Бировнинг ҳақини ноҳақ еманг!

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 20.05.2015


«Мол(-мулк)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола қилмангиз» (Бақара, 188).

Мазкур оят Абдон ал-Хадрамий ҳақида нозил бўлган. У бир парча ерни  Имруул Қайс ал-Киндийдан даъво қилди. Ўрталарида хусумат чиқди. Икковлари даъволашиб Пай­ғамбар (а.с.) ҳузурларига боришди. Имруул Қайс ўша ерни беришдан бош тортиб, қасам ичмоқчи бўлди. Шунда ушбу оят нозил бўлди ва Имруул Қайс қасам ичишдан воз кечди, ҳукм Абдон фойдасига ҳал бўлди. Бу борада Пайғамбар (а.с.) шундай деганлар: «Мен ҳам бир инсонман. Менинг ҳузуримга ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Сўзга усталик қилиб, ноҳақлик билан ўзгалар ҳақини ўзлаштириб олсангиз, билиб қўйинг­ки, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Гарчи оят юқоридаги ҳодиса туфайли нозил қилинган бўлса-да, ундаги хитоб қиёматгача келадиган барча умматларга қаратилгандир.

Оят матнидаги «ботил» луғатда зоил, яъни, йўқ бўлиб кетадиган, заволга юз тутадиган деган маъноларни англатади. Шундан келиб чиқиб «ботил (йўллар)билан» оятидан «ноҳақ, бирор эътиборга лойиқ дуруст ва шаръий сабаб бўлмасдан», деган тушунча келиб чиқади. Улар қаторига қимор, алдов, бировнинг ҳуқуқини топташ кабилар киради. Ноҳақ йўл билан мол ейиш барча ёмонликларнинг боши ҳисобланади. Бундан сақланиш диний тарбиядан кўзланган энг биринчи мақсад бўлгани учун ҳам рўзага тааллуқли оятдан кейин зикр қилинган.

«Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола қилмангиз», дея таржима қилинган оятнинг асл матнидаги «тудлу» сўзи «адла»дан олинган бўлиб, қудуққа челакни ташлашни билдиради. Оятда эса, «молни пора сифатида ҳокимларга узатиш», деган маънода қўлланган.

«Гуноҳ йўл билан»ни Қуртубий «зулм ва ҳаддан ошишлик билан» тарзида тафсир қилганлар.

Собуний бу оятни қуйидагича изоҳлаганлар: «Яъни, била туриб бировларнинг молларини ноҳақ ўзлаштириб олишингизда сизнинг фойдангизга ҳукм қилсинлар, дея ундан бир қисмини ҳокимларга узатманг, пора қилиб берманг».

Бу оят жуда катта ҳуқуқий ва ижтимоий масалаларни ўз ичига олади. Унда тавсия этилган ўгитларга амал қилиш орқали киши ўз нафсини «нафси мутмаинна» даражасига олиб чиқади.

Молларнинг ҳаром бўлиши ё ўзидаги бирор маънога ёки унинг қўлга киритилиш шаклига боғлиқ.

Биринчи қисм:Молларнинг асли ё маъданлардан ё ўсимликлардан ёки ҳайвонлардандир.

Маъданлар ернинг таркибига киради. Шу сабабли заҳарга ўхшаш истеъмол қилганга зарар берадигандан бошқа шаклдагилари ҳаром бўлмайди.

Ўсимликларнинг ҳам ҳаёт, ақл ва соғлиққа хавфли бўлганлардан бошқаси ҳаром эмас. Ҳаётга хавф солувчи ўсимликлар деганда заҳарли, даволанишдан ташқари қабул қилинадиган табиий дорилар, ақлни йўқ қилувчи ва маст қилувчи турлари тушунилади.

