Рамазон — хайр ва барака ойи

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 09.12.2014

Муқаддас ислом динининг асосий улуғ рукнларидан бири рўза ибодатидир. Рамазон очлик, ташналик, нафсни қийнаш билан Аллоҳ таолога қурбат, тақво ҳосил қилинадиган буюк ойдир. Аллоҳ таоло бандалари учун ҳар икки дунё саодатини кўзлаб бу ибодатни исломнинг улуғ фарзлари қаторига қўшган. Рўза нафақат Муҳаммад (с.а.в)нинг умматларига, балки аввалги пайғамбарларнинг ҳам умматларига ҳам буюрилгандир.

Рамазон рўзаси Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в) Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг, ҳижратнинг иккинчи йили шаъбон ойида фарз қилинган. Рамазон ойи рўзасини тутиш Қуръони карим, Суннати набавий ва Ижмои уммат билан собит бўлган.

Аллоҳ Таоло Бақара сурасининг 183-оятида марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсангиз».

Ушбу ояти карима билан динимизнинг бешта асосий устунларидан бўлган рамазон рўзаси фарз бўлди.

Рамазон рўзаси фарз бўлишидан аввал ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ўз ихтиёрлари билан ҳар ойда уч кун рўза тутар, муҳаррам ойининг ўнинчи кунининг рўзасини ҳам адо этар эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) ўзларининг муборак ҳадисларида рўза ибодатининг фарз эканлигини кўп такрорлаганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар (с.а.в) дедилар: «Сизларга муборак рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла унинг рўзасини тутмоқликни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилади. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилади. Унда шайтонлар кишанбанд қилинади. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг ойдан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ (жуда кўп нарсадан) маҳрум қолибди» — дедилар. (Насоий ва Байҳақий ривояти).

Жаннат эшиларининг ланг очилишидан мурод шу ойда тоат-ибодатларнинг ниҳоят даражада кўп бўлиши, намозхонларнинг, ибодатларнинг кўпайиши, таровеҳ намозлар ўқилиши сабабидан барча жаннатларнинг эшиклари очилади. Дўзах эшиклари ёпилишидан мурод эса бу ойда гуноҳ ва хатолар бошқа ойларга нисбатан кескин камаяди, ҳар қандай мусулмон қалбида иймон учқунлари уйғонганлигидан дўзах эшиклари қулфланади. Шайтонларнинг занжирбанд бўлишидан мурод эса улар бу улуғ ойнинг фазилатларидан мусулмонларни васваса қила олмайди, чалғита олмайди, бунга кучи етмай қолади. Ким Аллоҳнинг шунча марҳаматидан сўнг рўза ойига беписанд бўлса, жуда кўп йил давомидаги яхшиликлардан маҳрум қолади, кўп нарса йўқотади. Рўза ибодати бандаларига руҳий ғизо бўлади. Овқат танга озуқа бўлгани каби рўза ҳам руҳга озуқа беради. Киши овқат емаса яшаш мумкин бўлмаганидек, мўминнинг руҳи ҳам рўзасиз яшай олмайди.

Рўза энг узун ибодатлардан бири саналади. Бошқа ибодатларнинг вақти жуда қисқа бўлади. Рўза ибодати бизнинг ўлкаларда кун энг қисқарган вақт — қишга тўғри келса, 11-12 соат давом этади. Кун энг узун вақт — ёзга тўғри келса, 17-18 соат давом этади. Бу рўза ибодатида риё бўлмайди. Бошқа ибодатларда бироз бўлсада риёси бор, намоз ўқисак ҳамма кўради. Закотни яшириб берган тақдирда ҳам закот олувчи буни билади. Ҳаж ибодати ҳам барча биладиган ибодатдир. Аммо рўзани Аллохдан бошқа ҳеч ким билмайди. Шунинг учун савобини Аллоҳнинг ўзи беради. Ҳадиси қудсийда айтилади:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ушбу ҳадиси қудсийни ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қиладилар: «Аллоҳ таоло айтадики: «Ҳар бир яхши амал учун ўн баробардан етти юз баробаргача савоб бераман, фақат рўза бундан мустасно. У мен учун тутилади, унинг ажрини ҳам ўзим бераман.» — деган» (муттафақун алайҳ).

