Уламолар мазҳаббошимиз ҳақида

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 10.12.2014


Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби имомларидан энг улуғи, Ислом миллатининг фақиҳи Имом Абу Ҳанифа ҳижратнинг саксонинчи йили Ироқнинг Куфа шаҳрида туғилганлар. Бир неча саҳоба билан суҳбатдош бўлганлари, хусусан, Анас ибн Моликни (розийаллоҳу анҳу) ва яна етти-саккиз нафар саҳобани кўрганлари ривоят қилинади. Имоми Аъзам улуғ чашмалардан – Пайғамбаримизни (алайҳиссалом) кўрган кишилардан баҳра олган зотдирлар. Ривоятларда яна Абу Ҳанифа тобеинлардан тўрт минг кишидан дарс олганлари ва шунча саноқдаги одам у кишидан дарс олиб, олим бўлиб етишгани айтилади. Шунинг учун у зотни барча тан олади, уламою фузало “Имоми Аъзам”, яъни, “Улуғ имом” дея, ўзларидан устун ва илгари қўяди.

Замондошларидан Яҳё ибн Маъин бундай гувоҳлик беради: “Абу Ҳанифа ниҳоятда ишончли эдилар, қайси ҳадисни тўла ёд билсалар, ўша ҳадисни айтар, тўла ёд билмаган ҳадисни ривоят қилмас эдилар”.

Бундай сифат кам учрайди. Яъни, Абу Ҳанифа фақат ҳадисдан бир ҳарф бўлса-да ё нари, ё бери бўлишини кўтаролмас, ҳадис мазмунини тўлиқ билсалар-да, етказишда бирор сўз алмашиб қолишидан ҳавотирда уни ривоят қилишга ботинмас эдилар. Бу баҳо у зотнинг замондошлари томонидан берилган. Мана, орадан минг йилдан кўпроқ вақт ўтди. Бугун у кишини яхши танимаганлардан: “Имом Абу Ҳанифа кам ҳадис ривоят қилган”, деган гаплар ҳам чиқиб қолади. Бу каби баёнотлар, албатта, билимсизлигимиз оқибати. Аслида Имоми Аъзам Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтган ҳадисларини худди Қуръон оятлари каби аниқ ёд билган кишигина тилга чиқариши мумкин, деган талабчанлик билан ёндашганларидан, кўп ҳадис билсалар-да, уларни ривоят қилмаганлар.

Демак, тарихда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларини етказишда ишончли саналган бир неча киши бўлиб, шулардан бири Имом Абу Ҳанифа эканлар. Бу жуда катта мартабадир.

Шофиъий мазҳаби асосчиси Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай деган эдилар: «Моликдан[1]“Абу Ҳанифани кўрганмисиз?” деб сўралди. У киши: “Ҳа, кўрганман. Мен шундай одамни кўрдим, агар у мана шу рўпарадаги устунни тилла экан деб айтса, албатта шунинг тилла эканига ҳужжат келтирар эди”, деб жавоб берди».

Эътибор қилинг: бошқа мазҳаб етакчиси Абу Ҳанифа қандай одам бўлганига учинчи мазҳаб эгасининг сўзларини далил келтирмоқда. Бу ҳол уларнинг эътирофлари қанчалик кўламли ва самимий эканини кўрсатади.

Фақиҳ Абу Абдул­лоҳ Ғомярий бундай дейди: “Абу Ҳанифа қозиликка буюрилди. Хато ҳукм чиқариб қўйиб, Аллоҳ олдида гуноҳкор бўлиб қоламан, деган хавфда бу ишдан бош тортдилар. Қайта-қайта таклиф бўлди, қабул қилмадилар. Оқибат, қозилик мансабини олмаганлари учун ўн дарра урилдилар, сўнг зиндонга ташланиб, ҳибсда дунёдан ўтдилар”.

