Отанинг ҳиммати. Қалб мамлакати. 3 дирҳамлик жаннат савдоси

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 04.08.2012

Отанинг ҳиммати

Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг олдиларига бир одам ўғлини ўқишга олиб келган экан. 20 йил ўтибди ҳамки, у толиб деярли ҳеч нимани ўрганмабди. Абу Ҳанифа толибнинг отасини чақириб айтган эканлар:
— Ўғлингизни олиб кетаверинг. Олим чиқмади ундан. Энди уни бориб ишлатинг. Пул топсин.
Ўғлидан жуда катта нарсани умид қилиб юрган отаси дунёнинг ўша пайтдаги энг катта мужтаҳидига шундай деган экан:
— Тақсир, ҳеч бўлмаса сизчалик ҳам бўлмадими?
Отанинг ҳимматини кўриб, Имоми Аъзам айтган эканлар:
— Сизнинг ҳимматингиз жуда катта экан. Энди ташлаб кетаверинг. Иншааллоҳ ўғлингиз олим бўлади.
Фойда: Болани қори, олим қиладиган нарса – отанинг холис ҳимматидир. Шунинг учун ота фарзанди камоли учун Аллоҳдан астойдил сўраши керак.

Қалб мамлакати

Ашраф Али Таҳонавий айтадилар:
«Дунёнинг энг буюк подшоҳи бирон мамлакатга бостириб кирса, аввал ўша давлатнинг энг киборларини хор қилиб ташлайди.
Қалб ҳам жуда кенг бир мамлакат. Унинг ҳам ичида Кибр, Бахиллик, Ҳарислик, Ёмон гумон деган ифлос киборлари бор.
Шу мамлакатга шоҳларнинг Шоҳи кириб келса борми, уларнинг ҳаммаси ювилиб кетади.
Бас, қалбни зийнатлантириш учун кўп зикр қилинг».

3 дирҳамлик жаннат савдоси

Буюк муҳаддис Имом Абу Довуд денгизнинг қирғоғида ўтирсалар, узоқдаги кемада овози баланд инсоннинг акса урганини, сўнг «Алҳамдулиллаҳ» деганини эшитибдилар.
«Алҳамдулиллаҳ» дейилгандан кейин «Ярҳамукаллоҳ» дейиш вожиб. Абу Довуд «Ярҳамукаллоҳ» демоқчи бўлсалар, у одам эшитмайди. Чунки ҳазратнинг овозлари баланд эмас, акса урган одам эса узоқда. «Алҳамдулиллаҳ»ни эшитган одамга «Ярҳамукаллоҳ» дейиш вожиб бўлиши учун улар бир жойда турган бўлишлари керак.
Шунда Имом Абу Довуд бир қайиқни 3 дирҳамга кира қилиб, кемага бориб, ҳалиги акса урган одамга «Ярҳамукаллоҳ» деб қайтган эканлар.
Абу Довуд айтадилар: «Шунга қулоғимга бир нидо эшитилди: Эй Абу Довуд, 3 дирҳамга жаннатни сотиб олдинг.»

* * *

OTANING HIMMATI

Imom A’zam rahmatullohi alayhning oldilariga bir odam o’g’lini o’qishga olib kelgan ekan. 20 yil o’tibdi hamki, u tolib deyarli hech nimani o’rganmabdi. Abu Hanifa tolibning otasini chaqirib aytgan ekanlar:
- O’g’lingizni olib ketavering. Olim chiqmadi undan. Endi uni borib ishlating. Pul topsin.
O’g’lidan juda katta narsani umid qilib yurgan otasi dunyoning o’sha paytdagi eng katta mujtahidiga shunday degan ekan:
- Taqsir, hech bo’lmasa sizchalik bo’lmaydimi?
Otaning himmatini ko’rib, Imomi A’zam aytgan ekanlar:
- Sizning himmatingiz juda katta ekan. Endi tashlab ketavering. Inshaalloh o’g’lingiz olim bo’ladi.

Foyda: Bolani qori, olim qiladigan narsa – otaning xolis himmatidir. Shuning uchun ota farzandi kamoli uchun Allohdan astoydil so’rashi kerak.

QALB MAMLAKATI

Ashraf Ali Tahonaviy aytadilar:
“Dunyoning eng buyuk podshoshi biron mamlakatga bostirib kirsa, avval o’sha davlatning eng kiborlarini xor qilib tashlaydi.
Qalb ham juda keng bir mamlakat. Uning ham ichida Kibr, Baxillik, Harislik, Yomon gumon degan iflos kiborlari bor.
Shu mamlakatga shohlarning Shohi kirib kelsa bormi, ularning hammasi yuvilib ketadi.
Bas, qalbni ziynatlantirish uchun ko’p zikr qiling”.

3 DIRHAMGA JANNAT SAVDOSI

Buyuk muhaddis Imom Abu Dovud dengizning qirg’og’ida o’tirsalar, uzoqdagi kemada ovozi baland insonning aksa urganini, so’ng “Alhamdulillah” deganini eshitibdilar.
“Alhamdulillah” deyilgandan keyin “Yarhamukalloh” deyish vojib. Abu Dovud “Yarhamukalloh” demoqchi bo’lsalar, u odam eshitmaydi. Chunki hazratning ovozlari baland emas, aksa urgan odam esa uzoqda. “Alhamdulillah”ni eshitgan odamga “Yarhamukalloh” deyish vojib bo’lishi uchun ular bir joyda turgan bo’lishlari kerak.
Shunda Imom Abu Dovud bir qayiqni 3 dirhamga kira qilib, kemaga borib, haligi aksa urgan odamga “Yarhamukalloh” deb qaytgan ekanlar.
Abu Dovud aytadilar: “Shunga qulog’imga bir nido eshitildi: Ey Abu Dovud, 3 dirhamga jannatni sotib olding.”

Yorqinjon qori ma‘ruzalari asosida tayyorlandi.