Ақлнинг фазилати

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 10.12.2014

Атоқли фақиҳ, тафсирчи олим Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад Мовардий ҳижрий 364 (милодий 974) йили Басрада туғилиб, милодий 1058 йили Бағдодда вафот этган. Унинг «Адабуд-дунё вад-дин» асари Ислом оламида машҳур, мадрасаларда ҳам ўқитилган. Асардан айрим парчалар ўзбекчага таржима қилинган эди. Яқинда олимлардан Абдуллоҳ Исмоил Махдум билан Абдулазиз Мўмин ана шу нодир китобнинг «Ақлнинг фазилати ва ҳавойи нафснинг ёмонлиги» номли биринчи бобини арабчадан ўгиришди. Таржимани қисқартишлар билан чоп этяпмиз. 

Ақл туфайли ишларнинг моҳияти англанади, яхшилик билан ёмонлик ораси ажратилади. Ақл асосан икки туғма ва ўзлаштирилган кисмдан иборат. Туғма ақл аслий бўлиб, унинг чегараси бор. Динимиз таклифлари, яъни, буйруқ ва қайтариқлари ана шу туғма ақлга тегишлидир. Бу таклифлар туғма ақл чегарасидан ошиб ҳам, камайиб ҳам кетмайди. Шу чегара туфайли инсон ҳайвондан ажралиб туради. Агар инсонда туғма ақл иллатсиз бўлса, у оқилдир ва шу туфайли комилликка интилади.

Ақлнинг чегараси ва ўрни

Одамлар ақл ва унинг сифати тўғрисида ҳар хил фикрга боришди. Бир тоифа: ақл жавҳар, у туфайли хабар ва маълумотлар моҳияти фарқлаб олинади, деди. Бундай фикрни айтган кишилар ақлнинг асл ўрни хусусида ихтилоф қилишди. Бир тоифа: ақлнинг ўрни мия, чунки мия ҳис этиш жойи, деса, бошка бир тоифа: ақлнинг ўрни қалб, чунки қалб ҳаёт манбаи ва сезгилар асосидир, деди.
Ақл латиф жавҳардир, деган фикр икки жиҳатдан тўғри эмас: биринчидан, жавҳарлар бир-бирига ўхшаш нарсалар бўлиб, бири тақозо этмаган нарсани бошка бири ҳам тақозо этиши дуруст эмас. Агар бири тақозо этган нарсани бошка бири ҳам тақозо этса, оқил киши тирик туриб, ақл мавжудлигига муҳтож бўлмасди. Иккинчидан, жавҳар ўзича бор бўла олади. Агар ақлни жавҳар десак, айрим жисмда ақл бўлмаганидек, оқилсиз ҳам ақл бўлиши мумкин эди. Мазкур икки сабабга кўра ақлни жавҳар дейиш тўғри эмас.
Бошқа тоифалар: бир нарсанинг туб моҳияти нимадан иборат бўлса, ўша нарсани идрок этувчи восита ақл, дейишади. Бу фикр олдингисидан кўра ҳақиқатга яқинроқ бўлсада, яна бир тарафдан тўғри эмас. Чунки идрок жонли мавжудотга хос сифатлардан бири. Ақл эса араздир. Идрок араз бўлиши мумкин эмас, чунки араз тирик нарса эмас. Тирик бўлмаган нарсани лаззатланувчи, оғриқни сезувчи ва хоҳловчи, деб таърифлаб бўлмайди.
Яна бир гуруҳ мутакаллимлар ақлни зарурий илмлар йиғиндиси дейишади. Бу таъриф умумийлик ва эҳтимолликни қамраб олгани учун аниқ эмас. Чунки таърифнинг вазифаси ўзидан умумийлик ва эҳтимолликни кетказиш орқали чекланганликни очиб беришдан иборат. Бошқа тоифалар эса, идрок этиладиган нарсаларнинг зарурийсини билиш ақлдир, дейишган.

