Рўза арконлари ва ҳукмлари

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 17.07.2012

РЎЗА АРКОНЛАРИ

Рўзанинг саҳиҳ бўлиш шарти унинг икки рукнига боғлиқ. Улар: ният – қалбда Аллоҳга бўйсуниш ва Унга яқинлашиш мақсади билан рўза тутишга азму қарор қилиш, субҳ-тонг киргандан то қуёш ботгунча еб-ичиш ва жинсий алоқадан тийилиш.

РЎЗАНИНГ СУННАТЛАРИ

1. Саҳарлик қилиш. Ундан мурод саҳар пайти туриб, кундузи рўза тутиш ниятида еб-ичишдир. Ибн Мунзир саҳарлик қилиш суннат эканига олимлар иттифоқ қилишганини айтганлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳарлик қилмасдан рўза тутганликлари унинг вожиблигини билдирмайди. Саҳарлик қилиш билан мўминлар аҳли китоблардан фарқланиб турадилар. Саҳарликнинг энг ками бирон нарса еб олишдир. Бир қултум сув ичиб олинса ҳам, саҳарлик қилган ҳисобланади. «Саҳарлик қилингиз, саҳарликда барака бордир», деганлар Набий алайҳиссалом (Муттафақун алайҳ).

2. Саҳарликни тонгга яқин қилиш. Зайд ибн Собит айтадилар: «Расулуллоҳ билан бирга саҳарлик қилдик. Сўнг у зот намозга турдилар. Мен: «Саҳарлик билан азон орасида қанча вақт бор?» деб сўрадим. «Эллик оят миқдорича», дедилар (Муслим ривояти).
Саҳарлик қанчалик тонгга яқин қилинса, шунчалик афзал бўлади. Фақат тонг кириб қолгунга қадар кечикгирмаслик керак. Кечроқ саҳарлик қилган киши кўпроқ ажр олади, кундузи ҳам тўқроқ юради. Еб-ичиб ўтирган киши тонг кириб қолганини сезса, еб-ичишни тўхтатади ва рўзасини тутаверади. Вақт жуда кам қолганини билатуриб, ўзини ғафлатга солиб, еб-ичиб ўтириш узр бўлмай қолиши мумкин. Шунингдек, эҳтиёт юзасидан деб субҳи содиқдан анча илгари, масалан, бир соат олдин оғиз ёпиб олиш ҳам суннатга хилофдир.

3. Ифторни эртароқ қилиш. Қуёш ботгани аниқ бўлганидан кейин дарҳол оғиз очиш лозим. Пайғамбар алайҳиссалом бу ҳақда шундай деганлар:
«Одамлар ифторни эртароқ қилар эканлар, мудом яхшилик устида бўладилар» (Муттафақун алайҳ). Анас (р.а.) айтадилар: «Пайғамбар алайҳиссалом сув билан бўлса ҳам, оғиз очмагунларича шом намозини ўқимас эдилар» (Термизий ривояти).

4. Ифтор маҳали дуо қилиш. Пайғамбар алайҳиссалом оғиз очганда қуйидагича дуо қилар эдилар: «Чанқоқ қонди, томирлар ҳўлланди ва ажр собит бўлди, иншааллоқ» (Имом Бухорий ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳу эса шундай дердилар: «Эй Аллоҳим, мен Сендан ҳамма нарсадан кенг бўлган раҳматинг билан сурайманки, гуноҳларимни кечир» (Ибн Можа ривояти).

