Сизни, отамни ва ёқтирган оёқ кийимимни қолдириб келдим…

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 14.05.2018

“Энг гўзал ҳикоятлар-2” танловига

Мадинаи Мунавварадаги бир ширкатда электро монтер бўлиб ишлаган асли туркиялик Аллоҳнинг дўсти, Расулининг ошиғи бўлган бир биродаримиз иш кунининг охири вақтида ўзига топширилган вазифани тугатиш асносида экан, Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак равзаларида ток уришидан вафот этади ва "Жаннатул Бақеъ" қабристонига дафн этилади.

Табиийки, бу воқеалардан сўнг оиласи ўз юртлари бўлган Туркияга қайтишга мажбур бўлишади. Ўша вақтда етти ёшда бўлган ўғли Набий Доғанай, мактабда истеъдодли ўқувчилар орасида чиройли ҳикоя ёзиш бўйича бўлган танловда қатнашиб, ёзган ҳикояси учун фахрли биринчи ўринни эгаллайди.

Бу, Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатнинг жажжи қалб тўридан чиқаётган самимий ва содда ифодалари эди...

Биламизки, тил қалбдан кечаётган ҳар бир нарсани ифода этишга қодир эмас. Меҳрибон Аллоҳ барчамизга бу биродаримизнинг Расулуллоҳга бўлган ишқ-муҳаббатидан насиб айласин! Омин...

* * *

Баҳорнинг илк кунларида гуллар каби хуш бўйлар таратган, Мадинаи Мунавварада кўзларимни очдим. Мен туғилган туғруқхона сизнинг муборак Равзангизнинг шундай ёнгинасида бўлгани учун мен туйган илк ҳид, сизнинг боғчангизнинг хушбўй ҳидлари бўлди. Отам келиб қулоғимга азон айтмасларидан илгари, қулоқларим сизнинг масжидингиз азони билан шарафланди. Қирқ кунлик бўлганимда илк зиёратим, сизнинг Хонаи Саодатингизга бўлган эди. Илк қадамларимни сизнинг Равзангиздаги мармарларга ташлаган эдим ва Роббим билан илк учрашувимиз, илк саждам сизнинг масжидингизда муяссар бўлган эди. Барча барча бажарган "илк"ларда сиз бор эдингиз...

Хали тилим сўзлашни билмай туриб, мен сизни қандай севишни ўргандим. Балки сизни унчалик ҳам яхши танимас эдим, лекин сиз менга жудаям яқиндек, сизни қаттиқ севардим.

Сизнинг уйингизга зиёратга келганимизда, сизни кўрмасак ҳам сизнинг борлигингизни ҳис этар ва уйингиздан узоқлашган вақтимизда эса, ғамгин бўлиб қолар эдик. Болалар уйларида зерикиб қолсалар, оталари уларни кўнгилочар боғларга олиб бориб, ўйнатиб келишини исташар эди. Биз эса Мадинада яшаган вақт мобайнида ҳеч вақт отамиздан кўнгилочар боғга олиб боришларини истамадик. Балки, биз ҳеч зерикмасмидик билмадим?

Менимча Мадинадаги ҳеч бир бола зерикмас эди. Чунки у ерда, дунёнинг ҳеч бир ерида топилмайдиган гул боғи ва у боғнинг ҳақиқий Боғбони, сиз бор эдингиз.

Бизнинг кўпроқ вақтимиз ўша боғда ўтар эди. Сизнинг Равзангиз мармарларини оёқ кийимларимиз билан босолмасдик. Мармарларнинг устида яланг оёқ кезар эдик. Ким билади, боғчангиз гулларини босиб олишдан қўрқардик балки? Ёз кунларида мармарларда оёқ яланг юриш оёқларимизни куйдирар эди. Шундай бўлса-да бизга шундай юриш жудаям хушёқар эди. Бир сафар отамдан сўраганим ёдимда:

"Отажон нима сабабдан Мадина бунчалар иссиқ?". Отам:

"Ўғлим! Чунки Мадинада иккита қуёш бор!" - дердилар. Мен эса ажабланиб:

"Қандай қилиб, отажон, қуёш битта бўлмайдими?" - дердим. Отам кулимсираб:

"Тўғри болажоним, бутун оламни, курраи заминни иситадиган қуёш битта. Аммо яна битта Қуёш борки, у оламларни иситадиган ва ойдинлатадиган қуёшдир. У қуёш Мадинада бўлгани учун, иссиқлиги икки баробар бўлмоқда!" - деб жавоб бергандилар.