Ҳайвонларга келсак, улар ейиладиган ва ейилмайдиган турларга бўлинади. Истеъмоли ҳалол бўлган ҳайвонлар ҳам шаръий усулда сўйилмаса, ҳалол ҳисобланмайди ва уларнинг барча аъзолари бирдек ейилавермайди. Мисол учун, унинг ошқозонида бўлган овқат қолдиғи ва қони кабилар ҳаром қилинганки, бу нарса бутун тафсилотлари билан фиқҳ китобларида зикр этилган.

Иккинчи қисм:Қўлга киритилишидаги маълум бир сабаб туфайли ҳаром бўлган моллар. Бир молни олиш ҳам ё иродадан ташқари сабаб туфайли – меросга ўхшаб – ёки олувчининг истагига қараб бўлади.

Бу ҳам ўз навбатида ё эгасидан олинган бўлмайди – ишлаб топилган мол мисоли – ёки эгасидан олинган бўлади. У ҳам ё мажбуран ёки икки томон розилиги билан олинади.

Мажбуран тортиб олинган мол ҳам ё ўз дахлсизлигини йўқотгани туфайли бўлади – ўлжа каби – ёки ўша нарсани олишга тўла ҳақдор бўлингани учун тортиб олинади – закот бериши вожиб бўлганларнинг закоти ва вожиб нафақа каби.

Икки тараф розилиги билан олинган мол ҳам ё бирор-бир эваз билан олинган бўлади – олди-сотди, маҳр ва тўлов каби – ёки ҳеч қандай эвазсиз олинади – ҳадя ва васият сингари.

Ана шу тариқа молни қўлга киритиш ва ишлаб топишнинг ҳар хил турлари мавжудки, фиқҳ китобларида улар муфассал баён қилинган. 

Тафсир китоблари асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлади

“Ирфон” тақвимининг 2011 йил, 1-сонидан олинди.

* * *

«Mol(-mulk)laringizni o‘rtalaringizda botil (yo‘llar) bilan yemangiz! Shuningdek, bila turib, odamlarning haqlaridan bir qismini gunoh yo‘l bilan yeyish (o‘zlashtirish) maqsadida uni hokimlarga havola qilmangiz» (Baqara, 188).

Mazkur oyat Abdon al-Xadramiy haqida nozil bo‘lgan. U bir parcha yerni  Imruul Qays al-Kindiydan da’vo qildi. O‘rtalarida xusumat chiqdi. Ikkovlari da’volashib Pay­g‘ambar (a.s.) huzurlariga borishdi. Imruul Qays o‘sha yerni berishdan bosh tortib, qasam ichmoqchi bo‘ldi. Shunda ushbu oyat nozil bo‘ldi va Imruul Qays qasam ichishdan voz kechdi, hukm Abdon foydasiga hal bo‘ldi. Bu borada Payg‘ambar (a.s.) shunday deganlar: «Men ham bir insonman. Mening huzurimga haq talashib, da’vo bilan kelib turasizlar. So‘zga ustalik qilib, nohaqlik bilan o‘zgalar haqini o‘zlashtirib olsangiz, bilib qo‘ying­ki, o‘sha narsa do‘zaxning bir cho‘g‘idir. Xohlagan uni olsin, xohlamagan olmasin» (Buxoriy va Muslim rivoyatlari).

Garchi oyat yuqoridagi hodisa tufayli nozil qilingan bo‘lsa-da, undagi xitob qiyomatgacha keladigan barcha ummatlarga qaratilgandir.

Oyat matnidagi «botil» lug‘atda zoil, ya’ni, yo‘q bo‘lib ketadigan, zavolga yuz tutadigan degan ma’nolarni anglatadi. Shundan kelib chiqib «botil (yo‘llar)bilan» oyatidan «nohaq, biror e’tiborga loyiq durust va shar’iy sabab bo‘lmasdan», degan tushuncha kelib chiqadi. Ular qatoriga qimor, aldov, birovning huquqini toptash kabilar kiradi. Nohaq yo‘l bilan mol yeyish barcha yomonliklarning boshi hisoblanadi. Bundan saqlanish diniy tarbiyadan ko‘zlangan eng birinchi maqsad bo‘lgani uchun ham ro‘zaga taalluqli oyatdan keyin zikr qilingan.

