Илмдан юз ўгириш оқибатлари

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 03.01.2017

Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир муслим учун фарздир», деганлар.

Нима учун? Чунки иймон келтириш учун ҳам илм керак. Мусулмон бўлиш учун ҳам илм керак. Ният қилиш учун ҳам илм керак. Ихлос қилиш учун ҳам илм керак. Ибодат қилиш учун ҳам илм керак. Аллоҳнинг розилигини топиш учун ҳам албатта, илм керак. Қолаверса, дўзахдан қутулиб, жаннати бўлиш учун ҳам илм керак. Худди оила қуриш учун ҳам илм керак бўлгани каби бу дунё саодатини топиш учун ҳам илм керак, охират саодатини топиш учун ҳам илм керак. Шундай экан, илм дегани нима ўзи?

«Илм» сўзи луғатда бир нарсани воқеликдагидек идрок этишни билдиради. Шаръий истилоҳда эса, маънавий ишларда нарсаларни тескариси йўқ даражада аниқ билиш сифатига «илм» дейилади.

Ислом диничалик илмни улуғлаган дин, тузум ёки фалсафа йўқ. Ҳар бир шахсга илм талаб этишни фарз қилиш фақат Исломда бор, холос. Қуръони каримда илм ва уламолар энг олий мақомга қўйилган. Ҳадиси шарифда ҳам илм, уни талаб қилиш, уламолар ҳақида кўплаб маълумотлар келган. Буларнинг ҳаммасини жамлаб, Исломнинг илмга бўлган муносабати ҳақида тасаввур ва шунга яраша аҳкомлар чиқарилган. Мусулмонлар ўз ҳаётларида Қуръон ва Суннат таълимотларига амал қилиб яшаган пайтларида илм нурини бутун оламга тарқатганлар. Ёшу қари, эркагу аёл бешикдан то қабргача илм талаб қилиш ўзи учун фарз эканини тўла ҳис қилган ҳолда умр бўйи ўзини толиби илм ҳисоблаб яшаган. Ана ўша даврни яхшилаб ўрганган ғарблик инсофли шарқшунослардан бири Ислом умматини бутунича мадрасага қатнайдиган уммат, деб васф қилган. Бу жуда ҳам тўғри васфдир. Ўша ҳамма бутунича ислом шариати бўйича ҳаёт кечирган вақтда Ислом нуридан баҳраманд бўлган ҳар бир ўлкада илм-фан, маърифат ва маданият гуллаб-яшнаган.

Илмнинг ҳар бир соҳасида оламшумул кашфиётлар қилинган, улкан уламолар етишиб чиққан. Айрим дин душманлари аййуҳаннос солаётганидек, Ислом ҳеч қачон илмга қарши бўлмаган, балки жаҳолатга қарши бўлган. Агар баъзи бир кавний ва табиий илм уламолари тазйиққа учраган, азобланган ва ўлдирилган бўлса, бошқа дин вакиллари томонидан қилинган. Исломнинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Овруподаги олимларни каниса ғазабига дучор бўлишларининг асосий сабаби ҳам уларнинг мусулмонлардан илм ўрганганлари бўлган. Ҳозирги Испания, Португалия ва уларга қўшни давлатларнинг баъзи ҳудудларида саккиз юз йилга яқин давр мабойнида Андалусия номли Ислом давлати ҳукм сурган. Бу давлатда илм-фан, маданият гуллаб-яшнаган. Мусулмонларнинг турли илмий ўқув юртларида бошқа динларга мансуб кишилар ҳам бемалол таълим олишган, илмий тажрибаларда иштирок этишган. Аслида ҳозирги илмий тараққиётнинг ҳар бир соҳаси аввалида мусулмон олимлари туришган. Бу ҳалигача одамлардан яшириб келинади. Ислом-илм дини эканини фақат жоҳилларгина инкор қилишлари мумкин. Шундай экан, илмга рағбатсизлик, ундан юз ўгиришнинг оқибати ҳам ёмон бўлади.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўлтирган эдилар. Бирдан уч киши кириб келди. Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди. Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб тўхтадилар. Улардан бири ҳалқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса, ортга бурилиб чиқиб кетди. Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб тўхтадилар. Улардан бири ҳалқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса, ортга бурилиб чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин Сизларга ҳалиги уч нафарнинг хабарини берайми? Улардан бири Аллоҳдан бошпана сўради. Аллоҳ унга бошпана берди. Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди. Яна бошқа бири юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди.