Отамнинг берган бу жавобларидан роҳатланардим ва исинардим. Ҳақиқатдан ҳам мармар тошлар оёқларимизни иситар эди. Аммо сизнинг қуёшингиз тафти эса ичларимизни, кўнгилларимизни иситарди. Мадинадан айрилганимиздан кейин ҳам оёқларимиз исияпти, аммо ичимиз исимаяпти. Чунки қуёшнинг каттасини у ерда қолдириб келгандик. Мен қуёшимни йўқотиб қўйган эдим. Ортиқ унинг уйига, унинг равзасига боролмаётган эдим. Гарчанд нури бу ерларни ҳам ойдинлатаётган бўлсада, аммо ичимни исиши ва кўнглимни ёниши учун унинг равзасида ялангоёқ чопмоғим лозим эди. Равзангизда юрар эканман азонлар айтилар эди. Масжидингиз муаззини азонни шунақанги даражада гўзал айтар эдики, гўёки Билол Ҳабаший азон айтаётгандек бўларди. Намозни адо қилмоқ учун у муқаддас ернинг қадрини билиб-билмай, масжидингиз сари чопар эдик. Отамнинг ёнларида туриб бирга намоз ўқир эдик.

Катта устунларнинг тагидан чиқаётган салқин ҳаволардан бошларимизни салқинлатар эдик. Зам-зам ичадиган идишлардан гуллар ясардик. Намоз ўқиётганимизда ёнимизга мушук суқулиб кирар эди. Отам:

"Эҳтиёт бўлинглар, яна озор бериб қўйманглар! Чунки улар Абу Ҳурайранинг мушукларидир!" - дер эдилар, бизлар эса бунга чин дилдан ишонардик. Сизнинг масжидингизга мушуклар ҳам бемалол кира олишар эди. Чунки сиз, энг яхши мезбон эдингиз.

Чоршанба кунлари доимо Уҳуд тоғига борар эдик. У ерда, сиз барчадан ортиқ севган амакингиз ҳазрати Ҳамза розияллоҳу анҳуни зиёрат қилардик, у зот бизнинг ҳам амакимиздир. Дўстларим билан Айнайн тепалигига чиқар эдик, у ердан сўнг Уҳудда ётган етмишта шаҳидга салом берардик. Уҳуд тоғига ҳар вақт қараганимизда гўёки сизни кўргандек бўлар эдик. Уҳуд ҳам худди сизнинг Равзангизга ўхшаб хушбўй ҳидлар таратар эди. У ер ҳам алоҳида бир гул боғчаси эди, гўё.

Мана шундай қилиб менинг етти йилим, мен учун энг қадрли ва энг чиройли бўлган вақтларим сизнинг маҳаллангизда, сизнинг Равзаи муборакингизда, сизнинг жанг қилган ерларингизда гўёки сиз мен билан доимо бирга, менинг ёнимда юргандек ўтди. Сизни кўрмасам ҳам, сиз билан бирга яшашга шунчалик ўрганиб қолган эканманки, сизнинг ёнингиздан айрилаётган вақт гўёки бир ёним, бир жоним, бир парчам у ерда қолгандек эди.

Бу она юртим энди мен учун ғурбатга айланди. Қани эди қўлимда бўлса, ҳозироқ ёнингизга учиб борар эдим. Лекин улар, улғайсанг борасан! - демоқдалар. Мен фақатгина сизнинг ёнингизга бориш учун, тезроқ улғайишни истайман. Сизнинг ёнингизга келган вақтимда улғайган бўлсам ҳам, Равзангиздаги мармарларда оёқ яланг кезаман. Токи қуёшингиз тафти ичимни иситсин.