Рамазон ойининг рўзасини иймон билан, Аллоҳдан савоб талаб қилиб тутувчи ҳар бир шахсни қанчалик табрик этса, шунчалик оз бўлган ойдир. Рўза тутувчи мўмин-мусулмонлар бу муқаддас ой кирганда Аллоҳ таоло мусулмонлардан қилгани билан бир-бирларини табриклайдилар. Чунки бу муқаддас ой биз учун йил давомида ҳар куни ўқиган беш вақт намозларимиз туфайли ҳам бошқа ибодат ва ҳайр-у садақаларимиз туфайли ҳам кечирилмай қолган гуноҳларимизни мағфират қилишини Аллоҳ Таолодан сўраб олишимиз учун бир йилда бир бор бериладиган фурсат ва имкониятдир.

Расулуллоҳ (с.а.в): «Кимки рамазон рўзасини иймон эътиқод ва Аллохдан савоб умид қилиб тутса унинг ўтган гуноҳлари кечирилиб юборилади» — дедилар (Бухорий ривояти).

Бу ойни ҳурмат қилиб рўзасини мукаммал тутган мўминлар кўп ютуқларга эга бўладилар. Рамазони шариф ойларнинг султонидир, чунки бу ойда Қуръони карим нозил бўлган, унда бир кеча бўлиб, бу кечадаги ибодатлар, яхши савобли ишлар минг ойдан афзал дейилган. Бу ой Қуръон ойи, тақво ва тавба ойи, раҳмат ва шафқат ойи, барака ва савоб ойи, мағфират ва дўзахдан озод бўладиган ой, гуноҳлар ювиладиган ойдир. Бу ойнинг охирига етиб тамом бўлиши умматнинг мусибатидир.

Рамазон ойи рўзасини тутмоқлик оқил, болиғ ва бошқа шартларни ўзида мужассам қилган ҳар бир мўмин-мусулмон учун фарзи айндир. Аллоҳ таоло томонидан рўза ибодатининг бандаларига фарз қилиниши жуда кўп ҳикматга эга:

Рўза тутган банда, энг аввало, Аллоҳга тақво қилган бўлади, тақводорлиги ошади. Аллоҳ таоло Қуръонда «Шоядки, тақво қилсангиз» — деган.

Рўза тутган киши Аллоҳ таоло олдидаги қарзини бажаради. Тутмаган кишининг қарзи кўпайиб бораверади.

Рўза Аллоҳ таолога қилинадиган тоат-ибодатдир. Рўза тутган банда ҳадсиз- ҳисобсиз ажр-у савобларга эга бўлади. Бу ибодатнинг мукофоти охиратда «Райён» номли жаннат эшигидан кириш учун ҳужжат бўлади.

Рўза улкан одоб-ахлоқ мактабидир. Унда мўмин киши кўпгина хислатларга эга бўлади. Рўза нафс балосига қарши жиҳоддир. Рўза туфайли инсон ўзидан ман қилинган нарсаларга сабр қилишга ўрганади. Рўза сабр мактаби бўлиб, киши рўза орқали ҳаётида дуч келадиган машаққатларга чидашга одат қилади.

Рўзанинг энг муҳим ҳикматларидан бири рўза туфайли рўзадор соғлик- саломатлигини тиклаб олади. Пайғамбаримиз (с.а.в): «Рўза тутинглар, соғлом бўласизлар», — деганлар.

Рўза ҳар хил касалликлардан ҳалос этиш билан бирга киши баданида тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказади. Бутун дунёда ҳозир энг кўп фойда бераётган даволаш усули очлик билан даволаниш усули эканлигини мусулмон бўлмаган олимлар баралла айтишмоқда. Очлик ва парҳез билан даволаш биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Рўза тутиш орқали мўмин киши ҳар қандай омонатга хиёнат қилмаслик ва махфий ҳамда ошкора ҳолатларда ҳам Аллоҳ таоло уни кузатиб туришини ҳис этишга эришади.

Рўза тутган киши ўз рўза ибодати туфайли фаришталар сифати билан сифатланади. Маълумки, емаслик, ичмаслик, шаҳвоний ҳирснинг йўқлиги, доимо тоат-ибодатда, итоатда бўлишлик фаришталар сифатидир. Рўза тутган инсон эрта тонг саҳардан қуёш ботгунча шу фаришталар сифатлари билан сифатланиб туради. Рўза тутган кишининг иродаси мустаҳкам бўлади, раҳм шавқат сифатлари кучаяди, сабр бардошга ўрганади, қалби мусаффо бўлади.

