Талоқ қилайми ёки ота-онамга оқ бўлайми?

Рукн: Жамият Чоп этилган: 02.11.2016

Ота-онага яхшилик қилиш борасида биз мусулмонларга яқин келадиган халқ йўқ. Чунки ота-онага яхшилик қилиш динимиз таълимотида бандани Аллоҳга яқинлаштирувчи энг афзал амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бир неча оятларда Ўзига ибодат қилиш билан бирга ота-онага яхшилик қилишга ҳамбуюрган. Уларга қилинадиган хизматни ибодат даражасига кўтарган.

Ота-онасига итоат қилаётган фарзанд, аслида Аллоҳга итоат қилаётган, У Зотнинг буйруғини бажараётган бўлади. Зеро ота-она фарзанд учун Аллоҳ таолонинг васиятидир. У Зот Қуръони карим оятларида уларга яхшилик қилишга буюраркан айнан васият сийғаси билан амр этган. Васият билан амрнинг ўртасида фарқ бор. Амр бир ишни қилишга буйруқ, васият эса буйруқни ўта муҳим ва таъкидли экани ва уни эсдан чиқариш мумкин эмаслигини ҳам ифода қилади. Шунингдек ота-онага итоатсизлик ҳам Аллоҳ таолога итоатсизлик, У Зотнинг буйруғига бўйсунмасликдир.

Шундай экан ота-онага хизмат ва итоат қилиш бош устига. Лекин ҳар бир нарсанинг чегараси бўлганидек ота-онага итоат қилишнинг ҳам чегараси бор. Аллоҳ таоло айтади:

“Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга мажбурласалар, бас, уларга итоат қилма! Ва уларга дунёда яхшилик қил. Менга инобат қилганнинг йўлига эргаш. Сўнг, қайтишингиз фақат Менинг ҳузуримгадир. Мен сизга нима амал қилганингизнинг хабарини берурман”. (Луқмон сураси 15-оят)

Ота-она фарзандни ширк ёки куфрга буюришса, уларга ана шу ишда итоат қилмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳақи уларнинг ҳақларидан устун ҳисобланади. У Зотга куфр ва гуноҳ бўладиган ишларда итоат қилмайди.

Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга гуноҳ бўладиган ишда ҳеч кимга итоат йўқдир! Албатта, итоат қилиш маъруф-яхшилик ишдадирдедилар”. (Имом Аҳмад ривоятлари)

Демак гуноҳга буюрган ким бўлса ҳам унга итоат қилиш йўқ. Ота-онага ҳам фақат савобли яхши ишларда итоат қилинади.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Холиққа гуноҳ бўладиган ишда махлуққа итоат йўқдирдедилар”. (Имом Аҳмад ривоятлари)

У махлуқ ким бўлишидан қатъий назар Холиқ Зотнинг ҳаққини поймол қилишни талаб қилса, унга итоат қилинмайди. Лекин фарзанд ота-онасига яхшилик қилишда давом этаверади. Итоат қилмайди дегани айрим адашган тоифалар айтганидек, улардан воз кечиш дегани эмас. Зеро ота-она ўзлари мушрик, кофир ва динсиз бўлсалар ҳам фарзанддаги ҳақлари соқит бўлмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам ширк ва куфрда уларга итоат қилишдан қайтариб туриб: “Ва уларга дунёда яхшилик қил” деди. Яъни фарзандлик бурчингни адо қилишда давом этавер. Уларга яхшилик қил. Хизматларини чиройли қил.

Шунингдек ширк ва куфрдан бошқа гуноҳга буюришса ҳам итоат қилмайди. Масалан, “ароқ олиб кел”, “ароқ қуйиб бер” ёки “сен ҳам ароқ ич” деса, ёки “намоз ўқима, ўқисанг, оққ қилдим”, “рўза тутма”, деса ҳам итоат қилмайди.

Ёки ҳозирги кундаги баъзи адашган оқимларга қўшилишни, агар қўшилмаса оққ қилишини айтса, ўғил унга итоат қилмаса ҳеч қандай гуноҳ бўлмайди. Балки гумроҳ отасини ҳам гуноҳдан сақлаб қолган бўлади.

Ёки ҳозирги кунда тез-тез қулоққа чалиниб турган ана шундай нотўғри ишлардан бири, айрим ота-оналар ўғилларидан қаттиқ талаб қилиб: “Хотинингни талоқ қил! Бўлмасам оққ қиламан” ёки “Ё бизни де, ё хотинингни де! Ажрашмасанг розимасман. Берган оқ сутим ҳаром бўлсин” каби қаттиқ-қуруқ гапларни гапириб, фарзандларини нозик жойидан тутиб, боши берк кўчага тиқиб қўядилар. Бечора ўғил нима қиларини билмай қолади. Баъзилари эса ўзлари ҳохламасалар ҳам ота-оналарининг бундай қалтис гапларидан қўрқиб талоқ қилганлари ҳам бор. Натижада эса бир оила бузилиб кетяпти. Ўртада икки-уч бегуноҳ болалар тирик етим бўлиб, сарсону саргардон бўлиб, тарбиялари ҳам зое бўлмоқда. Ана шундай пайтларда кўпни кўрган ёши улуғ оталар ҳам илгариги оқил, пурмаъно сўзли оталаримиздан фарқли ўлароқ оналарнинг тегирмонига сув қуйиб, ишни яна ҳам катталаштирмоқдалар.