Қаранг, Имоми Аъзам жиноят учун эмас, адолатсизликка сабабчи бўлиб қолмаслик ташвишида обрўли мансабни эгаллашдан бош тортганлари туфайли зиндонда вафот қилдилар. Тақво шу қадар эди! Демак, у киши гаплари роса далилланмаса, аниқ ояти каримадан, саҳиҳ ҳадислардан, суннатдан, саҳобалардан ҳужжатлари бўлмаса, гапирмаганлар. У кишининг мазҳабидаги ҳар бир масала шу даражада ишончлидир.

Абу Ҳанифанинг шогирдлари, Ислом оламида тан олинган улуғ зот Абдуллоҳ ибн Муборакдан: “Молик фақиҳроқми ёки Абу Ҳанифами?” деб сўралди. Шунда у киши: “Абу Ҳанифа”, деб жавоб бердилар.

Истилоҳда “фиқҳ” сўзининг маъноси – динни англаш, оят, ҳадиснинг тагига етиш, умуман, Ислом динининг мағзини тушунишдир. Билиш – “илм”, тагига етиб, бутун чуқурлиги билан моҳиятни англаш “фиқҳ” дейилади. Дунёда фиқҳ дарсини бошлаб берган зот Имоми Аъзамдирлар. Яъни, оят ва ҳадисларнинг лафзигагина асосланиб ҳукм чиқармасдан, айтилаётган гапнинг қачон ва қай ҳолатда, нима учун айтилаётганини ўрганиб, шу гап бошқа ўринда ҳам айтилганми ёки йўқми – ҳаммасини солиштириб, барча вазиятларни ҳисобга олган ҳолда “Бундан шу маъно чиқади”, деб англаб-англатиш Абу Ҳанифа тамал қўйган ишдир. Буни бутун дунё тан олади. Шу маънода, ким фақиҳроқ экани тўғрисидаги саволга Ибн Муборакнинг олимлар шаҳри бўлмиш Мадинаи мунавваранинг энг пешқадам олими Имом Моликдан ҳам Абу Ҳанифани фақиҳроқ деб жавоб беришлари бежиз эмас.

Ҳарибий айтади: “Абу Ҳанифага икки хил одам тош отади: ё ҳасадгўй, ё жоҳил...”

Замондошлари орасида Имоми Аъзамга кимдир тош отган бўлса, бу фақат ҳасаддан бўлган. Кейинги даврларда, жумладан, бизнинг замонимизда у зотни камситадиган одамлар фақат нодонлиги, жоҳиллиги учун, Абу Ҳанифа кимлигини, умуман, динни билмагани учун бу ишни қилади. Шу икки тоифадан бошқаси у кишига тил теккизмайди. Аксинча, унга ҳамма раҳмат айтади, эргашади, барча у зотни тан олади.

Улуғ олимлардан Яҳё ибн Саид Қаттан дейди: “Аллоҳни, Унинг динини ҳақ деб биламиз, Аллоҳ номи билан айтаман: биз Абу Ҳанифанинг фикридан чиройлироқ фикрни эшитган эмасмиз. Абу Ҳанифа бир масала ҳақида фикр айтса, энг тўғри, энг гўзал фикр шу кишиники бўларди. Бошқа олимлар у кишининг даражасига етолмасди. Шунинг учун биз у кишининг фикрларини олганмиз”.

“Агар Имом Абу Ҳанифанинг илмини унга замондош ҳамма олимлар илми билан тарозига солинса, Абу Ҳанифанинг илми оғир келар эди”, дейди Али ибн Осим.

У кишига замондош олимлар бизнинг замонамиздаги ёки бундан беш юз йил олдинги олимлар эмас, балки саҳобаларни кўрган олимлар эдилар. Қаранг, шуларнинг ҳаммасининг билими қўшилиб, тарозининг бир палласига, Абу Ҳанифанинг илмлари иккинчи паллага қўйилса, Имоми Аъзам ҳазратларининг илмлари оғирлик қиларкан.

