Одамийлик кўрки ёхуд саломлашиш хусусида

Рукн: Жамият Чоп этилган: 07.09.2011

Атрофдаги кишиларга мутлақо эътибор бермай, ўзларининг бачкана қилиқларидан уялмай бир-бирини чўлп-чўлп ўпаётган кишиларни кўп кўрганмиз. Қизиқ, халқимизнинг урф-одатларида бундай саломлашиш тарзи аввалдан бормиди ёки маданий савияси кундан-кунга "ортиб" бораётган айрим замондошларимизнинг ўзлари бу одатни "кашф" этишдими?
Бу саволлар кишини ўйлашга мажбур этади. Айни масалада мулоҳаза юритган сайин саломлашиш билан боғлиқ нохуш ҳаракатлар бирин-кетин бўй кўрсата бошлайди. Буни қарангки, саломлашиш фақат ўпишишдан иборат эмас экан...
Саломлашиш дунёдаги деярли барча халқларга хос одат, саломлашмайдиган халқ йўқ ҳисоби. Салом турли тилларда турлича талаффуз қилинади. Масалан, мусулмон аҳли учун "ассалому алайкум" (сизга тинчлик тилайман) ибораси саломлашиш ифодаси ҳисобланса, ҳиндларда "намасте" (бош омон бўлса, ҳамиша биргамиз), хитойликларда "чифан-ля-ма" (сен бугун овқатландингми?), франсузларда "бонжур" (хайрли кун тилайман), инглизларда "гуд монинг" (хайрли кун тилайман), русларда "здраствуй" (саломатлик тилайман), италянларда "Чао" (яхшимисиз), дея саломлашилади.
Агар эътибор берган бўлсангиз, ушбу саломлашувларнинг барчаси мазмунан ҳîл сўрашиш, яхши тилак тилашни англатади. Демак-ки, саломлашиш эзгу одатлар сирасидандир. Саломлашишнинг сўз орқали ифодаланмайдиган усуллари ҳам учрайди. Масалан, баъзи бир халқларда имо-ишоралар орқали ҳам салом берилади. Хусусан, афғонларнинг ўнг қўлини пешонасига текизиб, таъзим қилишини, айрим оврўпаликларнинг бош кийимини ечиб, қайта кийишини, тибетликларнинг бир-бирига тилини чиқариб тиржайиб қўйиши-ю бош ирғаб қўйишларини мисол тариқасида келтириш мумкин.
Саломлашиш фақат ҳол-аҳвол сўрашишни эмас, балки кишиларнинг психологиясини ҳам акс эттиради. Эътибор берганмисиз, кимдир қўл учида, яна кимдир қўш-қўллаб, бошқаси эса қўлни қоринга қўйиб саломлашади. Бундай кўришишларнинг яна кўплаб "йўл-йўриқ"ларини келтириб ўтиш мумкин. Албатта, қўл учида кўришган кишининг ўзига бино қўйганини пайқаш қийин эмас, зеро, унинг бу ҳаракати кўришаётган биродарини ўзича менсимаётганини билдирса, қўш-қўллаб кўришаётган одамнинг хатти-ҳаракатларидан сўрашаётган кишини қаттиқ ҳурмат қилишини англаб оламиз.
Eнди саломлашишда талаффузнинг ўрни ҳақида мулоҳаза қилиб кўрайлик.

"Ассом алайкум"ми, "ассалому алайкум"?