Яқин кунларда бўлган бир воқеада она келини билан келишолмай ўғлидан хотинини талоқ қилишини қаттиқ талаб қилиб туриб oлади. Чорасиз қолган ўғил онасининг риоясини қилиб, кейин ярашиб олиш ниятида: “талоқ қилдим” дейди. Бу воқеанинг гувоҳи бўлиб турган ота эса, эшитган-билганларига таяниб: “Ўғлинг талоқ деб қутилди, эртага яна ярашиб олиши мумкин. Унга айт “уч талоқ” қилсин” депди. Охир оқибат уч талоқ олган келин шўрлик уч боласи билан отасининг уйига ҳайдалибди.

Буни қандай тушуниш мумкин? Наҳотки бу ота-онани фарзандларининг бахти, набираларининг келажаги қизиқтирмаса. Аллоҳнинг ҳузурига борганда нима деб жавоб беришни ўйлашмаса.

Бундай пайтда ўғил қандай йўл тутса тўғри бўларди? Нима қилса ота-онасига оққ бўлмас ва Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлмас эди? Ушбу саволларга қуйидаги ривоятлардан жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёлни эрига гиж-гижлаб, )ўртасини( бузган биздан эмас”, бошқа бир ривоятда “Аёлни эрига гиж-гижлаб, )ўртасини( бузганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин. Эркакни аёлига гиж-гижлаб )ўртасини(бузганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дедилар. (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари)

Ушбу ҳадиси шарифдан эр-хотин ўртасини бузиш, уларнинг ажралиб кетишига сабаб бўлиш гуноҳи кабираларнинг энг катталаридан эканини билиб олишимиз мумкин. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундай одамни “биздан эмас” ёкиунга “Аллоҳнинг лаънати бўлсин” дейишлари ҳар қандай охиратдан умиди бор мусулмонни бундай жирканч ишдан ҳазар қилишига кифоя қилади.

Буюк тобеъинлардан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳга баъзи кишилар савол бериб: “Бир одамнинг онаси: “Хотинингни талоқ қиласан” деб туриб олса, нима қилади?” дейишди. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Хотинини талоқ қилиши онага яхшилик бўладиган, яъни онанинг хурсандлиги учун қилинадиган ишлардан эмас” деб жавоб бердилар. Демак бундай ҳолда онанинг талаби ношаръий талаб бўлади. Агар ўғил унга итоат қилмаса гуноҳкор бўлмайди.

Ҳанафий уламолардан имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ: “Фарзанд мубоҳ бўлган нарсаларда уларга бўйсунади, қайтарилган ишларда эмас”, деганлар.

Мулло Алий Қорий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Хотини билан ажрашишини буюрсалар, уни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Агар бундан ота-она қаттиқ озор топсалар ҳам”.

Бир киши имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳдан: “Отам хотинимни талоқ қилишимга амр қилмоқда” деди. У зот: “Уни талоқ қилма” дедилар. У: “Умар розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга талоқ қилишга амр қилган эмасми?” деди. Шунда: “Отанг Умар розияллоҳу анҳудек бўлганда сен ҳам қиласан” дедилар. Яъни сенинг отанг ҳам ҳазрати Умардек ҳақ ва адолатни, ҳавойи нафсга эргашмасликни биладиган даражага етмагунича хотинингни талоқ қилмайсан демоқдалар.

Худди мана шу гаплар қизини мажбурлаб, ажратиб олмоқчи бўлган ота-оналарга ҳам тегишлидир. Лекин аксар ҳолларда бундай ишлар куёв томонидагилардан кўпроқ содир бўлади.

Баҳодир Раҳматуллаев

Зангиота тумани “Фатҳ” жоме масжиди имом-хатиби


Ota-onaga yaxshilik qilish borasida biz musulmonlarga yaqin keladigan xalq yo‘q. Chunki ota-onaga yaxshilik qilish dinimiz ta’limotida bandani Allohga yaqinlashtiruvchi eng afzal amallardan hisoblanadi. Alloh taolo Qur’oni karimda bir necha oyatlarda O‘ziga ibodat qilish bilan birga ota-onaga yaxshilik qilishga hambuyurgan. Ularga qilinadigan xizmatni ibodat darajasiga ko‘targan.