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан илмий суҳбат қуриб ўлтирган масжидга уч киши кириб келди.

«Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди». Ўша уч кишидан иккитасининг илмга рағбати бор экан, илмий суҳбатдан фойдаланмоқчи бўлиб, илм манбаси бўлмиш зот Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Учинчи кишининг илмга рағбати йўқ экан, илмий суҳбат бўлаётганини кўриб, ортга қайтди.

«Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб тўхтадилар. Улардан бири ҳалқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса, ортга бурилиб чиқиб кетди».

Яъни, ҳалиги уч кишидан илмга қизиққан иккитаси бориб, Расулуллоҳнинг тепаларига тўхтади. Илмий суҳбатга қулоқ осишга жой ахтарди. Улардан бири илмий суҳбат учун ҳалқа қуриб ўтирган саҳобалар орасидан бўш жойни топиб ўтирди. Иккинчиси унчалик илмга ўч эмас экан, ҳалқадагиларнинг орқасига келиб жойлашди. Учинчи илмга умуман қизиқмайдиган одам эса, бурилиб масжиддан чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса илмий суҳбатни давом эттиравердилар.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин»,

Яъни, илмий суҳбатни тугатганларидан сўнг: «Сизларга ҳалиги уч нафарнинг хабарини берайми?» дедилар. Яъни, илмий суҳбат бўлиб турганда масжидга кириб, ўзларини уч хил тутган кишиларнинг хабарини берайми, дедилар. Ва улар ҳақида хабар беришни бошладилар. «Улардан бири Аллоҳдан бошпана сўради. Аллоҳ унга бошпана берди». Бу ҳалқадан бўш жой топиб ўтирган одам. Одатда зулмга, тазйиққа учраган, хавф-хатарда қолган одам бошпана сўрайди. Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илм ҳалқасига келиб ўтирган одамни Аллоҳдан бошпана сўради, деб айтишлари улкан маъно касб этмоқда. Илм ҳалқасига ўлтирган одам жаҳолат, онгсизлик зулмидан, тазйиқидан ва улардан келадиган хавф-хатардан Аллоҳнинг паноҳига қочганини англатмоқда. Бундай бало-офатдан қутулиб қолишнинг бирдан-бир йўли илм йўли экани, илм орқалигина Аллоҳ таолонинг бошпанасига сазовор бўлиш мумкинлиги маълум бўлмоқда. Илм талаб қилишга бунчалик тарғиб ҳеч қаерда йўқ.

«Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди». Бу ҳалқанинг орқасига бориб ўтирган одам. У ўзини одамлар орасига уришдан ҳаё қилди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам уни савобсиз қолдиришдан ҳаё қилди. Унга ўзига яраша муомала қилди.

 «Яна бошқа бири юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди». Бу илмий мажлисдан юз ўгириб чиқиб кетган одам. Ҳадисда унинг илмдан юз ўгириши Аллоҳдан юз ўгиришга тенглаштирилмоқда. Шунинг учун ҳам ундан Аллоҳ юз ўгиргани баён қилинмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифда илмий мажлисда ихлос билан иштирок этган одам Аллоҳ таолонинг бошпанасига сазовор бўлиши, илмдан қочишдан ҳаё қилган одамни иқоб қилишга Аллоҳ таолонинг ҳам ҳаё қилиши, илмдан юз ўгирган одамдан Аллоҳ ҳам юз ўгириши;

Энди ҳадиси шариф ҳикматидан ҳаётимизда қанчалик фойда олаётганимизни ўйлайлик. Бугун илму маърифат қадрлими, молу дунё, мансаб ва шунга ўхшаш ўткинчи нарсаларми?