Ўзбек халқи, умуман, мусулмон олами учун беш вақтли ибодатдан ташқари, саломлашиш ҳам умумий бўлиб, бир хил - "ассалому алайкум" калимасидан иборатлигини ҳар бир киши яхши билади. Бу арабча калима "сизга тинчлик тилайман", деган маънони англатади. Аммо уни ҳар ким ҳар хил тарзда талаффуз қилади. Масалан: ассалом, саломалайкум, салом, ассом алайкум ва ҳоказо. Ассалом, салом, саломалайкум деганда сўзлар талафузига бироз путур етказса-да, асосий маъно бузилмайди. Аммо "ассом алайкум" деганда саломлашишнинг туб маъносига зид мазмун юзага келади. "Ассом алайкум" сўзи "сизга ҳалокат тилайман" деган маънони ифодалаб, ёмон ният ёки қарғиш маъносини касб этади. Демак, баъзи ёшларимиз томонидан талаффуз этилаётган бундай саломлашиш салбий мазмунга эгалигини уларга тушунтириш фойдадан холи эмас.
Урва (ибн аз-Зубайр) Оиша онамиздан бундай деб эшитган эрканлар: "Бир тўда яҳудийлар Жаноб Расулуллоҳнинг ҳузурларига кириб келиб: "Ассому алайка!" - деб айтишди. Мен уларнинг гапини дарҳол фаҳмлаб: "Алайкумумс-сому вал-лаъна!" - дедим. Жаноб Расулуллоҳ: "Ошиқмағил, ё Оиша, Оллоҳ таоло барча ишларда мулойимликни хуш кўрғайдир!" - дедилар. Мен: "Ё Расулуллоҳ, уларнинг нима деганини эшитмадингизми?" - дедим. Жаноб Расулуллоҳ: "Ва алайкум, деб айтдим-ку!" - дедилар. ("Ассому алайка!" - "Сенга ўлим!" дегани).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу бундай деб ривоят қиладилар: "Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам: "Башарти яҳудийлар сизга салом берсаю, улардан бири: "Ассому алайка!" -деб қолса, сиз ҳам: "Ва алайка!" - деб алик олингиз!" - дедилар". Анас ибн Молик разияллоҳу ривоят қиладилар: "Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аҳл ул-китоб сизга салом берса, "Ва алайкум!" - деб алик олингиз!" - дедилар". (Ал жоме ас саҳиҳ. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал Бухорий 22-боб.)
Зийрак ўқувчи бу ҳадиснинг маъносини илғаб îлган бўлса керак. Шундай экан, саломлашганда талаффузнинг тўғрилигига аҳамият бериш зарур.

Қўл бериб сўрашиш қоидалари

Оғзаки сўз орқали ифодаланган саломлашишдан сўнг аксарият кишилар қўл бериб кўришишади. Қўл бериб кўришиш одамлар орасида ибтидоий даврда даврдаёқ одат тусига кирган ва ҳозирда халқаро саломлашишнинг расмий шакли ҳисобланади. Қўл бериб сўрашишнинг пайдо бўлишини этнограф ва археологлар қуйидагича изоҳлашади. Ибтидоий одамлар бир-бирига дуч келганда, "Мен сени ўлдирмоқчи эмасман, қара, қўлимда тош йўқ" деган маънода бир-бирларининг қўлларини ушлаб қўйишаркан. Демак, қўл бериб саломлашиш жуда қадимдан қолган ва дунё аҳлига хос одатга айланиб кетган.
Аммо динимиз ҳамда миллатимиз турмушида аёллар билан эркакларнинг қўл бериб кўришишлари удумга айланмаган. Бироқ собиқ иттифоқ даврида "еркаклар ва аёлларнинг тенглиги" шиори остида айрим удумлар унутилди ва айрим одатлар пайдо бўлди -жинсидан қатъи назар, қўл бериб кўришиш урфга айлана борди.
Асрлар оша инсонларни ҳидоят сари етаклаган муқаддас динимиз ва шариатимиз эркак билан аёлнинг қўл бериб сўрашишини инкор этади. Бироқ эркак билан эркак кишининг қўл бериб кўришиши ман этилмаган, аёлларнинг ҳам бир-бири билан қўл бериб сўрашиши жоиз амаллар сирасига киради. Қўл бериб, сўрашишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари мавжуд бўлиб, бу қоидалар зиёли аждодларимиз томонидан тартибга солинган инсон ахлоқининг энг олий намунасидир.
Ҳеч қачон ёши кичик йигит ёки бола ўзидан каттага салом берганда биринчи бўлиб қўл узатмайди. Албатта, бу қоидада ҳам ўзига хос ҳикмат мавжуд. Я∋ ёш йигит ўзидан каттага қўл узатса-ю аммо ёши улуғ киши қўл беришни лозим топмаса ёхуд кексалиги сабаб қўл узатишга ҳаялласа бундай ҳолда ноқулай вазият содир бўлади. Демак, қўл бериб сўрашишда ҳам ўзига хос меъёрларга эътибор бериш лозим.
Булар қуйидагилар:
-еркак киши билан эркак киши қўл бериб сўрашганда аввал ёши улуғи қўл узатади. Агар ёши улуғи қўл узатмаса ёши кичиги қўл узатишдан тийилиб туради.
-аёллар ҳам ўз тоифаси билан қўл бериб сўрашишлари мумкин.
-бегона эркаклар билан аёлларнинг қўл бериб сўрашишлари ножоиздир.

