Ўзга уйларга изнсиз кирманг!

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 28.01.2016

“Эй имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангизлар” (Нур, 27).

Бу оятнинг нозил бўлиш сабабини Табарий ва бошқалар Адий ибн Собитдан бундай ривоят қилишади: “Ансорлардан бир аёл Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Расулуллоҳ, мен баъзан уйимда шундай ҳолатда бўламанки, отам бўладими, ўғлим бўладими, ҳеч ким мени ўша ҳолатда кўришини истамайман. Шунда бирдан отам кириб қолади ёки оиламдан яна бир бошқа одам кириб қолади. (Бундай ноқулайликни бартараф қилиш учун) қандай йўл тутай?” деб сўради. Шунда ушбу ояти карима нозил бўлди”.

Бу ояти карима билан Аллоҳ таоло бизга қуйидагиларни маълум қилмоқда: У бизни шарафли ва устун қилди, маскан-уйларда яшаш немаътини насиб этиб, ҳар хил ноқулайликлар ва келишмовчиликдан сақланиш учун уйларга кириш-чиқиш одобларини баён этди.

Оят матнидаги “истиънос” изн сўраш демакдир. Бу сўз шунингдек, билиш, ўрганиш маъносида экани ҳақида ҳам ривоятлар бор. У ҳолда оятдан: “Уйда ким борлигини билмасдан туриб кирманг”, деган маъно чиқади. Мужоҳид айтади: “Бу йўталиш ёки бошқа бирор бир шаклда бўлади. Ўзининг келганини бошқалар пайқайдиган даражада бироз оғир ҳаракатланади, шошмасдан ичкари киради”.

Ушбу оят ҳақида саҳобийлардан Абу Айюб Ансорий (розияллоҳу анҳу) пайғамбаримиздан сўради: “Ё Расулуллоҳ, салом нималигини биламиз, лекин “истиънос” нима дегани?” Расули акрам бундай жавоб бердилар: “Киши ё “субҳоналлоҳ”, ё “алҳамдулиллоҳ”, ёки “Аллоҳу акбар” дейди, томоқ қиради ва аҳли оиласини бохабар қилади” (Ибн Можа ривояти).

Суннатга кўра, рухсат уч марта сўралади, ундан кўп сўралмайди. Имом Молик айтади: “Фақат ижозат сўраётган одам уй эгалари эшитмади деб ишонса, учта мартадан кўп сўраса бўлади”.

Ижозат сўраш шакли бундай: киши бировнинг уйига кирмоқчи бўлса “Ассалому алайкум, мумкинми?” дейди. Унга изн берилса ичкари киради. Орқага қайтиши айтилса, қайтиб кетади. Овоз чиқарилмаса, уч марта изн сўрайди, учинчисидан кейин ҳам жавоб бўлмаса, қайтиб кетади. Абу Мусо Ашъарийнинг айтишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Сизлардан бирингиз уч марта изн сўрагани ҳолда унга жавоб берилмаса, қайтиб кетсин” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Уламоларимизга кўра, изн сўрашнинг уч марта билан чекланганининг боиси сўзнинг эшитилиб тушунилишини таъминлашдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир гапни айтсалар, одамлар яхшилаб тушуниб олишлари учун уч марта такрорлардилар. Уч марта изн сўралгани ҳолда рухсат берилмаса, уй эгасининг ижозат беришни хоҳламаётгани маълум бўлади ёки муҳим бир узри бор демакдир. Шунинг учун бундай ҳолатларда ижозат сўровчи одам қайтиб кетиши керак, чунки изн сўрашда давом этиш уй эгаларига малол келиши мумкин.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бирор оиланинг уйига борсалар, изн сўраб кўча эшиги рўпарасида турмасдилар. Балки эшикнинг ўнг ёки чап томонида турар ва: “Ассалому алайкум, Ассалому алайкум”, дердилар. Чунки у пайтларда кўча эшикларнинг пардалари бўлмасди (Абу Довуд ривояти). (Бизнинг диёрларда ҳам қадимдан “Мусулмон парда” номи билан маълум бўлган бундай пардаларни кўча эшик олдига илиш афсуски, кейинги пайтларда таомилимиздан деярли йўқолиб бўлди).