Сизнинг ҳасратингиздан ичларим музламоқда!

Билмадим, балки ҳасратингиз ҳар кимни ёндирар, лекин мени музлатмоқда...

Чунки мен туғилганимдан бери сизнинг севгингиз билан исинишга ўрганган эдим.

Бугун сизнинг тафтингизга жудаям муҳтожман!

Майли мен сизнинг ёнингизга келолмасам ҳам, лекин сиз мени асло ташлаб қўйманг. Нурингиз ила қоронғу кечаларимизни ойдинлатинг, тафтингиз ила бутун зарраларимизни иситинг. Мадинада яшаганимизда сизга қўшни эдик, уйларимиз бир бирига жуда яқин эди. Сизнинг борлигингиз бизга доимо ишонч берар эди. Яна ўшандай бўлса-ю, ора-сирада уйимизга келиб бизни шарафлантириб турсангиз.

Ҳа, айтганча, менинг исмим ҳам Набий, худди сизнинг исмингизга ўхшаш. Бу исмни менга, сизни жуда яхши кўрган бир дўстингиз қўйган.

Яна бошқа бир исмим Муҳаммад, яна сизнинг исмингиз каби. Бу муборак исмни менга отажоним қўйган. Бу ерга келаётганимизда сизнинг маҳаллангизда, сизнинг ёнингизда қолдириб келган отажоним.

Сизга ўхшаш яна бир тамоним бор!...

Мен ҳам худди сизга ўхшаб, отасиз ўсмоқдаман...

Мен жуда бахтиёрман, чунки сиз бизга асло етимлигимизни ҳис эттирмадингиз...

Мадинадан қайтгандан бери, сизни доимо бошимизда тургандек ҳис этмоқдаман. Кечалари ҳеч нарсадан қўрқмасдан, доимо хотиржам ухламоқдаман. Сизни танитган ва сизни севдирган Роббимга беадад шукрлар қиламан.

Отам сизнинг ёнингизда, сизнинг маҳаллангизда қолганди. Биз отамни дафн қилар эканмиз, акамнинг оёқ кийими отамнинг қабрига тушиб кетди ва ўша ерда (отам билан бирга) қолди. Ростини айтсам менинг у оёқ кийимга жуда рашким келди. Чунки энди акамнинг оёқ кийими доимо отам билан бирга қолар эди. Отамнинг қабрини сўнгги марта зиёрат қилаётганимда, ёқтирган оёқ кийимимни ҳеч кимга билдирмай секин ечиб, отамнинг қабрининг устига кўмиб қўяқолдим...

Ана энди менинг ҳам оёқ кийимим доимо отам билан биргаликда қолади...

Хўп майли, деб Қуёшимни, отамни ва яна мен ёқтирган оёқ кийимимни ортимда қолдирган эдим. Отажоним ва оёқ кийимим у ерда қолганди, улар келолмас эдилар. Аммо Қуёшим доимо ёнимизда эди. Етимларнинг ғамхўри, етимларни ҳеч вақт ўз ҳолларига ташлаб қўярмиди? Дунёнинг бошқа бир бурчагига кетсак ҳам, бизни ташлаб қўймасликларини билар эдим.

Эй Саййидим, кўзларимиз, кўнгилларимиз фақат сиз билан ойдинлашади!

Руҳимиз, ичимиз фақат сизнинг меҳр тафтингиз билан исинади. Майли кечроқ бўлсада бирор кун сизнинг ҳузурингизга келадиган бўлсам, Равзаи покингиз мармарларида оёқ яланг чопишни насиб этсин!

Токи ишқингиз ила, севгингиз ила бутун вужудим ёниб қовурилсин.

Мен ёқтирган оёқ кийимим қолган у гўзал макон, сўнгги қўнимгоҳим бўлсин...

