Бандалик саодати ва иймон ҳаловати

Рукн: Жамият Чоп этилган: 05.06.2017

Эй инсон! Қачонлардир сен бу оламда бўлмагансан. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтганидай: “Ўша инсон Биз уни бундан олдин ҳеч нарса бўлмай турганида яратганимизни эсламайдими?!” (Марям сураси, 67).

Кейин Аллоҳ сени кичкинагина томчидан яратди ва сенга эшитиш ва кўриш қобилиятини берди. “Ҳақиқатда инсонга, у эсга олинадиган нарса бўлмаган бир замон келмадими? Албатта, Биз инсонни аралаш нутфадан яратдик. Синаш учун, бас, уни эшитадиган, кўрадиган қилдик” (Инсон сураси, 1-2).

Секин-асталик билан сен нимжон боладан навқирон ўспиринга айландинг, кучга тўлиб улғайганингдан кейин эса, куч-қувватинг сени яна тарк эта бошлади. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизни заифликда яратган, сўнгра заифликдан кейин қувватли қилган, сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қарилик ориз қилган зотдир. У хоҳлаганини яратур. У ўта илмли ва ўта қудратлидир” (Рум сураси, 54).

Бу айланма даврнинг интиҳоси ўлимдир.

Мана шу кучсизлик босқичларини ҳаётинг давомида яшаб ўтар экансан, сен агарда Яратган сенга куч, билим ва восита бермаса, ўзингдан ёмонликни кетказиб, яхшиликни орттира олмаслигингни англа.

Инсон ўзи истаган ҳамма нарсага эга бўлган ҳолат имконсиз. Ҳаттоки энг таъминланган инсоннинг ҳам нимагадир эҳтиёжи бор. Барчамиз ўзимизни бахтсизликлардан ҳимоя қилишга, истаганимизни қўлга киритишга, мусибатлардан қутилишга уринамиз...

Бошқача айтганда, барчамизнинг Аллоҳ таолога муҳтожлигимиз бор – Унинг ҳимоясига, мададига, кўмагига, яхшилигига, инъомига ва яна кўплаб бошқа нарсаларга. Аллоҳ таоло Қуръонда ҳақиқатни айтган: “Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ эса, Ўзи беҳожат ва мақталган зотдир” (Фотир сураси, 15).

Кўз илғамас, фақатгина микроскопда кўриш мумкин бўлган қандайдир вирус сени йиқитиши мумкин, сен эса ўзинг сингари кучсиз мавжудотдан нажот кутиб олдига борасан ва сени даволашини сўрайсан. Баъзида шифокор сенга ёрдам бериши мумкин. Баъзида эса йўқ!

Эй инсон, сен нақадар ожизсан! Ҳаттоки, митти пашша сендан олиб қўйган нарсасини қайтара олмайсан. Қуръонда ушбу сўзларни айтган Аллоҳ таоло қанчалар ҳақ: "Эй одамлар! Бир масал айтилмиш, бас, унга қулоқ солинг! Албатта, сизлар Аллоҳни қўйиб, топинаётган нарсаларингиз, агар барчалари бирлашсалар ҳам, битта пашша ярата олмаслар. Ва агар пашша улардан бирон нарсани тортиб олса, ундан ўшани қутқариб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди" (Ҳаж сураси, 73).