Ислом оламида тан олинган олимларнинг буюк имомимиз ҳақидаги бу эътирофларини беҳуда келтирмаяпмиз. Қандай улуғ устозга эргашаётганимизни, имомимиз, мазҳабимиз раҳбари Қуръону ҳадисни, Ислом динини бизга бу даражада мукаммал етказган инсон эканини шояд яхшироқ танисак, жоҳил бўлиб қолишдан сақлансак, озгина бўлса ҳам кўзимиз очилса ва алал-оқибат, яхшиликлар қадрига ҳам етсак.

Етук олимлардан бири Ҳафс ибн Файёз диққатга сазовор бундай фикрни айтади: “Абу Ҳанифанинг фиқҳ ҳақидаги гапи шеърдан нозикроқ”.

Бир қарашда оддий туюлган бу сўзларни биз бежизга диққатга сазовор демадик. Назм жуда нозик сўзлар билан ифода этилиши ва шу тарздаги гўзал иборалар тўпламидан шеър туғилиши маълум. Абу Ҳанифа фиқҳ – масала ҳақида гапирар эканлар, худди илҳом билан шеър оқиб келганидек, балки ундан ҳам нозикроқ, ундан ҳам чиройлироқ қилиб етказардилар. Шунинг учун Абу Ҳанифани фақат жоҳил одамгина айблайди, ақли бор одам у кишини танийди ва албатта эътироф этади.

Тобеинлар улуғи, муҳаддис олим Аъмашдан бир масала ҳақида сўралди. Шунда у зот: “Бу масалага энг яхши жавобни ипакфуруш (у кишининг шундай касблари бўлиб, ипак дўконлари ҳам бор эди) Нўъмон ибн Собит беради. Менинг ўйимча, Аллоҳ Нўъмон ибн Собитга илмда барака берган”, деган эдилар. Ислом оламида энг тан олинган инсонлардан бири “Бу масалани мендан сўрама, мен билмайман, жавоб қилишга ҳаққим йўқ. Бу масалага энг чиройли жавоб айтадиган Абу Ҳанифадир”, деяптилар!

Имом Шофиъийнинг машҳур сўзлари бор: “Фиқҳда барча олимлар Абу Ҳанифа­нинг оила аҳлидир. У зотга тенг келиб масала айта оладиган киши йўқ”.

Яна бир олим, Абу Ҳанифанинг афзаллигини исботлашга ҳожат йўқ, дея: “Ким кундузнинг кундуз эканига бир далил топиб бер, дейдиган бўлса, у ҳолда одамларнинг зеҳнида тўғри нарсанинг ўзи йўқ экан-да?!” деган мазмундаги шеърни келтирган экан.

Ажабо! Кундуз пайти, ёруғда туриб, кундузнинг кундуз эканига ҳужжат талаб қилиш қандай бўлади? Абу Ҳанифанинг қандай олим эканига ҳужжат айт, дейиш ҳам худди шундай иш. У кишининг олимлиги кундузнинг ёруғлиги каби очиқ-ойдин. Агар одамлар у зотнинг олимлигини тан олмасалар, унда улар ҳеч нарсани тўғри деб билмас эканлар-да, демоқчи олим.

Замондошлари ва улардан кейин келган уламолар – дунё тан олган шахслар Имоми Аъзамни мана шу даражада таърифлайдилар.

Имом Абу Ҳанифа ҳижратнинг юз эллигинчи йили, етмиш ёшларида дунёдан ўтдилар. Қабрлари Бағдод шаҳрида.

Алоуддин Мансур

“Ҳидоят” журналининг 2011 йил, 11-сонидан олинди. 


[1] Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ) – моликия мазҳаби асосчиси, Имом Абу Ҳанифадан ёшроқ, Шофиъийдан каттароқдирлар. Шофиъий Имом Абу Ҳанифа вафот қилган йили туғилганлар.