Ota-onasiga itoat qilayotgan farzand, aslida Allohga itoat qilayotgan, U Zotning buyrug‘ini bajarayotgan bo‘ladi. Zero ota-ona farzand uchun Alloh taoloning vasiyatidir. U Zot Qur’oni karim oyatlarida ularga yaxshilik qilishga buyurarkan aynan vasiyat siyg‘asi bilan amr etgan. Vasiyat bilan amrning o‘rtasida farq bor. Amr bir ishni qilishga buyruq, vasiyat esa buyruqni o‘ta muhim va ta’kidli ekani va uni esdan chiqarish mumkin emasligini ham ifoda qiladi. Shuningdek ota-onaga itoatsizlik ham Alloh taologa itoatsizlik, U Zotning buyrug‘iga bo‘ysunmaslikdir.

Shunday ekan ota-onaga xizmat va itoat qilish bosh ustiga. Lekin har bir narsaning chegarasi bo‘lganidek ota-onaga itoat qilishning ham chegarasi bor. Alloh taolo aytadi:

“Agar ular seni o‘zing bilmagan narsani Menga shirk keltirishga majburlasalar, bas, ularga itoat qilma! Va ularga dunyoda yaxshilik qil. Menga inobat qilganning yo‘liga ergash. So‘ng, qaytishingiz faqat Mening huzurimgadir. Men sizga nima amal qilganingizning xabarini berurman”. (Luqmon surasi 15-oyat)

Ota-ona farzandni shirk yoki kufrga buyurishsa, ularga ana shu ishda itoat qilmaydi. Chunki Alloh taoloning haqi ularning haqlaridan ustun hisoblanadi. U Zotga kufr va gunoh bo‘ladigan ishlarda itoat qilmaydi.

Aliy roziyallohu anhu aytadilar: “Rosululloh sollallohu alayhi vasallam: “Allohga gunoh bo‘ladigan ishda hech kimga itoat yo‘qdir! Albatta, itoat qilish ma’ruf-yaxshilik ishdadirdedilar”. (Imom Ahmad rivoyatlari)

Demak gunohga buyurgan kim bo‘lsa ham unga itoat qilish yo‘q. Ota-onaga ham faqat savobli yaxshi ishlarda itoat qilinadi.

Imron ibn Husoyn roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: “Rosululloh sollallohu alayhi vasallam: “Xoliqqa gunoh bo‘ladigan ishda maxluqqa itoat yo‘qdirdedilar”. (Imom Ahmad rivoyatlari)

U maxluq kim bo‘lishidan qat’iy nazar Xoliq Zotning haqqini poymol qilishni talab qilsa, unga itoat qilinmaydi. Lekin farzand ota-onasiga yaxshilik qilishda davom etaveradi. Itoat qilmaydi degani ayrim adashgan toifalar aytganidek, ulardan voz kechish degani emas. Zero ota-ona o‘zlari mushrik, kofir va dinsiz bo‘lsalar ham farzanddagi haqlari soqit bo‘lmaydi. Shuning uchun Alloh taolo ham shirk va kufrda ularga itoat qilishdan qaytarib turib: “Va ularga dunyoda yaxshilik qil” dedi. Ya’ni farzandlik burchingni ado qilishda davom etaver. Ularga yaxshilik qil. Xizmatlarini chiroyli qil.

Shuningdek shirk va kufrdan boshqa gunohga buyurishsa ham itoat qilmaydi. Masalan, “aroq olib kel”, “aroq quyib ber” yoki “sen ham aroq ich” desa, yoki “namoz o‘qima, o‘qisang, oqq qildim”, “ro‘za tutma”, desa ham itoat qilmaydi.

Yoki hozirgi kundagi ba’zi adashgan oqimlarga qo‘shilishni, agar qo‘shilmasa oqq qilishini aytsa, o‘g‘il unga itoat qilmasa hech qanday gunoh bo‘lmaydi. Balki gumroh otasini ham gunohdan saqlab qolgan bo‘ladi.

Yoki hozirgi kunda tez-tez quloqqa chalinib turgan ana shunday noto‘g‘ri ishlardan biri, ayrim ota-onalar o‘g‘illaridan qattiq talab qilib: “Xotiningni taloq qil! Bo‘lmasam oqq qilaman” yoki “Yo bizni de, yo xotiningni de! Ajrashmasang rozimasman. Bergan oq sutim harom bo‘lsin” kabi qattiq-quruq gaplarni gapirib, farzandlarini nozik joyidan tutib, boshi berk ko‘chaga tiqib qo‘yadilar. Bechora o‘g‘il nima qilarini bilmay qoladi. Ba’zilari esa o‘zlari hoxlamasalar ham ota-onalarining bunday qaltis gaplaridan qo‘rqib taloq qilganlari ham bor. Natijada esa bir oila buzilib ketyapti. O‘rtada ikki-uch begunoh bolalar tirik yetim bo‘lib, sarsonu sargardon bo‘lib, tarbiyalari ham zoe bo‘lmoqda. Ana shunday paytlarda ko‘pni ko‘rgan yoshi ulug‘ otalar ham ilgarigi oqil, purma’no so‘zli otalarimizdan farqli o‘laroq onalarning tegirmoniga suv quyib, ishni yana ham kattalashtirmoqdalar.