Рўзанинг фойдаларидан бири шайтони лаъинга қаҳр кўрсатишдир. Лаънати шайтон инсон боласини яхшиликдан қайтариб ёмонликка бошлаб туради. Инсон боласи ёмонликка юрса, шайтон алайҳиллаъна хурсанд бўлади. Инсон боласи яхшиликка юрса, Аллоҳ таолонинг амрини бажо келтирса, шайтони лаъин хафа бўлади. Рўза ибодатини қилган инсон ёмонликлардан қайтиши ва Аллоҳ таолога тақво қилиши билан шайтонга қаҳр кўрсатади.

Бундан ташқари сиз-у бизлар билган билмаган ҳикматлар бор, уни айтиб адоғига етиб бўлмайди. Аллоҳ таоло барчаларимизни бу муборак , қутлуғ ойда ожизлик билан тутаётган рўзаларимизни қабул айласин.

Бу ойни ғанимат билиб, комил инсон фазилати билан моҳи рамазони шарифни охирига етказмоқликни насиб этсин. Аллоҳ бу муборак кунларни рўза, тоат-ибодат, Қуръони карим тиловати, хатми Қуръонга сомеъ бўлишлик, кишилар қалбига хурсандчилик солишини насиб этсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ризқимиз бут бўлиб, келаси йилги рамазонга барчамизни саломат етиб боришимизни насиб этсин.

Закариё Ҳафизуллаев,
Тошкент шаҳридаги «Камолиддин Ориф ал-Бухорий» жомеъ масжиди имом-хатиби.


* * *

Muqaddas islom dinining asosiy ulug‘ ruknlaridan biri ro‘za ibodatidir. Ramazon ochlik, tashnalik, nafsni qiynash bilan Alloh taologa qurbat, taqvo hosil qilinadigan buyuk oydir. Alloh taolo bandalari uchun har ikki dunyo saodatini ko‘zlab bu ibodatni islomning ulug‘ farzlari qatoriga qo‘shgan. Ro‘za nafaqat Muhammad (s.a.v)ning ummatlariga, balki avvalgi payg‘ambarlarning ham ummatlariga ham buyurilgandir.

Ramazon ro‘zasi Hazrati Payg‘ambarimiz (s.a.v) Madinaga hijrat qilganlaridan so‘ng, hijratning ikkinchi yili sha’bon oyida farz qilingan. Ramazon oyi ro‘zasini tutish Qur’oni karim, Sunnati nabaviy va Ijmoi ummat bilan sobit bo‘lgan.

Alloh Taolo Baqara surasining 183-oyatida marhamat qiladi: «Ey iymon keltirganlar! Sizlardan avvalgilarga farz qilinganidek, sizlarga ham ro‘za farz qilindi. Shoyadki, taqvodor bo‘lsangiz».

Ushbu oyati karima bilan dinimizning beshta asosiy ustunlaridan bo‘lgan ramazon ro‘zasi farz bo‘ldi.

Ramazon ro‘zasi farz bo‘lishidan avval ham payg‘ambarimiz Muhammad (s.a.v) o‘z ixtiyorlari bilan har oyda uch kun ro‘za tutar, muharram oyining o‘ninchi kunining ro‘zasini ham ado etar edilar. Rasululloh (s.a.v) o‘zlarining muborak hadislarida ro‘za ibodatining farz ekanligini ko‘p takrorlaganlar:

Abu Hurayra roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: Payg‘ambar (s.a.v) dedilar: «Sizlarga muborak ramazon oyi keldi. Alloh azza va jalla uning ro‘zasini tutmoqlikni farz qildi. Unda osmonlarning eshiklari ochiladi. Unda jahannamning eshiklari yopiladi. Unda shaytonlar kishanband qilinadi. Unda Allohning bir kechasi bo‘lib, u ming oydan yaxshidir. Kim u kechaning yaxshiligidan mahrum bo‘lsa, batahqiq (juda ko‘p narsadan) mahrum qolibdi» — dedilar. (Nasoiy va Bayhaqiy rivoyati).

