Оқ либосдаги доғлар

Рукн: Жамият Чоп этилган: 03.01.2017

Оппоқ либос. Оқ либосни юзи нурли, нажот кутиладиган инсон - шифокорлар кияди. У ҳамиша оғир кунларимизда, қийинчилик дамларимизда жонимизга оро кирган. Тишимиз оғриса ҳам, бошимиз оғриса ҳам фақат унинг ёнига нажот – шифо истаб борамиз. Дардимизга шифо топсак, шифокоримиз қадрдон ака-укамиз, опа-синглимизга айланиб қолади. Баъзан яхши ниятлар ила шифокор, ҳамшираларнинг исмини фарзандимизга, набираларимизга қўямиз – у ҳам катта бўлганда инсонларни даволасин, дардига малҳам бўлсин деб. Зеро, динимиз инсонларга фойда келтирган, оғирини енгил қилганга улкан савоблар, ажрлар ваъда қилган. Шифокорлик мана шундай шарафли, савобли ҳамда масъулиятли касб!

Оқ либос поклик, ҳалоллик рамзи. Аммо шифокорликнинг оқ либосини кийиб қора ишлар (фидойи шифокорлардан минг бор узр сўрайман) қилаётганлар ҳам оз эмас. Баъзи шифокорлар пул илинжида, баъзилари обрў, баъзилари амал курсига ишқибоз бўлиб, ким эканлигини, нима иш қилиши лозимлигини унутиб қўяди – оқ либосига доғлар сочади.

Ўқувчим дарсга келмай қўйди. Тиши оғриб қолибди. Анча кун йўқ бўлиб кетди. Келгач шунчаки тиши оғримагани, балки, жарроҳлик операциясини бошидан ўтказганини айтиб қолди. Тиши оғриб стомотолог ҳузурига борибди. Доктор қуртлаган тишнинг нервини игна билан тозалаган, игна ингичка эмасми, нерв каналлари орасида синиб, милкка санчилиб қолган. Доктор сингган игнани чиқармай, тишни ёпиб, пломбалаб қўяди. Укол тарқаб, оғриқ зўраяди. Оғриқсизлантирувчи бирорта дори таъсир қилмайди. Ҳолат ёмонлашавергач, бошқа шифокорга мурожат қилади. Рентген қилингач, милк орасида игнанинг учи борлиги маълум бўлади. Шифокор тишни суғуриб, милкни кесиб, игнани олиб ташлайди. Ўқувчим дарсга кела бошлади, аммо ҳали ҳам оғриқлари босилмаган, асаблари ўзига келмаган. Дарсда ҳам бошини қўйиб, ранги оқариб бир ҳолатда ўтиради.