 * * *

Ahli sunna va jamoa mazhabi imomlaridan eng ulug‘i, Islom millatining faqihi Imom Abu Hanifa hijratning saksoninchi yili Iroqning Kufa shahrida tug‘ilganlar. Bir necha sahoba bilan suhbatdosh bo‘lganlari, xususan, Anas ibn Molikni (roziyallohu anhu) va yana yetti-sakkiz nafar sahobani ko‘rganlari rivoyat qilinadi. Imomi A’zam ulug‘ chashmalardan – Payg‘ambarimizni (alayhissalom) ko‘rgan kishilardan bahra olgan zotdirlar. Rivoyatlarda yana Abu Hanifa tobeinlardan to‘rt ming kishidan dars olganlari va shuncha sanoqdagi odam u kishidan dars olib, olim bo‘lib yetishgani aytiladi. Shuning uchun u zotni barcha tan oladi, ulamoyu fuzalo “Imomi A’zam”, ya’ni, “Ulug‘ imom” deya, o‘zlaridan ustun va ilgari qo‘yadi.

Zamondoshlaridan Yahyo ibn Ma’in bunday guvohlik beradi: “Abu Hanifa nihoyatda ishonchli edilar, qaysi hadisni to‘la yod bilsalar, o‘sha hadisni aytar, to‘la yod bilmagan hadisni rivoyat qilmas edilar”.

Bunday sifat kam uchraydi. Ya’ni, Abu Hanifa faqat hadisdan bir harf bo‘lsa-da yo nari, yo beri bo‘lishini ko‘tarolmas, hadis mazmunini to‘liq bilsalar-da, yetkazishda biror so‘z almashib qolishidan havotirda uni rivoyat qilishga botinmas edilar. Bu baho u zotning zamondoshlari tomonidan berilgan. Mana, oradan ming yildan ko‘proq vaqt o‘tdi. Bugun u kishini yaxshi tanimaganlardan: “Imom Abu Hanifa kam hadis rivoyat qilgan”, degan gaplar ham chiqib qoladi. Bu kabi bayonotlar, albatta, bilimsizligimiz oqibati. Aslida Imomi A’zam Rasulullohning (sollallohu alayhi va sallam) aytgan hadislarini xuddi Qur’on oyatlari kabi aniq yod bilgan kishigina tilga chiqarishi mumkin, degan talabchanlik bilan yondashganlaridan, ko‘p hadis bilsalar-da, ularni rivoyat qilmaganlar.

Demak, tarixda Payg‘ambar (sollallohu alayhi va sallam) hadislarini yetkazishda ishonchli sanalgan bir necha kishi bo‘lib, shulardan biri Imom Abu Hanifa ekanlar. Bu juda katta martabadir.

Shofi’iy mazhabi asoschisi Muhammad ibn Idris Shofi’iy (rahmatullohi alayh) bunday degan edilar: «Molikdan[1] “Abu Hanifani ko‘rganmisiz?” deb so‘raldi. U kishi: “Ha, ko‘rganman. Men shunday odamni ko‘rdim, agar u mana shu ro‘paradagi ustunni tilla ekan deb aytsa, albatta shuning tilla ekaniga hujjat keltirar edi”, deb javob berdi».

E’tibor qiling: boshqa mazhab yetakchisi Abu Hanifa qanday odam bo‘lganiga uchinchi mazhab egasining so‘zlarini dalil keltirmoqda. Bu hol ularning e’tiroflari qanchalik ko‘lamli va samimiy ekanini ko‘rsatadi.

Faqih Abu Abdul­loh G‘omyariy bunday deydi: “Abu Hanifa qozilikka buyurildi. Xato hukm chiqarib qo‘yib, Alloh oldida gunohkor bo‘lib qolaman, degan xavfda bu ishdan bosh tortdilar. Qayta-qayta taklif bo‘ldi, qabul qilmadilar. Oqibat, qozilik mansabini olmaganlari uchun o‘n darra urildilar, so‘ng zindonga tashlanib, hibsda dunyodan o‘tdilar”.