Ҳозирги ҳаётимизда илм ҳалқасига ўзини урган қадрлими ёки сўму долларлар «ҳалқа»сига ўзини урган қадрлими? Илмдан юз ўгирган одамни Аллоҳдан юз ўгирган одамдек қоралай оламизми? Бу ва бунга ўхшаш саволларга ушбу ҳадиси шариф руҳида ижобий жавоб беришимиз жуда мушкул. Чунки, ҳаётда неча неча толиби илмлар Аллоҳ уларни ўз марҳамати ила йўллаб қўйган илм даргохларидан, илм масканларидан юз ўгириб кетадилар. Дунёнинг арзимас матоси, ўткинчи ташвишлари ила ўқишни ташламоқчи бўладилар.

Бир ўқувчим ўқишни ташламоқчи эканини, оиласи ночор қолиб, ўзи рўзғор тебратмоқчи эканлигини айтиб қолди. Узоқ ўйладим. Бу йигит илмга ўзини урса, оиласи оч қолса... Йўқ! Илм ўрганиб инсон оч қолмайди, балки Аллоҳ раҳмати ила ризқи ҳам ўйламаган тарафдан келаверади. Унга Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари Абу Юсуф илм ҳалқасини оиласи дея тарк этмоқчи бўлгани, аммо устози бунга қаршилик қилганини айтиб, яна дарсга қайтишини қаттиқ тайинладим. Минг шукр, у бироз қийналсада илм олди, олим бўлди, ҳаёти гўзал бўлди.

Яна бир ўқувчим институтни ташламоқчилигини, динга кераксиз инсон бўлиб ўқишни тамомлаш нияти йўқлигини, барибир эплаб кетолмаслигини айтиб ҳасрат қилиб қолди. Узоқ ўйладим, мулоҳаза қилдим. Ҳақиқатда илмни хоҳламаганга бериш – уни зое қилиш, дейилган. Чала мулла дин бузар деган гап ҳам бор... Яхшилаб суриштирсам, ўша йигитни ўзи ёқтирган қизи бўлиб, қиз тараф йигитнинг совчиларига рад жавоби беришибти. Хуллас йигит қиз тарафни кўндира олмабти. Шуни аламида ўқишни ташлаб кетмоқчи бўлибди. Қаттиқ аччиқландим. Уни хонамга чақириб роса уришдим, насиҳат қилдим. Агар илмдан воз кечиб кетса нима топиб, нималар йўқотишини тушунтирдим. Бундан ташқари бир қиз учун икки олам саодати, жаннат калити бўлмиш илмни ташлаш улкан гуноҳлигини уқтирдим. Талабам ўзига келди шекилли, юзида пушаймонлик белгилари сезилди, кўзи ёшланди. Қилган ишига тавба қилиб, яна дарсларга қайтди.

Яхшилаб мулоҳаза қилсак илмдан юз ўгириш жами яхшиликдан юз ўгириш демакдир. Илмни баъзи сабабларга кўра ташлаб кетмоқчи  бўлганларнинг аксарияти мажбурликдан, оила боқолмаслиги, хотираси сустлиги эмас, қалбларидаги махфий дунёга бўлган шаҳватдандир. Негаки, илм олиш, уни ўрганиш, ўрганганларини такрорлаш, ёдда сақлаш, унга амал қилиш жуда ҳам мушкул иш бўлганидан, кўп толиби илмлар оила қуриб ёхуд ўзини савдо сотиққа уриб, илм машаққатига тоқат қиломайдилар. Осон йўлларни танлаб кетадилар.