Дугонам бир неча йиллардан бери фарзанд кутади. Ҳар бир мақтов эшитган, ўзгалар фарзанд кўришига сабабчи бўлган шифокорнинг дарагини топса, дарров ҳузурига чопади, дардига шифо излайди. Бир куни хомуш ҳолда учратдим: шифокори ёзиб берган дори ва уколларини тополмаётган экан. Топганлари ҳам жуда қиммат бўлиб, ҳаммасини олишга имкони йўқлигидан кўз ёш қилди. Дорихонага кирдик. Рўйхатни кўрсатдик. Дорихоначи кулиб, бу дорилар ўрнига оддий антибиотиклар қабул қилса ҳам бўлишини, қоғозда ёзилган дори билан антибиотик таркиби бир хил эканлигини, фарқи бири ўзимизда, бири хорижда ишлаб чиқарилганидалигини айтиб қолди. Дугонам кўнмади. Доктор қаттиқ тайинлаган, олиб бормасам жаҳли чиқади дея, унамай туриб қолди. Бир амаллаб кўндирдик. Қиммат дорилар ўрнига оддий, таркиби бир хил арзонроқ доридан олдик. Дугонам муолажага шифокори ҳузурига кетди. Кейинги кун гаплашсак, шифокор дориларни кўриб уларни улоқтирганини, агар фарзанд керак бўлса барча айтганларини сўзсиз бажаришини, “ҳеч нарсадан хабари йўқ аптекачилар”ни айтганини қилмай, “10 йил олийгоҳда ўқиган” докторга қулоқ солишини тайинлаган. Ўзи айтган дорилар фалон манзилдаги дорихонадан топилиши, бошқа ерларни қидириб овора бўлмаслигини таъкидлаган. Фарзанд кўриш учун ҳамма нарсага шай дугонам “хўп” дея яна дорихоналарни кезиб чиқибди. Охири баъзи таблеткалар, уколларни топган, баъзиларини топа олмаган. Топганларини муолажа бошлаш учун оилавий шифохонасига – доктор ёнига олиб чиқибди. Докторнинг чеҳраси бироз ёришиб, энди муолажани тезлик билан бошлаш кераклигини айтибди. Сўралган дориларнинг устки қисмини йиртиб олиб, дориларни бир тартибда ичишни ўргатаман дебди, муолажа бошлабди. Хуллас, қолган дориларни топиш учун саргардон бўлиб турган кунларида таниш шифокоримга қўнғироқ қилдик, дорилар ҳақида сўрадик. У ташвишли оҳангда “10 йил олийгоҳда ўқиган” шифокорга бормаслигимизни, бу қадар кучли дорига эҳтиёж йўқлигини қаттиқ тайинлади. Бунинг устига дугонамдан сўрлаган дорилар чет эл фирмалариники бўлиб, йиртиб олинган ҳар бир этикет учун 1-2 АҚШ долларида “хизмат ҳаққи” ажратилиши, бунинг устига оддий антибиотиклардан фарқ қилмаслиги маълум бўлди. Дугонам чув тушгани, шифокор танлашда адашгани, дардига даво истаб борган инсони беморларига фақат “даромад манбаи” дея қарайдиган “тижоратчи” бўлиб чиққанидан уввос солиб йиғлаб юборди. Ажабланмаса ҳам, йиғламаса ҳам бўларди. Аммо дард чекаётган инсонга бу каби муносабатда бўлиш, чўкаётган инсонга қўлингни бер дея, оқим тарафга итариб юборишга ўхшайди. Мана дугонам қачондан бери шифокорларга ишонмайди, даволанишига ҳафсаласи йўқ. Тўғри ҳамма ҳам бундай масъулиятсиз эмас, аммо орамизда оқ либосига муносиб бўлмаган “шифокорлар” ҳам учраб туради.

Қариндошимиз шифохонада оламдан ўтди. Таъзия бошланиб кетди. Марҳумни дафн қилишга керакли ишлар қилина бошланди. Гўркўв қабр қазиди, ювуқчи пешингача келиши таъйинланди, маросим машинаси олдиндан чақиртирилиб қўйилди, узоқ-яқин қариндошлар, маҳалла-кўй жам бўлди. Ҳамма ғайғуда. Совуқ қиш куни бўлгани учун, ҳолат ҳам совуқ. “Жаноза неччига экан?” висир-висир бошланди...

“Ким билсин, пешинга дейишяпти...”.

 “Вой, айланай. Маййит ҳали йўқ-ку!”

“Нима?! Ҳамма нарса тахт – маййит йўқ?!”

Шунақа гап-сўзлар кўпайганда кўпайди. Шифохонага кетганлар, маййитни пешинга яқин қолса ҳам олиб келишмади. Қўнғироқ қилдик. Рухсатнома берадиган доктор йўқ экан. Бунинг устига маййит ёрилмаса, жавоб ҳам берилмасакан. Яна аллақандай ҳужжатлар зарур экан. Хуллас, жаноза асрга қоладиганга ўхшади. Маййитнинг яқинлари жигари фироқига бир куйса, жигарининг жасадини олиб келолмай икки куярди. Маййитнинг опаси шарт туриб, шифохонага кетган жиянларига сим қоқди:

“Муддаосини очиқ айтсин! Ёрадиган ҳоли йўқку укагинамнинг. Касал бўлиб, озиб-тўзиб ҳаётдан кўз юмган бўлса! Касалини аниқлаш яна нимага керак? Тўсатдан ўлиб қолгани йўқ-ку!”