Jannat eshilarining lang ochilishidan murod shu oyda toat-ibodatlarning nihoyat darajada ko‘p bo‘lishi, namozxonlarning, ibodatlarning ko‘payishi, taroveh namozlar o‘qilishi sababidan barcha jannatlarning eshiklari ochiladi. Do‘zax eshiklari yopilishidan murod esa bu oyda gunoh va xatolar boshqa oylarga nisbatan keskin kamayadi, har qanday musulmon qalbida iymon uchqunlari uyg‘onganligidan do‘zax eshiklari qulflanadi. Shaytonlarning zanjirband bo‘lishidan murod esa ular bu ulug‘ oyning fazilatlaridan musulmonlarni vasvasa qila olmaydi, chalg‘ita olmaydi, bunga kuchi yetmay qoladi. Kim Allohning shuncha marhamatidan so‘ng ro‘za oyiga bepisand bo‘lsa, juda ko‘p yil davomidagi yaxshiliklardan mahrum qoladi, ko‘p narsa yo‘qotadi. Ro‘za ibodati bandalariga ruhiy g‘izo bo‘ladi. Ovqat tanga ozuqa bo‘lgani kabi ro‘za ham ruhga ozuqa beradi. Kishi ovqat yemasa yashash mumkin bo‘lmaganidek, mo‘minning ruhi ham ro‘zasiz yashay olmaydi.

Ro‘za eng uzun ibodatlardan biri sanaladi. Boshqa ibodatlarning vaqti juda qisqa bo‘ladi. Ro‘za ibodati bizning o‘lkalarda kun eng qisqargan vaqt — qishga to‘g‘ri kelsa, 11-12 soat davom etadi. Kun eng uzun vaqt — yozga to‘g‘ri kelsa, 17-18 soat davom etadi. Bu ro‘za ibodatida riyo bo‘lmaydi. Boshqa ibodatlarda biroz bo‘lsada riyosi bor, namoz o‘qisak hamma ko‘radi. Zakotni yashirib bergan taqdirda ham zakot oluvchi buni biladi. Haj ibodati ham barcha biladigan ibodatdir. Ammo ro‘zani Alloxdan boshqa hech kim bilmaydi. Shuning uchun savobini Allohning o‘zi beradi. Hadisi qudsiyda aytiladi:

Abu Hurayra roziyallohu anhu ushbu hadisi qudsiyni rivoyat qiladilar: Rasululloh (s.a.v) marhamat qiladilar: «Alloh taolo aytadiki: «Har bir yaxshi amal uchun o‘n barobardan yetti yuz barobargacha savob beraman, faqat ro‘za bundan mustasno. U men uchun tutiladi, uning ajrini ham o‘zim beraman.» — degan» (muttafaqun alayh).

Ramazon oyining ro‘zasini iymon bilan, Allohdan savob talab qilib tutuvchi har bir shaxsni qanchalik tabrik etsa, shunchalik oz bo‘lgan oydir. Ro‘za tutuvchi mo‘min-musulmonlar bu muqaddas oy kirganda Alloh taolo musulmonlardan qilgani bilan bir-birlarini tabriklaydilar. Chunki bu muqaddas oy biz uchun yil davomida har kuni o‘qigan besh vaqt namozlarimiz tufayli ham boshqa ibodat va hayr-u sadaqalarimiz tufayli ham kechirilmay qolgan gunohlarimizni mag‘firat qilishini Alloh Taolodan so‘rab olishimiz uchun bir yilda bir bor beriladigan fursat va imkoniyatdir.

Rasululloh (s.a.v): «Kimki ramazon ro‘zasini iymon e’tiqod va Alloxdan savob umid qilib tutsa uning o‘tgan gunohlari kechirilib yuboriladi» — dedilar (Buxoriy rivoyati).

Bu oyni hurmat qilib ro‘zasini mukammal tutgan mo‘minlar ko‘p yutuqlarga ega bo‘ladilar. Ramazoni sharif oylarning sultonidir, chunki bu oyda Qur’oni karim nozil bo‘lgan, unda bir kecha bo‘lib, bu kechadagi ibodatlar, yaxshi savobli ishlar ming oydan afzal deyilgan. Bu oy Qur’on oyi, taqvo va tavba oyi, rahmat va shafqat oyi, baraka va savob oyi, mag‘firat va do‘zaxdan ozod bo‘ladigan oy, gunohlar yuviladigan oydir. Bu oyning oxiriga yetib tamom bo‘lishi ummatning musibatidir.

Ramazon oyi ro‘zasini tutmoqlik oqil, bolig‘ va boshqa shartlarni o‘zida mujassam qilgan har bir mo‘min-musulmon uchun farzi ayndir. Alloh taolo tomonidan ro‘za ibodatining bandalariga farz qilinishi juda ko‘p hikmatga ega:

Ro‘za tutgan banda, eng avvalo, Allohga taqvo qilgan bo‘ladi, taqvodorligi oshadi. Alloh taolo Qur’onda «Shoyadki, taqvo qilsangiz» — degan.