Агар кўча эшик ёпиқ бўлса, изн сўровчи эшикнинг истаган томонида туриши мумкин ва хоҳласа ижозат сўрайди, хоҳласа эшикни тақиллатади.

Эшик уйдагиларга эшитиладиган даражада тақиллатилади, қаттиқ-қаттиқ урилмайди. Анас ибн Молик ривоят қилиш­ларича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшикларни тирноқлари билан чертардилар (Абу Бакр Аҳмад Хотиб).

Эшикни тақиллатган одам ичкаридан “Ким у?” деб сўралганида исмини айтмай “Мен” дейиши ҳам тўғри эмас. Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Мен Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) ҳузурларига кириш учун изн сўрадим. У зот: “Ким у?” дедилар. Мен эса “Менман”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буни ёқтирмагандай “Менман! Менман!” деб қўйдилар” (Бухорий ва Муслим ривояти). Уламоларнинг айтишларича, Пайғамбаримизнинг бу сўздан хушланмаганларининг сабаби “Менман” деган жавобдан изн сўровчининг кимлигини билиб бўлмаслигидир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Ижозат сўрашни салом билан бошламаган одамга изн бермангиз!” (Ҳайсамий ривояти).

Ривоят қилишларича, Ҳузайфанинг (розияллоҳу анҳу) уйига бир одам келди ва уйнинг ичига қараб: “Ассалому алайкум, кираверайми?” деди. Шунда Ҳузайфа унга: “Сен ҳали оёғинг билан кирмай туриб кўзинг билан кириб бўлдинг!” деб танбеҳ берди (Қуртубий).

Таклиф уйга кириш учун рухсат ҳисобланадими? Пайғамбаримизнинг ушбу ҳадислари бунга ойдинлик киритади: “Сизлардан бирингиз зиёфатга таклиф этилиб, юборилган элчи билан бирга келса, шубҳасиз бу унга берилган ижозат демакдир” (Абу Довуд ривояти).

“Кўз-кўзга тушдими, салом бериш керак. Уй эгасининг сени кўришини асло олдига киришинг учун рухсат деб қабул қилма. Салом мажбуриятингни адо этишинг зарур. Чунки унинг олдига киришни истаган, рухсат сўраган сенсан. Сенга изн берилса, кирасан, акс ҳолда қайтиб кетасан” (Абу Довуд).

Бутун бу ҳукмлар кишининг ўз уйидан бошқа уйларга кириши ҳақидадир. Ўз уйига киришига келсак, агар уйда кишининг аёли бўлса, олдига кириш учун изн сўрашига ҳожат йўқ. Фақат кираётиб салом беради.

Қатода айтади: “Уйингга кираётиб оилангга салом бер, чунки улар саломингга энг лойиқ бўлганлардир. Агар уйда онанг ёки синглинг ҳам бўлса, уламолар тавсияларига кўра, томоқ қир, оёғингни тапиллат, улар сенинг келганингни билишсин. Чунки хотининг сендан уялмайди аммо онанг ёки опа-синглинг сенга кўринишни истамайдиган ҳолатда ўтирган бўлишлари мумкин. Агар ҳеч ким йўқ уйга кирмоқчи бўлсанг, “Ассалому алайно ва ало ибодуллоҳис солиҳин”, (Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин!) дегин. Фаришталар шундай деганларнинг саломига алик олади”.

Имом Қуртубий тафсири асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлади.

“Ирфон” тақвимининг 2014 йил 2-сонидан олинди.

* * *

“Ey imon keltirganlar! O‘z uylaringizdan o‘zga uylarga to izn so‘ramaguningizcha va egalariga salom bermaguningizcha kirmangiz! Mana shu sizlar uchun yaxshidir. Zora, (bu gapdan) eslatma olsangizlar” (Nur, 27).