“Аммажон, “қистир” дейишяпти...”

“Қанча?!”

“100... кўкида. Шунда ёришмасакан, тезда қўйиб юборар экан...”

“Узат, узат ноинсофларга, ўлик устидан пул егувчиларга. Укагинамнинг совуқ жасади бўлса ҳам ўшоқларда қолмасин...” Яна йиғи-сиғи. Бироздан сўнг шифохона машинасида маййит келтирилди. Сўнгги манзилга кузатилди.

Танишим 4 фарзандига ҳомиладор бўлди. Ўзига яхши гинеколог топди. Назоратида бўлди. Барча айтганларини қилди. Ой куни яқинлаша бошлаганида қаттиқ таъйинлади:

“Уччала қизимни минг машаққат билан дунёга келтирганман. Шу боламни қўлга олсам, Иншааллоҳ, бошқа ҳомиладор бўлмасам ҳам керак. Аллоҳ ўғил берадиганга ўхшаб турибди. Жон дўхтир, табиий туғруқ учун соғлигим тўғри келмайди, баданим заиф, бунинг устига ёшим катта. Илтимос вазиятга қараб, жарроҳлик амалиёти ўтказинг. Негаки,  олдингиларимда ҳам хушимдан кетиб қолардим. Бунисида хушимдан кетсам, табиий туғруққа дош беролмайман. Амалиётга тайёрлайверинг...”

“Вой-бў, ваҳимачи бўлманг синглим! Яхши ният қилинг, амалиётни нима қиласиз? Мен мана неча йиллардан бери шу борада илмий иш олиб боряпман. Сизни ўзим, ўз қўлларим билан табиий туғдириб оламан. Бунинг учун менда зарур илм, керакли асбоблар етарли. Ҳали раҳмат дейсиз. Сиз биринчи ҳам, охиргиси ҳам эмассиз...”

Кутилган кун келди. Танишимнинг тажрибаси алдамади: туғруқ жараёни қийинчилик билан бошланди, онадан сув кета бошлади. Бола чиқай демасди. Она айтганидек ўзидан кетди. Кучанишга ҳоли қолмади. Ўз билимига ишонган доктор онанинг илтимосини эслади: мени жарроҳлик амалиёти билан туғдиринг... Амалиётга кеч бўлганди. Боланинг оёғи кўринди. Уни махсус тортгич асбобида чиқариб олишди. Болажон кўкариб, жонсиз ҳолатда дунёга келди. Онасининг хушсиз танасига умид билан қўйилди, нафас олармикин дея бор имконият ишга солинди, бироқ фойдаси бўлмади. Ўзига ишонган гинеколог довдираб қолди, хушсиз она, жонсиз болага қараб, беморининг ёлборганларини эслади: “Ўзим табиий туғолмайман. Жарроҳлик ўтказинг...”. Тўғри, бу тақдир. Жон бергувчи ҳам олгувчи ҳам Аллоҳ. Аммо ўзига бу қадар қаттиқ ишониш, тажрибага суяниб, воқеликдан кўз юмиш виждон азобида ёндиради.

Ўз ишига пухта бўлмаган икки инсондан қўрқилади: бири олим, бири шифокор. Олимнинг нотўғри фатвоси охиратни куйдирса, шифокорнинг нотўғри муолажаси жасадни ўлдиради.

Ўз касбига масъулият билан қарамаган шифокорнинг либослари оппоқ эмас – доғлари бор. Доғлардан ҳосил бўлган шармандалиги бор. Шармандаликнинг Охиратда жавоби бор!