Туркчадан Муҳаммад Мубийн таржимаси

Madinai Munavvaradagi bir shirkatda elektro monter bo‘lib ishlagan asli turkiyalik Allohning do‘sti, Rasulining oshig‘i bo‘lgan bir birodarimiz ish kunining oxiri vaqtida o‘ziga topshirilgan vazifani tugatish asnosida ekan, Janobi Rasululloh sollallohu alayhi va sallamning muborak ravzalarida tok urishidan vafot etadi va "Jannatul Baqe’" qabristoniga dafn etiladi.

Tabiiyki, bu voqealardan so‘ng oilasi o‘z yurtlari bo‘lgan Turkiyaga qaytishga majbur bo‘lishadi. O‘sha vaqtda yetti yoshda bo‘lgan o‘g‘li Nabiy Dog‘anay, maktabda iste’dodli o‘quvchilar orasida chiroyli hikoya yozish bo‘yicha bo‘lgan tanlovda qatnashib, yozgan hikoyasi uchun faxrli birinchi o‘rinni egallaydi.

Bu, Hazrati Payg‘ambar sollallohu alayhi va sallamga bo‘lgan muhabbatning jajji qalb to‘ridan chiqayotgan samimiy va sodda ifodalari edi...

Bilamizki, til qalbdan kechayotgan har bir narsani ifoda etishga qodir emas. Mehribon Alloh barchamizga bu birodarimizning Rasulullohga bo‘lgan ishq-muhabbatidan nasib aylasin! Omin...

* * *

Bahorning ilk kunlarida gullar kabi xush bo‘ylar taratgan, Madinai Munavvarada ko‘zlarimni ochdim. Men tug‘ilgan tug‘ruqxona sizning muborak Ravzangizning shunday yonginasida bo‘lgani uchun men tuygan ilk hid, sizning bog‘changizning xushbo‘y hidlari bo‘ldi. Otam kelib qulog‘imga azon aytmaslaridan ilgari, quloqlarim sizning masjidingiz azoni bilan sharaflandi. Qirq kunlik bo‘lganimda ilk ziyoratim, sizning Xonai Saodatingizga bo‘lgan edi. Ilk qadamlarimni sizning Ravzangizdagi marmarlarga tashlagan edim va Robbim bilan ilk uchrashuvimiz, ilk sajdam sizning masjidingizda muyassar bo‘lgan edi. Barcha barcha bajargan "ilk"larda siz bor edingiz...

Xali tilim so‘zlashni bilmay turib, men sizni qanday sevishni o‘rgandim. Balki sizni unchalik ham yaxshi tanimas edim, lekin siz menga judayam yaqindek, sizni qattiq sevardim.

Sizning uyingizga ziyoratga kelganimizda, sizni ko‘rmasak ham sizning borligingizni his etar va uyingizdan uzoqlashgan vaqtimizda esa, g‘amgin bo‘lib qolar edik. Bolalar uylarida zerikib qolsalar, otalari ularni ko‘ngilochar bog‘larga olib borib, o‘ynatib kelishini istashar edi. Biz esa Madinada yashagan vaqt mobaynida hech vaqt otamizdan ko‘ngilochar bog‘ga olib borishlarini istamadik. Balki, biz hech zerikmasmidik bilmadim?

Menimcha Madinadagi hech bir bola zerikmas edi. Chunki u yerda, dunyoning hech bir yerida topilmaydigan gul bog‘i va u bog‘ning haqiqiy Bog‘boni, siz bor edingiz.

Bizning ko‘proq vaqtimiz o‘sha bog‘da o‘tar edi. Sizning Ravzangiz marmarlarini oyoq kiyimlarimiz bilan bosolmasdik. Marmarlarning ustida yalang oyoq kezar edik. Kim biladi, bog‘changiz gullarini bosib olishdan qo‘rqardik balki? Yoz kunlarida marmarlarda oyoq yalang yurish oyoqlarimizni kuydirar edi. Shunday bo‘lsa-da bizga shunday yurish judayam xushyoqar edi. Bir safar otamdan so‘raganim yodimda:

"Otajon nima sababdan Madina bunchalar issiq?". Otam:

"O‘g‘lim! Chunki Madinada ikkita quyosh bor!" - derdilar. Men esa ajablanib:

"Qanday qilib, otajon, quyosh bitta bo‘lmaydimi?" - derdim. Otam kulimsirab:

"To‘g‘ri bolajonim, butun olamni, kurrai zaminni isitadigan quyosh bitta. Ammo yana bitta Quyosh borki, u olamlarni isitadigan va oydinlatadigan quyoshdir. U quyosh Madinada bo‘lgani uchun, issiqligi ikki barobar bo‘lmoqda!" - deb javob bergandilar.