РЎЗАНИНГ МАКРУҲЛАРИ

Рўзадор учун қуйидаги ишларни қилиш макруҳ:
1. Таҳорат олаётиб, оғиз ва бурунни чайганда, томоқ ва димоғнинг охиригача сув олиш. Пайғамбар алайҳиссалом: «Бурунга сувни чуқур олгин, аммо рўзада ундай қилма», деганлар («Сунан» соҳиблари ривоят қилишган).
2. Ўпмоқ. Бўса шаҳватни қўзғатиб, рўза пайтида қатъиян ман қилинган жимўга олиб келиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, айрим уламолар: «Киши ўзини тутиб тура олишига ишонса, бўса олиши жоиз, ўзига ишонмаса, ҳаромдир», дейишган.
3. Аҳлига шаҳват назари билан боқиш.
4. Жинсий алоқани фикр қилиш.
5. Аҳлига шаҳват билан тегиниш.
6. Сақич ёки шунта ўхшаш нарсаларни чайнаш.
7. Қозонда турган таом мазасини татиб кўриш. (Аммо баъзилар наздида ошпазлар ўзларини эҳтиёт қилган ҳолда зарурат юзасидан таомнинг тузини татиб кўришлари жоиздир.)
8. Қон чиқариш ёки оқизиш. Бу ерда зулук ёки бошка нарса воситасида кўп миқдорда қон олдириш назарда тутилган. Чунки бу иш инсон танасини заифлаштириб, рўзасини очишга мажбур қилиши мумкин. Баъзи аҳли илмлар қон олдиришни рўзани бузувчи амаллардан санаганлар. Тиббий таҳлил учун қўл учидан кам миқдорда қон олдиришнинг эса зарари йўқ. Чунки унинг танага таъсири сезилмайди.
9. Висол, яъни икки-уч кун ифторсиз рўза тутиш. Пайғамбар алайҳиссалом висол қилишдан қайтарганлар. Айрим уламолар шу ҳадисдан келиб чиқиб, висолни ҳаром ҳам дейишган. Лекин макруҳ деган фикр кучлироқдир. Чунки бу ҳадисдан сўнг саҳобалардан айримпари Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга висол қилишган. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом уларга индамаганлар. Агар у ҳаром бўлганида, уларга сукут қилмасдилар.
Юқорида санаб ўтилган ишларни қилиш гарчи рўзани бузмаса-да, унинг савобини камайтириши мумкин.

РЎЗАНИ БУЗУВЧИ НАРСАЛАР

Рўзани қуйидаги нарсалар бузади:
1. Жинсий алоқа. Бу иш рўзани бузувчи амалларнинг энг улканидир. Рамазонда кундузи қовушиш ҳаромлигини билатуриб, рўзадор экани эсида бўлган ҳолда, ўз ихтиёри билан жинсий алоқа қилган кимса қаттиқ гуноҳкор бўлади. Агар у бу ишини ҳалол санаса, диндан чиқиб, кофир бўлади (Аллоҳ асрасин).
2. Манийни қасддан чиқариш. Аммо маний инсоннинг ихтиёрисиз, масалан, уйқуда чиқса, рўза бузилмайди.
3. Ичга озуқа киритиш. Бу иш икки хил услуб билан бўлади:
а) еб-ичиш. Ким қасддан, рўзалигини билиб туриб еб-ичса, қаттиқ гуноҳкор бўлади; б) еб-ичиш маъносидаги нарсалар. Масалан, қувват берувчи дори-дармонларни олиш.
4. Қасддан қусиш. Пайғамбар алайҳиссалом:
«Ким қасддан қайт қилса, қазосини тутиб берсин», деганлар. Аммо қайт қилиш беихтиёр амалга ошса, рўза бузилмайди.
5. Ҳайз қонининг келиши. Аёлларда ҳайз қонининг келиши рўзани бекор қилиб, қазони вожиб қилади.
6. Рўза тутиш ниятидан воз кечиш. Ким рўза ҳолида рўзасини очиб юборишни қалбдан қасд килса, рўзаси бекор бўлади.

РЎЗА КИМЛАРГА ФАРЗ ЭМАС?