Хунук қилиқлар

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларига доир хроника лавҳаларини кузатган бўлсангиз, собиқ иттифоқнинг юқори лавозимдаги корчалонлари бир-бирлари билан қучоқлашиб, ўпишиб кўришишганига кўзингиз тушгандир. Бу қилиқ ўша давр одамлари учун оддий ҳол бўлиб, раҳбарлар, партия ташкилотларида одат тусини олган экан. "Олган экан", деб ўтган замон феълида ёзаётганимизнинг боиси шундаки, бизнинг ўзимиз ҳам у замонни ва ўша одатларни кўрмаганмиз. Юқорида ёзганларимиз эса, собиқ тузумни кўрган, унинг одатларию анъаналаридан яхши хабардор бўлган кексаларимиздан эшитганларимиз. Уларнинг айтишларича, ошкоралик даврига келиб раҳбарларнинг бу тарзда кўришишлари "партийная эротика" деган тамға отида танқидга учраган экан. Чунки бу ҳолдан чет элликлар кулган, аслида ҳам бу ғайриахлоқий ҳаракат саломлашиш одоби доирасидан чиқиб кетган иллат эди.
Аммо ўпишиб кўришиш касали шу билан барҳам топгани йўқ, балки у жамиятда ўхшамаган бир ортиқча, хунук қилиқ сифатида ҳануз учраб туради. Кўча-кўйда, жамоат жойларида бир-бирлари билан ўпишиб кўришаётганларга кўзингиз тушгандир. Тўғри, уларнинг аксарият қисми овропаликлар, аммо улар орасида миллатимиз вакиллари ҳам учрайди. Умуман олганда, эркак билан эркакнинг, аёл билан аёлнинг ёхуд икки жинснинг бир-бирлари билан ўпишиб кўришишлари миллатимиз маънавиятига тўғри келмаслиги ҳåч кимга сир бўлмаса керак. Лекин бу ҳолнинг кундан-кунга кенг тарқалаётганини афсус билан таъкидлашдан бошқа илож йўқ. Динимизда эркак билан эркакнинг ўпишиши макруҳ ҳисобланади. Уламолар узоқ сафардан келган эр кишиларнинг бир-бирлари билан ўпишиб кўришишларини дуруст санайди. Бироқ ҳар куни бир-бирини кўриб турувчи йигитларнинг бир-бири билан ўпишиб кўришишларини қандай тушуниш мумкин?
Ёшларимиз ўзларича фазилат санаётган бу ҳолатнинг на этика, на гигиена қоидаларига тўғри келмайдиган иллат эканлигини билишармикан?