«Shuningdek, bila turib, odamlarning haqlaridan bir qismini gunoh yo‘l bilan yeyish (o‘zlashtirish) maqsadida uni hokimlarga havola qilmangiz», deya tarjima qilingan oyatning asl matnidagi «tudlu» so‘zi «adla»dan olingan bo‘lib, quduqqa chelakni tashlashni bildiradi. Oyatda esa, «molni pora sifatida hokimlarga uzatish», degan ma’noda qo‘llangan.

«Gunoh yo‘l bilan»ni Qurtubiy «zulm va haddan oshishlik bilan» tarzida tafsir qilganlar.

Sobuniy bu oyatni quyidagicha izohlaganlar: «Ya’ni, bila turib birovlarning mollarini nohaq o‘zlashtirib olishingizda sizning foydangizga hukm qilsinlar, deya undan bir qismini hokimlarga uzatmang, pora qilib bermang».

Bu oyat juda katta huquqiy va ijtimoiy masalalarni o‘z ichiga oladi. Unda tavsiya etilgan o‘gitlarga amal qilish orqali kishi o‘z nafsini «nafsi mutmainna» darajasiga olib chiqadi.

Mollarning harom bo‘lishi yo o‘zidagi biror ma’noga yoki uning qo‘lga kiritilish shakliga bog‘liq.

Birinchi qism:Mollarning asli yo ma’danlardan yo o‘simliklardan yoki hayvonlardandir.

Ma’danlar yerning tarkibiga kiradi. Shu sababli zaharga o‘xshash iste’mol qilganga zarar beradigandan boshqa shakldagilari harom bo‘lmaydi.

O‘simliklarning ham hayot, aql va sog‘liqqa xavfli bo‘lganlardan boshqasi harom emas. Hayotga xavf soluvchi o‘simliklar deganda zaharli, davolanishdan tashqari qabul qilinadigan tabiiy dorilar, aqlni yo‘q qiluvchi va mast qiluvchi turlari tushuniladi.

Hayvonlarga kelsak, ular yeyiladigan va yeyilmaydigan turlarga bo‘linadi. Iste’moli halol bo‘lgan hayvonlar ham shar’iy usulda so‘yilmasa, halol hisoblanmaydi va ularning barcha a’zolari birdek yeyilavermaydi. Misol uchun, uning oshqozonida bo‘lgan ovqat qoldig‘i va qoni kabilar harom qilinganki, bu narsa butun tafsilotlari bilan fiqh kitoblarida zikr etilgan.

Ikkinchi qism:Qo‘lga kiritilishidagi ma’lum bir sabab tufayli harom bo‘lgan mollar. Bir molni olish ham yo irodadan tashqari sabab tufayli – merosga o‘xshab – yoki oluvchining istagiga qarab bo‘ladi.

Bu ham o‘z navbatida yo egasidan olingan bo‘lmaydi – ishlab topilgan mol misoli – yoki egasidan olingan bo‘ladi. U ham yo majburan yoki ikki tomon roziligi bilan olinadi.

Majburan tortib olingan mol ham yo o‘z daxlsizligini yo‘qotgani tufayli bo‘ladi – o‘lja kabi – yoki o‘sha narsani olishga to‘la haqdor bo‘lingani uchun tortib olinadi – zakot berishi vojib bo‘lganlarning zakoti va vojib nafaqa kabi.

Ikki taraf roziligi bilan olingan mol ham yo biror-bir evaz bilan olingan bo‘ladi – oldi-sotdi, mahr va to‘lov kabi – yoki hech qanday evazsiz olinadi – hadya va vasiyat singari.

Ana shu tariqa molni qo‘lga kiritish va ishlab topishning har xil turlari mavjudki, fiqh kitoblarida ular mufassal bayon qilingan. 

Tafsir kitoblari asosida No‘mon Abdulmajid tayyorladi

“Irfon” taqvimining 2011yil, 1-sonidan olindi.