Туғма ақл

Бир нарсанинг борлик ва йўқликдан, борлик эса содир бўлиш ёки азалийликдан холи бўлмаслигини, икки зид нарсанинг жамланиши мумкин эмаслигини, бир рақами иккидан камлигини билишга ўхшаш инсондаги бошланғич билимни идрок этиш туғма ақл, дейилади. Илмнинг бу тури соғлом ва ақли комил кишида бўлмаслиги мумкин эмас. Агар одам мазкур икки турдаги зарурий билимларни идрок килса, у ақли комил кишидир.
“Ақл” сўзи луғатда туяни тушовлаш маъносини ҳам билдиради. Чунки туя қочмоқчи бўлганида тушов бунга йўл қўймаганидек, ақл инсонни ярамас ва қабиҳ хоҳиш-истакларни рўёбга чиқаришдан қайтаради. Шунинг учун Омир ибн Абдулқайс: “Ақлинг сени нолойиқ нарсадан қайтара олса, сен ақллисан”, деган.
Ақл хусусида айтилган бу сўз Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилинган қуйидаги ҳадисга монанд, уйғун. “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ақл ҳақ билан ботилни ажратадиган қалбдаги нурдир”, деганлар.
Ақлнинг жавҳар эканини инкор этган тоифа ақл ўрни қалбда деган фикрни ёқлайди. Чунки қалб барча илмлар ўрнидир. Аллоҳ таоло: “Ахир улар (Макка мушриклари) Ер юзида сайр қилмайдиларми, (ана ўшанда) улар учун англайдиган қалблар, тинглайдиган қулоқлар бўлур эди. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкраклардаги қалблар кўр бўлур” (Ҳаж, 46), деб марҳамат қилган.
Бу оят, биринчидан, ақл илмдир, иккинчидан, ақлнинг ўрни қалбдир, деган икки фикрга далолат қилади.
Аллоҳ таолонинг: “англайдиган қалблар” муборак жумласини икки хил таъвил қилишган: биринчиси ақл туфайли биладилар, иккинчиси ақл туфайли ибрат оладилар. Бу фикрлар туғма ақл тўғрисида айтилган.

Ўткир зеҳн

Туғма қобилият ва ўткир зеҳн ато этилган кишига қанчалик мушкул савол берилса ҳам, жавоб беришда унинг тили тутилмайди. Бунга бир мисол:
Ҳазрати Алидан (розийаллоҳу анҳу): “Аллоҳ адади ҳисобсиз бандаларни қандай ҳисоб-китоб қилади?” деб сўрашганида: “Адади ҳисобсиз бўлишига карамай, уларга ризқларини бўлиб берганидек”, деб жавоб килди. Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу): “Руҳлар жасаддан чиққанидан кейин каерга боради?” деб сўрашди. У: “Мойи тугаган чироқнинг нури қаерга кетади?” деб жавоб берди. Ҳар икки жавоб ҳам ортиқча гап-сўзга ўрин қолдирмай, кучли ҳужжат-далили билан лол қолдирувчи жавоблардир.
Иблис ҳақида келтирилган ҳикоя бундан ҳам ажойибдир. Иблис Исога (алайҳиссалом) кўриниб: “Аллоҳ тақдирингга битгани сенга етади, дейсан, шу тўғрими?” деди. “Ҳа”, дедилар Исо (алайҳиссалом). Иблис: “Ўзингни мана шу қоядан ташла-чи, агар омон қолиш тақдир қилинган бўлса, омон қоласан”, деди. Исо (алайҳиссалом): “Эй малъун, бандаларни синаш Аллоҳнинг ҳақи, Парвардигорини синаш банданинг иши эмас”, дедилар.
Аллоҳ ваҳий юборган, нусрат ато этилган пайғамбарлардан бу тариқа жавоб бўлиши ҳайратланарли эмас. Аммо фақат ақли ва зеҳнига суянадиган кишилардан бундай жавобнинг чиқиши ҳайратланишга арзийди. Қусам ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: Ҳазрати Алига “Осмон билан ернинг ораси қанча?” деб савол беришди. У: “Мустажоб дуо (масофасича)”, деб жавоб қилди. “Машриқ билан мағрибнинг ўртаси-чи?” деб сўрашганида: “Қуёшнинг бир кунлик йўли”, деди. Бу саволни берган киши ё синаб кўриш ё билиш максадида сўраган бўлса, эҳтимол. Ҳазрати Алининг (розийаллоҳу анҳу) жавоби эса ҳеч қандай саволга ўрин қолдирмади.

Ақл камолоти

Анас ибн Моликдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят килинади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида бир кишини яхши деб мақташди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Унинг ақли қандай?” дедилар. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, унинг ибодати, хулқи, фазилати ва одоби...”, дейишди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна: “Унинг ақли қандай?” деб сўрадилар. Улар: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз унинг ибодати билан бошка фазилатларини мақтасак, сиз унинг ақли хусусида сўраяпсиз?” дедилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, обидларнинг ахмоғи нодонлиги туфайли фожирдан кўра кўпроқ зарар етказади. Одамларнинг Раббиларига қурбатлари ақллари даражасига қараб бўлади”, деб марҳамат қилдилар.

“Ҳидоят” журналининг 2010 йил, 7-сонидан олинди.