Н.Саидакбарова,

Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим юрти ўқитувчиси

Oppoq libos. Oq libosni yuzi nurli, najot kutiladigan inson - shifokorlar kiyadi. U hamisha og‘ir kunlarimizda, qiyinchilik damlarimizda jonimizga oro kirgan. Tishimiz og‘risa ham, boshimiz og‘risa ham faqat uning yoniga najot – shifo istab boramiz. Dardimizga shifo topsak, shifokorimiz qadrdon aka-ukamiz, opa-singlimizga aylanib qoladi. Ba’zan yaxshi niyatlar ila shifokor, hamshiralarning ismini farzandimizga, nabiralarimizga qo‘yamiz – u ham katta bo‘lganda insonlarni davolasin, dardiga malham bo‘lsin deb. Zero, dinimiz insonlarga foyda keltirgan, og‘irini yengil qilganga ulkan savoblar, ajrlar va’da qilgan. Shifokorlik mana shunday sharafli, savobli hamda mas’uliyatli kasb!

Oq libos poklik, halollik ramzi. Ammo shifokorlikning oq libosini kiyib qora ishlar (fidoyi shifokorlardan ming bor uzr so‘rayman) qilayotganlar ham oz emas. Ba’zi shifokorlar pul ilinjida, ba’zilari obro‘, ba’zilari amal kursiga ishqiboz bo‘lib, kim ekanligini, nima ish qilishi lozimligini unutib qo‘yadi – oq libosiga dog‘lar sochadi.

O‘quvchim darsga kelmay qo‘ydi. Tishi og‘rib qolibdi. Ancha kun yo‘q bo‘lib ketdi. Kelgach shunchaki tishi og‘rimagani, balki, jarrohlik operatsiyasini boshidan o‘tkazganini aytib qoldi. Tishi og‘rib stomotolog huzuriga boribdi. Doktor qurtlagan tishning nervini igna bilan tozalagan, igna ingichka emasmi, nerv kanallari orasida sinib, milkka sanchilib qolgan. Doktor singgan ignani chiqarmay, tishni yopib, plombalab qo‘yadi. Ukol tarqab, og‘riq zo‘rayadi. Og‘riqsizlantiruvchi birorta dori ta’sir qilmaydi. Holat yomonlashavergach, boshqa shifokorga murojat qiladi. Rentgen qilingach, milk orasida ignaning uchi borligi ma’lum bo‘ladi. Shifokor tishni sug‘urib, milkni kesib, ignani olib tashlaydi. O‘quvchim darsga kela boshladi, ammo hali ham og‘riqlari bosilmagan, asablari o‘ziga kelmagan. Darsda ham boshini qo‘yib, rangi oqarib bir holatda o‘tiradi.