Ro‘za tutgan kishi Alloh taolo oldidagi qarzini bajaradi. Tutmagan kishining qarzi ko‘payib boraveradi.

Ro‘za Alloh taologa qilinadigan toat-ibodatdir. Ro‘za tutgan banda hadsiz- hisobsiz ajr-u savoblarga ega bo‘ladi. Bu ibodatning mukofoti oxiratda «Rayyon» nomli jannat eshigidan kirish uchun hujjat bo‘ladi.

Ro‘za ulkan odob-axloq maktabidir. Unda mo‘min kishi ko‘pgina xislatlarga ega bo‘ladi. Ro‘za nafs balosiga qarshi jihoddir. Ro‘za tufayli inson o‘zidan man qilingan narsalarga sabr qilishga o‘rganadi. Ro‘za sabr maktabi bo‘lib, kishi ro‘za orqali hayotida duch keladigan mashaqqatlarga chidashga odat qiladi.

Ro‘zaning eng muhim hikmatlaridan biri ro‘za tufayli ro‘zador sog‘lik- salomatligini tiklab oladi. Payg‘ambarimiz (s.a.v): «Ro‘za tutinglar, sog‘lom bo‘lasizlar», — deganlar.

Ro‘za har xil kasalliklardan halos etish bilan birga kishi badanida to‘planib qolgan turli keraksiz moddalar, yog‘lar, tuzlar va boshqa narsalarni ham ketkazadi. Butun dunyoda hozir eng ko‘p foyda berayotgan davolash usuli ochlik bilan davolanish usuli ekanligini musulmon bo‘lmagan olimlar baralla aytishmoqda. Ochlik va parhez bilan davolash birinchi o‘rinni egallab turibdi.

Ro‘za tutish orqali mo‘min kishi har qanday omonatga xiyonat qilmaslik va maxfiy hamda oshkora holatlarda ham Alloh taolo uni kuzatib turishini his etishga erishadi.

Ro‘za tutgan kishi o‘z ro‘za ibodati tufayli farishtalar sifati bilan sifatlanadi. Ma’lumki, yemaslik, ichmaslik, shahvoniy hirsning yo‘qligi, doimo toat-ibodatda, itoatda bo‘lishlik farishtalar sifatidir. Ro‘za tutgan inson erta tong sahardan quyosh botguncha shu farishtalar sifatlari bilan sifatlanib turadi. Ro‘za tutgan kishining irodasi mustahkam bo‘ladi, rahm shavqat sifatlari kuchayadi, sabr bardoshga o‘rganadi, qalbi musaffo bo‘ladi.

Ro‘zaning foydalaridan biri shaytoni la’inga qahr ko‘rsatishdir. La’nati shayton inson bolasini yaxshilikdan qaytarib yomonlikka boshlab turadi. Inson bolasi yomonlikka yursa, shayton alayhilla’na xursand bo‘ladi. Inson bolasi yaxshilikka yursa, Alloh taoloning amrini bajo keltirsa, shaytoni la’in xafa bo‘ladi. Ro‘za ibodatini qilgan inson yomonliklardan qaytishi va Alloh taologa taqvo qilishi bilan shaytonga qahr ko‘rsatadi.

Bundan tashqari siz-u bizlar bilgan bilmagan hikmatlar bor, uni aytib adog‘iga yetib bo‘lmaydi. Alloh taolo barchalarimizni bu muborak , qutlug‘ oyda ojizlik bilan tutayotgan ro‘zalarimizni qabul aylasin.

Bu oyni g‘animat bilib, komil inson fazilati bilan mohi ramazoni sharifni oxiriga yetkazmoqlikni nasib etsin. Alloh bu muborak kunlarni ro‘za, toat-ibodat, Qur’oni karim tilovati, xatmi Qur’onga some’ bo‘lishlik, kishilar qalbiga xursandchilik solishini nasib etsin. Yurtimiz tinch, osmonimiz musaffo, rizqimiz but bo‘lib, kelasi yilgi ramazonga barchamizni salomat yetib borishimizni nasib etsin.

Zakariyo Hafizullayev,
Toshkent shahridagi «Kamoliddin Orif al-Buxoriy» jome’ masjidi imom-xatibi.

Мулоҳаза қўшиш


Ҳимоя коди
Янгилаш