Агар эътибор берилса, талаба илм даргоҳида юрганида фариштасифат, беозор, одоб ахлоқли, жидду жаҳд соҳиби бўлиб юради. Аммо илмдан узоқлашгани сари, оила ташвишларига кўмилиб боргани сари, илмга қизиқмайдиган, ваъз насиҳат кор қилмайдиган, ҳалол ҳаромга эътиборсиз бўлиб қолади. Бора бора намозни ҳам тарк қилади. Тўғри ҳамма ҳам шундай эмас, лекин шу каби инсонлар орамизда борлиги айни ҳақиқат. Бунинг асосий сабаби иснонни илмдан узоқ бўлиши, илм мажлисларига қатнашмаслиги, насиҳат, маърузаларга қулоқ осмаслигидир. Ҳадиси шарифда инсон ё илм берувчи ё илм ўрганувчи ё уларга муҳаббатли бўлиши зикр қилинган. Бундан бошқа тоифа бўлишдан қайтарилган. Хулоса қилиш мумкинки, инсон қай маконда, қай манзилда, қай сохада бўлмасин, илм ўрганиши, китоб мутолаа қилиши, агар вақти етмаса аҳли илмларга аралашиб юриши, ваъз насиҳатларга амал қилиб бориши керак.

Фахриддин Муҳаммад Носир

Тошкент ислом институти тиллар кафедраси мудири

Sevikli Payg‘ambarimiz Muhammad mustafo sollallohu alayhi vasallam: «Ilm talab qilish har bir muslim uchun farzdir», deganlar.

Nima uchun? Chunki iymon keltirish uchun ham ilm kerak. Musulmon bo‘lish uchun ham ilm kerak. Niyat qilish uchun ham ilm kerak. Ixlos qilish uchun ham ilm kerak. Ibodat qilish uchun ham ilm kerak. Allohning roziligini topish uchun ham albatta, ilm kerak. Qolaversa, do‘zaxdan qutulib, jannati bo‘lish uchun ham ilm kerak. Xuddi oila qurish uchun ham ilm kerak bo‘lgani kabi bu dunyo saodatini topish uchun ham ilm kerak, oxirat saodatini topish uchun ham ilm kerak. Shunday ekan, ilm degani nima o‘zi?

«Ilm» so‘zi lug‘atda bir narsani voqelikdagidek idrok etishni bildiradi. Shar’iy istilohda esa, ma’naviy ishlarda narsalarni teskarisi yo‘q darajada aniq bilish sifatiga «ilm» deyiladi.

Islom dinichalik ilmni ulug‘lagan din, tuzum yoki falsafa yo‘q. Har bir shaxsga ilm talab etishni farz qilish faqat Islomda bor, xolos. Qur’oni karimda ilm va ulamolar eng oliy maqomga qo‘yilgan. Hadisi sharifda ham ilm, uni talab qilish, ulamolar haqida ko‘plab ma’lumotlar kelgan. Bularning hammasini jamlab, Islomning ilmga bo‘lgan munosabati haqida tasavvur va shunga yarasha ahkomlar chiqarilgan. Musulmonlar o‘z hayotlarida Qur’on va Sunnat ta’limotlariga amal qilib yashagan paytlarida ilm nurini butun olamga tarqatganlar. Yoshu qari, erkagu ayol beshikdan to qabrgacha ilm talab qilish o‘zi uchun farz ekanini to‘la his qilgan holda umr bo‘yi o‘zini tolibi ilm hisoblab yashagan. Ana o‘sha davrni yaxshilab o‘rgangan g‘arblik insofli sharqshunoslardan biri Islom ummatini butunicha madrasaga qatnaydigan ummat, deb vasf qilgan. Bu juda ham to‘g‘ri vasfdir. O‘sha hamma butunicha islom shariati bo‘yicha hayot kechirgan vaqtda Islom nuridan bahramand bo‘lgan har bir o‘lkada ilm-fan, ma’rifat va madaniyat gullab-yashnagan.