Qarang, Imomi A’zam jinoyat uchun emas, adolatsizlikka sababchi bo‘lib qolmaslik tashvishida obro‘li mansabni egallashdan bosh tortganlari tufayli zindonda vafot qildilar. Taqvo shu qadar edi! Demak, u kishi gaplari rosa dalillanmasa, aniq oyati karimadan, sahih hadislardan, sunnatdan, sahobalardan hujjatlari bo‘lmasa, gapirmaganlar. U kishining mazhabidagi har bir masala shu darajada ishonchlidir.

Abu Hanifaning shogirdlari, Islom olamida tan olingan ulug‘ zot Abdulloh ibn Muborakdan: “Molik faqihroqmi yoki Abu Hanifami?” deb so‘raldi. Shunda u kishi: “Abu Hanifa”, deb javob berdilar.

Istilohda “fiqh” so‘zining ma’nosi – dinni anglash, oyat, hadisning tagiga yetish, umuman, Islom dinining mag‘zini tushunishdir. Bilish – “ilm”, tagiga yetib, butun chuqurligi bilan mohiyatni anglash “fiqh” deyiladi. Dunyoda fiqh darsini boshlab bergan zot Imomi A’zamdirlar. Ya’ni, oyat va hadislarning lafzigagina asoslanib hukm chiqarmasdan, aytilayotgan gapning qachon va qay holatda, nima uchun aytilayotganini o‘rganib, shu gap boshqa o‘rinda ham aytilganmi yoki yo‘qmi – hammasini solishtirib, barcha vaziyatlarni hisobga olgan holda “Bundan shu ma’no chiqadi”, deb anglab-anglatish Abu Hanifa tamal qo‘ygan ishdir. Buni butun dunyo tan oladi. Shu ma’noda, kim faqihroq ekani to‘g‘risidagi savolga Ibn Muborakning olimlar shahri bo‘lmish Madinai munavvaraning eng peshqadam olimi Imom Molikdan ham Abu Hanifani faqihroq deb javob berishlari bejiz emas.

Haribiy aytadi: “Abu Hanifaga ikki xil odam tosh otadi: yo hasadgo‘y, yo johil...”

Zamondoshlari orasida Imomi A’zamga kimdir tosh otgan bo‘lsa, bu faqat hasaddan bo‘lgan. Keyingi davrlarda, jumladan, bizning zamonimizda u zotni kamsitadigan odamlar faqat nodonligi, johilligi uchun, Abu Hanifa kimligini, umuman, dinni bilmagani uchun bu ishni qiladi. Shu ikki toifadan boshqasi u kishiga til tekkizmaydi. Aksincha, unga hamma rahmat aytadi, ergashadi, barcha u zotni tan oladi.

Ulug‘ olimlardan Yahyo ibn Said Qattan deydi: “Allohni, Uning dinini haq deb bilamiz, Alloh nomi bilan aytaman: biz Abu Hanifaning fikridan chiroyliroq fikrni eshitgan emasmiz. Abu Hanifa bir masala haqida fikr aytsa, eng to‘g‘ri, eng go‘zal fikr shu kishiniki bo‘lardi. Boshqa olimlar u kishining darajasiga yetolmasdi. Shuning uchun biz u kishining fikrlarini olganmiz”.

“Agar Imom Abu Hanifaning ilmini unga zamondosh hamma olimlar ilmi bilan taroziga solinsa, Abu Hanifaning ilmi og‘ir kelar edi”, deydi Ali ibn Osim.

U kishiga zamondosh olimlar bizning zamonamizdagi yoki bundan besh yuz yil oldingi olimlar emas, balki sahobalarni ko‘rgan olimlar edilar. Qarang, shularning hammasining bilimi qo‘shilib, tarozining bir pallasiga, Abu Hanifaning ilmlari ikkinchi pallaga qo‘yilsa, Imomi A’zam hazratlarining ilmlari og‘irlik qilarkan.