Bu oyatning nozil bo‘lish sababini Tabariy va boshqalar Adiy ibn Sobitdan bunday rivoyat qilishadi: “Ansorlardan bir ayol Payg‘ambarimizga (sollallohu alayhi va sallam): “Yo Rasululloh, men ba’zan uyimda shunday holatda bo‘lamanki, otam bo‘ladimi, o‘g‘lim bo‘ladimi, hech kim meni o‘sha holatda ko‘rishini istamayman. Shunda birdan otam kirib qoladi yoki oilamdan yana bir boshqa odam kirib qoladi. (Bunday noqulaylikni bartaraf qilish uchun) qanday yo‘l tutay?” deb so‘radi. Shunda ushbu oyati karima nozil bo‘ldi”.

Bu oyati karima bilan Alloh taolo bizga quyidagilarni ma’lum qilmoqda: U bizni sharafli va ustun qildi, maskan-uylarda yashash nema’tini nasib etib, har xil noqulayliklar va kelishmovchilikdan saqlanish uchun uylarga kirish-chiqish odoblarini bayon etdi.

Oyat matnidagi “isti’nos” izn so‘rash demakdir. Bu so‘z shuningdek, bilish, o‘rganish ma’nosida ekani haqida ham rivoyatlar bor. U holda oyatdan: “Uyda kim borligini bilmasdan turib kirmang”, degan ma’no chiqadi. Mujohid aytadi: “Bu yo‘talish yoki boshqa biror bir shaklda bo‘ladi. O‘zining kelganini boshqalar payqaydigan darajada biroz og‘ir harakatlanadi, shoshmasdan ichkari kiradi”.

Ushbu oyat haqida sahobiylardan Abu Ayyub Ansoriy (roziyallohu anhu) payg‘ambarimizdan so‘radi: “Yo Rasululloh, salom nimaligini bilamiz, lekin “isti’nos” nima degani?” Rasuli akram bunday javob berdilar: “Kishi yo “subhonalloh”, yo “alhamdulilloh”, yoki “Allohu akbar” deydi, tomoq qiradi va ahli oilasini boxabar qiladi” (Ibn Moja rivoyati).

Sunnatga ko‘ra, ruxsat uch marta so‘raladi, undan ko‘p so‘ralmaydi. Imom Molik aytadi: “Faqat ijozat so‘rayotgan odam uy egalari eshitmadi deb ishonsa, uchta martadan ko‘p so‘rasa bo‘ladi”.

Ijozat so‘rash shakli bunday: kishi birovning uyiga kirmoqchi bo‘lsa “Assalomu alaykum, mumkinmi?” deydi. Unga izn berilsa ichkari kiradi. Orqaga qaytishi aytilsa, qaytib ketadi. Ovoz chiqarilmasa, uch marta izn so‘raydi, uchinchisidan keyin ham javob bo‘lmasa, qaytib ketadi. Abu Muso Ash’ariyning aytishicha, Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) bunday deganlar: “Sizlardan biringiz uch marta izn so‘ragani holda unga javob berilmasa, qaytib ketsin” (Buxoriy va Muslim rivoyati).

Ulamolarimizga ko‘ra, izn so‘rashning uch marta bilan cheklanganining boisi so‘zning eshitilib tushunilishini ta’minlashdir. Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam) bir gapni aytsalar, odamlar yaxshilab tushunib olishlari uchun uch marta takrorlardilar. Uch marta izn so‘ralgani holda ruxsat berilmasa, uy egasining ijozat berishni xohlamayotgani ma’lum bo‘ladi yoki muhim bir uzri bor demakdir. Shuning uchun bunday holatlarda ijozat so‘rovchi odam qaytib ketishi kerak, chunki izn so‘rashda davom etish uy egalariga malol kelishi mumkin.

Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) biror oilaning uyiga borsalar, izn so‘rab ko‘cha eshigi ro‘parasida turmasdilar. Balki eshikning o‘ng yoki chap tomonida turar va: “Assalomu alaykum, Assalomu alaykum”, derdilar. Chunki u paytlarda ko‘cha eshiklarning pardalari bo‘lmasdi (Abu Dovud rivoyati). (Bizning diyorlarda ham qadimdan “Musulmon parda” nomi bilan ma’lum bo‘lgan bunday pardalarni ko‘cha eshik oldiga ilish afsuski, keyingi paytlarda taomilimizdan deyarli yo‘qolib bo‘ldi).