Хулоса

Ҳар бир халқнинг ўзига хос урф-одати, анъаналари, маросимлари бор. Буларнинг барчаси турли халқлар томонидан яратилган ноёб маданият âа ахлоқ дурдоналари, дейиш мумкин. Бироқ замон ва турли даврлар ҳамда турли тузумлар туфайли бу одат ва анъаналар бир-бирлари билан қоришиб кетган вақтлар ҳам бўлган.
Бугун, айниқса, ёшларимиз орасида кўп кузатилаётган ўпишиб кўришиш одатини Европа маданиятига хос ва қисман собиқ тузум сарқити, деб қарасак нотўғри бўлмаса керак. Бундан ташқари, саломлашиш шарт бўлмаган ҳолатлар ҳам борки, буни билиш ҳар бир маданиятли, эсли-ҳушли кишининг бурчи ҳисобланади. Бундай ҳолат овқатланаётган одамларга нисбатан ва улфатларнинг суҳбати қизиб турган, жамоат жойларга кеч қолган киши, ёши улуғ одам ва эркак киши томонидан саломга қўл чўзилмаган ҳолатга тааллуқли.
Фалсафа фанлари номзоди Карим Маҳмудов, ўзининг "Меҳмоннома" номли китобидаги кириш сўзида "Саломлашиш, сўрашиш, кўришиш инсонга хос бўлган ажойиб фазилат, одамийликнинг кўрки, асрлар давомида таркиб топган ва кишиларнинг ўзаро алоқаларидаги тамойилларни ҳамда ахлоқий қиёфаларидаги меъёрларни ифодалайдиган белги ҳисобланади", деб ёзади.
Демак, ҳар биримиз одамийлик кўркига муносиб бўлмоғимиз, уни турли ёт қилиқлар билан аралаштириб хира торттирмаслигимиз лозим.

Абдулҳамид Мухторов

* * *

Atrofdagi kishilarga mutlaqo e’tibor bermay, o‘zlarining bachkana qiliqlaridan uyalmay bir-birini cho‘lp-cho‘lp o‘payotgan kishilarni ko‘p ko‘rganmiz. Qiziq, xalqimizning urf-odatlarida bunday salomlashish tarzi avvaldan bormidi yoki madaniy saviyasi kundan-kunga "ortib" borayotgan ayrim zamondoshlarimizning o‘zlari bu odatni "kashf" etishdimi?
Bu savollar kishini o‘ylashga majbur etadi. Ayni masalada mulohaza yuritgan sayin salomlashish bilan bog‘liq noxush harakatlar birin-ketin bo‘y ko‘rsata boshlaydi. Buni qarangki, salomlashish faqat o‘pishishdan iborat emas ekan...
Salomlashish dunyodagi deyarli barcha xalqlarga xos odat, salomlashmaydigan xalq yo‘q hisobi. Salom turli tillarda turlicha talaffuz qilinadi. Masalan, musulmon ahli uchun "assalomu alaykum" (sizga tinchlik tilayman) iborasi salomlashish ifodasi hisoblansa, hindlarda "namaste" (bosh omon bo‘lsa, hamisha birgamiz), xitoyliklarda "chifan-lya-ma" (sen bugun ovqatlandingmi?), fransuzlarda "bonjur" (xayrli kun tilayman), inglizlarda "gud moning" (xayrli kun tilayman), ruslarda "zdrastvuy" (salomatlik tilayman), italyanlarda "Chao" (yaxshimisiz), deya salomlashiladi.
Agar e’tibor bergan bo‘lsangiz, ushbu salomlashuvlarning barchasi mazmunan hîl so‘rashish, yaxshi tilak tilashni anglatadi. Demak-ki, salomlashish ezgu odatlar sirasidandir. Salomlashishning so‘z orqali ifodalanmaydigan usullari ham uchraydi. Masalan, ba’zi bir xalqlarda imo-ishoralar orqali ham salom beriladi. Xususan, afg‘onlarning o‘ng qo‘lini peshonasiga tekizib, ta’zim qilishini, ayrim ovro‘paliklarning bosh kiyimini yechib, qayta kiyishini, tibetliklarning bir-biriga tilini chiqarib tirjayib qo‘yishi-yu bosh irg‘ab qo‘yishlarini misol tariqasida keltirish mumkin.
Salomlashish faqat hol-ahvol so‘rashishni emas, balki kishilarning psixologiyasini ham aks ettiradi. E’tibor berganmisiz, kimdir qo‘l uchida, yana kimdir qo‘sh-qo‘llab, boshqasi esa qo‘lni qoringa qo‘yib salomlashadi. Bunday ko‘rishishlarning yana ko‘plab "yo‘l-yo‘riq"larini keltirib o‘tish mumkin. Albatta, qo‘l uchida ko‘rishgan kishining o’ziga bino qo‘yganini payqash qiyin emas, zero, uning bu harakati ko‘rishayotgan birodarini o‘zicha mensimayotganini bildirsa, qo‘sh-qo‘llab ko‘rishayotgan odamning xatti-harakatlaridan so‘rashayotgan kishini qattiq hurmat qilishini anglab olamiz.
Endi salomlashishda talaffuzning o‘rni haqida mulohaza qilib ko‘raylik.