Балоғатга етмаган бола, ақлини йўқотган мажнун, ҳушдан кетган кимса, касалга чалиниб рўза тутолмайдиган киши, рўза тутишга мадори йўқ кексалар, сафардаги мусофир, ҳайз ёки нифос кўрган аёллар, ҳомиладор, эмизикли жувонлар учун шариатимиз рўза тутмасликка рухсат этади.
Балоғатга етмаган бола, ақл-ҳушини йўқотган киши ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Уч тоифа инсондан қалам кўтарилган: ақлини йўқотган кимса, то ақли жойига келгунича, уйқуда ётган инсон, то уйғонгунича, ёш бола, то балоғат ёшига етгунича гуноҳ-савобдан фориғдир» (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Касалга чалинган киши эса, ҳолатига қарайди. Агар рўза тутса, дарди янада кучаядиган ёки тузалиши орқага суриладиган бўлса, рўза тутмайди. Қолиб кетган кунларнинг рўзасини тузалганидан кейин тутиб беради. Агар бемор рўза тутса, қийналиб қолмайдиган, рўза сабабли дарди зўрайиб кетмайдиган бўлса, рўзасини тутаверади. Аммо тузалиши умид этилмайдиган дардга чалинган бўлса, рамазоннинг зўр бир куни учун фидя беради.
Кексалар рўза тутишга қийналсалар, рамазоннинг ҳар бир куни учун бир мискиннинг қорни тўядиган даражада фидя берадилар. Шунда улар рўза тутганлик савобини оладилар.
Мусофир одам рўза тутиш ёки тутмасликда ихтиёрлидир. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом сафарда рўза тутган саҳобаларга ҳам, тутмаганларга ҳам индамаганлар. Мусофир учун қайси бири енгил бўлса, ўшани қилиши афзал. Агар тутма-са, қазосини кейин, муҳим бўлганда тутиб беради.
Ҳайз ёки нифос кўрган аёлга келсак, унинг рўза тутиши ҳаром саналади. Ким ҳайз ва нифос пайтида ҳукмини билатуриб, рўза тутса, рўзаси ботил, ўзи эса гуноҳкор бўлади.
Ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза туфайли ўзига, ҳомиласига ёки чақалоғига зарар етишидан қўрқса, рўза тутмайди. Бу узрлардан қачон ҳоли бўлиб, рўза тутиш имкониятига эга бўлса, ўшанда рўзанинг қазоларини тутиб беради. Агар кейин ҳам тутишга қодир бўлмаса, унда ҳар кунлик рўзаси учун фидя беради. Фидя деганда бир мискиннинг қорнини тўйғазадиган миқдордаги таом ёки унинг қиймати тушунилади.
Қазо рўзаларини кетма-кет тутиш шарт қилинмаган. Узиб-узиб тутса ҳам бўлади. Агар қазолар кейинги рамазон келгунига қадар тутиб олинса, аъло иш бўлади.
Агар инсон бепарво бўлиб, ҳеч қандай узрсиз қазо рўзаларини кейинги рамазонгача ҳам тутмаган бўлса, баъзи аҳли илмлар сўзи бўйича, ҳам қазоларини тутади, ҳам ўша кунлари учун бир мискинни таомлантиради.

РЎЗАДОР УЧУН ЖОИЗ БЎЛГАН ИШЛАР

1. Мисвок тутиш. Кўпчилик уламолар уни рўзада ҳам жоиз, деб айтишган. Фақат айрим олимлар уни тушдан кейин — ифторга яқин ишлатишни макруҳ санашган. Лекин улар ҳам мисвок рўзани бузувчи нарса деб эмас, балки: «Рўзадорнинг оғзидан келадиган эса Аллоҳ наздида мушкдан кўра, хушбўйроқдир», деган ҳадисга биноан макруҳ кўришган. Аммо тиш ювиш пасталарини рўза пайтида ишлатмаслик дурустдир. Чунки унинг таъми ўткир бўлиб, ичга сизиб кириши мумкин.
2. Иссиқ тафтини олиш учун сув билан салқинланиш, яъни чўмилиш. Бунда устидан сув қуйиб ювинишнинг рўзага халали йўқ. Аммо сувнинг ичига тушиб чўмилишдан бир оз эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки қулоқ бурун ё орқа тешикдан меъдага сув етиш эҳтимоли бор.
3. Тонгга қадар еб-ичиш ва аёлига қовушиш.
4. Эҳтиёж юзасидан сафар қилиш, ҳатто оғиз очишга тўғри келишини билса ҳам, жоиз. Фақат рўзадан кутиш мақсадида сафар қилмаса бас.
5. Ичга кирмайдиган ҳалол дорилар билан даволаниш. Бунга нина орқали озуқа бўлмайдиган дориларни олиш ҳам киради.
6. Гўдакка оғизда таом чайнаб бериш. Бунда рўзадор ўзининг ичига бирор нарса кетиб қолишига йўл қўймаслиги керак.
7. Атир ва бошқа бўйлардан фойдаланиш.
8. Аёллар кўзга сурма, қўлга хина қўйишлари.

* * *

RO‘ZA ARKONLARI

Ro‘zaning sahih bo‘lish sharti uning ikki rukniga bog‘liq. Ular: niyat – qalbda Allohga bo‘ysunish va Unga yaqinlashish maqsadi bilan ro‘za tutishga azmu qaror qilish, subh-tong kirgandan to quyosh botguncha yeb-ichish va jinsiy aloqadan tiyilish.