Ундай бўлса, сен ўзи нимага қодирсан? Ўзингга қандай ёрдам бера оласан? Сенинг келажагинг Аллоҳ таолога боғлиқ, сенинг ҳаётинг – Яратганнинг измида, Одам боласининг қалби Раҳмон бармоқларидан икки бармоқ орасида бўлади ва У ўз истагига кўра уни ўзгартириб юбориши мумкин... Ўлим сенга Аллоҳ буюрган пайтда келади. Сенинг бахтинг ва ғам-ғуссанг тўлалигича Унга боғлиқдир. Сенинг ҳар бир ҳаракатинг, сўзлаётган сўзинг фақатгина Унинг изни ила юз бермоқда. Агарда Аллоҳ таоло сени Ўз мададидан маҳрум қилиб, ўз ҳолингга ташлаб қўйса, сенда қоладигани фақат – кучсизлик, ночорлик, гуноҳ ва ҳатолар... Агар Аллоҳ сени Ўзидан ўзгага топширадиган бўлса, у сенга на яхшилик келтиради, на мусибатлардан ҳоли қилади, на ҳаётлик даврингда, на ўлимингда, на маҳшаргоҳда ҳам ёрдам бера олади... Шундай экан инсон Аллоҳ таолосиз бир сония ҳам яшай олмайди. У Яратганнинг ғамхўрлиги ва марҳаматига охирги нафасига қадар муҳтож. Лекин У инсонга ҳаётнинг барча эзгуликларини инъом этган бир вақтда, кўпчилик ўз гуноҳлари ва худога ишонмасликлари сабаб, Унга қайтишини ва Унинг олдида ҳисоб беришини унутган ҳолда, Ундан узоқлашадилар.

Эй инсон! Сенинг хато ва камчиликларингга қарамасдан Яратган сендан марҳаматини аямаяпти. Қуръонда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳ сиздан (юкингизни) енгиллатмоқни хоҳлайдир. Ва инсон заиф яратилгандир” (Нисо сураси, 28). Шунинг учун Аллоҳ инсонларга пайғамбарларни юборди, улар орқали Ўзининг Китобларини берди, инсонларга тўғри йўлни тушунтирди ва Ўзининг динини исботлайдиган ва қўллаб-қувватлайдиган кўплаб далиллар келтирди. Ҳар бир нарсада Аллоҳ таолонинг мавжудлигига, Унинг чексиз Қудратига ва ибодат қилинадиган ягона ҳақдор эканлигига кўрсатма бор. Лекин шунга қарамай, жуда кўп инсонлар бунга кўз юмиб, ўзларининг аниқ душмани бўлган, уларни Аллоҳнинг йўлидан оздиришга уринувчи – Шайтонга эргашишда давом этадилар. Унинг ножўя таъсиридан улар илоҳий ҳақиқатга қарши чиқиб, шайтонга мақбул бўлган тартибни ўрнатадилар. Бу ҳақда Аллоҳ шундай дейди: “...Инсон ўзи кўп тортишувчи бўлган эди” (Каҳф сураси, 54).  

Эй инсон, наҳотки сен биргина томчидан яратилганимизни ва ўлимдан кейин бизнинг қисматимиз – қабр, ундан сўнг эса Жаннат ёки Жаҳаннам эканлигини унутсанг?! Қуръонда Аллоҳ таоло: “Инсон Биз уни нутфадан яратганимизни билмасми?! Энди эса, у очиқ-ойдин хусуматчи бўлиб турибди?! У Бизга мисол келтирди ва ўз яратилишини унутди. «Суякларни ким тирилтиради? Ҳолбуки, улар титилиб кетган-ку?!» деди. Сен: «Уларни илк марта йўқдан бор қилган зот тирилтирур ва у ҳар бир яратилган нарсани яхши билгувчидир», деб айт” (Йасин сураси, 77-79). Шунингдек, У яна бундай марҳамат қилади: “У сени тўла-тўкис ва мўътадил қилиб яратган зотдир. Ўзи хоҳлаган суратда сени таркиб қилди (Инфитор сураси, 7-8).

Эй инсон! Ўзингни ибодат қилувчилар қаторида бўлиш бахтидан жудо қилма. Намозда сен ўзингга касалликлардан шифо сўраб, мушкулотлардан халос қилишини, гуноҳларингни мағфират қилишини, муаммолардан чиқиб кетишингни, давлатманд бўлишингни, хавфдан ҳимоя қилишини, муҳофаза қилишини, қисматингни хайрли қилишини сўраб Аллоҳга мурожаат қилишинг мумкин...