Yaqin kunlarda bo‘lgan bir voqeada ona kelini bilan kelisholmay o‘g‘lidan xotinini taloq qilishini qattiq talab qilib turib oladi. Chorasiz qolgan o‘g‘il onasining rioyasini qilib, keyin yarashib olish niyatida: “taloq qildim” deydi. Bu voqeaning guvohi bo‘lib turgan ota esa, eshitgan-bilganlariga tayanib: “O‘g‘ling taloq deb qutildi, ertaga yana yarashib olishi mumkin. Unga ayt “uch taloq” qilsin” depdi. Oxir oqibat uch taloq olgan kelin sho‘rlik uch bolasi bilan otasining uyiga haydalibdi.

Buni qanday tushunish mumkin? Nahotki bu ota-onani farzandlarining baxti, nabiralarining kelajagi qiziqtirmasa. Allohning huzuriga borganda nima deb javob berishni o‘ylashmasa.

Bunday paytda o‘g‘il qanday yo‘l tutsa to‘g‘ri bo‘lardi? Nima qilsa ota-onasiga oqq bo‘lmas va Allohning huzurida gunohkor bo‘lmas edi? Ushbu savollarga quyidagi rivoyatlardan javob topishga harakat qilamiz.

Abu Hurayra roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: “Rosululloh sollallohu alayhi vasallam: “Ayolni eriga gij-gijlab, )o‘rtasini(buzgan bizdan emas”, boshqa bir rivoyatda “Ayolni eriga gij-gijlab, )o‘rtasini(buzganga Allohning la’nati bo‘lsin. Erkakni ayoliga gij-gijlab )o‘rtasini(buzganga Allohning la’nati bo‘lsin”, dedilar. (Imom Abu Dovud va Imom Ahmad rivoyatlari)

Ushbu hadisi sharifdan er-xotin o‘rtasini buzish, ularning ajralib ketishiga sabab bo‘lish gunohi kabiralarning eng kattalaridan ekanini bilib olishimiz mumkin. Rosululloh sollallohu alayhi vasallam unday odamni “bizdan emas” yokiunga “Allohning la’nati bo‘lsin” deyishlari har qanday oxiratdan umidi bor musulmonni bunday jirkanch ishdan hazar qilishiga kifoya qiladi.

Buyuk tobe’inlardan Hasan Basriy rahmatullohi alayhga ba’zi kishilar savol berib: “Bir odamning onasi: “Xotiningni taloq qilasan” deb turib olsa, nima qiladi?” deyishdi. Hasan Basriy rahmatullohi alayh: “Xotinini taloq qilishi onaga yaxshilik bo‘ladigan, ya’ni onaning xursandligi uchun qilinadigan ishlardan emas” deb javob berdilar. Demak bunday holda onaning talabi noshar’iy talab bo‘ladi. Agar o‘g‘il unga itoat qilmasa gunohkor bo‘lmaydi.

Hanafiy ulamolardan imom Tahoviy rahmatullohi alayh: “Farzand muboh bo‘lgan narsalarda ularga bo‘ysunadi, qaytarilgan ishlarda emas”, deganlar.

Mullo Aliy Qoriy Hanafiy rahmatullohi alayh aytadilar: “Xotini bilan ajrashishini buyursalar, uni taloq qilish lozim bo‘lmaydi. Agar bundan ota-ona qattiq ozor topsalar ham”.

Bir kishi imom Ahmad rahmatullohi alayhdan: “Otam xotinimni taloq qilishimga amr qilmoqda” dedi. U zot: “Uni taloq qilma” dedilar. U: “Umar roziyallohu anhu o‘g‘li Abdullohga taloq qilishga amr qilgan emasmi?” dedi. Shunda: “Otang Umar roziyallohu anhudek bo‘lganda sen ham qilasan” dedilar. Ya’ni sening otang ham hazrati Umardek haq va adolatni, havoyi nafsga ergashmaslikni biladigan darajaga yetmagunicha xotiningni taloq qilmaysan demoqdalar.

Xuddi mana shu gaplar qizini majburlab, ajratib olmoqchi bo‘lgan ota-onalarga ham tegishlidir. Lekin aksar hollarda bunday ishlar kuyov tomonidagilardan ko‘proq sodir bo‘ladi.

Bahodir Rahmatullayev

Zangiota tumani “Fath” jome masjidi imom-xatibi