RO‘ZANING SUNNATLARI

1. Saharlik qilish. Undan murod sahar payti turib, kunduzi ro‘za tutish niyatida yeb-ichishdir. Ibn Munzir saharlik qilish sunnat ekaniga olimlar ittifoq qilishganini aytganlar. Payg‘ambar alayhissalomning saharlik qilmasdan ro‘za tutganliklari uning vojibligini bildirmaydi. Saharlik qilish bilan mo‘minlar ahli kitoblardan farqlanib turadilar. Saharlikning eng kami biron narsa yeb olishdir. Bir qultum suv ichib olinsa ham, saharlik qilgan hisoblanadi. «Saharlik qilingiz, saharlikda baraka bordir», deganlar Nabiy alayhissalom (Muttafaqun alayh).

2. Saharlikni tongga yaqin qilish. Zayd ibn Sobit aytadilar: «Rasululloh bilan birga saharlik qildik. So‘ng u zot namozga turdilar. Men: «Saharlik bilan azon orasida qancha vaqt bor?» deb so‘radim. «Ellik oyat miqdoricha», dedilar (Muslim rivoyati).
Saharlik qanchalik tongga yaqin qilinsa, shunchalik afzal bo‘ladi. Faqat tong kirib qolgunga qadar kechikgirmaslik kerak. Kechroq saharlik qilgan kishi ko‘proq ajr oladi, kunduzi ham to‘qroq yuradi. Yeb-ichib o‘tirgan kishi tong kirib qolganini sezsa, yeb-ichishni to‘xtatadi va ro‘zasini tutaveradi. Vaqt juda kam qolganini bilaturib, o‘zini g‘aflatga solib, yeb-ichib o‘tirish uzr bo‘lmay qolishi mumkin. Shuningdek, ehtiyot yuzasidan deb subhi sodiqdan ancha ilgari, masalan, bir soat oldin og‘iz yopib olish ham sunnatga xilofdir.

3. Iftorni ertaroq qilish. Quyosh botgani aniq bo‘lganidan keyin darhol og‘iz ochish lozim. Payg‘ambar alayhissalom bu haqda shunday deganlar:
«Odamlar iftorni ertaroq qilar ekanlar, mudom yaxshilik ustida bo‘ladilar» (Muttafaqun alayh). Anas (r.a.) aytadilar: «Payg‘ambar alayhissalom suv bilan bo‘lsa ham, og‘iz ochmagunlaricha shom namozini o‘qimas edilar» (Termiziy rivoyati).

4. Iftor mahali duo qilish. Payg‘ambar alayhissalom og‘iz ochganda quyidagicha duo qilar edilar: «Chanqoq qondi, tomirlar ho‘llandi va ajr sobit bo‘ldi, inshaalloq» (Imom Buxoriy rivoyati).
Ibn Umar roziyallohu anhu esa shunday derdilar: «Ey Allohim, men Sendan hamma narsadan keng bo‘lgan rahmating bilan suraymanki, gunohlarimni kechir» (Ibn Moja rivoyati).