Эй инсон! Аллоҳ Таоло бизни тафаккур билан сийлади, бу эса жуда катта ҳадядир. Айнан унинг ёрдамида биз фойдалини зарарлисидан фарқлаймиз, Аллоҳнинг кўрсатмаларини ва Унинг таъқиқларини тушунамиз, шунингдек, бу дунёда мавжудлигимизнинг мақсадини англаймиз – Унга ҳеч кимни шерик қилмаган ҳолда Аллоҳ Таолога ибодат қилиш. Қуръонда таъкидланганидек: “Сизда қайсики неъмат бўлса, Аллоҳдандир. Сўнгра қачонки сизга ёмонлик етса, Унгагина ёлборурсиз. Сўнгра У сиздан ёмонликни кушойиш қилган чоғда, кўрибсизки, сиздан бир гуруҳ ўз Роббларига ширк келтирурлар” (Наҳл сураси, 53-54).

Эй инсон! Ҳаммамиз тафаккур эгасимиз, оқил инсонлар эса доим эзгуликка интиладилар ва ёмонликдан қочадилар. Инсон тарихининг энг яхши вакиллари пайғамбар ва тақводорлардир. Шундай экан, келинг, уларга эргашайлик. Аллоҳ Таолонинг ўзи бизни Расулуллоҳ Муҳаммад (соллоллоҳу алайҳи васаллам)га эргашишга чақирган, бу ҳақда Қуръонда шундай дейилган: "Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади», деб айт" (Оли Имрон сураси, 31). Росулуллоҳдан ҳақиқатда ўрнак олган инсон, Қуръонда таъкидланганидек ўлимидан кейин энг яхши инсонлар билан бирга тирилтирилади: "Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!" (Нисо сураси, 69).

Эй инсон! Ёлғиз қолган пайтингда, Ислом фойдасига келтирилган далиллар ҳақида ҳеч фикр юритдингми? Агарда сен Аллоҳнинг марҳамати билан, бу – Ҳақиқат эканлигини кўра олсанг, ҳеч ҳам кечиктирма ва Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини ва Муҳаммад - Унинг элчиси эканлигини айтишга шошил.

Сени ўраб турган муҳитнинг асири бўлма. Яқинларинг ва сени атрофингдаги инсонлар тўғри қарор қабул қилишингга ҳалақит беришмасин. Билки, сенинг тақдиринг атроф муҳитингдан, аждодларингдан ва ота-боболаринг меросидан муҳимроқдир... Яратган Аллоҳ муқаддас Қуръонда ғайридинларга айнан шундай чақириқ билан мурожаат қилган: "Сен: «Мен сизга биргина насиҳат қиламан: Аллоҳ учун холис, якка-якка ва тўп-тўп туриб бир фикр юритиб кўринглар. Соҳибингизда жинга оид ҳеч нарса йўқ. У сизларга шиддатли азобдан олдинги огоҳлантиргувчи, холос», деб айт" (Сабаъ сураси, 46).

Эй инсон! Исломни қабул қилиб, сен ҳеч нарса йўқотмайсан. Қуръонда Аллоҳ таоло: "Агар Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирсалар, Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган нарсадан нафақа қилсалар, уларга нима зарар бўлади? Аллоҳ уларни яхши билувчи зотдир!" (Нисо сураси, 39). Машҳур муфассир ибн Касир ўзининг тафсирида ушбу оятга қуйидагича изоҳ ёзади: “Ҳақиқатда, инсонлар Аллоҳ таолога ибодат қилсалар ва У белгилаб берган йўлдан юрсалар нимани йўқотишлари мумкин? Тақводорликлари учун У ваъда қилган мукофотга интилсалар-чи? Аллоҳ инъом қилиб берган мулкдан эзгулик мақсадларида сарфласалар-чи?..”