"Assom alaykum"mi, "assalomu alaykum"?

O‘zbek xalqi, umuman, musulmon olami uchun besh vaqtli ibodatdan tashqari, salomlashish ham umumiy bo‘lib, bir xil - "assalomu alaykum" kalimasidan iboratligini har bir kishi yaxshi biladi. Bu arabcha kalima "sizga tinchlik tilayman", degan ma’noni anglatadi. Ammo uni har kim har xil tarzda talaffuz qiladi. Masalan: assalom, salomalaykum, salom, assom alaykum va hokazo. Assalom, salom, salomalaykum deganda so‘zlar talafuziga biroz putur yetkazsa-da, asosiy ma’no buzilmaydi. Ammo "assom alaykum" deganda salomlashishning tub ma’nosiga zid mazmun yuzaga keladi. "Assom alaykum" so‘zi "sizga halokat tilayman" degan ma’noni ifodalab, yomon niyat yoki qarg‘ish ma’nosini kasb etadi. Demak, ba’zi yoshlarimiz tomonidan talaffuz etilayotgan bunday salomlashish salbiy mazmunga egaligini ularga tushuntirish foydadan xoli emas.
Urva (ibn az-Zubayr) Oisha onamizdan bunday deb eshitgan erkanlar: "Bir to‘da yahudiylar Janob Rasulullohning huzurlariga kirib kelib: "Assomu alayka!" - deb aytishdi. Men ularning gapini darhol fahmlab: "Alaykumums-somu val-la’na!" - dedim. Janob Rasululloh: "Oshiqmag‘il, yo Oisha, Olloh taolo barcha ishlarda muloyimlikni xush ko‘rg‘aydir!" - dedilar. Men: "Yo Rasululloh, ularning nima deganini eshitmadingizmi?" - dedim. Janob Rasululloh: "Va alaykum, deb aytdim-ku!" - dedilar. ("Assomu alayka!" - "Senga o‘lim!" degani).
Abdulloh ibn Umar raziyallohu anhu bunday deb rivoyat qiladilar: "Rasululloh sallolohu alayhi va sallam: "Basharti yahudiylar sizga salom bersayu, ulardan biri: "Assomu alayka!" -deb qolsa, siz ham: "Va alayka!" - deb alik olingiz!" - dedilar". Anas ibn Molik raziyallohu rivoyat qiladilar: "Nabiy sallallohu alayhi va sallam: "Ahl ul-kitob sizga salom bersa, "Va alaykum!" - deb alik olingiz!" - dedilar". (Al jome as sahih. Abu Abdulloh Muhammad ibn Ismoil al Buxoriy 22-bob.)
Ziyrak o‘quvchi bu hadisning ma’nosini ilg‘ab îlgan bo‘lsa kerak. Shunday ekan, salomlashganda talaffuzning to‘g‘riligiga ahamiyat berish zarur.