RO‘ZANING MAKRUHLARI

Ro‘zador uchun quyidagi ishlarni qilish makruh:
1. Tahorat olayotib, og‘iz va burunni chayganda, tomoq va dimog‘ning oxirigacha suv olish. Payg‘ambar alayhissalom: «Burunga suvni chuqur olgin, ammo ro‘zada unday qilma», deganlar («Sunan» sohiblari rivoyat qilishgan).
2. O‘pmoq. Bo‘sa shahvatni qo‘zg‘atib, ro‘za paytida qat’iyan man qilingan jimo’ga olib kelishi mumkin. Shundan kelib chiqib, ayrim ulamolar: «Kishi o‘zini tutib tura olishiga ishonsa, bo‘sa olishi joiz, o‘ziga ishonmasa, haromdir», deyishgan.
3. Ahliga shahvat nazari bilan boqish.
4. Jinsiy aloqani fikr qilish.
5. Ahliga shahvat bilan teginish.
6. Saqich yoki shunta o‘xshash narsalarni chaynash.
7. Qozonda turgan taom mazasini tatib ko‘rish. (Ammo ba’zilar nazdida oshpazlar o‘zlarini ehtiyot qilgan holda zarurat yuzasidan taomning tuzini tatib ko‘rishlari joizdir.)
8. Qon chiqarish yoki oqizish. Bu yerda zuluk yoki boshka narsa vositasida ko‘p miqdorda qon oldirish nazarda tutilgan. Chunki bu ish inson tanasini zaiflashtirib, ro‘zasini ochishga majbur qilishi mumkin. Ba’zi ahli ilmlar qon oldirishni ro‘zani buzuvchi amallardan sanaganlar. Tibbiy tahlil uchun qo‘l uchidan kam miqdorda qon oldirishning esa zarari yo‘q. Chunki uning tanaga ta’siri sezilmaydi.
9. Visol, ya’ni ikki-uch kun iftorsiz ro‘za tutish. Payg‘ambar alayhissalom visol qilishdan qaytarganlar. Ayrim ulamolar shu hadisdan kelib chiqib, visolni harom ham deyishgan. Lekin makruh degan fikr kuchliroqdir. Chunki bu hadisdan so‘ng sahobalardan ayrimpari Payg‘ambar alayhissalom bilan birga visol qilishgan. Shunda Payg‘ambar alayhissalom ularga indamaganlar. Agar u harom bo‘lganida, ularga sukut qilmasdilar.
Yuqorida sanab o‘tilgan ishlarni qilish garchi ro‘zani buzmasa-da, uning savobini kamaytirishi mumkin.

RO‘ZANI BUZUVCHI NARSALAR

Ro‘zani quyidagi narsalar buzadi:
1. Jinsiy aloqa. Bu ish ro‘zani buzuvchi amallarning eng ulkanidir. Ramazonda kunduzi qovushish haromligini bilaturib, ro‘zador ekani esida bo‘lgan holda, o‘z ixtiyori bilan jinsiy aloqa qilgan kimsa qattiq gunohkor bo‘ladi. Agar u bu ishini halol sanasa, dindan chiqib, kofir bo‘ladi (Alloh asrasin).
2. Maniyni qasddan chiqarish. Ammo maniy insonning ixtiyorisiz, masalan, uyquda chiqsa, ro‘za buzilmaydi.
3. Ichga ozuqa kiritish. Bu ish ikki xil uslub bilan bo‘ladi:
a) yeb-ichish. Kim qasddan, ro‘zaligini bilib turib yeb-ichsa, qattiq gunohkor bo‘ladi; b) yeb-ichish ma’nosidagi narsalar. Masalan, quvvat beruvchi dori-darmonlarni olish.
4. Qasddan qusish. Payg‘ambar alayhissalom:
«Kim qasddan qayt qilsa, qazosini tutib bersin», deganlar. Ammo qayt qilish beixtiyor amalga oshsa, ro‘za buzilmaydi.
5. Hayz qonining kelishi. Ayollarda hayz qonining kelishi ro‘zani bekor qilib, qazoni vojib qiladi.
6. Ro‘za tutish niyatidan voz kechish. Kim ro‘za holida ro‘zasini ochib yuborishni qalbdan qasd kilsa, ro‘zasi bekor bo‘ladi.

RO‘ZA KIMLARGA FARZ EMAS?