Шубҳасиз, Аллоҳ томонидан рухсат этилган доирада ниманидир қилиш истагингга ва таомга нимадандир фойдаланишингга Исломни қабул қилишинг тўсиқ бўла олмайди. Шунингдек, Яратган сени бу қилмишинг Унинг розилиги учун бажарилган бўлса, бу сенинг дунёвий ишларинг ўнгланишига, моддий аҳволинг яхшиланишига, ҳурматинг ва обрў-эътиборинг ошишига олиб келган бўлсада, сени мукофотлайди! Шу билан бирга, сен шариат томонидан рухсат берилган қандайдир ишни қилмоқчи бўлган вақтингда, қалбинг истагига кўра уни таъқиқланган эмас, рухсат этилган йўл билан амалга оширсанг, бу савобли иш саналади ва Яратган бунинг учун сенга мукофот беради.

Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллоллоҳу алайҳи васаллам) ўз ҳадисларида шундай хабар беради: "...Улар: “Эй Расулуллоҳ, агар биронтамиз шаҳватини қондирса ҳам, бунинг эвазига ажр оладими?!” дейишди. У зот: “Қаранглар, агар у шаҳватини ҳаром йўл билан қондирса, унга гуноҳ бўлармиди? Худди шунингдек, агар ҳалол йўл билан қондирса, бунинг учун ажр олади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Аҳмад ва Имом Табароний ривояти).

Эй инсон! Аллоҳнинг элчилари Яратганнинг ҳақиқати билан келишган. Улар Унинг иродасини инсонларга етказишган. Ахир инсон ўз ҳаётини Аллоҳнинг ўгитларига монанд ўтказиб, шунинг натижасида кейинги ҳаётида мукофотланиш учун бунга муҳтождир. Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилади: "Эй одамлар! Батаҳқиқ, сизларга Роббингиздан ҳақ ила Пайғамбар келди. Бас, иймон келтиринг, ўзингизга яхши бўладир. Агар куфр келтирсангиз, зотан осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир" (Нисо сураси, 170).

Шунингдек, Роббимиз яна шундай дейди: "Сен:«Эй одамлар, сизга Роббингиздан ҳақ келди. Бас, ким ҳидоятга юрса, ўзи учун ҳидоят топади. Ким залолатга кетса, ўз зарарига залолат топади. Мен сизларнинг устингиздан қўриқчи эмасман», деб айт" (Юнус сураси, 108).

Эй инсон! Аллоҳ таоло бизнинг ибодатларимизга, сиғинишларимизга муҳтож эмас. Унга ибодат қилувчи, сиғинувчи махлуқлар беҳисоб. Агар истаганида инсонларни ҳам фаришталар каби итоаткор ва бегуноҳ қилиб яратган бўлур эди. Аксинча Унга юкунишга, Унинг раҳмат ва марҳаматига бизлар кўпроқ муҳтожмиз. Аллоҳ таоло шунчалик меҳрибонки, хоҳлаган пайтимизда, ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз Ўзининг ҳузурига киришга, ҳузурида истаганча туришга ижозат бериб қўйган. Жойнамоз устида қўлларимизни кўтариб, «Аллоҳ акбар» дейишимиз билан Аллоҳнинг олий ҳузурига кирамиз ва хоҳлаганимизни сўрай оламиз. Бандалик саодати ва иймон ҳаловати қанчалар улкан неъмат эканини намозда кашф бўлади…

Ва якунида, келинг, оламларнинг Роббиси Аллоҳ таолога ҳамдлар айтамиз. Унинг элчиси ва пайғамбари Муҳаммадга, унинг аҳли оиласига ва барча саҳобаларига саловату саломларимизни йўллаймиз!

Абу Муслим

Ey inson! Qachonlardir sen bu olamda bo‘lmagansan. Alloh taolo Qur’oni Karimda aytganiday: “O‘sha inson Biz uni bundan oldin hech narsa bo‘lmay turganida yaratganimizni eslamaydimi?!” (Maryam surasi, 67).