Ilmning har bir sohasida olamshumul kashfiyotlar qilingan, ulkan ulamolar yetishib chiqqan. Ayrim din dushmanlari ayyuhannos solayotganidek, Islom hech qachon ilmga qarshi bo‘lmagan, balki jaholatga qarshi bo‘lgan. Agar ba’zi bir kavniy va tabiiy ilm ulamolari tazyiqqa uchragan, azoblangan va o‘ldirilgan bo‘lsa, boshqa din vakillari tomonidan qilingan. Islomning bunga hech qanday aloqasi yo‘q. Ovrupodagi olimlarni kanisa g‘azabiga duchor bo‘lishlarining asosiy sababi ham ularning musulmonlardan ilm o‘rganganlari bo‘lgan. Hozirgi Ispaniya, Portugaliya va ularga qo‘shni davlatlarning ba’zi hududlarida sakkiz yuz yilga yaqin davr maboynida Andalusiya nomli Islom davlati hukm surgan. Bu davlatda ilm-fan, madaniyat gullab-yashnagan. Musulmonlarning turli ilmiy o‘quv yurtlarida boshqa dinlarga mansub kishilar ham bemalol ta’lim olishgan, ilmiy tajribalarda ishtirok etishgan. Aslida hozirgi ilmiy taraqqiyotning har bir sohasi avvalida musulmon olimlari turishgan. Bu haligacha odamlardan yashirib kelinadi. Islom-ilm dini ekanini faqat johillargina inkor qilishlari mumkin. Shunday ekan, ilmga rag‘batsizlik, undan yuz o‘girishning oqibati ham yomon bo‘ladi.

“Rasululloh sollallohu alayhi vasallam masjidda odamlar bilan o‘ltirgan edilar. Birdan uch kishi kirib keldi. Ulardan ikkitasi Rasululloh sollallohu alayhi vasallam tomon yurdi. Bittasi qaytdi. Haligi ikkovlari Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning tepalariga kelib to‘xtadilar. Ulardan biri halqadan bo‘sh joy topib, o‘sha yerga o‘tirdi. Ikkinchisi orqaga o‘tirdi. Uchinchisi esa, ortga burilib chiqib ketdi. Haligi ikkovlari Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning tepalariga kelib to‘xtadilar. Ulardan biri halqadan bo‘sh joy topib, o‘sha yerga o‘tirdi. Ikkinchisi orqaga o‘tirdi. Uchinchisi esa, ortga burilib chiqib ketdi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam forig‘ bo‘lganlaridan keyin Sizlarga haligi uch nafarning xabarini beraymi? Ulardan biri Allohdan boshpana so‘radi. Alloh unga boshpana berdi. Boshqasi esa hayo qildi. Bas, Alloh ham undan hayo qildi. Yana boshqa biri yuz o‘girdi. Alloh ham undan yuz o‘girdi.

Ya’ni, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam odamlar bilan ilmiy suhbat qurib o‘ltirgan masjidga uch kishi kirib keldi.

«Ulardan ikkitasi Rasululloh sollallohu alayhi vasallam tomon yurdi. Bittasi qaytdi». O‘sha uch kishidan ikkitasining ilmga rag‘bati bor ekan, ilmiy suhbatdan foydalanmoqchi bo‘lib, ilm manbasi bo‘lmish zot Rasuli Akram sollallohu alayhi vasallam tomon yurdi. Uchinchi kishining ilmga rag‘bati yo‘q ekan, ilmiy suhbat bo‘layotganini ko‘rib, ortga qaytdi.

«Haligi ikkovlari Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning tepalariga kelib to‘xtadilar. Ulardan biri halqadan bo‘sh joy topib, o‘sha yerga o‘tirdi. Ikkinchisi orqaga o‘tirdi. Uchinchisi esa, ortga burilib chiqib ketdi».

Ya’ni, haligi uch kishidan ilmga qiziqqan ikkitasi borib, Rasulullohning tepalariga to‘xtadi. Ilmiy suhbatga quloq osishga joy axtardi. Ulardan biri ilmiy suhbat uchun halqa qurib o‘tirgan sahobalar orasidan bo‘sh joyni topib o‘tirdi. Ikkinchisi unchalik ilmga o‘ch emas ekan, halqadagilarning orqasiga kelib joylashdi. Uchinchi ilmga umuman qiziqmaydigan odam esa, burilib masjiddan chiqib ketdi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam esa ilmiy suhbatni davom ettiraverdilar.

