлик талабларига риоя қилган бўламиз. Барча савобли амаллар қаторида, бу ишимиз учун ажру савобларга эришамиз, иншааллоҳ.

Хайрулло Турматов,

Ангрен шаҳар бош имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2012 йил 1-сонидан олинди.

* * *

Dinimiz mehr-shafqat dini. Odam tugul hayvonlarga ham muloyim munosabatga chaqiradi. Qur’oni karimda Alloh taolo hayvonot olamini nima uchun yaratgani, ularga qanday munosabatda bo‘lish lozimligini o‘rgatish bilan birga, hayvonot olamidan qanday foydalanish haqida ham ta’lim beradi: "Yerdagi biror jonivor va biror ikki qanoti bilan uchadigan parranda yo‘qki, (ular ham) sizlar kabi ummatlar bo‘lmasalar..." (An’om, 38). Ya’ni, sizlar qanday ummat bo‘lsalaring, ular ham o‘zlariga xos ummatdir. Shunday ekan, ularni bekorga o‘ldirish, zulm qilish, qiynoqqa solish aslo mumkin emas.

Aslida, hayvonlar ham borliqdagi barcha narsa kabi ibrat uchun, qolaversa, insonlarga manfaat uchun yaratilgan. "Albatta, sizlar uchun chorva mollarida ham ibrat bordir: sizlarga ularning qornidagi narsa (suti)dan ichirurmiz, yana sizlar uchun ularda ko‘p foydalar bordir, shuningdek, ular(ning go‘sht-yog‘lari)dan yeysizlar. Yana, (quruqlikda) ularga va (dengizlarda) kemalarga minib yurasizlar" (Mo‘minun, 21–22). Hayvonot olami inson manfaati uchun yaratilganini ulardan xohlagancha foydalanish mumkin deb tushunmaslik kerak. Dinimiz bu borada ham adolatli o‘lchovlarni belgilab qo‘ygan. Ya’ni: hayvonot olamidan to‘g‘ri foydalanish; mahsulotlaridan ehtiyojga ko‘ra manfaat olish; zarurat bo‘lganidagina ov qilish va hokazo. Ammo zinhor hech bir parranda yoki hayvon sababsiz o‘ldirilmaydi, ini, uyasi buzilmaydi, ularga ozor berilmaydi. Hadisi sharifda: «Biron kishi chumchuqni sababsiz o‘ldirsa, qiyomat kuni Allohga: "Ey Parvardigorim, bu kishi meni nohaq o‘ldirdi, bundan unga hech qanday foyda yo‘q edi", deb shikoyat qiladi», de­yilgan (Imom Nasaiy rivoyati).

Ibn Abbosdan (roziyallohu anhu) rivoyat qilinadi: «Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam) yuziga tamg‘a bosilgan bir eshak yonidan o‘taturib: "Kim bu ishni qilgan bo‘lsa, unga Allohning la’nati bo‘lsin, men bunday ishni man qilgan edim-ku!" dedilar» (Imom Muslim). Demak, hayvonlarga belgi qo‘yish masalasida ham ehtiyot bo‘lish zarur. Tamg‘a yuziga bosilmaydi, qulog‘ining katta qismi kesib tashlanmaydi, dumi bekorga kesib olinmaydi. Agar hayvon odamlarning ekiniga zarar yetkazsa, uning zarari hayvon egasidan undiriladi.

Hayvonlarga nisbatan mehr-shafqatli bo‘lish insonning oxiratda ham baland darajalarga erishishiga sabab bo‘ladi. Abu Hurayradan (roziyallohu anhu) rivoyat qilinadi: «Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam): "Bir kishi yo‘lda ketayotib qattiq tashna bo‘ldi. Yo‘lida bir quduq ko‘rinib qoldi-da, uning ichiga tushib suvidan ichdi. Quduqdan qaytib chiqqan vaqtida bir it tashnaligidan hansirab, ho‘l tuproq yalayotganini ko‘rdi. Bu bechora ham menga o‘xshab chanqabdi, deb o‘yladi va qayta quduqqa tushib, mahsisiga suvdan to‘ldirib chiqib itga ichirdi. U kishining qilgan ishi Alloh taologa xush kelib, gunohini kechdi", dedilar. Shunda sahobiylar: "Yo Rasululloh! Hayvonlarga qilgan yaxshiligimiz uchun ham bizlarga savob bo‘ladimi?" deb so‘rashdi. Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam): "Ha, har bir jonlida shunday ajr bor", deb javob berdilar» (Imom Buxoriy).

Aksincha, kim hayvonlarga jabr-zulm o‘tkazsa, azob bersa, bunday odamni oxiratda qattiq jazo va uqubat kutadi. Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam): "Bir xotin urg‘ochi mushukni ochlikda saqlab o‘ldirgani uchun do‘zaxga tushdi. Xudo bilsin, bu mushukni qamab qo‘yganingda na taom va na suv bermading yoki yerdagi hasharotlardan tutib yemog‘i uchun o‘z holiga qo‘ymading, deb azoblansa kerak", deb marhamat qilganlar (Imom Buxoriy rivoyati).

Hayvonlarga ulardan ko‘riladigan manfaatdangina kelib chiqib mehr-shafqatli bo‘linmaydi. Inson butun borliqqa shafqat bilan munosabatda bo‘lishga buyurilgandir. Tabiatga yaxshi munosabatda bo‘lish bilan dinimiz qoidalariga, odamiylik talablariga rioya qilgan bo‘lamiz. Barcha savobli amallar qatorida, bu ishimiz uchun ajru savoblarga erishamiz, inshaalloh.

Xayrullo Turmatov,

Angren shahar bosh imom-xatibi

“Islom nuri” gazetasining 2012 yil 1-sonidan olindi.