Keyin Alloh seni kichkinagina tomchidan yaratdi va senga eshitish va ko‘rish qobiliyatini berdi. “Haqiqatda insonga, u esga olinadigan narsa bo‘lmagan bir zamon kelmadimi? Albatta, Biz insonni aralash nutfadan yaratdik. Sinash uchun, bas, uni eshitadigan, ko‘radigan qildik” (Inson surasi, 1-2).

Sekin-astalik bilan sen nimjon boladan navqiron o‘spiringa aylanding, kuchga to‘lib ulg‘ayganingdan keyin esa, kuch-quvvating seni yana tark eta boshladi. Alloh taolo aytadi: “Alloh sizni zaiflikda yaratgan, so‘ngra zaiflikdan keyin quvvatli qilgan, so‘ngra quvvatdan keyin yana zaiflik va qarilik oriz qilgan zotdir. U xohlaganini yaratur. U o‘ta ilmli va o‘ta qudratlidir” (Rum surasi, 54).

Bu aylanma davrning intihosi o‘limdir.

Mana shu kuchsizlik bosqichlarini hayoting davomida yashab o‘tar ekansan, sen agarda Yaratgan senga kuch, bilim va vosita bermasa, o‘zingdan yomonlikni ketkazib, yaxshilikni orttira olmasligingni angla.

Inson o‘zi istagan hamma narsaga ega bo‘lgan holat imkonsiz. Hattoki eng ta’minlangan insonning ham nimagadir ehtiyoji bor. Barchamiz o‘zimizni baxtsizliklardan himoya qilishga, istaganimizni qo‘lga kiritishga, musibatlardan qutilishga urinamiz...

Boshqacha aytganda, barchamizning Alloh taologa muhtojligimiz bor – Uning himoyasiga, madadiga, ko‘magiga, yaxshiligiga, in’omiga va yana ko‘plab boshqa narsalarga. Alloh taolo Qur’onda haqiqatni aytgan: “Ey odamlar! Sizlar Allohga muhtojdirsiz. Alloh esa, O‘zi behojat va maqtalgan zotdir” (Fotir surasi, 15).

Ko‘z ilg‘amas, faqatgina mikroskopda ko‘rish mumkin bo‘lgan qandaydir virus seni yiqitishi mumkin, sen esa o‘zing singari kuchsiz mavjudotdan najot kutib oldiga borasan va seni davolashini so‘raysan. Ba’zida shifokor senga yordam berishi mumkin. Ba’zida esa yo‘q!

Ey inson, sen naqadar ojizsan! Hattoki, mitti pashsha sendan olib qo‘ygan narsasini qaytara olmaysan. Qur’onda ushbu so‘zlarni aytgan Alloh taolo qanchalar haq: "Ey odamlar! Bir masal aytilmish, bas, unga quloq soling! Albatta, sizlar Allohni qo‘yib, topinayotgan narsalaringiz, agar barchalari birlashsalar ham, bitta pashsha yarata olmaslar. Va agar pashsha ulardan biron narsani tortib olsa, undan o‘shani qutqarib ololmaslar. Talab qiluvchi ham, talab qilingan ham ojiz bo‘ldi" (Haj surasi, 73).

Unday bo‘lsa, sen o‘zi nimaga qodirsan? O‘zingga qanday yordam bera olasan? Sening kelajaging Alloh taologa bog‘liq, sening hayoting – Yaratganning izmida, Odam bolasining qalbi Rahmon barmoqlaridan ikki barmoq orasida bo‘ladi va U o‘z istagiga ko‘ra uni o‘zgartirib yuborishi mumkin... O‘lim senga Alloh buyurgan paytda keladi. Sening baxting va g‘am-g‘ussang to‘laligicha Unga bog‘liqdir. Sening har bir harakating, so‘zlayotgan so‘zing faqatgina Uning izni ila yuz bermoqda. Agarda Alloh taolo seni O‘z madadidan mahrum qilib, o‘z holingga tashlab qo‘ysa, senda qoladigani faqat – kuchsizlik, nochorlik, gunoh va hatolar... Agar Alloh seni O‘zidan o‘zgaga topshiradigan bo‘lsa, u senga na yaxshilik keltiradi, na musibatlardan holi qiladi, na hayotlik davringda, na o‘limingda, na mahshargohda ham yordam bera oladi... Shunday ekan inson Alloh taolosiz bir soniya ham yashay olmaydi. U Yaratganning g‘amxo‘rligi va marhamatiga oxirgi nafasiga qadar muhtoj. Lekin U insonga hayotning barcha ezguliklarini in’om etgan bir vaqtda, ko‘pchilik o‘z gunohlari va xudoga ishonmasliklari sabab, Unga qaytishini va Uning oldida hisob berishini unutgan holda, Undan uzoqlashadilar.