Dugonam bir necha yillardan beri farzand kutadi. Har bir maqtov eshitgan, o‘zgalar farzand ko‘rishiga sababchi bo‘lgan shifokorning daragini topsa, darrov huzuriga chopadi, dardiga shifo izlaydi. Bir kuni xomush holda uchratdim: shifokori yozib bergan dori va ukollarini topolmayotgan ekan. Topganlari ham juda qimmat bo‘lib, hammasini olishga imkoni yo‘qligidan ko‘z yosh qildi. Dorixonaga kirdik. Ro‘yxatni ko‘rsatdik. Dorixonachi kulib, bu dorilar o‘rniga oddiy antibiotiklar qabul qilsa ham bo‘lishini, qog‘ozda yozilgan dori bilan antibiotik tarkibi bir xil ekanligini, farqi biri o‘zimizda, biri xorijda ishlab chiqarilganidaligini aytib qoldi. Dugonam ko‘nmadi. Doktor qattiq tayinlagan, olib bormasam jahli chiqadi deya, unamay turib qoldi. Bir amallab ko‘ndirdik. Qimmat dorilar o‘rniga oddiy, tarkibi bir xil arzonroq doridan oldik. Dugonam muolajaga shifokori huzuriga ketdi. Keyingi kun gaplashsak, shifokor dorilarni ko‘rib ularni uloqtirganini, agar farzand kerak bo‘lsa barcha aytganlarini so‘zsiz bajarishini, “hech narsadan xabari yo‘q aptekachilar”ni aytganini qilmay, “10 yil oliygohda o‘qigan” doktorga quloq solishini tayinlagan. O‘zi aytgan dorilar falon manzildagi dorixonadan topilishi, boshqa yerlarni qidirib ovora bo‘lmasligini ta’kidlagan. Farzand ko‘rish uchun hamma narsaga shay dugonam “xo‘p” deya yana dorixonalarni kezib chiqibdi. Oxiri ba’zi tabletkalar, ukollarni topgan, ba’zilarini topa olmagan. Topganlarini muolaja boshlash uchun oilaviy shifoxonasiga – doktor yoniga olib chiqibdi. Doktorning chehrasi biroz yorishib, endi muolajani tezlik bilan boshlash kerakligini aytibdi. So‘ralgan dorilarning ustki qismini yirtib olib, dorilarni bir tartibda ichishni o‘rgataman debdi, muolaja boshlabdi. Xullas, qolgan dorilarni topish uchun sargardon bo‘lib turgan kunlarida tanish shifokorimga qo‘ng‘iroq qildik, dorilar haqida so‘radik. U tashvishli ohangda “10 yil oliygohda o‘qigan” shifokorga bormasligimizni, bu qadar kuchli doriga ehtiyoj yo‘qligini qattiq tayinladi. Buning ustiga dugonamdan so‘rlagan dorilar chet el firmalariniki bo‘lib, yirtib olingan har bir etiket uchun 1-2 AQSh dollarida “xizmat haqqi” ajratilishi, buning ustiga oddiy antibiotiklardan farq qilmasligi ma’lum bo‘ldi. Dugonam chuv tushgani, shifokor tanlashda adashgani, dardiga davo istab borgan insoni bemorlariga faqat “daromad manbai” deya qaraydigan “tijoratchi” bo‘lib chiqqanidan uvvos solib yig‘lab yubordi. Ajablanmasa ham, yig‘lamasa ham bo‘lardi. Ammo dard chekayotgan insonga bu kabi munosabatda bo‘lish, cho‘kayotgan insonga qo‘lingni ber deya, oqim tarafga itarib yuborishga o‘xshaydi. Mana dugonam qachondan beri shifokorlarga ishonmaydi, davolanishiga hafsalasi yo‘q. To‘g‘ri hamma ham bunday mas’uliyatsiz emas, ammo oramizda oq libosiga munosib bo‘lmagan “shifokorlar” ham uchrab turadi.

Qarindoshimiz shifoxonada olamdan o‘tdi. Ta’ziya boshlanib ketdi. Marhumni dafn qilishga kerakli ishlar qilina boshlandi. Go‘rko‘v qabr qazidi, yuvuqchi peshingacha kelishi ta’yinlandi, marosim mashinasi oldindan chaqirtirilib qo‘yildi, uzoq-yaqin qarindoshlar, mahalla-ko‘y jam bo‘ldi. Hamma g‘ayg‘uda. Sovuq qish kuni bo‘lgani uchun, holat ham sovuq. “Janoza nechchiga ekan?” visir-visir boshlandi...

“Kim bilsin, peshinga deyishyapti...”.

 “Voy, aylanay. Mayyit hali yo‘q-ku!”

“Nima?! Hamma narsa taxt – mayyit yo‘q?!”

Shunaqa gap-so‘zlar ko‘payganda ko‘paydi. Shifoxonaga ketganlar, mayyitni peshinga yaqin qolsa ham olib kelishmadi. Qo‘ng‘iroq qildik. Ruxsatnoma beradigan doktor yo‘q ekan. Buning ustiga mayyit yorilmasa, javob ham berilmasakan. Yana allaqanday hujjatlar zarur ekan. Xullas, janoza asrga qoladiganga o‘xshadi. Mayyitning yaqinlari jigari firoqiga bir kuysa, jigarining jasadini olib kelolmay ikki kuyardi. Mayyitning opasi shart turib, shifoxonaga ketgan jiyanlariga sim qoqdi:

“Muddaosini ochiq aytsin! Yoradigan holi yo‘qku ukaginamning. Kasal bo‘lib, ozib-to‘zib hayotdan ko‘z yumgan bo‘lsa! Kasalini aniqlash yana nimaga kerak? To‘satdan o‘lib qolgani yo‘q-ku!”