Qo‘l berib so‘rashish qoidalari

Og‘zaki so‘z orqali ifodalangan salomlashishdan so‘ng aksariyat kishilar qo‘l berib ko‘rishishadi. Qo‘l berib ko‘rishish odamlar orasida ibtidoiy davrda davrdayoq odat tusiga kirgan va hozirda xalqaro salomlashishning rasmiy shakli hisoblanadi. Qo‘l berib so‘rashishning paydo bo‘lishini etnograf va arxeologlar quyidagicha izohlashadi. Ibtidoiy odamlar bir-biriga duch kelganda, "Men seni o‘ldirmoqchi emasman, qara, qo‘limda tosh yo‘q" degan ma’noda bir-birlarining qo‘llarini ushlab qo‘yisharkan. Demak, qo’l berib salomlashish juda qadimdan qolgan va dunyo ahliga xos odatga aylanib ketgan.
Ammo dinimiz hamda millatimiz turmushida ayollar bilan erkaklarning qo‘l berib ko‘rishishlari udumga aylanmagan. Biroq sobiq ittifoq davrida "erkaklar va ayollarning tengligi" shiori ostida ayrim udumlar unutildi va ayrim odatlar paydo bo‘ldi -jinsidan qat’i nazar, qo‘l berib ko‘rishish urfga aylana bordi.
Asrlar osha insonlarni hidoyat sari yetaklagan muqaddas dinimiz va shariatimiz erkak bilan ayolning qo‘l berib so‘rashishini inkor etadi. Biroq erkak bilan erkak kishining qo‘l berib ko‘rishishi man etilmagan, ayollarning ham bir-biri bilan qo‘l berib so‘rashishi joiz amallar sirasiga kiradi. Qo‘l berib, so‘rashishning o‘ziga xos tartib-qoidalari mavjud bo‘lib, bu qoidalar ziyoli ajdodlarimiz tomonidan tartibga solingan inson axloqining eng oliy namunasidir.
Hech qachon yoshi kichik yigit yoki bola o‘zidan kattaga salom berganda birinchi bo‘lib qo‘l uzatmaydi. Albatta, bu qoidada ham o‘ziga xos hikmat mavjud. Ya∋ yosh yigit o‘zidan kattaga qo‘l uzatsa-yu ammo yoshi ulug‘ kishi qo‘l berishni lozim topmasa yoxud keksaligi sabab qo‘l uzatishga hayallasa bunday holda noqulay vaziyat sodir bo‘ladi. Demak, qo‘l berib so‘rashishda ham o‘ziga xos me’yorlarga e’tibor berish lozim.
Bular quyidagilar:
-erkak kishi bilan erkak kishi qo‘l berib so‘rashganda avval yoshi ulug‘i qo‘l uzatadi. Agar yoshi ulug‘i qo‘l uzatmasa yoshi kichigi qo‘l uzatishdan tiyilib turadi.
-ayollar ham o‘z toifasi bilan qo‘l berib so‘rashishlari mumkin.
-begona erkaklar bilan ayollarning qo‘l berib so‘rashishlari nojoizdir.