Balog‘atga yetmagan bola, aqlini yo‘qotgan majnun, hushdan ketgan kimsa, kasalga chalinib ro‘za tutolmaydigan kishi, ro‘za tutishga madori yo‘q keksalar, safardagi musofir, hayz yoki nifos ko‘rgan ayollar, homilador, emizikli juvonlar uchun shariatimiz ro‘za tutmaslikka ruxsat etadi.
Balog‘atga yetmagan bola, aql-hushini yo‘qotgan kishi haqida Payg‘ambar alayhissalom shunday deganlar: «Uch toifa insondan qalam ko‘tarilgan: aqlini yo‘qotgan kimsa, to aqli joyiga kelgunicha, uyquda yotgan inson, to uyg‘ongunicha, yosh bola, to balog‘at yoshiga yetgunicha gunoh-savobdan forig‘dir» (Ahmad va Abu Dovud rivoyati).
Kasalga chalingan kishi esa, holatiga qaraydi. Agar ro‘za tutsa, dardi yanada kuchayadigan yoki tuzalishi orqaga suriladigan bo‘lsa, ro‘za tutmaydi. Qolib ketgan kunlarning ro‘zasini tuzalganidan keyin tutib beradi. Agar bemor ro‘za tutsa, qiynalib qolmaydigan, ro‘za sababli dardi zo‘rayib ketmaydigan bo‘lsa, ro‘zasini tutaveradi. Ammo tuzalishi umid etilmaydigan dardga chalingan bo‘lsa, ramazonning zo‘r bir kuni uchun fidya beradi.
Keksalar ro‘za tutishga qiynalsalar, ramazonning har bir kuni uchun bir miskinning qorni to‘yadigan darajada fidya beradilar. Shunda ular ro‘za tutganlik savobini oladilar.
Musofir odam ro‘za tutish yoki tutmaslikda ixtiyorlidir. Chunki Payg‘ambar alayhissalom safarda ro‘za tutgan sahobalarga ham, tutmaganlarga ham indamaganlar. Musofir uchun qaysi biri yengil bo‘lsa, o‘shani qilishi afzal. Agar tutma-sa, qazosini keyin, muhim bo‘lganda tutib beradi.
Hayz yoki nifos ko‘rgan ayolga kelsak, uning ro‘za tutishi harom sanaladi. Kim hayz va nifos paytida hukmini bilaturib, ro‘za tutsa, ro‘zasi botil, o‘zi esa gunohkor bo‘ladi.
Homilador yoki emizikli ayol ro‘za tufayli o‘ziga, homilasiga yoki chaqalog‘iga zarar yetishidan qo‘rqsa, ro‘za tutmaydi. Bu uzrlardan qachon holi bo‘lib, ro‘za tutish imkoniyatiga ega bo‘lsa, o‘shanda ro‘zaning qazolarini tutib beradi. Agar keyin ham tutishga qodir bo‘lmasa, unda har kunlik ro‘zasi uchun fidya beradi. Fidya deganda bir miskinning qornini to‘yg‘azadigan miqdordagi taom yoki uning qiymati tushuniladi.
Qazo ro‘zalarini ketma-ket tutish shart qilinmagan. Uzib-uzib tutsa ham bo‘ladi. Agar qazolar keyingi ramazon kelguniga qadar tutib olinsa, a’lo ish bo‘ladi.
Agar inson beparvo bo‘lib, hech qanday uzrsiz qazo ro‘zalarini keyingi ramazongacha ham tutmagan bo‘lsa, ba’zi ahli ilmlar so‘zi bo‘yicha, ham qazolarini tutadi, ham o‘sha kunlari uchun bir miskinni taomlantiradi.

RO‘ZADOR UCHUN JOIZ BO‘LGAN ISHLAR

1. Misvok tutish. Ko‘pchilik ulamolar uni ro‘zada ham joiz, deb aytishgan. Faqat ayrim olimlar uni tushdan keyin — iftorga yaqin ishlatishni makruh sanashgan. Lekin ular ham misvok ro‘zani buzuvchi narsa deb emas, balki: «Ro‘zadorning og‘zidan keladigan esa Alloh nazdida mushkdan ko‘ra, xushbo‘yroqdir», degan hadisga binoan makruh ko‘rishgan. Ammo tish yuvish pastalarini ro‘za paytida ishlatmaslik durustdir. Chunki uning ta’mi o‘tkir bo‘lib, ichga sizib kirishi mumkin.
2. Issiq taftini olish uchun suv bilan salqinlanish, ya’ni cho‘milish. Bunda ustidan suv quyib yuvinishning ro‘zaga xalali yo‘q. Ammo suvning ichiga tushib cho‘milishdan bir oz ehtiyot bo‘lish lozim. Chunki quloq burun yo orqa teshikdan me’daga suv yetish ehtimoli bor.
3. Tongga qadar yeb-ichish va ayoliga qovushish.
4. Ehtiyoj yuzasidan safar qilish, hatto og‘iz ochishga to‘g‘ri kelishini bilsa ham, joiz. Faqat ro‘zadan kutish maqsadida safar qilmasa bas.
5. Ichga kirmaydigan halol dorilar bilan davolanish. Bunga nina orqali ozuqa bo‘lmaydigan dorilarni olish ham kiradi.
6. Go‘dakka og‘izda taom chaynab berish. Bunda ro‘zador o‘zining ichiga biror narsa ketib qolishiga yo‘l qo‘ymasligi kerak.
7. Atir va boshqa bo‘ylardan foydalanish.
8. Ayollar ko‘zga surma, qo‘lga xina qo‘yishlari.