Otamning bergan bu javoblaridan rohatlanardim va isinardim. Haqiqatdan ham marmar toshlar oyoqlarimizni isitar edi. Ammo sizning quyoshingiz tafti esa ichlarimizni, ko‘ngillarimizni isitardi. Madinadan ayrilganimizdan keyin ham oyoqlarimiz isiyapti, ammo ichimiz isimayapti. Chunki quyoshning kattasini u yerda qoldirib kelgandik. Men quyoshimni yo‘qotib qo‘ygan edim. Ortiq uning uyiga, uning ravzasiga borolmayotgan edim. Garchand nuri bu yerlarni ham oydinlatayotgan bo‘lsada, ammo ichimni isishi va ko‘nglimni yonishi uchun uning ravzasida yalangoyoq chopmog‘im lozim edi. Ravzangizda yurar ekanman azonlar aytilar edi. Masjidingiz muazzini azonni shunaqangi darajada go‘zal aytar ediki, go‘yoki Bilol Habashiy azon aytayotgandek bo‘lardi. Namozni ado qilmoq uchun u muqaddas yerning qadrini bilib-bilmay, masjidingiz sari chopar edik. Otamning yonlarida turib birga namoz o‘qir edik.

Katta ustunlarning tagidan chiqayotgan salqin havolardan boshlarimizni salqinlatar edik. Zam-zam ichadigan idishlardan gullar yasardik. Namoz o‘qiyotganimizda yonimizga mushuk suqulib kirar edi. Otam:

"Ehtiyot bo‘linglar, yana ozor berib qo‘ymanglar! Chunki ular Abu Hurayraning mushuklaridir!" - der edilar, bizlar esa bunga chin dildan ishonardik. Sizning masjidingizga mushuklar ham bemalol kira olishar edi. Chunki siz, eng yaxshi mezbon edingiz.

Chorshanba kunlari doimo Uhud tog‘iga borar edik. U yerda, siz barchadan ortiq sevgan amakingiz hazrati Hamza roziyallohu anhuni ziyorat qilardik, u zot bizning ham amakimizdir. Do‘stlarim bilan Aynayn tepaligiga chiqar edik, u yerdan so‘ng Uhudda yotgan yetmishta shahidga salom berardik. Uhud tog‘iga har vaqt qaraganimizda go‘yoki sizni ko‘rgandek bo‘lar edik. Uhud ham xuddi sizning Ravzangizga o‘xshab xushbo‘y hidlar taratar edi. U yer ham alohida bir gul bog‘chasi edi, go‘yo.

Mana shunday qilib mening yetti yilim, men uchun eng qadrli va eng chiroyli bo‘lgan vaqtlarim sizning mahallangizda, sizning Ravzai muborakingizda, sizning jang qilgan yerlaringizda go‘yoki siz men bilan doimo birga, mening yonimda yurgandek o‘tdi. Sizni ko‘rmasam ham, siz bilan birga yashashga shunchalik o‘rganib qolgan ekanmanki, sizning yoningizdan ayrilayotgan vaqt go‘yoki bir yonim, bir jonim, bir parcham u yerda qolgandek edi.

Bu ona yurtim endi men uchun g‘urbatga aylandi. Qani edi qo‘limda bo‘lsa, hoziroq yoningizga uchib borar edim. Lekin ular, ulg‘aysang borasan! - demoqdalar. Men faqatgina sizning yoningizga borish uchun, tezroq ulg‘ayishni istayman. Sizning yoningizga kelgan vaqtimda ulg‘aygan bo‘lsam ham, Ravzangizdagi marmarlarda oyoq yalang kezaman. Toki quyoshingiz tafti ichimni isitsin.