«Rasululloh sollallohu alayhi vasallam forig‘ bo‘lganlaridan keyin»,

Ya’ni, ilmiy suhbatni tugatganlaridan so‘ng: «Sizlarga haligi uch nafarning xabarini beraymi?» dedilar. Ya’ni, ilmiy suhbat bo‘lib turganda masjidga kirib, o‘zlarini uch xil tutgan kishilarning xabarini beraymi, dedilar. Va ular haqida xabar berishni boshladilar. «Ulardan biri Allohdan boshpana so‘radi. Alloh unga boshpana berdi». Bu halqadan bo‘sh joy topib o‘tirgan odam. Odatda zulmga, tazyiqqa uchragan, xavf-xatarda qolgan odam boshpana so‘raydi. Ushbu hadisi sharifda Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning ilm halqasiga kelib o‘tirgan odamni Allohdan boshpana so‘radi, deb aytishlari ulkan ma’no kasb etmoqda. Ilm halqasiga o‘ltirgan odam jaholat, ongsizlik zulmidan, tazyiqidan va ulardan keladigan xavf-xatardan Allohning panohiga qochganini anglatmoqda. Bunday balo-ofatdan qutulib qolishning birdan-bir yo‘li ilm yo‘li ekani, ilm orqaligina Alloh taoloning boshpanasiga sazovor bo‘lish mumkinligi ma’lum bo‘lmoqda. Ilm talab qilishga bunchalik targ‘ib hech qaerda yo‘q.

«Boshqasi esa hayo qildi. Bas, Alloh ham undan hayo qildi». Bu halqaning orqasiga borib o‘tirgan odam. U o‘zini odamlar orasiga urishdan hayo qildi. Shuning uchun Alloh taolo ham uni savobsiz qoldirishdan hayo qildi. Unga o‘ziga yarasha muomala qildi.

 «Yana boshqa biri yuz o‘girdi. Alloh ham undan yuz o‘girdi». Bu ilmiy majlisdan yuz o‘girib chiqib ketgan odam. Hadisda uning ilmdan yuz o‘girishi Allohdan yuz o‘girishga tenglashtirilmoqda. Shuning uchun ham undan Alloh yuz o‘girgani bayon qilinmoqda.

Ushbu hadisi sharifda ilmiy majlisda ixlos bilan ishtirok etgan odam Alloh taoloning boshpanasiga sazovor bo‘lishi, ilmdan qochishdan hayo qilgan odamni iqob qilishga Alloh taoloning ham hayo qilishi, ilmdan yuz o‘girgan odamdan Alloh ham yuz o‘girishi;

Endi hadisi sharif hikmatidan hayotimizda qanchalik foyda olayotganimizni o‘ylaylik. Bugun ilmu ma’rifat qadrlimi, molu dunyo, mansab va shunga o‘xshash o‘tkinchi narsalarmi?

Hozirgi hayotimizda ilm halqasiga o‘zini urgan qadrlimi yoki so‘mu dollarlar «halqa»siga o‘zini urgan qadrlimi? Ilmdan yuz o‘girgan odamni Allohdan yuz o‘girgan odamdek qoralay olamizmi? Bu va bunga o‘xshash savollarga ushbu hadisi sharif ruhida ijobiy javob berishimiz juda mushkul. Chunki, hayotda necha necha tolibi ilmlar Alloh ularni o‘z marhamati ila yo‘llab qo‘ygan ilm dargoxlaridan, ilm maskanlaridan yuz o‘girib ketadilar. Dunyoning arzimas matosi, o‘tkinchi tashvishlari ila o‘qishni tashlamoqchi bo‘ladilar.