Xunuk qiliqlar

O‘tgan asrning yetmishinchi yillariga doir xronika lavhalarini kuzatgan bo‘lsangiz, sobiq ittifoqning yuqori lavozimdagi korchalonlari bir-birlari bilan quchoqlashib, o‘pishib ko‘rishishganiga ko‘zingiz tushgandir. Bu qiliq o’sha davr odamlari uchun oddiy hol bo‘lib, rahbarlar, partiya tashkilotlarida odat tusini olgan ekan. "Olgan ekan", deb o‘tgan zamon fe’lida yozayotganimizning boisi shundaki, bizning o‘zimiz ham u zamonni va o‘sha odatlarni ko‘rmaganmiz. Yuqorida yozganlarimiz esa, sobiq tuzumni ko‘rgan, uning odatlariyu an’analaridan yaxshi xabardor bo‘lgan keksalarimizdan eshitganlarimiz. Ularning aytishlaricha, oshkoralik davriga kelib rahbarlarning bu tarzda ko‘rishishlari "partiynaya erotika" degan tamg‘a otida tanqidga uchragan ekan. Chunki bu holdan chet elliklar kulgan, aslida ham bu g’ayriaxloqiy harakat salomlashish odobi doirasidan chiqib ketgan illat edi.
Ammo o‘pishib ko‘rishish kasali shu bilan barham topgani yo‘q, balki u jamiyatda o‘xshamagan bir ortiqcha, xunuk qiliq sifatida hanuz uchrab turadi. Ko‘cha-ko‘yda, jamoat joylarida bir-birlari bilan o‘pishib ko‘rishayotganlarga ko‘zingiz tushgandir. To‘g‘ri, ularning aksariyat qismi ovropaliklar, ammo ular orasida millatimiz vakillari ham uchraydi. Umuman olganda, erkak bilan erkakning, ayol bilan ayolning yoxud ikki jinsning bir-birlari bilan o‘pishib ko‘rishishlari millatimiz ma’naviyatiga to‘g‘ri kelmasligi håch kimga sir bo‘lmasa kerak. Lekin bu holning kundan-kunga keng tarqalayotganini afsus bilan ta’kidlashdan boshqa iloj yo‘q. Dinimizda erkak bilan erkakning o‘pishishi makruh hisoblanadi. Ulamolar uzoq safardan kelgan er kishilarning bir-birlari bilan o‘pishib ko‘rishishlarini durust sanaydi. Biroq har kuni bir-birini ko‘rib turuvchi yigitlarning bir-biri bilan o‘pishib ko‘rishishlarini qanday tushunish mumkin?
Yoshlarimiz o‘zlaricha fazilat sanayotgan bu holatning na etika, na gigiena qoidalariga to‘g‘ri kelmaydigan illat ekanligini bilisharmikan?

Xulosa

Har bir xalqning o‘ziga xos urf-odati, an’analari, marosimlari bor. Bularning barchasi turli xalqlar tomonidan yaratilgan noyob madaniyat âa axloq durdonalari, deyish mumkin. Biroq zamon va turli davrlar hamda turli tuzumlar tufayli bu odat va an’analar bir-birlari bilan qorishib ketgan vaqtlar ham bo‘lgan.
Bugun, ayniqsa, yoshlarimiz orasida ko‘p kuzatilayotgan o‘pishib ko‘rishish odatini Yevropa madaniyatiga xos va qisman sobiq tuzum sarqiti, deb qarasak noto‘g‘ri bo‘lmasa kerak. Bundan tashqari, salomlashish shart bo‘lmagan holatlar ham borki, buni bilish har bir madaniyatli, esli-hushli kishining burchi hisoblanadi. Bunday holat ovqatlanayotgan odamlarga nisbatan va ulfatlarning suhbati qizib turgan, jamoat joylarga kech qolgan kishi, yoshi ulug‘ odam va erkak kishi tomonidan salomga qo‘l cho‘zilmagan holatga taalluqli.
Falsafa fanlari nomzodi Karim Mahmudov, o‘zining "Mehmonnoma" nomli kitobidagi kirish so‘zida "Salomlashish, so‘rashish, ko‘rishish insonga xos bo‘lgan ajoyib fazilat, odamiylikning ko‘rki, asrlar davomida tarkib topgan va kishilarning o‘zaro aloqalaridagi tamoyillarni hamda axloqiy qiyofalaridagi me’yorlarni ifodalaydigan belgi hisoblanadi", deb yozadi.
Demak, har birimiz odamiylik ko‘rkiga munosib bo‘lmog‘imiz, uni turli yot qiliqlar bilan aralashtirib xira torttirmasligimiz lozim.

Abdulhamid Muxtorov