Agar ko‘cha eshik yopiq bo‘lsa, izn so‘rovchi eshikning istagan tomonida turishi mumkin va xohlasa ijozat so‘raydi, xohlasa eshikni taqillatadi.

Eshik uydagilarga eshitiladigan darajada taqillatiladi, qattiq-qattiq urilmaydi. Anas ibn Molik rivoyat qilish­laricha, Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam) eshiklarni tirnoqlari bilan chertardilar (Abu Bakr Ahmad Xotib).

Eshikni taqillatgan odam ichkaridan “Kim u?” deb so‘ralganida ismini aytmay “Men” deyishi ham to‘g‘ri emas. Jobir ibn Abdulloh (roziyallohu anhu) aytadilar: “Men Payg‘ambarimizning (alayhissalom) huzurlariga kirish uchun izn so‘radim. U zot: “Kim u?” dedilar. Men esa “Menman”, dedim. Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) buni yoqtirmaganday “Menman! Menman!” deb qo‘ydilar” (Buxoriy va Muslim rivoyati). Ulamolarning aytishlaricha, Payg‘ambarimizning bu so‘zdan xushlanmaganlarining sababi “Menman” degan javobdan izn so‘rovchining kimligini bilib bo‘lmasligidir.

Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam) bunday marhamat qilganlar: “Ijozat so‘rashni salom bilan boshlamagan odamga izn bermangiz!” (Haysamiy rivoyati).

Rivoyat qilishlaricha, Huzayfaning (roziyallohu anhu) uyiga bir odam keldi va uyning ichiga qarab: “Assalomu alaykum, kiraveraymi?” dedi. Shunda Huzayfa unga: “Sen hali oyog‘ing bilan kirmay turib ko‘zing bilan kirib bo‘lding!” deb tanbeh berdi (Qurtubiy).

Taklif uyga kirish uchun ruxsat hisoblanadimi? Payg‘ambarimizning ushbu hadislari bunga oydinlik kiritadi: “Sizlardan biringiz ziyofatga taklif etilib, yuborilgan elchi bilan birga kelsa, shubhasiz bu unga berilgan ijozat demakdir” (Abu Dovud rivoyati).

“Ko‘z-ko‘zga tushdimi, salom berish kerak. Uy egasining seni ko‘rishini aslo oldiga kirishing uchun ruxsat deb qabul qilma. Salom majburiyatingni ado etishing zarur. Chunki uning oldiga kirishni istagan, ruxsat so‘ragan sensan. Senga izn berilsa, kirasan, aks holda qaytib ketasan” (Abu Dovud).

Butun bu hukmlar kishining o‘z uyidan boshqa uylarga kirishi haqidadir. O‘z uyiga kirishiga kelsak, agar uyda kishining ayoli bo‘lsa, oldiga kirish uchun izn so‘rashiga hojat yo‘q. Faqat kirayotib salom beradi.

Qatoda aytadi: “Uyingga kirayotib oilangga salom ber, chunki ular salomingga eng loyiq bo‘lganlardir. Agar uyda onang yoki singling ham bo‘lsa, ulamolar tavsiyalariga ko‘ra, tomoq qir, oyog‘ingni tapillat, ular sening kelganingni bilishsin. Chunki xotining sendan uyalmaydi ammo onang yoki opa-singling senga ko‘rinishni istamaydigan holatda o‘tirgan bo‘lishlari mumkin. Agar hech kim yo‘q uyga kirmoqchi bo‘lsang, “Assalomu alayno va alo ibodullohis solihin”, (Bizga va Allohning solih bandalariga salom bo‘lsin!) degin. Farishtalar shunday deganlarning salomiga alik oladi”.

Imom Qurtubiy tafsiri asosida No‘mon Abdulmajid tayyorladi.

“Irfon” taqvimining 2014 yil 2-sonidan olindi.