Sizning hasratingizdan ichlarim muzlamoqda!

Bilmadim, balki hasratingiz har kimni yondirar, lekin meni muzlatmoqda...

Chunki men tug‘ilganimdan beri sizning sevgingiz bilan isinishga o‘rgangan edim.

Bugun sizning taftingizga judayam muhtojman!

Mayli men sizning yoningizga kelolmasam ham, lekin siz meni aslo tashlab qo‘ymang. Nuringiz ila qorong‘u kechalarimizni oydinlating, taftingiz ila butun zarralarimizni isiting. Madinada yashaganimizda sizga qo‘shni edik, uylarimiz bir biriga juda yaqin edi. Sizning borligingiz bizga doimo ishonch berar edi. Yana o‘shanday bo‘lsa-yu, ora-sirada uyimizga kelib bizni sharaflantirib tursangiz.

Ha, aytgancha, mening ismim ham Nabiy, xuddi sizning ismingizga o‘xshash. Bu ismni menga, sizni juda yaxshi ko‘rgan bir do‘stingiz qo‘ygan.

Yana boshqa bir ismim Muhammad, yana sizning ismingiz kabi. Bu muborak ismni menga otajonim qo‘ygan. Bu yerga kelayotganimizda sizning mahallangizda, sizning yoningizda qoldirib kelgan otajonim.

Sizga o‘xshash yana bir tamonim bor!...

Men ham xuddi sizga o‘xshab, otasiz o‘smoqdaman...

Men juda baxtiyorman, chunki siz bizga aslo yetimligimizni his ettirmadingiz...

Madinadan qaytgandan beri, sizni doimo boshimizda turgandek his etmoqdaman. Kechalari hech narsadan qo‘rqmasdan, doimo xotirjam uxlamoqdaman. Sizni tanitgan va sizni sevdirgan Robbimga beadad shukrlar qilaman.

Otam sizning yoningizda, sizning mahallangizda qolgandi. Biz otamni dafn qilar ekanmiz, akamning oyoq kiyimi otamning qabriga tushib ketdi va o‘sha yerda (otam bilan birga) qoldi. Rostini aytsam mening u oyoq kiyimga juda rashkim keldi. Chunki endi akamning oyoq kiyimi doimo otam bilan birga qolar edi. Otamning qabrini so‘nggi marta ziyorat qilayotganimda, yoqtirgan oyoq kiyimimni hech kimga bildirmay sekin yechib, otamning qabrining ustiga ko‘mib qo‘yaqoldim...

Ana endi mening ham oyoq kiyimim doimo otam bilan birgalikda qoladi...

Xo‘p mayli, deb Quyoshimni, otamni va yana men yoqtirgan oyoq kiyimimni ortimda qoldirgan edim. Otajonim va oyoq kiyimim u yerda qolgandi, ular kelolmas edilar. Ammo Quyoshim doimo yonimizda edi. Yetimlarning g‘amxo‘ri, yetimlarni hech vaqt o‘z hollariga tashlab qo‘yarmidi? Dunyoning boshqa bir burchagiga ketsak ham, bizni tashlab qo‘ymasliklarini bilar edim.

Ey Sayyidim, ko‘zlarimiz, ko‘ngillarimiz faqat siz bilan oydinlashadi!

Ruhimiz, ichimiz faqat sizning mehr taftingiz bilan isinadi. Mayli kechroq bo‘lsada biror kun sizning huzuringizga keladigan bo‘lsam, Ravzai pokingiz marmarlarida oyoq yalang chopishni nasib etsin!

Toki ishqingiz ila, sevgingiz ila butun vujudim yonib qovurilsin.

Men yoqtirgan oyoq kiyimim qolgan u go‘zal makon, so‘nggi qo‘nimgohim bo‘lsin...

Turkchadan Muhammad Mubiyn tarjimasi