Bir o‘quvchim o‘qishni tashlamoqchi ekanini, oilasi nochor qolib, o‘zi ro‘zg‘or tebratmoqchi ekanligini aytib qoldi. Uzoq o‘yladim. Bu yigit ilmga o‘zini ursa, oilasi och qolsa... Yo‘q! Ilm o‘rganib inson och qolmaydi, balki Alloh rahmati ila rizqi ham o‘ylamagan tarafdan kelaveradi. Unga Abu Hanifa rahimahullohning shogirdlari Abu Yusuf ilm halqasini oilasi deya tark etmoqchi bo‘lgani, ammo ustozi bunga qarshilik qilganini aytib, yana darsga qaytishini qattiq tayinladim. Ming shukr, u biroz qiynalsada ilm oldi, olim bo‘ldi, hayoti go‘zal bo‘ldi.

Yana bir o‘quvchim institutni tashlamoqchiligini, dinga keraksiz inson bo‘lib o‘qishni tamomlash niyati yo‘qligini, baribir eplab ketolmasligini aytib hasrat qilib qoldi. Uzoq o‘yladim, mulohaza qildim. Haqiqatda ilmni xohlamaganga berish – uni zoe qilish, deyilgan. Chala mulla din buzar degan gap ham bor... Yaxshilab surishtirsam, o‘sha yigitni o‘zi yoqtirgan qizi bo‘lib, qiz taraf yigitning sovchilariga rad javobi berishibti. Xullas yigit qiz tarafni ko‘ndira olmabti. Shuni alamida o‘qishni tashlab ketmoqchi bo‘libdi. Qattiq achchiqlandim. Uni xonamga chaqirib rosa urishdim, nasihat qildim. Agar ilmdan voz kechib ketsa nima topib, nimalar yo‘qotishini tushuntirdim. Bundan tashqari bir qiz uchun ikki olam saodati, jannat kaliti bo‘lmish ilmni tashlash ulkan gunohligini uqtirdim. Talabam o‘ziga keldi shekilli, yuzida pushaymonlik belgilari sezildi, ko‘zi yoshlandi. Qilgan ishiga tavba qilib, yana darslarga qaytdi.

Yaxshilab mulohaza qilsak ilmdan yuz o‘girish jami yaxshilikdan yuz o‘girish demakdir. Ilmni ba’zi sabablarga ko‘ra tashlab ketmoqchi  bo‘lganlarning aksariyati majburlikdan, oila boqolmasligi, xotirasi sustligi emas, qalblaridagi maxfiy dunyoga bo‘lgan shahvatdandir. Negaki, ilm olish, uni o‘rganish, o‘rganganlarini takrorlash, yodda saqlash, unga amal qilish juda ham mushkul ish bo‘lganidan, ko‘p tolibi ilmlar oila qurib yoxud o‘zini savdo sotiqqa urib, ilm mashaqqatiga toqat qilomaydilar. Oson yo‘llarni tanlab ketadilar.

Agar e’tibor berilsa, talaba ilm dargohida yurganida farishtasifat, beozor, odob axloqli, jiddu jahd sohibi bo‘lib yuradi. Ammo ilmdan uzoqlashgani sari, oila tashvishlariga ko‘milib borgani sari, ilmga qiziqmaydigan, va’z nasihat kor qilmaydigan, halol haromga e’tiborsiz bo‘lib qoladi. Bora bora namozni ham tark qiladi. To‘g‘ri hamma ham shunday emas, lekin shu kabi insonlar oramizda borligi ayni haqiqat. Buning asosiy sababi isnonni ilmdan uzoq bo‘lishi, ilm majlislariga qatnashmasligi, nasihat, ma’ruzalarga quloq osmasligidir. Hadisi sharifda inson yo ilm beruvchi yo ilm o‘rganuvchi yo ularga muhabbatli bo‘lishi zikr qilingan. Bundan boshqa toifa bo‘lishdan qaytarilgan. Xulosa qilish mumkinki, inson qay makonda, qay manzilda, qay soxada bo‘lmasin, ilm o‘rganishi, kitob mutolaa qilishi, agar vaqti yetmasa ahli ilmlarga aralashib yurishi, va’z nasihatlarga amal qilib borishi kerak.

Faxriddin Muhammad Nosir

Toshkent islom instituti tillar kafedrasi mudiri