Ният амалдан гўзалдир

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 10.12.2014
Абу Кабша Анморий (розияллоҳу анҳу) айтади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: «Дунёга муносабатда кишилар тўрт тоифага бўлинади:
– Аллоҳ таоло мол ва илм берган бандалар. Улар молларини Аллоҳдан қўрқиб ишлатишса, ундан қариндошларига ҳадя беришса ва молларида Аллоҳ таолонинг ҳақи борлигини билишса, энг фазилатли мақомда бўлишади.
– Аллоҳ таоло илм бериб, мол бермаган бандалар. Ниятларини тўғри қилиб, молим бўлганида фалончига ўхшаб (езгу ишларга) сарфлардим, дейишса, ниятларига яраша савобга эга бўлишади. Бу икки тоифанинг ажри тенгдир.
– Аллоҳ таоло мол бериб илм, бермаган бандалар. Агар улар молларини ўринсиз сарфлашса, Аллоҳ таолодан қўрқмай тасарруф қилишса, ундан қариндошларига ҳадя беришмаса, молларида Аллоҳ таолонинг ҳақи борлигини билишмаса, энг паст даражада бўлишади.
– Аллоҳ таоло илм ҳам, мол ҳам бермаган бандалар.  «Агар молим бўлсайди, фалончидек (ёмон – тарж.) ерларга сарфлардим, дейишса, ниятларига яраша «тақдирланишади».  Бу икки тоифанинг гуноҳи тенгдир» (Имом Термизий).
Шарҳ: Ҳадисда киши билимсиз ва фақир бўлса ҳам, ниятига қараб олим ва бадавлат кишилар билан баробар савоб ёки гуноҳга эга бўлиши мумкинлиги айтилган. Камбағал, илмсиз мўминга бой ва олим каби ажр-савобга эришиш йўли кўрсатилган. Чунки «Мўминнинг нияти амалидан яхшидир» (саҳиҳ ҳадис). Мўмин ақл билан иш тутиб, фарзларни тўла-тўкис адо этгач, ҳиммат билан хайрли ишларга ният қилдими, уни амалга оширолмаса ҳам, ҳавас қилган кишиларининг савобичалик савоб олади, иншааллоҳ. Ҳадис яхши ишларда илғор шахсларга ҳавас қилишни тарғиб этяпти.
Ўзи камбағал ва билимсиз бўлиб, «Пулим кўп бўлганида, фалончига ўхшаб яшардим», дея фақат дунё кетидан қувган, дин-диёнат, ҳалол-ҳаром билан иши бўлмаган кишиларга ҳавас қиладиганлар ҳам бор. Бу ҳолда, у бечора йўқчилик заҳматини тортиши билан бирга, ўша ёмон кимса билан баробар гуноҳ орттиради. Бундай орзудан қайтариляпмиз.
Хулоса: мўмин биргина чиройли ният билан олим ва бой кишиларга тенг савобга эришиши учун, қурби етган эзгу ишларга парвосиз бўлмаслиги керак. Чунки фақат яхши ниятлар қилиб, «кўнглим пок», деб юраверса, имкони бўлатуриб эзгу ишлар қилмаса, ниятнинг ҳам, кўнгилнинг ҳам холис эмаслигини кўрсатади. Кучи етадиган яхши амалларни қилмаган, қайтарилган ишлардан сақланмаган киши ниятнинг ўзи билан савобларга эришуви қийин.
 
Содиқ Носир
“Ҳидоят” журналининг 2011 йил, 3-сонидан олинди.
 
* * * 
 
Abu Kabsha Anmoriy (roziyallohu anhu) aytadi:
«Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) marhamat qiladilar: «Dunyoga munosabatda kishilar to‘rt toifaga bo‘linadi:
– Alloh taolo mol va ilm bergan bandalar. Ular mollarini Allohdan qo‘rqib ishlatishsa, undan qarindoshlariga hadya berishsa va mollarida Alloh taoloning haqi borligini bilishsa, eng fazilatli maqomda bo‘lishadi.
– Alloh taolo ilm berib, mol bermagan bandalar. Niyatlarini to‘g‘ri qilib, molim bo‘lganida falonchiga o‘xshab (ezgu ishlarga) sarflardim, deyishsa, niyatlariga yarasha savobga ega bo‘lishadi. Bu ikki toifaning ajri tengdir.
– Alloh taolo mol berib ilm, bermagan bandalar. Agar ular mollarini o‘rinsiz sarflashsa, Alloh taolodan qo‘rqmay tasarruf qilishsa, undan qarindoshlariga hadya berishmasa, mollarida Alloh taoloning haqi borligini bilishmasa, eng past darajada bo‘lishadi.
– Alloh taolo ilm ham, mol ham bermagan bandalar.  «Agar molim bo‘lsaydi, falonchidek (yomon – tarj.) yerlarga sarflardim, deyishsa, niyatlariga yarasha «taqdirlanishadi».  Bu ikki toifaning gunohi tengdir» (Imom Termiziy).
Sharh: Hadisda kishi bilimsiz va faqir bo‘lsa ham, niyatiga qarab olim va badavlat kishilar bilan barobar savob yoki gunohga ega bo‘lishi mumkinligi aytilgan. Kambag‘al, ilmsiz mo‘minga boy va olim kabi ajr-savobga erishish yo‘li ko‘rsatilgan. Chunki «Mo‘minning niyati amalidan yaxshidir» (sahih hadis). Mo‘min aql bilan ish tutib, farzlarni to‘la-to‘kis ado etgach, himmat bilan xayrli ishlarga niyat qildimi, uni amalga oshirolmasa ham, havas qilgan kishilarining savobichalik savob oladi, inshaalloh. Hadis yaxshi ishlarda ilg‘or shaxslarga havas qilishni targ‘ib etyapti.
O‘zi kambag‘al va bilimsiz bo‘lib, «Pulim ko‘p bo‘lganida, falonchiga o‘xshab yashardim», deya faqat dunyo ketidan quvgan, din-diyonat, halol-harom bilan ishi bo‘lmagan kishilarga havas qiladiganlar ham bor. Bu holda, u bechora yo‘qchilik zahmatini tortishi bilan birga, o‘sha yomon kimsa bilan barobar gunoh orttiradi. Bunday orzudan qaytarilyapmiz.
Xulosa: mo‘min birgina chiroyli niyat bilan olim va boy kishilarga teng savobga erishishi uchun, qurbi yetgan ezgu ishlarga parvosiz bo‘lmasligi kerak. Chunki faqat yaxshi niyatlar qilib, «ko‘nglim pok», deb yuraversa, imkoni bo‘laturib ezgu ishlar qilmasa, niyatning ham, ko‘ngilning ham xolis emasligini ko‘rsatadi. Kuchi yetadigan yaxshi amallarni qilmagan, qaytarilgan ishlardan saqlanmagan kishi niyatning o‘zi bilan savoblarga erishuvi qiyin.
 
Sodiq Nosir
“Hidoyat” jurnalining 2011 yil, 3-sonidan olindi.