Ey inson! Sening xato va kamchiliklaringga qaramasdan Yaratgan sendan marhamatini ayamayapti. Qur’onda Alloh taolo shunday deydi: “Alloh sizdan (yukingizni) yengillatmoqni xohlaydir. Va inson zaif yaratilgandir” (Niso surasi, 28). Shuning uchun Alloh insonlarga payg‘ambarlarni yubordi, ular orqali O‘zining Kitoblarini berdi, insonlarga to‘g‘ri yo‘lni tushuntirdi va O‘zining dinini isbotlaydigan va qo‘llab-quvvatlaydigan ko‘plab dalillar keltirdi. Har bir narsada Alloh taoloning mavjudligiga, Uning cheksiz Qudratiga va ibodat qilinadigan yagona haqdor ekanligiga ko‘rsatma bor. Lekin shunga qaramay, juda ko‘p insonlar bunga ko‘z yumib, o‘zlarining aniq dushmani bo‘lgan, ularni Allohning yo‘lidan ozdirishga urinuvchi – Shaytonga ergashishda davom etadilar. Uning nojo‘ya ta’siridan ular ilohiy haqiqatga qarshi chiqib, shaytonga maqbul bo‘lgan tartibni o‘rnatadilar. Bu haqda Alloh shunday deydi: “...Inson o‘zi ko‘p tortishuvchi bo‘lgan edi” (Kahf surasi, 54).  

Ey inson, nahotki sen birgina tomchidan yaratilganimizni va o‘limdan keyin bizning qismatimiz – qabr, undan so‘ng esa Jannat yoki Jahannam ekanligini unutsang?! Qur’onda Alloh taolo: “Inson Biz uni nutfadan yaratganimizni bilmasmi?! Endi esa, u ochiq-oydin xusumatchi bo‘lib turibdi?! U Bizga misol keltirdi va o‘z yaratilishini unutdi. «Suyaklarni kim tiriltiradi? Holbuki, ular titilib ketgan-ku?!» dedi. Sen: «Ularni ilk marta yo‘qdan bor qilgan zot tiriltirur va u har bir yaratilgan narsani yaxshi bilguvchidir», deb ayt” (Yasin surasi, 77-79). Shuningdek, U yana bunday marhamat qiladi: “U seni to‘la-to‘kis va mo‘‘tadil qilib yaratgan zotdir. O‘zi xohlagan suratda seni tarkib qildi (Infitor surasi, 7-8).

Ey inson! O‘zingni ibodat qiluvchilar qatorida bo‘lish baxtidan judo qilma. Namozda sen o‘zingga kasalliklardan shifo so‘rab, mushkulotlardan xalos qilishini, gunohlaringni mag‘firat qilishini, muammolardan chiqib ketishingni, davlatmand bo‘lishingni, xavfdan himoya qilishini, muhofaza qilishini, qismatingni xayrli qilishini so‘rab Allohga murojaat qilishing mumkin...