“Ammajon, “qistir” deyishyapti...”

“Qancha?!”

“100... ko‘kida. Shunda yorishmasakan, tezda qo‘yib yuborar ekan...”

“Uzat, uzat noinsoflarga, o‘lik ustidan pul yeguvchilarga. Ukaginamning sovuq jasadi bo‘lsa ham o‘shoqlarda qolmasin...” Yana yig‘i-sig‘i. Birozdan so‘ng shifoxona mashinasida mayyit keltirildi. So‘nggi manzilga kuzatildi.

Tanishim 4 farzandiga homilador bo‘ldi. O‘ziga yaxshi ginekolog topdi. Nazoratida bo‘ldi. Barcha aytganlarini qildi. Oy kuni yaqinlasha boshlaganida qattiq ta’yinladi:

“Uchchala qizimni ming mashaqqat bilan dunyoga keltirganman. Shu bolamni qo‘lga olsam, Inshaalloh, boshqa homilador bo‘lmasam ham kerak. Alloh o‘g‘il beradiganga o‘xshab turibdi. Jon do‘xtir, tabiiy tug‘ruq uchun sog‘ligim to‘g‘ri kelmaydi, badanim zaif, buning ustiga yoshim katta. Iltimos vaziyatga qarab, jarrohlik amaliyoti o‘tkazing. Negaki,  oldingilarimda ham xushimdan ketib qolardim. Bunisida xushimdan ketsam, tabiiy tug‘ruqqa dosh berolmayman. Amaliyotga tayyorlayvering...”

“Voy-bo‘, vahimachi bo‘lmang singlim! Yaxshi niyat qiling, amaliyotni nima qilasiz? Men mana necha yillardan beri shu borada ilmiy ish olib boryapman. Sizni o‘zim, o‘z qo‘llarim bilan tabiiy tug‘dirib olaman. Buning uchun menda zarur ilm, kerakli asboblar yetarli. Hali rahmat deysiz. Siz birinchi ham, oxirgisi ham emassiz...”

Kutilgan kun keldi. Tanishimning tajribasi aldamadi: tug‘ruq jarayoni qiyinchilik bilan boshlandi, onadan suv keta boshladi. Bola chiqay demasdi. Ona aytganidek o‘zidan ketdi. Kuchanishga holi qolmadi. O‘z bilimiga ishongan doktor onaning iltimosini esladi: meni jarrohlik amaliyoti bilan tug‘diring... Amaliyotga kech bo‘lgandi. Bolaning oyog‘i ko‘rindi. Uni maxsus tortgich asbobida chiqarib olishdi. Bolajon ko‘karib, jonsiz holatda dunyoga keldi. Onasining xushsiz tanasiga umid bilan qo‘yildi, nafas olarmikin deya bor imkoniyat ishga solindi, biroq foydasi bo‘lmadi. O‘ziga ishongan ginekolog dovdirab qoldi, xushsiz ona, jonsiz bolaga qarab, bemorining yolborganlarini esladi: “O‘zim tabiiy tug‘olmayman. Jarrohlik o‘tkazing...”. To‘g‘ri, bu taqdir. Jon berguvchi ham olguvchi ham Alloh. Ammo o‘ziga bu qadar qattiq ishonish, tajribaga suyanib, voqelikdan ko‘z yumish vijdon azobida yondiradi.

O‘z ishiga puxta bo‘lmagan ikki insondan qo‘rqiladi: biri olim, biri shifokor. Olimning noto‘g‘ri fatvosi oxiratni kuydirsa, shifokorning noto‘g‘ri muolajasi jasadni o‘ldiradi.

O‘z kasbiga mas’uliyat bilan qaramagan shifokorning liboslari oppoq emas – dog‘lari bor. Dog‘lardan hosil bo‘lgan sharmandaligi bor. Sharmandalikning Oxiratda javobi bor!

N.Saidakbarova,

Xadichai Kubro ayol-qizlar bilim yurti o‘qituvchisi