 

* * *

Atoqli faqih, tafsirchi olim Abul Hasan Ali ibn Muhammad Movardiy hijriy 364 (milodiy 974) yili Basrada tug‘ilib, milodiy 1058 yili Bag‘dodda vafot etgan. Uning «Adabud-dunyo vad-din» asari Islom olamida mashhur, madrasalarda ham o‘qitilgan. Asardan ayrim parchalar o‘zbekchaga tarjima qilingan edi. Yaqinda olimlardan Abdulloh Ismoil Maxdum bilan Abdulaziz Mo‘min ana shu nodir kitobning «Aqlning fazilati va havoyi nafsning yomonligi» nomli birinchi bobini arabchadan o‘girishdi. Tarjimani qisqartishlar bilan chop etyapmiz. 

Aql tufayli ishlarning mohiyati anglanadi, yaxshilik bilan yomonlik orasi ajratiladi. Aql asosan ikki tug‘ma va o‘zlashtirilgan kismdan iborat. Tug‘ma aql asliy bo‘lib, uning chegarasi bor. Dinimiz takliflari, ya’ni, buyruq va qaytariqlari ana shu tug‘ma aqlga tegishlidir. Bu takliflar tug‘ma aql chegarasidan oshib ham, kamayib ham ketmaydi. Shu chegara tufayli inson hayvondan ajralib turadi. Agar insonda tug‘ma aql illatsiz bo‘lsa, u oqildir va shu tufayli komillikka intiladi.

Aqlning chegarasi va o‘rni

Odamlar aql va uning sifati to‘g‘risida har xil fikrga borishdi. Bir toifa: aql javhar, u tufayli xabar va ma’lumotlar mohiyati farqlab olinadi, dedi. Bunday fikrni aytgan kishilar aqlning asl o‘rni xususida ixtilof qilishdi. Bir toifa: aqlning o‘rni miya, chunki miya his etish joyi, desa, boshka bir toifa: aqlning o‘rni qalb, chunki qalb hayot manbai va sezgilar asosidir, dedi.
Aql latif javhardir, degan fikr ikki jihatdan to‘g‘ri emas: birinchidan, javharlar bir-biriga o‘xshash narsalar bo‘lib, biri taqozo etmagan narsani boshka biri ham taqozo etishi durust emas. Agar biri taqozo etgan narsani boshka biri ham taqozo etsa, oqil kishi tirik turib, aql mavjudligiga muhtoj bo‘lmasdi. Ikkinchidan, javhar o‘zicha bor bo‘la oladi. Agar aqlni javhar desak, ayrim jismda aql bo‘lmaganidek, oqilsiz ham aql bo‘lishi mumkin edi. Mazkur ikki sababga ko‘ra aqlni javhar deyish to‘g‘ri emas.
Boshqa toifalar: bir narsaning tub mohiyati nimadan iborat bo‘lsa, o‘sha narsani idrok etuvchi vosita aql, deyishadi. Bu fikr oldingisidan ko‘ra haqiqatga yaqinroq bo‘lsada, yana bir tarafdan to‘g‘ri emas. Chunki idrok jonli mavjudotga xos sifatlardan biri. Aql esa arazdir. Idrok araz bo‘lishi mumkin emas, chunki araz tirik narsa emas. Tirik bo‘lmagan narsani lazzatlanuvchi, og‘riqni sezuvchi va xohlovchi, deb ta’riflab bo‘lmaydi.
Yana bir guruh mutakallimlar aqlni zaruriy ilmlar yig‘indisi deyishadi. Bu ta’rif umumiylik va ehtimollikni qamrab olgani uchun aniq emas. Chunki ta’rifning vazifasi o‘zidan umumiylik va ehtimollikni ketkazish orqali cheklanganlikni ochib berishdan iborat. Boshqa toifalar esa, idrok etiladigan narsalarning zaruriysini bilish aqldir, deyishgan.