Ey inson! Alloh Taolo bizni tafakkur bilan siyladi, bu esa juda katta hadyadir. Aynan uning yordamida biz foydalini zararlisidan farqlaymiz, Allohning ko‘rsatmalarini va Uning ta’qiqlarini tushunamiz, shuningdek, bu dunyoda mavjudligimizning maqsadini anglaymiz – Unga hech kimni sherik qilmagan holda Alloh Taologa ibodat qilish. Qur’onda ta’kidlanganidek: “Sizda qaysiki ne’mat bo‘lsa, Allohdandir. So‘ngra qachonki sizga yomonlik yetsa, Ungagina yolborursiz. So‘ngra U sizdan yomonlikni kushoyish qilgan chog‘da, ko‘ribsizki, sizdan bir guruh o‘z Robblariga shirk keltirurlar” (Nahl surasi, 53-54).

Ey inson! Hammamiz tafakkur egasimiz, oqil insonlar esa doim ezgulikka intiladilar va yomonlikdan qochadilar. Inson tarixining eng yaxshi vakillari payg‘ambar va taqvodorlardir. Shunday ekan, keling, ularga ergashaylik. Alloh Taoloning o‘zi bizni Rasululloh Muhammad (sollollohu alayhi vasallam)ga ergashishga chaqirgan, bu haqda Qur’onda shunday deyilgan: "Sen: «Agar Allohga muhabbat qilsangiz, bas, menga ergashing. Alloh sizga muhabbat qiladi va sizlarni gunohlaringizni mag‘firat qiladi», deb ayt" (Oli Imron surasi, 31). Rosulullohdan haqiqatda o‘rnak olgan inson, Qur’onda ta’kidlanganidek o‘limidan keyin eng yaxshi insonlar bilan birga tiriltiriladi: "Kim Allohga va Rasulga itoat qilsa, bas, ana o‘shalar Alloh ne’mat bergan nabiylar, siddiqlar, shahidlar va solihlar bilan birgadirlar. Va ularning rafiqlari qanday ham yaxshi!" (Niso surasi, 69).

Ey inson! Yolg‘iz qolgan paytingda, Islom foydasiga keltirilgan dalillar haqida hech fikr yuritdingmi? Agarda sen Allohning marhamati bilan, bu – Haqiqat ekanligini ko‘ra olsang, hech ham kechiktirma va Allohdan o‘zga iloh yo‘qligini va Muhammad - Uning elchisi ekanligini aytishga shoshil.

Seni o‘rab turgan muhitning asiri bo‘lma. Yaqinlaring va seni atrofingdagi insonlar to‘g‘ri qaror qabul qilishingga halaqit berishmasin. Bilki, sening taqdiring atrof muhitingdan, ajdodlaringdan va ota-bobolaring merosidan muhimroqdir... Yaratgan Alloh muqaddas Qur’onda g‘ayridinlarga aynan shunday chaqiriq bilan murojaat qilgan: "Sen: «Men sizga birgina nasihat qilaman: Alloh uchun xolis, yakka-yakka va to‘p-to‘p turib bir fikr yuritib ko‘ringlar. Sohibingizda jinga oid hech narsa yo‘q. U sizlarga shiddatli azobdan oldingi ogohlantirguvchi, xolos», deb ayt" (Saba’ surasi, 46).

Ey inson! Islomni qabul qilib, sen hech narsa yo‘qotmaysan. Qur’onda Alloh taolo: "Agar Allohga va qiyomat kuniga iymon keltirsalar, Alloh ularga rizq qilib bergan narsadan nafaqa qilsalar, ularga nima zarar bo‘ladi? Alloh ularni yaxshi biluvchi zotdir!" (Niso surasi, 39). Mashhur mufassir ibn Kasir o‘zining tafsirida ushbu oyatga quyidagicha izoh yozadi: “Haqiqatda, insonlar Alloh taologa ibodat qilsalar va U belgilab bergan yo‘ldan yursalar nimani yo‘qotishlari mumkin? Taqvodorliklari uchun U va’da qilgan mukofotga intilsalar-chi? Alloh in’om qilib bergan mulkdan ezgulik maqsadlarida sarflasalar-chi?..”