Islom olamida tan olingan olimlarning buyuk imomimiz haqidagi bu e’tiroflarini behuda keltirmayapmiz. Qanday ulug‘ ustozga ergashayotganimizni, imomimiz, mazhabimiz rahbari Qur’onu hadisni, Islom dinini bizga bu darajada mukammal yetkazgan inson ekanini shoyad yaxshiroq tanisak, johil bo‘lib qolishdan saqlansak, ozgina bo‘lsa ham ko‘zimiz ochilsa va alal-oqibat, yaxshiliklar qadriga ham yetsak.

Yetuk olimlardan biri Hafs ibn Fayyoz diqqatga sazovor bunday fikrni aytadi: “Abu Hanifaning fiqh haqidagi gapi she’rdan nozikroq”.

Bir qarashda oddiy tuyulgan bu so‘zlarni biz bejizga diqqatga sazovor demadik. Nazm juda nozik so‘zlar bilan ifoda etilishi va shu tarzdagi go‘zal iboralar to‘plamidan she’r tug‘ilishi ma’lum. Abu Hanifa fiqh – masala haqida gapirar ekanlar, xuddi ilhom bilan she’r oqib kelganidek, balki undan ham nozikroq, undan ham chiroyliroq qilib yetkazardilar. Shuning uchun Abu Hanifani faqat johil odamgina ayblaydi, aqli bor odam u kishini taniydi va albatta e’tirof etadi.

Tobeinlar ulug‘i, muhaddis olim A’mashdan bir masala haqida so‘raldi. Shunda u zot: “Bu masalaga eng yaxshi javobni ipakfurush (u kishining shunday kasblari bo‘lib, ipak do‘konlari ham bor edi) No‘‘mon ibn Sobit beradi. Mening o‘yimcha, Alloh No‘‘mon ibn Sobitga ilmda baraka bergan”, degan edilar. Islom olamida eng tan olingan insonlardan biri “Bu masalani mendan so‘rama, men bilmayman, javob qilishga haqqim yo‘q. Bu masalaga eng chiroyli javob aytadigan Abu Hanifadir”, deyaptilar!

Imom Shofi’iyning mashhur so‘zlari bor: “Fiqhda barcha olimlar Abu Hanifa­ning oila ahlidir. U zotga teng kelib masala ayta oladigan kishi yo‘q”.

Yana bir olim, Abu Hanifaning afzalligini isbotlashga hojat yo‘q, deya: “Kim kunduzning kunduz ekaniga bir dalil topib ber, deydigan bo‘lsa, u holda odamlarning zehnida to‘g‘ri narsaning o‘zi yo‘q ekan-da?!” degan mazmundagi she’rni keltirgan ekan.

Ajabo! Kunduz payti, yorug‘da turib, kunduzning kunduz ekaniga hujjat talab qilish qanday bo‘ladi? Abu Hanifaning qanday olim ekaniga hujjat ayt, deyish ham xuddi shunday ish. U kishining olimligi kunduzning yorug‘ligi kabi ochiq-oydin. Agar odamlar u zotning olimligini tan olmasalar, unda ular hech narsani to‘g‘ri deb bilmas ekanlar-da, demoqchi olim.

Zamondoshlari va ulardan keyin kelgan ulamolar – dunyo tan olgan shaxslar Imomi A’zamni mana shu darajada ta’riflaydilar.

Imom Abu Hanifa hijratning yuz elliginchi yili, yetmish yoshlarida dunyodan o‘tdilar. Qabrlari Bag‘dod shahrida.

Alouddin Mansur

“Hidoyat” jurnalining 2011 yil, 11-sonidan olindi. 


[1] Imom Molik (rahmatullohi alayh) – molikiya mazhabi asoschisi, Imom Abu Hanifadan yoshroq, Shofi’iydan kattaroqdirlar. Shofi’iy Imom Abu Hanifa vafot qilgan yili tug‘ilganlar.