Tug‘ma aql

Bir narsaning borlik va yo‘qlikdan, borlik esa sodir bo‘lish yoki azaliylikdan xoli bo‘lmasligini, ikki zid narsaning jamlanishi mumkin emasligini, bir raqami ikkidan kamligini bilishga o‘xshash insondagi boshlang‘ich bilimni idrok etish tug‘ma aql, deyiladi. Ilmning bu turi sog‘lom va aqli komil kishida bo‘lmasligi mumkin emas. Agar odam mazkur ikki turdagi zaruriy bilimlarni idrok kilsa, u aqli komil kishidir.
“Aql” so‘zi lug‘atda tuyani tushovlash ma’nosini ham bildiradi. Chunki tuya qochmoqchi bo‘lganida tushov bunga yo‘l qo‘ymaganidek, aql insonni yaramas va qabih xohish-istaklarni ro‘yobga chiqarishdan qaytaradi. Shuning uchun Omir ibn Abdulqays: “Aqling seni noloyiq narsadan qaytara olsa, sen aqllisan”, degan.
Aql xususida aytilgan bu so‘z Payg‘ambarimizdan (sollallohu alayhi va sallam) rivoyat qilingan quyidagi hadisga monand, uyg‘un. “Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam): “Aql haq bilan botilni ajratadigan qalbdagi nurdir”, deganlar.
Aqlning javhar ekanini inkor etgan toifa aql o‘rni qalbda degan fikrni yoqlaydi. Chunki qalb barcha ilmlar o‘rnidir. Alloh taolo: “Axir ular (Makka mushriklari) Yer yuzida sayr qilmaydilarmi, (ana o‘shanda) ular uchun anglaydigan qalblar, tinglaydigan quloqlar bo‘lur edi. Zero, ko‘zlar ko‘r bo‘lmas, balki ko‘kraklardagi qalblar ko‘r bo‘lur” (Haj, 46), deb marhamat qilgan.
Bu oyat, birinchidan, aql ilmdir, ikkinchidan, aqlning o‘rni qalbdir, degan ikki fikrga dalolat qiladi.
Alloh taoloning: “anglaydigan qalblar” muborak jumlasini ikki xil ta’vil qilishgan: birinchisi aql tufayli biladilar, ikkinchisi aql tufayli ibrat oladilar. Bu fikrlar tug‘ma aql to‘g‘risida aytilgan.

O‘tkir zehn

Tug‘ma qobiliyat va o‘tkir zehn ato etilgan kishiga qanchalik mushkul savol berilsa ham, javob berishda uning tili tutilmaydi. Bunga bir misol:
Hazrati Alidan (roziyallohu anhu): “Alloh adadi hisobsiz bandalarni qanday hisob-kitob qiladi?” deb so‘rashganida: “Adadi hisobsiz bo‘lishiga karamay, ularga rizqlarini bo‘lib berganidek”, deb javob kildi. Abdulloh ibn Abbosdan (roziyallohu anhu): “Ruhlar jasaddan chiqqanidan keyin kaerga boradi?” deb so‘rashdi. U: “Moyi tugagan chiroqning nuri qaerga ketadi?” deb javob berdi. Har ikki javob ham ortiqcha gap-so‘zga o‘rin qoldirmay, kuchli hujjat-dalili bilan lol qoldiruvchi javoblardir.
Iblis haqida keltirilgan hikoya bundan ham ajoyibdir. Iblis Isoga (alayhissalom) ko‘rinib: “Alloh taqdiringga bitgani senga yetadi, deysan, shu to‘g‘rimi?” dedi. “Ha”, dedilar Iso (alayhissalom). Iblis: “O‘zingni mana shu qoyadan tashla-chi, agar omon qolish taqdir qilingan bo‘lsa, omon qolasan”, dedi. Iso (alayhissalom): “Ey mal’un, bandalarni sinash Allohning haqi, Parvardigorini sinash bandaning ishi emas”, dedilar.
Alloh vahiy yuborgan, nusrat ato etilgan payg‘ambarlardan bu tariqa javob bo‘lishi hayratlanarli emas. Ammo faqat aqli va zehniga suyanadigan kishilardan bunday javobning chiqishi hayratlanishga arziydi. Qusam ibn Abbos (roziyallohu anhu) rivoyat qiladi: Hazrati Aliga “Osmon bilan yerning orasi qancha?” deb savol berishdi. U: “Mustajob duo (masofasicha)”, deb javob qildi. “Mashriq bilan mag‘ribning o‘rtasi-chi?” deb so‘rashganida: “Quyoshning bir kunlik yo‘li”, dedi. Bu savolni bergan kishi yo sinab ko‘rish yo bilish maksadida so‘ragan bo‘lsa, ehtimol. Hazrati Alining (roziyallohu anhu) javobi esa hech qanday savolga o‘rin qoldirmadi.

Aql kamoloti

Anas ibn Molikdan (roziyallohu anhu) rivoyat kilinadi: “Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam) huzurlarida bir kishini yaxshi deb maqtashdi. Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam): “Uning aqli qanday?” dedilar. Sahobalar: “Ey Rasululloh, uning ibodati, xulqi, fazilati va odobi...”, deyishdi. Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam) yana: “Uning aqli qanday?” deb so‘radilar. Ular: “Ey Allohning Rasuli, biz uning ibodati bilan boshka fazilatlarini maqtasak, siz uning aqli xususida so‘rayapsiz?” dedilar. U zot (sollallohu alayhi va sallam): “Albatta, obidlarning axmog‘i nodonligi tufayli fojirdan ko‘ra ko‘proq zarar yetkazadi. Odamlarning Rabbilariga qurbatlari aqllari darajasiga qarab bo‘ladi”, deb marhamat qildilar.

“Hidoyat” jurnalining 2010 yil, 7-sonidan olindi.