Shubhasiz, Alloh tomonidan ruxsat etilgan doirada nimanidir qilish istagingga va taomga nimadandir foydalanishingga Islomni qabul qilishing to‘siq bo‘la olmaydi. Shuningdek, Yaratgan seni bu qilmishing Uning roziligi uchun bajarilgan bo‘lsa, bu sening dunyoviy ishlaring o‘nglanishiga, moddiy ahvoling yaxshilanishiga, hurmating va obro‘-e’tiboring oshishiga olib kelgan bo‘lsada, seni mukofotlaydi! Shu bilan birga, sen shariat tomonidan ruxsat berilgan qandaydir ishni qilmoqchi bo‘lgan vaqtingda, qalbing istagiga ko‘ra uni ta’qiqlangan emas, ruxsat etilgan yo‘l bilan amalga oshirsang, bu savobli ish sanaladi va Yaratgan buning uchun senga mukofot beradi.

Bu haqda Rasululloh (sollollohu alayhi vasallam) o‘z hadislarida shunday xabar beradi: "...Ular: “Ey Rasululloh, agar birontamiz shahvatini qondirsa ham, buning evaziga ajr oladimi?!” deyishdi. U zot: “Qaranglar, agar u shahvatini harom yo‘l bilan qondirsa, unga gunoh bo‘larmidi? Xuddi shuningdek, agar halol yo‘l bilan qondirsa, buning uchun ajr oladi”, dedilar (Imom Buxoriy, Imom Muslim, Imom Ahmad va Imom Tabaroniy rivoyati).

Ey inson! Allohning elchilari Yaratganning haqiqati bilan kelishgan. Ular Uning irodasini insonlarga yetkazishgan. Axir inson o‘z hayotini Allohning o‘gitlariga monand o‘tkazib, shuning natijasida keyingi hayotida mukofotlanish uchun bunga muhtojdir. Alloh taolo Qur’onda marhamat qiladi: "Ey odamlar! Batahqiq, sizlarga Robbingizdan haq ila Payg‘ambar keldi. Bas, iymon keltiring, o‘zingizga yaxshi bo‘ladir. Agar kufr keltirsangiz, zotan osmonlaru yerdagi narsalar Allohnikidir. Va Alloh biluvchi va hikmatli zotdir" (Niso surasi, 170).

Shuningdek, Robbimiz yana shunday deydi: "Sen:«Ey odamlar, sizga Robbingizdan haq keldi. Bas, kim hidoyatga yursa, o‘zi uchun hidoyat topadi. Kim zalolatga ketsa, o‘z zarariga zalolat topadi. Men sizlarning ustingizdan qo‘riqchi emasman», deb ayt" (Yunus surasi, 108).

Ey inson! Alloh taolo bizning ibodatlarimizga, sig‘inishlarimizga muhtoj emas. Unga ibodat qiluvchi, sig‘inuvchi maxluqlar behisob. Agar istaganida insonlarni ham farishtalar kabi itoatkor va begunoh qilib yaratgan bo‘lur edi. Aksincha Unga yukunishga, Uning rahmat va marhamatiga bizlar ko‘proq muhtojmiz. Alloh taolo shunchalik mehribonki, xohlagan paytimizda, hech qanday ogohlantirishlarsiz O‘zining huzuriga kirishga, huzurida istagancha turishga ijozat berib qo‘ygan. Joynamoz ustida qo‘llarimizni ko‘tarib, «Alloh akbar» deyishimiz bilan Allohning oliy huzuriga kiramiz va xohlaganimizni so‘ray olamiz. Bandalik saodati va iymon halovati qanchalar ulkan ne’mat ekanini namozda kashf bo‘ladi…

Va yakunida, keling, olamlarning Robbisi Alloh taologa hamdlar aytamiz. Uning elchisi va payg‘ambari Muhammadga, uning ahli oilasiga va barcha sahobalariga salovatu salomlarimizni yo‘llaymiz!

Abu Muslim

Мулоҳаза қўшиш


Ҳимоя коди
Янгилаш